Собир Ўнар. Отамзамон ҳангомалари

Ўтирикни эплай билмади

Отамга ўзини яқин олганлардан бири, гарчи ёши каттароқ бўлса ҳам, Фақир бобо деган чўрткесар, айни вақтда, ёлғон-чин гапини ажратиб бўлмайдиган сариқ, ялпоқюз, биткўз бир одам эди. Оддий ҳангома йўлида ҳам зарур бўлса-бўлмаса ўтирик қўшаверганидан бўлса керак, одамлар бировнинг гапига ишонқирамай қолсалар, “Бу ёғи Фақир бобоси бўлмасин яна”, дейдиган бўлишган.

Бир вақт бобо кеч кузда тоғдаги чайлатомидан хабар олишга бориб йўлда учинганми, кўзига бир бало кўринганми, биринчи дуч келган Файзи бобога хабар берибди:

– Пайзи ака, тоғдан яхшиям эртароқ кўчиб тушганимиз. Мана ҳозир чайладан чиқиб қарасам, йўлимдан бир тўда улиган қашқир ўтди. Орқадан, панадан туриб санадим: бир юз йигирма битта экан. Кўчмай турганимизда ҳар биримизнинг молимизга қирон келтирар экан, пак Худо сақлабди.

– Э, қўй-е, – дебди Файзи бобо, – эшитган қулоққаям уят-е. Тоғни қидириб чиқсанг, йигирмата қашқир чиқадими-йўқми. Нималар деяпсан?

– Пайзи ака, мана шу кўзларимминан кўрдим, ўлай агар.

– Фақирқул, қасам ичма. Бўладиган гапдан айт. Бир-иккита кучукдир, тулки ё пишакдир. Кўзингга кўрингандир. Улай-булай учинган бўлсанг, Тўхсулув бахшига бор, қулоқ-бошингни тортиб қўйсин.

Фақир бобо молларига хазонбарг йиғиб юрган Ирисбой муаллимни тўхтатибди.

– Ирисбой, мана шу кунбеткайдан ҳозир ўн беш чоғли бўри ошиб кетди, кўрдингми? Мен уларни чайлани олдидан қувиб, сойдан ўтказиб қўйдим.

– Эс борми сенда, Фақир. Хўп эчки ҳайдаб юрибсан-а. Бўри эмиш! Тулки кўрсанг, туматақингни ташлаб қочарсан. Бор-э, бу ўтирикни кампирингга айт.

У Болиқул бобога учраб, бу йил тирамоҳ тоғда тулки кўплиги, болалари ундан ҳам кўплигини айтиб бошлаган экан, бобо раъйини қайтарибди.

– Подамидики, тулки тўдалашиб юрса. Одам исидан чўчийдиган бир жонивор бўлса. Товуқ излаб бирорта келса, келгандир. Индамаганга ҳадеб кўпираверасанми?

Болиқул бобоникидан ҳафсаласи пир бўлиб чиқиб кетаётса, Муҳаммад оқсоқол кўриниб қолибди.

– Шу чайлатомга ўтсам, ҳаммаёқни ёввойи пишак босиб кетибди…

– Қани-қани, Фақирбой, нечта эди?

– Анча бориди-ёв, қизталоқ.

– Ўзингники қолган бўлса ёввойилашгандир-да.

– Йўқ, мен қишлоққа пишакни опкелганман, Муҳаммад, бўлмаса жийданинг орасида “шитирр” этган нарса нимайди?..

Ўзингники – ўзингникига

Бурунгининг одамлари ҳам қўлига газета тушса, бекорчиликдан кўз югуртириб ётар эдилар. Исмат чавандоз Фақир бобонинг жияни, менинг амаким. Чамаси, амаким ўша вақтдаги ёшлар газетасининг тўртинчи бети, охирги устунидаги “Турфа олам” деган жойини ўқиб берган. Эмишки, Қозоғистон чўлида илонлар уйғониб, бирваракайига қўзғалиб, автомобил йўлидан ўта бошлаган. Улар шу даражада кўп ва ғуж бўлиб ҳаракатланганки, натижада бир неча соат автомобил қатнови тўхтаб қолган.

Фақир бобо бу гапни илиб олган. Кўпларга айтиб чиққан. Албатта, кўпиртирган.

Бирор ойлардан кейин Исмат чавандознинг ўзига айтиб ётган эмиш:

– Жиян, энди буям бир кўргилик-да. Қара, Қозоғистон чўлида ўн миллиёндан зиёд илон ўн километр бўлиб поезд йўл, мошин йўл, ҳаммасини бир ой тўсиб қўйган, ҳаммаси заҳарли кўлвор илон десанг, уларнинг орқасидан ўн километрлик тошбақа, ўн километрлик юмронқозиқ карвони қўзғолибди десанг. Қозоқ энди қайга боради, а, қайга боради? Биз чигиртка балосини кўриб оч қолганмиз. Эй, Исмат, бу кўлвор илон-ку. Тошбақа, юмронқозиқ, қурбақалар ҳам эргашганига қара, эрта-индин шу Қўрғонтепадан ошиб, бизнинг қишлоққаям ўрлайди-ёв…

Рашид жўра

У ёшимиз тенг бўлгани билан биздан икки ёш кичиклар билан ўқиб мактабни тугатган. Бўлади-ку шунақаса ҳам. Синфдан бир эмас, икки марта қолса шундай бўлади. Лекин Рашиднинг куядигани бу эмас. Кейин ҳатто ўша вақтнинг мен деган олий ўқув юрти – халқ хўжалиги институтига киришга ҳам куч топди. Билим топмасаям, куч… яъни пул топди-да. Битирмади, шекилли. Кўкнори бизнесига аралашиб, ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетди. Қамалиб чиқди. Қутулганида ота-онаси, жигарлари – жами олти яқинидан ажраган эди. Одам бундай жудоликка дош беролмай тентак бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Бошда борини кўз кўраверар экан. Худойим бандасини сақлайман деса, қирқ йиллик қирғинда ҳам асрар эмиш. Тўғри, Рашид жўра афғон урушида ҳам уч йил юрган. Қулоғининг орқасидан осколка ҳам еган. На бўлғай, ота-онаси умидини узиб ўтирганда ғоз юриб, тик оёқда уйига кириб келган.

– Покистоннинг чегараси, Қандаҳорда хизмат қилдим, – дейди. – У ер энди бир ажалхона эди. Қўққисдан минага, дайди ўққа учиб қолаверасан. Қарғанинг шарпасини сезасан, лекин афғон “босмачи”нинг қорасини кўролмайсан. Оёғинг остидан ё осмондан тариллатиб ўққа тутиб қолади. Ўзингни ўнглагунингча сафдошларингни титиб ташлаган, қарасанг – изи ҳам, сояси ҳам топилмайди. Шуйтиб, биз улардан, улар биздан аламзада, кўринса аямас эдик. Аёл, бола, қари деб ўтирмай отиб ташласанг ҳам, биров бир нарса демайди.

Бир куни штабдан қора чодра ёпинган аёлни опчиқишди. Қирғиз аскари ва менга буйруқ бўлдики, тоғнинг нариги камарига обориб отиб ташланглар. Аёлнинг тилига тушунмаймиз, бироқ имо-ишораларидан олтита боласи борлиги, бири кўкрак эмадиган чақалоқ эканини англаймиз. Бунақа ҳолат кўп бўлади: эринг қайда, босмачилар қаердалигини айт – жавоб бўлмаса, ўлимга маҳкум. Бу бечоранинг бошида ҳам шу кун экани маълум. Ким ҳам беҳуда жувонмарг бўлиб кетишни хоҳлайди? Кўҳликкина аёл. Болажон, мусулмон, йиғлаб жавраб боряпти, сен ҳам мусулмон боласидирсан, дейди. Негадир жуда раҳмим келди, онам, опаларим кўз олдимга келди. Саматга нима қиламиз, дедим. Билмасам, деб елка қисди. Кел, дедим, шуни ўлдирмайлик. Лекин бизни қоровулминор тепасидаги навбатчилар дурбинда кузатиб туришади. Ҳийла қилганимизни пайқаб қолишса, ўзимизни отиб ташлашади.

Аёлга ўзимизча тушунтирдик: етиб тўхтаганда биз устингдан ошириб ўқ отамиз, сен гуппа ташлаб “ўлиб” қоласан.

Адирда жасадлар жайраб ётибди. Дунёда одамнинг мурдасидай сассиқ, бадбўй нарса бўлмайди. Эскилари этсиз суяк, скелетларга айланган, парранда-дарранда еган чиқар. Кўпчилиги… аёл. Бор-йўғи бир дақиқадан сўнг бу келинчак ҳам шулар сафига қўшилиши керак. Тўхтади. Отдик. Йиқилди. Йиқилгач, яна отдик. Типирчилаб қўйди – ролни яхши бажарди.

Қиларини қилдиг-у, ваҳимадамиз: билиб қолишса – тамом. Ахир, у юриб шу ерларданми, қаерлардандир ўтади-ку. Бир-икки кун ўтди орадан. Ҳартугул, гап чиқмади.

Иттиқофо, бир куни кечки смендамиз. Шерикларим ўрис аскарлар. Роса чеккилари келиб қолди. Кечаси бирор шарпа сездиришинг жуда хавфли, пайқаган заҳоти отадилар. Чекманглар, деб тихирлик қилсам ҳам, унашмади, ўзларича шинелга бекитиб чека бошлашди. Заҳар танг қилиб, бўшаниш учун сал нарига юришимни биламан, бошимнинг устида бир нима момақалдироқдай гумбурлаб кетди-ку. Ҳушимга келганимда қулоғимнинг орқасидан шариллаб қон оқар, аскарлар, санчастдагилар атрофда тимирскиланиб юрар эдилар.

Тонг отгач, ўрис шерикларимнинг парча-парча гўштларини йиғиб олишди…

Қишлоқ оралаб “тозалаш” ўтказиб турамиз. Биз излаган “босмачи”лар одатда уйга кириб қамалиб ўтиришмайди-ю, барибир қиладиган ишимиз нима – эшикларни тепиб, бузиб очиб кираверамиз. Навбатдаги эшик ҳам очилмади. Турумини бузиб, қулатиб ичкарига кирсак, олти афғон бола нафас ютиб қалтираб ўтирибди, онаси ўртада ғоз турибди. Шунақа, биз уларни ўлимга тик қарашга ўргатиб қўйганмиз. Бошқа хоналарни титкилашга ўтдик. Бир маҳал ҳалиги хотин менинг енгимдан тортади, десанг. Қараб таниб қолдим: ўша ёлғондакам отганимиз – келинчак. “Тек, дамингни чиқарма!” деб дўқ қилган бўлдим. Тинтув тугагач, бир тоғора олма опчиқяпти ҳалиги. Нима бўлса бўлди деб чўнтакларимни тўлдириб олдим. Не бўлса бўлар деб командиргаям улашдим. “Қаёқдан олдинг?” дейди. “Ўзим, боғдан тердим”, дейман. “Аввал ўзинг е”, дейди. Қарсиллатиб тишлайбераман, кейин у ҳам қўл чўзади…

“Бош қаттиқми, тош қаттиқми”, деб тирашиб яшаб келаман, жўра, деб осмонга қарайди Рашид. Ҳойнаҳой, тепадан не савдолар тушади деб ўйлар. Ўлмаган қул яшайди, яшай беради. Жудоликлар уни эгса эггандир, лекин синдирмади, янчиб ташламади. Тоғдан искана қилди. Бунга ҳам йигирма йиллар бўлди. Отаси Холдор ака қишлоқнинг молини боқиб юриб, Оқзовдан ўтиб, Қиёматнинг оғзидаги бир парча ернинг тошини тозалаб, ўн беш туп ёнғоқ экиб эди. Мол-ҳолдан асраб дарахт қилди. Бошқа майда-чуйда ҳам экди. Ота-она, жигарлар кетгач, шу ер Рашидга қолди. Хотини Озода билан келиб, отасининг чайласига ёнбош икки хона қўшди, устига шифер босди, эшик-дераза қўйди. Қишлоқдан йигирма чақирим наридаги тоғ ичида ҳовли пайдо қилди. Дарахтдан ташқари сабзавот экди. Тош аралаш қора тупроқда қовун-тарвуз ҳам экиб кўрди. Бўлар экан. Ағдарилиб қолди. Палак мезон шамолини еса, пишмаган сапча қовун ҳам болдай бўлиб кетади. Гап мезонга етишда. Тоғда тез салқин тушади. Ёзда ҳам кўз ёшидай милдираб ёмғир тўкилиб қолади. Ҳайтовур, билсак, бу ерларни сел ювмас экан. Нима бўлса пастда – сойлар қўшилган жойда бўлар экан. Кейинги кезларда айни ёз чилласида ҳам сел айқириб келиб, ҳаммаёқни балчиққа, тошга тўлдириб, кўприкларнинг энг зўрини ҳам санаб-санаб, бирма-бир олдига солиб “ҳайдаб” кетадиган бўлди. Санглоқда кўприк қуришга ҳам одамлар чўчиб қолди. Лекин керак. Икки йил бурунги эрувда ҳам кўприк қолмаган эди. Ҳар йили ҳашарга айтиб, тўрт-беш сўм пул йиғадиган оқсоқоллар ҳам бир нима дея олмай қолдилар. Мана, бу йил барибир қуришга тўғри келади.

