Шодмон Отабек. Тақдир сўқмоқлари (ҳикоя)

Янглишмасам, ўшанда ўн уч-ўн тўрт ёшли ўспирин эдим. Оиламиз унча катта эмас, ота-онам хўжаликда ишлар, Мансур акам шаҳарда — институтда, синглим Юлдуз мендан икки синф қуйида ўқир эди. Отам ҳар гал шаҳарга мева-чева сотгани борганда ўзига ҳамроҳ қилиб олар, мен бундан жуда суюниб кетар эдим. Бир зайл ўтадиган қишлоқ турмуши ҳақиқатан зерикарлимиди ёки менга ажабтовур бўлиб туюладиган ғала-ғовурли, гавжум шаҳарнинг бир сеҳру жозибаси бормиди — билмадим, ҳарқалай шаҳарга парвонадек талпинардим.
Бозор-ўчардан кейин, албатта, талаба акамнинг ётоқхонасига ўтардик. Қоровул ҳам бизни таниб қолган, “Ҳа, Мансурга келдингларми?” дея индамай ўтказиб юборарди. Отам қоровулга ҳам мевалардан насиба бергач, мени етаклаб, тўртинчи қаватга оғир кўтарилар ва “Сал пастроқдан олса бўлмасмикин?” дея ғудраниб қўярди. Акам эса “Шунисига ҳам шукр, ота, курсдошларимнинг ярми ижарада туришади”, дер эди. Биз келганимизда йўлак адоғидаги бу мўъжазгина хонада байрам бўлиб кетар, назаримда акамдан ҳам кўра унинг ҳамхоналари кўпроқ хурсанд бўлаётганга ўхшар эди. Отам ўз қўли билан мўлгина ош дамларди. Кейинги пайтларда акамнинг хонасида чиройли бир қизни ҳам кўрадиган бўлдик. Ўрта бўйли, ёқимтой, қайрилма киприклари ўзига ярашган, буғдойранг юзлари ҳамиша енгил табассумли бу қизни акам “Курсдошим, Мунаввархон!” дея таништирди. Уни биринчи кўрганимдаёқ ёқтириб қолдим. “Шаҳарда шунақа чиройли қизлар бўларкан-да”, деб ўйладим. Мунаввар опа чиройли бўлишидан ташқари жуда хушмуомала, одобли эди. У ҳар гал бизни кўрганда уялинқираб, қўлини кўксига қўйиб, тавозе билан саломлашар, шоша-пиша сочилиб ётган китоб-дафтарларни йиғиштирар, ғичирлаб қолган эски стулларга ўтиришга чорлар, отам фотиҳа қилгач, “Мен…ҳозир!” дея чойидишни олиб, чой қўйгани чиқиб кетарди. Қайтиб келгач, столга дастурхон ёзар, токчадаги идишдан ҳали совиб улгурмаган таомни тақсимчаларга солар эди. Биз бу овқатни қиз уйидан, атай акам учун тайёрлаб келганини фаҳмлардик.
