Шодмонқул Салом. Кўнгил обидасига йўл (бадиа)

Кетаверасиз. Отлиқ ёки яёв. Серёғин баҳорда ўт босиб, йўқолиб қолган сўқмоқлардан гоҳ адашиб, гоҳ топиб. Тақимлар уюшиб қолади, пиёдалайсиз. Оёқ толгач яна уловга миниб кетаверасиз. Ўзини ухлаганга солган девлардек қорайиб, мағрур турган қоялар, арчалар, бодомчалар. “Пир” этиб уловингизни ҳуркитиб юборувчи малла чил қушлар. Сўқмоқ ўрлаган сари юриш қийин, аммо сирли манзилга етиш истаги тортаверади сизни…
Боботоғда “Борми-йўқ”, деб аталувчи манзил бор. Бу манзилнинг ҳам ўзига хос муқаддаслиги, азизлиги ва шу азизлигини асословчи яловдор шаҳид-қабрлари, қадамжо мақомидаги айрим белгиларию хос ривоятлари мавжуд. Энг яқин аҳоли манзилидан икки кунлик йўл бўлган бу гўшага кишиларни чорлаб турувчи алоҳида жиҳатлари ҳам бордирки, “Борми-йўқ” сафари ҳануз давомлидир.
Бу ерда у қадар юксак бўлмаган бир ғаройиб қоя бўлиб, қоянинг юза сатҳидаги тошлар фавқулодда силлиқ. Худди ўнлаб сангтарошлар атай келишиб, тошларни тарошлаб кетишгандек. Шу силлиқ сатҳ қишин-ёзин гўё “терлаб” туради. Кўзёшдек кичик-кичик томчилар офтобда жимирлаб, камалак бойлаб кўринади. Қоя пастида эса каттагина қизил тоба тош бўлиб, тошнинг ўртасида чуқурча пайдо бўлган. Чуқурча худди сопол коса қолипидек мукаммал, силлиқланиб, яшил боққўтондан сирпанчиқ бўлиб қолган. Қоя юзидаги “кўзёшлар” ана шу чуқурчага жуда секинлик билан йиғилади ва қачондир “коса” сувга тўлади. Баъзилар чуқурча уч ойда сувга тўлади, деса баъзилар қирқ кунда дейди, аниғини биров билмайди. Бу сув тоғнинг шўр сувидан фарқли ўлароқ жуда тотли, ичган киши яна ичсам дегулик ширин. Чўпонлар, борувчилар чуқурча ёнидан бошқа чуқурлар ҳам ковлаб ташлашган, аммо қўлда ковланган чуқурчаларга сув йиғилмайди — ерга шимилиб кетади. Ғамлаб олинган бир неча идишдаги сувларни сарф этиб, “Борми-йўқ”қа йўл олган ҳар кимса ўша сувдан бир қултум бўлса-да насиб қилсин-да, деган ниятда келади бу ерга. Борми-йўқми, деган умидли ҳадик билан келадилар бу арчали овлоққа.
Атиги бир кичик челакча чиқадиган бу сувдан ичиш омадли бандаларига насиб қилади, албатта. Ёки ўн кунми-йигирма кунми бурун кимлардир ичиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Қизиғи, бориб-келганлардан сувдан ичолган-ичолмаганлиги суриштирилади. Ва бу воқеа янгилик сифатида гурунгларда айтиб юрилади. Қарийб бир ҳафталик олис йўл азоби, жимликнинг бепоён олами ва табиат юқтирган хавотир ҳисси кишиларни ўзига хос хулосаларга олиб келадики, “Борми-йўқ”дан қайтган ҳар бир зиёратчи албатта ростини айтади. Одатда мақтанишни, омадли кўринишни хуш кўрадиган одамлар ҳам анчайин ўйчил, босиқ бўлиб қайтадилар. “Йўқ, насиб қилмаган экан бизга”, деб синиқ жилмайиб яна ўз ҳаётларига шўнғиб кетишади. Ёки Масиҳо оловидан дарди ариган хастадек, юзлари ёришиб, офтоб қорайтган чеҳрасидан қувонч ёғилиб, танишу нотанишга боладай беғуборлик билан кайфият улашиб, тўлқинланиб: “Ато қилган экан, денг. Бир пиёладан сув ичдик”, дея шод қайтадилар. Уларга энди ишлари бирдан ўнгланиб, барча ниятлари ҳеч бир муаммосиз амалга ошиши нақд бўлиб туюлади.
