Шойим Бўтаев. Ҳайкал (ҳикоя)

Ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига кирмаган, аслида, кўзни сал каттароқ очиб қараса, ҳар қандай одам кўра оладиган оддий, айни пайтда ғаройиб воқеа содир бўлган шаҳарнинг боду ҳавоси, мева-чеваси ва бошқа майда-чуйдаси ҳақида меҳмон иримига бўлсада бир оғиз сўз айтмаганди. У фақат шаҳар ўртасидан ўтадиган, бир вақтлар суви зилолдай бўлган дарёнинг эндиликда чиқиндиларга тўлиб-тошиб, бўтанага айланиб, тупроқ қалъадаги девдай тўлғаниб оқиб ётишини ўз ҳикоясига қистириб ўтганди.
Шаҳарда аҳоли ғиж-бижмиш.
Баъзилар, уларнинг жуда-жуда иноқ яшашларини айтишармиш; баъзилар эса аксинча гап тарқатишарканки, осмондан тушиб, ердан чиққандек кўпайишиб кетган одамларнинг бир-бирларини кўришга кўзлари, отишга ўқлари йўқ, дейишаркан. Ҳарҳолда, бу юримсак гапларнинг қай бири тўғри-ю, қай бири бўҳтонлигини ажрим қилиш бўтана сувни кўриб тургандай осон иш эмас экан.
Ўша шаҳарнинг ёшу қариси — етти яшардан етмиш яшаргача қурама оломон яқинда улкан бир анжуманга уюшқоқлик билан қатнашибдилар.
Ҳа-а, битикларда айнан шундай деб, «уюшқоқлик билан» деб ёзилибди.
Шундан сўнг аҳолининг бир-бирлари билан ит-мушук эмас, балки оға-ини эканликлари, қадрдонликла-ри ойдек равшанлашибди.
Анжуман!
Уюшқоқлигу иноқлик!
Ана шундай улуғвор ҳодисаларнинг бири иккинчисини тўлдириб кетаверади.
Хуллас, дарёнинг ўнг соҳилида эндигина битта яримта осмонўпар уйлар, жамоат бинолари қурилаётганда, яъни обод қилинаётганда, бир ажойиб калладан бир ажойиб фикр чиқиб қолибди…
Ана шундай дамларда одамнинг эртаккаям ишонгиси келиб кетади!
Бироқ ўша шаҳардан бир бозорчи Турдиқул яшайдиган шаҳарнинг бозорига бориб қолиб, бунинг эртак эмас, айнан ҳақиқат эканлигини жиддий тарзда туриб айтди.
Ўз қулоғим билан эшитиб, ишондим.
Турдиқул яшайдиган шаҳарнинг бозорига борганмисиз?!
Вой-бў! Етти иқлим бозорчиси йиғилиб шу ерга келади-ку!
Мол бозори, сомон бозори, дўппи бозори, қатиқ бозори, қовун бозори… — ҳаммаси алоҳида-алоҳида.
Тери бозориям бор.
Турдиқулнинг дўконида одамнинг терисидан бўлак барча жонзотнинг териси топилади.
— Одамнинг териси бошқа жойларда, махсус дўконларда шилиниб, қуритилади, — дея ҳазил-ҳазул қилади Турдиқул.
Турдиқулнинг дўкони ҳамиша гавжум.
Биров бирон нарса харид қиладими-қилмайдими — фарқсиз, кириб келиб, беш-олти киши сиғадиган харракка ўтириб олади. Негаки, терифурушнинг узоқ-узоқ юртлардан йўқлаб келадиган ошнолари бисёр. Улар шунчалик кўп нарсаларни билишадики, эшитиб ёқангни тутамлайсан, тавба, тарвуздай бир каллага шунча гап сиғадими-я, дея ҳайрон қоласан.
Ҳалиги шаҳардан келган бозорчиям Турдиқулнинг дўконида чой ичиб ўтириб, не хаёлда, бирданига бир каллалик одамнинг фикри билан дарёнинг ўнг соҳилига, бутун шаҳарга кўринадиган тепаликка жуда ҳайбатли ҳайкал ўрнатилганини айтиб қолди.
