Собир Ўнар. Дунё шундай турурму? (қисса)

Оилада бахтли бўлмаган инсон ҳеч қачон бахтли бўлолмайди.
Лев ТОЛСТОЙ

Уч кун ўтди. Дили хуфтон бўла бошлади. Шу кунгача у ажаб қилдим, хўб қилдим деб юрган эди. Аммо кунлар ўтиб ҳаёт бу қадар рутубатли, қоп-қоронғи бўлиб қолишини сира ўйлаб кўрмаган экан.
Ошхонага бориб музлатгични очди. Пиёлада битта чақилган тухум бор экан. Ўшани қовуриб егиси келди. Лекин битта кам-да. Музлатгичнинг декчаларини қарай-қарай тағин битта тухум топиб олди. Икковини қўшиб қовурса, баҳарнав, нонушта дегулик бўлади. Туз топила қолди-ю, аммо ёғ деган исқот қайгўрда  экан? Ёғнинг идиши — бакалашка бўшаб қолган. Бошқа идишларга овқатдан ортганини қуйиб қўярмиди хотини, қайси бирига  қуйиб қўярди — ҳеч тополмади. Охири бакалашканинг тубидаги беш-ўн томчи ёғни товага ялингандек сирқитиб, иккита тухумни тутатиб, куйдириб амаллаб пишириб еди.
Ўзи тухум дегани тузук овқат. Шу нарсанинг борига шукр: ошқозонни қийнамайди, юмшоқ, тез ҳазм бўлади. Ошга ўхшаган оғир овқат есанг кун бўйи қорнинг дўмбира бўлиб юради. Айниқса кечқурунги ош обдон қийнайди кишини. Шаҳарда пайшанба куни   даҳмаза билан ош дамлаш расм. Тўйиб ухлаганингдан кейин қурмағур хўп қийнайди-да. Кечаси бир уйда бир  ўзинг ухласанг экан… Адабиёт газетасининг тунов кунги сонида катта бир шоир наҳор ошни мадҳия қипти. Нима эмиш, ўзбек ўғлонлари тун бўйи хотини билан ошиқ-маъшуқ ўйнаб чиқади, шу боис эрталабдан жуда кетади-да ош…
Э, садағанг кетай ҳукумат, шунча кифтини келтириб гап топишганини қаранг. Бундан кейин кечаси ором олиб эрталабдан қаттиқ овқатга тайёр бўлмаган ошқозонни кўпам қийнаманглар, деб кўринг-чи. Умумий одатга айланиб қолган. Ҳар қандай зиёли, министр, ундан каттаси ҳам  азонлаб нима керак экан-а, дейди-ю,  ўзи тўй ё маросим қилса наҳорга мўлжаллаб қўл қовуштириб тураверади. Демак, бу одатни биз истамаганимиз ҳолда аслида хоҳлаб турамиз.
Ширинқул тухумнинг тагидаги ёғларни ҳам нонга суркар экан, дарвоқе, бугун пайшанба-я, деб  қўйди. Лекин унга пайшанба, жумаларнинг аҳамияти қолмаган. Уч кундирки, бўйдоқлик аламини тортяпти. Бунчаликка бораман деб ўйламаган эди. Жаҳл чиқса ақл кетади деганлари рост кўринади. Мана энди ҳаммаёқ ҳувиллаб ётибди. Уч хонадан иборат уйининг ҳам ҳайҳотдек эканини кўриб ажабланиб қўйди.
Ваннага кириб пайпоғи, майкасини совунлаб ювди. Кўйлагининг ёқаси ва кир бўлган енгларинигина ювиб қўймоқчи эди, бошқа жойлари  ҳам ҳўл бўлганини кўриб тўлиқ ювиб ташлай қолди. Шуям қийин иш эканми, Мағфиратга қолса бу кирлар ваннада нақд бир ой ётарди. Ҳа, бир ой!..
Бир ой эмас-у, бир ҳафталаб ётарди-да. Негадир шу тобда унинг бир оз кўнгли юмшади. “Бекор “талоқ” дебман. Нега айтдим шуни? Шунчаликка бориш шартмиди?!”
Ваннахонадаги усти латта билан ёпилган тоғорани очиб қаради. Бир талай пайпоқлар, ўғлининг ювилмаган иштон-майкалари, Мағфиратнинг ҳам халати ётибди. Алланечук бўлиб кетди. Ғайрати қўзиб уларниям ювиб-чайиб ташлади. Ўғлининг ахлат-сийдикларидан доғ бўлиб кетган иштонларидан жирканмаганига ўзиям ҳайрон қолди. Лекин ҳарчанд уринмасин, бу доғларни  кеткиза олмади. Хотини уларни темир тоғорага солиб, порошок қўшиб қайнатармиди, ишқилиб бир нарсалар қиларди-да. Энди-и…
Шунда бирдан кўзига икки яшар ўғли кўриниб кетди. У кўк елим тувакка ўтириб олганча кўзлари қизариб: — Дада, ман титоппан, — деганди кучана туриб. Кучаниб бўлгач, ўрнидан туриб: — Ана, —  деган ва бурнини жийириб: — Вақхай, — деганди. Ширинқул ўғлининг қилиғига қота-қота кулган эди. Кулиб-кулиб хотинига буни айтиб берган, тувакни биринчи марта ўзи ҳожатхонага тўкиб, чайиб келган эди.
Энди ўша кунлар жуда ширин. Энди ўша кунлар арзанда. Ўша кунлар жудаям узоқ…
Иссиққа тоби йўқ. Сув иссиқ, ванна иссиқ, бунинг устига кун ҳам иссиқ. Терлаб-тепчиб кетди. Баданидан, қўлтиғидан ҳид таралаётганини сезиб бир чўмилиб олди. Артиниб бўлгач девордаги соатга қаради: ҳали еттиям бўлмапти. Кунлар узун. Ишга боришга эрта. Соат 9 да боришинг  кераг-у, аммо эл қатори 10-11 да борсаям ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Нашриётларнинг иши ҳозир шунақа: ўзини ўзи боқса бўлди, китоб чиқар, сот, фойдасини кўр, яша. Минбаъд давлатнинг пулига шерик бўлакўрма. Ўз кунингни ўзинг кўр!
Икки йил бурун катталарнинг кўзига яхши кўриниш мақсадида марказий газетада бир мақола чиқарган эди. Нима палакат босдию шу мақола ўзининг зарарига хизмат қилди. Катталардан бири шу мақоладан сиёсий хато топибди. Бу одам замондан орқада экан-ку, деганмиш. Шундан сўнг бирлашма директори уни чақириб: “Эҳтиёт бўлмайсанми, ким сенга мақола ёз деб  эди, энди ишинг масаласи кўрилиши мумкин”, деди. Ширинқулнинг аъзои бадани титраб кетди. Ахир мақола бошдан-оёқ мақтовдан иборат эди-ку. Баъзи бир шахсий мулоҳазалар ҳам бор эди, холос. Ўшанда бирлашма директори уни чақириб олиб: “Яхши иш қипсан, пусиб юравермай фаолроқ бўлиш керак, бунақа мақолаларни кўпроқ ёз, қўлингдан келади. Мен кейин сизларни қариқиз қилиб ушлаб ўтиравермай ўстирайин, шогирдларим фалон-фалон ишларга кўтарилди, дейин. Тушундинг-а?” деган эди. Бу гаплар аниқ эсида. Ўшанда Ширинқул директорга фаол бўлишга ваъда берган эди. Устозим менинг қадримга етади деб қувонганди. Аммо… иш тескарисига кетди.
Шундан икки ҳафта ўтмай директор яна чақириб олиб: “Ука, шу вазифангни топширмасанг бўлмайди чоғи, қўйишмаяпти”,— деди. Ширинқул дабдурустдан нима дейишини ҳам билмай қолди. Шалвираб,  ичидан зил кетиб турган эди, директор: “Ўзи сан бола, қиличнинг дамига қўл уришни яхши кўраркансан-да, а?” деди. Ширинқул ялт этиб устозига қаради, “Тушунмаяпман, устоз, ўшанда ўзингиз чақириб,  “баракалла, яхши мақола ёзибсан”, дегандингиз-ку, деди юрак ютиб ҳам бир оз қизишиб. Устоз шундай дегани эсидан чиққан эканми ё  эслагиси келмадими, ҳар нечук ҳовридан тушмади. Кейин бари бир йигит бекорга нобуд бўляпти, деб ачиндими: “Ўринбосаринг ким,  анови жипириқми?” деди. Ширинқул директор кимни назарда тутаётганини англаёлмай қолди. Кейин муддаони тушуниб ерга қараган кўйи: “Жипириқ эмас-ку”  деди. “Жипириқ-да, жипириқ. Бош муҳаррирликни у сендай эплаёлмайди”, деди. Шундагина директор, ҳей, бола, аслида сени ёмон кўрмайман, деган маънода гапираётганини тушунди.  Ширинқул директор шундоқ ҳам яхши танийдиган ўринбосари Авазни ортиқча ҳимоя қилиш лозим эмас деган қарорга келди. Директор шу маънонинг давоми ўлароқ: “Майли, жипириқ бўлмаса жуда яхши. Ўшани сенинг ўрнингга қўйиб турамиз-да, бу гаплар бости-бости бўлгандан сўнг, бир-икки ойдан кейин тағин жой алмашиб оласизлар”, деди.
Ширинқул ноилож “хўп” деди. Аммо нега ишлар бу қадар тескари кетганига дабдурустдан кўниколмагани учун тамом шалвираб қолди. Идорада ҳам ўтиролмай уйига кетди. Тўйиб-тўйиб ичди. Ишга чиқмай қўйди. Охири бир кун кечаси ўринбосарининг уйига телефон қилиб: “Дўстим, ўзингиз бу ёғига жиловни қўлга оласиз, директорга мен сизни айтдим, бошқа муносиб одам йўқ дедим”, деди. Ва ўтириб аризани ёзди. Хотини телефондаги гапини эшитиб турган экан, “нима гаплар бўляпти ўзи, дадаси, ҳеч бунақа бир ўзингиз ичиб ётмасдингиз-ку?” деди суйкалиб. “Ҳеч гап йўқ”, деди унга сир бой бермай. “Аваз акага нима деганингизниям тушундим, ҳеч бунақа аҳволда кўрмаганман сизни, менга айтинг ҳеч бўлмаса?” деб туриб олди.
Ширинқул ошхонага ўтди-да ярим бўшаган шишани олиб икки пиёлага қуйди.
— Ичасанми? — деди хотинига.
— Йўқ, — деди у.
Қараса эри икки пиёлани ҳам бирин-кетин сипқориб юборади.
— Мана буни камайтириб беринг, майли, — деди. Сўнг эри билан  чўқиштириб афтини буриштира-буриштира ярим пиёла ароқни ичиб юборди.
Эри бўлган гапларни бирма-бир айтиб берди. Хотини бу иш ноҳақ эканини билиб кимларнидир қарғади, ёзғирди. Лекин ўйламанг, кимдан каммиз, уй, ўғил, қиз, ейиш-ичиш, егулик пул — ҳаммаси бор, бир кунимиз амаллаб ўтар, деди.
Эр шу гапларни эшитишини биларди. Лекин хотин киши эркакдай ҳамдард бўлолмайди-да. Кўп ўтмай ёр-биродарлар, ҳамкасблар, ҳамқишлоқлар — бариси эшитди. Ширинқулга бу гап-сўзлар худди шов-шувдай туюлаверди. Қишлоғида баъзилар “ўзи кейинги пайтларда жуда керилиб кетувди, тўй-пўйларгаям келмайди, чўнтакда пул, тагида мошин, қўша-қўша уй, қўша-қўша хотин эди, барининг охири бор-ку, мана, Худо урибди  энди” дейишгача борибди. Ширинқул бу гаплар кимдан чиқишини билади. Иши юришганда келиб ялтоқланадиган, юришмаганда бир тийинга ҳам олмайдиган бир-иккита одамлар бор, ўшалар айтган. Улар нима сабабдан айнан шу гапларни чиқараётганини, эртага яна қандай гаплар тўқиши мумкинлигини ҳам у тахмин қила олади. Майли, қандини урсин, уларгаям бир кун тегди-да. Жуда қийналиб кетишганди…

*  *  *

Кейинги уч-тўрт ой ўтиши жуда қийин кечди. Аваз камтар, саводли, инсофли йигит. Уни ўзи зўрлаб кабинетига ўтқазди. Ўзингиз ўтиринг, менга ноқулай дейди у. Сиз ўтиринг, қоида шундай, ҳали ишлар изга тушса балки тағин жой алмашармиз, фақат хизмат машинасидан фойдаланиб турсам бўлди, деди. “Э, ўзингизни машинангиз, ўзингизни шофёрингиз-ку, — деди Аваз. — Бизга ким қўйибди”. Бироқ бу ҳол икки ойгина давом этди. Ахир токайгача бошлиқ минадиган машинани ўринбосар миниб юради? Авазга бу ёқавермади, кабинетни бердингми, машинани ҳам бер демасаям ходимларга айтибди. Ширинқул улардан эшитди. Аввалига хафаям бўлмади. Кейин бора-бора ҳамма имтиёзлар қўлдан кетди-ку, деган ўй унинг ич-этини ея бошлади. Ўша кунлари фақат хотини ҳамдард бўлди. У кечқурун Мағфиратни ёнига чақирарди-да, бир-икки пиёла ичириб, қолганини ўзи давом эттирарди. Бироқ иш, турмуш ҳақида лом-мим демасди. Иродаси кучли эканига гарчанд ишонса-да, негадир суянгани ароқ бўлиб қолди. У унча-мунча тўйларгаям айтилмас, ўрнига Аваз айтиларди. Аваз ҳам ўз навбатида сиз боринг, деб турарди. Ширинқул, йўқ, сиз айтилгансиз, ўзингиз боринг дерди. Бир-икки сафар борди ҳам, таниш-билиш, ҳамкасблар нима бўлди ўзи, ҳозир қаердасиз, деявергач уялиб бормайдиган бўлди. Бир сафар ҳатто лавозимда ишлайдиган бир одам ҳамманинг кўз олдида тўйхат тарқатиб, атайлаб Ширинқулни четлаб ўтди. Ширинқулни жуда яхши танирди, бироқ бетинг-кўзинг демай очиқчасига айнан фақат уни ташлаб, бошқаларга  кўз олдида таклифнома улашгани ғалати бўлди. Алами қўзиди-ю, индамади. Газеталарга бир-икки марта мақола бериб кўрди. Чиқмади. Бирлашма директори ҳам бир мажлисда Ширинқулни тепиб ўтибди. Калласи ишласа, ғояси тўғри бўлса, шундай қилармиди, мана, ишдан олдик, кўчада қолди, дебди. Аммо Ширинқул билан кўришганда бир оз шошма, гап-сўзлар босилсин, эсимда турибсан, деб қўярди. Аммо улфатчилик қилишдан ўзини опқочмасди. Ўшанда тағин яқин қолди, деб ваъда берарди.
Ширинқул бу гапларнинг маъносини раҳбарининг қўрқоқлигида деб тушунарди. Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Раҳбар ўзини сақлаш учун ҳам у ёқни, ҳам бу ёқни ҳам рози қилиши, икковининг олдида ҳам юзи ёруғ бўлишини хоҳларди. Ширинқул ҳам фалон мажлисда каминани ёмонлабсиз, деб ўпкалаб ўтирмади. Устозининг қўли узунлигини билгани учун бир куни бари бир ўзи суяйди деб ўйларди.
Орадан икки йил ўтди ҳамки, бирор ўзгариш бўлмади. Энди Ширинқул вазиятга кўникди, аммо умидини узмади.
Одамзот гарчи тилида ўзини обдон хокисор, бегуноҳ кўрсатса-да, аслида ич-ичдан қадр топишни истайди. Шунинг учун ҳам пастга уриш, ҳақоратларга дош беролмайди. Унинг фитрати шундай тузилган.
Яқин жигарлари ва Мағфиратгина ёстиқдошининг дардини янгиламасликка ҳаракат қилишарди.
Лекин кунлар келиб ўртада уруш чиққанда Мағфират ҳам бари бир юзига  солди. “Худо ўзи сизни уриб қўйган!” деб юборди.
Бу гапни эшитиб Ширинқул манглайидан гурзи егандек ўтириб қолди. Сўнг бу накаут ҳолатидан ўзини ўнглаб олмоқчидек секин туриб нариги уйга кириб кетди. “Худо урганини у қаёқдан билади? Бировдан кам қилиб қўйгани йўқ-ку оиласини! Худо уриб нима қилибди, айрилса мансабидан айрилди, яна нима бўлди? Ё бу хотин Оллоҳнинг ҳукмига шерикми: кимни урди,  кимни қўллади, билиб турадими? Мана шу Худо урган эр униям, боллариниям боқяпти, уйидагиларга фойдаси тегяпти. Қолаверса, Мағфиратнинг акаси бизнес қиламан деганда 500 доллар берувди, уч йилдан бери бир сўм ҳам қайтармади-ку!”
Секин хотинининг олдига қайтиб чиқди-да:
— Сен Худонинг олдидан келган қозимисан? — деди бақириб. — Мени урганини қаердан билдинг?
Бироқ Мағфират ҳам шаштидан тушай демасди. Нималардир деётган эди, эри шартта гапини  бўлди:
— Акангга айт, Худо урган одамнинг пулини қайтариб берсин!
— Нима, нима дединг? — деди хотини сенсираб, — Тилим қисиқ жойини биласан, а?
— Сенсирама! — деди эр уни уриб юборишдан зўрға ўзини тийиб.
— Сенсирайман, ифлос, бизнинг камбағал¬лигимизни бетимизга солдинг-а, қарздорсан дединг-а!  Дунё шуйтиб тураверамакан?
Хотини шу билан ҳам қараб турмай йиғлаган кўйи унга яқинлашиб кела бошлади.
Уришдан бошқа иложи йўқ эди.
Биринчи қаттиқ шапалоқданоқ хотин энгашиб қолди. Юзини чангаллаб:
— Ўл! — деди.Сўнг бошига устма-уст муштлар тушди. Йиқилди, йиқилгач тепкилар бошланди. Шу билан ҳушидан кетди. Эр бу билан ҳам тинчимади. Ошхонадан пичоқни олиб келиб сўйиб ташламоқчи бўлди.
— Талоқ! Уч талоқсан! — деди бўғилиб. Лекин бунга қаноат қилмай нимта-нимта қилиб ташламоқчи эди. Боядан бери катта фарзанди унинг оёғига ёпишиб:
— Дада, дадажон! — дея ялиниб юрганини сезмабди.
— Урманг, урманг! — деганини энди эшитди. — Дада, ойим ўлиб қолади!.. — деди қизи ўкраб йиғларкан.
Кичкинаси, ўғли эса онасининг бағрига осилганча чирқирамоқда. Дадасига бегона одамга қарагандай умидсиз тикилиб:
— Ая. Ая! — дерди.
Ширинқул шу зумда фарзандлариниям ёмон кўриб кетди.  Тепиб уларни икки ёққа улоқтириб ташлагиси келди. Қўлида пичоқ, почасига қизи тирмашган, хотинига яқинлашиб келганида ўғли қўрққанидан шу қадар қаттиқ чинқирдики,  отаси бир зум тўхтаб ўғлига қараб қолди. Ўғлининг ранги кўкариб кетган эди. У бир муддат йиғидан тўхтаб ўрнидан турди, отасига бечораларча, норасидаларча, ожизларча термулиб қолди. Қаттиқ қўрққанидан бўлса керак, сийиб юборди. Тўшамчи  ҳўл бўлди.
Ширинқул бирдан тўхтади. Орқасига қайтди. Ошхонага пичоқни ташлади.  Бу ишларнинг оқибати ҳақида ўйлай бошлади. Изига қайтиб яна фарзандларига термулди. Ўғли йиғлайвериб чарчаганидан ҳиқиллаб қолган эди. Қизи ёноқларидан шашқатор ёш оқаркан:
— Дада, урмайсиз-а, урма-анг! — деди.
Ширинқулнинг бирдан юраги ҳапқирди.
Ерда инграб, чўзилиб ётган хотини, йиғлаб чарчаган, сийдикка ботиб турган ўғли, қизининг ялинчоқлик билан термулиб туриши…
“Бу ҳаёт, бу ғурбату жанжаллар шу болаларнинг кўз ёшига арзийдими ўзи?! Эҳ, лаънат!..”