Аммо бу омадёрликнинг ижобатини ҳам худди чуқурча қанча вақтда сувга тўлишини биров аниқламаганидек, ҳеч ким батафсил тадқиқ этмаган. Менга бу нарсани илоҳий қарор, бахту саодатнинг айни мезони, деб ҳисоблагандан кўра уни рамз, ишора деб билиш, тушуниш музмунлироқ туюлади. Ва бу рамзий ишорани адабиёт, адабиётга йўл, деб ҳисоблагим, қиёс этгим келади. Яъни ўша манзил — офтоб илк тиғларини қайраб оладиган Боботоғдан Тошкентгача бўлган масофа менга қандайдир минг чақиримлик йўл бўлиб туюлмайди-да. Масалан, бирор раҳбар ёки зарур ишли одам Термиздан учиб қирқ беш дақиқада Тошкентда пайдо бўлиши ёки тужжор Дарбандда ухлаб Отчопар бозорида уйғониши ҳам мумкин.
Аммо бу… Чўлпоннинг кўзойнаги, Усмон Носирнинг этиги, Ойбекнинг шамсияси, Шукур Холмирзаевнинг милтиғи айнан сақланаётган, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовни кўришинг, ҳатто қўл бериб кўришишинг мумкин бўлган ё бўлмаса, тутқичини Шавкат Раҳмон ҳам тутган бирор нашриёт эшигидан бош суқиб қарашнинг иложи бор бўлган бу манзил мен ва мен кабиларнинг “Борми-йўқ”ларидир аслида. Мен ва мен кабилар сираям “Бугун Тошкентга бориб эрта кечга қайтаман”, деб айтмайдилар. Улар ҳар кунги ишга жўнагандек Тошкентга жўнамайдилар, бундай одатий жўнайолмайдилар ёки жўнамаганлар. Улар: Мен Тошкентга кетяпман!, деб йўлга чиқадилар. Ҳар бирининг улови ҳайрат, ҳамроҳи умид бўлади, ҳар бирининг ичида бир кенжа ботир яшайди уларнинг. Бу манзилга уч-тўрт кунда етиб бўлмайди, кимдир ўн, кимлардир йигирма-ўттиз йил “Борми-йўқ”, деган умид саволи билан йўл тортади бунда. Ўша ростгўй тоғ одамларидек бўлиб, сафар ҳикоятларини борича айтмоқ Тошкентга, яъни “Борми-йўқ”қа етиб келмоқдир. Тошкентда туриб ҳам унга етолмаслик мумкин-да, ахир. Билмадим, ҳар ҳолда менинг ичимда шундай қиёс бор.

* * *

Болалик баҳорлари жудаям топқир эди. Ҳар ҳаракатдан бир ўйин, ҳар ўйиндан қандайдир тадрижий мазмун ўйлаб топардик. Бу мазмун эса ўз-ўзича адолатга интилган бўларди. Адолат ва мардлик бўлмаса мазмун ҳам бўлмас экан-да. Буни ички сезим ва интизом талаб этарди чоғимда. Бу каби сўзларни билмасак ҳам, Адолат, деганда опамнинг синфдоши, мовий кўз қизни тушунсак ҳам ўйинларда адолатга талпинардик.
Хуллас, саккиз-ўн яшар қўй боқиб чиққан болалар ям-яшил, баландгина тепаликдан пастга юмалаш ўйнардик. Икки қўлимизда — кафтимиз орасида уйдан яширинча олиб чиқилган товуқ тухуми. Юқоридан пастга юмалаётганда кимнинг қўллари катта, кучли бўлса, омад шуники. Мақсад — тухум синмаслиги керак. Кўпинча ўнтадан тўққизимизнинг кафтимиздаги тухум синар ва пастда турган идишчага йиғилаверарди. Баҳодирнинг қўллари бақувват, ўзиям кучли эди. Икки кафтини ияги остига жуфтлаб, мувозанатини йўқотмай худди газ балонидай тез юмалаб кетар ва пастдан соғ тухумни кўз-кўзлаб ичимизни куйдирарди, боши ҳам айланмас эди. Ва унга сираям қўй қайтариш навбати келмасди. Ғолибликнинг рағбати шу эди. Сизни ва бизни турмуш тепалигидан юмалатиб кетаётган йилларда бизнинг асралган кўнглимиз дарз кетади ёки чил-чил бўлади. Кўнгилнинг ўрнида ажриқ босган гулзордай бир нималар қўним топади. Кўнгилни асраш, қилови олинмаган тиғдай шоир юракни сақлаб қолиш, туйғуларни ўз исми билан атаб, камолга етказмоқ, “Борми-йўқ” сафарига бориш учун уларга “йўлкира” топиб бериш нақадар қийин, завқли ва қанчалар табаррук амал.
