Кечки таомдан кейин Маъсума қайнонасининг гапириш учун оғиз жуфтлаганини сезиб, сергакланди. Ўғли Фаррух телевизордан кўз узмас эди.
– Болам, шу данғир-дунғурингни бирпас ўчириб тургин, маслаҳатлашиладиган гап бор, – деди кампир неварасига қараб.
Фаррух истар-истамас туриб телевизорни ўчирди. Сўнг «Нима дейсиз?» дегандек кампирга кўзини лўқ қилди.
– Сен ҳам энди кичкина бола эмассан, Худо хоҳласа ёзга чиқиб ўн тўртга кирасан, – кампир гапни узоқдан бошлади. – Отангнинг уйдан чиқиб кетганига мана олти йил бўляпти. На хат бор, на хабар. Онангнинг гулдай умри ўтиб боряпти.Унинг ҳам яшашдан умиди бор. Сен бола буни тушунишинг керак.
– Хўш, мен нима қилишим керак? Фаррух зарда билан гапирди.
– Онанг билан касалхонада бирга ишлайдиган Фарҳод амакинг онангга уйланиб, сенга оталик қилмоқчи. Шунга сен нима дейсан?
– Менга бошқа ота керак эмас. Менинг ўз отам бор. Фаррух жазавага тушиб бақирди.
– Лекин отанг бизни унутди. Онанг боёқиш кутавериб ранги сомон бўлди. Сабр-тоқатнинг ҳам чеки-чегараси бор, болам. Эскичасига олгандаям, эр хотиндан маълум муддатгача хабар олмай қўйса, никоҳ бекор қилинади.
– Отам бошқа юртга ўйнагани кетгани йўқ, ишлаб пул топиш учун кетган. У барибир қайтиб келади, мен бунга ишонаман. Балки…
– Мен кўзим тириклигида оиламиз тўкис-тугал бўлганини кўрсам, келажакларингдан кўнглим тўқ бўлиб кетсам дейман-да, болам. Кампир ёшли кўзларини рўмолининг учи билан артди. – Эркак оиланинг устуни. Аёлнинг бошида бир паноҳи-суянчиғи бўлиши керак.
– Агар бу ишни менсиз ҳал қилиб қўйган бўлсанглар – ўзинглар биласизлар. Аммо мен рози эмасман!
Фаррух зарда билан эшикни ёпиб чиқиб кетди.
Маъсума қайнонасига хижолатомуз қараб қолди.
– Барибир ҳалиям бола экан-да, кампир афсус билан бош чайқади. – Мен уни эс тортиб қолган бўлса керак, деб ўйловдим.
– Ҳозир у ўтиш даврида, ойи, – Маъсума қайнонасига далда берди. – Бунақа вақтда ҳамма ўсмирлар ўжар, инжиқ бўлиб қолади.
– Илгари йигитлар жуда тез етиларди. Бобур ўн икки ёшида тахтга ўтирган.
– Илгари замон бошқа эди, ҳозир бошқа, ойи.
– Лекин хом сут эмган бандасининг феъл-атвори ҳалиям ўша-ўша, ҳеч нарса ўзгармаган! Майли, энди ортиқча сафсатанинг ҳожати йўқ, бўладиган ишдан гаплашайлик. Нима қилмоқчисан энди? Мен сенга розилик берганман, яна ўзинг биласан.
– Фаррух бунақа қилиқ чиқариб турса, менга ҳеч нарса татимайди, ойи.
– Бир кунмас бир кун тушуниб қолар. Яхши гап билан йўлга солиб оласизлар. Барибир кўникади, кўникмай қаерга борарди.
– Билмасам, ойи. Бошим қотиб қолди. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Фарҳод мендан жавоб кутяпти, эртага унга нима дейман? Бошқасига уйланаверинг десам «Менга сиздан бошқаси керак эмас» деяпти.
– Сенга астойдил кўнгил қўйган бўлса, ўзи ишончли, имон-эътиқодли бўлса, бунақа эркакни қўлдан чиқарма, болам.