*  *  *

Ўзи нима бўлган эди?
Ширинқул кундалик тутишни одат қилган. Ўша кунлари унинг кўзига кўп нарса майда кўринармиди ё ўзи анчайин майдалашиб кетган эдими, хотини билан ҳам тез-тез айтишиб қоладиган бўлди. Оғир табиатли одамнинг бир жаҳли қўзимасин, жуда тушиши қийин бўлади. Кўпинча у ўзини босишга куч топади. Куч топганда, мисол учун, кундалигига бундай деб ёзиб қўярди:
“Бугун эрта турдим. Стадионга чиқиб бадантарбия қилиб келдим. Афсуски, иссиқ сув йўқ икки кундан бери. Сув иситдим. Кечқурун овқат  ейилган идишлар ювилмай қалашиб ётибди ошхонада. Асабим қўзиди. Қизимга сен ҳам опангга ўхшаб ялқовсан, дедим. Опасига бундан ошириб заҳримни сочмоқчи эдим, зўрға ўзимни тийдим. “Мен агар эртароқ ўлиб кетсам бир ой эмас, бир неча кунларнинг ичида рўзғорнинг дабдаласини чиқарасан, болларниям девона қилиб юборасан, ҳаммаси дангасалигингдан, бесаранжомлигингдан”, деб уришмоқчи эдим. Майли, шу гапни айтмай қўяқолай.
Аммо, ўлай агар, хотиним чиндан ҳам жуда ялқов. Ҳатто қизига бирор ишни тайинлаб қўйишгаям эринади. Бунинг учун ҳам тил, жағ, овозларни ишга солиш керак-да. Шу даражада дангаса. Мабодо бир ҳафта иссиқ сув келмай қолса шунча вақт кир ювилмайди, бундан кўра ўғлига янги иштонлар сотиб олиб кийдиришга тайёр. Ўзи ҳам қўлтиғи сасиб ювинмай юраверади. Кечаси ювинишдан жирканиб мен билан ётмайди. Тўғрироғи, сув иситиб, ташвиш қилиб ювинишга у жуда эринади. Бу ўлимдан ҳам ёмон иш. Ношукур бир банда-да. Бесаранжомлик, сариштасизлик ва эринчоқликнинг ҳам нақадар катта кулфат эканини чуқурроқ англаяпман.
“Агар бошидаёқ бу нарса ўта муҳим эканини англаганимда, Мағфиратга эмас, хунукроқ бўлсаям ғайратлироқ, уддабуронроқ бир қизга уйланардим.
Шу нарса доим менинг кайфиятимни туширади, хафа қилади. Хонимга эса негадир доим бари бир. Дунёни сув босгани билан иши йўқ. Мен мудом ўйлайманки, бу иллатларнинг борлиги, воз кечмаслиги соғлом фарзандларнинг отасига, рўзғорни тўкин-тўкис қилиб қўйган, балодай пул топиб келаётган, ақл-ҳуши жойида эр учун ҳам  бориб турган ношукурлик. Бошқа нима деб тушуниш мумкин?
Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!”
Ширинқул кўпинча кимдандир панд еб қолса, ўша заҳоти шундай демабман, бундоқ деб жавоб қилсам ёки бундай деб тузласам бўларди-ку, деб афсус қилиб қолади. Аммо ҳар доим ҳам кечикади. Биров билан эл бўлиши осон, лекин уришмоқчи бўлса, тезда қизишмайди, бир қизишса ҳовридан тушиши қийин. Қизишса қизишганига, қизишмаса — бунгаям вақтида жавоб қилолмагани учун пушаймон бўлади.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Шимининг чўнтаги йиртилгани учун хотинига тикиб бер деб диваннинг устига ташлаб қўйган эди. Табиийки, Мағфират дарҳол тика қолмади. Эртаси куни ҳам, ундан кейинги куни ҳам шим меҳмонхонадаги диван устида осилганча ётаверди.
Ширинқулнинг бир кийимга ўрганиб қоладиган одати бор: бир кийса тамом — ҳадеб ўшани кияверади. Учинчи куни қараса, шим диванда йўқ, тахмонда экан, олиб қайиш тақиб кийиб олди. Лекин йиртиқ тикилмаган экан:  у ишхонанинг, машинанинг  калитларини доим ўнг чўнтагига солади. Чўнтакдан калитлар диринглаб ерга тўкилиб кетди. Ечди ва турсикчанг бўлиб игна, ип олиб хотинининг кўзи олдида ўзи тика бошлади.
— Нариги шимингизни кийиб турақолинг, бугун тикиб қўймоқчийдим, — деди у.
— Йўқ, ўзимам тикиб қўявераман, бир йил кутадиган иш эмас бу, бир  минутдан кўп вақт кетмайди.
Хотини не қиларини билмай турди, турди-да нари кетди. Чиндан ҳам чўнтак тикиш нима деган гап — Ширинқул тикиб, ипини тугун қилиб тиши билан чирт этиб узди-да шимини кийиб олди. Тамом-вассалом. Аммо унга алам қилди. Алам қилса айб топадиган, тирноқ тагидан кир топадиган одати бор. Ваннага кириб бир неча кундан бери ётган кирларни кўрди. Аввал ҳам кўрган эди, эътибор қилмаган эди. Аммо бу сафар тутақди. Кирларни олиб хотинининг башарасига отмоқчи эди, хотини кичкина хонага кириб ўғли билан кўрпага бурканиб олибди.
— Мановларни неча ойдан кейин ювасан? — деди деярли ўшқириб ва хотинининг юзига улоқтирди.
Хотини жанжал бўлишини сезди. Ранги гезариб кетди. Ўғли уйқусираб туриб йиғлай бошлади. Мағфират ўтирган кўйи:
— Шуни сиз ювмайсиз-ку, ўзим юваман, — деди чақчайиб. — Бир кун турса осмон узилиб тушадими?
— Бир кун турса, бир ҳафта турсаям хурсанд бўламан. Шимнинг тешиги учун бир ой кутаман-ку. Деворга туртсангам жавоб  қилади, сен қанақа ифлоссан, доим кир-чирнинг ичида ётишни яхши кўрасан?
Хотини ҳам эри жаҳл қилганда хўп деяқолмайди¬ганлар хилидан: йиқилган томонидан турмайди.
— Уришмоқчимисиз, қўрқитмоқчимисиз? — дея туриб келди.
— Мен сен билан уришолмайман, ўлдириб сўйиб ташлайқоламан — шуниси осонроқ.
— Ўзи сени Худо уриб қўйди-ку!..
Хотини бу гапни минғирлаб, тушунарсиз қилиб, энгашиб, кўрпаларни йиғиштираётган киши бўлиб айтди. Аммо эри жон қулоғи билан аниқ-тиниқ эшитди.
— Нима деяпсан, ит?! Эшиттириб гапир, манқамисан?  Сенсирадинг-а! Худо сени урган, дединг-а?
Мағфиратнинг бу гапи калтак ейишга арзигулик оғир эканини яхши биларди. Шунинг баробарида минғирлаб, ишга овунган киши бўлиб айтгани боз беписандлигидан далолат бериб турганини ҳам яхши ҳис қиларди. Лекин айтар сўзидан қайтмади: оғир калтакни атайлаб ўзига сотиб олди.
Сўнг воқеалар юқорида баён этганимиз каби якун топди. Мағфират акамга берган пулингни миннат қилдинг-а, ифлос, қарз эди, берарди-ку, деди.
Бироқ ёстиқдошинг, фарзандларингнинг онаси бўлатуриб сенсираш, ифлос дейиш учун ҳам одамда анча-мунча сурбетлик керак. Бу шундоққина оғиздан сирғалиб чиқиб кетадиган қўшиқ эмас-ку…

*  *  *

Ширинқул ишхонада бир кўринди-ю, бирор соатдан кейин зарил иши бор одамдек шошилиб чиқиб кетди. Кўнглига бир юпанч излар эди. Бир яхши курсдош ўртоғи хотини, қайнонаси билан жанжаллашиб юрганида орага тушган, уларни яраштираман, деб бебурд бўлган эди. Ўртоғининг қайнонаси ва хотини Ширинқулни ҳам булғанч сўзлар билан қарғаб, қувиб солишган эди. Ўзи дунёда хотин киши билан жанжаллашишдан оғири йўқ экан.
Ширинқул ўша ўртоғи — Мирзани топиб маслаҳат солди. Бўлган воқеани хўрсина-хўрсина қисқа гапириб берди. Аввалига ўртоғи келин дуппа-дуруст, юввош эди-ку, ундан ҳам шунақа гаплар чиқадими, деб ҳайрон бўлди. Сўнг булар ҳолва, қайнона билан жанг қилсанг оғир бўлар экан, деб қайнонасини қайси усуллар билан мот қилганини айтиб берди. Унинг қайнонаси шаҳарлик, обдон шаллақи эди. У Мирзага дуо ичириб, ишидан ҳайдатиб, уйини ўзининг номига расмийлаштириб кафангадо қилмоқчи бўлди. Хотини, ҳатто кичкина болаларигача унга қарши қилиб қўйди. Ўртоғининг  машинаси, бир уйи ҳам қайнонасининг номида эди. Уларни қайтадан қай йўллар биландир ўзига расмийлаштиргунча қариб кетибди. Уларнинг мақсади ҳовли ва машинага эгалик қилиб эрни ҳайдаб юбориш эди. Хотини эса ўйнаш орттириб, ўшалар билан ялло қилиб юрмоқчи бўлган.
Нақадар виждонсизлик, ноинсофлик!
Бироқ Мирза уларга бас келди. Шунинг уддасидан чиқди. Қайнонаси ҳатто бунинг жойига эгалик қилишга тўлиқ ишонгани учун ўзининг уйини ҳам сотиб юборган экан. Орада  уйларнинг нархи ошиб кетиб, ниҳоят бир хоналик квартира сотиб олишибди шаҳарнинг қай бурчагидан. Ўғли, келини, учта невараси билан ўша уйда яшаётганмиш. Намоз ўқирмиш. Ҳозир мулла минган эшакдай бўлиб қолган, бизникига келсаям аввал рухсат сўраб, кейин келади, қовоғимни уйганим заҳоти зинғиллаб жўнаб қолади, деб кулди Мирза.
У Ширинқулга бир-икки кун бизнинг Қорақамишдаги бўш уйимизда яшаб туролмайсанми, дея таклиф қилди. Таклиф маъқул бўлди-ю, лекин айнан мавриди эмасди.
— Вазиятга қараб кўраман, зарур бўлса сени топарман, — деди Ширинқул.
— Ўғлинг бор, қизинг бор — иложи борича ярашиб ол, ҳали бари бир ярашишга мажбур бўласизлар, — деди Мирза.
Ширинқул бундай танг вазиятда қандай қилиб ярашиш мумкинлигини тасаввур қилолмади. Мисол ҳеч нарса бўлмагандай, бозор-ўчар қилиб егулик кўтариб борсанг, хотининг кечирим сўрамасаям илиқ бир қараш қилса, ҳаммаси изга тушиб кетишига ишонса бўлади.
Ширинқул болаларига майда-чуйда кўтариб бораркан, ич-ичидан илиқ вазият юз беришига иқрор эди. Шундай ҳам бўлди. Эшикни узоқ тақиллатгандан сўнг охири қизи очди. У дадасининг қўлидан шоколад, конфетларни олиб раҳмат айтди, лекин ҳар доимгидек: “Ассалому алайкум, дадажон!” дея юзидан ўпиб қўймади.
Хотин эса ўша ётганча кўрпага бурканиб олганди. Ўғли ошхонада ўтириб олиб косадан қўли билан нимадир олиб еяпти. Худо билсин, булар кун бўйи оч ўтирган чиқар.
Ширинқул ўзи овқатга ўч эмас. Боз устига томоғидан ҳам ҳеч нарса ўтмайди. Музлатгичдан ароқ олиб бир пиёла ичиб юбормоқчи эди, аммо бу сабил ҳам жойида йўқ. Телевизор қўйди. Одатда Москва каналларини кўради. Йўқ, Москва каналлари ҳам нуқул бемаза кўрсатувларга ўтиб опти. Маъносиз, бачкана, яланғоч, реклама.
Хотинининг кўрпасини очиб бир қарамоқчи бўлди. Жуда қаттиқ урдим-а, деб ўзидан хафа бўлди. Бироқ ғурури йўл қўймади. Уришган одам уришгандай бўлсин, хотини оёғига бош уриб ялиниб келсин, кечирим сўрасин қайта-қайта.
Ўзи-и шу хотин ёмон эмас. Фақат бир поғона паст тушиб, бир оз мулойим гапирсанг ишни ҳам қилади, ўзигаям оро беради, болаларигаям яхши қарайди. Терс гапирсанг елкаси тиришади-қолади: ўлақолса йўриғингга юрмайди. Ахир нима қилиш керак, унга мослашиб яшайвериш керакми? Э, астағфуруллоҳ, бунингам иложи йўқ-да.
Асли бу хотин еб-ичишга, ялтир-юлтурга, ҳашамгаям унча қизиқмайди. Пулинг ҳам, зеб-зийнатинг ҳам керак эмас, гоҳ-гоҳида эрига фалончи бундай нарса опти, улар бундай тўй қипти, деб қўяди, холос. Бу билан ўшалар яхши яшаяпти, бой экан, биз ундоқ эмасмиз деган иддаони пеш қилмоқчими ё уларга ҳаваси келяптими — сира тушуниб бўлмайди.
Ширинқул:
— Кўрасан, биз ҳали улардан ўтиб кетамиз. Бизнинг келажак олдинда. Ялтираб, товланиб кўзни қамаштириб ётипти, — деб қўяди.
Бу билан хотинига кайфият улашмоқчи бўлади. Хотини бўлса “ҳм-м”  дея оғир хўрсиниб қўяқолади.
Одам дегани куладиган нарсага кулса, йиғлайдиганига йиғласа. Чўнтагида ҳемири йўқ, ит ҳам эсламайдиган овлоқ бир қишлоқдан келиб бегона юртда обрў топяпсан, ул-бул қўлингга киряпти, уй, болалар, машина — булар хурсанд бўлишга арзимайдими? Ҳаммасига девордай булк этмай қараб туравериш керакми?
Аслида жанжални хотини ҳам хоҳламайди. Эри-ку, умуман. Аммо буям бир феъл-да.
Ширинқул ечиниб, ўрнига чўзилди. Ҳали эрта. Уйқуям келмайди. Болалари ҳам ҳаливери ухлайдиганга ўхшамайди. У ёққа ағдарилиб, бу ёққа ағдарилиб ётаверди, ётаверди, охири, пинакка кетди.
Бир пайт устидаги кўрпани биров силтаб тортиб юборди. Чалажон уйқуда экан. Сесканиб кетди. Чироқ ёқилган. Тепасида биров турибди. Хотини! Чап кўзи кўкариб шишиб, қовоқлари осилиб қопти. Ширинқул ирғиб ўрнидан турди. Шундагина “ёмон урибман-а”, деб кечирим сўрамоқчи, хотинини бошидан силамоқчи бўлди. Бироқ хотини бирдан тиз чўкди-да:
— Мени урган қўлларинг синиб тушсин, илойим, — деб қўлларини тескари қилиб, кафтларининг орқаси билан юзига фотиҳа тортиб юборди.
Ширинқулнинг яна жини қўзиди.
Хотинига ўқрайиб қаради.
— Олайган кўзларинг ҳам оқиб тушсин, — дея тағин дуоибад қилди хотини.
Ширинқул:
— Ие! — дея,  яна давоми борми, дегандек ўқрайиб қараб тураверди.
— Бунчалик ифлос, маразлигингни билмасдим, — деди хотини.
— Шунча йилдан бери ифлос эр билан бирга яшаб келган экансан-да!
— Оиламизнинг камбағаллигини юзимга солдинг, акамга берган пулингни миннат қилдинг-а! Акам уй-жойини, молини, хотинини сотиб бўлсаям қарзидан қутулади, қутулади сенинг ўша ҳаром пулингдан.
“Ҳамма гап бу ёқда экан-ку, — деб ўйлади Ширинқул.— Нозик жойи шу экан-да. Аммо мен ҳеч қачон буни гапирмаганман. Бугун бундан баттар гаплар бўлди. Гап авзоига шунчаки қўшиб айтгандим. Тили қисиқ  жойингниям эслатай дегандим. Лекин ўша пулнинг икки юзидан кечдим, олган уйингизга тўёна,  қолган уч юзини беринг деганман. Аммо уч йилдан бери йўқ-ку шуям!”
Ширинқул мансабдан тушганига энди бу ёғига яшашим қийинроқ бўлади, деб кимда қанча пули борлигини ўзича хомчўт қилиб юрарди. Табиийки, қайноғасидан уч юз долларни  ундиришниям ўйлаб қўйганди. Демак, бу гап миннат экан, писанда экан. Мана бу билан  сенинг ака-укаларингниям боқиб ётибман, демади-ку.
“Ҳаром пулингдан” дегани нимаси? Мен уни бировдан тортиб ё ўлдириб олдимми? Биров эшигингни тақиллатиб пулимни бер деб келяптими? Нега ҳаром бўларкан?”
Хотинининг юзига зингил солиброқ қаради.
Бу юздан шашқатор ёш қуйиларди.
— Миннат қилдинг-а, ифлос!..
— Ҳа, миннат қилдим! — деди Ширинқул секингина, бошқа гап бефойдалигини сезиб. — Акангга айтсанг, жўра, ўша пул беш юз доллар эди, икки юзидан кечдим, қолганини бер девдим, ўйлаб қарасам, кечмабман, беш юз доллар қилиб эртагаёқ хотинини, уйини, мол-ҳолини сотиб менинг қўлимга опкелиб берсин, хўпми, жоним. Шундай бўлсин!..
У оғзидан чиқаётган гапларига бу қадар кўп заҳар солинганига ўзиям ҳайрон қолди. Бироқ бу сафар ростдан ҳам миннат қилди.
— Ифло-о-ос-с! — дея хотини юзини икки қўли билан тўсиб, энгашиб, ҳўнграб юборди.
— Ким ифлос! — ўшқирди эр.
— Сен, се-ен! — дея у ерни қайта-қайта муштлади.
— Уч талоқсан! Эшитдингми, уч талоқ! Ҳозироқ жўна! Болларниям олиб кет бу уйдан!
— Вой-й, — дея хотини қулоқларини беркитди. Устидан совуқ сув қуйиб юборилгандек бирдан сесканиб, йиғидан тўхтади. Кўзлари қонга тўлиб турган эрига бир зум тек қараб турди-да: — Оғзингизга қараб гапиринг! — деди.
У тамом йиғидан тўхтаган гўё кўзларининг шишганиям жойига келгандек эди. Эрга бу ҳолат таъсир қилмади.  У жаҳл отига миниб бўлган эди.
Тумбочка устидаги сигаретдан олиб бемалол тутатар экан:
— Уч талоқ-да, уч талоқ! — деди гўё ғоят мулойимлик билан. — Кетмасангиз қорнингизни пичоқ билан ёриб, ичакларингизни бошингизга шляпа қиламиз. Шунақа ўйин ўйнагимиз келяпти.
Эрга оқилона, файласуфона ўгитлар, паст тушишу кечирим сўрашдан кўра мана шу сурбетлик йўли маъқул кўриниб қолган эди. Рост-да, икки дунё бир қадам кўриниб турган пайтда тағин қандай йўл тутсин?
— Воҳ, ифлос! — деди хотини тағин.
Яна қулоқларини беркитди. У энди бояги майда-чуйда ҳақоратларига, бетга чопарликларига қарши ундан-да минг карра залворли қарғиш, ҳаётни тамом тескари қилиб юборувчи қудратли сўз борлигига, ўша сўз айнан ўзига қарата ўқдек отилганига энди тамоман иқрор бўлаётган, бироқ бунга кўниколмаётган, ҳозирнинг ўзидаёқ шунинг ёлғон бўлиб чиқишини юраги зирқираб истамоқда эди. Афсуски, ундай эмас. Оллоҳ таоло одамзотга кўриш учун кўз, ейиш учун оғиз, юриш учун оёқ, иш бажармоққа бир жуфт қўл, гапирмоққа тил, уни бошқаришга ақл ҳамда шунинг баробарида шу суяксиз тил барпо этган сўзни эшитмоққа бир жуфт қулоқ ҳам бериб қўйибди. Бу узун ёки қисқа ҳаётда одамнинг қулоқлари неларни эшитмайди? Оғир сўзлардан-да оғирроғи не? Айрилиқми, ўлимми, бетобликми? Ҳа, ҳаммасиям оғир. Аммо Мағфират ва Ширинқул учун энг оғир сўз бугун айтиб бўлинди.  Бу — ҳукм! Бу  айтган одам учун ҳам малҳам эмас — жазо! Эшитувчи учун ҳам жазо! Чунки одамзот ўз жуфтидан  ўлмай-йитмай ажрашиб кетиши мумкинми? Бу сўзни иккиланмай тилга олиш, уни ўқдек учириб юбориш ҳам осонми?
Ҳа, осон экан. Оппа-осон экан!
Энди тамом. Ҳаммаси тугади.

