Собир Ўнар. Юк (эртак-ҳикоя)

Султон ғаройиб тушлар кўрар эди. Мисол, кўпинча дадасининг ва ойисининг елкасига кимдир миниб олганини кўрар, бу гал яланг оёқли икки одам икковининг елкасида ўтирганини кўриб, бирданига бу мен эмасманми, деб юборди. У энди тук боса бошлаган оёқларни таниган эди. Уйғониб кетди. Бироқ уйғонса ҳам, шу ҳолат кўз ўнгида тураверди. Гарчи ота-онаси базми жамшиддан тунда кеч қайтган эса-да, эрта туриб бомдод намозини бири даҳлизда, бири меҳмонхонада ихлос билан ўқимоқда эди. Иккита Султон икки елкага маҳкам ўрнашиб, қўллари билан икковининг ҳам ияклари остидан қисиб бўғиб олган эди. Султон онасининг эгнида бувисидан қолган узун этакли яшил кўйлакдан таралган бир мунис бўйни туйди. Бир энтикди, айни пайтда бу ҳид бувимнинг оқ чорси рўмолидандир деб ҳам ўйлади, йўқ, ойиси сочини ўткир ҳидли ажабтовур шампунда ювган, шу боис рўмолнинг ҳиди у билан қоришиб кетган эди.
Бувиси уни айрича яхши кўрарди. Эмишки, дадаси туғилганида ярим ойни, бу невара туғилганида бутун ойни туш кўрган эмиш. Дадаси боласининг бўш-баёвлигидан нолиб, баъзан аччиқланиб танбеҳ бера бошлаганида бувиси ўғлини тўхтатар, бу боланинг ҳали келгусида катта мартаба эгаси бўлишини куюниб уқтира бошлар, шунда ота тек турмай: ҳа, кўриб турибмиз, мактабни тузук-қуруқ ёлчитиб ўқимаяпти-ку; бундайлигимда мен олтин медал оламан деб ҳаракат қилар эдим, бу эса ғирт саводсиз бўлиб ўсяпти-ку; эртага зўр одам бўлиши учун ҳозир ўқимайдими, тентак десанг – тентак эмас, соғ десанг – соғ эмас; тавба, ҳали кўп куйдиради бизни, дерди.
Отаси шундай кез ўғлини уриб юборгудай хезланар, аммо қари бувиси уни бағрига олиб атай эркалатаверганини кўриб шаштидан тушар, бир илинж истаб нари кетар, кампир неварасининг бармоқларини ушлаб, узунлигини қара бунинг, бармоғи узун бола бахтли бўлади, ҳали қараб тур, бу тойчоғим йигит бўлиб етишса, ҳамманг ҳузур-ҳаловатини кўрасан, унда мен бу дунёда бўлмайман-да, дерди.
Ота ўйлаб қолардики, ростдан ҳам, узун бармоқ эгаси бахтли бўлармикан, деб. Ўзининг дағал қўлларига қараб мен бахтсизманми, агар бахтсиз бўлсам, шу эсар ўғил сабаб, дерди қатъий. Султоннинг икки опаси бахтини топиб кетди. Илгари улар ҳам укасини эркалатгиси келаверарди. Ойиси гоҳо унинг бошини силаб, елкаларини уқалар, отасининг кўзи тушиб қолса, чақалоқми бу, эмизақол, устундай бўлиб, онасининг тиззасида ётишини қара, дерди тутақиб. Чўчиб уйғонгандай туриб, ташқарига чиқиб, узоқ юрар, бир маҳаллар қайтиб келиб, ўрнида ухлаб қоларди. Агар шу ҳол рўй бермаса, яъни ойиси уни силаб-сийпаб ўтирганда отаси келиб қолмаса, онасининг тиззасида ювош мушукдай донг қотарди.
Отаси унга деб уй қурар, манаман маркали машина олар, дўстларидан кам бўлмасин деб оҳорли, зўр кийимлар харид қилар, ойиси шаҳарнинг маликасиман, деган қизларнинг остонасини супуриб юрарди.
Ёлғиз ўғил бўлса, бундай ўмгагини кўтариб, яхши одам бўлишга ошиқмас, ўйлангани ўйланган, бирор нарсага бел боғлаб ҳаракат қилмас эди. Уйқудан туриб ҳам яна карахт, уйқусираб юриши отага сира ботмас, шундай вақтлари тўйиб ичиб олиб, юрагида борини тўкиб-сочар, ҳимояга отланган онасини ҳам аяб ўтирмасди. Ҳамма ёқ босилгач, ойиси эрининг фиғону ҳасратлари таъсирида бўлса керак, “Қачон одам бўласан ахир?” дерди йиғламсираб.