Маъсума индамай бошини қуйи солди. Қайнонаси ўқимишли, тушунган аёл. Эллик йил муаллимлик қилиб нафақага чиққан.Эрининг умри қисқа экан, омонатини жуда эрта топширган.Келинини ўз фарзандидай яхши кўради, шу боис у билан ҳар қандай мавзуда очиқ-ойдин гаплашади. Ёлғиз ўғлининг оиласига бефарқлигидан сиқилиб юради. Бедарак кетганининг олтинчи йилида ўзи келинини муносиброқ жойдан тенги чиқса узатишни кўнглига тугиб қўйди. Ниятини яшириб ҳам ўтирмади. Келини олдинига бу гапга раъй қилмай юрди. Лекин ҳаётнинг ёзилмаган қонуниятлари, йўриқлари бўлар экан. Ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмас экан. Ҳаёт давом этар экан.
Фарҳод Маъсума ишлайдиган вилоят шифохонасида кўзга кўринган жарроҳ.Унинг қўли енгиллиги, айрим инсофсиз ҳамкасблари каби таъмагир эмаслиги ҳақидаги гап-сўзлар эл-юртга овоза бўлган. Биркам дунё деганларидек, шундай моҳир дўхтирнинг оилавий ҳаёти кемтик. Хотини икки йил муқаддам жигар хасталигидан вафот этган. Пешонасига зурриёт ҳам битмаган. Фарҳод касалхонада не-не онаси ўпмаган ёш қизлар туриб Маъсумани ёқтириб қолди. Уларнинг касалхонадаги тунги навбатчилиги тасодифми ёки бошқа сабабданми, кўпинча айни бир вақтга тўғри келиб қоларди. Бу кунни ҳар иккиси орзиқиб кутишарди. Тундаги тонготар суҳбатлар беиз кетмади. Маъсума кун сайин Фарҳодга боғланиб, ахийри унга кўнгил қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. Айни чоғда бу муносабатларнинг нима билан тугашини тасаввур қилолмас, кўз олдига бедарак кетган бетайин эри, ўжар ўғли келар эди. Шу боис Фарҳоднинг турмуш қуриш ҳақидаги таклифига дабдурустдан қандай жавоб қилишни билмай талмовсираб қолди.
– Агар ўғлингизни ўйлаётган бўлсангиз, буёғидан хотиржам бўлинг, – деганди ўшанда Фарҳод. – Уни ўз ўғлимдек кўраман, биз билан яшайверади.
– Гап фақат… ўғлимда эмас, Маъсума кўнглидаги иштибоҳни айтгиси келмай иккиланди.
– Хўш, гап нимада экан бўлмаса? – Фарҳод Маъсуманинг кафтини бақувват қўлларига олиб, юзига меҳр билан тикилди. – Очиқроқ айтаверинг. Мен…тушунишга ҳаракат қиламан.
– Ҳали у ёқда отаси…– Маъсума «Тирикми-ўликми?» деган гапни айтишга истиҳола қилди.
– Э-ҳа, тушунарли, – Фарҳоднинг қуюқ, туташ қошлари беихтиёр асабий чимирилди. – Яна қанча кутмоқчисиз? Бир умрми? Инсоннинг умри ўлчовли-ку. Айниқса ёшлик. Агар эрингиздан бирон хат-хабар бўлганда эди, кутишингиздан маъно бўларди. Ахир сизнинг ҳам яшашга, бахтли бўлишга ҳаққингиз бор-ку.
– Мен…яна бир ўйлаб кўрай. Бу умр савдоси, шошмайлик.
– Ўйланг, яхшилаб ўйланг. – Фарҳод жаҳл устида андак кесатиброқ гапирди.