*  *  *

Ширинқул диний йўриқларда ҳам анча-мунча китоб ўқиган, бир вақтлар билимдон бир кишининг уйига қатнаб арабий хат-савод чиқарган, аҳли сунна вал-жамоат ақоидини умуман олганда ўзлаштирган эди. Талай йиллар амал ҳам қилди. Номдор диний арбобларнинг баъзилари, муллалар нафс йўлида пулга учиб, диний оқимларга қўшилиб бадном бўла бошлагач, кўнгли совиб ташлаб қўйган эди. Оилада бошланғич  тўғри илмни олмаса қийин экан.
“Оллоҳ учун ҳалол нарсаларнинг энг ёқимсизи талоқдир” деган ҳадисни эслаб қолган эди.
Ҳалол бўлса-да Оллоҳгаям ёқмайди бу сўз!
Ширинқулга негадир шу ҳолатидаям бу сўз ҳазилга ўхшаб туюлди. Айни пайтда ростдан ҳам айтиб юборганига иқрор бўлиб турарди.

Тонглар отди, кунлар ботди—ўлмаган қул бошда борини кўравераркан. Ширинқул ўтган гапларнинг бари рўё бўлишини, тушида кўрган бўлиб чиқишини, эрталаб ёнида ётган хотинини эркалаб, юзларидан ўпиб, Худога шукур-ей, тушим экан-ку дейишни хоҳларди.
Афсуски, бу туш эмас эди. Бўлар иш бўлиб, ғишт қолипдан кўчган эди.
Мағфират ҳам кўзи кўкарганча бир оғиз гапирмас, гоҳ ошхонага, гоҳ ванна томонга эҳтиёж учунгина чиқиб келар, фарзандларигаям чурқ этмас, улар олдига бориб эркалансалар, бобиллаб уришиб берар, “анови Азроил дадангга бор”, деб бақирарди. Болалар ҳам қон бўлиб кетишди.
Бола дегани қайғуни кўтаролмайди. Тезроқ овунгиси, қувонадиган эрмаклар топишни хуш кўради. Бироқ бу уйнинг деворлари, тўшагию идишлари ҳам хўмраяр, қовоқ уяр, хуллас, фариштаси қувилиб бўлган эди.
Учинчи куни Мағфират қизини орага элчи қилиб Қипчоққа кетишини билдирди.Ўша қўрғонда акаси туради. Ота-онаси эса Ғаллаоролнинг тоққа туташ Асалли қишлоғида яшашади.
Акасиникига борса яхши экан, тўрт-беш кунда безор бўлиб қайтиб келади…
Қайтиб келармикин?..
Майли, тавбасига таянсин, бари бир қайтиб келади. Чунки тўрт болали акасининг уйига неча кун меҳмон бўлиши мумкин? Янгасиям ёқтирмай қолади. Ҳозирги замонда бировнинг ўлигини биров кўтариб юриши оғир.
Ширинқул ҳам қизини элчи қилиб сўратди:
— Машинада шоҳбекатгача  обориб қўяйми, йўл пули қанча берай?
— Пул керакмасакан,  ўзимиз кетаверарканмиз, — деди қизи.
Орадан бирор соат ўтиб йўлга тайёр бўлган Мағфират остонада туриб орқасига, энди эр мақомидан маҳрум бўлган Ширинқулга бир мартагина қараб қўйди. Бу қарашдан Ширинқул ҳеч қандай маъно уқмади. Кейинчалик ҳам бу нигоҳ кўз ўнгида муҳрланиб, кўп бора ўзи қидирган нарсани топмоқчи бўлди. Масалан, бир оз шаштидан тушиш, қайтадан бирга яшаш эҳтиёжи ёки шунга ўхшаган бир нарсалар. Жуда бўлмаганда “шу иш чакки бўлди, номард экансан!” деган каби қарғиш бўлсаям майли эди, кейинчалик шуни ўйлаб юрар эдинг. Йўқ, ундай ҳам бўлмади. Жуда мавҳум бир қараш.
Хотини ўғлини кўтариб олгани учун унга ҳеч нарса деёлмади. Қизига термулган эди, у қўлидаги юкларини ерга қўйиб, йиғлаб юборди ва  отасининг бўйнидан қучиб йиғларкан:
— Биз энди қайтиб келмас эканмиз, дадажо-он!.. — деди, сира айрилгиси келмай.
— Қизим, йиғлама, тез кунда… — деб гап бошлаган эди, хотини:
— Мақсуда! — деб ўшқириб берди. Қизи ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча бурилиб эшикдан чиқди.
Эшик қарсиллаб ёпилди.
Бу  — баттар бўл, дегани бўлса керак.
Ширинқул уйининг балкони томонга ўтди. Қизи орқасига ўгирилиб-ўгирилиб қарар, чамаси дадасини кўрмаётган эди. Болконнинг деразасини очди. Қизи қўлларидаги кийим солинган елим халталарни ерга қўйиб, қўлларини силкиди. Дарҳол юкларни кўтарганча онасининг орқасидан эргашиб чопиб кетди.
Шунгаям уч кун ўтди. Уй ҳайҳотдай ҳувиллади-қолди. На бўлғай, Ширинқулимиз айрилиқ дегани ҳаётнинг ўзидан ҳам аччиқ эканини англади.
Ишга бориб келиб овуниб юрмоқчи бўлди. Бироқ мана шу кичкина уй у қайтиб келгач, нақ ютиб юбораман, дерди. Ҳар бир уйнинг фариштаси бўлармиш деб эшитган. Ўша фаришта энди бу уйда йўқ, бўлсаям ялмоғизроқ бирортаси келиб ўрнашиб олгану  у Ширинқулни ботинан қарғар эди…
Дўст-ўртоқларига, телефон қилиб турувчи қариндошларига хотиним  қайнотамникида, кўклам ҳавоси, бир ўйнаб келсин деб жўнатдим, дерди.
Ишхонасида Авазга дардини ёрди.
Уям аввал чакки иш бўлганини таъкидлади, сўнг дўстининг кўнглини кўтариш учунми:
— Янга унақа баджаҳлмас, биламан-ку. Яна бир ҳафта сабр қилинг, мени айтди дейсиз, болларини етаклаб кулиб қайтиб келади, — деди.
Чамаси шундай бўлишига Аваз ишонар эди.
— Бировнинг уйида сиғинди бўлиб юравериш ҳазилми? — деб қўйди у.
— Аслида шундай. Лекин талоқ масаласи бор-да, — деди Ширинқул.
— Менимча бунинг ҳам йўл-йўриғи бор, — деди у иягини қашлаб туриб. — Уришқоқроқ бир ҳамсоям бор, хотинини эрмакка талоқ қўяди. Хотиниям кетиб қолаверади, қайтиб келаверади — ўрганиб қолган. Бир куни маҳалла оқсоқоли чиқиб бу оғир гап, ука,  талоқдан кейин хотин ҳаром бўлиб қолади. Хастимомда танишларим бор, юринг, улардан йўл-йўриқ олинг, деб диний идорага оборибди. Қўшни улар билан тил топишиб, ўттиз мингми, қанчадир жарима тўлаб талоқни бекор қилдириб ўзига фатво ёздириб опти. Худо билади, ундан кейин ҳам неча марта бу сўзни айтган чиқар, лекин биров ундай-мундай гап қилса ўша справка билан башарасига уради…
Ширинқул бир китобда ўқигани бор: ўртага талоқ тушгандан кейин хотин бошқа кишига турмушга чиқиши керак. У билан ростманасига яшаши, ҳалол турмушни ният қилиши керак. Мабодо уларнинг оиласи бузилиб, ўша хотин яна талоқ олсагина аввалги эри билан қайтадан никоҳдан ўтиши мумкин.
Авазнинг гапи эса… янгилик!
Бирор ҳафта ўтгач, қайноғаси Болибек келиб қолди. Аввалига у сир бой бермади.  Қозоғистонга янги чиққан помидорлардан ўтказмоқчимиш. Чорсуга олти яшик опкелса, тала-тала бўлиб кетганини гапирди. Лекин Қипчоқда, ҳатто Гулистон атрофидаям помидор танқислиги, бунинг сабаби қиш пайти теплицаларга газ берилмаётганини тушунтириб, агар мўмайроқ пул бўлса Чиноз ва Янгийўлдан икки-уч “Камаз” помидор олса бўлишини, бунинг учун каттароқ пул кераклигини таъкидлади.
Ширинқул унинг гап авзоидан яна пул сўрамоқчи эканини, бу гал кўпроқ пул топиб бер, демоқчилигини англаб турарди.
— Бунча пул бир одамда бор, лекин жуда фойизни катта қўйворяпти, — деди Болибек.
Ширинқул гапнинг давоми сифатида у одам ким, қанча фойиз қўяётганини сўрамоқчи бўлди. Ўзича у киши менга танишдир, ўртага тушиб гаров бўлишим керакдир деб ўйлаб, тилини тишлаб турган эди, Болибек бирдан:
— Мағфират билан ораларингда бирон гап ўтганми? — деб сўраб қолди.
Ширинқул:
— Йўқ, — деди негадир. Беихтиёр айтилган бу сўзнинг оқибати қанчага тушиши мумкинлигини ўйлаб тек қотди. Чамаси ҳозир Болибек: “Мен ҳаммасидан хабардорман, иккаланг ҳам пушаймонсан, гап-сўзни кўпайтирмай ярашиб олмоқчи бўлсанглар, мана, мен кафил, ўзим тўғирлайман, лекин сен анови одамдан қарз оберасан” деб шарт қўймоқчи эди.
— Тинчликми ўзи? — деди Болибек.
Гапни узоқдан олишини қара, дея хаёлидан ўтказди Ширинқул сергак тортиб.
— Ўзи бирон нарса дедими? — деб сўради бир оз ўзини қўлга олиб.
— Уришли бўлганга ўхшайсизлар. Мағфират борганидан бери мени эзади. Куёвингизнинг пулини қайтариб беринг дейди. Мен айтаман: куёв ўлар-қолар жойда эмас-ку, ўзи қисталанг қилмаяпти-ку. Йўқ,  ўламан саттор қайтиб беринг, дейди нуқул. Шу-у… шунақа нарсаларни хотин кишига билдириб ўтириш шартмиди, куёв?
Бу гап билан қайноғаси изза қилмоқчи эканини пайқаб:
— Икки ойга деб олган нарсангизга қанча вақт ўтди? — деди қарши ҳужумга шайланиб.
— Икки йилдан ошдими дейман, — деди қайноға ер остидан қараб, жингалак сочларини тез-тез қашларкан.
— Уч йилдан ошди, — деди Ширинқул бамайлихотир. У энди ўзини босиб ташаббусни қўлга ола бошлади. — Сиз қайноғамсиз. Оилангизнинг аҳволини биламан. Қишлоқдагилар ҳам ўзига яраша қўл учида яшайди. Пенсия билан иккита мол нимаям бўларди. Чўлга келиб уйсиз, квартирада яшаб юрдингиз. Оборотга деб пул сўрадингиз. Аввал икки юз, кейин уч юз. Савдо-сотиқдан фойдаланиб уй олганингизни эшитдиму хурсанд бўлдим. Мағфиратга ўша аввалги икки юзидан кечдим — биздан уйига тўёна деб айтдим. Азбаройи хурсанд бўлганимдан. Лекин шундан кечмасам қайтариб берармидингиз-йўқми — унисини билмадим.
— Қайтарардим, қайтараман… уч юз… шу…
—  Бошқа одам бўлганида бўйнингизга қанча илиб ташларди, биласизми?
— Энди аҳволни ўзинг кўриб турибсан, бирда ундай бўлса, бирда бундай. Икки марта қарзга товар бериб тамом оборотимдан айрилиб қолдим, ўзинг биласан.
— Бизнес доим бир хил бўлмайди, буни тушунаман. Лекин ҳаётда лабз деган нарсаям бор. Бу — шунчаки, оддий гап эмас…
— Сен муҳтож бўлиб қолдингми? Орада яп-янги “Жигули”ям олдинг-ку?
— Бунинг сизга аҳамияти йўқ, шекилли. Мағфиратга сўра акангдан, машинага пул керак, деганман. Сиз бермадингиз, қорангизниям кўрсатмай қочиб юрдингиз.
— Қочмадим. Синглимдан, жиянларимдан қочаманми?
— Билмадим, кимдан…
— Ширинқул, — деди гавдасини тиклаб, ўнглаб оларкан Болибек, — жуда керак бўлаётган бўлса бор-ку, молимни, уйимни, хотинимни  сотиб бўлсаям, эртага опкелиб бериб кетаман. Лекин одам ундай бўлмайди-да, ука…
Ширинқулнинг миясида “чирс” этиб ўт чақнагандай бўлди. Мағфират ҳамма гапни дастурхон қипти-да, деб ўйлади. “Молимни, уйимни, хотинимниям”… деяпти-ку. Шундай бўлса-да, у ўзини босган киши бўлди. Жаҳлини билдирмади-ю, мийиғида киноя билан:
— Қандай бўлади одам? — деди.
— Миннатли ошни ит ичмайди, дегани тўғри экан, — деди Болибек, четга бурилиб. — Шуни вақтида қайтарайин деб эдим, бўлмади-да. — У шундай деб хонтахтани беихтиёр кафти билан “тақ” этиб урди. Бошини чайқади.
Ширинқул ўрнидан турди. Холодильникдан ароқ ва газаклар опкелиб қўйди. Қайноғаси йиғламаса ҳам йиғламоқдан бери бўлиб, бошини эгиб ўтирарди.
— Кимингдан бўлсаям қарз бўлма экан. Пулнинг бари бир миннати бўларкан. — Шундай деб, Болибек ароқ шишани ўз олдига тортди. Пиёлаларга тўлдириб-тўлдириб қуйди ҳамда мезбоннинг такаллуфиниям кутмасдан сипқориб юборди.
— Жигарингизга зарари йўқми? — деди Ширинқул унга ҳайрон бўлиб қараб.
— Ҳе, энасини… шу жигарнингам, — деди қайноғаси ароқнинг аччиқлигидан кўзларини юмиб газак ҳидларкан.
— Қаранг-да, — деди Ширинқул ва бундан бир ойча бурун қайноғасининг сариқ касал билан оғриганини эслади. Менга нима, дегандай ўзи ҳам ичиб юборди. Ичаркан, ичидан зил кетиб Мағфират акасига куёвингиз пулни миннат қилди, шуни нима қилиб бўлсаям қутулинг, деб уқтирганини тушунди.
Демак, Болибек шунинг учун, куёвининг олдидан бир ўтиб қўйиш учун келган эканми? Яна бирор гапи бор-ов. Синглиси тўғрисида нима деркин: нега урдинг, бир сингил бўлса ўзим боқиб олардим, ўласи қилиб ургунча кет уйдан деб ҳайдаб юбор эди.
Болибек бундай демади. Эҳтимол Мағфират эрим урди демагандир. Урди деса, акаси ҳам нега уради, сен нима дединг, деб суриштирмайдими?
— Ака, — деди Ширинқул бир оз бўшашиб. — Мана, кўриб турибсиз, ишим аввалгидай эмас. У-бу ҳаракат қилай десам, одамлар аввалгидай  муомала қилмай қўйди. Мансабинг борида одам қатори кўраркан, тушганингда шартта юзини ўгириб оларкан. Шунинг учун борини майда чайнаб турибмиз. Қарзни қистамоқчиям эмасдим. Лекин мажбурман. Оиламизам тинч бўлмай қолди. Қайтарсангиз яхши бўларди.
— Қайтараман, лекин сал шошмай турасан. Мана бу памилдорини бир ёқлик қилволай, қўшиб бер десанг қўшибам бераман, — деди Болибек, тағин ўзининг пиёласига тўлдириб  ароқ қуяркан.
— Беш юзни-я, қанча кутай? — деб сўради Ширинқул масалага ойдинлик киритиб қўйиш учун.
— Беш юзми ё…
— Қанча бермоқчисиз ўзи?
— Уч юзингни…  наригиниям кечмовдингми ё?
— Қанча бера оласиз?
— Ҳозир ҳеч нарсанинг тайини йўқ, лекин памилдоридан мўлжалим катта… Шошилтирмай турсанг бўлди.
— Хўп, қанча вақт?
Болибек бу қадар қистовни кутмаган эди. Пиёлани лабига текизди-да, тўхтаб қолди. Кейин четга қараб “киф” дедию пиёлани бўшатиб, тўнкариб  ташлади.
— Дунё шундай тураверадими! — деди у лабларини тишлаб, алам билан. Кўзларида ёш ғилтиллади. Негадир шу тобда куёвига бир умид, бир умидсизлик билан термулди. Тавба, дея ҳайратланди Ширинқул: одам ҳам шунақа ўхшайдими? Йиғлаганда, айниқса, пастки лаби пастга тортиб, тепа лаби титраши, бурнининг учи қизариб қолиши, кўзлари ёшга тўлганда нима демоқчи лигини билиб бўлмаслиги — бир хил.  Қайноғаси ёшини тезда артиб ташлади-да, сочиқни дастурхонга тап этказиб уриб: — Бор будимни, боя айтган нарсаларимни сотаману қутуламан, бўлдими? — деди. — Шу миннатингни тоза пеш қилдинг. Хотинингниям балки шу нарса учун қўйгандирсан?                   
Ширинқул нима дейишини билмай қолди.
— Бу бутунлай бошқа масала, — деди охири. — Синглингизнинг ақли бўлса ўзи тушунтириб айтар.
— Одамнинг бошига бир иш тушса қайтиб яна тушавераркан, — деди Болибек, ўзини босиб олиб. — Эшитган бўлсанг менинг онам Пискентда туғилган. Бир пайтлар, кўчирма  замонида келиб шу ерда яшаган. Онамнинг  отаси яқинда ўлди. Нурмат тентак — яхши биласан. Биринчи хотини  бизнинг катта энамиз — онамнинг онаси бўлган. Ундан кейин ҳам бу одам етти марта уйланган, тўртта хотинини уриб ўлдирган. Катта энамизам таёқдан ўлган. Қўлида чақалоғи,  кетмон  даста билан кўчада бўкиртириб уриб ётганида бир аравакаш  келиб қутқариб олган. Пискентнинг марказидаги балнисага зўрға етиб борган энамиз, ўша ерда узилган. Дўхтирлар жигари эзилиб  кетган дейишган. Ўликка эгаям топилмаган. Шундай зайил,  бешафқат экан катта отамиз. Бир кунлари келиб, замон сал сусайганда чақалоқни онамнинг янгаси излаб келиб аравакашникидан топган. Қиз қилиб ўстириб эрга берган. Тақдирнинг ҳазилини кўр,  онам ҳам отамдан бот-бот калтак еб туради. Мана, қизи ҳам…
«Оббо, — деди Ширинқул ўзига ўзи, — буниям айтибди-да. Майли-да, бошқасини гапиргандан кейин бу қолармиди? Энди фарқи нима?»
Болибек ёздаям ечмайдиган камзулини елкасига илди.
— Ярим оқшомда қаерга борасиз? — деди Ширинқул.
— Бораман-да, борадиган жойларим бор, — деди Болибек иддао оҳангида.
Ширинқул кетманг, қолинг, деб айтса бўларди. Лекин индамади. Қайтанга “ўзингиз биласиз” деб қўяқолди. Хаёлига келган нарса шу бўлдики, бу туришда қайноғам билан яна айтишиб қолишим мумкин, кетавергани маъқул. Лекин Мағфират, болалари ҳақида бир нарсаларни билгиси келди. Қандоқ сўрайди, нима деб сўрайди?