Ҳа, майли, биз “Борми-йўқ”қа кетяпмиз. Чалғимайлик.
Одам бу — услубдир. Ёзувчи Назар Эшонқул шундай деган эди. Бугунги кунда бир тола сочдан одамнинг расмини чизиб беришяпти. Руҳиятшунослар ўзи йўқ одамнинг ҳуснихатидан унинг хулқини айтиб берадилар. Худди шундай одамнинг ҳамма айтганлари ўзининг шарҳидир. Киши тили чиққандан то тилдан қолгунча нима деса, маъруза қиладими, бировнинг гапини бошқага таржима қиладими, нечта сўз айтса унинг ҳаммаси ўзи ҳақида бўлади. Кулади, йиғлайди, қийшайиб юради, тўйда рақс тушади, бировга таскин беради, иддао қилади — бу ҳаракатларнинг бариси унинг ўзи ҳақида. Ижодкорнинг ичида ўзи йўқ асарлари шу улуғ ҳақиқатни англамаслик маҳсулидир. Ана шу англамаслик пировардидаги адашув аслида унинг йўлидир. Унга — адашиш буюрилган. Одамнинг ичидаги дарё табиатдан, илоҳдан улгу олган. Унга қарши сузмоқлик адашиш, балки йўқотишдир. Адабиётимиздаги Ойбек номи менга қуёшни эслатади. Адибни кўрмаганмиз, аммо ўшшайган қоя лабидаги бир туп наъматак ҳайратидан юракка пориллаб кирувчи сатрларни берган кўнгил нақадар сақланган, нақадар ноёб!
Мен ҳақиқатни эмас, кўрганларимни ёзмоқчиман, дегич эди Шукур ака. Бу унинг услуби эди, унинг йўли эди, кўнгли эди. Индалло шундай: мен ёмғирнинг ёғишини, қуёшнинг чиқишини, майсанинг ўсишини, сойларнинг юқоридан қуйига оқишини, ғорларнинг қум тўзонларидан кўмилиб яна қачонлардир қайта пайдо бўлишини ва ичимдаги дарёни олдидан кўришни истайман. Ана шунда миллий мифология шакл топади, тикланади, табуларимиз бадиий асар қатларига сингиб кетади. Бу битиклар ўқувчига қондош, эт-тирноқ бўлади, азиз бўлади.
Ватан халқсиз, халқ маънавиятсиз, маънавият адабиётсиз бутун бўлмагач, Бальзак айтмоқчи яшамоқнинг ўзи кам, яратмоқ керак эмасми, деган ўй баъзида кўнглимга келиб туради. Тенгқурларим кўзимга пайт пойлаётгандай, йўл қидираётгандай, иккиланаётгандай, ўзгаларнинг хато қилиб бўлишини кутиб ўзи шуларни четлаб ўтмоқчи бўлаётгандай туюлади. Баъзан “Сўз кимёси” асаридаги (Я. Парандовский) “… ёзувчи рус графи Толстойдай азалдан бадавлат бўлмоғи ва сўнг қўлга қалам олмоғи керак”, деган сўздан қайғураётгандай, ёки шу графнинг “Адабиёт ҳаётнинг безаги, одамларни авраб ҳаёт бағрига чорлайди, етаклаб киради”, деган иқроридан “кўзи очилиб”, “нимани қай йўсинда” деётгандай туюлади. Баъзан эса миллий кутубхона архивини титкилаб, Ш. Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими?” мақоласини топиб Александр Титовнинг “Адабиёт кераксиз бўлиб қоладими?” сарлавҳали мақоласидаги “Адабиётсиз турмуш яланғочлашади, сўнгги нақлиёт санъати маҳсулотлари ва ялтироқ муқовали “асар”лардан қониқмаганлиги туфайли инсон ичдан дағаллашади. Адабиётсиз даврнинг сир-жозибаси йўқдир” ёки “Ўтган асрлардаги жиддий адабиёт асосан ижтимоий руҳда бўлиб, ҳаётдан ўзига идеал ахтарарди, олдинга чорларди. Энди пайғамбарлик мақомини йўқотиб, ҳеч нарса бўлмай қолди” сингари фикрларини чоғиштираётгандай туюлади. Баъзан эса тенгқурларим йигирма, ўттиз йил, ҳатто юз йил илгариги ёзувчиларнинг ва бугунги қалам соҳибларининг битикларидан кўра шахсиятига урғу бериб адабий ғийбатга мойилдай ва баъзан шеър ёки ҳикоя ёзаётгандай ҳам туюлаверади.