— Неча йилда қуришди? — деб сўради Турдиқулнинг сомонфуруш ошнаси.
— Икки йилми-уч йилми, ишқилиб шунақа-да! — деди меҳмон.
— Бўйи ҳам анча бордир-а? — сўради яна кимдир.
— Икки-уч йилда қурилганидан кейин анча бўлади-да! — дея меҳмоннинг ўрнига жавоб қайтарди Турдиқул, шуниям билмайсанми, дегандек қилиб.
— Мунча баланд, катта ҳайкал нимага керак
экан-а? — деди хаёлга чўмиб қолган чархчи.
— Муҳофаза, хаспўшлаш учун, — дедим мен. Лекин, жавобимга ҳеч ким тушунмади чамаси, ёинки тушунишса ҳам ўзларини овсарликка олиб туришдими — миқ этишмади. Хижолат тортиб, ўша саволга иккинчи жавобни ҳам қойиллатдим:
— Баъзи қушлар осмонда қанот қоқиб чарчашганда ана шунақа баланд ҳайкалларнинг бошига қўниб дам олишади!..
— Сафсата! — деди Турдиқул шартта, юзингда кўзинг борми, демай.
— Сафсата! — қўшилишди харракда ўтирганлар ҳам.
Шундан сўнг суҳбатга ҳуда-беҳуда қўшилиб кетавермай, жим-дим, ўтиришга мажбур бўлдим.
Турдиқулни танишининг сўзига қараганда, ҳайкалнинг остидаги анча-мунча ер кўкаламзорлаштирилибди. У, аниқроқ қилиб, беш-олтита оёқялангга ҳовли-жой бўладиган ер эди, деди. Мен ичимда унинг сўнгги гапига эътироз билдирдим, ташимга чиқарай десам, Турдиқул дўконидан чиқариб юборишдан ҳам тоймайди. Ахир ҳайкал ўз номи билан ҳайкал-да! Беш-олтита ялангоёқ бундан кейин ҳам уй-жойсиз кунини ўтказар, шунча вақтлардан бери бошида бошпанаси бормиди — бирор ери камайиб қолгани йўқ!
Чалғимайлик.
…Кўкаламзорлаштирилибди, фавворалар қурилибди, турфа гуллар экишибди. Ахийри, унинг очилиш куни етиб келибди. Бу нақ байрамга айланиб кетаёзибди. Кўкси ордену медалларга тўла таниқли-таниқли одамлар сўзга чиқишибди.
— Бу тунж ҳайкал асрлар оша ҳам тураверади! — дебди таниқли одамлардан бири.
— Лекин орадан икки-уч кун ўтгач ҳайкалнинг устига мато ташлаб ёпиб қўйишди, — деди меҳмон.
— Ие, нега? — чойнакнинг қопқоғини ушлаганча қотиб қолди Турдиқул.
— Е, нега? — бошқаларнинг ҳам ҳайратларининг чеки йўқ эди.
Меҳмон пиёладаги чойдан бир ҳўплаб айтайми-айтмайми, дегандек кўзларини қисиброқ бир зум ўйланқираб турди.
— Э, айтаверинг! — қисталанг қилди Турдиқул.
— Э, айтаверинг! — чувиллашди харракдагилар ҳам. Меҳмон, нимаики бўлса — бўлди, дегандек шарт қўл силтаб, сўзида давом этди:
— Ҳайкалнинг чап қўли кўксига қовуштирилган, у ўнг қўлини чўзиб кунботар тарафга ишора қилиб турарди.
— Нима бўпти? — сўради Турдиқул. Бошқалар ҳам шовқин солишди:
— Нима бўпти?
— Ҳайкал ўнг қўли билан ишора қилиб турган тарафда ўттиз йилдан буён аёллар қамоқхонаси бор экан. Бу қамоқхонани илгари ҳеч ким билмаскан, ҳайкал баҳонасида каттаю кичикка аён бўлиб қолди. Битта-яримтаси, бай-бай, бу маҳобатли, зўр ҳайкал экан-да, хўш, қаёққа ишора қиляпти, деб сўрагудек бўлса, бошқаси, аёллар қамоқхонасига-да, дея кесатарди.
— Э-ҳа!.. — хитоб қилди Турдиқул.
— Э-ҳа! — хитоб қилишди бошқалар.
Ана шу биргина «Э-ҳа!» да оламжаҳон маъно яширинганлиги сизга аёндир.
— Кунлар ўтаверарди, — давом этди меҳмон. — Ҳайкалтарошлар ҳайкални чодирга ўриб олиб нимаики қилишса қилиб ётишибди. Баъзи одамлар, энди қамоқхонани ёпишармиш, аёлларни уй-уйларига қўйиб юборишармиш, боринглар, рўзғорларингга қараб, болаларингни эмизи-и-иб, жимгина ўтиринглар, сизларгаям, бизгаям уят бўлиб кетди, дейишармишу ҳайкални сўнгра очишармиш, дейишса; баъзилар, аксинча, фикр юритиб, ҳайкални таг-туги билан қўпориб, мунда-ай муносиброқ жойга олиб кетишармиш, дейишгача боришди.
Бироқ қамоқхонани тарқатишни ҳам, мунда-ай му-носиброқ жой топишнинг ҳам иложи бўлмаган ше-килли, орадан анча вақт ўтгач, ҳайкалнинг ўнг қўлини кўксига қовуштиришиб, чап қўлини кунчиқар тарафга узатиб қўйишди.
— Ҳа-а, тузук, — енгил нафас олди Турдиқул.
— Ҳақиқат бор экан-ку! — тотли хўрсинишди бошқалар.
Уларнинг бу кайфияти узоққа бормади.
— Икки-уч кундан сўнг ҳайкалнинг устига яна мато ташлаб ёпиб қўйишди, — деди меҳмон.
— Ие, нега? — Турдиқулнинг оғзи очилиб қолди.
— Ие, нега? — бошқаларники ҳам шундай бўлди.
— Ҳайқалнинг чап қўли ишора қилиб турган жойда ўттиз йилдан буён эркаклар камоқхонаси бор экан. Бу қамоқхонадан ҳам шаҳар аҳли бехабар экан, эшитиб, барчанинг танига титроқ кирди. Эмишки, бу ерда ашаддий каллакесарлар ётишармиш, битта-яримтаси қочиб чиққудек бўлса, ҳамманинг шўрига шўрва тўкилармиш; эмишки, улар ўша ердан туриб ҳам ҳукуматга сўзини ўтказа олишармиш, катталарнинг сир-асрорларини билишармиш… Ваҳима!
Турдиқул таассуф-ла бош чайқади. Таассуф-ла бош чайқашди қолганлар ҳам.
— Куз ўтди, қиш ўтди, айни авжи баҳорда ҳайкалнинг устидаги матони тантанасиз, мусиқасиз, баайни тобутпўшни олгандай олишди, — деди меҳмон ҳам маъюс тортиб қолган ҳолда. — Энди унинг ўнг қўли тўғрига, баайни ойдин йўлларни кўрсатаётгандек узатиб қўйилган, чап қўли эса кўксига қовуштирилганди.
Ерга кириб кетай деб ўтирган Турдиқул қаддини тиклади.
Харракдагилар ҳам елкаларини кўтаришди.
— Хайрият-э! — чуқур нафас олди Турдиқул.
— Хайрият-э! — чуқур нафас олишди бошқалар.
— Аммо роппа-роса бир ҳафтадан сўнг ҳайкалнинг устига яна мато ташлаб ёпиб қўйишди.
— Ие, нега?— Турдиқул ғазабланганидан ўрнидан туриб кетаёзди,: кўзларидан нафрат сачради, беихтиёр мушт тугиб, хаёлан нималарнидир чилпарчин қилгиси, кимларнингдир қулоғи остида шавла қайнатгиси келди.