Бора-бора ётоқхонадаги бу ҳолатга кўниккандек, алланечук яқинлашгандек бўлиб кетдик. Мунаввар опа байрамларда менга хат ёзиб, табриклаб турадиган, қандай ўқиётганимни сўрайдиган бўлди. Ундан хат келганда худди ўзини кўргандек суюниб кетардим. Ёзуви чиройли эди, назаримда бундай хатларни фақат Мунаввар опага ўхшаган қизларгина ёза оларди. Ёзги таътилга чиқиш арафасида ундан яна хат олдим. У менга таътилни шаҳарда ўтказишни таклиф қилганди. Қувончим ичимга сиғмай, қолган кунларни санаб ўтказдим. Таътилга чиққач, отамдан бир ҳафтага рухсат олиб, акам билан шаҳарга жўнадик. Тўғри Мунаввар опаларникига тушдик. Улар кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги уйда она-бола туришар экан. Бу “дом” Даққиюнус замонидан қолгандай, эски, деворларини шўр босган, тепадан сув тошган бўлса керак, шифтдаги сарғиш доғ-дуғ излари қотиб қолганди. Жиҳозлар ҳам эски, шарти кетиб, парти қолган. Хонанинг бир четида ялтироқ қуббали икки кишилик темир каравот қўйилган, ўртада стол ва тўртта стул, ҳаммаси эски, уринган-суринган. Она-боланинг бундай хокисор туриш-турмушини кўриб, ҳайрон бўлдим. Шаҳарликлар бошқача яшайди, деб тасаввур қилгандим-да. Мунаввар опанинг онаси — чеҳраси очиққина, юзларига ажин тўр ташлай бошлаган аёл бизни хушнуд қаршилади. Қизи боришимизни айтган бўлса керак, “Мансуржонни укасимисиз, вой ўргулай!” дея бошимни силаб, пешонамдан ўпиб қўйди. “Мансуржон, қани тўрга бошланг, сиз ўзимизникисиз” деб мулозамат қилди.
Она-бола келишимиз шарафига анча тайёргарлик кўришган чоғи, ҳаш-паш дегунча дастурхонни ноз-неъматларга тўлдириб ташлашди. Қуюқ ва суюқ овқатлар тортилди. Мен бу хонадонда бир ҳафта қолиб кетдим. Таътилни бу қадар кўнгилли ўтказганимни эслай олмайман. Мунаввар опа мени сираям зериктирмади. Шаҳарни обдон томоша қилдирди. Каруселга чиққанимизда бошим айланиб, қўрқиб кетдим. Кўзларимни чирт юмиб, опанинг тирсакларидан маҳкам ушлаб олдим. У бошимни секин бағрига босди, шунда бутун борлиғидан таралаётган, шу маҳалгача билмаган-сезмаган ажиб бир исни туйдим, вужудимни қитиқлаб ўтган ёқимли ҳисдан сархуш бўлдим. Бу ҳолатнинг сира адо бўлмаслигини истардим.
Хайрлашаётганимизда опани қишлоғимизга таклиф этдим. Унга тоғимизни кўрсатишни жуда-жуда истардим.
— Агар акангиз ҳам таклиф қилса… борардим, — деди опа кулимсираб.
— Акам албатта боришингизни истайди! — дедим ишонч билан.
— Унда боришга тўғри келади.
— Қачон борасиз?
— Баҳорда.
— Бўпти, келишдик! — дедим суюниб.
Апрел ойининг бошларида акам шаҳардан келиб, келаси ҳафтада курсдошлари лола сайлига келаётганини айтди. Мунаввар опанинг номини тилга олмаса-да, асосий меҳмон у экани маълум эди.
Тунда отам билан онам ўртасида бўлиб ўтган шундай суҳбат қулоғимга чалиниб қолди.
— Мансурни бирон жойга илаштириб қўяйлик, ёши ҳам ўтиб боряпти, — деди онам.
— Ўзининг танлагани бор шекилли, — жавоб қилди отам.
— Ўша бирга ўқийдиган қизми? — онам негадир энсаси қотиброқ гапирди.
— Ҳа, ўша, — отам хотиржамроқ эди. — Мен уни ётоқхоналарида кўп кўрганман. Жуда бамаъни, фариштали қиз.
— Ана, ана, ўзим ҳам ўйловдим-а! — онам ҳар бир сўзини худди мих қоққандек ниқтаб гапира бошлади. — Иссиқ-совуқ қилиб, ўғлимнинг бошини айлантириб олган! Бу гапни хаёлиздан чиқариб ташланг, шаҳари қиз бизга тўғри келмайди.