Ойдай энам – онамнинг онаси айтар эди: Абдулласой, Солисой, Бургутлининг тепасига ёзда чайла қуриб чиқар эдик. Буғдойлиқ мўл эди. Ораласа қўй-эчки кўринмай кетар эди. Ўттиз-қирқ қўй-эчкини, молларни соғиб, кунбўйи куви пишиб чарчар эдик. Ўнталаб қорин мойи тўлатардик. Давлатнинг чигит мойини кеча эшитдик. Буғдойлиқ еб семириб, думи тарс ёрилиб кетган қўчқорларни ўшанда кўрганман. Лалми қовун ҳам нақд тўнкарилиб қоларди. Ҳандалак, бўрикалла, кампирчопон, бўрибой, олатарвузнинг туйнаги тубига тош тираб чиқмасанг, бандидан узилиб сойга думалаб сочилиб кетар эди.

Ҳалиям ўша-ўша ерлар. Фақат нафс, очкўзлик балосими, дарахтлар – сой бўйи кета-кетгунча сариқ тол, яъни мажнунтоллар билан қопланган, орасидан зўрға ўтиб борардинг, қўлинг узилгурлар, на иморатга ёғоч бўлади, на деворбоп, на ўтинликни обод қилади – шуларниям битта қўймай қирқиб олишган-а. Солисойнинг оғзида бир тупгина ёввойи қизил олма бўлиб, ўшанинг шарафига бир парчагина ер Қизилолма аталар ва ҳамма учун тушунарли манзил ҳисобланарди. Олмани то пишмагунча оғизга олиб бўлмас, тахир бир бало, аммо пишгач, жуда мазали, сувли, еганда жон бахш қилувчи мевага айланарди. Сой четида қайрағочдай серсоя бўлиб турувчи шу олманиям кесибдилар – бўйнингга от тепгурлар. Бир сойда икки-уч туп ёввойи ўрик, яна бирида ёввойи олмурут – нок, Токли деган жойда ёввойи узум ўсади. Уч тупгина узум. Униям фақат пишганда татиш мумкин, холос. Бўлмаса, оғзингни шунақа тахир қилиб ташлайдики, уч кунгача еган-ичганингнинг таъмини сезмай юрасан.

Хайриятки, тоғ ёнбағрида, Қоразовнинг пастида тик қирда ўсгани боисми, одамлар унга тегмабди, Ойбек домла айтгани янглиғ, “ўшшайган қоя лаби”да очофат молларнинг ҳамласидан ҳам холи, бир хил кўкариб, кўзни яшнатиб турибди. Оч баччағардан қоч баччағар – тик қирда ўсгани ўзининг жонини сақлашга боис бўлган, чамаси. Қишлоқ тўқсабоси – юз йил аввал, тўқсабонинг отаси менинг бош бобом ҳам ундан тотинган. Биларсиз-билмассиз, ток қаримайди, чинорга ўхшаб минг йил яшайди.

Яна бир ҳолат: тоғда тез очқайсан. Нон ҳам гоҳида бир ёқимли овқатдай кетади. Сариёғ суриб урсанг, гўё ошга тўйгандай маза қиласан. Унда-бунда учраб қолган мевалардан есанг ҳам тўймайсан. Бу дунёда тамом бегуноҳ яшаб ўтган отажоним бир сафар хуржунини тўлдириб ўша қизил олмадан опкеган. Бир-икки кунда уни тинчитиб, мазахўрак бўлиб, сўнг ўзимиз тағин эшакка хуржунни босиб, қизил олмага борганмиз. Ўзиям, аввал салкам бир хуржун олмани укам иккимиз паққос тушириб ташлаганмиз. Қоринлар дўмбира бўлган, йўл-йўлакай дарахт паналаб, тўхтаб-тўхтаб келганмиз…

Гапнинг калтаси, шу йил май ойининг тўққизида жўра, амакивачча, бола-бақра Рашид жўранинг чайлатомига бориб, сайил қиладиган бўлдик. Фотиҳали жойларга кирдик, қариндошларни кўрдик, Бойтемир, Абдушукур, Абдували, Ғайбулла синфдошларимизни ҳам кўрдик. Сўнг узун-қисқа бўлиб, бир от, уч эшакка ўтириб тоққа ўрладик. Яқин дўстим, беғубор инсон Абдуолим мен билан бирга борган. Фозил амаким бир серка сўйган, гўштини нимталаб шашликбоп қилиб хуржунга жойлаган. Солиқчи дўстим Абдуолим тоза “ўрис боласи”дан ҳам олган экан, чарчоқбосди ҳам гапни қовуштиради деб. Холмурод, Жозил, камина, Абдуолим кўлик – эшак, отда, қолганлар пою пиёда сой кесиб, қайдасан Қиёмат деб уриб турибмиз. Дарҳол салқин бошланди. Тоғлик ғамини ейди-да: Фозил ҳар биримизга биттадан чопон олибди. Борсак, Рашид йўқ, молларни тугал қилгани тоққа кетибди. Хотини Озода пой-патак бўлиб қолди. Сариёғ, чаккиларни уйиб ташлади. Қумғонда чой қайнатди. Шом бўлай деганда Рашид икки тарғил сигирини олдига солиб қийшанглаб келиб қолди. Абдуолим “Тошкентники табаррук”, деб икки пиёла бостириб узатган эди, жигит чечилиб жўнади-ку. Бояги афғон воқеаларини айтди. Хотинининг бир ёмон дардга йўлиқиб, дўхтирлар одам бўлмайди дегач, шу тоққа опкелиб соғайтирганини сўзлади.

– Собир жўра, олти ой қийналиб ётди, дўхтир нима касал эканини айтолмайди, охири бечора беҳуш бўлиб комага тушди. Қарамай ҳам қўйишди. Уч кун коридорда ётди. Мажоли йўқ, тинкаси қурийди. Амаллаб шу чайлагача опкелдим. Нима бўлса бўлар деб ҳар хил тоғ ўтини дамлаб ичиравердим. Йўқ, Худо боқди: аста-секин жон киргандай ўзгараберди. Ҳайтовур, бир кунлари оёққа ҳам турди. Ҳай, ёз ўтиб тирамога келганда одам бўлди-да. Мана, юрибди, жони тош экан, ўлмади.

Рашид пича кулимсираб, Яратганнинг марҳаматидан тўлиқибми, ортига, хотини томонга бурилиб қўяди. Озода бўлса иягига рўмол танғиб, кетмон кўтариб, кунчувоқдаги янги экилган помидорга сув тараяпти. Урчуқдай хизмат қилиб юрибди. Бир маҳал у бир даста кўк пиёз ташлаб кетди.

– Манов катталарни танийсанми, эй? – дейди Рашид мазахлангандай.

– Ҳа, – дейди у.

– Гўрингни танийсан, – дейди Рашид. – Булар катта, кўрмагансан, Тошкентда туради.

– Рашид жўра, келинни олиб ўтинг пойтахтга, – дейди Абдуолим, атай келинга эшиттириб.

– Кўрамиз, – дейди Рашид юз граммнинг таъсириданми, тағин хотинига ўгирилиб: – Ай, мен сени катта кучук қилиб буларга мақтаб ётиппан, – дейди-да, ўзининг гапи ўзига нашъа қилиб энкайиб-энкайиб кулади.

– Чуччисиз-да, тузингиз йўқ, – дейди хотини ва Фозилнинг иккита пишган шашликни опкетинг деб ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, жуфтакни ростлайди.

– Фозил, бор, обориб бер, уялди, – дейман мен.

Фозил резинка шиппакни оёғига илганча янгасининг ортидан йўртади.

– Энди ўлмайди, – дейди Рашид секингина.

Тағин бир ютумдан кейин авжланиб ҳангомага шайланади.

– Собир ошна, шу чайлада олти қишладик келинингиз билан. Бозор-ўчарниям боллар эплаб туришади, емиш, ўтинниям ғамлаб олганмиз, сабил қолсин, жондор кўп келар экан. Бир куни моллардан хабар олай деб ўтаётсам, симдарвозанинг олдида бир қора турибди. Одам деб ўйлаб, “Келинг, меҳмон”, дебман. “Так-так” қилади. Ит ҳам эмас, англаб қолдим, мол ҳайбатли бир қоп-қора бўри. Узлуксиз тишини такиллатади.

Босар-тусаримни билмай югургилаб, уйнинг ташқарига очиладиган эшигини ичкарига қараб итараверибман. Келинингиз ҳадаҳа эшикни очиб, сув сепиб ҳушимга келтирди. Ёмон қўрқдим. Эшикни ҳар балолар билан тамбалаб, ухламай тонг оттирдим.

Тонг отиб билсам, ҳар қалай тинч кетибди.

Бир қулайи келди, сиртлон урчитдим. Билсангиз, бўри билан итнинг чатишувидан кучукбаччалар бешта, олти, еттитадир, туғилиб, шуларнинг бири сиртлон бўлади, оёғида қўшимча бир белги – ортиқча панжа бўлади. Бўри буни билади, баччалигидаёқ ё опкетади, ё эплаёлмаса бўғизлаб кетади. Чунки улғайса ўзига кун бермайди-да.

Қишлоқда амаллаб икки яшар қилиб олдим. Учинчи йили чайлага опчиқдим. Гавдаси қозоқнинг олабойидан катта эди. Ундан бошқаям бир қозоқи кучугим бор эди, қиш куни шу ғингшийверди, кейин вовуллашга ўтди. Ўзи, асли бу мени уйғотишга келган экан. Ортидан эргашиб борсам, бир нарса сулайиб ётибди. Бошини кўтаролмай ҳарсиллайди, фонусни тутсам, боши қонаб ётибди. Сиртлон ҳам чарчаб қолган, тилини чиқариб индамай турибди. Оғилдан кетмонни опчиқдим-да бўрининг бошига икки марта солдим. Қолган жони ҳам чиқиб кетди. Сиртлон бўрига бас келишини шунда ўз кўзим билан кўрганман.

Рашид кейин сиртлонни асрай билмаган. Ўғирлатган. Тоғ ортидан келган хешларнинг иши деб ўйлайди. Пастки қишлоқларда бўлса, топиларди. Кўп сўрадим, уларга керак эмас, ахир бу ит билан тулки овламайди-ку, деб қўяди.

