
Шаҳардан қайтишда бозорга кирдик. Жўраларим арзонроқ флешка ахтариб кетишди, мен олма олгани тор йўлакка бурилдим. Иккита одам ёнма-ён юрса зўрға сиғадиган йўлакнинг ҳар икки чети мева-чевага тўла. Олма нархини суриштириб у ёқдан — бу ёққа ўтдим. Йўлакнинг охирида чамаси элликка кирган бир аёл совуқда қалтираб турарди; у ва унинг олдидаги лимон эътиборимни тортди. Аёл юпун кийинган, кийими афт-ангоридай кўримсиз, оёғида четлари йиртилган қуйма калиш. Латта тўрванинг оғзи очиб қўйилган, ичида беш-олти кило чиқадиган лимон бор. Лимон доналари кичик, устига-устак хом-хатала узилган. Шунинг учун ҳам олармон йўқ, мен йўлакнинг у бошидан-бу бошига юриб, унинг қаршисида биров тўхтаганини кўрмадим.
Аёл сархил мевалар растаси томондан келаётган одамларга мўлтираб қарарди. Унинг мўлтираган нигоҳида умид ва илинж ёлқинланиб турарди.
Соат учдан ўтган, ҳадемай декабрь қуёшининг қисқа саёҳати якунланиб, тоғ ортига ботади. Кейин аёз қисади, изғирин телба-тентак қиёфасига кириб, дуч келган одамнинг юзига шапалоқ торта бошлайди.
Аёл бозорга қачон келган — бу ёғи менга қоронғу. Савдоси юришмагани юз-кўзида билиниб турарди.
Юрагимда нимадир уйғонди ва мен шу уйғоқлик ичида аёлнинг қаршисига дадил қадам ташлаб бордим.
— Лимон нечпул?
Аёл нариги томондан келаётган басавлат одамга қараб турган экан, чўчиб тушди. Менга қараб, негадир жим бўлиб қолди.
— Лимонни қанчадан сотапсиз? — дедим битта лимонни қўлимга олиб.
— Килоси ўн минг!
У бу гапни ҳаяжон билан айтди. Мен ҳали ундан лимон олганим йўқ-ку, шунга қарамай қаримсиқ, ажин тимдалаган юзига табассум ёйилди.
— Ҳаммаси беш кило. Қанча оласиз?! Донабай ҳам сотаман, дона олинг, тўрт мингга бешта бераман.
— Нимага арзон сотаясиз?
— Пул керак эди…
У қизариб ерга қаради.
— Тарозига қўйинг, ҳаммасини сотиб оламан.
У менга тикилиб қолди. Гапимга ишонмади шекилли. Мен чўнтагимдан пул чиқардим. Эллик минг чиқармикан деб санадим, худо деган эканман беш минг зиёд чиқди.
Лимон беш кило чиқди ва мен аёлга эллик минг узатдим.
Биласизми, аёлнинг кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Пулни нимчасининг чўнтагига солди, атрофдаги одамлардан уялиб, девор тарафга қараб йиғлади. Кўнглим алланечук бўлиб, бу ерни тарк этдим.
Жўраларим аллақачон машинага келиб ўтиришган экан.
— Шунча олма олдингми? — деб сўради Раҳмат.
— Олмамас, лимон.
— Лимон?! Шунча лимонни нима қиласан? Боз устига хом. Бундан кўра бир кило зўридан олсанг бўлмайдими?
Жўралари бир менга бир лимонга қарашди.
Яҳё машинани юргизди. Ярим йўлгача мен ва лимон тилдан тушмадик. Ҳа, мен ва лимон. Ачинарлиси, бу лимонни бир бечора аёлдан олганимга эътибор беришмади. Улар мени пулни кўчага сочишда айбладилар.
Қишлоққа етгач, чойхона олдида машинадан тушиб қолдим.
Атрофни ғира-шира қоронғулик чулғаган. Уйим дашт томонда, уйга боргунимча қоронғу тушди. Фарзандларим лимонни кўриб, қизиқиб қолишди, лекин ҳеч бири ея олмади. Лимон ҳаддан зиёд аччиқ эди. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Лекин ўзимни қушдек енгил ҳис этдим. Бунинг боиси бор эди. Бу боисни на жўраларим билади, на оилам.
Бундан 19 йил муқаддам, яъни 2001 йил майида ойи қор бемаврид тушиб, бизнинг асосий тирикчилигимиз бўлган токзорларни ёппасига совуқ уриб кетганди.
Мен ўша пайтда талаба эдим. Кузда токдан бир бош ҳам узум ололмадик. Ҳар шанба қишлоққа борганимда онам бир ҳафтага етгулик пул топиб қўярди. Бир килоям майиз ололмаган бўлсак, пулни қаердан топаяптилар деб роса ўйлардим. Кейинроқ билсам, яхши инсонлар бериб туришган экан.
Деразамиз олдида тувакда бир туп лимон бор эди. Пакана, лекин шиғил ҳосил солади.
Бир куни ўқишдан қайтаётиб, бозор ораладим. Чўнтагимда хемири йўқ, бирорта ҳамқишлоғимни учратсам йўлкирага пул оламан, машиналига дуч келсам, бирга кетаман деб ўйладим. Ичкарига кирганимда бехосдан кўзим онамга тушиб кетди. Жун рўмолга боши-ю елкасини ўраб олган онам раста охирида турарди. Ҳайрон бўлиб, ўша ёққа юрдим.
Шу совуқда онам бозорда нима қилиб юрибди? Олдиларига боргач, саволга жавоб топдим; онамнинг оёқлари тагидаги тўрвада беш-олти кило чиқадиган лимон турарди. Лимон хом-хатала узилган. Донаси кичик. Онам нарига тарафдан келаётганларга мўлтираб қараб турарди. Мен тўрвага, сўнг ёнидаги чети йиртиқ қуйма калишга қарадим.
Биз онани опа деймиз. Опа дейишим билан онам чўчиб тушиб, менга қаради. Кутмаган эканми, менга унсиз тикилиб қолди.
Онамга лимонни нега хом уздингиз, совуқда бозорга нимага келдингиз деёлмадим. Жавоб тайин эди, мен шу жавобни эшитишни истамадим! Онамнинг ёнига ўтиб, сумкамни тақирдаган ерга қўйдим ва онам сингари одамларга мўлтираб қарадим. Анор, банан, ҳатто ананас-у кокос харид қилаётган одамлар қаршимиздан ўтаётганда мени кучли ҳаяжон босарди. Мен дам ҳаяжонланар, дам сўппайиб қолардим. Ҳеч ким лимон сўрамасди. Олишмаса олишмасин, бизнинг совқотган юрагимизга озгина бўлса-да илиқлик бахш этиб, шунчаки нархини сўраб қўйишмайдими!
Совуқ жон-танимиздан ўтганда қаршимизга пўстин кийган қорвули киши келиб тўхтади ва лимоннинг нархини сўради. Онам нархни айтди.
— Тарозига қўйинг, — деди пўстинли киши, — ҳаммасини сотиб оламан!