Шу вақтда кўрпадан бошимни чиқариб, “Нега энди тўғри келмас экан? Сиз Мунаввар опани билмайсиз-ку! Агар билганингизда сиз ҳам уни ёқтириб қолган бўлардингиз!”, дегим келди. Хайриятки отам кўнглимдаги гапни айтгандек бўлди.
— Билмасдан, ўйламасдан валдирайверма! — отам бу гал кескинроқ гапирди. — Мана, эртага келганда ўзинг кўрасан, бинойидек қиз, керак бўлса суҳбатини оласан, синайсан.
— Хўп, кўрамиз! — деди онам яниб.
Меҳмонлар тонг саҳарда етиб келишди. Улар икки қиз, икки йигит эди. Мунаввар опа одмигина, қишлоқ қизларидай этаги узун, гулли чит кўйлак кийиб, бошига рўмол ўраган эди. Онам билан саломлашаётганда овози титраб, ерга қараганча қизаринди. Меҳмонлар айвон четидаги катта сўрига чиқишди. Атрофга қалин сув сепилган, райҳон, жамбиллардан таралаётган ёқимли ҳид димоққа урилар, катта ҳовлимиз яна файзли кўринарди. Синглим Юлдуз иккимиз оёғимиз оёғимизга тегмай, зипиллаб хизмат қилиб турдик. Онам овқатга уннамоқчи эди, акам шаштини қайтарди.
— Аввал тоққа чиқиб келайлик, овқат кейин…
— Ўзинг биласан, болам, — онам ортиқ қистаб ўтирмади. Унинг икки кўзи Мунаввар опада эди. Қизга гоҳ ошкора, гоҳ зимдан тикилар, ўзича нималарнидир чамалар, мулоҳаза қилар эди. Тоққа жўнаётганимизда ҳам қизнинг орқасидан тикилиб қолди. Болаликдан мол боқиб, чиллак ўйнаб ўсган бу гўшанинг ҳар бир қаричи менга яхши таниш. Шу боис меҳмонларга ўзим йўлбошловчи бўлдим. Юқорига қараб анча ўрладик. Мен чўпон таёғим билан олдинда, акам ҳамроҳлари билан ортимдан келишар эди.
— Эчкига ўхшаб сакрайвермай, сал секинроқ юр,— деди акам.
Мен шундагина меҳмонларнинг ҳансираб қолишганини пайқадим. Эҳҳе, ҳали олдинда қанча йўл бор-у, булар ҳозирдан чидашмаяпти. Яна бироз йўл босгач, катта, баланд қоятош устида нафас ростладик. Атроф кўм-кўк майсалар билан қопланган. Бу ердан қишлоқ кафтдек кўриниб туради. Турли қушларнинг ажабтовур нағмалари қулоққа чалиниб қолади. Юқорига ўрлаганимиз сайин манзара ҳам ўзгариб, гўзаллашиб борарди. Энди аҳён-аҳён яккам-дуккам лолалар учрай бошлади, аммо ҳақиқий лолазор ҳали олдинда.
Сўқмоқ иккига бўлинди. Шунда акам шеригига:
— Шу ердан энди биз ҳам иккига бўлинамиз. Ҳар ким ўзига йўл топади, — деди ва соатига қараб, қўшимча қилди. — Роппа-роса икки соатдан кейин ҳалиги қоятош олдида учрашамиз.
Шериклар ҳам бош ирғаб ўнгдаги сўқмоқдан секин юриб кетишди. Акам Мунаввар опани етаклаб, чапга бошлади. Мен эса бир зум иккиланиб тургач, уларнинг ортидан эргашдим.
Улар ҳали узоқлашиб кетишмаганди. Шарпамни эшитиб, акам ортига ўгирилди. Ногоҳ қошлари чимирилди. У жаҳли чиққанда шундай қиларди. Тараддудланиб, турган жойимда қотиб қолдим.
— Сен нима қилиб юрибсан орқамиздан жосусга ўхшаб?! – деди акам жаҳл билан. — Бор, ишингни қил!
