Шукур Холмирзаев. Бир гузар одамлари (новелла)

1966 йил 26 апрель, тонг.
(Шингил новеллалар)

* * *

Девор йиқилган. Гувалалар ҳовли саҳнига думалаб кетган. Ер тўхтаб-тўхтаб титраяпти. Эр ўрик тагида чўнқайиб ўтирипти. Хотин дарахт танасига суяниб турипти.
— Тезроқ тўхтасамиди, — деди эр энсаси қотиб. — Ўн бирда вокзалга боришим керак. Лойини қилиб ташлар эдим деворнинг. Кечқурун икковлашиб пахсасини кўтариб қўя қолардик.

* * *

Тешавойнинг уйи босиб тушди. У хотини билан ҳовлига зўрға чиқиб олди. Тонг отгач, ғизиллаганича отасиникига кетди. Эгамберди бобо тўқсон саккизда. Қулоғи оғир. Гаранг.
— Бахай? Каллаи саҳарлаб юрибсан? — сўради чол тўшагига ўтириб.
Ўғил отага тикилиб қаради. Ота уйқудан тўйиб уйғонган, хотиржам: ер қимирлаганини сезмаган эди. «Айтиб, чолни ташвишга солиб ўтирмай», деб ўйлади.
— Шундай. Бозорга бораётган эдим, — деди. — Бир кўриб ўтай дедим.
— Омин. Омадинг келсин! — фотиҳа ўқиди чол.
Тешавой синчли уйнинг шифти, деразасини кўздан кечириб, чиқиб кетди…

* * *

Фронтовик Элмурод Зафаров каравотдан думалаб тушди. Хотини ўринда йўқ. Ўрнидан турар экан, дераза орқасининг ёришиб кетганини кўрди. Шкаф устидаги китоблар титилиб тўкилди. Зафаров бир зум деразага ҳорғин қараб турди. Сўнг силкинаётган полда оқсоқланиб, дераза олдига борди. Қўлини белига тираб: «Уруш», деди секин. У асли бухоролик, у ердаги ёлғиз онасини анчадан бери кўрмаган эди. Шуни эслаб: «Эсиз, кўролмадим», деди.

* * *

Ота касалхона йўлагида тўлғоқ тутган аёлдек юрипти. Олти яшар ўғли операция хонасида, столда. Оёқ-қўли стол қанотларига чандиб боғланган. Кўричаги тутган. Учинчи тутиши. Ҳамшира бўзариб, боланинг оёқ томонида турипти. Навбатчи врач ўткир пичоғини олиб, боланинг очиқ қорни устига энгашди.
Уй остидан бир киши тепгандай сапчиб тушди. Ён-веридан номаълум қўллар қитиқлаётган каби силкина бошлади. Дод солди бемор бола. Ҳамшира қиз ўзини эшикка урди. Коридордаги ота эса, ўзини ичкарига урди. Врач стол қиррасига суянди. Ота кириб, ўғлининг оёғидаги ипларга ёпишди.
— Чиқ! — деди врач бўғилиб.
— Доктор!
— Опчиқсангиз, тирик қоладими? Чиқинг! Титроқ сусая бошлади. Ота коридорга чикди. Ҳамшира дийдираб хонага кирди. Врач яна бемор устига энгашди.

* * *

Пирмат қоровулнинг хотини юрак ўйноғи эди. Ер силкинди. Иккалови ҳам уйғониб кетишди. «Юраги ёрилади!» деб ўйлади Пирмат.
— Оҳ! — деди хотин.
— Ҳеч нарсамас. Ҳозир изига қайтади, — деди эр.
— Қимирлаяпти-ку?
— Ер бўлганидан кейин қимирлайди-да, хотин. «Бўлган иш бўлди», деб ўйлади Пирмат ва хотинини маҳкам қучоқлаб олди.
Хотин бир муддат эшикка қараб турди. Сўнг, шундай қилса омон қоладигандай у ҳам эрини маҳкам қучиб олди.

