Собир Ўнар. Тарвуз (ҳикоя)

Омондавлатнинг қишлоқдан қўнғироқ қилиб индинга бола-чақаси билан келишини эшитиб Худойқулнинг энсаси қотди, нечукдир миясига лоп этиб буям пул сўраб келади, бўлмаса беш-олти йилдан бери кўришмаган синфдошга бало бормиди, деган ўй урилди. Кўнгли хижил тортиб, келмасаям ўпкаламас эдим деди. Ўзидан-ўзи хотинига ёзғира кетди: «Бу замонда бировга аҳмоқ одам қарз беради, олган одам вақтида қайтармайди, эланиб юрасан-юрасан орқасидан, йўқ, мана, кўриб турибсан-ку, ўлдирсанг ўлдир — беролмайман, деб қақшаб тураверади. Ваъдалар бошқача эди-ку, десанг, тушса оласан-да, дея шалпаяди. Нима қиласан, ўлдирасанми, сўясанми, ўрнига келадими шунда? Айниқса, қишлоқдаги одамга қарз бер, қудуққа тушган игнадай минг йилдаям қайтмайди, емиш олади, буғдой олади, емишни — моли, буғдойни — ўзи еб қўяди, нима қиласан, еб қўйдик, ука, жўра, деб ҳиқиллаб тураверади. Сенам ёрдам бер менга, Сапувра, шу гал қарз бермайман, қайтмайди, энг яқин синфдошим шу Омондавлат бўлса, унданам қайтмайди».
— Хўп, пулимиз йўқлигини хотинига тушунтирарман, хотини эрига айтар, шундаям йўқ, сенда бор, берасан, деб ёпишиб туриб олмас, ахир. Тўғрими?
— Ишқилиб бир илож қил, мени қутқар шу сафар, бўлмаса, биласан-ку, кўнглинг бўш, бериб юбораман.
Эр-хотин икков меҳмонларни кутиб олиш режасини тузишди.
Ундоқ деса бундок, бундоқ деса ундоқ эди, дея чора гап топиб берамиз, хуллас, йўқлигига ишонтирамиз, деб келишиб олишди.
Меҳмонлар кечин-ола етиб келишди. Омондавлат хотини, бир чақалоқ қизи, тўрт-беш ёшлардаги бурни оққан ўғли билан келди. Дўстининг уйида йўқлигини кўриб чандон хафа бўлди, гўё у ҳеч қаёққа қимирламай кутиши шартдай. У қўлтиғида иккита тарвуз, хотини бир қўлида чақалоғи, бир қўлида каттакон корзинкасифат сумкаси бор эди. Сумкада туршак, ёнғоқ, майиз, қишлоқнинг тегирмон унида ёпилган талай нон ва патирлар, Худойқулнинг ёш қизчасига атаб тикилган кийим-бачкилар. Омондавлат тарвузларни ошхонага қўйди, сўнг юз-қўлини ювиб залга — меҳмон кутиладиган жойга ўтди. Ўғилчаси ур-тўполонни бошлади: телефоннинг трубкасини кўтариб «алло» деб қичқирди, телевизорнинг кнопкаларини боса бошлади, бир қоғоз қутининг ичидан турли ўйинчоқларни чиқариб ҳар ёққа судради. Ўзи ясатилган стол бўйига ўтириб чой ичди, узум еди, ёнғоқлардан чақди, телевизорга қараб ўтириб диванда ухлаб қолди. Алламаҳалдан сўнг ўртоғининг келиб туртишидан уйғонди. Сапчиб туриб қучоқлашиб кўриша кетди. Ухлаб қолгани учун узр сўради.
— Йўл чарчатган-да, нимасига хижолат бўласан, — деди Худойқул. Сўнг ўтириб сўрашар-сўрашмас атрофнинг тўзиб кетгани, ўғилчаси ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилгани, чақалоғи нариги хонада баралла қичқираётганини кўриб чандон кайфи учди ва сал жаҳлини билдириб бир оз сур оҳангда: — Жон жўра, оёғингдиям, носкингдиям ювиб кел ваннага бориб, — деди.
Омондавлат ўртоғининг гапи ҳазилми-чинми, билолмай гаранг бўлди, бир жилмайиб «қўйсанг-чи, эй, оёғим сасимагандир», демоқчи бўлди, қараса, мезбоннинг авзои жиддий, жуда хижолат бўлиб ўрнидан қўзғалди. Балоғатга етгани бери бунақа дашном эшитмагани учунми, кўнгли сингандек бўлди. Аммо кейинроқ пича ғашлигини босиб, шаҳарда уйлар тор, шунинг учун ўзимга сезилмаган тер ҳиди уйга тарқаган чиқар, бегона бўлсам бетимга айтармиди деб ўйлаб қўйди.
Чамаси шундай деб ўзига тасалли берди. Худойқул қишлоқни, оға-ини, қариндошларни суриштиргач, дабдурустдан пул топиш анча мушкул бўлиб кетгани, бировга берган пулингниям, молингниям қайтиб олиш ўлимдан оғирлигини ёзғириб сўзлай кетди. Омондавлат дўстининг пул сўраб қўймасин деб аввалдан пушкадан ўт очаётганининг маъносини тушунмади. Ҳайрон бўлди, уйнинг ҳар тарафи ялтираб туриши, телевизор, мебелларнинг баҳосини ўзича ўйлаган бўлди, ҳовли қураётгани, қанақадир чет эл машинасини миниб юрганини эшитган, миясининг бир чеккасида ҳаммаси ғимир-ғимир эътирозлар уйғотиб, ношукур бўлмасликка даъват қилмоқчи бўлди-ю, негадир ўзи ҳам ростдан одамлар ҳозир шунақа эканлигини тасдиқлаш учун амакисининг ўғлига уруғлик учун тирамода ўн беш минг сўм бергани, бироқ уни қайтариб олиш қийин бўлгани, икки-уч марта беш юз — минг сўмдан бериб баракасини учиргани, охири эккан буғдойини бод уриб, ҳеч нарса беролмаслигини айтиб турганини сўзлади.
— Ана шу-да, ҳамма шу, ҳеч ўзга эмас, хоҳ шаҳарда, хоҳ қишлоқда, хоҳ дўст, хоҳ душман бўлсин — оқибати шу, — дея пишанг берди Худойқул. — Ҳалиям ўн беш минг экан-ку. Бу шаҳарда бир хил ўзига тўқ оилаларнинг бир кунлик харажатиям эмас. Омондавлат «йўғ-э» дея телевизордан кўзини узиб жўрасига қаради, ишониш-ишонмаслигини билмади. Худойқул эса беэътибор давом этди.
— Мана шахсан ўзимнинг ўн минг доллардан кўпроқ пулим ташқарида юрипти. Зарилликкаям сўраб ололмайман. Ҳаммаси кўз қиймайдиган одамлар: дўстлар, курсдошлар, қариндошлар, укалар.
Омондавлат шу доллар деганларининг башарисиниям кўрмадим-да, ўзи у неча сўм туради, қаерда сотилади, деб сўрамоқчи бўлди, аммо шу мавзу унга кўп хуш келмади. Ҳамма нарсанг етарли бўлатуриб, додлайверсанг ҳам яхши эмас-ку. Бирдан хаёлига жўраси қизчалик бўлгани келиб, чўнтак ковлади ва «тўнбичар кутлуғ бўлсин, умри узун бўлсин!» деди. Йигирма уч йил аввалги синфдош бўлиб юрган кунлари, маза-бемаза қилган ишларини эслаб мириқиб ўтиргиси келди. Синфдошларининг аҳволидан сўзлади. Икки ойда бир марта йиғилиб туришлари, йиғилганда уч кило гўштнинг пулидан гаштак пул йиғишларини айтиб, сен ҳам қўшилсанг ўтиришга, болалар Худойқул бизларни менсимай кетди деб юрибди, бир миннатдан қутуласан, деди.
Худойқулнинг энсаси қотди. Ё пулни, ё дўстларини менсимагандай бўлди. «Ичларингда жони бори ким ўзи?» деб кулмиш қилди. Дўсти хафа бўла бошлаганини кўриб «хўп-хўп, бошқа бундай демайман, мен сени масхара қилмадим-ку» деди ва тағин кулди.
Омондавлат энди бу киши олдинги қадрдон синфдоши эмас, тамом бегона одамга айланиб бўлганини ҳис эта бошлади, афсусланишини-да, бегонасирашини-да билмади. Билгани шу бўлдики, айни кезда ўзи ҳам, бола-чақаси ҳам ортиқча экан. У ўйлар эдики, бола-чақа билан борди-келди қилиш дурустроқ бўлади, қалинлашиш шундан бошланади, хотинлар ҳам, болалар ҳам бир-бирининг отини айтиб эслаб туриши яхши гап. Бироқ бу каби муносабатлар Худойқулга керак эмасга ўхшайди. Меҳмон қизарди, бўзарди, хижолат бўлди. Телевизорга қараб ўтириб тош қотди, лекин қулоғига шапалоқ теккан каби қизиб турар эди. Худойқул гапи тескари бўлгани бир сари дурустроқ сийламадиям. Дастурхонга келган биринчи овқат мошхўрда бўлди. Мезбон булка нон кеса бошлади.
— Қишлоқнинг нон-патирлари бор эди, Сапуврага айт опкесин, — деди меҳмон. Мезбон хотинига тайинлади, у қоп-қора бир нон ва патир опкирди.
— Ўзи бундай бўлгани билан таъми бошқача-да, жониворнинг ранги сал нетороқ, — деди мезбон дарров Омонга қараб: — Ростингни айт, ичасанми, ичсанг опкелтирай, — деб сўради.
— Шарт эмас, — деди Омондавлат яна телевизорга кўзини қадаб. Овқатни олдига тортаркан, яна қўшиб қўйди:
— Йўқ бўлса, опкелтириб ўтирма.
Бу билан у ичгаси борлиги, «яримта» устида эзилишгиси, самимийроқ суҳбат соғинаётганини сездирган эди. Аммо…
Хўриллатиб мошхўрда ичишди.
Овқат ичиб бўлишлари ҳамон эшик қўнғироғи жиринглади. Башанг кийинган икки йигит кириб келди. Мезбон билан ўпишиб кўришгач, столга чўкишди, афтидан узоқ ўтиришга вақтлари ва ҳафсалалари бор.
Мезбон ҳам дарров гардикапалак бўлакетди. Меҳмонлар Худойқулнинг бизнес ҳамкорлари экан чоғи, тағин айни пайтда қаердандир бир ишни дўндириб қайтишар, чамаси мезбон уларга суюнчи бериши керакдай. Столга бирпасда ғалати таомлар кела бошлади. Ерёнғоқ, парварда, конфет, туршак сингари «камбағалнинг» безаклари ҳаш-паш дегунча йиғиштирилди. Колбаса, қази, пишлоқ, товуқ гўштидан тортиб бошмалдоқнинг бошидай келгувчи оғзилари ланг очилган писталар ҳам келди. «Қишлоқи» меҳмон хушёрроқ тортиб ўтирарди.
Булар чунон нозик кишилар эканини сидқидилдан ҳис этиш учун Худойқулни ўзи томонга имлаб қулоғига айтдики, қишлоқнинг ёнғоқ-майизларидан опкелган, тарвуз ҳам бор, хотининг сўйиб узатсин, зўр меҳмонларинг кепқопти ахир.
Йўқ, Омоннинг гапи яна инобатга ўтмади, қайтанга бояги тегирмони нон ва патир бўлаклари ҳам дастурхон кўркини бузди чоғи йиғиштириб опқўйилди.
Ана холос! Бунақа дастурхонни ҳали-ҳануз кўрган эмас Омон. Қишлоқнинг тўйида елим ва сопол пиёлаларда вино ичиб хурсанд бўлиб юрган одам бу каби тансиқ таомлар борлигини ҳайтовур тасаввур қилгандир-ку, аммо кўрмаган экан.
Ҳадемай энг чиройли шишаларда ароқ келди, қуйилди, тантанавор, оҳанжамали сўзлар, бир-бировини мақташу мақтанишлар бошланди.
