Шуҳрат. Шинелли йиллар (роман)

БИРИНЧИ ҚИСМ

I

«Балки, муҳаббат деганлари шудир? Бўлмаса нега юрагим арзиқади. Уни кўз олдимга келтирсам, қалбим гурс-гурс уради, ширин орзу вужудимни эркалаб ўтади. Чиндан ҳам муҳаббат шуми? Дейдиларки, одатда, севишганлар ўз кўнгилларини тил билан изҳор этмайднлар, имо-ишора ва баъзан қочириқ гаплар жуда яхши восита эмиш. Хўш, Муҳаррамда шундай аломатлар бормиди? Унинг кўнглида севги бор экан, нега сўнгги кунгача юзида бирор марта барқ урмади, икковимиз ҳам бир институтда ўқидик. У ҳам аълочи эди. Баъзан «Аълочилар тахтаси»да суратларимиз ёнма-ён ҳам қўйилиб қоларди, лекин шунда ҳам нега бирор ишора қилмади? Жилла бўлмаганда «Ўзимиз бир-биримиздан узоқ юрсак ҳам, суратимизни енма-ён қўйишибдими, а?» демади. Институтни битирганимда биринчи бўлиб табриклаган, қўлимни қаттиқ сиққан эди. Ёки шу ишора эдими?
Наҳотки, мен пайқамаган бўлсам? Ҳа, Лев Толстой «Анна Каренина»да Дарья Александровнанинг тили билан бекорга шундай демаган: «Сиз эркаклар, қизларни кўрасиз, суҳбатлашасиз. Кўнглингизда биронтасига бўлган севгингиз пишиб отгандан кейингина қўлини сўрайсиз. Бечора қизлар-чи! Доимо кутишда. Қизлик ҳаёси босиб, кўнглидаги бор севгисипи ҳам очиқ айтолмайди, Сизнинг таклифингизга «йўқ» ёки «ҳа» деб жавоб беришга ҳақли, холос!»
Эҳтимол, Муҳаррам ҳам шундай ҳолатда бўлгандир? Менинг ҳарбийга жўнаш кунимни энг яхши фурсат билиб, мендан бир нарса эшитиш ниятида кузатиб чиқмадимикан? Шу билан ўз кўнглини изҳор қилмадимикан? Мен унинг бу ишини самимий дўстлик деб, хато қилмадимми? Унинг бу ишини оддий дўстлик деб билган эканман, нега поезд жилгач, кўнглим алланечук бўлиб кетди? Йўл-йўлакай хаёлимдан у узилмади. Ҳар разъезд, станциядаги қиз кўзимга у бўлиб кўринди. Нега назаримда, у ҳамон Тошкент станциясида қўл силкиб хайрлашаётгандек бўлиб туради? Нега Красноводскка келиб, пароход кутар эканман, поезд қичқирганини эшитиб, юрагим бир арзиқиб кетди, шу поездда Муҳаррам жўнагандек бўлди-ю, паровоз ўтхонасидан чиққан қора тутундек бир нарса кўнглимга соя солиб ўтди? Нега у кўз олдимдан кетмай қолди?
Шу муҳаббат бўлса керак!»
Элмурод шундай ўйлар селида ғарқ бўлиб, уйқуси қочди. Ўзича бирор аниқ фикга келолмас эди. Бу ўйлар шу даражада чувалиб кетдики, бора-бора у ҳеч бирини равшан тасаввур қилолмай қолди. Боятдан бери ғашига тегаётган аллакимнинг хуррак отиши ҳам энди унга эшитилмасди. Уйқу элитди. Ўйларининг охири, тоғлар этаги қирга туташгандек, тушга уланиб кетди…
— Подъём!
Ҳалигина ширин уйқунинг беланчагида аллаланаётган жангчилар дув кўтарилди, гўё сокин ўрмонда ногаҳон ўқ узилди. Ҳар ким тезроқ кийиниб ўзини ташқарига урар, казарманинг нариги бурчидан кимдир: «Иккинчи взвод, бўш келмайсан!» деб қичқирар, ўзи ҳам шоша-пиша кийинаётган бўлса керак, товушида бир нарсага уринаётганлик зарби бор.
Элмурод шошганидан бир оёғига шим почасини киймай обмотка ўраб қўйди. Уни чуватиб қайтиб кийгунича, деярли ҳамма ташқарига чиқиб «сафга тизилиш» командасини кутмоқда эди. Ахир обмотка, ҳам икки қулоч бор-да! Ечиб, ўраш тўрт метр. Отделение командири унинг қошига келди:
— Кечикдингиз-ку!
Элмурод воқеани баён қилди. Командир ўзини тута олмай бирдан кулиб юборди.