Шундай пайтларда, ҳей жўралар, шу кўнгил ҳам бир нимани билади — профессионаллик, чин мутолаа йўқ бизда, нимамизга ишоняпмиз ўзи, дегиларим келади. Лекин демаяпман. Чунки бу саволларга ўзимда жавоб йўқдай. Беш юз мисра ғазални ёд билмаган ижодкор Навоий замонида шогирдликка олинмас экан, дея эшитганим бор, ёки “Шоҳнома”нинг илк минг байтини битган шоир Дақиқий Чағониён амири ҳузурига кириш ва унга манзур бўлиш учунгина ёзган мадҳиянинг ўзи бугун ҳам ўша давр манзараси, нафасини ифода этган юксак бадиий асардирки, зеро шоир уни “буюртма” деб қоғозга туширганди.
Аммо (шу сўз учинчи ўғилга ўхшайди) илм билан етилмаган истеъдоди ўқувчиникидан сал мундайроқ, номию чала-ярим бир-икки китоби бўлган битикчи ўқувчини айбситмаслиги керак. Дид, денг, хос адабиёт, денг, ҳаммага ёқиши шарт эмас, мени бир асрдан сўнг тушунишади, денг. Ҳаммаси бор ва бўлиши мумкин бўлган гаплар. Мустақилликнинг илк ўтиш йилларидаги қурғоқчил саратонларда ҳам ерга шоли эккан маъқулми, ерёнғоқми, деган суҳбатлар баробарида Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” китобини қаердан топса бўлади, деган саволлар бор эди. Ҳозир ҳам “Жаҳон адабиёти”да чиққан қиссаларнинг муҳокамаси Бойсундаги сувга навбат кутиб турган одамлар ўртасида бўлиб турибди.
Шуҳрат қозониш. Одамлар: “Шодмонқул Салом шуми, бирга расмга тушайлик” дейишлари қандай соз-ей. Бу жумладан энсангиз қотмасин, бу орамиздаги гап: одамзод эътибор, акс-садо фарзанди, санъатимни уқсанг, улуғ фикрларимни илғасанг илғадинг, бўлмаса отангнинг гўрига, деб елкадан ошириб ташлай олган, тириклигида бирор сатр нарсаси нашр бўлмаган айрим ижодкорлар ҳам бу оламдан жавоб ва таскин излаганлар, кутганлар, недандир умид қилганлар. Кутишда эзгулик бор, ҳақиқат бор, Худо бор. Шу ҳақни излаш йўлида чекилган изтироб, туюлган қувонч маҳсули бўлиб дунёга келган, “ўзим учун” битилган, шуҳратини соҳиби кўрмай кетган дурдона асарлар ҳам, охир-оқибатда миллат, умумбашарият мулкига айланиб, инсоният номидан айтилган ғоялар бўлиб кетганки, буни эътиборсиз эътибор деймизми, шуҳрату рағбат деймизми, фарқи йўқ, муаллифини ва шу муаллиф мансуб халқни шарафлайди, унга хизмат қилади.
Адабиёт билан машғул бўлиб унинг жонфидосига айланиб, қисматини қисматим, деб билиш, кишидан туғма муҳаббат, катта куч, сабр талаб этиши ҳақиқат экан, қурбонликлари эвазига ўзидан қўл билан ушлаб бўлмайдиган мерос қолдираркан, юрак ютиб бу заҳмат йўлини тутмоқ, унга умрбод содиқ қолмоқликнинг завқи ва азобининг кўламини тасаввур қилиш мумкин.