– Ойи, ҳали зўр бўламан, кўрасиз, – дерди ўғил. Бу охирги ваъда эмас эди. Одам ўзгарса ваъдаларсиз, шундай, бир ички хулосага келиб интилиш бошланади, тамом. У эса шунча гапдан кейин ҳам хонасига кириб, жуда тинч, ҳеч нарса бўлмагандай пишиллаб ухлаб қолар, яна зўр ишни қотиргандай чошгоҳгача ёстиқдан бош кўтармас, ойиси уйғотса туриб юз-қўлини чайиб, дастурхондаги ҳар нарсадан чўқиб пала-партиш, тўйиб овқатланар, кейин хонасига кириб, бир рус файласуфининг китобини юзига қўйиб, тағин уйқуга кетарди. Унинг уйқуси кўп ва пала-партиш, тўйиб овқатланиши ақли расо одамнинг иши эмас, деб қўрқиб кетарди ойиси. Орзу-ниятлари бирин-кетин чиппакка чиқаётганидан кўнгли тўлиб ҳўнграб йиғлаб юборарди. Ўғил бу куюнишлар ўзи учун эканини сезар, ҳис қилар, одам бўлиш, яхши одам бўлиш ҳақида хаёл сурар, бироқ атрофидаги одамлар билан тил топишиш нақадар оғир кўринар, ўйининг учига етолмай, тағин тўшакка чўзиларди…
Уйқудан туриб яна ойисига онт ичарди.
Турмушдаги бундай бирхиллик унинг ўзига ҳам ёқмасди, албатта. Аммо шу бирхилликни йўқотиш, янгича яшай бошлаш учун на журъати, на кучи бор эди.
Бувиси ҳам намоз ўқиганда устига катта оқ булут кўланка солиб турарди. Чамаси, булут вазнсиз кўрингани билан ўта залворли, қари ва озғин кампирни букчайтириб қўяр, саждадан қаъдага турганида бу яққол сезилар, “самиъаллоҳу лиманҳамидаҳ” каломини йиғлаб-инграб, базўр айтар эди.
Неварасидан бу ҳақда эшитганида, буви гапнинг маъносини тушунмаган, ишқилиб, бир нарса елкамга оғирлигини ташлаб туради, деб қўяқолган ва ўйлаб қарасам, бола чоғимдаям шу юк бор эди, ҳеч қутулмадим, балки ўлгунча қутулмасман, деб уф тортган эди. Буви кучдан қолиб қойимни эплаёлмай, ўтирган кўйи юз ракъат нафл намози ўқиган кезлари ҳам шу оқ булут уни сира тарк этмас, қизиғи шундаки, булут фақат Султоннинг кўзига кўринарди, холос. У ҳам булут бувисининг елкасига ўтириб олардими, тегиб турардими, тегмасмиди, шунисини билмасди. Бувиси ниҳоятда қийналиб қад ростлаётганида булутни устидан тушириб ташлашни ё ҳайдаб юборишни хоҳлаб қоларди. Лекин бировнинг ибодатига халақит бериш мумкин эмаслигини яхши англарди.
Дадаси қўшнисининг хароба ярим ерини катта пулга сотиб олиб, яна бунинг эвазига қолган ярмига уй қуриб бериб, ярмини ўзиникига қўшиб иморат солиб, унинг бир қисмини онаси учун яхшилаб таъмирлаб, атай, гарчи газ ва иссиқ полда уй исиб турса-да, ўтини қишда чарсиллаб шуъла сочиб ёнадиган печ қуриб, қибласига меҳроб ясатиб ва кўркам патгилам жойнамоз тўшаб берганида, момо тамом қариган, намоз ўқиш асноси мук тушиб ухлаб қолаверар эди. Узун кунларнинг бирида ўғли қўй сўйиб одам чорлади, маъракада муфтий ва домла-имомлар ҳам бор эди, зиёфат чоғи чўққи соқол бир мўйсафид онахонга каттагина ўроғлиқ қоғозни очиб ўқиди, унда Ҳабибуллоҳ исмли араб талабаси онахонни ҳажи бадал қилдиргани, бунинг тасдиғи учун Саудия подшосининг муҳри урилган қоғознинг тепасига ҳажни адо этган йигитнинг фотосурати туширилган, онахоннинг исми ва отасининг номи қизил арабча ҳарфлар билан битилган эди. Бир мис кўзада зам-зам суви, бир талай тасбеҳ, тахлам-тахлам жойнамоз, яна Қуръоннинг ниҳоятда бежирим қилиб чоп этилган нусхалари туҳфа қилинди. Кампир каломуллоҳнинг бирини олиб тавоф қилар экан, қуриб қолган кўзларига ёш қуйилиб келди, ўпкаси тўлиб, негадир “Раҳмат, эшон бобожон, босган қадамингизга гул битсин”, деб йиғлади.