— Ие, нега? — бошқаларнинг ҳам кўзларинш пахтаси чиқиб кетаёзди.
— Дарёнинг чап соҳилида ўн қаватли меҳмонхона бор эди, — меҳмон совиб қолган чойдан ҳўплаб, қуруқшаган томоғини ҳўллаб олди. — Ўша меҳмонхонада ўша кунлари фоҳишабозлик, ўғрилик авжига чиқиб, кимлар бедаво дардларга йўлиққан, кимлар шир яланғоч қолган, ҳаммаёқни шов-шув, миш-миш тутганди. Меҳмонхона ходимларининг кўпчилигини ҳайкал чап ва ўнг қўллари билан кўрсатган жойларга жўнатишганди. Маҳобатли, зўр, ўзиям соф тунж ҳайкалнинг олдинга чўзилган тунж кўли ўша меҳмонхонани кўрса-тиб турарди!..
Турдиқул адойи тамом бўлди. Ранги бўзариб:
— Уҳ-ҳ! — деди-ю, дам бошига, дам тиззасига муштлайверди.
Бошқалар ҳам адойи тамом бўлишди. Ранглари бўзариб:
— Уҳ-ҳ! — дейишди-ю, дам бошларига, дам тиззаларига муштлайверишди.
— Шундан сўнг ҳайкалнинг қўлини қаёққа қаратиб қўйилишини аҳолининг ўзи ҳал қиладиган бўлди, — деди меҳмон.— Одамлар гуррос-гуррос бўлиб келаверишди. Кейин таклифлар, муҳокама-мунозаралар бошланиб кетди. Биров ундай деди, биров бундай деди. Биров орқа томонни кўрсатади—уёқдан ҳам бир чатоғи чиқиб турибди; биров алланечанчи градусдаги бурчакни таклиф қилади — кўп ўтмай рад этилади.
— Бир қўлини кўксига қовуштириб, иккинчисини осмонга узатиб қўйиш керак! — дея бақирди оломон орасидан кимдир.
— Маъқул, маъқул! — деган хитоблар янгради.
— Осмон тоза, қаранглар, ҳозир булут ҳам йўқ!
— У ёққа меҳмонхона ҳам қуриб бўлмайди!
— Қамоқхона ҳам қўриб бўлмайди!
— Яшасин осмон!
— Осмонга тасаннолар!
Худди шу маҳал яна бир бақироқ аллақайси гўрдан чиқиб келиб:
— Халойиқ, тавба денглар, осмонда худо бор-ку!— деб бақирди.
Оломон бир чайқалиб тушгач, жимлик чўкди. Ахир даҳрийнинг ҳайкали худони кўрсатиб турса… Йўқ!
— Ишонманглар, худо йўқ у ерда! — сукунатни бузишга журъат этди кимдир.
Оломон гувлади.
— Худо бўлмаса ҳайкалнинг қўли нимани кўрсатади, ахир? — бақирди яна ҳалиги бақироқ.
Оломон орасидан:
— Ҳа-а, нимани кўрсатади? Нимани?! — деган товушлар чиқа бошлади.
— Иккала қўлиниям елкасидан узиб ташлаш керак!— деди яна кимдир ва шу заҳотиёқ қаршиликка учради:
— Ҳайкалда гуноҳ йўқ!..
Меҳмон узоқ тин олди. Турдиқул ҳам, харракдагилар ҳам бошларини солинқиратиб ўтиришарди.
Чархчи бир-икки гапни айлантириб, мавзуни ўзгартирмоқчи бўлганди, барибир, суҳбат қовушмади.
Ҳайкал воқеасини айтиб берган киши Турдиқулнинг дўконига тез-тез келиб турарди, негадир кейин-кейин умуман кўринмай кетди. Турдиқул ҳам анча ўзини олдириб қўйди. Рангу рўйи синиқди. Бу хафаликданми, бошқа нарсаданми — билолмадим. У негадир дўконининг кўрки бўлган харракни ташқарига улоқтириб, бу ҳам етмагандай, болта билан майдалаб ташлади.
1990 йил.