* * *

Итлар вовуллар, дарахт тепасида чумчуқлар шатир-шутур қилиб чуғурлар, девор оша эркакларнинг узуқ-юлуқ уйқули овози келар эди. Кампирининг билагидан ушлаб йўлакда турган Ғолиб бобо ўғли Самаднинг уйидан эшикнинг тақиллагани, невараларининг бағиллашгани ва келиннинг: «Мусулмонлар!» деган бўғиқ овозини эшитди.
Чол бундан тўрт йил муқаддам ўғлининг Кароматга уйланиш нияти борлигини эшитиб, ундан қўлини ювган эди. Эмишки, қизнинг аммаси Хадича хола вақтида оёғи енгил… бўлган эмиш. «Шу нопокнинг жиянини келин қиламанми?» деди чол. Лекин, Самад Кароматга уйланди. Тўй куни Ғолиб бобо мискарлик дўконида бўлди. Эртасига ўғлининг рўзғорини бўлиб ташлади. Ҳовлининг ўртасидан девор олди. Самад ҳам шу куни кўчадан дарча очди. Самад ўғил кўрди, қиз кўрди. Бешик тўйи қилди, суннат тўйи қилди. Чол унинг уйига қадам босмади.
Самад — милиционер, кечаси навбатчилик қилар, Каромат уйининг ичкарисидан занжирлаб ётар эди.
— Уларга бир нима бўлди, — қўрқа-писа пичирлади кампир.
Ғолиб бобо эса эси оққан киши каби деворга тирмашди. Умбалоқ ошиб, тандир устига тушди. Югуриб бориб, Самаднинг эшигини тортди. Оёғини кесакига тираб, учинчи марта тортишда зулф узилиб, эшик очи-либ кетди. Чол дуч келган ўғил-неварасини бағрига босиб, холис ерга қочди. Каромат қизини қучоқлаб, қайнатасининг орқасидан чопди.
— Отажон, нима бўляпти? — деди у дағ-дағ титраб.
Чол бирдан тўхтаб, Кароматга бир зум тикилиб қолди. Бирдан эси ўзига келган киши каби:
— Ол, болангни! — деб неварасининг елкасидан итариб юборди. Яна деворга тирмашди. Энди ошолмади. Сўкиниб, дарчадан чиқиб кетди.