Мунаввар опа уялинқираб, секин акамнинг биқинига туртиб қўйди, менга қараб кулимсиради. Ноилож орқамга қайтдим. Озгина юргач, беихтиёр ортимга ўгирилдим. Акам Мунаввар опанинг елкасига қўлини ташлаганча юзини юзига яқинлаштираётганди. Дарров ўгирилиб олдим.
Орадан икки эмас, уч соат ўтса ҳамки улардан дарак йўқ эди. Акамнинг ҳалиги танбеҳидан кейин уларнинг нималар билан машғуллигини энди бирмунча аниқроқ тасаввур қилар, шуни олдинроқ фаҳмлаб олмаганимдан хижолат бўлардим. Ниҳоят қоятош олдига улар ҳам эниб келишди. Ҳаммаси хурсанд кўринар, қўлларида лолақизғалдоқлардан катта гулдаста, акамнинг чап қўлида равоч ҳам бор, баҳор қуёшидан юзлар андак қизаринқираган. Мунаввар опага зимдан разм солдим. Рўмолини елкасига ташлаган, юзлари бўғриққандек, ўзи ҳам нимадандир мамнун-масрурдек туюлди. Кўнглим жойига тушиб, енгил тортдим.
Уйга қайтдик. Супадаги катта дастурхонга ош тортилди. Тоғ ҳавосида очиқиб келган йигитлар дадил-дадил, қизлар эса тортиниб-қимтиниб тановул қила бошладилар. Мунаввар опа овқатдан бир-икки тотинган бўлди-ю дарров қўлини артиб, чой ича бошлади. Ҳовлида қўшни хотинлар куймаланиб юришар, улар бирон нарсани баҳона қилиб супага яқинлашар, Мунаввар опага синчков назар ташлашар эди. Янглишмасам, улар шаҳарлик қизни хонадонимизга келин қилсак арзийдими йўқми — шуни чамалашмоқда. Кўнглимда бир хавотир бор — ишқилиб Мунаввар опа онамга, унга маслаҳат бергувчи қўшни хотинларга маъқул бўлсин-да!
Меҳмонлар овқатдан кейин узоқ ўтиришмади. Оқшом арафасида жўнайдиган охирги автобусга илиниб қолайлик дея қўзғалишди. Акам ҳам улар билан кетди. Мунаввар опа мен билан хайрлашаётганда қўлимни анчагача қўйиб юбормади. Назаримда, у янада очилиб, чиройли бўлиб кетганди.
Отам билан онам, албатта, Мунаввар опа ҳақида гапиришини кўнглим сезганди. Бу ҳақда кечқурун отам гап очди.
— Хўш, нима дейсан энди? Мана, кўрдинг, билдинг…
— Бўлмайди! — деди онам чўрт кесиб.
Бошимдан бир челак совуқ сув қуйилгандек сесканиб кетдим. Онам мен эшитишдан қўрққан ўша гапни тап тортмай, бемалол айтган эди.
— Нега бунақа деяпсан? — чамаси, отам ҳам онамнинг бу қадар тез қарорга келганидан ҳайрон эди, — балки Анзират айнитгандир, қизини ўртага солиб…
— Анзиратнинг қизи келин қилса арзийдиган қиз, бир уйни обод қилади.
— Шаҳарлик обод қилолмайдими?
— Шаҳарлик тандирга олов ёқиб, нон ёполармикин? Сигир соғиб, таппи қилолармикин?
— Билмаса ўрганади, қайнона бўлиб ўзинг ўргатасан.
— Ўргатаман деб асабимни бузиб, ёмон кўрингунча тайёрини олиб қўя қолганимиз афзал эмасми?
Отам уф тортиб, бир муддат жим қолди. У бироздан кейин мен кутган гапни айтди.
— Мабодо ўғлинг ўша сен айтган қизни хоҳламаса-чи?
— Хоҳламай кўрсин-чи!