Сиртлоннинг йўқолишидан сўнг жондорга ишонч йўқ, тағин қишловга қишлоққа кўчиб тушадиган бўлибди. Ўт-хашак, ўтинни тўплайди, салқин тушиши билан эпини қилиб ташийди. Мол-ҳолни олдига солиб, ўзлари ҳам тушиб келишади.

Биз бўлсак – дам олиш, маёвканинг уйини куйдирган зотлар, қуёш чиқиб кетган, сойга, булоқларга юзимизни чайиб, тоққа бир ўрлаб келамиз. Қайда, баланд қирнинг ортида ундан ҳам баланди бор. Ўркач-ўркач тоғларнинг ортида, тизманинг адоғида Бел бор. Тоғнинг бели. Ундан ошсанг, тожик хешларнинг қишлоғи – Можримга тушасан. Форишга қарайди.

Қирдан тоғрайҳон, кийикўт, телпакгул, ширачникига ўхшаган узун бўйли гул тердим. Милтиллабгина суви қўзғалиб, лекин оқмай турган булоқларга кўзим тушди. Рашид жўра у ерларга ҳам ёнғоқ, олма, ўрик экибди. Шаҳарда бозорга пишган ўриклар чиқди. Бу ўрикларнинг эса ҳали данаги қотмаган, барра довучча.

Чой ичиб бўлгач, зилол булоқ сувларидан қўшилиб, шарқираб оқиб ётган сойдаги қўлбола ҳовузда чўмиламиз. Ўзимизча уни кенгайтириб, ичидан тошларни олиб чуқурлатамиз. Боя этга пичоқдай санчилаётган сой суви энди мулойимлашгандай, қандайдир танага хуш ёқаётган эди.

Рашид жўра тоғнинг бир камарларидан молларни топиб, бошини тўплаб қайтиб келди. Туш пайти бориб суғориб, ётқизиб, ундан кейин яна ўтга ҳайдар эмиш. Моллар ҳалитдан тирсиллаб, ялтираб семирган, соғса челак-челак сут беради. Буям бир барака, саломатлик, роҳат-фароғотлик. Бир ҳисобда Рашидга ҳавас қиласан. Квартира, коммунал тўлов, газ пули, иссиқ-совуқ сувлар тўлови йўқ, биров пишагини “пишт” демайди. Тоғ ҳавоси, суви тоза. Ҳаракатинг ҳам, емагинг ҳам фойда.

Яша, яшаб қол, оғайни.

Сафар қариб уловларга минамиз. Эшакларга халачўп урилади.

Рашиднинг хотини яна сигир соғяпти. Елинлари тўлгандир-да. Сут ва ўтга тўйинган, худди оналари сингари икки қўнғир бузоқча шаталоқ отиб ўйноқлайди.

Рашид оғилхона ёнида. Соғилаётган сигирга, соғаётган келинга бир-бир қараб қўяди.

– Абдуолим ошна, – деб уни тўхтатади. – Ҳалиги кўк бўрини шу ерда, манови ёғоч қозиқнинг олдида тинчитганмиз-да. Эсизгина сиртлоним, қаерларда экан.

Кейин бемалол:

– Сабилнинг терисини шилиб, кетган баҳосига сотибжардим. Тирноқ-тишиниям сўраганларга тарқатдим. Бировлар уни пулга сотаймиш, – деб йирик тишларини кўрсатиб кулди. – Яна келасилар бир.

– Тошкентга ўтинг, Тошкентга.

– Ҳай энди, Тошкент… Йўл тушса, кўрармиз.

Бу Тошкентни қўявер, биз шу ерга боғланиб қолганмиз ёки бу жаннат турганда шаҳарингни бошга ураманми дея ётган, дунёга, биз ортидан югураётган – шуҳрат, обрў-иззат, мол-пулга мутлақо бефарқ оддийларнинг оддийи, бир жўмарднинг шунчаки қўл силташи эди.

Шаҳарга яқинлашганинг сари нафс отлиғ бир жодугарнинг тобора комига кириб бораётгандай сезасан ўзингни.

Ғаройиб тоғ ортда қолади. Ортда қолган сари улканлашаётганга ўхшайди…

Тўнғиз боласи

Овлоқул отам – Ўнар бобомнинг кичик укаси уруш кўрган, чап елкасидан яраланиб, ўмров суягидан айрилган, аммо пай-этлари жойида бўлганидан меҳнат қобилиятини йўқотмаган, қайтанга, шу ҳолида ер чопиб, кўп тер тўкадиган, ҳаммадан ошиб тушган зўр боғбон эди. Боз устига, биз каби болапақир невараларни кўп севгувчи, искайман деб нос ҳиди анқиб турган соқолини томоғимизга пийпаб обдон безор қилгувчи, болажонлигидан бўлса керак, яктаги енгини сириб қўйиб, этидан бўртиб чиқиб турган чала суякларини хунук кўрсатиб бизни қўрқитгувчи, сўнг ўтириб олиб уруш таассуротларини тамом ёлғон-яшиқ аралаштириб ўртоқлашгувчи, тешик қулоққа тайёр ҳангома бергувчи қизиқ бир чол эди. Сўзлаганда ўзи ҳам ролга киришиб кетарди. Айтайлик, менинг эсимда қолгани – у киши Калашников автоматини ушлаб олиб, немисни қийратгани қийратган, кўринганини соғ қўймаган, урушга бирга борган Нарзиқул тоға ёки Мансур тоға ўлган душманларни санайвериб эслари кетган… Уккағар немислар жудаям авом халқ экан-да, деб бизлар ачиниб қўяр эдик. Бунинг устига, урушда мағлубиятга учраган бўлса бечоралар.

Ўмир амаким бўлса бу ҳангомани ўзича талқин қилар эди: “Булар – бир тўда қишлоқилар уруш кўрмай қайтиб келган: тил билмаса, милтиқ ушлашни эплаёлмаса…

Овлоқул отам қайсарфеъл эди. Уч марта уйланган бўлса, учинчи кампири, катта қушноч Мусал энамни халачўп билан додлатиб урганларини кўп кўрганмиз. Шу ҳолига яраша уйида барака бор эди. Боғига гилос, сархил олма, антиқа ўрик, беҳи, анор, турли гуллардан тортиб биз “чақалоқ панжа” дейдирган патисон ҳам экар эди. Житирмасида, яъни қоронғи ғаллахонасида қишда ҳам карсиллаган тойфи узумлар шохда илинган турарди. Биз невараларига меҳри ийса, бир бош бериб ейишимизни томоша қилиб ўтирар, охири ейилган узум ё беҳига ғаройиб нарх-наво белгилаб одамни хуноб қилишни хуш кўрарди: “Узум бир бош, икки беҳи, парварда, чой – ҳаммаси бўлиб беш сўму қирқ олти тийин бўлди. Отангда борми шунча пул, бўлмаса топганида олиб кетади сени, унгача қамаб олиб ўтираман!”. Йиғлагандирмиз, ёлборгандирмиз, қутулгандирмиз, лекин иккинчи ё учинчи куни шу ҳол барибир такрорланар эди…

Отамнинг айтишича, шу меҳнаткаш, қадоққўл, ўр­феъл чол жуда қўрқоқ бўлган. Бир гал тоққа ҳайдаган молларини тугал қилиб қайтай деб Гумсойга бориб, отам билан ҳангомалашиб қолиб кетибди. Биласиз, тоғда жимжит ҳаёт. Кечаси яна зимистон. Бурганинг учишиниям эшитса бўлади. Жониворларнинг товуши-ку жуда ваҳима. Шу атрофда “пирқ-пирқ” этиб бир нарса шарпа бериб қолармиш.

– Ҳамза, ҳой, Ҳамза. Ухламаяпсанми?

– Ҳой ака, нима гап?

– Анов пирқиллаётган нима, эшитдингми?

– Чўчқалар-да, оқшом сувга келган чиқар.

– Ие, чўчқа борми бу ерда? Ёриб ташлайди-ку!

– Одам билан иши йўқ, ухласангиз-чи.

– Тентакмисан, иши бўлмаса одамнинг олдида нима қилади?

– Пастда кўлмак бор, балчиқ оралайди-ку бу.

– Эй, сен менинг қабатимга келиб ёт! Бир тош жойга ўрин солибсан, мундай ҳангома қилиб ётайлик.

– Ака, уйқу бермаяпсиз. Ухлайлик, одам чарчаган.

– Бўлмаса чўчқаларингни йўқот, ёмон пирқиллаяпти, менинг исим ёқмаяпти, чоғи, тўнғиз одамхўр деб эшитганман…

– Тоза жонга тегдингиз-да…

Шундай деб отам узалиб ёнида ётган калладай тошни олиб сойга отибди. “Пирқ-пирқ” тўхтабди. Лекин Овлоқул отам ухламабди. Тонг отгач, секин сойга мўраласа, эндигина мугузи бўртган бир қоп-қора тўнғиз боласи боши қонга бўялиб кўлмакда ётганмиш.

– Ҳамза, ҳей Ҳамза, – деб уйғотибди отамни. – Анов бир қора нарса йўлимда ётибди, олиб ташла, мен қишлоққа қайтаман…

Бузоқбошдан қўрққан чол

Мен Ҳамзанинг ўғли, Ҳамза Ўнарнинг ўғли, Ўнар Сулаймоннинг ўғли, Сулаймон Хидирнинг ўғли, Хидир Ғойибназарнинг ўғли, Ғойибназар Холбойнинг ўғли, Холбой Қобилнинг ўғли, у ёғи катта уруғ – Шўрлиқ, Шўрлиқ эса Бўгажили, Бўгажили бўлса Туркман ё Қўнғиротга бориб уланиб кетади. Мен ўқиган бир неча тарихий китобларда Бўгажили(Бўхчали) Қўнғирот дейилади, аммо нечукдир Эргаш Жуманбулбул ва бошқа ижодкорларимиз туркманга тааллуқли эканимизни уқтиришган. Ҳайрон бўламан: туркманга ёвуқ тил ё одатимиз бўлмаса…

Майли, бу тарихнинг иши. Мен билганларимни сўзлайман. Сулаймон бобомни отам ва онам яхши эслашарди. Темирчи уста бўлган экан. Жини кучли бўлган чоғи, ясаган кетмони обдон қизаргач, яланг оёғининг кафтини кетмонга босиб тураркан, оёқ тутаб, ҳаммаёқни ҳид босиб кетаркан. Ажабки, асли оёғининг ойасига ҳеч нарса қилмас, бобой ҳеч нарса кўрмагандай мўккисини кийиб кетаверар экан. Одам териси олти қават бўлади дейди, сиз билан биз бу ишни қилолмаймиз, қилсак, олти қават теримиз ҳам гўштигача куйиб кетади.

Қора уйни биласизми? Ўтовни эсланг. Бобом пирларими, жинларими қўзғайверса, ўтовнинг деворларидан ёнламасига тик оёқда юриб айланаверар экан. Қора уй ўзи бир омонат нарса, оёғингни қўйсанг, албатта, ёғочлар одам вазнига дош беролмай, тоб ташлаб юборади ё қорувли эркак юкига чидамай, чонғороғи – тепа туйнуги билан қўшилиб ерга қапишиб қолади. Шунинг ўзидан билиб олаверасиз бобомизнинг сир-синоатли ҳаракатларини.

Сулаймоннинг отаси Хидир бобом чавандоз ўтган, ўзи майдароқ, лекин чорпахилдан келган ўта полвон одам бўлган экан. Негадир кўпкарига байтал чопган, байталининг фазилати кўп бўлган, чамаси, эҳтимол, кучли ва ўзғирлиги, айғирлардан ўзармонлиги сабаб тўқсабонинг назарига тушади ва… оқибат бобомиз уловсиз қолади. Ўн пуддан зиёд юк босувчи зўр тўқсабонинг тагига бошқа отлар чидаш беролмас экан. Булар буткул бошқа ҳангомалар. Мавриди билан бошқа сафар гурунг қилармиз.