* * *

— Кетасизми, йўқми? — деди кучаниб Сора опа.
— Аҳмоқ, нега бақирасан? Қаерга кетаман! — деди Норқул ака.
— Бўлди, ўзим кетаман.
— Кетавер.
Йўлакда чўнқайиб ўтирган Сора опа ғизиллаб уйга кирди. Норқул ака бахмал гуллар тагини чопиқ қилаверди. Ер қаттиқ титради. Сора опа «вой-вой»лаб чопиб чиқди.
— Бурун кетмасам ҳам энди кетаман.
— Кетавер.
Сора опа гилос тагида бир фурсат иккиланиб турди. Сўнг эшикнинг бошқа тавақасини ҳам очиб Қўйиб, уйга кирди. Шкаф тортмасидан кийимларини юлқиб олиб, диванга отди. Чойшабга ўраб, қайтиб чиқди.
— Мен кетяпман.
— Кетавер дедим-ку.
Сора опа дарвозага етиб, тўхтади. Шипиллаб юриб, эрининг бошига келди.
— Айланай сиздан. Ер чўкиб кетадигандай бўляпти.
— Мен кетмайман бу ерни ташлаб. Тушундингми? Кун тўлган бўлса, шунча одамнинг биттасимиз-да.
— Йўқ. Йў-ўқ.
Сора опа тугунини қўлтиғига қисиб кетди. Вокзалга бориб, «Тошкент—Чирчиқ» автобусига ўтирди. Кечқурун дарё бўйига тушди. Сувга чиққан келинчаклар уни ўраб олди.
— Вулқон чиқдими?
— Сув босдими?
— Чўкиб кетдими?
Сора опа ҳовлига кирар-кирмас хотин-халаж етиб келди.
— Менинг ўғлимни кўрдингизми? Талабаларнинг ётоғи ҳам йиқилганмиш.
— Кўрдим. Эсон-омон. Ётоқ ҳам жойида.
— Эрим ТошМИда эди.
— Соғ-саломат. Сизга салом айтдилар.
— Сиз нимага келдингиз, Сорахон?
— Нимага келмас эканман! — қичқириб берди Сора опа. — Ойимнинг кўнглини тинчитай деб келдим, инсон!
— Тўғри, тўғри.
— Ўзингизнинг уйингизга зиён етмадими?
— Худога шукур. Ўрнида турипти.
— Эрингиз қалай?
— Яхши. Мени юбордилар. Ишонасизми, у киши ҳозир гулларни чопиқ қиляптилар.
— Илоҳи, омон бўлинглар жумла-жаҳоннинг қаторида.
— Хотиржам бўлинглар.
— Энди қачон қайтасиз, Сорахон?
— Бир-икки кун тураман.
— Бизга билдирмай кетманг, айланай.
— Албатта. Аёллар кетишди.
— Хотиржамликми, болам? — сўради Зиннат буви.
Сора опа йиғлаб юборди.
— Қочиб келдим. Куёвингиз қолди. Ўлгудай ўжар.
— Ишқилиб, тинчликми?
— Тинчлиги ҳам қурсин. Ликиллаб турипти! Биров ундай дейди, биров бундай.
— Норқулжонни бекор қолдирибсан-да.
— Вой, қанча ялиндим. Унамадилар.
— Ҳай, ўзинг омон бўл.
— Ҳозир ҳам қимирлагандир.
Сора опа радионинг қулоғини буради. Диктор эълон қилди: «Беш балл».
— Оҳ! — деди Сора опа. — Уйим йиқилди. Деразаларнинг олди дарз кетган эди.
— Норқулжон кундузи ишлайди-я?
— Кечасига бало борми?
Сора опа айвонга чикди. Тоғлар қорайган. Олисда дарё шовиллайди.
— Кел энди. Бир пиёла чой ич, — деди даҳлиздан Зиннат буви.
Сора опа қайтиб кирди.
— Хавотирланяпман.
— Хавотирлансанг, уйингда ўтир эди-да, қизим.
— Ўтириб бўлмади-да, ойижон.
Ярим кеча. Уй орқасида бир нарса «гуп» этди. Сорахон ўрнидан туриб кетди.
— Ер қимирлаяпти!
Кампир уйғониб, қулоқ солди. Яна «гуп, гупур-гупур» этган товуш келди.
— Эшак-ку, — деди Зиннат хола. — Ўйин қиляпти. Сора опа кўкрагига «туф-туф»лаб, тўшакка ўтирди.
— Жуда қўрқибсизлар-да, болам.
— Ойижон, кўнглим ғалати бўляпти.
— Опкелолмапсанми, ўзингдан ўтипти. Қўй энди. Шу кеча тинч ухла.
Сора опа эрталаб кўчага чикди. Автобус бекатига бориб турди. Тошкентдан келган автобусдан сомон шляпали йигит тушди. Сора опа унинг олдига борди.
— Сиз ҳам Тошкентни сўрайсизми? — деди йигит бўғилиб. — Тошкент соб бўлди. Тамом!
— Оғзингизга тош! — деди Сора опа.
Сора опа қайтиб келиб, чойшабда тугилган кийимларини кўтарди.
— Кетасанми?
— Кетаман.
Кампир фотиҳа берди. Кўчага чиқиши билан уни яна келинчаклар ўраб олди. Бекатга етмасидан хотин-халаж қуршовида қолди.
— Менинг ўғлимни сўранг. Хат ёзсин.
— Эримга айтиб қўйинг. Бозор куни ўзим бораман.
— Вой, юрагингизга балли. Шу ерда туриб, биз қўрқяпмиз. Сиз боряпсиз!
Сора опа «Чирчиқ—Тошкент» автобусига ўтирди. Туш маҳали Салорга етиб келди.
Дарвозадан кирди.
Норқул ака девордан йиқилган кесакларни белку-рак билан олиб, бурчакка ташлар эди.
— Келдингми? — деди.
— Келдим, — деди Сора опа жилмайиб. Сўнг қовоғини солиб, уйига кириб кетди.
1966.