Улар ташқарига чиққанда рота энди эрталабки зарядкага сафланмоқда, ёмғир роса қуймоқда эди. Бундан сал аввалроқ шамол ҳам ўз ҳиссасири қўшган бўлса керак, эшикдан бир ярим-икки метр ичкаригача даҳлиз сирпанчиқ ва ҳўл эди. Бир-биридан қулоч ёзса, бармоқ учи етгудек йироқликда турган жангчиларнинг қора ботинка, қир ўти рангидаги шимлари ва яланг бошлари алдамчи саҳарнинг сурма ранг тусига сингиб кетган эди.
Элмурод машқ ҳар кунгидай ўн беш минут бўлмаса керак, деб ўйлади. Ахир ёмғир қуйиб турибди-ку. Ўн беш минут эмас, беш минутдаёқ ҳамма ёғингни шалаббо қилиб юбориши ҳеч гап эмас. Унинг устига, жангчилар шамоллаб  қолиши мумкин…
Элмуроднинг ёнида турган жангчи бирдан йўталиб қолди. Элмурод ўзича «ана, бошланди» деб қўйди. Аммо бошқа ҳеч ким йўталмади. Марш ҳар кунгидай расамадли бўлди. Бирор киши «нега қисқартирилмади» ҳам демади. Гўё шундай бўлиши ҳам қарз, ҳам фарздай. Фақат баъзилар казармага — иккинчи қаватга кўтарилишда ёмғирда қолган товуқдай силкиниб, оёғини икки-уч марта кетма-кет қаттиқроқ депсиди. Буни ҳам кечагина Элмурод қатори келган янгилар қилди. Эскилар уларни кўриб, мийиғида кулиб ўтди: «Ҳали шунгами? Шундай вақтлар бўладики, ўрдак бўлиб сузасан».
Элмурод казармага кўтарилаётиб, девордаги шиорга япа кўзи тушди. Унинг биринчиси Элмуродга кўпдан бери ошна — Армияда хизмат қилиш ҳар бир совет гражданининг муқаддас бурчи ҳақида эди. Аммо иккинчиси: «Қизил Армия шиддатли мактабдир» деган шиорни келганига беш кун бўлса ҳам маъносини чақолмас эди.
Бироқ, бугун ёмғирда одатдагича машқ бўлгач, бу шиорпинг остига Афлотуннинг калласи яшириб қўйилганига тушунди. «Шиддатли» деган сўзга урғу бериб, яиа бир марта алоҳида диққат билан ўқиб ўтди.
Элмурод институтни имтиёзли диплом билан тамомлади. Кунлардан бирида Москвада Бутуниттифоқ физкультурачилар парадида бўлиб қайтган институтдоши Муҳаррамни кўриб қолди. Ундан Москва хотираларини сўзлаб беришни илтимос қилди. Горький номли истироҳат боғида кундузи учрашдилар, суҳбатлашдилар. Қандайдир сабаб билан яна бир учрашдилар. Элмурод кечқурунги сеанс кинога таклиф этган эди, «Фотима опам кўриб қолиб, тағин, калтагина сочимдан ҳам ажралмай», деб белидан пастга тушадиган сочининг учини ерга қараб туриб қўли билан тароқлади. Элмуроддан «Хато қиласиз» жавобини олгач, ялт этиб унга қаради, сабабини сўрамоқчи эди; Элмурод: «Бир куни батафсил гапириб бераман» деб сўзини қисқа қилди.
Фотима Элмуродга синфдош бир аёлнииг жияни бўлиб, аммасининг олдига бот-бот келиб турарди. Студентлар буни Элмуродга йўйган эдилар. Муҳаррам мана шу қизга ишора қилган эди…
Улар бошқа бир куни кечқурун учрашишга ваъдалашдилар. Элмурод уйга келиб, столи устида ҳарбий комиссарликпинг повесткасини кўрди. Демак, «Мумкин бўлса Кавказга юборсангиз» деган илтимоси ўрин топган. Эрталаб бориб жўнаш учун керакли ҳужжатларпи олди. Шу куни оқшом Муҳаррам билан учрашди, кинога тушди. Уйига, Шайҳантаҳургача кузатиб бориб, водопровод будкаси ёнида узоқ суҳбатлашдилар… Элмурод Муҳаррам билан хайрлашиб Хадрага келганда, трамвайлар паркка кириб кетмоқда эди. Эртасига Красноводск орқали Тбилисига — ҳарбий хизматга жўнади.

Романнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг