Ташқарида ёмғир қуяр, магазин ичида намиққан туз ва совун ҳиди анқир эди. Эшик оғзида турган совхоз директори Тўраев:
— Сел келар-ов, — деди. Пештахта ортида турган мудир бўйнини чўзиб, сойни кўрмоқчи бўлди.
Кўча ёқасига келиб, бир машина тўхтади. Кабинадан милиционер тушди. У тўладан келган, шапкасини бостириб кийиб олган, погонида учта юлдузчаси бор, чеҳраси ташвишли эди. Шошиб, магазин айвонига чиқди. Этикларини уриб қоқди ва шапкасини бошидан олиб, сочини кафти билан силади.
Тўраев унга илжайиб қараб турарди: секин ортидан бориб, икки қўллаб унинг кўзларини беркитди.
— Топинг! — деди.
Милиционер илжайди, бурилди ва бирдан қовоғини уйди:
— Салом.
— Яхшимисан?
— Яхши… Ёмғир ҳам зўрайди!
— Жуда!
— Ҳм…
— Э, одаммисан ўзи?! — Тўраев унинг тирсагидан ушлаб ўзига қаратди. — Нима бўлди? Танимаяпсанми?
Милиционер томоғини қириб, шапкасини кийди:
— Танидим… Сиз совхоз директори ўртоқ Тўраев бўласиз.
Тўраев бурнидан нафас олиб, бошини орқага тортди:
— Ҳазил қиляпсанми? —Қанақа ҳазил?
— Ҳали шунақами?
— Нима?
— Бор, тошингни тер! — Тўраев бурилиб магазинга кирди, бир оздан кейин қайтиб чиқиб, айвондан чиқди. Тарновдан оқаётган сувга парво қилмай, милиционерга бурилди: — Катта бўп қопсиз-да, а? Замначалник бўпсиз-да?! Тузук, тузук… Танимай қолдингизми? Ўзи, эскилар айтишар эди, милиса билан дўст бўлма, хотинга сир айтма, номарддан қарздор бўлма деб. Шу гап рост экан!
Милиционернинг қалин лаблари учди, бурун катаклари қаппайди, лунжи шишди:
— Ҳа, — деди хириллаб. — Бу рост гап. Милис билан дўст бўлма… Милиса билан ҳар ким ҳам дўст бўлолмайди!..
— Энди билдим. Ишондим, — деди Тўраев ва телпагини бостириб, тошлоқдаги кўлмаклар устидан ўтди ва қумлоқ йўлга тушиб, идора томон кетди.
Милиционер хўрсиниб, ҳар тарафга бокди. Сўнг магазинга қараб, ичкарида ўзига тикилиб турган мудирни кўрди. Тағин ортига қараб олиб, шитоб билан хонага кирди:
— Юзта қуй! — деди. Магазинчи ўйланиб:
— Бизда… граммлаб сотилмайди-ку, — деди.
— Қуй, қуй! Гапни чўзма! — замлади милиционер ва пештахта бурчагига ўтди. — Ҳов, конфетдан ҳам битта ол!
— Энди… янгисини очар эканмиз-да, — магазинчи тўнғиллаб, растада турган ароқдан бирини олди-да, кир дока билан артиб, қопқоғини тишида очди. Пештахта остидан пиёла олиб, пуфлади. Ароқдан ғулдиратиб қуйиб, меҳмонга узатди.
Милиционер пиёлани бир кўтаришда бўшатиб, конфетдан тишлади. Шимидаги пистон чўнтагини ковлади.
— Э, қўяверинг, — деди мудир пиёлани олиб. Милиционер пештахтага пул ташлаб, эшикка қараб турди. Сўнг папирос тутатди. Дўкончи берган қайтимни шинели киссасига солиб:
— Кофирунга қайси йўл яқин? — деди.
— Ҳамма йўл ҳам, — жавоб берди мудир унга ҳайратланиб қараганча. — Пиёда борсаям бўлади-ю, ёмғирда қоласиз… Сойди кечиб ўтиш керак. Сувиям мўл.
— Шу йўл яқинроқ-а?
— Ҳа, буниси яқин. Қирдан ошсангиз, Копирин-да.
Милиционер папиросни ташлаб, товонида эзди. Шапкасини бостириб, ёқасини кўтарди. Шинели баридан чимдиб ушлаб, ташқарига чиқди ва шовиллаб ёғаётган ёмғир остида йўлнинг нариги бетига ўтиб олди.