*  *  *

Бу дунёнинг одам кўникадиган ва умуман кўниколмайдиган қисматлари бор. Одам ўлимга, айрилиққа ҳам секин-аста кўникади, ниҳоят яқин одами  қайтиб келмаслигига ҳам иқрор бўлади. Сўнг бу дард совийди.
Тирикларнинг савдоси эса бошқа.
Ширинқул  айрилиққа сира кўниколмади.
Аввал ҳамма эркаклар сингари  э, бу бўлмаса бошқаси, икки марта уйланиш фақат менинг чекимга тушибдими, деди ўзича. Ўйлаб қараса, воз кечолмас экан. Гап-сўзларни кўз ўнгида гавдалантириб бир ғижинади, бир оз совигандай бўлади. Аммо Мағфиратдан, бири-биридан ширин бўлиб ўсаётган болаларидан кечиб юбориш…
Вақт ҳакам. Ҳамма нарсага ўша совуққон ҳакам барҳам беради. Лекин…
Бир гал ишхонасига жуда замонавий кийинган, ўта чиройли қиз келиб мен фалон шоирнинг қизи бўламан, бироқ дадамни танимайман, у онамни чақалоқлигимда қўйиб юборган экан, мабодо ўша шоир сизнинг нашриётларингизга келмайдими, мен отамни кўришни жуда хоҳлайман, деб кўз ёш қилган эди. Зингил солиб қараса, кўзи, қошлари, юз тузилиши худди ўша одамники. Во, ажабо! Кунларнинг бирида шоирнинг ўзи ҳам келиб қолди. Шоир табиатан хушфеъл ва ҳазилкаш эди, лекин киноя, истеҳзо билан ўйиб оладиган одати бор эди.  Сочлари оқариб кетган шоирга негадир бу янгилик бўлиб туюлмади.
— Э, қайси бирини излайман буларнинг, бўлса бордир. Қайси институда ўқир экан, дедингиз? Маданиятда. У ерда нуқул жалаблар ўқийди-ку, қўйинг-э, шуни кўрмай қўяқолай, — деди қўл силтаб.
— Жуда бўлмаса телефонингизни қолдиринг, ўзи сизни топиб олар.
Шоир дунёда аёл кишидек хиёнатчи бўлмаслиги, улардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш шартлигини уқтира бошлади. Шу гаплардан кейин хотинини мудом уйда қолдириб эшикнинг сиртидан қулфлаб юришини, бўлмаса бегона эркак келиб қолиб бирор кор-ҳол рўй бериши мумкинлигини, ўзи умуман буларни кўчага чиқариб бўлмаслигини, мабодо чиқар бўлса албатта автобус ё трамвайда бегона эркакларга думба ё кўкрагини эздириб юришини ташвиш билан гапирди.
— Жа-а унчаликмасдир-ов.
— Шунчалик бўлмаса бешинчи марта уйланармидим, ука. Ҳаммаси шунақа буларнинг. Ҳозирги уйдагисиям ноилож, кўчага чиқолмайди. Шундаям, аниқ биламан, деразани кўча томонга очиб бегона йигитлар билан кўз уриштиради, гап ташлайди.
— Э, ака, довруқли шоирсиз-а. Ёппасига айблаб  бўларканми аёлларни? Анави қиз бўлса, худди қуйиб қўйгандай ўзингиз.
— Бе, — дея тағин қўл силтади шоир, — маданиятда кимлар ўқиши, кимлар ўқитишини биламан-ку…

*  *  *

Ҳар нечук Ширинқул ҳаётга бошқачароқ кўз билан қарайди. Шоир ҳақида “шизик у” деган тарифни эшитган.
Энди бир муносиб аёлни топиб уйланиши керак.
Хўш, кимга?

*  *  *

Баҳор ўртаси. Қишлоқ, тоғ-дашт тугул шаҳар ҳам яшнаб кетган. Гулламаган дарахт қолмади. Одамзоту табиатда кайфият  аъло. Бу кунларда байрам қилмаган, шодланмаган кишининг ўзи номард.
Идорадагилар ҳар йили кўклам чиқиш арафасида Чимёнга бир кунлик саёҳат уюштириб, у ерда чанғи, чаналарда учиб,  маза қилиб, қор ва қиш билан хайрлашиб келишарди. Бу йил қиш ёмон келмади. Беш-олти марта бўлиқ қор ёғди. Аммо Авазнинг эътиборсизлиги туфайли бу гал қор билан хайрлашиш насиб қилмади.
Ширинқул ташаббус кўрсатиб, бу сафар Чорвоққа, лола сайлига борамиз, деди ва ўзи танишлари орқали кичик “Отайўл” автобуси топди.Тошкент-Хўжакент поездига ўтириб боришсаям бўлади-ку, лекин ўз идиш-товоғинг, ҳамроҳларинг билан хоҳлаган жойда тўхтаб, хоҳлаган нарсангни пишириб ейишга нима етсин.
Кечаси билан шаррос ёмғир қуйиб чиқди. Сафар олдидан ҳам ёмғир челаклаб ёғаётган эди. Нашриёт биноси олдида турган автобусга бирин-кетин ҳаммалари етиб келишди. Одатда ҳар сафар ошпазлик қилувчи омбор мудири Маҳкам акаям дўпписининг устига катта салафан қўндирганча етиб келди.
Чирчиқдан ўтиб Ғазалкентнинг йўлига чиққанларида ёмғир сийраклашиб, тоғ тараф ёришиб кела бошлади. Гўё энди тонг отаётгандай эди. Осмон қоқ ярмидан қора парда йиртилгандай бир томони оқариб қолганди. Гўзал бир манзара.
Ширинқулнинг баҳри-дили очилди. Шериги  билан кайфиятини ўртоқлашмоқчи бўлиб унга қараса, компьютерда ишлайдиган бухоролик Назира экан.
— Назира, қарагин, тоғ қандай ажойиб!
Қиз Ширинқулга ажабланиб қараб қўйди.
— Бу ҳавода зап қўзиқоринлар чиқади-да. Умрингда ҳеч қўзиқорин терганмисан?
— Йўқ, — деди Назира, — биз томонда қўзиқорин ўсмайди. — Негадир у тағин ҳайрон қаради.
— Ўзи қўзиқорин ўсиб ўтирмайди, — деди Ширинқул. — Судралишни ёқтирмаса керак-да. Момоқалдироқдан сўнг лоп этиб ернинг бетига чиқади-қўяди.
Назира ёйилиб кулди. Бу  ҳижоб ўраниб  юргувчи қизга кулгу шундай ярашар эканки, шериги ҳам бир зум лол бўлиб тикилиб қолди.
Қиз бирдан:
— Ширинқул ака, сизга “сан”сираш ярашаркан, — деди.
— Йўғ-э, “сан” дедимми сизни, узр, — деди Ширинқул ноқулай аҳволга тушиб.
— “Сан” денг, илтимос, — деди Назира.
— “Сан”, бўлдими?
— Йўқ, бундан кейин ҳам доим “сан” денг.
— Хўп-хўп, яна сан.
Назира яна чеҳраси бирам очилиб кулдики, Ширинқул бу қизга бунча кулгу ярашмаса деб қўйди ва ичидан нимадир зил кетгандай бўлди.
Ҳадемай тоғни ярим-ёрти қуёш нурлари ёрита бошлади. Тоғ ёнбағирларида енгил туман сузиб юрар, ҳаво жуда мусаффо эди. Одамнинг кўнгли ҳам  жиллақурса шу ҳавога ўхшаса экан — ҳар ёмғирда бир тозаланиб  турарди. Лекин айнан ҳозир автобус-дагиларнинг кайфияти чандон аъло эди. Улар бир-бирларини туртиб манзара, дарё, дарахт, сувлар, гулларни кўрсатишар, кадрлар бўлими нозири, хўппа семиз Машҳура опа дунё билан иши йўқ, ўзича бир мумтоз қўшиқни қошларини учириб чайқала-чайқала хиргойи қиларди.
Рассом Нодир гарчи қўшиқ эшитилмаётган бўлса-да, опага қараб:
— Ҳа, дўст, жуфт бўлсин! — дерди.
— Коллективимиз яхши-я? — деди Назира.
— Коллективми, ҳа, бўлади, — деди Ширинқул. — Аканг қарағай шакллантирган-да буни. Қаранг, ҳар хил  размер, ҳар турли шакллардан бор. Хуллас, импортний-да.
—    Ажойибсиз-да, Ширинқул ака. Барибир яна “сиз”ладингиз.
—    Қўполлашма, ким “сиз” деди, сени. Ҳақорат ҳам  эви билан-да.
—    “Қаранг” дедингиз-ку.
—    “Қара” сўзини йўқ қилиб, бақрайиб қара, вот манзара, ҳаммаёқ дабдала. Қалай?
Назира автобуснинг ойнаси томон ўгирилиб, энгашганча булк-булк кулар эди. Сўнг қизариб кетган кўзларини Ширинқулга қараб ярим очиб:
— Зўр талантсиз-ку, вой ичагим узилопти, — деди  тағин энгашиб.
Ширинқул ораста қошлар, катта ва қора кўзлар, табиий қайрилма киприклар, бўялмаган лабларнинг ҳам бу қадар чиройли бўлишини билмаган экан. Беихтиёр Назира, унинг қандай бу ерга ишга келганини эслаб кетди. Машҳура опа ярим штатга олайлик, жуда одобли, эпчил, уддабурон деганди. Яна етимми, ўгай онанинг қўлидами, нимадир деганди.
— Назира, хоҳласанг борганда иккаламиз қўзиқорин терамиз, мана бу текинхўрларга нонушта тайёрлаймиз, хўпми?
— Хўп-хўп, — деди Назира, — текинхўрларми булар?
У Ширинқулдан тағин қизиқ бир гап кутди.
— Қўзиқорин ердан чиққандан кейин ҳаммага текин-да, — деди у. — Ҳали у жонивор бор бўлса, — дея қўшимча қилиб қўйди ва бу сафар Назирага атайлаб синчиклаб тикилди. Назира юзини ойна томонга ўгирди.
Автобус Чорвоқ қишлоғининг кунбеткай ёнбағридан чиқиб тик қияликка етмасдан тўхтади. Бу ёғига юриш қийин эди. Шу жой ҳам   маъқул: ўт-ўлан, дарахтлар, атроф тоғ, сал  тикроқ юриб пастга қарасанг — сайхонлик. Бироқ ҳаммаёқ ҳўл. Асфальтдан ошиб бир оз юрсанг бўлди — почанг тиззангача ҳўл бўлиб кетади. Қуёшнинг шуъласида шудринглар ялтирайди. Ариқдан тўлиб лойқа сел оқяпти. Уни кечиб ўтишинг маҳол. Ҳайдовчиям, ёшу кексаям бу пайтда дастёр ёки қўриқчи бўлишни хоҳламасди: ҳар ким ўзини ҳар ёққа урган, намгарчилик, гуллар,  сувлар, қушлар — ҳаммаси олам-олам қувончдан иборат эди.
Ширинқул  дарахтзорга кириб беш-ўнта замбуруғ топиб чиқди. Балдоғи билан узиб олгани учун худди гуллардай қилиб Назирага тортиқ қилди.
— Иби, қўзиқоринингиз шуми? — деди Назира.
— Бу замбуруғ, қўзиқорин бужур, ҳунукроқ нарса. Қўзиқориннинг заҳарлиси бўлмайди, шунинг учун хавфсирамай паққос тушираверса бўлади,  — деди Ширинқул билимдонлик билан.
Қўлидагиларни елим пакетга жойларкан:
— Аслида қўзиқоринни бунақа дарахтзордан топиш қийин, анавиндай яланглик бўлса, — деб нариги беткайни кўрсатди.
Бир зумда ҳар ким хоҳлаган томонига улоқиб гум бўлган эди. Ширинқул Назирани ўша ўзи кўрсатган томонга бошлаб кетди.
— Бу ерларда илон-пилон бўлмайдими? — дея ҳадиксираб сўради Назира.
— Илонлар уйғонишига ҳали бор, — деди Ширинқул тағин билағонлик билан, худди ёшлигидан бу жондорлар билан ошна-оғайни бўлиб ўсгандек, — Ҳув, май ойининг охирларига келиб бу ерларни ораласанг, шундоқ олдингдан “виш-ш!” деб бошини кўтариб келаверади. — Назира шу заҳоти “Вой!” деб бақириб юборди. Ширинқул ҳеч нарса бўлмагандек давом этди: — Қочсанг қочиб қолдинг, бўлмаса “тап” этиб отилади-да, бўйнингга арқондек ўралиб олиб бўғаверади, бўғаверади. Ўша вақтда чўнтагингда лезвиями, ўткирроқ пичоқми бўлгани маъқул-да, айни хириллатиб бўғаётганда қоқ белидан бўлиб ташласанг доғда қолади. Иккинчи марта сенга яқинлашмайди, лекин шундаям ўлмайди — иккови икки  томонга судралиб жуфтакни ростлаб қолишади. Бир хилларининг тили бор, гапиради, эгилиб қўли кўксида “кечирасиз” деб…
— Оббо, бўлди-ей, тоға, лоф ҳам эви билан-да, — деди кулиб Назира. Ширинқул эса жиддий эди.
— Кўрганимни айтяпман-да, жиян.
Назира бу жиддийликни  кўриб яна ҳазилга йўймоқчи бўлиб кулиб Ширинқулга қараб тураверди.
— Ва-а! — деб бақирадиганлариям бор-да, ўшалардан Худо асрасин.
Бу сафар Назиранинг ўтакаси ёрилаёзди.
— Юрагимни ёриб ўлдирасиз-ку, — деди яниб.
Бу Ширинқулга хуш ёқарди.
Ширинқул шими ҳўл бўлиб кетаверганидан туфлисини ечиб почасини тиззасигача сириб олди. Назирага  ҳам шуни маслаҳат берди. У олдинига унамади, кейин энгашиб красовкасини ечди ва уни Ширинқул елим  халтасига солиб кўтариб олди.
— Почангни кўтариб ол, бўлмаса ўласан шамоллаб.
— Шундайчаси яхши, — деди Назира уялаётганини яшириб. Аммо сал ўтмай трикоси шалаббо бўлиб осилиб қолгач, ўзи тиззасигача сириб олишга мажбур бўлди.
Оёқлари оппоқ, бежирим эди. У шу ҳолатидан хижолатда эди. Бошқалардан узоқлашиб овлоққа келиб қолмадикми деб атрофга олазарак қараб қўйди.
Пастдаги ясси тош устида Машҳура опа ва яна кимдир ўтириб олиб қўлларини оғизларига карнай қилишганча нимадир деб қичқиришарди. Нима деётганларини на эшитиб, на тушуниб бўлади.
— Хавотир олманглар, Назирани бус-бутун қайтариб опкеламан, — дея қичқирди Ширинқул.
— Иби, номусга ўлдирасиз-ку сиз, — деди Назира, ҳовлиққаннамо, бу нима деганингиз деган каби.
— Ваъда бериб қўйган яхши-да. Ким билсин, шу масалада хавотир олишаётгандир-да.
Идишларини тўлатгунча замбуруғ теришди-ю, қўзиқорин дегани иримигаям йўқ экан. Қўзиқорин завқи билан Чорвоқ сув омборининг тепасига келиб қолишибди. Каттакон денгиз қуйида ялтираб, адирлардан адирларга ёнлаб ўтиб, чайқалиб, ястаниб ётибди.
— Ана манзара, мана денгиз, Ўзбекистоннинг ҳақиқий денгизи, — деди ҳайратланиб ерга ўтираркан Ширинқул.
— Ростдан ҳам денгиз-а, гўзаллигини қаранг, — деди Назира ҳам. — Иби-и, шунча катта экан-а!
— Биз ёз  пайтлари бу ерларга келиб чўмилиб турамиз, — деди Ширинқул. —Шаҳарда орттирган кирларни шу сувга келиб ташлаб кетамиз.
Назира анқайиб қараб қўйди. Боягидай ҳазилми ё чинми деган маъно бор эди бу қарашда.
— Ёзда маниям опкелинг, — деди беихтиёр.
Ширинқул кутилмаган бу таклифга ишонқирамай:
— Чўмиласанми? — деб сўради.
— Йўғ-э, шундай-да, — деб қўйди Назира.
— Нима қипти, сендайлар ҳам чўмилаверади кийим-пийими билан. Кун иссиқ, бир оз юрганингдан кейин ўз-ўзидан қуриб кетади.
Ширинқул Назиранинг лўппи юзига, қулоқларини  ёпиб турган қалин, жингалакка мойил қора сочларига, сўнгра ёмғирдан кейинги шабнамда оппоқлиги тағин ҳам ялтираб бўртиб турган  оёқлари, болдирларига суқланиб турмулди. Назира ҳайратлар дунёсига  ўзини топшириб ҳамон ҳаприқар эди.
— Назира, — дея унинг хаёлини бўлди Ширинқул. — Институтни тугатдингми?
— Қайси институтни?
— Ислом институтига кирдим девдингми?
— Йўқ, киролмадим-ку.
— Кирмай туриб даҳмазанг шунчами?
— Қанақа даҳмаза?
— Айтаман-да. Ўзи қиз нарса ўқиб ҳам нима қиларди, эртага бир этак болага ўралашиб қоласан, тўғрими?
— Тўғри.
— Тўғри бўлса…
— Бир этак болали бўлиш учун аввал эрга тегиш керак-ку.
— Ҳа, дарвоқе… Назира, сени Машҳура опа ўгай онанинг қўлида катта бўлган деганди. Тўғрими шу гап?
— Ҳа. Лекин ҳеч эслагим келмайди. Ман бу ёққа келиб худди қамоқдан  қутулгандекман.
Назира  касалликдан вафот этган онаси, сўнг отаси бошқага уйланиб ўгай онанинг қўлида қолгани, у хотин қизга ит кунини солганини истар-истамас айтиб берди. Тошкентга бир отин ойисиникига келиб диний таълим ола бошлагани, кунлардан бир кун отин ойининг эри диний оқимга қўшилганликда айбланиб қамалиб кетгандан сўнг тақдир тақозоси билан Машҳура опаникига ижара излаб келиб ўша ерда туриб қолганини ҳам сўзлади.
— Сенинг тақдиринг ҳам меникидай енгил эмас экан, — деди Ширинқул оғир ҳомуза тортиб.
— Нимага? — деди Назира Ширинқул томонга ўгирилиб қараркан.
— Нечага кирдинг? — деди Ширинқул саволга савол билан.
— Йигирма бирга кираман энди.
— Сенинг қисматинг енгиллиги шундаки, сен ҳали бошламагансан.
— Тушунмадим?
— Турмуш қийинчилигини.
— Бошимдан ўтказмаган бўлсам ҳам ҳис қиламан, Ширинқул ака.
Назира бу билан бошингиздан ўтганини айтаверинг, мен тушунаман демоқчи эди.
— Мен турмушни бошладим, қувончу ташвишларини кўрдим ва тугатиб ҳам бўлдим, — деди Ширинқул воқеани бир бошдан айтиб ўтиришни хоҳламай.
— Ишхонадаги  хотинлардан оилангиз тинч эмас деб эшитган эдим, — деди Назира.
Ширинқул оғринди. Менинг оилам ҳақида билишаркан-да, гапириб юришар экан-да, деган хаёлга борди. Одамнинг юзини қора қиладиган бирдан-бир белги шу экан-да, деди.
Бари бир Назирага ўхшаб хоҳлаб-хоҳламай ўша воқеаларни узуқ-юлуқ айтиб берди.
— Мастмидингиз? — деб сўради Назира.
— Йўқ, маст эмас эдим.
— Агар маст бўлганингизда талоқ тушмасмиди деб ўйлабман-да.
— Ҳа, хотинимни, қизим Мақсудани, ўғлим Фирдавсни ўйласам юрагим гумуриб кетади, Назира. Ҳеч бошқа ҳаётни тасаввур қилолмайман. Бировлар бўлади, калишни алмаштиргандай  алмаштириб кетаверади хотинни. Мен бўлсам, гарчи шунчаликка борсам ҳам воз кечолмаяпман. Аслида ўша пайтда ҳам воз кечмаган бўлсам керак.
— Табиатан раҳмдил, бўш феъл бўлсангиз керак-да. Бундай кезда эркак киши узил-кесил ҳал қилмаса қийин.
Ширинқул “хўш?” дегандай қаддини тўғирлаб қизга қаради.
— Умр жуда қисқа, Ширинқул ака. Буни мендан яхши биласиз. Сизга ақл  ўргатолмайман, лекин энди иложингиз йўқ, бари бир бошқага уйланасиз. Янгамуллоям бошқа эр қилади. Талоқ масаласи оғир. Юрсангиз юраверасиз.
Шу пайт уларнинг ёнига иккита аскар йигит келиб қолди. Кўринишидан қишлоқ йигитлари, уст-бошлариям унниқиб кетган.
— Ака, чекишдан борми? — деди улардан бири, сал хижолат бўлиб.
— Мен чекмайман, — деди Ширинқул.
Аскарларнинг бири Назирага қараб бақрайиб қолди. Қиз бечора дарҳол оёқларини бекитишга тушди.
— Буям чекмайди, — деди Ширинқул у йигитга, тезроқ кет, деган маънода.
Йигитлар нарироқ кетгач, бири орқасига қараб бош бармоғини кўрсатиб “михдай” ишорасини қилди.
— Назира, зўр эмишсан, — деди Ширинқул.
— Бу нима деганингиз?
— Анави аскар бола сени михдай экан топган қизингиз деб кўрсатяпти.
— Қўйсангиз-чи, ёш боламисиз?
Ширинқулга бу гаплар гўё Назиранинг ўз хотинидек муомала қилаётгандай бўлиб туюлди. Ичида ийиб кетгандек ширин ва айни пайтда кўз олдини қоронғилаштириб юборувчи ҳадикли бир  туйғу ўтди. Ўзини мастдек ҳис қилди.
— Назира, — деди ва нима демоқчилигини тағин бир эслаб олмоқчидек тўхтаб қолди. Назира унга термулиб турарди.  Унда ҳадик йўқ, лекин Ширинқул талмовсирайди.
— Бу гапни нега гапираётганимни  тайин бир аниқлаштириб олганим йўқ-ку, шундаям…
Назира бу гапни билардим дегандай кумуш денгизга қаради. Аммо унинг ҳам кўзларидан маъно йўқолган эди.
— Назира, — дея қизнинг эътиборини ўзига жалб қилди йигит. — Агар хотинликка қўлингни сўрасам рози бўлармидинг?
Назира бир сесканиб тушди. Оёқларини йиғиштириб ғужанак бўлиб олди. У мунғайиб, жуда кичрайиб кетгандек туюлди. Ширинқулга бошқа қарамай қўйди, бемаъно, денгизга тикилиб тураверди.
Ширинқул ҳам денгизга қаради. Аммо у ерда мовий кенглик ва жимир-жимирдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
— А, Назира?
Яна ўша жимлик. Мазмунсиз нигоҳ.
— Тўғри, бунга дабдурустдан “ҳа” деган жавобни кутмайман. Шундай бўлганида балки сени ёқтирмай қолардим. Бари бир…
— Сиз бу нарсани анчадан бери ўйлаб юрармидингиз?
— Нима десамакан?.. Гапнинг очиғи,  аввал бир тўхтамга келолмаганман. Айтдим-ку… Сен  ҳам эшитдинг. Бугун шундай хаёллар гирдобидаман.
—    Ширинқул ака, бошқа нарсаларни  гаплашайлик.
— Ҳа, тўғри, — дея ўзини ўнглаб олди. Ширинқул. — Ўзим ҳам қийналиб кетдим. Демак, бари бир умид остонасидаман деб тасаввур қилаверсам бўлар-да, тўғрими?
Назира бу гал ҳам индамади. У бир пасда улғайиб қолгандек эди.
Бояги аскарлар кетган томонда пастга тушадиган зина ва бетон йўлак бор экан. Йўлак бора-бора йўлни катта  асфальтга опчиқаркан.
—  Лола терсак яхши бўларди, — деди Назира.
—  Лола тошли жойларда ўсади. Кел, яхшиси, мана бу қияликдан тушамиз. Лолалар ҳам топилади бу ёқда.
Ширинқул йўл-йўлакай  тўрт дона лола топиб  узиб Назирага берди. Назиранинг бўлса кайфияти кўтарилмас ёки у ҳеч нарсани сездирмас эди.
Ширинқул эрталаб хаёлидан кечган — қиз дилдорлик берса лабидан бир муччи оламан деган ниятидан воз кечди. Қияда Назиранинг қўлидан тутар, шунда иссиқ, жудаям иссиқ тафтни туяр, лекин қиз сал текисроқ жойда дарҳол қўлини тортиб оларди.
Асфальт йўлда уч нафар аскар боланинг елим челакларда замбуруғ ва қўзиқорин сотиш учун йўл бўйига чиқиб турганини кўришди.
Ширинқул аскар бола билан савдолашиб бир челак қўзиқорин сотиб олди.
Автобус ёнида аллақачон кўрпача ва одёллар тўшалиб жой ҳозирланган. Маҳкам ака ўчоққа гуриллатиб олов ёқаётган эди.
Машҳура опа буларни кўриб пичингга ўтди:
— Келин-куёвлардай жа-а хилватларда қолиб, а?.. Бу ёғи тинчликми ишқилиб?
— Хотиржам бўлинг, ҳаммаси яхши, ёш боламидим, — деди Ширинқул.