Омондавлат буларнинг орасида ўзининг не нав инсон эканини англади, бегонасиради, бегонасираб талай марта балконга, ҳожатхонага бориб чекиб келди, бир чеккани олиб бошни буркаб ухлаб юборгиси ҳам келди, аммо бунгаям ор қилди, охиригача чидай деди. Булар бўлса бири олиб, бири қўйиб ким билан қандай шартнома тузгани, неча милён туширганию уларни қандоқ ўзлаштириб, нимага сарфлашлари, тушунарсиз услублари хусусида сўзлашардики, буни эшитиб обдон чатоқ болалар экан, ўткир йигитларга ўхшайди. Худо билса орқасида суягичганлариям бордир-да, дея тасаввур қилиб ўтирди. Бир жингалак сочлиси кўйлагининг кўкрак чўнтагидан гугурт қопидан сал полвонроқ нарсани олиб ичига гапира кетганидан билдики, бу телефон, телевизорда кўрсатгани шу, э, садағанг кетай, ҳукумат, ана, бор бўл, қандингни ур, яша! Аммо бу телефонда фақат жиддий гапларни гапириш шартга ўхшамайди, бола дам бир хил хотинларга, дам буғалтирими, кимгадир бир қизга сира менсимай, охирида ўрисчалаб эркалаб ҳам мурожаат этди. Биргалашиб ичилаверганиданми, аввалги меҳмон билан кейинги меҳмонлар қовуша кетишди. Омондавлат ҳадеб булар катта кетавергач ё ғаши келдими, ё ўзи йиғиниб турган жойи борми, ҳар тугул бир хил режалари борлиги, мабодо амалга оша кетса, Худойқул жўра, Сирғали бозоридан ўзинг бир «Жигули» танлашиб юборасан, деб айтди. Худойқул ичи ёришгандай, янгироғидан оласанми ё эскироғидан, деган маънода сўради.
— Қанчаларга мўлжаллаяпсан?
— Милён бўлмайдими, — деб қўл силтади Омондавлат.
— Оҳо, маладес, қўймайсан, — деди ўртоғи зўраки тантанавор оҳангда. Кейин ўзи пули борми-йўқлигига қизиқди.
— Буғдой бор, жўра. Ҳозир арзон, қишда кўтарилади нарх, ўшанда уриб юбораман. Гап бор-да, билдинг?
— Билдим-билдим. Демак, бир милёнга сотасан?
— Балки икки милён бўлар, кўрамиз.
Қишлоқи меҳмон ҳам тоза ўлар-қолар жойда эмаслигини кўрсатгиси келиб тиллари бийрон бўлди. Шундай қилмаса булар одам қаторида кўрмай гаранг қилаверадиган.
— Ўзи ғалладан қанча олдинг? — деб сўради бари бир шаҳар бергиси келмай, беписанд оҳангда Худойқул.
— Саккиз тонна чиқади ўзимники, етмаса Самадники бор. Уям қарийб беш тонна юк қилади. Ғалла бу йил кам одамларда, ҳадемай юз сўмдан ошар дейман. Ишонганимиз шу-да.
— Маъқул, лекин икки милён деб мақтанма. Бўларини айтавер, бир милён бўларкан-да у ёқ-бу ёғи. Оилани ҳам ташлаб қўймайсан-ку. Қишда машинаям роса кўтарилади-да лекин.
— Етмаса сен бор — нима ғамим бор.
— Шу етмай турувди. Ўзимам кутган эдим ўлигини ташлар экан деб, айтдим-ку боя, йўғамас, бор. Лекин ололмаяпман деб.
— Қўрқма, ўлмайсан. Аввало сўрамайман, сўрасам — йўқ, дема, келишдикми?
— Ҳали қиш келсин, бир гап бўлар.
— Биламан, пул жигардан бўлармиш, шунинг учун болани отадан айирадиган бевафо бу. Боя келганимдаёқ элдан бурун ёзғирдинг, очдан ўладигандай. Қиш келсин, дейсан. Қиш келганда қор ҳам сўрамасман сендан, хотиржам бўл, уйқунг ўчиб юрмасин яна, синфдошим кеп қолади деб.
«Қуйилсин, урилсин» давом этди. Иттифоқо юпқа, нозик ликопчаларда тарвуз келди. Омондавлатнинг бир оз кайфи ошгани боисми, тарвузга кўзи тушгани замон ичи ёришиб кетди. Ҳай-хай, ёш боладек севинди. Пича муболағаси билан айтганда, дастурхоннинг эгасидай сезди ўзини.
Дарров тили бурро тортиб, гапни даштнинг лалми ковун-тарвузларига буриб юборди. Ҳолбуки, у шундоқ Худойқулнинг уйи яқинидага тарвуз сотувчи одамдан, уюм ичидан танлаб сотиб олиб кўтариб келган, чамаси, чўлаки, селитрага обдон тўйган қора тарвуз эди бу. Аммо шу баҳона Омондавлат болалигида экилмиш қовун, ҳандалак, тарвуз, бодринг, ошқовоқларни, айни пишиқчилик чоғи полизга, яна айни ўзларининг полизига тиконли бодомча шох-шаббаларидан ясалган тўсиқ узра ошиб ўғирликка тушишлари, оқибат қоровуллаётган кампир — ўз энаси томонидан кетларига чўғдай босилмиш хивич зарблари хусусида чаҳ ура кетди. Чоғроққина ҳовлисига ҳар баҳор бодринг, помидор билан қўшиб ўн-ўн беш туп ҳандалагу қовун экканлари, улар тақё палак қилиб кейин узун палак отиб кетиши, сўнг ёнғоқдек туйнак қилишидан то ранги бўзаргунча бир ҳовли бола дам-бадам «кўз-қулоқ» бўлиб: гоҳ ушлаб, гоҳ бурунларини теккизиб ҳидлайверишгани сабаб онаси безор бўлиб қувганлари, боиси туйнакка ҳадеб одамнинг қўли тегаверса, азбаройи қўл заҳри таъсир этиб қовун ривожланмай қолар эмиш, — ҳамма-ҳаммасини завқ билан эслади. Шунингдек, хом сапчаларга бурнини теккизганда унинг тикондай туклари тирнаб кетишию, айниқса эрталаблар бирор ҳандалак пишган бўлса, бутун ҳовлини муаттар ҳиди тутиб кетиши, тонгги ҳид, у орқали ҳандалакни қидиришнинг нақадар мароқли юмуш экани, палакларни у ён-бу ён ағдарганингда субҳидамдаги намхуш тупроқми, шудрингми нимадир салқин нарсанинг палакларга қўшилиб бурнингга бир отсиз яшнок ҳидлари урилиши, кишини энтиктириб юбориши… Ошқовоқ, тарвуз палакларининг пахса девордан оша тушиб йўл-йўлакай кўм-кўк ва сап-сариқ сапчалари ялтираб туриши, уй болалари уни кўча болаларидан қизғаниб қўриқлашлари, оталари кўча тараф деворига қабатма-қабат супурги экиб, палакларни кўздан пана қилишлари ёҳуд кучук боғлаб қўйишлари…
Беармон болаликнинг армон тўла излари булар.
— Койил, — деди жингалак сочли меҳмон. — Э, қойил, қўйиб берса икки синфдош шоир бўлиб кетарсизлар.
— Ҳеч гап эмас, — деди Худойқул, — мана бу боланинг томири Жуманбулбулга туташ. Яна беш грамм олса, қўлини танбур қилиб терма айтар.
— Илтимос қиламиз, шу нарсани айтманг, — дея илжайди бояги жингалак сочли. — Шу туркманча қўшиқ эшитсам, кечасиям ёмон тушлар кўраман. Бахшиларнинг овозини эшитсам, қўрқавераман.
Гўё кулгу учун айтилган бўлсаям, ҳар қалай бу йигитлар илло-билло бахшининг достону термаси учун қишлоқнинг бояги орзу-эҳтиросга бой ҳаётини эшитишга-да тоблари йўқлига сезилиб турарди. Шу боис Худойқул хато иш қилиб қўйгандай дарҳол «этагани йиғиштириб олди». Мактаб болалари шеър айтатуриб бир жойида адашиб қолса, кимдир эслатса, тағин шариллатиб айта кетади, шу сингари уям эртан-мертан божхонада ишлайдиган Қобилнинг олдига ўтиш ҳақидаги ўзининг масъулиятини англагач, икки шерикка, аниқроғи, меҳмонларнинг гулига такаллуфни давом эттира берди. Омондавлатимиз тағин уларнинг ишбилармонлигию катта гапларига маҳлиё бўлганича қолди. Қозонкабоб келтирилди. Ичишди. Тарвузга узалиб бир тилик олди. Еб бўлиб пўчоғини ликопчага қўяр чоғ тағин донг қотди, бу бошқа тарвуз! Қорасидан опкелганди, буниси яшил-чипор.
Булар бизга тенг эмас, буткул бошқа одамлар экан баччағарлар, деган койишга ўхшаш бир шиддатли ўй муҳрланди ва кайфияти тушиб кетди. Ароқдан ўзига бир пиёла тўлдириб қуйиб, охиригача сипқорди ва мен тўйдим дегандай пиёлани тўнкариб ташлади. Мақсади тезроқ маст бўлиб олиш, маст бўлишгина эмас, бошқа ҳолатга ўтгиси, зиқ вазиятдан қутулгиси келди, бир отим нос ҳам тушириб юбордию мақсадига эришди.
Столдан четланиб креслога чўкди. Бошини солинтирган кўйи қотиб ухлаб қолди. Кечроқ уйғонди. Боши ғувиллаб, сиқиб оғрирди. Меҳмонлар кетган. Худойқул аллақачон ювиниб, соқолини олиб чой-пой ичиш тараддудини кўриб юрибди. Худди ҳеч бало кўрмагандай. Эрталабдан бир рус аёл «кукси» деган овқат келтириб берди. Кечаги овқатлар ҳам хойнаҳой буюртма билан келган бўлиши мумкин, деб ўйлади Омондавлат. Чунки аёли ёш болали-ку.
Соҳибдан узр сўради, кетамиз биз, деди. Мезбон ҳам кетсанг кетавер дегандай қилди.
— Бир ўтирадиган бўлиб келасизлар. Бугун ўзимам Олмаотага учмоқчиман.
Омондавлат ўртоғи учун бу қадар аҳамиятсиз бўлганидан ўкинди, албатта. Болаларини, хотинини олиб йўлакка чиққач, Худойқул йўлни ўзича тушунтириб юборди. Аммо хотини улар билан бирга чиқди то кўчагача. Кўча бошида ахлатхона бор экан. Омондавлат эътибор бермадию, хотини бир туртгач, чўчигандай ишора қилган томонга қаради: темир яшиклар ёнида худди кеча ўзи кўтариб келган тарвузларга ўхшаш икки тарвуз турибди. Наҳотки, деди ўзича. Туршак, майизларни ҳам чиқариб ташлаган бўлса-я.
«Эй, инсон! Кечагина мен қатори эдинг-ку. Қишлоқдан, тезак орасидан чиқдинг-ку. Нима қилиқ ахир бу? Сенга милён сўмлик совға опкелишга қурбим етмайди. Кўнгил бу, дўст, кўнгил! Ҳақорат ҳам шунчалик бўлар. Келмасам, мен ҳам ўлиб қолмас эдим, обрўйингни қилай десам, тескариси бўлди. Бу ишинг яхши эмас, ҳеч яхши эмас. Жуда номаъқул! Охири вой бўлса керак, валлоҳу аълам!» Ташқарисига эса бу чиқди:
— Сапувра, бўлди, кетаверинг. Биз кимлигимизни энди билдик. Сизларни ҳам. Тамом. Хўп. Хайр. Раҳмат.
Шундоқ деб олдинга ўтиб илдамроқ юриб кетди. Бир хаёл яна ортига бурилиб, жиллақурса бир аччиқ гап айтгиси келди-ю, умрбод тескари бўлиб қолишдан чўчиб тўхтамай кетаверди.