Атрофда қариндошлар, қизлари ва неваралари тўпланган эди. Неваралар гул тутар, қизлари эса қимматбаҳо рўмол ва кимхоб либослар кийдиришар эди. Момо шу уйда бир ой яшади, тўғрироғи, бир ой кўрпа-тўшак қилиб ётди-ю, сўнг омонатини топширди.
Султон яна бир ой шу ерда оқ булут айланиб учиб юрганини кўрди, сўнг у ҳам қайгадир ғойиб бўлди.
Йилдай узун қиш кечаларида Султон уйқуси қочиб бувисига аталган уйни айланар, меҳрибон юзли момони кўз олдига келтирар, меҳроб ёнига келиб жойнамозга чўкар, аммо намозни билмагани учун ётиб-ётиб ухлаб қолаверар эди.
Уйдан чиққанида папка елкалаган ўртоқлари мактаб сари ошиқиб бораётганини кўрар, у ҳам ойисининг қистови билан сумкасини кўтариб йўлга отланар, аммо оёғига тош осилгандай зўр-базўр борар ҳамда қўшга қўшилган ҳўкиздай ҳориб қайтиб келарди.
Шу йўлнинг бошида жомеъ масжиди бор эди. Жума кунлари кўчанинг оёқ томонидан уч-тўрт, баъзан тўда-тўда намозхонлар ибодатга шошиб қолишади. Султон уларга қўшилиб масжидга борди. Дарвозада бир сержант тўхтатиб, исм-шарифи, манзили, отаси, ўқийдиган мактабини сўраб-суриштирди. Султон қўрқиб кетди. Маҳалласидаги оқсоқол Аҳмаджон домла унга раҳми келдими, мелисага рўбарў бўлиб, болани ҳимоя қила бошлади. Нима деди, нима қўйди, ишқилиб, сержант уни ичкарига киритди. Эл қатори таҳоратхонага ўтди, ундан чиқиб одамлар сафига қўшилди. Мияси ёришди. Ибодат чоғида ҳар бир одамнинг елкасида биттадан юк кўрди. Ажабланди. Бироқ нимагадир худди аввалдан ўқиб юргандек тағин тўрт ракат суннат намози ўқиди.
Қайтган чоғидан бошлаб онасининг елкасида ҳам, отасининг елкасида ҳам ўзини кўрадиган бўлди. Бунинг нима эканини тушунмади. Аксига олиб, уларнинг устидан тушай деса ҳам туша олмасди.
Жумадан бошқа кунлари ҳам масжидга қатнади. Бир куни пешинга чиққанида ҳамманинг елкасида мол ва одамлар ўтириб олганини аниқ ва тиниқ кўрди. Уялганидан масжид ҳовлисига чиқиб, кесилган дарахт кундаларидан ортмоқлаб елкасига боғлаб олди. Чунки ўзидан бошқа ҳамманинг юки бор эди. Намоздан кейин имом унинг ёнига келиб, бу иши яхши эмаслиги, бошқаларни ибодатдан чалғитганини уқтирди.
– Ҳаммаларингизда юк бор-ку, нега энди менда бўлмасин, орим қўзиганидан шундай қилдим, – деди Султон.
– Имом ҳайрон бўлди. Секин чеккага ўтказиб сўради:
– Хўш, менинг елкамда ҳам юк борми?
– Бир қўчқор ўтирибди.
– Йўғ-э, қанақа қўчқор?
– Қизғиш қора қўчқор.
Имомнинг кўзлари олайиб кетди. Сўнг ўзига келиб:
– Тўғри айтасиз, ука, шу қўчқор меники, Қурбон ҳайитига сўймоқчиман, намоз вақти ҳайитгача ўлиб-нетиб қолмасмикан, бир ўзи қозиқда маърагани маъраган деб ўйлаган эдим… Абдусаттор сўфида нима кўрдингиз?
– Лой.
– Лой? Ҳа, дарвоқе, камбағал, томини ёпаман деб лўмбозга ҳашарчи чақирган, намоздан қайтгунимча лойнинг нами қочиб қолмасмикан, деб алағда бўлган чиқар.
– Жалол домлада-чи?
– Машина. “Нексия”.
– Тўғри, ўғли иккови тўплаган пул машинага етмаяпти.