*  *  *

Ширинқул идорада Назирага овунадиган бўлиб қолди. Компьютер ёнига келиб атайлаб китоблар хатосини тепасида туриб тўғирлатар, баъзан бутун-бутун матнларни айтиб туриб ёздирарди. Шу сабаб унга қандай яқинлашиб бораётганини ҳам ўзи сезмай қолди. Назира ҳам бора-бора бунга кўникди. У Ширинқулга китоблар бериб турар, ушбу китобларда кўпинча ичкилик қораланар эди. “Қиёмат аломатлари” деган китобни ўқиб унинг тепа сочи тикка бўлиб кетди. Баъзида худди эрига қилган каби  “ичмасангиз бўлмайдими шуни?” дея маломат қилиб қолар, сўнг отасининг ичкилик туфайли буткул одамгарчиликдан айрилганини мисол қилиб айтарди. Булар маъқул, лекин ёш қизнинг, ўзидан қарийб ўн тўрт ёш катта одамга “жаноб Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ўз шарифи каломида таъкидлаганидек” дея амру маъруф айлаб қолиши ғалати эди.
— Биламан, бу нарсаларни ўқиганман, — дерди йигит.
Ўша тоғ сайрида ҳам Ширинқулга “бир қултум ичсангиз, мен билан гаплашмайсиз” дея шарт қўйган эди. Ширинқул ҳам одобли болалардек бу талабни бекаму кўст адо этди.
Уй эса зимистондан зимистон эди. Пардалар, кийим-кечак, супурги, идиш-товоқ, ошхона—бари, Мағфиратнинг отини айтиб чақиргандек бўлаверарди. Ўтган қирқ кун қирқ йилдан ҳам зиёддек эди. Фирдавсни эркалашни хуш кўрарди. Ишдан келиб у билан бир зум ўйнаса ҳордиғи чиқиб кетарди. Ўғли нуқул у айтган ишнинг тескарисини қиларди, бунга сари отанинг завқи ошаверар, баъзан болани жеркиб берса, у сира кечирмай қоларди, ҳатто эртаси куни ҳам ойисига кўрсатиб “дадам мани уйди” деб йиғлаб юбораверарди. Мана шу эркалик, эркалатишлар ҳам энди арзанда.
Ширинқул негадир юрагининг туб-тубида бари бир Мағфират қайтиб келади деб ишонарди. Бутунлай воз кечиб кетишга иродаси етмайди ёки мендан бошқаси билан яшашни тасаввур қилолмайди  деб ўйларди. Ўзи ҳам ундан бошқаси билан яшаёлмасам керак дерди.
“Ҳозир акасиникидамикан. Болалар билан қандай сиғиб юрган экан ё қишлоққа кетганмикан? Ҳозир ўғлим нима шўхлик қилаётган бўлса, қизим-чи? Мағфират дераза олдига бориб мени ўйлаётган чиқар, кутаётганмикан? Ё бирорта эркакни топиб олганмикан? Тавба қилдим, шунақа бўлиши ҳам мумкинми? Бева хотиннинг орқасидан юрадиган чиқади бари бир. Қипчоқда бекорчи кўп. Ишсизлар ҳам, пулдорлар ҳам кўп. Бирорта пулдори кўнглини топиб ўйнатиб юрган бўлса-чи? Ўйнатиб ҳам ўйнашиб… Йўқ, бундай қилмаса керак. У мендан бошқаси билан тўшакка киролмайди. Ўзим ҳам негадир ундан бошқаси билан ётолмасам керак. Нега шундай? Дуо қилдирмаганмикан? Йўқ, ўзи шу нарса менга ёқмаса керак. Талабаликда дўстларнинг қизиқтириши билан бир фоҳишага дуч бўлгандим. Кўп ўтмай касалликка чалиндим. Яширинча  даволаниб тузалгунимча нақ она сутим оғзимга келган, бор будимдан айрилиб қарийб яланғоч қолганман. Шу боис кимки бегона аёл бўлса, касал деб ўйлайман. Ифлос ва сассиқ туюлаверади. Фақат Назира… У намозхон-да, тоза. Лекин хотин бўла оладими? Босиқ, кўп қийинчилик кўрган, лекин нимасидир енгил туюлади. У— Мағфират эмас. Акслиги бўлса ҳам Мағфиратим яхши. Агар яхши кийиниб олса қомати ҳамманикидан зўр. Кўнгли ийса ҳамма айтганингни бажаради. Бадани ҳам топ-тоза, ўзига қараб юрса бўлди, ўпсанг ҳам ёқимли ҳиди бор, эҳ, қани ўша Мағфират?! Энди йўқ, йўқ, йўқ. Даҳшат! Агар биров билан юриб кетса сўяман!
Ўлиптими, болаларига меҳрибончилик қилиб, қараб акасинида юргандир. Акаси сиғдирармикан? Қипчоқ ҳам шаҳардай гап: бир эшикдан кириб чиқавергандан кейин ёқмай қоласан тез кунда. Ҳа, туғишганингни ҳам ёқтирмай қоласан. Мана,  ўзингдан қиёс, бошқалар ҳам шундай-да. Ё қишлоққа жўнатиб юбордимикан? Қишлоқда эса тез гап бўлиб кетади. Ажрашипти деган гап аёлга, яхшими? Шунинг учун бу нарсани яширишга уринишади, бир-икки кун туриб қолса ҳам ажрашган, деб қолганини тўқиб-бичиб ташлашади. Йў-ўқ, қишлоққа кетмагандир. Қипчоққа бир бориб пойлаб келсаммикан? Қандай қилиб пойлайман? Кўриб қолади, кўрса ялиниб келди деб ўйлайди. Шу-у, қайсарлиги бор-да. Бошқа томони яхши. Бари бир бораман. Ҳамма айб ўзимда”.

*  *  *

Одатдагидай уйни саранжом-саришта қилди, енгил кийимларини ювиб дорга илди. Ишга бориб бир икки кун келолмайман, деб тайинлаб келмоқчи бўлди. Эртароқ борган экан, Назирадан бошқа ҳеч ким келмабди. Қиз ҳар сафаргидай “Ассалому алайкум” дея қўлини кўксига қўйиб ўрнидан турди.
— Ҳар куни шундай эрта келасанми?  — деб сўради Ширинқул.
— Ҳа, деярли ҳар куни. Ҳеч ким йўқлигида оромида ишлайман.
—Бўлмаса халақит берибман-да?
— Нимага унноқ деёпсиз?
— Балки  халақит бергандирман деб ўйладим-да.
— Ширинқул ака…
Қиз ерга қараб турарди.
— Бир нима демоқчимидинг, — деди Ширинқул гўё эътиборсиздай. Аммо бир жуда муҳим гап айтмоқчилигини  англади, негадир ич-ичидан “ўша сўзни айтмасин-да” деб ялингандай бўлди.
— Кир киймингиз бўлса менга келтириб берсайиз, овқатдан ҳам қийналаётгандирсиз…
— Йўқ, қийналганим йўқ. Қайтамга яхши, қурсоғимга лойиқ нарса еяпман. Кир ювиш бўлса менинг ҳоббим, физкультура-да, маза. Бизнинг кирларни кўтариб юрсанг Машҳура опа нима деркин?
— Билмасам…
— Мавриди бўлганда бир тонна кир қилиб уйиб қўярман, ўшанда уйга бориб ювиб берарсан балки.
Бу гапда илмоқли фикр ҳам борлигини ўйлаб:
— Балки бирорта дугонангни ҳашарга оборарсан, — деб қўйди.
— Тушимда сиз оқ от минибсиз, хайрлик бўлса керак, — деди Назира.
— Эгарланганмиди от? — деб сўради Ширинқул бирдан ҳовлиқиб.
— Эгарланган эди…
— Асов эмасаканми, ирғишлаб устидан тушириб ташламадими аканг қарағайни?
— Ажойибсиз-а…
Назира Ширинқулдаги шу кўтаринкиликни ёқтирарди. Шу боис у кучли одам, ҳар қандай дард ва аччиқ қисматни  шундай  баланд руҳ билан енгиб ўта олади деб ишонарди.
— Бир ҳафта иш билан икки-уч кунга даф бўлмоқчиман, келгунимча идорада назорат ўрнатиб турасан, хўпми? Тағин ўзинг йигит-пигитларга шилқимлик қилиб юрма, хафа бўламан. Чунки сен яхши  қизсан, ҳадеб бундай шилқимлик қилиш сенга ярашмайди.
Қиз гарчи булар ҳазиллигини билсаям жўрттага жиддийлашди:
— Шилқимлигимни кўриб эдингизми?
— Кўрмаганман, кўрмайин ҳам дейман-да.
—    Оллоҳ асрасин! Қўйинг, ман мунноқ ҳазилларни кўтаролмайман.
—Унда яхши, мен сени кечирдим.
Ширинқул “кечирасан, синглим, дилингни оғритиб қўйдим” дегани  эди бу, тескарисини гапирди, холос. Лекин Назира бу ҳазилни мутлақо тушунмади.