Сулаймонда икки кампир бўлган. Биридан Ўнар отам, иккинчисидан Эгамқул, Овлоқул отамлар ўргиган. Тўқсулув, Нозанин, Нозик аммаларим ҳам яшаб ўтишди. Улардан бир дунё ўғил-қиз, ана улардан эса бир қишлоққа сиғмас невара, чевара, эваралар юрибди. Барчаси бизни тоға дейди, очиқ тан олай: таниганимиздан танимаганимиз кўп. Одамзотники шу экан-да: бора-бора бир-бирингдан узоқлашаверасан. Кунинг етса ажалга тоб йўқ, буниям бўйнингга оласан… Ҳай-ҳай, ҳай-ҳай!.. Биздан нари, сиздан нари!..

Ўнар отам барваста бўй, полвон чол эди. Умрининг сўнггида ўз чорбоғини ўғиллари Ҳамро, Ҳамза, Ҳазан, Омонга бўлиб берган эди. Чорбоғдан ўриб олинган 300-400 бовлиқ емишни эшакка ортишга эриниб ўзи елкасига даст кўтарганча орқалаб ташиб ташлар эди.

Овқатни ҳам полвонларга хос ерди. Данакли меваларнинг данагини чиқитга чиқариб ўтирмас экан. Син солганлар юз-икки юз дона, ярим челакнинг зиёдроғини чамалашаркан. Саройнинг Қурисойидан Давир бобо бир маҳал сув ёқалаб келиб, чорбоғда соялаб ўтириб, бир уюм данакни тош билан чақиб еяётган эмиш. Сойдан эшагига сомон ортиб ўтаётган Сафар бобо жўрасидан ҳол сўрабди.

– Данак ширин эканми?

– Э, ширин бўлганда қандай!

– Ҳафта бурун шу ерда Ўнарбой зардоли еб кетган экан… Тўғри айтасан, ширин бўлиши керак…

– Ў, отинг ўчсин, Ўнарингнингам оти ўчсин! Ўл, ўл!

Шундай дея Давир бобо оғзидаги данак мағизларини жирканиб тупуриб ташлаётганмиш…

* * *

Бобом бузоқбошдан қўрқишини одамлар афсона қилиб айтишади. Ўроқ вақти Ўртачўл даштида бобом ишдан чарчаб пичанга бош қўйиб ухлаб ётса, шўтаноқ жўраларидан бири ўлик бузоқбошни ипга бойлаб, бўйнига осиб қўйибди. Бобом уйқудан уйғонса… кўк­рагида жондор ётибди. Силкинса ҳам, урса ҳам, тушмас эмиш. Турасолиб уйига қараб югурибди. Бўйнига тумордай осилганидан бехабар, ўнгдан урса, чап томондан, чапдан урса, ўнг томондан келиб, кўкрагида туриб қолар эмиш. Катта гавда билан калишни ҳам қолдириб, ялангоёқ нақ ўн беш чақирим масофага ўзича бузоқбошдан қочиб уйига келиб қўйган. Уйда эса кампири Майрам энам масхаралай-масхаралай бўйнидаги ипни кесиб олган, шундаям бузоқбошнинг ўлигидан чўчиб ташқарига қочишга шайланиб турганмиш.

* * *

Бобом бир вақтлар тожик жўраларидан кўчат олиб, чорбоғига ариқ бўйлаб кўп олма экиб ташлаган экан. Чучук қизил, сариқ, катта-катта олмалар эди. Карсиллаган, шунақа мазали эдики, еб тўймас эдинг. Ёзда бирваракайига пишиб, тўпиллаб тагига тушиб ялтираб ётар, ариққа оқиб кетганларидан пастки овулдагилар ҳам баҳраманд бўлишаркан. Бир ғаройиб олмалар эди. Дарахтлари ҳам худди ёнғоқ дарахтидек тарвақайлаб осмонга бўй чўзиб кетган, то кузгача шохларида илиниб қолган олмаларни битта-битта узиб еб мазза қилар эдик.

Тақдирни қарангки, Ўнар бобом етмишдан ошиб чол бўлиб қолганида ҳўкиз судраб, мана шу ўзи эккан олма танасига гавдаси урилиб, шол бўлиб қолди. Эҳ, менинг оқкўнгил, меҳрибон бобом неча йиллар маҳтал бўлиб ётди-я. Кўрпада ётиб елкалари ачишиб кетаверарди, чоғи, “Ағдар!” деб бақирар эди. Биз бола эдик, амакиларим, келинлари, гоҳо бўйи ўсиб қолган Исмат, Дамин, Сайимбой акаларим бобомни у ёндан бу ёнга ёнбошлатиб қўйишар, шу кўйи бир неча соатгина тек ётар, тағин бояги аҳвол такрорланар эди. Кунларнинг бирида кичик амаким қишлоқ шифохонасидан оёқсиз сим каровот топиб келган, оёқлари ўрнига тош қўйиб, бобомни унга ётқизишган эди. Бобом шўрлик қоронғи уйчада бир ўзи ётар, ҳўл-қуруғи бир жойда бўлганидан зах хона ҳидланиб ҳам кетган эди.

Онам ёки келинларидан бошқа бирови нон пиширса, биринчи кулчаларини олиб, бобомнинг ёнига чопар эдик. Ярим нон катталигидаги кулчани бобомнинг оғзига тутсак, боёқиш очиқиб кетармиди ё ошқозони ҳам ўта бақувватмиди, катта кулчани бор-йўғи икки тишлаб адо қилар эди…

Тенгқур-бўйинсалари шу ётганида ҳам ё тегишиб­ми, ё яхши мақсаддами, бобомнинг кўкрагига боягидай ўлган бузоқбошни ташлаб қўйишган. Шояд, қўрққанидан, ҳа, албатта, қўрқувга дош беролмай ўр­нидан даст туриб кетишини исташган. Лекин… бобом қўрқса қўрққандир, бақириб бергандир. Бироқ шундай полвон одам… қимир этмай ётаверган! Шу дард бобомга сўнгги нафасигача дўст бўлиб қолди…

* * *

У вақтлар, қизиқ, дунёда шовқин кам эдими, одам оз эдими, олис-олис масофадан кишилар бир-бирини чақириб оларди. Отам раҳматли яқин йиллар ичида ҳам уч-тўрт чақирим масофадан молларини қайтариб олганини ўз кўзим билан кўрганман.

Ажаб!

Катта қишлоқ номи Қувкалла бўлгани билан у тармоқланиб кичик қишлоқларга бўлиниб кетади: Аллаберди, Бургали, Ўртақишлоқ, Зулмонота, Бердибулоқ, Қирги Шўрлиқ, Тўдақишлоқ. Аллабердида Қамбар тоға яшар эди. Новча бўйли, полвон, бир авомроқ киши эди. Бобомга ўхшаган хўран, бир ўтиришда қишлоқнинг катта тандир нонидан уч-тўртини сарёғ суркаб уриб ташлар эди, дейишади. Эшак минса негадир узанги боғламас, узун оёқлари ерга тегиб, бута, хашакларни супуриб юрар эди. Шу одам кун ботиш шаппатдаги қишлоқда яшовчи жўраси Ўнар бобом билан гоҳ Қўрғонтепа устига чиққанида, гоҳ Кўкқум деган жойга, Ўртақирга мол ёйгани чиққанда иккови икки қишлоқда туриб гаплашиб, ҳангомалашиб ётар экан.

Кўкқум – Аллаберди. Ораси уч-тўрт, балки беш чақирим, яъни чақирим деганни километрга менгзаб айтаётирмиз… Шунча масофа узоқликда икки чол гурунгини тасаввур қилинг! Қандай товуш керак бунга!

Ҳозирги “сотка”ларимизнинг ҳам чидаш бермай жони чиқиб кетар-ов!

Малла бобо саргузаштлари

Эгамқул отам Сулаймон чолнинг Ўнардан кейинги ўғли. Ўзига етарли жиндор бобой эди. Хотинбоз эди, деб айтмайман, бироқ тақдир тақозоси билан беш марта уйланган. Не тонгки, уч ўғил, бир қизи фақат бир кампиридан туғилиб эди. Қолганларига туллигича жавоб берган эди.

Биз болароқ эдик, икки кампирини яхши эслайман: бири қоп-қора, семизроқ, униси узун бўйли, сариқ кампир эди.

Эгамқул отам атторлик қилар, Каттақўрғондан ул-бул опкелиб хотин-халажга сотар эди. Мисол, ҳайитда бир хуржун ҳолва, бошқа вақтлари арзон мато, сақич, ҳуштак, матобўёқ, аччиқтош, ёғоч қошиқ, ироқи дўппи, қовун қирғич, шунга ўхшаш энг керакли нарсалар олиб келарди. Бошқа атторларга ўхшаб қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй кириб юрмас, шундоқ уйида пуллаб қўяқоларди. Инсофли бўлганини ҳалигача айтиб, қилиқларини эслаб юришади. Келинларининг ҳар бирига ўзи от қўйиб, фақат шу лақаб билан атар, атай ўзининг исмини билмаганга олиб кетаверарди. Масалан, бир неча келинларини “ёвғон” деганини кўрганман, фақат танимоли бўлиш учун бўлса керак, “катта ёвғон”, “кичик ёвғон” дея аниқлик киритиб қўярди ўзи. Опкелган молини бошқа нарсага, мисол, тухум, эчкининг жуни ёхуд баъзан ўзига керакли бирор буюмга ҳам алмаштириб кетаверарди. Назаримда, энг “учиб кетадиган” моли бўёқ эди, қизиғи, Эгамқул отам мана шу бўёқларининг ишлатилишида ҳам устида турарди. Оқ жунга буни ишлат, қорасига уни, мунча миқдорда қўш, аччиқ тошдан бунча қўш, кўп қўшсанг ипни қотиради, оз қўшсанг бўёқ тез кетиб қолади, дея кечгача катта қозонда сув иситиб, қучоқ-қучоқ йигирилган ипларни бўяётган хотинлар билан аралашиб юраверар эди. У одам билан яқинлашиш ҳам, аразлашиш ҳам осон эди. Бирданига “Отангнинг қоқ лаҳатига!..” деб сўкиб қолдими, тамом эди, шу куни демак, ким биландир қирпичоқ бўлди деяверинг.

Қорамағиздан келган келинлар, ҳатто неваралари ҳам “мўлтони”аталарди. “Тошбақа”, “сояки” кимлигини ҳам биламиз.

Ўзи сариқ одам бўлгани учун янгалари “малла” деяр экан. Бу янгаларнинг, қайн исмини тутмаслик иримидан келиб чиққан, бироқ у оғиздан оғизга ўтиб то невараларигача етиб келган, не муродким, бизлар-да “Малла ота” деб юравериб, то эсимиз кириб, хат-савод ўргангунимизга қадар “Малла ота”нинг асли Эгамқул чол эканини англамаганмиз.