Юз қадам юриб, сўқмоққа бурилди ва тийғаниб ажриқзорга туша бошлади. Ажриқзор кенг майдонни ишғол қилган бўлиб, бир томони юлғунзор, бир томони қамишзор, қамишлар орасидан буғ кўтарилиб турарди. Милиционер ажриқзорни кесиб, тузи чиқиб ётган сой соҳилига етди. Сойнинг бу ери кенгайиб оқар, сув бўтана, ҳар ер-ҳар ерда думалоқ тошлар чиқиб турар эди. Милиционер ўйланиб, сувга тушди-да, яна шинели этакларини кўтариб, олға юрди. Сойнинг ўртасига етганда, сув унинг тиззасидан ошди. У тўхтаб, орқасига ғамгин қаради. Сўнг яна олға жилиб, белигача шалаббо бўлиб, нариги соҳилга чиқиб олди. Ажриқзорга ўтиб, шими почаларини сиққан бўлди. Бир-икки қадам бориб, харсанг тошга суянди. Этикларини ечиб, сувини тўкди, яна кийди ва сал ўтмай, нари ёкдаги газа ўркачига чиқиб борди. Кўкатлар ниш урган, ёмғир арналардан оқар, ерга сингиб кетар эди. У адирдан ошиб, қишлоққа туша бошлади.
Қишлоқ этакдаги дарёнинг соҳилида бўлиб, яланғоч, сийрак дарахтлари шуппайиб турар, шиферли томлардан тутун кўтарилар, пастдан кесиб ўтган йўлда бир отлиқ бир буқани суриб ҳайдаб борарди.
Милиционер йўлга етди. У ёқ-бу ёққа анграйиб, кўринаётган уйлардан дурустроғини танлади-да ўша ёққа юрди. Бироқ бу уйнинг ортидан ариқ ўтган эди. Сакраш учун қулай жой излади, тополмай тўхтади. Сўнг… ёнбошида қаққайиб турган, томига шифер ёпилмаган уйга йўналди. Нишаб сўқмоқдан тушиб, қўй қийлари эриб оқаётган майдонга етди. Шунда уй биқинидаги бостирмада ётган този ит ҳурди, лекин туришга эриниб, бурчакка тиқилди.
Милиционер чимирилиб, тўғри уй эшигига борди, тақиллатди:
— Ким бор?
Уйча икки хонадан иборат экан, ичкаридан овоз келди:
— Ҳозир… — бир оздан сўнг эшикдан оқ кўйлак кийган, сийрак соқол ўрта яшар йигит чиқди. Милиционерни кўриб, кўзлари кенгайди: — Келинг, бобо, — деди.
Милиционер уйга кирди. Уй қоронғи бўлиб, ичкари хонада ёнаяпган лампочка бунисини ёрита олмас, хонадан анор, қатиқ ва рутубат ҳиди анқир эди.
— Ичкари киринг, бобо. Э, этикни ечиб ўтирасизми? — деди уй эгаси.
Милиционер шошмай пальтосини ечиб, унга берди. Этигини суғуриб, ерга ётқизиб қўйди. Пайпоқларини ҳам ечиб, эшикдан чиқариб сиқди, сўнг этик қўнжига ёйиб қўйиб, оқем бўлиб кетган оёқларини бўйрага енгил босиб, ички хонага ўтди. Ўртада танча тутар, деворга дўмбира илинган, бурчакка ўрин солиб қўйилган, тўрда бир тахмон юк, ерга кигиз тўшалган эди.
— Ўтиринг, бобо! Сандал ҳам совиб қоған. Ўт қилайми? Совқотган кўринасиз?
Милиционер унинг қийшайиб турган гавдаси, чўлоқ оёғига қараб:
— Керак эмас, ўтиринг! — деди.
— Хўш-хўш, — уй эгаси ўтирган еридан яна ирғиб турди. — Чой қўяй, у-бу опкелай!
— Керак эмас! Ўтиринг. Отингиз нима?
— Отим Хушвақт! — мезбон чўккалади.
— Шамоллайсиз, устингизга бир нима ташлаб олинг!
— Э, шамоллаб ёш боламизми! Қатиқ опкелай бўлмасам! — мезбон дастурхон ёзди, қўш нон келтирди, косада қатиқ қўйди. — Қани, олинг!
Милиционер нондан синдириб тишлади:
— Хушвақтбой, — деди ўйланиб. — Ким бўлиб ишлайсиз совхозда?
— Биз… искаладга қоровул, бобо, — жавоб берди мезбон.
— Нимага уйингиз мундай хароб? Хотин борми?