*  *  *

Йўл бўйи “қандай кутиб оларкин?” деган хаёл уни тарк этмади. Бир гап бўлар, пешонада борини кўрарман, деб мошинасини босиб кетаверди. Кўз ўнгида ўғли, қизи жонланди. Совға олиб бормаса ноқулай бўлишини сезиб дўкондан ҳар хил шиинликлар, Янгийўл атрофида йўлдан икки кило қулупнай ҳам олволди. Йўл узоқ, хаёл суриб кетди.  Мағфират билан биринчи учрашув, унинг тортинчоқлиги, чиройли экани, ўзи бўлди, шунга уйланаман, дея тез қарорга келгани…
Янгаси қурғур ёмон таранг қилар эди-да. Чақириб бериш учун ҳам аввал бир нимангни олиб, кейин яна девор орқасидан пойлаб турарди. Мағфиратнинг ақл-фаросати, билими ўқиган қизларникидан  қолишмасди. Биринчи сафар девор орқасида туриб гаплашган, кейингисида эса “келсангиз, кундуз куни келинг, кечаси учрашувга чиқмайман”,  деган. Кейингиларида бирмунча мослашган, аммо зинҳор сой бўйидаги теракзор ичида учрашишга рози бўлмаган. Ширинқул саккиз чақирим келадиган қишлоғидан одатда кечқурун, акасининг мотоциклида келарди учрашувга. Бир гал энди мактабга бораётган синглисини олиб келган, у янгасини бир кўрай деб хархаша қилган эди. Синглиси Мағфиратнинг синглиси билан ўйнаб овуниб қолганида биринчи марта узоқ гаплашган ва… қизнинг гарчанд қаршилигига қарамай ўпган эди.
— Шу ёшга кириб нимага уйланмай юрибсиз?
Йигит йигирма   олтига  кирган эди.
— Сиздайини тополмадим-да.
— Биздан зўрлари шаҳарда кўп-ку, ҳам ўқиган улар?
— Аёлнинг ўқимагани яхши. Ўқиса эшганлаб кетади.
— Вой, нега эшганлайди?
— Шаҳар кўрган эчкидан қўрқ, деган гап бор-ку.
— Мени отам ўқишга жўнатмади. Кириб кетардим. Энг аълочи бўлмасамам билимимга ишонардим.
— Балки кечкига кириб ўқирсиз, кўрамиз.
— Ўқитасизми? Отамнинг қўли калталик қилмаганида-ку…
— Афсус қилманг, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Биз ҳам унча ошиб-тошиб кетмаганмиз.
Ёз чиққанда тўй бўлган. Ширинқул уни қаттиқроқ яхши кўриб қолган эди. Бир йилча ҳар шанба қишлоққа қатнади. Йўлдан безор бўлиб кетди. Яқин жой бўлса экан. Онаси ҳам негадир опкет келинни, квартирада бўлсаям амаллаб яшаб турарсизлар, демаган. Мағфират ҳам энамнинг хизматини қилай, ҳадеганда шаҳарга қочиб кетмай, дерди. Биринчи фарзанди қиз бўлди. Мақсуда эмаклаб, дастурхоннинг ағдар-тўнтарини чиқарадиган бўлганда Ширинқул уларни шаҳарга олиб кетди.  Иккинчи фарзандга ҳомиладор бўлганида Худо ярлақаб уйли бўлишди. Хотинини ўқишга киритиш ҳақидаги гаплар эсидан ҳам чиқиб кетди. Бола билан ўқиб бўларканми? Миядаги бор билимни шулар қоқиб қўлига беришди.
Эшикни акасининг қизи очди. Акаси уйида йўқ экан. Ширинқул “Мағфират опангни чақир бўлмасам,” деди. Анча фурсатдан кейин акасининг хотини кўриниш берди.
— Ҳа, куёвтўра, нима гап?
— Келдик.
— Хотин, бола-чақа энди керак бўлдими? Қилғиликни қилиб қўйиб?..
— Уйдами?
— Тешик кулча ерда ётармиди, эрга бердик сингилжонни…
— Йўғ-э-э, ҳазиллашманг.
— Сизга ўхшаган бир бойвачча топилиб эди, бердик.
— Жиддий гапиряпсизми?
— Бўлмаса нима? Талоқни бергандан кейин у кимники бўларди, бировга бериш керак-да.
— Янга, уйингизга кирсак бўладими?
— Йўқ, бўлмайди, энди янги куёв киради бу уйга.
— Ҳеч бўлмаса бир оғиз гаплаштирмайсизми, кўриштирмайсизми?
Янгасининг кўзлари пирпираб, ёноқлари учиб ўшқиришга тайёрланди.
— Жигит деган шундай бўлама? Икки ой боланинг, хотиннинг аҳволидан хабар омайма? Энди мудгор бўғани неси?
— Янгажон… — Янга эшикни қарсиллатиб ёпди. Ичкарига қарғаниб кириб кетди. “Жигит ўлгур-ей буйтиб журганча” деганини эшитди.
“Қаерда бўлиши мумкин? Ҳеч бўлмаса қизим ҳам чиқмади-я. Наҳотки янга  айтганидай… Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Қизимни, ўғлимни бировга фарзанд қилиб бериб қўймайман!” Кун бўйи шу жойларда тентиради. Машинасини юргизди, ўчирди; юриб қаради, туриб қаради, истагани топилмади. Қўрғон марказида кафелар кўпайибди. Ҳар хил мусиқалар янграб, ёш-яланг кириб-чиқиб турибди. Кимлардир дарахт соясида пиво симирмоқда. Ширинқул ҳам тўйиб-тўйиб пиво ичсамми деб ўйлади. Аммо ичидан ўтаётганини бу ҳам босолмаслигини билиб турарди. Аста, бемажол машинага ўтириб ўт олдирди. Қўл телефонини олиб Мағфиратнинг акасиникига қўнғироқ қилиб кўрди. Тағин бояги қизча олиб ойисини чақиргани кетди. Фойдаси бўлмагач, машинага газ босди. Илгари чўл қурилиши бўлган идоранинг олдидан ўтди. “Нексия”лар қаторлашиб турибди. Бу ерда ҳам кафе очилибди. Иккита қориндор киши кабоб билан қўшиб ароқ ичиб ўтиришибди. Шуларга ўхшаганлар Мағфиратни илинтирдимикан, деган ўйга борди ва бирдан юраги “шиғ” этиб кетди.
“Булар ифлос одамлар: пул топади, пулига маишат қилади. Хотинбозлик қилади. Бу — аниқ. Хотин эмас, ўйнаш керак буларга. Мағфиратга кўзи тушса,  эридан ажраб келиб ўтирганини билса, тинч қўймайди. Бир нарсалар олиб бериб, ё хотин қиламан деб, майишатини қилади-да, сўнг туфлаб ташлайди, кейин итмисан деб ҳам қарамайди, сўнг бошқасини илинтиради. Мағфират ҳам шуларга учиб… Уф-ф, ундоқ эмасдир-ов. Мағфират шунақа аёлмиди? Йўқ, унақа эмас”.
Шу ўй-хаёл билан катта кўчага чиқиб кетганини ўзи ҳам сезмади. Қаёққа юрсин: Тошкентгами, қишлоққами?” Иккиланиб, каловланиб турганида Гулистон томондан бир “Нексия” келиб секин Қипчоқ томонга қайрилди. Бир мешқорин киши, ёнида хотини ҳам бор. Ширинқулга у Мағфиратга ўхшаб кўриниб кетди. “Мағфиратмас” деди у ўзига ўзи. Мағфиратмас, Мағфиратмас!” Ишонқирамай унинг орқасидан юрмоқчи бўлди. Пича юриб фикридан қайтди. “Нексия” ҳам юриши тезлашиб кўздан ғойиб бўлди.
Бир қарорга келиб-келмай қишлоқ томонга ҳайдади. “Отасиникига кетгандир” деган илинжи бор эди. Қуёш ҳам қизариб бораётган уфқ ортида ўйланиб туриб қолган, гўё у ҳам бу ҳолдан ҳайрон, тоғлар ортига ботиб кетиш эсидан чиқиб кетгандек эди. Қишлоққача кам деганда етмиш чақирим бор, етгунча қоронғи ҳам тушиб қолади. Қоронғида юришни ёқтирмайди, кўзига бир балолар кўрингандек ваҳимага тушаверади, йўлда чиққан одам  ҳам қоп-қора девдек туюлаверади.
Қишлоқда чироқ йўқ, атроф зимистон эди. Ўзи шу: кейинги пайтларда қишлоқда икки ё уч соат чироқ беришади-да, хуфтон бўлмасдан ўчириб қўйишади. Одамлар ҳам кўникиб қолган бунга: мойчироқни ёқиб,  ҳангома қилиб чойхўрлик қилиб ўтириверишади. Тош ва пахса  билан ўралган тор йўлга биргина машина сиғади. Йўлак тугаб қишлоққа чиққач, қия йўлдан  ўнг томонга бирор чақирим юрилади. Ён тарафи тош девор билан тўсилган биринчи уй қайнотасиники. Ёғоч тўсиқлар девор вазифасини ўтайди. Даставвал вовуллаган кўйи ит югуриб келди. Деразасидан ёруғ тушиб турган уйнинг олдида гугурт ёнди.  Кимдир оёғига пойабзал кийди чоғи. Машина ёруғининг рўпарасигача келди: қайнотаси. Оқ иштон, устидан узун қора яктак ташлаб олган, соқол қўйибди,  мўйлови оппоқ. Бобой бўлиш ҳам бир паслик иш экан-да. Куни кеча мироб, қишлоқ бригадири бўлиб шовқин солиб юрарди. Ҳойнаҳой номозхон ҳам бўлиб қолган чиқар.
— Ҳа, куёв, келинг. Кучукдан қўрқяпсизми? Тушинг-тушинг.
Ширинқул бирор нарсани тусмол қилмоқчидай эшикни очиб тушди. Қўрққандай бўлиб, хавфсираб кўришди.
— Болларни опкелмадингизми?  — деди қайнотаси тўсиқларни бирин-кетин тушириб йўл очаркан.
— Ие, — деди Ширинқул беихтиёр ва гапнинг давомини айтолмай бош қашлади. Орқасига қайтди. Машинанинг юкхонасини очиб шаҳардан олган меваларни олди.
Қайнотаси нуқул невараларининг ҳолини сўради.
Ширинқул “ҳа яхши, яхши”дан нарига ўтолмади.
Демак, Мағфират бу ёқларга келмапти-да. Қайнотаси  негадир гап қўшмай хомуш, сирли-сирли тикилиб ўтирди. Ширинқул бир-икки пиёла чой ичиб уйга ўтай, уларниям кўрмаганимга анча бўлди, деб туриб олди. Қайнотаси “қуруқ оғиз кетманг, жуда бўлмаса тўртта тухум қовурсин”, деб туриб олди. Ширинқул унамади. “Кеч бўлиб қолди” деб баҳона қилди.
— Майли бўлмаса,  қуда-қудағайларга салом денг, — деди қайнотаси.
— Майли, яхши ўтирингизлар.
Қайнотаси эргашиб келган невараларини бораверинглар уйга деб  ҳайдаб юборди-да, куёвига кифтлашди.
— Кампир билан икки-уч кундан бери қобоқ— тумшуқлимиз, хижолат бўлманг, куёв. Ҳаётда ҳар нарса  бўптуради. Илгари елкаси қичиди шекилли деб бир-икки қамчи ташлаб турардим, энди ярашмай қолди. Лекин сиз Мағфиратни урманг, хўпми? Мен уни ўғилларимдан ҳам, қизларимдан ҳам яхши кўраман. Урсангиз мен хапа бўламан, кўклам кунлари бир опкелинг, маёпка қипкетасизлар.
Ширинқул уйга боргач янгасига тўшак солдирдию донг қотиб ухлаб қолди. Бошқалар ҳам ухлаб қолишган экан.

*  *  *

Онасининг келинлари ичида Мағфиратга алоҳида меҳри бор. Қизим қатори кўраман деб кўп айтган. Ҳатто тўйдан кейин қанча йиллар шаҳарга жўнатмай туриб олган.
Эрталаб ўғли ариқдан юз-қўлларини чайиб келгач:
— Тинчликми ўзи? — деб сўради.
— Тинчлик, — деди ўғли.
— Ростдан тинчликми, болам? — дея хавотирланиб яна сўради онаси.
— Туш-пуш кўрувдингизми? — деди бунга жавобан ўғил.
— Туш бўлса майли эди, тушдан ёмон гаплар юрипти, болам. Бирор гап  бўлдими келинминам?
— Нима гаплар эшитдингиз ўзи?
— Ай, шу одамлар, хотинлар ундай-мундай гапириб ётишипти-да, элда гап жотома? Не қилдинг келинди?
— Гартак айтишдик. Пичагина юзини силаб ҳам қўйдим. Болларни олиб бир оз айланиб кел дедим, ака-пакасиникида бир-икки кун дам олиб,  айланиб боради-да, нима қилади бир ерда диққинафас бўлиб.
— Бир нарсани бошламаган бўлсанг-ку…
— Бундай келинингиздан айрилиб бўлармиди. Отам қаерда?
— Жаровулдаги катта бўлаларинг қизини чиқараётиб экан, ўта солиб келай, Ширинқул кетиб қолмасин, деб тайинлаб кетди.
— Вақтим зиқроқ эди-да.
— Қарамасанг бўлмайди, қаттиқ тайинлади. Кеча қуруқ оғиз, оч қоринга ётиб қопсан. Акангнинг қизлари пидина териб келган, ҳозир чечанг пичак пишираман деб хамир ийлаяпти. Ҳеч қаерга кетмайсан.
Ҳовлидаги қўл ювгичнинг олдидаги бир парча ойнага қараб акаси соқол қиртишлаб  ётипти.
— Уйга кириб чой-пой ичиб тур, ҳозир бораман, — деди у.
Ичига ялпиз солиб пиширилган пичакни чалобга ботириб урсанг ё ичига сарёғ эритиб туширсанг зап кетади-да. Ширинқул жуда очқаб кетганини туриб-туриб ҳис қилди. Ҳар гал келганида онаси юпқа пишириб берарди. Ҳозир сой ва ариқ бўйларида ялпиз кўплиги учун невараларини эрталабдан уйғотиб, қўлига челак бериб югуртирибди.
“Меҳрибонгина энажоним! Не аҳволда бўлсангизам мени ўйлайсиз-а! Аслида невараларингиз, келинингиз билан келиб уч-тўрт кун юрсам қанчалик димоғиям чоғ бўларди. Афсус… Фақат кўп сўроққа тутаверманг, илтимос. Шундоқ ҳам ичгинам эзилиб кетаётир, эна!”

*  *  *

«Ўша куни кўп дакки эшитишимни билардим уйдагилардан. Отам, онам, айниқса акам обдон тузлайди деб ўйладим. Аммо негадир ҳеч бири менга дўқ ҳам урмади, писанда ҳам қилишмади. Афсус ва аттанг қилишди, энди нима қилмоқчисан, дейишди. Бундан кўра таёқ олиб урганларида минг марта яхшироқ бўларди, қилиғимга яраша жазо олган бўлардим. Фақат синглим «агар шу янгамни қайтиб опкелмасангиз сиздан ака сифатида рози эмасман», деди ва йиғлади. Шундай ғурбатли кайфиятим бўлмаганида икки-уч кун юрмоқчи эдим. Қишлоғим қандай кўркам бўлиб кетибди. Ҳаво, сув тоза, атроф кўклам қуёшида  яшнаб ётибди. Осмон шу қадар тиниқки, қуёш чиққунча юлдузлар кўриниб туради.
Акам бир-ики кун турмайсанми, гаплар бор, деди. Мен унамадим. Чой ичгандан кейин мени районга ташлаб қўясан, деб машинага ўтириб олди. Талоқ масаласини ҳеч қайсиси билмас экан. Лекин акам эшитибди. Аёллар миш-мишни кўпайтириб юборишган чоғи.
—    Чиндан “талоқ” дедингми? — деб сўради акам йўлда. Менинг индамаганимни кўриб: — Бекор қипсан, аттанг,  — деди бошини чайқаб. — Айтиб қўяй, бундай келинни топиш қийин. Нимаси ёмон, айт-чи?
Яна индамадим.
— Ҳамма гап ўзингда, ука. Менга шундай туюляпти. Ичиб олиб ургандирсан. Қишлоққа келиб жўраларинг билан кўришиб қолсанг ҳам роса ичасан. Биз билан, ота-она билан ҳангома қилишни билмайсан. Жўра дегани нима:  бирпас ўтириб улфатчилик қилишга-да у. Кейин устингдан кулиб юради. Ота-онаям қарияпти. Энди улар сенга хотин қидирмайди. Бўлар иш бўлган десанг, мен югуришим керак яна.
— Ака, бу масалада сизга юк бўлмайман. Тўғри, кўп айб ўзимда. Шунинг учун ўзимнинг мойимга қоврилаяпман. Бир оз вақт ўтсин энди. Келинингизнингам, менингам кўзимиз жойига келар.
— Сен талоқ деган нарсани тушунмайсан, шекилли?
— Тушунинишга-ку тушунаман, лекин…
Бу нарсани акам билан сирлашолмайман.
Отамнинг, онамнинг олдидаям худди одам ўлдиргандай аҳволга тушдим. Онам кўп ўпкалади, отам қудаларимиз яхши одамлар, тезроқ келинни опкетиб, ярашинглар, мен уларнинг кўзига қандай қарайман, тўй бор, маърака бор, деди.
Акамни райсабеснинг олдига ташладим-да, бу ёғига ўзим келдим. Буғдойзор ораси қизғалдоқдан гиламдай товланиб ётибди.  Устига ётиб думалагинг келади. Бултур шу ерлардан болалар билан ётиб, туриб, гулларни қучоқлаб расмга тушган эдик.
Қайтаётганда яна Қипчоққа бурилдим. Қайноғамнинг кўчасига қайрилган жойда унинг қизи бир тўда  қизлар билан кўчага бўр билан чизиб  нимадир ўйнаётган экан. Мени кўриб бир оз тек  туриб қолди. Машинадан  тушган эдим, чопиб уйига кетиб қолди. Аммасини чақирар деб эшигининг тагида кутдим. Яна ўша аҳвол: ҳеч ким чиқмади.
Ўйлаб ўйимнинг тагига етолмайман: ўша давангирдай маишатхўрлардан биттасига тегиб кетдимикан? Мағфират-а?! Наҳотки бу иш шу қадар осон бўлса? Мумкин эмас! У мендан бошқаси билан ҳам ётиши мумкинми? Йўқ, сира тасаввуримга сиғдиролмайман. Мендан буткул совиган бўлса-чи? Акаси, янгаси жеркийвериб, ҳеч қаёққа сиғмай қолиб сабр-бардоши тугаган бўлса-чи. Шундай бўлиши ҳам мумкин-ку!..
Бошим шишиб кетди. Ишга борсаммикан, бормасаммикан?”

*  *  *

— Назира, яна қандай тушлар кўряпсан?
— Кўп туш кўраман, лекин кўписи хаёлимга  турмайди.
— Ширинқул мавзусидаги тушлардан йўқми?
Қиз ҳазилга бир зум тўхтаб, сўнг қиё қараб жилмайиб қўйишига ўртанади Ширинқул. Одамзоднинг бундай гўзал қилиқлари борлигини ўйлайди. Соф, тип-тиниқ бир туйғулар ҳам бор бу дунёда. Ширинқул бу қиз учун суянчиқ, юпанчми, халоскорми — ким? Ё бўлажак қайлиқмикан?
Ҳамма ташвишларию ҳозир юрагида кечираётган туйғуларини жамлаштириб бир қарорга келолмади. Унда биргина ният пайдо бўлди: шу қизнинг ёниб турган дудоқларидан қонгунча ўпиш. Аввал кўз олди бир жимирлаб кетди, сўнг нима бўлса бўлар деб секингина, деярли шивирлаб:
— Сени яхши кўриб кетдим, лабингдан ўпгим келяпти, — деди.
Қиз дув қизарди ва ишини ҳам тўхтатиб тескари ўгирилиб олди. Йигит курсисини унга яқинроқ суриб ўтирди. Қиз туриб кетди ва деразанинг олдига бориб ташқарига бемаъно тикилиб тураверди. Йигит унинг ўрнига компьютер қошига ўтириб олди-да, қизнинг ишини давом эттириб ўзи тера бошлади. Қиз секин, истар-истамас унинг ёнига келди ва :
— Қўйинг, ўзим ишлайман, — деди.
Ширинқул ўрнидан қўзғалиб қаққайиб туриб қолди.
— Хафа бўлдингми? — деди.
— Гап хафагарчиликда эмас. Мен сизни акамдай кўраман. Мунноқ гаплариз оғир ботади.
— Кечирасан, — деди-да, йигит  хонадан чиқиб кетди.
Кетаётиб ўпишимни рад қилгани учун ҳам бу қизни ҳурмат қилса арзийди деб ўйлади.
Шундан сўнг кўп вақт шу ҳақда ўйлаб юрди. Ўзининг унга боғланиб қолаётганини сезди. Агар Мағфират билан тақдиримиз тескари кетган бўлса фақат Назирага оғиз соламан, намоз ўқинг деса намозхон бўлиб оламан, қайтанга тоза юраман, улфатлардан воз кечаман, деган қарорга ҳам келди. Аммо бу қарор муқим эмас, истакнинг хулосаси эди, холос. Хотин қўйган, икки болали эркакка бокира бир қизнинг хотин бўлиши ҳам шунчаки гап эмас. Боз устига турмуш сир-асрорларини бир бошдан тушунтириб, уқтириб боришинг керак. Ширинқул шу заҳоти Назирани қандай тўй қилиб опкелиш, тўйга нималар сарфлаш, қаерда ўтказиш керагу қанча машина жалб қилиш ҳақида ҳам ўйлаб қўйди. У ич-ичидан Назира менга рози бўлади деб ишонди.
Фақат Мағфират билан кечган ҳаёти, қизи ва ўғли ҳақида ўйлаганида зил тортар,  буларни осонликча ташлаб кетолмаслигини яхши ҳис қиларди. Аммо нимадир чора топиш керак-ку.
Ишдан келган заҳоти “адажон” дея югуриб келиб бўйнига осилиб олувчи қизини эслади. Юраги тўлиқиб бораётганини ҳис этди. Негадир илгаридан, деярли талабалик давридан бошлаб турмуш ҳақида ўйлаганида нуқул шу нарса кўз ўнгида гавдаланарди: уйинг бўлса, ишдан келсанг, кирганингда қизинг қийқириб югуриб келса, юзингдан чўлпиллатиб ўпса, сўнг уни эркалатиб мевалар, ўйинчоқ берсанг, хотининг ҳам уйни саришталаб овқат пишириб кутиб ўтирган бўлса, “яхши ишлаб келдингизми, чарчамадингизми” деб кутиб олса…
Ҳаётда ҳам худди шу орзу қилгани бўлди. Худо уй, хотин ва эркалаш учун қиз берди. Ўғил орзу қилган эди, ўғил ҳам берди. Ният қилган иши, машина — ҳаммасига етишди.
Аммо нима жин тегдию…
Ҳаммасини қайтадан бошлаш оғир. Квартирама-квартира сарсон-саргардон бўлиб юришлар, ўқиш, амаллаб ишга жойлашиб олиш, бора-бора бир нималик бўлиш учун тинимсиз ҳаракатлар… ҳатто эслагиси ҳам келмайди. Эслаганда ўртоқлашадиган, сирлашадиган киминг бор ўзи? Яқин ўртоқлари, тез-тез келиб турувчи қариндошларининг ҳам оёғи узилди. Оиланг бўлмаса ростдан ҳам қариндошлар  келмай қўяр экан. Дўстлар ҳам оилавий давраларга чақиришдан тийилиб қоларкан.
Бу туришда охири моховдай бўлиб қоламан шекилли, деб ўйлади.