Ҳайит сайлида “ушбуллак”, яъни ҳуштакнинг турли рангдагиси, бир-бирига тамом ёпишиб ётган, ранг-баранг, чўпи билан оғизга тиққанингда бирпасда эриб тамом бўлувчи хўрозқандларнинг ҳам асл муаллифи Малла отам эди. Каттақўрғон сақичи, барака топгур ким ишлаб чиқарар экан-а, кунжут ҳолвадай кулча шаклида бўлар, отамиз хоҳлаган еридан беш, ўн, йигирма тийинлик қилиб синдириб узатиб ётар эди. Сабил шуниси билан қизиқ эди. Ҳозиргидай турли-туман ўйинчоқлар йўқ, ўнлаб болаларнинг оғзида бирданига чуриллай бошлаган йигирма тийинлик “ушбуллак” энг қимматбаҳо матоҳ эди. Сайил эрта тонгда, тонг қоронғисида мачит ёнида бошланар, ур-тўполон билан бир соат ичида тамом бўлар эди. Бунча шошилинч, нега тонг қоронғисида – ҳеч ақлим етмайди. Ҳозир ҳам худди шу “Нонбер ота” мачити ёнида ҳайит сайли бўлади, ҳозир ҳам ҳолва сотилади, лекин “ушбуллак” йўқ, жиян, невараларга совға улашиш йўқ, чунки ҳайитсиз ҳам ўйинчоқ бор, ҳайит кунисиз ҳам ҳолва, ҳатто хурмо тиқилиб ётибди. Энди одамлар ўзгача ҳашамат билан қурилган янги мачитга ҳайит намозини ўқиш учун келадилар. Аввал уч-тўрт мулла чол тор, зах бир хонага кириб намоз ўқиган бўлса, эҳтимол, буни ҳам билмаймиз. Биз мачитнинг яқинига ҳам йўламас, ё қўрқар, ё ҳаддан зиёд муқаддас деб ўйлар эдик. Ҳатто мачит ҳовлисидаги дарахтнинг шохини синдириб қўйсак, оғзимиз қийшайиб қолади ёхуд қўлимиз шол бўлади, арвоҳ уради, деб қўрқар эдик. Бизнинг тасаввуримизда бу ерда арвоҳлар яшайди, яқинлашган ким­сага зиёни тегаверар эди…

Ота-оналаримиз ҳам бу иримга ишонганлари учун шундай бўлган, эҳтимол.

Малла отамнинг биз билган қора кампири анча саховатпеша эди. Каминани айрича яхши кўриб эркаларди. Битта тухум келтириб, шу моякдай сақич беринг, десам, моякдай сақич берар, сўнг “қора-қура қақажонлар” уни бир чайнамдан тишлаб бўлиб, ачқимтил-тахир бўлишига қарамай, то ухлагунча зўр бериб чайнар ва ухлаганда сўлак билан қўшилиб эриб ёстиққа, ундан сочимизга ёпишиб қолиб, абгоримиз чиқиб юрар эдик. Абгоримиз чиққани шундаки, эрталаб онамизга шикоят қилсак, дарҳол қайчини олиб, сақич ёпишган беш тийинлик тангадай жойни ўйиб қирқиб ташлар ва биз бошига темиратки чиққан боладек кўчада ийманиб юрар эдик.

Малла отам ўжарлиги учун бўлса керак, қишлоққа бошқа аттор оралатмас эди, ҳайқириб, бақириб сўкиб ўртақирдан ошириб қўяр эди. Булоқдан Раҳмон бақироқ, Бердибулоқдан Берди тўмор бу қишлоққа фақат Малла отам йўқлигида бирров оралаб, дарҳол кўч-кўронини йиғиштириб жўнаб қолар эди. Шунда ҳам Малла отам дарагини билиб қолса, тек ўтирмай чўбирига миниб боёқишларнинг додини бериб қайтарди. Алҳол, келинларининг: “Ака, нега буйтасиз, сизда йўқ нарсалар у атторда бор экан, нима қипти, ҳайдаманг!” деб зорланишларига қулоқ ҳам солмай, жеркиб ташлар эди:

– Ота-бобонгнинг қоқ лаҳатига… ҳаммангнинг!

Шу хитобдан сўнг жами қишлоқ хотин-халажи уй-уйига пусиб дами чиқмай қоларди.

* * *

Эгамқул отам дутор чертиб қўшиқ хиргойи қиларди. Уйида иккита дутор осиғлиқ турарди. Уйининг ортида “житирма”, яъни ертўлага ўхшаш қоронғи, паст томи бўлиб, ичида ҳар бало, эгар ясайдиган ускуна, молларнинг қуритилган пайларидан тортиб ҳар хил темир-терсаклар уйилиб ётар, мезон шамоли еган, қишга сақланган қовун-тарвузлар ҳам шу ерда қалашиб ётар, шифтидаги қарағай ходаларига эса кампири қишқи беҳиларни қатор қилиб илиб чиқар, кирганингда ди­моғингга гуп этиб беҳи ва қовун ҳиди урилиб, бошинг айланиб кетарди. Аммо бошқа туйнук йўқлигидан ичи мудом қоп-қоронғи бўлар, кундуз куни ҳам шам ёки фонус кўтариб кирмасанг, ичкаридан бирор вақо тополмасдинг. Житирма – йитирманинг маъноси шу бўлса керак.

Сулаймон бобомнинг уста қўли шу ўғилга, ундан ўз ўғли Ўмирқулга ўтган бўлса керак. Ўмир акам ҳам, Худо раҳмат қилсин, оз умр кўрган бўлса-да, жуда пишиқ эгар ясар, одамларнинг уйларига ясаган эшик, ромларни ҳалигача мақтаб гапириб юришади.
Сўнгги кампири Хонбеги энамиз сулув аёл эди. Малла отамнинг кичик ўғли Халил акамни жуда қаттиқ суяр, худди ўзи туғиб катта қилгандек еру кўкка ишонмасди. Эгамқул отам кампирини уриб-сўкиб қўйиб юборгач ҳам, онамиз тўй-маъракаларда аёллардан Халил акамни сўраб-суриштирар, ҳам гапириб, ҳам соғиниб юм-юм йиғлайверар экан.

Бу кампири пастки Камаровул қишлоғидан эди.

Мен болалигимда бу қишлоққа талай марта бориб, икки-уч кунлаб юрганман. Сабаби, шу қишлоқда отамнинг синглиси Қандолат аммам турарди. Тўрт ўғли, тўрт қизи бор, серфарзанд, қизи Мактаб мен тенги, Абдуҳамид мендан икки ёш катта эди. Ёзги таътилда Абдуҳамид тоғаси Омон акамнинг уйида у-бу ишларига қарашиб юрар, кўпинча жиқиллашиб уришиб ҳам қолардик. Мактаб ҳам Омон акамникига келиб, икки ойлаб юриб, биз билан бир синфда ўқиб, сўнг шу ҳақда маълумотнома олиб, ўзининг мактабига кетар эди.

Аммам ўпка касалидан кўп қийналар, тинимсиз пўкиллаб йўталар, оқшомларни ҳам уйқусиз ўтириб ўтказар, ҳар тўлиб йўталганда “Ҳа, сағана қолгур!” деб йўталини қарғаб норози бўлиб қўярди.

Аммамнинг уйининг орқа тарафида, тошлоқ сой бўйида Усмон деган гунг чол яшарди. Биз эрмакталаб болалар кунчувоқда эриниб ўтирган чолни ўзимизча гапга тутар, у бўлса ишоралар билан нималардир дер, қўққисдан хунук товуш чиқарар, шунда қўрқиб кетиб урра қочар эдик. Шумлигимиз тутиб яна йиғилишиб келсак, бу сафар чол яқинига йўлатмай, тош отиб қувиб соларди. Биз бўлсак уни масхаралаб қочардик. Ҳолбуки, у тентак эмас, мияси бутун одам, айби – гунглиги эди.

Менинг Хонбеги энам шу чолнинг синглиси экан. У бошқа жойга турмушга чиқибди. Яна туғмабди. Лекин ҳар келганида Халил акамни эслаб, соғиниб аммамга йиғлаб кетар экан…

* * *

Эгамқул отам даставвал худди эртакдагидек сойдаги булоқ бўйида бир қиз билан танишади. Бу қиз қишлоқнинг тенгсиз сулуви эди. Ана-мана тўй қиламиз деб ер тепишиб турганида отамизни урушга чақириб қолишади. Қарағандада поезддан ўзини ташлаб, оёғи лат еб, ундан Семипалатинскда даволаниб, кейин штрафбаталонда хизмат қилиб, кимларнингдир кўнглини олган чиқар, урушга бормасликнинг иложини қилади. Уруш тугаганда қайтса, ўша куни суюклисининг тўйи бўлаётган эмиш. Қаранг, худди китобдагидек. Янгаларидан бу гапни эшитгач, от қўйиб қизнинг уйига боради-да – норғул, бақувват солдат эмасми – қизни отга ўнгариб опқочиб келади. Солдат тўйи билан келин тўйини қўшиб юборади. Бу – бўлган воқеа. Момомиз ҳозир ушбуни ўқиб турган баъзи бошқа одамларнинг момоси бўлиши мумкин эди. Айб этмасинлар бизни, бу бўлиб ўтган рост гаплар, начора, бошқа момодан ўраган невара бўлдинг нима-ю, шу сулув кампирдан тарқадинг нима – тақдир шуни ёзган экан-да. Тарихдан ўпкалашга на ҳожат. Малла отамдан ўпкалашга ҳам на ҳожат. Дунё айвонида энди улар йўқ. Пишқириб, ёвқурлашиб яшаб ўтиб кетишди.

Эгамқул отамнинг худди ўша аёлидан Саломат аммам, Ўмир акам, Суюн акам, Халил акам туғилган. Катталар ўтишди. Фарзанду неваралари бир олам.

Халил акам – кенжаси барваста бўлмаса-да, жуда келишган, юмшоқтабиат, ақлли одам. Ота қўли, рубоб олиб қўшиқ айтиб туради. Уятчанг. Одам тўпланса, айтмай қўяди.

Хонбеги онамизнинг суюб-эркалаши, соғиниб кўзёши тўкканларича бор…

Эгамқул отамнинг қариб, бетобланиб тўшакка михланиб қолган кунларини яхши эслайман. Шу ётишида ҳам келину невараларини лақаб билан чақирар эди. “Ёвғон”, “Тошбақа”, “Палакат”, “Серри”.

Аммо ўғилларига бошқача бақирар эди:

– Ўмир, Суюн! Менга бир кампир обберинглар! Шуйтиб ётмас эдим, уялганимдан туриб кетар эдим. Мени уйлантиринглар ахир, эй серри, ҳўкиз, гўр­сўх­талар!

Уйлантиришмади.

Бобом ҳам кутиб ўтирмай, бу дунёга талоқ қўйиб юборди…

Ўзи қора, кўнгли оқ

Қора отам, яъни Овлоқул отам Эгамқул отамдан ҳам ўтиб тушган қайсар эди. Негадир бир онадан бўлса ҳам, бири сариқ, бири қора эди. Қора отамга ҳам номни янгалари қўйишган. “Қора бола” дейишган чиқар. Пича вақт эски мактаб кўрган, унча-мунча сураларни оёғини осмондан қилиб ўқиб ташлар эди. Шу боис баъзилар мулла Овло дейишарди. Биринчи хотинидан Санобар аммам ва Исмоил акам туғилган, кампир қайтиш бўлгач, иккинчисига уйланган, буниси билан турмуш яхши бўлмаган, бир туққан, бола турмаган, кейин қўйган. Ичи қорароқ аёл эканини яқинларда Исмоил акам айтиб берган.

Қора отам уруш кўрган. Ўзининг айтишича, то Берлингача немисни қувиб ташлаб қайтган. Лофи кўп эди. Ёнига ўтқизиб олиб, биз каби тешикқулоқ бола-бақрани обдан ишонтиришга уринар, ҳар замон бу гаплар бекор эканини кимдир айтиб қўярди-да, ҳафсаласини ёмон пир қиларди. Аммо кейинги сафарги суҳбатда яна янги мақомда, қўшиб-чатиб ҳикоя бошларди, деганларига ўзи ҳам ишониб кетарди, чамаси. Қизиғи, қишлоқдан бирга кетган бир гуруҳ қуролдошлари – Нарзиқул тоға, Ҳамро бўла, Жума тоға, Ҳамид бобо, Икром тоға, Ўрол тоға, Мансур тоға бир жойда хизмат қилган. Мансур тоға оғзидан, Икром тоға оёғидан, Қора отам чап қўлидан ўқ еган.