— Қизиқ, нима, хоҳламаса мажбур қиласанми?
— Мени ҳурмат қилса, айтганимга уйланади. Ота-она ҳеч қачон боласига ёмонликни раво кўрмайди, билдингизми?
— Сен замондан орқада қопсан, ўқимагансан-да, — деди отам кесатиб. — Ахир, фарзанднинг кўнглига ҳам қараш керак-ку!
Шунда кўнглимда бир савол ғимирлаб қолди. Акам ростдан ҳам Мунаввар опани яхши кўрармикин? Яхши кўрса, нега…
Кўнглимда бир нохушлик, дилгирлик уйғотган бу суҳбатнинг нима билан тугаганини эслолмайман. Тоғда юриб толиққан эканман, қандай ухлаб қолганимни билмабман.
Ҳаётда мутлақо кутилмаган воқеалар бўларкан. Ўйлаган ўй-режаларинг, орзуларинг чаппасидан келиши ҳам мумкин экан. Акам ёзга чиқиб институтни битирди. Ўзимизнинг қўшни қишлоқдаги мактабга ўқитувчи бўлиб келди. Орадан кўп ўтмай уни маҳалламиздаги ўша Анзират холанинг қизи Шарофатга унаштириб қўйишди. Мен бундай бўлишини мутлақо кутмаган, истамаган эдим. Ўзимча роса куйиниб, пана-панада йиғлаб ҳам олдим. Барибир хотинларнинг айтгани бўлди. Улар зўр келди.
Орадан кунлар, ойлар ўтди. Кўрган-билганларнинг айтишича, Мунаввар опа бир неча бор акам ишлаётган мактабга келиб кетган эмиш. Охирги марта келганида акам олдига чиқмабди, “Мени йўқ деб қўйинглар”, дебди. Бу гапни эшитиб дод солиб йиғлагим келди. Акам кўзимга ёмон кўриниб кетди. Ундан нафратлана бошладим.
Бир куни кутилмаганда уйимизга Мунаввар опанинг онаси кириб келди. Бошига оқ рўмол ўраган, қадди ҳам анча букилиб қолган, юзидаги ажинлари анча қалинлашган, худди бошига мусибат тушган одамга ўхшар эди. Бечора уйимизни сўраб-суриштириб топиб келибди. Уйда онам иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Кампир ўзини таништирди. Шунда онам сесканиб кетгандек бўлди, қўллари қалтираб кетди. Мен эса бошимни қуйи солганча ўтиравердим.
Кампирнинг нима мақсадда келганини жуда-жуда билгим келди.
— Аввало, безовта қилган бўлсам узр, — деди кампир рўмолининг учи билан ёшовраган кўзларининг четини артиб, — мен ёмон ниятда келганим йўқ.
— Одам бор жойга одам келади, гапираверинг, — деди онам, унинг сўзлари самимий эмас эди.
— Тўғри айтасиз, — кампир онамнинг далдасидан дадиллангандек бўлди.
— Қанақа илтимос экан? — чарсиллаб сўради онам.
— Илтимосим сал… ғалати туюлиши мумкин, фақат мени тўғри тушунинг. Мунаввар ҳам ёлғиз қолмас. Фақат у… унутолмаяпти, Мансуржонни эсидан чиқаролмаяпти. Кўнгил эканда. Бахтиқаро бу қиз “Уни кўрмасам, кўриб турмасам ўлиб қоламан”, деяпти. Ўзини бир бало қилиб қўймаса эди, деб қўрқяпман. Бунақада ақлдан озиши ҳеч гап эмас. Унга кўп насиҳат қилдим. Ўзингни қўлга ол, ҳаётинг ҳали олдинда, дедим, фойдаси бўлмаяпти-да. Унга жоним ачийди, сиз ҳам онасиз, мени тушунарсиз…
Кампирнинг онамга жавдираб тикилган кўзларида ёш йилтиллади. Юрагим ўртаниб кетди. Онам ҳам карахтланиб, гарангсиб қолди. Орага ноқулай сукунат чўкди. Бошим қотиб қолди. Қизиқ, ғишт қолипдан кўчган бўлса, кампир энди нимани илтимос қилмоқчи экан? У ҳеч қачон фотиҳани бузайлик, Мансур Мунавварга уйлана қолсин, демаса керак.