*  *  *

Назира эртаси кундан бошлаб яна ундан мутлақо хафа эмасдай тутди ўзини: аввал қандай бўлса шундай гаплашиб кетди. Худди ҳеч нарса бўлмагандай. Қизнинг менда кўнгли бор, таклиф қилсам уйгаям боради, деб ўйлади Ширинқул.
Қиз ҳам бир-икки кун қовоғини солиб юрса яхши эдими? Шу туфайли бўлса керак, йигит қизни уйига таклиф қилишга журъат топди. Албатта, сабаби аён. Ширинқулнинг кир-пирларини чайиб бериши керак.
Иш йўқ куни, шанбада чошгоҳга томон келар бўлди Назира. Ширинқул ҳаммаёқни саранжом-саришта қилиб қўйди. Қўшнилар нима деб ўйлашаркин, ишқилиб биронта талаба қариндошлар келиб қолмасин деб саросимага тушарди. Назира айтган вақтида, соат ўн бирларда кириб келди. Бирорта дугона-пугонасини ҳам эргаштирмабди. Улар бошқа хаёлга бормасин деб чўчиганини айтди. Назира кириб бирров катта одамлар сингари ният қилиб дуо ўқиди. Сўнг кетма-кет кекира бошлади.
— Сизда кинна бор, — деди.
— Киннаси нима экан?
— Назарлангансиз…
— Тавба, сендан бошқа ким ҳам назар соларди?
— Яхши муллага бир ўқитиб юборинг.
— Хўп, яхши мулла бормикан ўзи? Балки ўзинг ўқиб қўярсан?
— Дуосини биламан, лекин аёл кишиники эм бўлармикан?
— Аёлмас, қиз боласан-ку, сеники эм бўлади.
Назира “Аъзу биллаҳи минашшайтонир-рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деди-да,  пичирлаб бир нималарни ўқий кетди. Уч марта Ширинқулнинг елкасига қоқди, бошини сиқди. Ростдан ҳам йигит енгил тортгандай бўлди. Негадир қиз энди эснай бошлади.
— Уйингизда дуо-пуо йўқмикан? — деб қўйди.
— Динда ирим йўқ деб эшитганман.
— Дуо ирим эмас, — деди қиз. — Бирортаси ёмонлик билан дуо қилиб ташлаб кетган бўлиши мумкин-да.
— Мабодо фолбин эмасмисан?
— Аллоҳ сақласин. Фол кўриш жину шайтонларнинг иши.
Қиз енгларини шимарди-да ванна томонга ўтди. Уй соҳибидан тоғора қаердалигини сўради. Ширинқул балкондан тоғорани опкелиб берди. Ҳеч ким пойламаяптимикан, деган ўйда пастга бир қараб ҳам қўйди.
— Хоҳласанг, кир мошин бор балконда. Унга солсанг ҳам бўлади.
— Йўқ, қўлда ювақоламан. Уни ишлатишниям билмайман.
— Тўғри, мен ҳам ишлатолмайман.
Ширинқул ошхонага ўтиб бир нечта картошка ва пиёз арчиди.Ўзи билган овқати — гўшт билан  картошкани қовурмоқчи эди. Пиёзни тўғраб бўлиб гўшт кесаётганида Назира чиқиб келди.
— Нимага овора бўляпсиз?
— Меҳмонга зиёфат, — деди Ширинқул.
— Ширинқул ака, қўйинг, менинг қорним тўқ, бир нима емоқчи бўлсангиз ўзим пишириб бераман.
— Энди меҳмонни ҳар томонлама эксплуатация қилиб юбормайлик-да.
— Шу-у, ваннангизда бир нима бор, — деди Назира Ширинқулнинг гапига эътибор бермай.
— Қаёқдан билақолдинг, фол очмайман дединг-ку?
— Ваннангизнинг шифтига ўзингиз ҳам бир қаранг-да.
Ширинқул беихтиёр ўрнидан учиб турди. Бориб ваннанинг шифтига разм солди.
— Йўқ-ку ҳеч нарса.
— Анави ёндаги икки кафел туташган жойни қаранг.
— Нима экан, газетми?
— Ўшани олинг-да.
— Ўзинг қўймадингми ишқилиб.
— Кўринг-чи, бўйим етарканми?
Ширинқул бир стул олиб келиб устига чиқиб қўл узатган эди, шундаям бўйи шифтга етмади. Тоғорани кирдан бўшатиб униям тўнкариб стул устига қўйишга тўғри келди.
Эски, сарғайиб кетган газета парчаси кичкина қилиб ўралган, унинг устидан ип чатиб ташланган. Ширинуқул секин ипни бўшатиб еча бошлади ва Назирага “очса бўлаверадими” дегандай қараб қўйди. Назиранинг икки кўзи топилдиқда эди.
— Ерга қўйиб очинг, тўкилиб кетмасин яна.
Ширинқул секин ерга ўтириб, газетани ҳам полга қўйиб оча бошлади. Тариққа ўхшаган нимадир майда нарса, яна озроқ тупроқ, аёл сочи бўлса керак, бир тутам чалкашиб ётган соч ва бир-иккита тирноқ бор эди.
— Оббо азамат-эй, овора бўпти-да, — деди Ширинқул сир бой бермай.
Назира баттар эснай бошлади.
— Худди шу, — деди. — Дуои баъд.
Аслида Ширинқул энди чўчий бошлаган эди. Ким қилган бўлиши мумкин? Тирноқ, соч, тупроқ, тариқ — буларнинг маъноси нима бўлди? Эс-хаёли хотинида эди. Жаҳл устида ўша бир нарса қилган бўлса керак.
— Ким қилган бўлиши мумкин, Назира?
— Душманларингиз қилган, ким қиларди.
— Ким экан душманим?
—Ўзингизга маълум бўлса керак?
— Хотиним қилдимикан?
— Янгамуллода бундай одат бормиди? Ҳар қалай бу аввалдан қилинган бўлса керак: ишингиз ортга кетсин, оилангиз бузилсин деб қилинган.
Ширинқулнинг боши қотди, сескана бошлади, тағин ким қилган бўлиши мумкин деб ҳаммани бир-бир кўз ўнгидан ўтказиб чиқди. Ҳеч кимда тўхтала олмади.
— Буни нима қилиш керак? — деди охири.
— Оқаётган сувга оқизиб юборинг.
— Бўлдими шу билан?
— Сўнг ўзингизни бир ўқитиб ташлайсиз.
— Ҳозир оқаётган сувни қаёқдан топаман?
— Кейин ташлаб юборасиз.
Назира ҳафсала билан кир ювди. Сўнг уларни балкондаги дорга бирма-бир ёйиб чиқди. Энди ошхонага ўтиб овқатга уннади. Ширинқул эса чўғнинг устида ўтиргандай ўтирарди. Гоҳ бориб телевизор кўради, гоҳ ошхонага киради. Мана бу дуо деган нарса ҳам дард устига чипқондай уни безовта қилиб қўйди. Ора-сира шу қиздан ҳам бунақа амаллар чиқиши мумкин, деб ҳам ўйлаб қўярди. Бундай вақтда кимга ишонишингни ҳам билмай қоласан.
Назирани ўзининг хотини деб ҳам тасаввур қилиб кўрди. Балки шундай бўлгани тузукдир. Ҳаммасига қўл силташ керакдир. Бундай сиқилиб, эзилиб юргандан кўра хотиндан бир йўла воз кечган маъқул. Чунки орага совуқчилик тушиб бўлди, айтилар сўз ҳам айтилди. Паст тушиб орқасидан ҳам борди. Ундан дарак бўлмади. Ҳойнаҳой, бошқасига турмушга чиққандир.
Тақдирининг бу қадар кескин ўзгариб бораётганига у тушунмасди: на кўникишни, на чора кўришни биларди.
Шу каби Назирага уйланишгаям юраги дов  бермасди. Ичидан нимадир шунга йўл қўймай, изн бермай турарди. Беқарор бир юрак.
Ошхонадаги хонтахта ёнида ўтириб Назирага  хаёлчан тикилиб қолди. “Тоғда кўрганимда оёқлари жуда бежирим, оппоқ, ялтироқ эди, ҳозир бошқачароқми, қанақадир суяклари бўртиб турибдими”. Хотинининг оёғи жуда чиройли эди. Унақа оёқ ҳар қандай шаҳарликман, посонгман деганидаям  йўқ, қўллари ҳам, юзи ҳам, қомати ҳам чиройли эди. Сочини бир турмак қилиб  юриш унга қандай ярашарди.  Ўпганингда оғзидан ёқимли ҳид чиқарди, баданини ҳиди ҳам ўзига таниш. У ҳид энди ёстиғидаям  қолмаган. “Ҳозир шу қиз Мағфират бўлиб қолсаю югуриб бориб қучоқлаб олсанг, тўйгунингча ўпсанг, йиғласанг, ёлборсанг, энди хафа қилмасликка сўз бериб оёғига йиқилсанг”.
Ўпкаси тўлиб, кўзларига ғумбурлаб ёш тўлиб қолди.
— Қараманг, уйга кириб ўтириб туринг, — деди Назира ноқулай аҳволга тушиб. Ширинқулнинг кўзига кўзи тушгач эса бир хил бўлиб кетди. Яқинроқ келиб: — Йиғлаяпсизми? — деди.
— Йўқ, кўзимни пиёз ачитган бўлса керак.
— Алдаяпсиз. Янгамуллом эсингизга тушди. Фарзандларингиз ширин, янгамуллониям жуда яхши кўрасиз. Менга қараб эслаб қолдингиз, келмасам бўларкан.
“Тавба бу қиз авлиёми ё фолбинми — ҳамма нарсани сезади-я”.
Бу уйдан овқат ҳиди келмай қўйганига анча бўлган эди. Қовурилган гўшт ва ёғ ҳиди бошқача экан. Назира пиширган таомнинг мазали экани ҳидиданоқ сезилиб турарди. У овқатни товоқдан кичикроқ тарелкага буғини чиқариб опкелиб қўйди. Сўнг  чой дамлаб келди.
— Ўтир, — деди Ширинқул. Ўзининг гап оҳангига эътибор берса, худди хотинига буйруқ берган каби жуда табиий айтибди шу гапни. Аммо қиз ҳадеганда ўтирай демасди. Охири ўтирди.
— Нима бало, овқат совиса мазаси қочади, ҳеч ўтиргинг келмайди.
— Мана, ўтирдим, бошланг.
Ширинқул картошканинг бир четидан ушоқдан каттароқ қисмини олиб ташлади — ирим қилди. Сўнг “бисмилло” деб бошлади.
Қиз нимадир деб юзига фотиҳа тортди.
— Тушунмадим, нима деб дуо қилдинг?
— Шу таом тоатимга қувват, иймонимга нур бўлсин деб сўрадим.
— Оллоҳ сендан рози бўлсин, — деди Ширинқул жиддий.
— Раҳмат, айтганинингиз келсин.
Назира чой қуйиб узатди. Ширинқул уни ерга қўймаёқ оғзига олиб ҳўпламоқчи эди, Назира тўхтади:
— Бир-икки томчи тўкиб ташланг. Шунда менинг дуоим сизга ўтмайди.
Ширинқул ҳушёр тортди.
— Шунақа одат борми?
— Айтаман-да, шунақа гап бор: дуо солинган чойдан бир миқдорини овқатдан ҳам пичасини олиб ташлаб юборсангиз дуонинг таъсири бўлмайди, деб эшитганман.
Ширинқул шу иримга ўзича ишонарди.
Ишхонасида бир вақтлар устоз бўлган одам иримчироқ эди: сира чойнинг биринчи пиёласини ўзи ичмас, бир-икки томчи тўкиб юборар, овқатдан ҳам бир чимдим олиб ташлашини кўп кўрган. Шу нарса унга юққан. Аммо ҳадеб бунга амал қилавермайди. Дуо  масаласи кун тартибига чиққандан сўнг шуни ўйлаб бир миқдорини қошиқ билан олиб ташлаган эди, Назира синчковлик билан кузатиб турган экан. Уялиб кетди.
— Бай-бай, жуда ширин бўпти овқатинг, қўлинг дард кўрмасин.
— Ош бўлсин.
— Ол ўзинг ҳам, лекин пичасини олиб ташлаб юбор.
— Нега?
— Чунки мен сени дуо қилиб ўзимга иситиб олаётган бўлмайин тағин.
— Шундоқ ҳам ўзингиз иссиқ одамсиз, дуо шарт эмас.
Ширинқул буни дилдорлик бериш деб тушунди ва ичида бир ийиб қўйди.
— Ажойибсан-да, Назира.
— Туҳмат қилманг, ўзингиз ажойибсиз.
— Овқатдан ол, бўлмаса ҳозир…
— Урмасангиз керак меҳмонни?
— Ураман…
— Бўлди, унда қочиб кетаман.
Шундай дея қиз ростакамига қошиқни дастурхоннинг бир четига қўйиб қўйди.
Аммо унинг жиддий гапираётгани юз-кўзидан билиниб турарди.
— Энди ростдан ҳам ураман.
— Иби, ака, нима қилопсиз?
Ширинқул тезда хонтахтани четлаб ўтиб уни қучоқлаб олди.
— Иби, бақираман ҳозир.
— Аввал уриб бўлай,  кейин…
Қиз бола эмасми, титроқ босарди уни.
— Қўйиб юборинг, кетаман.
— Кетмайсан, бир умр қоласан шу ерда.
Ширинқул ўпмоқчи эди, қиз унинг иягига тирсагини тираб туриб олди. Кучи етмагач, йигитнинг оғзини бекитди, шунда ҳам бўлмагач, ўзининг юзини тўсди. Аммо кучи етмади…
Аввал юзини у ён-бу ёнга ўгириб олиб қочди. Сўнг чарчадими ё хатти-ҳаракатлари бефойдалигига кўзи етдими, индамай қолди. Бундан фойдаланган йигит уни даст кўтариб уйидаги диваннинг устига олиб бориб ётқизди. Чирмашиб ўпаверди. Охири чарчади.
Қиз:
— Энди нима бўлади? — деб унга термулди.
— Зўр бўлади.
Кутилмаганда қиз унинг юзидан ўзи ўпич олди.
Бу йигитга яна куч берди. Босиб ўпиб, сўнг қизни ечинтиришга тушди.
— Вой акажон, вой, онажон, ўзимни ўлдираман ҳозир…
Ширинқул эс-ҳушини йиғиб олди. Бари бир ҳаяжонда эди. Қизни анчагача эркалаб ётди…

*  *  *

“Синфдошим Олқор калта ўтган кузда Тошкентга пул топиш учун келиб бизникида бир ойдан кўпроқ турди. Тоза жонимга тегди. Жуда уйқучи, кундузи мардикор бозорига чиқиб кетиб, кечқурун ўлардай чарчаб келади. Бир-иккита нон кўтариб келса дейман, буям майли, сира оёғини ювмайди, сасигандан сасийди-ей, одамнинг кўнгиллари айниб кетади. Хотиним жирканиб балкондан жой  солиб беради. Йигит кеч туради. Тургандан кейин хотиним балконнинг ҳамма деразаларини очиб қўйиб уйни шамоллатади. Бўлмаса уйда туриб бўлмай қолади. Баъзан ўзим судраб уйғотаман. “Бизнинг томонларда хотинни бегона эркак билан қолдирмайдилар, эр йўқ уйга бегонани киритмайдилар, тур, жўна” дейман. Хафа бўлади. Туриб чой ҳам ичмай жўнаб қолади мардикор бозорга. Ичиб олса айнийди. Кетиб қолган хотинини эслаб йиғлайди, сен бахтлисан, бахтлисан, деб кўзлари сузилиб хотинимга қарайверади. Охирги пайтларда  менга ҳайдовчилик гувоҳномаси оберасан, шопирингни бўшатиб мени ишга оласан, деган талаб қўя бошлади. Буниси энди тоза ошиб тушди. Келганда келдингми, кетганда кетдингми, демай қўйдим. Охири кетди. Бир марта келди-ю, кўзлари аланг-жаланг ўғрига ўхшаб кириб-чиқиб юрди, бошқа қорасини кўрсатмади.
У чақалоқлигида жуда кичкина бўлган, онаси телпакка солиб катта қилган экан. Кузда янтоқ чопар маҳали онаси янтоқнинг соясига ётқизиб дастага суяб қўяр экан. Ана ўлади,  мана ўлади билан катта бўлган экан. Катта бўлганидаям паканалигича қолди. Шу боис биз уни “Олқор калта” деб кетдик. У синфимизнинг қолоқ,  мишириғи оққан, бўш-баёв ўқувчиларидан эди. Катта бўлганда эса зиқна, пишиқ, ўзидан бошқасини ўйламайдиган одамга айланди. Ҳеч жойда  ўқимади. Иш йўқ. Уйланди. Хотини кетиб қолди.
Назира айтган Сулув фолбинга борганимда Олқорнинг сифатларини айтди: ўртоғингиз, бўйи пак пакана, кўккўз, чаққон йигит.  Шу қилган дуони. Қайтарма қилдириб ташланг…
Дуокаш мулланиям Назира айтди: Шопойизнинг ичкарироқ маҳалласида турадиган, тожик шевали, кекса бир чол экан. Уч кун қатнаб ўқитдим. Анча енгилман, бошимдан туман кўтарилгандай”.

*  *  *

Назира йигитнинг энг яқин сирдоши эди. Ширинқул гарчи унга ўз маҳрамидай, тортинмай муомала қилса-да, негадир бари бир хотин бўлишини кўз олдига келтиролмасди. Қиз эса бутунлай унга боғланиб қолди. Аксига олиб Ширинқулда қизга нисбатан севги аломатлари кўринмас эди. Назирага дўст, эркак жўрадай гапирадиган бўлиб қолди. Қизга шуниси ҳам ёқиб тушар, назарида Ширинқул энди хотини билан бутунлай узилишган, ришталарни қайта боғлашга ҳаракат ҳам қилмасди, бу кайфият қизда умид учқунларини ёлқинлантирди. У Ширинқулдай одамга турмушга чиқишга мингдан-минг рози,  балким хоҳлар, хатти-ҳаракатлари билан бу хоҳишини сездириб-сездириб, йигитнинг турмушига дахлдорлигини билдириб, у учун куйиниб юрарди. Хоҳлар эдики, ҳаётнинг муҳим нуқталарида менга суянса, шунда мен ишончини оқлаб хизмат қилсам, кейин бутунлай боғланиб қолиб бошқалар ҳақида ўйламай қўйса…
Қизнинг мўрт, нотавон кўнгли шуни тиларди.

*  *  *

Назира йигитнинг уйига бориб кир ювиб… келганига беш кун бўлган эди. Ширинқул ишга отланаётганида қўл телефони жиринглади. Қараб туриб қайноғасининг уйидан бўлаётганини номеридан билди. Тугмасини энди босиб қулоғига тутган эди, ўчиб қолди. Ўтириб кутди. Кутаверди. Туфлисини кийиб эшикдан чиққанида уй телефони босиб-босиб жиринглайверди. Юраги чидамай эшикни очиб кириб гўшакни олди. Ҳеч ким индамади. Энди қўяман деб турганида, ингичка овоз эшитилиб қолди:
— Адажон!.. Мақсу!..
— Алло, алло, қизим… гапир, нимага гапирмайсан?
— Адажон, сизни соғиндим…
— Менам соғиндим,  Мақсуда, келмайсанми? Ойинг қани, чақир.
Яна алоқа узилди. Ярим соатча остонада бетоқат кутди. Бошқа телефон бўлмади. Эртага Навоийга хизмат сафарига жўнаши керак. Йўлда тушиб ўтсамми Қипчоққа, деб режа туза бошлади. Машинага чиққанида  Аваз телефон қилди:
— Ишга келасизми? Тезроқ келинг, гаплар бор.
Идора остонасини қатлар-қатламас Назира рўпара бўлди.
— Аваз акага киринг, мана бундай янгилик эшитасиз!
У қўлини “михдай” қилиб кўрсатди.
— Наҳотки, нима гап?
— Киринг, ўзларидан эшитасиз.
Аваз унинг қўлини ҳар доимгидан бардам ушлаб, сиқиб кўришди.
— Ўзи бу кресло сизга аталган, дўстим! Бугундан бошлаб ўзингиз ўтиринг.
— Йў-йў, нима гап ўзи?
— Хўжайинга аввал ҳам икки марта кириб: “Ширинқул ҳар томонлама эзилиб юрибди, оиласиям бундай бўлди, жойига ўтирсин” деб илтимос қилган эдим. Илтимосимни ниҳоят, бугун қондирди. Ариза бердим, қўл қўйди.
— Ноқулай-ку. Ўзингиз…
— Мени ўйламанг. Ишларга қўлдан келганча ёрдам бераман. Бошқа яхши таклиф ҳам чиқиб турган эди, бу ер бегона бўлмасин деб, сизни ўйлаб  унамаган эдим. Биров, бегона келиб қолмасин девдим. Мана, вақти-соати бор экан-да ўзи. Битта ариза ёзиб, хўжайинга ўзингиз кирсангиз ҳам бўлади. Бўлмаса мен…
— Ишлайверсангиз бўларди-да, ўрганиб қолувдим.
— Бу гап ортиқча. Ўзимга ноқулай бўлиб юрувди, елкамдан тоғ қулагандай бўлди. Сиз бу ерга ўргангансиз.
Ширинқул бундай бўлишини ҳали-вери кутмаган эди. Авазнинг эртароқ келинг дейишидан бошқа янгилик кутганди, Мағфират унга телефон қилиб бирор нарса деганмикан, деб ўйлаганди. Шу боис ҳозирги янгилик янгиликдай туюлмади: на қувонди,  на хафа бўлди, қайтанга Авазнинг қаршисида бир оз хижолат чекди.
Хонасига кириб эшикни ёпмасидан Назира қушдай учиб кирди. Кўзлари порлаб йигитнинг юзидан “чўлп” этказиб ўпиб олди. Унинг хомушлигини кўриб:
— Нима бўлди ўзи? — деб сўради.
— Ҳеч нима.
— Қанақасига? Эрталабдан дув-дув гап-сўз. Аваз ака ариза берибди, директор яна Ширинқул акани қўйибди, деб. Унақа бўлмадими?
— Нима аҳамияти бор бунинг?
— Вой, сизга аҳамияти йўқми? Мен… анов кунги дуони олдиргандан кейинги омадингиз деб ўйлаб эдим. Мана, кўрасиз, ҳали яна омадингиз чопади. Мени айтди дейсиз.
— Туш кўрдингми?
— Энди-да…
— Кўрган бўлсанг айт.
Йигит қизнинг юзидан секингина ўпиб қўйди.
— Эрталаб қизим телефон қилувди, — деди хўрсиниб. — Нимагадир ўчиб қолди.
— Ана, буям омад.
— Шунинг орқасидан бир янгилик эшитаманми деб ўйлагандим. Иш эса бўлаверади-да, бир кун ундоқ, бир кун бундоқ — энди бир жойга ҳоким бўлармидик.
— Ҳали бахтли бўлиб кетасиз.
— Шундай деб ўйлайсанми?
— Албатта.
— Кошкийди…
Ширинқул қизининг телефон қилгани хабаридан Назира хафа ё хурсандлигини англаёлмади. Қиз чиқиб кетгач ўз ёғига ўзи қоврилиб қолаверди.