Ана шу чўлоқ қўли билан кетмонни соғ одамдан зўр чопарди. Ўт ўрар, ўтин қилар, тоғдан бодомча, шувоқ чопиб эшакка ортиб келарди. Шиддатли, чарс, шунга яраша жуда меҳнаткаш, энг муҳими, меҳрибон, бағри иссиқ одам эди. Мен чақалоқлигимда авлодимизда тенгқур болалар бўлмаган экан, шу боисми, янгалар, боболар, момолар ўртасида доим талаш бўлган эканман. Онам хамир қорадиган тоғорага ўтқазиб қўяркан, ювош эканман, шу жойда кечгача миқ этмай ўтираверарканман. Қора отам пастки овулдан бу ёққа йўли тушса, мени тоғора-поғора билан қўшиб уйига кўтариб жўнаркан, шундай қилмаса биров жавобгар қилармиди?

Қора отам ҳам акаси Малла отам каби бировга от қўйишга уста, бироқ биз каби невараларини ўзгача меҳр билан яхши кўрар, пийпалаб искар, соқолининг тиканаклари билан атай юзинг, бўйнингни тирнар, қитиқлар, охирида том шифтига осилган қушхалтадан егулик мевалар олиб узатар, сўнг унинг нархини фалон сўм деб айтиб, отанг шуни тўлаб, кейин сени опкетади, дея ўзича жиддий қўрқув солиб, уйига эринмай қамаб ҳам ўтираверарди.

Нега ахир, бу одамларнинг шунча вақти кўп эдими, меҳри ўз фарзандларидан ортиб ётармиди, эътиборсиз бўлса ҳам бир жойи камайиб қолармиди?

Бир қадар эсимизни таниганимизда ҳам, Қора отам бизни қувлаб юрар, қочсак чопиб изимиздан келарди, ушламай қўймасди. Етса пийпалагани-пийпалаган эди. Лекин биз худди ғаним қувлагандек жон-жаҳдимиз билан қочардик.

Қишда ҳаммаёқ қорга тўлиб кетарди. Эрталаб мол-ҳолга, сўнг эса пастки овулга бир курак сиққудай йўл очиларди. Бўлмаса у ёқдан баланд товушда “Падарингга қусур”, “От тепкурлар”, “Ёвғонлар”, “Отангнинг қоқ лаҳатига!” дея ё Малла отам, ё Қора отам йўл очиб келаверарди. Бу одамлар бир-бирига қаттиқ гапирар, айблашар, мундоқ қарасанг ўшқираётган бўлардилар, энди-энди ўйласам, бир-бирларини аяган экан, бошқача қўпол сўзлар билан аслида меҳр билдирган эканлар. Бу меҳрдан эса биз болалар тамом безор эдик.

…Қарасам, рўпарадан Қора отам чопонининг ўн­гири бургутнинг қанотидай ҳилпираб чопиб келаётир, ура ортга қочдим. Этигим тойғинчоқ эди, бир-икки мункиб ҳам кетдим. Йўлакдан чиқай десам илож йўқ, гуртук қорга ботиб қоламан. Қора отам ўлжани қўлдан чиқаргиси йўқ, шашт билан югуриб келаётирки, бир пой калиши гуртукка учиб кетди ҳам, маҳсичан илгарилаётир. Шу вақт рўпарамда сузонғич қораола сигиримиз пайдо бўлди. Сигир маъқулми, Қора отамми – бирпас иккиланиб турдим-да, сигирнинг ёнидан алдаб ўтиб кетмоқчи бўлдим. Бахтга қарши яна этигим сирпаниб кетиб нақ умбалоқ ошиб тушдим. Не кўз билан кўрайки, шу ҳолимда сигир устимга бостириб келяпти. Ҳар қалай, шохи баданимга тегмади-ю, лекин қаттиқ, дўнг пешонаси билан мени қалин қорга ботириб киргизиб юборди. Бунинг энди ваҳимасини кўрсангиз, сигир худди жонимни чиқариб олаётгандай бақириб додлайман. Қора отам қандайдир мол тагини тозалайдиган белкуракни топиб олибди-да, сигирнинг қуймичига қарсиллатиб уриб қувиб юрибди. Бу уришда жониворни беланги қилиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Аёллар дувиллаб чиқиб чолни тўхтатишди.

Қора отам қорга сўлагини чўзиб нос тупурди-да:

– Бермон кел, дабба. Ҳеч нима қилмадими? – деди.

Қора сигирдан қутулиб, Қора отамга тутилдим.

Қасоскорнинг қўлига тушганим учунми, ҳар қалай, ўзим билиб-билмай ювошланиб қолган эдим…

* * *

Ҳайит куни эди. Сайилдан қайтяпмиз. Энди мактабга борадиган каттагина боламан. Ёнимда синфдошларим. Қора отам сайилдан эшакда қайтаётган экан, бизга етиб олиб, қўққисдан эшакдан туша солиб, аканг қарағайни қувиб жўнади-ку, тойғоқ йўлда дарров етиб олди. Қорга буркаб роса пийпалади. Нима деб жеркинганим эсимда йўқ, аммо шу сафар жуда хафа бўлиб йиғлаганман. Синфдошларнинг олдида изза бўлганман-да. Саксон саккизинчи йил бир журналда Қора отам ҳақида “Қора чол” деган ҳикоям босилди. Бобой невараларидан бирига уни ўқитиб эшитибди. Мана шу гаплар, кампирини уриши, уруш ҳангомаларини лоф-қоф қилишларини кула-кула ёзганман. “Ҳай, баччағар, отасини ўшак қипти-да”, дебди. Менинг ўзимга ҳеч нарса демади, бироқ хафа бўлгани шу гапдан маълум.

Кампири Мусал энамни яхшигина дўппослар эди. Нозикжусса энамиз неча бор халачўпда таёқ еганларини ҳам эшитардик. Балки бу гаплар ҳақиқатан ўшак, яъни ғийбатдир. Улар ҳар иккови чин дунёга кетди. Мусал энам ҳам фариштали кампир эди. Қушноч, одамларни даволар эди. Восвосга учраган одамнинг давосини ўша заҳоти айтар, кўпларнинг палакатдан қутулиб қолишига сабабчи бўлган эди. Буни ҳамма гапиради. Тирноққа зор келин-куёвларга ҳам тўғри маслаҳатини берар, бир неча ўғилга муҳтож одамларнинг ўғилли бўлишига ёрдам берганига гувоҳман. Бу энди туғмасакни туғдирарди дегани эмас, баъзи бировларга сенда уруғ кўринмаётир деб ҳам очиқ айтаверарди. Бир киши ҳақида унинг белида бола йўқ, кичкиналигида ўйнаб юриб қудуққа тушиб кетган, ваҳимага тушиб қўрқиб уруғи қуриб кетган, деган эди. Нега, боласи бор-ку, деганман. Ўзиники эмас, деди, таажжубландим: қанақасига? Дўхтирларнинг устакорлиги-да. Яна таажжубланаман.

– Гапиртирасан-да, болам.

Без бўлиб турганимни кўриб:

– Келинчакнинг тухумдонига бегона эркакнинг уру­ғини солиб тувдириб оғон, тушундингми? – деб ба­қириб юборган.

Бу сирни менга айтганига пушаймон еди, шекилли, дарров тескари ўгирилиб гапирмай қўйган. Менга эса хафа бўлиш кайфиятидан кўра бояги янгилик ўта муҳим туюлганми, ағрайиб қотиб қолганман.

– Бор, кет энди! – деб жеркиган қушноч энам тескари қараган кўйи.

Туриб чиқиб кетдим. Хафа ҳам бўлмадим. Ўзи энам раҳматли жини тутса, бирдан туси ўзгариб, бошқа одамга айланиб қоларди.

Бемор келиб дардини айта бошласа, тинглаб ўтир­масди. Титроқ тутиб “ҳайй!” дея узун эснаб оларди-да, шартта ағанаб беш ё ўн дақиқа ухлаб оларди. Сўнг туриб у ёқ-бу ёғини тузатиб оларди-да, турган уйининг қандай жойда ўрнашгани, агар аҳамиятли бўлса, фалон жойдаги култепада зиён илашгани, қорачадан келган, кўзлари чақчайган бир жувон ирим қилиб уйига, ёстиғига, кўрпасига ёки бирор жойга дуо бекитганини кўриб тургандек гапираверарди, лўлига ўхшаб ўзи бориб топиб, қизил қўй сўйдириб, фалон сўм ата, деб ётмас, нари борса, бир қора хўроз буюриб ҳожатини раво қилиб юбораверарди.

Энамиз ўзи етимликда катта бўлган, ўгай онаси кўп азоб берган экан. Бир маҳал эна кеч тушганда сув олиб кел, деб ёш қизни булоққа жўнатади. Борса, булоқ бўйида бир суқсурдай келишган қиз соч тараб ўтирибди. Олдида бир бутун нон.

– Мана бу нонни олакет, очқагандирсан, – дебди ҳалиги нозанин. Энамиз унамаган. Шунда ҳалиги зўрлаб нонни қўлтиғига тутқазибди.

– Дугона, ўзинг ҳам очқаб-нетиб юрма-да, – деб минг истиҳола билан ноннинг ярмини ушатиб олибди. Уйга кирган заҳоти ўгай она бошлайди-ку тўполонни. “Нега ҳаяллаб кетдинг? Ўйнаш орттиргансан, шу нонни ўйнашинг берган, уйни ҳаромга тўлдирдинг, кет, йўқол, ўл!..” Энамиз ҳалиги қиз нон берганини исботлайман деб бориб қарашса, ҳеч зот йўқ, соч тараб турган сулув учди-куйди жойида йўқ. Қиз бечора калтакнинг тагида қолади. Одамнинг золими ёмон бўлар экан, таёқ билан уравериб, қизнинг бир кўзини кўр қилиб қўяди. Энам саксонга кирганида ҳам ўша ҳикоясини эслаб ачинар эдим, оқ чандиқ қоплаган кўзига қараб эзилардим. Энам бўлса “Э, аттанг, ўшанда мортувнинг нонини бутун олишим керак экан, ҳозиргидан юз баробар билгир бўлар эдим”, деб афсусланарди. Қизиқ.

Яна ҳам қизиғи, Худо берган тақдирни ҳар қанча билгич бўлса ҳам англайолмай қоларкан-да киши. Ҳали тетик эди, тўқсондан ошар дердим, неварасининг машинасида чўлга кетаётиб ҳалокатга учраган. Машинада биргина энамнинг ўша заҳоти жони чиқиб кетибди. Бошқалар омон қолган.

Ҳой болам, оёғим тортмаяпти, бир палакатни сезяпман демаган. Туш-пуш кўрганиниям айтмаган.

Менинг покизагина энам…

“Келин-куёв” кураши

Исмоил акам Овлоқул отамнинг Худодан тилаб олган ёлғизгина ўғил тирноғи эди. Шунга яраша қо­рувлигина бўлса экан, эллик-олтмиш килодан кўп вазн босмас эди. Худо берган оқкўнгил, ҳай-ҳай, оғзини очса юраги кўринадиганлардан эди. “Эди” деётганимнинг боиси, акани ҳам шу йилнинг эрта баҳорида олтмиш олти ёшида бой берганмиз.

Ака Овлоқул отамнинг биринчи кампиридан. У энамизни биз билмаймиз – эрта қазо қилиб кетган. Исмоил акам, гарчи камбағал, болажон одам бўлса-да, ёзғирмайдиган одам эди. Фақат бир кун менга ёрилгиси келдими, болалигини эслаб йиғлади. Ўгай энаси кўп азоб-уқубатлар берган экан. Булоқ қишлоғидан опкеган экан уни Қора отам. “Эрига билдирмай ўгай болани ўз-ўзидан ураверар экан, мен-ку майли, ўгайман, ўзи туққан чақалоқ укамни ҳам босиб ўлдириб қўйган. Бир вақт уриб ҳаммаёғимни шилиб, кўкартириб ташлаганида отам нима бўлганини сўраган, жим ўтиравердим, сўрайверди, йиғлаб юбордим. Отам гап нимада эканини тушуниб, ўгай онамни шу қадар қаттиқ ура бошладики, охири чўзиб сулайтириб ташлади. Аламига чидаёлмаган эна чақалоқни босиб нобуд қилди. Отам уни ҳайвондай уриб… ҳайдаб қирдан ошириб юборди. Қайтиб кўрмадим”.