Султон отаси ва онасига юк бўлиб юрганини балоғатга етган куни тушунди, ўша куниёқ елкасига олача хуржунни ташлаб, падари бузрукворидан дуои фотиҳа сўради. Ота дуо берди, она эртакдаги сингари мўлтиллаб кўз ёши қилиб қолди. Интернет орқали уйғур дўстлар орттирган эди. Улар ваъда қилинган газламаларни Самарқанддаги Тошматнинг саройи омборига туширишлари керак, Султон бориб молларга эга чиқиши, уч кун ичида Самарқанд, Ургут, Челакдаги улгуржи харидорларга тарқатиб, бир ҳафтадаёқ пулини йиғиб бериб юбориши зарур. Ҳар шаҳарнинг ўғриси ҳам, тўғриси ҳам бор, Самарқанд ўғрилари Султонга ола қарашди. У уйғур жўралари билан самарқандча паловхонтўрани соб қилиб, хуфтон маҳали хонаи хобига киргач, ёмон ниятлилар уйқуда босмоқчи бўлишди. Қарасалар, кароватда бир бошсиз одам ётибди. Чироқ ёқиб қарадилар ҳамки – шу аҳвол, бироқ хуррак эшитилади. Не бўлганда ҳам мурданинг товони бўйнимизга тушиб қолмасин, дея пусиб аста чиқиб кетишди. Эртаси куни қарашса, кечаги “жасад” газламаларни бозорга юкламоқда. Қайтиб келишини кутдилар. Кечагидай тунаш мақсадида яна пойлашди.
Не кўз билан кўрсинларки, бу гал яримта гавда жонсиз бўлиб ётибди. Ё, астағфуруллоҳ, ё фалак, бу не сир, бу не синоат! Қўрқа-писа ортга қайтдилар.
Эрталаб Султон Ургут бозорига икки мошина газлама ортади. Қароқчиларнинг кўзи чиқиб кетади. Бунча молнинг пулини ҳисоблаб кўриб тахта бўлиб қотиб қоладилар. Кеча ўсал бўлдик, бугун не бўлса ҳам ишонмаймиз, таппа босиб пулиниям, молиниям тортиб оламиз деб келишадилар.
Кечқурун саройда балиқхўрлик бўлади. Меҳмонлар Зарафшоннинг майдақилтиқ ширмоҳиси бу қадар мазали эканини айтиб, мақтаб-мақтаб ейишади. Хуфтонни адо этиб, тағин ухлайдилар. Султон кечаги хобхонага кириб ғойиб бўлади. Ғойиб бўлганини қароқчилар ўз кўзлари билан кўришади. Ёстиғи, ўрин-кўрпасини ҳам ушлаб кўрадилар: йўқ, бус-бутун одам йўқ! Қиличи синиб, қалқони тешилган ғаюрлар эртаси яна пойлашади, бир иш чиқишига кўзлари етмагач, охири шопмўйлов, тақирбош сардор кабобхўрлик қилаётган савдогарлар олдига келиб, Султонни имлайди. Ўзининг ўғри эканини тан олиб, уни сўроққа тутади.
– Биринчи куни чарчаган эдим, хуфтондан сўнг “Оят ал-курсий”ни бир марта ўқиб эдим, шунга бошсиз кўринган бўлсам керак, иккинчи куни ҳам чарчоқ босиб, ётишда оятларни икки марта қайтарган эдим, ярмимни яширибди, кеча эса уч марта ўқиганман. Демак, уч марта ўқилса, бутун гавдани яшираркан-да, қойилман. Мазмуни оддий: “Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на оқлов бўладиган КУН келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинг­лар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилувчилардир. Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир…”. Шуни ўқийман, холос.
– Тан бердим, ошна, – деди тақирбош қўлини узатиб, – лекин, ўлай агар, ҳеч балони тушунмадим.
– Зулм қилувчи бўлманг, унда сизни ҳеч ким оқламайди. Оятда шу нарса айтилаётир.
Сардорнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ҳимоясиз бу чурвақаларнинг пул топиб, бойиб ётиши барибир унинг ғашини келтирди.
Султон уйига қайтиб, отасига икки кундан сўнг Урумчига кетиши, учта “Фура” мошина гаплашиб қўйганини айт­ди.
Отаси аввал ишонмади, кейин қўрқди, ўғлининг режаларини тинглагач, зийрак тортиб:
– Энди бошоғинг пишибди, болам, – деди ва тескари қаради.
– Ойи, мен елкаларингиздан тушдим, елкангизда оқ булут юрибди.
Онаси бу гапни эшитиб, шу менинг боламми ё бошқами, деб ҳайрон қаради.
Онасининг ҳам, отасининг ҳам ўпкаси тўлди.
Султон бошқа одамга айланган эди.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 4-сон