*  *  *

Эртаси куни ҳам,  ундан кейинги кун ҳам Қипчоқдан телефон бўлмади. Ботиниб ўзи  ҳам сим қоқмади. Ҳойнаҳой Мағфират борганини эшитган чиқар. Наҳотки ўзининг қаердалигини ҳам билдириб қўйгиси келмаса. Аёл киши ҳам шунақа қаттиқкўнгил бўладими? Ахир мен эркак бўлатуриб бордим-ку, йўқ, энди ўзи изласин, деган хаёл уни қамраб, бўйсундириб олди.
“Кечириб бўлмас гуноҳим нима: талоқми, миннатми? Мундай  олганда икковиям бир-биридан баттар. Мағфиратнинг “дунё шундоқ турурми?” деб йиғлаши, миннат қилганим учун эди. Юрак ҳам хун бўлиб кетди. Нега шу гапни айтдим-а? Айтмасам бўлмас эдими? Мана, дунёси ҳувиллаб қолди.
Худо уриб бировга эрга  чиққан  бўлса-я…
Мағфиратнинг шундай қилишига кучи етармикин? Йў-ўқ, ҳеч ишонгим келмайди. Бировларга эрмак… Мағфират-а?! Ширинқулнинг хотини шундай қилиб юрибди деган гаплар чиқиб кетса-я?! Бундан кўра ўлиб кетаверган минг марта яхши-ку! Нима қилиш керак? Яна борсаммикан?..”

*  *  *

— Назира, нима деб ўйлайсан: борсамми, бормасамми?
— Ўзингиз биласиз. Лекин билиб қўйинг:  у хотин энди сизники эмас, бошқа бировга эрга чиқиши керак.
— Унчаликмасдир-ов. Ҳеч йўл-йўриғи йўқми?
— Аслида йўл йўқ…
— Тўғрику-я. Ўзим ҳам яқинда “Талоқ китоби” деган китобча ўқидим. Ундан аввал “Мухтасар” деган китобда кўзим тушган эди. Қуръондаям бор. Тарк этолмайман-да, нима қилай?
— Хотинингиз тўғри  юрганига аниқ ишонасизми?..
— Ундай дема, ундай дема! У… Энди юракни қон қилма-да сен ҳам.
— Дейман-да, шунча вақтдан бери…
— Мана, сен ҳам юрибсан-ку?
— …менинг йўриғим бошқа. Оллоҳ насиб қилса, ҳаётдан умидим кўп.
— Ишонасанми?
— Бир нарса деёлмайман. Аммо…
— Аҳд-паймон қилганинг бордир?
— Ростини айтайми?
— Айт.
— Айтмайман…
— Майли, айтмаганинг тузук…

*  *  *
Ўртаниш, иштибоҳу иккиланишлар қуршовида юрганининг учинчи куни идорасига ён қўшниси Фарида телефон қилди.
— Ока, суюнчини чўзинг!
— Айтинг, суюнчи бермаганам номард.
— Болаларингиз…
— Раҳмат! Қани, уйнинг олдида туришибдими? Айланай сиздан…
— Бизникида, вой…
— Мағфират-чи?
— Келсангиз кўрасиз.
Болалар аллақачон кўчага чиқиб ўйнаб юришган экан. Мақсуда чопиб келиб дадасининг бўйнига осилди, ҳеч қўйиб юбормади. Туриб-туриб йиғлаб юборди. У ўзини тўхтатолмас, дадасининг бўйнидан ҳам қўлини бўшатмас эди.
— Бўлди, бўлди, эна қизим. Энди ҳеч қаёққа кетмайсан, ҳар куни ўзим ўйнатаман, ҳар куни…
Шундай  дея дадаси ҳам йиғлаб юборди. Оёғига келиб мушукдай эркаланаётган ўғлини ҳам сезмади. Кап-катта эркак, дунёда энг зўр одам деб ўйлайдигани дадаси бўлса, буям йиғлаб ётса. Фирдавс ҳам беихтиёр йиғлашга тушди. У биринчи марта дадасининг юзларидан чўлп-чўлп ўпди, юзини ўгириб яна йиғлади.
Фақат  Мағфиратгина тусини ўзгартирмади. У бир нафас эрига қараб қолди, кўзидаги ёшни  кўриб раҳми келдими ё унинг ҳам йиғлагиси келдими юзини олиб қочди.
— Ширинқул ака, — деди Фарида эшилиб, – қайтадан тўй қиласиз энди, ҳе, одам бўлмай кетинг…
— Майли, майли, бугуноқ тўй. Рашид келса чиқинглар,  тўйни бошлаймиз-да.
Болаларининг ранги қорайиб, кийимлари ҳам тўзиб, ранги ўчиб кетган эди. Мағфират ҳам қорайибди. Озибди.  Ўзи камқон эди. Овқат кам ерди. Бировники ўзингникидай бўлармиди. Кийимлари ҳам бир аҳволда. Алмаштириб кийишга кўпроқ опкетмаган экан-да. Майли. Муҳими — келди-ку. Харобу хонавайрон бўлиб кетган оила тағин тикланди-ку! Худойимга шукр! Мингларча шукр!
Мағфират ваннага кириб узоқ ювинди. Сўнг болаларини опкириб ювинтирди. Ширинқул уларнинг чиқишини кутиб ўтирмай бозорга зинғиллади. Ростдан ҳам бир тўйга етгулик нарса кўтариб келиб уйига ташийверди. Тугаб бораётганига қарамай донаси товуқннинг тухумидай келадиган қулупнайлар, тут, янги чиққан зардолию гилослар, пишган, пишмаган қўй, товуқ гўштлари, турфа шарбату  ичимликлар… Ўзи йигит ҳаётида биринчи марта шундай эриб кетиши чиқар.
У бир талай ҳамқишлоқлари, ишхонаси, бир неча қўшниларини  ҳам меҳмонга чақирди. Мағфират ҳам чурқ этмаган бўлса-да, астойдил дастурхон тузаб овқат пиширишидан яқин соатларда об-ҳаво ўнгланиб кетишидан умид  қилса бўларди. Ишхонасидан Аваз, Машҳура опа, яна уч киши келди. Назира келмади. Келмаганиям тузук бўпти. Машҳура опа гап орасида бир-икки марта Ширинқул билан уни сал бўлмаса ошиқ-маъшуққа чиқариб қўяёзди. Аваз бир амаллаб гапни бошқа ёққа буриб вазиятни ўнглаб юборди. Қўшниси Фарида эса тамом Назира билан қизиқиб қолди. “Ҳижобли қиз эмасми?” деб сўради. Иккаласи бирпас шивирлашиб қолишди. Яхшиям шу топда Мағфират ё ошхонада, ё ўғлини ухлатиш билан банд эди. Аваз баланд овозда Ширинқулнинг қўшниси Рашидга қадаҳ сўзини узатиб  юборди. Рашид ҳам эл қатори энди бу  оилада сира низо, келишмовчиликлар бўлмаслигини, янги келин-куёвлардай тинч-тотув яшашлари ва “ёшлар” қўша қаришини тилади. Ўтириш алла маҳалгача давом этди. Охири Аваз “асал ойи бошланган” шу кунларда ёшларни кўп ҳам безовта қилмаслик зарурлигини уқтириб дастурхонга фотиҳа тортди.
Мағфират йўлда чарчаб келгани бир сари кел-кетди, дастурхонга уннаб чарчаб, кўзлари киртайиб қолган эди.
— Кел, ўтир, қолганини эртага йиғиштирасан,  ҳеч нарса  қилмайди, — деди Ширинқул. Кўп  ичилган бўлсаям у ҳушёр эди. Мағфиратга қараб  негадир безовта бўларди. Мағфират эса ҳамон чурқ этмай идишларни ошхонага тапширди.
— Қўй, бўлди, — деди Ширинқул яна.
Бу сафар Мағфират ўтирди. У бари бир эрига  қарамас эди.
— Мени кечир, Мағфират, итлик қилдим.
Хотини бунга жавобан столнинг гардишини тирноқлаб  ишқалаб, эрмак қилиб ўтирди.
— Худога минг қатла шукр, кечирганингми бу?
— Нима қилганим?
— Келганинг.
— Ўзингиз бордингиз шекилли…
— Мен, тўғриси, тавба қилиб бордим.
— Миннатчи одамнинг тавбаси қаерга борарди. Бунинг устига оғзингизни каппа очиб талоқ қўйдингиз…
— Бундан чиқди, кечиролмабсан-да. Проста акангнинг уйига сиғмагансан,а?
— Миннатдан бошқа гапингиз қомапти ўзи?
— Мен… миннат қилмайман. Тавба қилдим… Қўй, бу гаплар мениям эзади, сениям. Мен билан озроқ ич, хўп де.
Ширинқул ўзини пиёласига тўлдириб, уникига камроқ-камроқ тўрт марта қуйди. Ўпкаси тўлиб кетди. Дунё бир ёруғлашиб, бир қоронғулашди. Яна ёришди. Хотиниям мўлтираб термулди, кўзларини ғумбурлаб ёш қоплади. Хотини қизариб кетган эди. У эрига тик қаради. Эрининг кўзларидан шашқатор ёш қуйилиб кетди. Бу унинг ўтинчи, ялиниб-ёлвориши, тавбаси ва умуман тақдир шу ергача етаклаб олиб келгунча бўлган дардининг кўз ёриши эди.
Мағфират чидаб туролмади.
Келиб эрининг устига ўзини ташлаб баралла ҳўнграб юборди. Кўзидаги ёшини тўхтатолмас, бурни шўрқиллар эди.
— Бўлди, бўлди, йиғлама. Йиғлайверма дейман, ёш боладайсан-а.
Йигит ўзича шундай дедию, ҳиқиллаб, кўкраги оғриб қолгунча йиғлади. Кўзлар, юзлар, бурунлар қизариб, шишиб кетган эди. Ниҳоят, Ширинқул хотинининг юзидаги ёшни артар экан, ёш болани ўпгандай ўпиб қўйди ва беихтиёр:
— Этагингни тоза тутдингми, Мағфират? — деб сўради.
Мағфират тахтадай қотиб қолди.Сўнг кўзларини юмганча боягидан ҳам баттар бўзлаб юборди. У таёқ еган боладай бор овозини қўйиб юборди ва кучсизгина қўллари билан столни алам билан муштлади.
— Қайтиб олдим, Мағфират. Мен тушундим.
— Шунча ифлос дедингизми мени, шунчаликка боради деб ўйладингизма?
— Кечир мени, ма, пичоқни олиб сўйиб ташла, бўлди, ма!
Шу кеча осмон ҳам йиғлади. Гўё момоқалдироқлар жўрлигида инқиллаб, йўталиб, эҳтимол тўйиб йиғлади. Лекин бу икковлон тун ярмигача йиғига тўймади. Охири кўзларининг ёши қуриб битди. Бунга довур савол ҳам, жавоб ҳам ҳўнг-ҳўнг билан айтилди. Ниҳоят улар кулишга ўтдилар.
Ширинқул хотинини қучоқлаб кўтариб олди.
Мағфират ҳаётида биринчи марта баданига эрининг қўли текканда индамай, аксинча, ёқтириб, кулиб ётди. Ширинқулнинг бунга сари ғайрати жўшиб, кучини кўрсатди. Ушбу лаҳзанинг тотини тушида ҳам кўрмаган,  эртакда ҳам ўқимаган эди. Шу боис эҳтиросга тўла бу фурсатнинг узоқ давом этишини  хоҳлашарди.
Ширинқул аёл зотининг бу қадар ширинлигини энди билди. Дунёдаги энг гўзал аёл ўзиники экан!..

*  *  *

Талабаликдан сўнг ўртоқлари билан араб алифбеси ва намоз ўрганамиз деб бир мулланикига қатнаган эди. Абдулла қори дер эди у  кишини. Ҳар икки кунда кечқурун, ишдан сўнг уйига бориб икки соатдан дарс олишарди. Тажвид, муаллими соний ва ундан сўнг ҳафтиякка киришиб кетишди. Ширинқул илгари бундай сабоқ кўрмагани сабабми жудаям қизиқиб қолди, гўё дунёда жавоби йўқ саволларга исломда жавоблар бор эди. Асосий фарқлар, суннатларни билиб олди. Жамиятда юз берган эркинликлар динга ҳам кўчган эди. Дастлабки рўза тутган кунларини яхши эслайди. Рўзанинг биринчи ҳам бўлган гапларни сўзлаб бера бошлади. Мулла эса, (ҳойнаҳой ҳожи ота бўлса керак) энгашган кўйи бир қоғозга араб имлосида бир нарсаларни ёза бошлади. Ширинқул, худди у одам бунинг гапларини ёзиб олаётгандек оқизмай-томизмай тўғрисини гапириб бера бошлади. Ҳожи ота ёзишдан тўхтади ҳамки, мижоз тўхтамади. У чамаси ғишт енгил кўчганига тамом иқрор бўлган эди.
— Отингиз? — деди меҳрибон одам.
Айтди.
— Келин?
Айтди.
Энди муҳр босиш қолган эди.
Иш худди ўйлаганидай, яъни рисоладагидай амалга ошди. Ширинқул белгиланган тартибда  жарима тўлади ва бажонидил, кўнгилдан чиқариб “одамгарчилик” ҳам қилди. Ҳожи ота бу “одамгарчилик”ни табассум билан, меҳрибонларча қабул қилди.  Узундан-узоқ дуо қилди, оиласини, фарзандларининг мўмин-мусулмон, иймонда собит бўлишларини, қўша қариб, фарзандларининг роҳатини кўриб давру даврон суришларини тилади. “Патта”ни қўлига олиб шитоб билан машинасига қараб юраркан, “одам деган бундай бўпти-да”деб қўйди.
Ишхонага ўзида йўқ хурсанд кириб келди. Аваз унга кабинетини бўшатиб қўйибди. Қабулхонада Назира. Унинг юзидан бир нарсани уқиш қийин. Ҳар доимгидай ўрнидан туриб “Ассалом” деди. Ширинқул ичкарига кирди, ичкаридан Назирага чой буюрди. Креслога чўкди. Бирам ёқимли, майин эдики бу ўриндиқ…
— Янгамуллом телефон қилувдилар. Негадир менинг исмимни сўрадилар… Сиз соткангизни ўчириб қўйибсиз.
— Э, парво қилма. Мана буни қара, — дея у чўнтагидан тўрт букланган фатво қоғозини чиқарди. — Нималигини биласанми? Айтмоқчи, арабча ўқий оласан-ку.
Назира уни қўлига олди. Тезда қайтарди-да:
— Фатво экан, яхши бўпти, — дея бурилиб чиқиб кетди.
Ширинқул унинг орқасидан қабулхонага чиқди. Назира очиқчасига тумшайиб олган эди.
— Хоҳласанг, — деди Ширинқул ва гапини давом эттирмай ўйланиб қолди.
— Бу ерга Машҳура опа ўтқаздими? — деди бирдан.
Назира индамай тураверди.
— Хоҳласанг, — деди яна Ширинқул унга, — бирор жойдан квартира топиб сенга шароит қилиб бераман.
— Гуля касал экан, Аваз ака шу ерда ўтириб тур деб айтоптилар, — деди Назира зўрға овози чиқиб.
Бошлиқ нега бундай деяпти деган мисол унга ҳайрон қаради. Сўнг қизнинг аввалги саволга жавоб бераётганини паришон бўлиб эслади.
— Тўғри қипти, — деди.
Негадир шу топда юраги гумуриб кетди. “Энди ҳеч хато қилмайман, тоза юраман” деб ўзига қасам ичди. Кабинетига ўтиб уйига қўнғироқ қилиб Мағфиратдан суюнчи олмоқчи бўлди. Ҳеч ким телефонни кўтармади. Бир ёққа чиқишгандир-да деб чой хўплашга тутинди.
Идорадан чиқишдан олдин уйига тағин қўнғироқ қилди. Қизи олди. Энди ширин қизим, асал қизим, нима оборай, деб эркаламоқчи эди, у: “Дада, тезроқ келинг, ойим турмаяпти”, деди. “Ухлаяптими?” — деди у кўнглига алағдалик тушиб. “Турмаяпти, Фирдавс йиғлаяпти”, деди қизи ва ҳиқиллашга тушди. “Ҳозир бораман, қизим”, дея шошиб гўшакни қўйди. Негадир бўғинлари бўшашиб кетди. Ичидан муздай бир нарса сирғалиб товонигача тушди. Шол бўлиб қолмадимми деб оёқларини қимирлатди: ишлаяпти. Лекин увишгандек.
— Назира, — деди титроқ товушда.
Қиз эшикдан мўралади.
— Телевизор, чойнак-пойнакларни токдан суғуриб қўй, мен кетдим.
Назира ҳайрон бўлди.
—    Ўчирилган-ку ҳаммаси.
Лекин бошлиқ бунга аҳамият бермади. Кун асрга оғиб, болалар “дом”нинг соясида шовқин солиб ўйнашарди. Ширинқул жонсиз оёқлари билан учинчи қаватга ҳарсиллаб чиқди.
Мағфират чалқанчасига сочи тўзғиб ётар, Фирдавс уни юлқилайвериб, йиғлайвериб, охири чарчаб, онасининг кўкрагига бошини қўйганча ухлаб ётарди. Қизи бўлса эшик кесакисига суянган кўйи пиқиллаб йиғларди.
Ширинқул шитоб билан бориб хотиннинг юзини ушлади: совуқ. Кўкрагига қулоғини тутди: юрак урмаяпти. Кўзларини йириб очиб кўрди: бемаъно. Оёқ қўли энди чинакамига ишламай қолди. Ўтирган кўйи хотинига тикилиб қолди. Бўйнида чойшаб. Бир учи карнизга боғланган, карнизнинг бир томони юлиниб тушган. “Увв” деб юзини чангаллади. Сўнг туйқус “Э, Худо!” деб бақириб юборди. Қанча изиллагани билан кўзига ёш келмасди. Фирдавс уйғониб йиғлай бошлади. Унинг оёғи остида, Мағфиратнинг ўнг қўли ёнида бир қоғоз ётарди. Ширинқул қоғозга дарров қўл чўздию, уни ўқишга ботинмади. Кўз қири билан: “Назира”, “Фарида” деган исмларга қаради. Сўнгроғида: “Дунё шундоқ турурми?!” дейилган, бариси шундай аён ва  кундай зулматли эди.
Беҳолгина қоғозни турт буклади ва беҳолгина кўкрак чўнтагига тиқмоқчи бўлди. Ҳадеганда киравермади. Бу чўнтагида тўрт букланган тағин бир қоғоз бор эди: иккови бир жойга сиғмади…