Мусал энам “Исмоилжон, жон болам” деб гапирарди. Бош фарзанд Санобар аммамни ҳам “Санаваржон” деб эркаларди. Ўзи Сафия опамни туғди. Исмоил акам Ойсара чечамга уйланиб, қаторлаштириб фарзандлар туғдирди. Худойим бир жойдан бермаса, бошқа тирқишдан ол қулим деб юборар экан-да. Ҳовлиси болага тўлди. Бир йилда икки марталаб тўй қилди. Бирини уйласа, иккинчисини турмушга берди. Бола парваришига кўмилиб қолди. Исмоил акам аввал Пангат совхози ва биопункт директори Ҳусан Ҳакимов қўлида ишлаган. Яп-янги “Белорус” тракторни маст бўлиб қирдан юмалатиб юборган, ўзи бир яшик пиво билан қирда омон қолган. Шундан сўнг Ҳакимовнинг кўзига қарашга уялиб ишга чиқмай қўйган. Кечиримли оқсоқол экан ёхуд бу оқкўнгил инсонни яхши кўрганидан бўлса керак, иш устида, қўрага емиш ташиётган вақти фалокат содир бўлди, деб далолатнома қилиб, бошқа трактор ҳам ваъда қилган, маошини ҳам тўхтатмаган. Бироқ акам шу орият юзасидан қайтиб оқсоқолга йўлиқмади, бир умр кўзига кўринмай қочиб юрди.

Трактор дегани ҳам у маҳал тоза исқот қолган эканми, акам чўлда, Зафаробод туманида ҳам бир муддат тракторчилик қилиб юриб авария қилган, йиқилиб жағи, тишлари синган. Оғзидаги тўртта тиши билан умрининг охиригача юрди. Ҳойнаҳой, чол отасининг тишидан камроқ эди десам ишонаверинг-да қўйинг. Ўша ҳалокатдан кейин мункисланиб, бироз соқовланиб қолган. Яқин-яқинларда ҳам ўғиллари ор қилиб тиш қўйдирайлик деб қўйдиролмадилар. Сабаби, акам тиш тақса баттар соқовланиб гапиролмай қолар экан. Жаҳлдор Овлоқул отам бақириб-сўкиб уришса ҳам, барибир ўғлини аяр эди, тракторни думалатганда бир-икки халачўп еганини инобатга олмаса, деярли калтакланмаган.

Акам армия хизматидан қайтган йили уйланган. Бўйи ўзидан бирор қарич баланд Ойсара чечамни қизил саман отга мингаштириб тепа овулдан пастки овулга – ўзининг уйига оптушган. Ораси жуда яқин эди. Куёв йигит келинни отдан кўтариб тушириб қўйганини кўриб хотинлар “Вой, бети қора, нима қилгани бу, шарманда-а!” дейишган. Русия ўрмонларида дарахт кесиб келган соғлом йигит парво ҳам қилмаган. Ёқилган гулхан атрофида келинни уч бора айлантириб, сўнг шинелининг ёқасини тик қилганча ўзи ҳам ғоз тураверган. Шинел… ўша кунларнинг ярашиқли кийими ўзи шу эди-ёв. Уям кимда бор, дейсиз. Ҳамма куёв ҳам хоҳлаган вақти мана шу шинелни тополса, дўпписини осмонга отса бўларди.

Келин саломни доим ҳаётдан мамнун шаддод Мастура хола айтар, чилдирмани бир хил тарзда уриб-уриб, бир маромда қўшиқ қилар, ҳар замон икки қоши ўртасига жуволдиз билан уриб қўйилган кўкимтир майда холини кўз-кўзлаётгандай қош учириб, ўзича “Ҳайт жонидан!” деб қийқириб қўяр, томошаталаб эркак, аёл, бола-бақра учун бу қизиқ эди. Замон ҳаётида ўзи қизиқлик шу – тўй эди. Ичганинг бир коса шўрва, лекин кечгача тўйда тўйдим деб шаталоқ отганинг отган эди. Давра сўнмаслиги учун гулханни сўндирмаслик лозим, шу боис чолма, таппидан тортиб Овлоқул отам тоғдан эшакда ташиган шувоқларни ҳам оловга дасталаб улоқтирар эдик. Бундан бурунроқ Мастура холанинг ўғли Жўрабой тоғанинг суннат тўйида бир йигит рубоб чалиб Ортиқ Отажонов ва Олмахон Ҳайитованинг қўшиқларини зўр бериб куйлаб ётганида ўртоғим бу ёққа қара, деди. У биздан тўрт ёш катта Тенглаш аканинг фуфайкаси орқасига ингичка чумакли чойнакда билдирмай сув қуйиб шакл ясарди. Аввалига бу ҳол беадаблик, Тенглаш ака билиб-нетиб қолса ўртоғимни нақд бўғиб ўлдириб қўйишини ўйласам-да, унинг сезмаётганиданми ё бу сурбетлик обдан кулгили эканиданми, қотиб-қотиб ичакларим юлиниб кетгудай кулдим, қизиғи, бу ҳолни кейин унинг укаси, бизга синфдош бўлиб бирга ўқиган Абдували жўрамиз ҳам кўрган, уям негадир биргалашиб кулган эди.

Ўртада бир йигит гоҳ Олмахон, гоҳ Ортиқ бўлиб оҳанг тортади, рубобни ўйнатади, бирпас медиатрни тишлаб торларни тузатиб тинғир-тинғир қилиб қолса, ўртадан таклиф тушади:

“Жуда зўр айтдинг, ука, шўхроқларидан ҳам бўлсин, ёшлар ўйинга тушсин.

Ҳофиз худди Ортиқ Отажоновдай одоб билан:

– Хўп бўлади, талабларга биноан, – дейди-да, рубоб дастасини пастга, баландга кўтариб-тушириб, тиринглатиб шўх чала кетади. Гулхан ёруғида сабза мўйловини яна бир силаб, сувсар телпагини бироз кўтаради-да, – дейди.

– Қани, жонон қизлар, ўйинга марҳамат!

Шўх-шўх ўйнар эдим,

Сен билан қирғоқда мен…

Ҳеч ким ўртага чиқмайди. Бир пайт Гулсум опа деган саккизинчи синф ўқувчиси, сочи товонига довур бир ўрим тушган, келишган, сулув қиз даврадан бир ўзи ажралиб чиқиб, гулхан теварагида ўз-ўзидан муқом қилиб ўйнай кетди. Назаримда, Тошкентдаги энг яхши раққосалар ҳам ўйнаса, шундан оширмайди. Фақат шоҳи атлас, бежирим нимча, оқ ялтироқ туфли, тошлари электр чироғи шуъласида ялт-ялт этгувчи манглайқош бўлса бас эди. Гоҳ тез-тез юриб, гоҳ тўхтаб-тўхтаб, энгаги остида қўлларини қия қайиқча қилиб бош тебратиб қўяр, бунга сари қўшиқчи ҳам авжга миниб “ҳайт!” деб қўяр, қўшиқдан чиқиб: “Қулинг ўргилсин санинг!” дерди илҳомланиб. Ҳамма, тавба, биздан ҳам ўйинчи артист чиқар экан-ку, деган таажжубда. Чунки бир-икки Мастура холага ўхшаган ёши ўтган кампирлардан бошқа бирор қиз-жувон қўлини кўтариб даврага чиқиб ўйнамас, уялар эди. Гулсум опанинг пойабзали, яъни калиши ҳам янги, янги бўлмаса ҳам ёғлангандай топ-тоза кўринар эди. Гулхан бўйига бошқа ҳеч ким чиқмади, Гулсумнинг бир ўзи ўйнайверди, ҳофиз қиздан кўз узмаган кўйи “Зеболаниб келибсиз”, дея иккинчи ашулани улаб кетди, ҳар замон қиз ёнига ўйнаб келганида боягидай одатдан ташқари “Ўргилсин қулинг!” деб ҳайқирар, ярим эгилиб ҳам қўяр, бу ҳайқириқ оломонга ҳам, қизга ҳам маъқул келаётганди, лекин шу пайтда орқа тарафдан бир йигит юлқиниб чиқиб қизнинг қўлидан ушлаб қолди.

– Бўлди! – деди у.

Қиз хижолат бўлдими, бирпас тўхтади-да:

– Нари тур, қўшиқ тугасин, – деди.

– Бўлди деяпман! – деб бақириб юборди йигит. Қиз унинг кўкрагидан итариб юборди-да, рақс тушишда давом этди. Унинг хиромони ҳаммага ёқаётган, ич-ичидан тасаннолар айтар, “Қўй, ўйнасин” деган хитоблар ҳам эшитилди.

Йигит тек турмай тағин гулхан ёнига чиқди. Қиз муқом қилиб рўпарасига келишини кутиб турди ва келгач бор кучи билан юзига шапалоқ тортиб юборди. Қиз ловиллаб ёнаётган юзини чангаллаганча даврадан чиқди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлаб йигитни қарғади. Шу кўйи уйига қараб кетди. Йигит ҳам секин унинг ортидан юрди.

Бу Гулсум опанинг укаси Тўлқин эди…

Ҳозиф қўшиқчи охиригача айтди. Тугатиб:

– Афсус, одамлар орасида санъатни тушунмайдиганлари ҳам бор. Шунинг учун зўр талантлар қиш­лоқларда қолиб кетаётибди. Санъатни хор қилади бундайлар, – деди.

Шу билан давра совиди. Қўшиқ бўлса ҳам ўйин бўлмади. Мастура хола:

– Боламнинг тўйида ўйна ҳамманг, манов артист Иштихондай жойдан келиб ўтирибди, – дея бироз силкиниб ўйнади.

Гулсум опа шундан кейин бирорта тўйда ўйнамади. Саккизинчи синфни битиргач, эрга тегиб кетди. Олис қишлоқда бола кўпайтириб юрганини эшитамиз.

Ойсара чечамнинг ҳам этаги тўла фарзанд экан, Исмоил акам жўрттага бир искаб қўйсаям, юкли бўлиб қолаверади, кейинги фаслда ингалатиб бир чақалоқ армуғон қилади.

Исмоил акам отасига ўхшаб бола-бақрани босиб-пийпалаб “мазлум” қилмаган бўлса-да, барибир болажон эди. Бировнинг кўнглини қолдириш қўлидан келмас эди. Кимдан кўп, кимдан оз умр кўрди. Энди-энди билаяпмизки, эр-хотин тамоман бир-бирига бағир босиб қолган экан. Гап шундаки, тўрт йил бўлди, урчуқдай айланиб, келинларга ҳам иш қилдирмай, рўзғорнинг хизматини қилиб юрган Ойсара чечам ҳадаҳа биқиним-биқиним деб юриб озгина вақт ётди-ю, дунёсига қўл силтаб жўнаб юборди. Исмоил акамнинг гаранги чиқди. Дарду дунёси қоронғилашиб кетганини биров билмаган ҳам. Ўғиллари бошқа уйлантиришга уриниб кўришди. Жиянларидан бири Ингичка томондан ўрислашганроқ бирини топибди. Акам бориб кўрибди ҳам, маъқул келиб ўша куниёқ таксига босиб опкелибди. У ёқда танишганимда ёшини анча камайтириб айтган экан, келиб ёруққа тутиб қарасам, ёши менга ёвуқлиги билинди, деб кулади акам. Ўша куни аптекадан бунча, дўкондан бунча қарзим бор деди, э, улай-булай билан бир миллиённи бўйинга олиб келдим.