— Худога шукур, бор. Учовгина болаям бор… Аммасиникига қидириб кетган эди. Кеп қолар… Уйни сўрайсизми? Нима қипти, вақтинчага бўлади бу!
— Нимага вақтинчага? Бошқа уй соляпсизми?..
— Ҳа, битиб қоғанда қиш тушиб қолди. Ёзда битириб оламиз энди.
— Қаерда?
— Ҳе, дайрадан норман. Боболардинг юртидан. Чўпон бўғанмиз-да аслида.
— Ҳм… директор ёрдам беряптими?
— Эй, мен сизга айтсам, милиса бобо, бу директоримиз кўп қорувли бола чикди. Кўз тиймасин, бўлали бола!
— Нимаси яхши? Сиз бундай уйда ўтиринг, у типовой уйда турсин, яна участка солаётган бўлсин!.. Шуми яхшилиги?!
— Э, уни айтасизми? Лакин, милиса бобо, типовойдан бизгаям бировини берамиз дейишганди. Кампир кўнмади, юртқа борамиз, деб. Ўзларининг лакин участка соғанини билмайман. Тепамда худа бор, ёлғон гапиралмайман!
— Йўқ… Бизга, районга маълумот борган! Директор бўлганига бир йил тўлмай, участка солди деб… Яширманг! Биз бирибир аниқлаймиз!
— Э, милиса бобо, биз яшириб нима қиламиз. Яширсак, директор кун туғдириб берадими бизга… Бор гап. У ёғини сўрасангиз, у бола асли шу қишлоқдан, милиса бобо. Бир камбағалдан чиққан. Кўп қийналди бечора. Қийинчилик билан ўсган… Уни билган билади, билмаган билмайди!
— Асли шу ерда туғилган-а? Хўп… Ўша туғилган ерида нима бор ҳозир?
— У ерда ҳеч гап йўқ, обориб кўрсатаман хоҳласангиз. Затехник бўғанда, бир кулба соламан, деб журди. Ҳашарга чақирди одамларди. Пахса девор қилиб, уйи тикка бўғанда, директор кўтарилиб кетди… Шуйтиб, у киши типовойга кўчди. У кулба шу аҳволда қолиб кетди.
— Қани, менга кўрсатасизми? Йўқ, сиз турманг… Ўзим топиб оламан!
— Э, оёқ чўлақ бўғани билан журишга яраймиз, милиса бобо. Қани, қатиқдан олинг… Борамиз-да! Чой қилай. Гўшт бор…
Милиционер соатига қараб олди:
— Йўқ… Бўлмасам менга бир калиш беринг, — деди. — Пайафзал қуриб турсин. Совуқ ўтиб, буринни тортиб юрмай.
— Хўп-хўп. Калишдан бошқа нима бор. — Мезбон ҳаллослаб туриб, сандиқ устидан кўрпаларни тушира бошлади. Қопқоқни кўтариб, бир жуфт калиш олиб милиционернинг олдига ташлади. — Бўладими?
— Бўлади, бўлади.
Бир оздан сўнг улар баланд ўриклар остидаги бир ён девори ёмғирда ювилиб кетган уй олдида туришар, унинг супалари ҳам емирилиб туша бошлаган эди. Айвонга чиқишган эди, ичкаридан бир ит чиқиб қочди. Милиционер ичкарига мўралади, суяк, жун, тери парчалари, ром қўндирилмаган деразадан совуқ шамол кирар эди…
Милиционер қишлокдан чиқиб, сойдан ўтди. Магазинга келди. Дўкон берк, қоровулхонада одам кўринарди. Милиционер будкага яқинлашди:
— Директор қани?
— Идорага кетган эди, — деди дўкончи.
— Бориб… чақириб келинг! Биров сўраяпти денг.
Директор милиционерни кўрибоқ тўхтади ва шарт бурилиб кета бошлади. Милиционер унга етиб олиб, тирсагидан ушлади:
— Ўртоқ Тўраев!
— Ҳа, мен ўртоқ Тўраевман! Сен замначальник бўлсанг, мен директорман… Нима дейсан?! – дея бурилди директор.
— Йўқ… Сен Абдушокирсан, сен менинг ўртоғимсан.
— Сендай ўртоғим йўқ.
— Юр магазинга. Иш бор…
Тўраев бурилди. Бир неча дақиқадан сўнг икковлон кулишиб йўл ёқасида туришар, дўкончи магазин эшигидан уларга ҳайратланиб қарарди…
1966