Ёш келин-куёв иккиси икки томондан бири ўнгга, бири чапга бураб сувини сиқаётган кирни кўз олдингизга келтиринг. На дунё, на амал ваъда қилгучи, билъакс қандай инсон бўлиб вояга етиши номаълум фарзанддай азиз, хавотирли бўлган келажакка шаъма қилиб, бир ёнидан турмушнинг қаттиқ қўллари, бошқа томондан нозик дилнинг улуғ севгиси ижод кишисини кир сиққандай сиққанида, турли “чилик”лар, “изм”лар соядай элакишиб турганида мардона турмоқ, мардона тура олмоқлик — бу энди чин маънода улуғлик бўлса керак.
Жасур Кенгбоевнинг “ҲавОчун”, деган ҳикоясини ўқидим. Тушунолганим: ҳаётда рўй бермайдиган, қўл билан ушлаб бўлмайдиган гап, аммо чин гап. Бу миқти, рамзий ҳикоядаги кўнгил оғриқларини, юрак забтини, ғуссали истеҳзони, ўкинчу умидни қайси тилда ўқисак ҳам ўз изини қолдиради. Кўнгилнинг таржимаси кўнгил бўлади. Шакл топган тили, равон ифодаси, бадиий нияти таралган сочдай тўкис, тугал.
Бу шахсий фикрим, албатта. Бор-ку, бўляпти-ку, демоқчиман.

* * *

Абдулла Қаҳҳор қайсики ёш ижодкорга матбуотда ёки оғзаки йўсинда ижобий баҳо берган, ўзига — адабиётга яқин олган бўлса, ўша ёшлар бугунги кунга келиб миллий адабиётимизнинг йирик сиймолари қаторидан ўрин олди. Ўз истеъдоди маҳсули билан адабиётни бойитиб соҳа олдидаги қутлуғ бурчларини имкон қадар бажардилар, ҳосил бердилар.
Абдулла Қаҳҳор кимгаки, бўтам бошқа амалнинг бошини тутинг, умрингизни зое кеткизманг мазмунида танбеҳ-сабоқ берган бўлса, биз ўшаларнинг номини Қаҳҳордан дакки эшитгани учунгина эшитиб қолганмиз, сўнгра улар баайни «гум» бўлганлар.
Қаҳҳорона интизом, деймизми, адабий мезон, деб аташ керакми, шу жиҳатлар хусусида устозлар намунаси кўринмаётир. Ҳамиша ҳам эмаску, оз ҳам эмас. Битилаётган сўзбошилар, сўнгсўзлар, тақризларнинг ҳаминқадарлиги, нашриётларнинг фақат матн ҳажми ва молияси билан ҳисоблашаётганлиги бор гап. Рус шоири Б. Пастернак, ҳов анави этикдўз энг оддий қоғоздан газета нашр этса ҳам, мен шу газетага шеърларимни жон деб берган бўлардим. Шеър поклайди!, деганида, ҳатто сийқа, алдам-қалдам хабарлар тарқатадиган нашрларда ҳам кетадиган бадиий асарларни сараламоқ, адабиёт номидан жиноят қилмаслик керак, демоқчи эди.
Айни шу муаммонинг ечими икки йил бурун нашрдан чиққан Президент Ислом Каримовнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида батафсил айтиб ўтилган: ”Истеъдод, истеъдод ва яна бир бор истеъдод соҳибларини топиш, тарбиялаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш энг асосий вазифамизга айланиши зарур”.
Шу мақсадда ташкил этилган «Ижод» фонди, илк китоблар нашри ёхуд ижод уйлари фаолиятига доир ислоҳотларнинг тадбиқи ҳам ижодкор ва ижодий жараёндан амалий натижа кутаётир.
Интернет деган ўзансиз дарёда оқиб бораётган ўсмирликнинг, ёшликнинг тўлқинли саволлари адабиётдан жавоб топмоғи учун, кўп бор айтилган интеллектуал салоҳиятли келажак ҳақидаги сўзларнинг рўёби учун бугунги тезкор дунёда бизнинг ҳозирлигимиз, эҳтиётимиз қандай, мукаммалми, борми? “Борми-йўқ”қа бормасдан, сувдан тўйиб ичдик, деб ярим йўлдан қайтиб келмаяпмизми? Адабиёт қавмининг обрўси, нуфузи учун яхшини ёмондан айирмоқ учун мезон қандай бўлади?
Лекин ҳали йўлдамиз. Кўнгил обидаcи cари тортилган йўлда. Йўл эса узун, сирли, дил тортар. Кетаверасиз, уловда ёки пиёда…