Масалага кампирнинг ўзи аниқлик киритди. У иккилана-иккилана, минг бир истиҳола билан тилга кирди.
— Илтимосим шуки, Мансуржон Мунаввар кўниккунча кўриниш бериб турсин, ўзи шаҳарга бормаса ҳам, қизим йўқлаб келганда бирров олдига чиқиб, бир оғиз яхши сўзини дариғ тутмасин. Бу вақтинчалик чора. Ҳамма нарсанинг давоси вақт. Кунлар ўтар, Мунаввар ҳам ахийри тақдирга тан берар. Менимча, бошқа чораси йўқ, ҳаёт давом этиши, қизимдан ҳам зурёд қолиши керак.
Онам биринчи марта хатога йўл қўйганини англагандек, бошини хам қилиб, жимиб қолди. Орадан анча фурсат ўтса-да, кампирнинг кўзига қарай олмай, дастурхон попугини ўйнаб ўтираверди.
— Узр, агар илтимосим малол келган бўлса…
— Йўқ-йўқ, — деди онам шоша-пиша, — мен ўғлим билан гаплашиб кўраман. Менимча, йўқ демаса керак.
Кампир дуо қилиб, ўрнидан оғир қўзғалди. Уни бекатгача кузатиб қўйдим. Рўй берган воқеаларга, худди ўзим айбдордек, кампирнинг юзига қарай олмас, унга таскин-тасалли берадиган бирон оғиз сўз ҳам эсимга келмас эди.
Акамнинг тўйи белгиланган вақтдан сал олдинроқ бўлди. Кампирнинг ўша ташрифидан сўнг онам хавотирга тушиб қолганди. Бир йил ўтгач, акам фарзанд кўрди. Ўзиям соч-соқолини ўстириб, катта одамларга ўхшаб қолди. Илгариги зиёлисифат келбатидан асар ҳам қолмади. Ҳамма нарсага бефарқ қарайдиган бўлди. Унга ким билан яшаш ва қандай яшашнинг аҳамияти ҳам, қизиғи ҳам йўқдек эди.
Мактабни битиргач, шаҳарга ўқишга бордим. Омадим чопиб, талаба бўлдим. Мунаввар опаларнинг уйига боришга юрагим бетламасди, албатта. Ахир нима деб бораман?!.. Менга муносабати ҳар қанча яхши бўлмасин, барибир уни қадрлай олмаган, севгиси учун курашмаган ношукур бир кимсанинг укаси эдим-да.
Бир куни шаҳарнинг гавжум кўчасида автобусда тик туриб кетаётган эдим. Чорраҳада улов тўхтади. Унинг ёнига эса бошқа яшил автобус ҳам келиб тўхтади. Шунда нариги автобусдаги таниш чеҳрага кўзим тушди. Қўлида икки-уч ёшлар чамасидаги гўдак. Ёмғирли куз кунида она-бола улов ўриндиғида паришон, ўз хаёлига ғарқ бўлиб кетишарди. Бу Мунаввар опа эди. Юрагим ҳапқириб кетди. Ниҳоят яшил чироқ ёнди шекилли, уловлар жилди. Бизнинг автобус ўнгга, униси эса чапга. Йўл четидаги улкан бетон тўсиқлар эса худди ҳув ўша қоятошга ўхшаб кетди. Ўша қоятошда ҳам йўлларимиз айрилганди. Аниқроғи, айрилган экан. Мунаввар опа мени кўрмади. Яхши бўлди.