Ҳаммасиям майли, ҳар кеч кирганда янга европаликларга ўхшаб овқат олдидан икки юз грамм урадиган одати бор экан. Аввалига, хўжайин, байрам қилмаймизми, деб ўзи таклиф киритади. Акам болалари ва келинларидан уялишини айтиб, бу одатни ташла, жўра, деб илтимос қилади. Лекин ҳар кеч ароқ сасиб туради, дейди. Тақиқлаш қўлидан келмагани акага алам қилади.

– Энди жўра, сийинг битди, – дебди охири акам, – кавушинг уйингга қараб тўғри турибди, кий-да, жўна, орамиз очиқ сен билан.

Худди шуни кутиб тургандай, йўл пули сўрабди.

Пулни бериб, уйида хайрлашиб, ҳайдагандай қилиб чиқаради ака.

Ундан олдин ҳам, кейин ҳам баъзиларини эшитдим. Ака уч маротаба муваффақиятсиз никоҳни бошидан ўтказди. Зерикиб, Ойсара чечамни қўмсаб юрган кезлари шўтаноқ укаларидан бири:

– Исмоил ака, сиз шошмай туринг, бугун-эрта сизни бир бақувватига уйлантирамиз, хотин кўргандай бў­ласиз, ёпишиб шу билан яшаб кетасиз. Муҳими – у хотин рози, – дейди.

– Ким экан, билсак бўладими?

– Танийсиз, эшитсангиз хурсанд бўласиз. Ҳозирча сир. Эртага Кўмак аканикига ўтиришга борасиз, ўша ерда оға-инилар билан бамаслаҳат ҳал қиламиз бу ишни.

Шу куни шўтаноқ ука Кўмак аканикига борибди.

– Энди ака, биласиз, Исмоил акам ёлғизликдан қий­налиб юрибди, бир ёрдам қилмасангиз бўлмайди, – дебди.

– Хўш, мен нима қилиб ёрдам берай, хотин топ, совчи бўлиб борай.

– Йўқ, совчилик керак эмас, рози бўлсангиз бўлди.

– Нимага рози бўлай?

– Адаш чечамни акага бермасангиз бўлмайди. Кўк­рагидан уриб қолган.

– Ие, ҳали мен ўлганим йўқ-ку, ўлмай туриб хотинимни тортиб оласанми? Калла-палланг ишлайдими, ўзи?

– Гап шундаки, – дебди шўтаноқ, – Адаш полвоннинг ўзи ҳам рози, бир келиб куёв йигит қўлимни сўраса майли, эргашиб кетавераман деяпти. Сиз қаршилик қилманг, хўпми?

Шўтаноқнинг авзойига қараб гап нимадалигини тушунган Кўмак ака кутилгандай шартини айтибди.

– Гап бундай, Исмоилдай укамизга бир хотин са­дағалар бўлсин. Шарт шуки, эртага келганда иккови курашсин, Исмоил йиқитсин, ол ҳалол – опкетаверсин. Биз рози.

Шанба куни Кўмак аканикида ейишма-ичишмадан кейин келишувга мувофиқ бошқа уйда Кўмак аканинг хотини ва Исмоил акам ўртасида кураш маросими уюштирилган.

– Бир, икки, уч – бошланди! – шундай дея шўтаноқ шартта чироқни ўчиради.

– Бўлди! – дея қичқиради Адаш чеча. Чироқ ёқилса, йигит ётибди – чалқанча, абгор, ҳансирайди. Устида гўмасдан бўлиб Адаш чеча ўтирибди.

– Оёғимдан биров тортгандай бўлди, – дейди Исмоил акам инқиллаб.

– Туринг, чеча, сизники ҳалол. Лекин, қаранг, куёв бола норози бўляпти, яна бир олишинг.

Боягидай яна чироқ ўчирилади. Исмоил акам гуп этиб “келин”нинг остига тушади.

– Энди-чи? – дейди шўтаноқ. – Яна оёғингиздан уш­ладими биров?

– Йўқ, лекин энди чаламан деганимда ўзим чалиниб кетдим. Худди биров атайлаб…

– Бўлди, ака, ўзиям чечам гупчак қилиб урди, ба­ҳона қилаверманг, чалқанча тушганингизда бир нарса “пирт!” этди. Шимингизнинг у ёқ-бу ёғига қаранг. Чеча сиз оғир гавда билан босаверманг-да, яна бир жойи пиртиллайди ҳозир…

– Ҳа… – дея қолганини ичида сўкиниб, тел­пагини топиб кийиб, жўнашга шайланади ака.

– Бир қулайи келган эди, Исмоил ака, қўлдан бой бердингиз-да. Ҳай, аттанг.

Шўтаноқлардан бири шундай дея бош чайқаб кулади. Исмоил акам оёғимни тортган шу деб ўйлаб чаллипатранг қилиб сўкади.

Кўмак аканинг катта ўғли бўлса:

– Мол синалган мол эди, қуруқ қолдингиз-да. Отам иккимиз ҳасратлашиб, жалов Исмоил акамда кетди, ана энди сиз хотинсиз, биз онасиз қоладиган бўлдик, кўп куйинманг, Исмоил акам қўйганларнинг полвонроғини сизга қайтариб опкеламиз, деб туриб эдим, – дея “ҳам­дардлик” изҳор қилади.

Исмоил акам бунга сари уни ҳам бўралатиб сўкади. Анвар эса иложи борича аканинг сўкишини эшитмаслик чораси билан унинг оғзига ароқ тўла пиёлани тутиб:

– Олинг-олинг, шунинг учун олинг, раҳмат, жуфт бўлсин, ҳа, аканг қарағай, тагида қолмасин, – дея қис­тайверади.

Ака ноилож уни сипқоради. Яна сўкишга оғиз жуфтлаганида Анвар газак деб оғзига илик тутади. Ака сўкишга қўймаётгани учун завқи келиб, ўзи ҳам ағанаб-ағанаб кулади.

Кўмак ака ўғли Анварга қараб дейди:

– Ҳай, бунга нега ароқ берасан, энангга қуй. Йиқитган буми, уми?

Бизнинг оға-инилар шунақа, гап, ҳазил билан бир-бирини обориб-опкелади. Бир нарсани гап қилиб ҳаммага шов-шув қилади, кимдир ўсал бўлади. Бироқ охир-оқибат бунинг тагида оддий ҳазил, бир одамнигина мот қилишга қаратилган қитмирлик ётган бўлади.

Ўшанда Исмоил акам амакисининг хотинига уйланишни хоҳлаган дейсизми? Шўтаноқ айтган заҳотиёқ бу ерда бир гап борлигини сезган, лекин Кўмак акани мот қилсам керак, ўлибманми, эркакман-ку, Адаш чечани йиқитарман, деб ўйлаган.

Кўмак ака пухтароқ чиққан.

Қай бир қўл четдан келиб, Исмоил акамнинг оёғига ёпишиши, чироқ ўчирилиши ҳам уюштирилган.

Исмоил акам буни, ҳатто ўша қўл кимники эканини ҳам яхши билади. Билиб туриб қўл эгасини сўкади. Қўл эгаси ҳам аканинг шубҳаланаётганини билади, шу ва айни онаси акага янга бўлишини яхши билгани учун Анвар ҳам қозоқча сўкишларга чидаб, айби ичида, тумшайиб тураверади. Қайтанга, кулиб енгади.

Бу гаплар эл аро ёйилиб, кулги бўлиб, тилдан тилга ўтиб эскиргач, Исмоил акамга тағин хотин излашга тушишди. Холмурод бир кунда Жиззахнинг Пахтакоридан боладан тинган, отасининг уйида икки сигирга чорвадор бўлиб михланиб қолган аёлни топди-ю, ўйлаб-нетиб, сўраб ўтирмай уйлантирди-қўйди.

Ҳозир нима кўп – қишлоқни ҳам, шаҳарни ҳам босиб кетди – такси кўп. Биттасига ўтириб, бозордан бир кило оқ, бир кило сариқ қанд олиб, тўғри бостириб боришган. Такси кўчада кутиб туради.

Отаси – бир чол одам экан, қўлини бигиз қилиб Исмоил акамни кўрсатиб:

– Ҳай, бола, мен сенга ишонётиппан, лекин мана бунинг ғирт жиноятчи, кўзи айтиб турибди, ҳойнаҳой, ўғирлик ҳам қилса керак, қизимни бахтсиз қилади бу! – дейди.

– Э, бобо, бу одам пишакни “пишт” дейишдан олдин ҳам бир ўйлаб олади, қизиқ экансиз, нималар деяпсиз? – дейди Холмурод.

– Мен сенга ишондим. Ёш бўлсанг ҳам, кайвоничилик қўлингдан келар экан, агар қизимнинг кўзидан ёш шўрғаласа, сенинг ёқангдан оламан.

Исмоил акамнинг ўзи бўлса, ғирт жиноятчига чиқ­қанидан букилиб-букилиб, қотиб-қотиб кулармиш.

Шуйтиб, бир кунда савдо пишиб, Исмоил акам хотинли бўлди-қолди. Икки йилгача гап-сўзсиз яшаб юришди. Янга пошшо ҳам болаларга, келинларга сингишди. Невараларни ўзиникидай бағрига босди, кўтарди, юпатди. Холмурод ҳам акамни бир кунда бахтли қилиб қўйганман, ҳе, юрибсан-да баринг, деб катта гапириб юрди.

Лекин Исмоил акамнинг ўзи…

Атиги тўрт кун аввал ўғли Исроилникида ўтириб менга телефон қилди. Димоғи чоғ эди. Келиннинг ту­ғилган куни экан. Амакиваччалар Жозил, Холмурод ҳам шу ерда, улар акага кетма-кет қадақ узатиб, эвазига сўкиш эшитаётганларини ҳам билдим. Телефонда кайфиятидан маълум эди.

Исмоил акам келинга бир пачка пул тутқазган.

“Кейинги туғилган кунингда бераманми-йўқ. Борида олиб қўявер, пенсия олганман”, деб мардлик қи­либди. Ўша кунлари “Ойсарани соғиняпман-да, ча­қи­риб қўймаяпти”, деб юрган.

Одам соппа-соғ бўлса, бу гапларга ҳеч ким эътибор қилмайди. Кўз очиб кўргани, болаларининг жондай онаси эди, қўмсаётгандир, деб ўйлашган. Кейинги икки кунда янги янгамиз билан ҳам кўрпа-ўринни бошқа қилган. Янга бундан хавотирга тушган. Қабатидан кетмасликка тиришган. Жеркийвергач, мажбур, бошқа уй­га ўтиб ётган.

Кейинги кун тонг саҳарда… оғилхонага кириб…

Янгамиз чала уйқуда орқасидан борса, танаси совиб бўлган экан. У ўзини юлиб, ўзини қарғаб йиғлайди. Энди нима фойдаси бор?

Онаси Мусал энам тирик бўлганида бу ишлар бўл­мас эди. Шундайку-я, лекин энамнинг ўзи ҳам… ахир ким яшашни хоҳламайди – ажални сезмай қолди-ку.

Исмоил акам Ойсара янгамни ўртаниб соғингани рост. Ҳа, рост, оғайнилар, Исмоил акам Ойсара янгамнинг дийдорини соғиниб юрган, имлайвергач, бу ҳаёт билан хўшлашиб қўяқолган. Ҳаётдаги барча лаззат, завқ янгамнинг висоличалик ширин туюлмаган.

Мен буни тўғри деб ҳисобламасам ҳам, яхши ҳис қиламан…

Ҳеч кимнинг хотини бемаҳал, бир-бирига суяниб турган маҳал кетмасин. Жуда оғир…

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 11-сон