– Майли, қайнонам билан маслаҳатлашиб кўраман. Тушунган аёл, бирон йўлини кўрсатар…
Келинининг Фарҳод билан муносабатларидан хабардор бўлган қайнона ўша куни ўзи бу ҳақда гап очиб қолди. Аммо ўғли Фаррухнинг кутилмаганда иддао қилиб, тўнини тескари кийиб олганини кўрган Маъсума иккиланиб қолди. Бир неча кунгача Фарҳодга нима деб жавоб қилишни билмай, ундан ўзини олиб қочиб юрди. Фарҳод эса Маъсуманининг хатти-ҳаракатини тушунолмай хуноб бўларди.Улар ёзги таътилда тўй қилишмоқчи эди.
Бир куни Маъсума ишдан келса, ўғли… отаси билан чақчақлашиб ўтирибди. Маъсуманинг юраги ҳаяжонданми, ҳайратданми, бир ҳаприқиб кетди, ўзини аранг қўлга олиб, секингина, тил учида «Келинг» деди-ю ичкаридаги хонасига кириб кетди. Нима гаплигини кейин қайнонасидан эшитди. Маълум бўлишича, эри туҳмат билан қамалиб қолган эмиш. Хат-пат ёзишнинг иложи бўлмаганмиш. Анча-мунча пул ишлаб келибди. Ўғлининг улғайиб қолганини кўриб суюнибди. Унга машина олиб берармиш. Энди ҳаётини янгидан бошлармиш…
Маъсума ўйланиб қолди. Қизиқ, эри ҳаётини…ким билан бошлар экан? Наҳотки ярашмоқчи бўлса? Дарвоқе, улар уриш-жанжал қилиб, қўйди-чиқди бўлишгани йўқ-ку! Домлани чақириб қайта никоҳ ўқитишса тамом-вассалом, яна ҳеч нима бўлмагандек эру хотин-қўш ҳўкиз бўлиб яшайверишади. Шошма, ўзи шуни хоҳлайдими? Домла қироат билан «Фалончи фалончи қизи, сиз фалончи фалончи ўғлини тан маҳрамликка қабул қиласизми “дея сўроқласа, дадил « Ҳа» дея оладими?
У бўлиши мумкин бўлган шундай манзарани кўз олдига келтираркан, беихтиёр сесканиб кетди. Кўнглида эрига нисбатан ҳеч қандай яқинлик, илиқлик туймади. «Меҳр кўзда» деганлари шу экан-да» деб ўйлади.
Орадан кунлар ўтди. Мансур ўзини уйда эмин-эркин тутар, ўғли билан тобора апоқ-чапоқ бўлиб, иноқлашиб борарди. Ота-бола гоҳ кинога, гоҳ футболга тушишар, баъзан қаёққадир ғойиб бўлиб қолишар эди. Ота меҳрига ташна бўлиб юрган Фаррух ўқишидан чалғиб, вақтида дарсини қилолмас, баъзан мактабга ҳам бормас эди.
Маъсума ташвишланиб қайнонасига шикоят қилди. У ҳамон эри билан очиқроқ гаплашишдан ўзини олиб қочиб юрарди.
– Энди кўнглингни кенгроқ қилавер, болам, – деди қайнона салмоқ билан. – Ота-бола соғиниб қолишган экан, майли, меҳри қониб, бир-бирига тўйиб олишсин.Нима бўлгандаям ўз отаси. Дарвоқе, эринг ҳам анча ўзгариб, мулла мушукдай мулойим тортиб қолибди. Бурнига сув киргандан кейин ўзгармай қаёққа борарди. Кеча у билан очиқроқ гаплашдим. «Энди мақсадинг нима?» десам, «Агар Маъсума мени кечирса, кечиролса ярашардим. Иссиқ жойимни совутиб нима қиламан?» деяпти. Шунга…сен нима дейсан?
Маъсума фалакнинг гардиши энди бунақасига айланиб кетишини етти ухлаб тушида кўрмаган эди. Ҳаётининг хуш-нохуш кунларида асосий суянчиғи бўлиб қолган қайнонасидан маслаҳат сўради:
– Ўзингиз… нима дейсиз, ойижон?
– Эҳ, болам-а, мен нима ҳам дердим. Ҳаётда рўшнолик кўришингни, кеч бўлса ҳам, бахтинг очилишини истайман-да. Бу ёғини энди ўзинг ҳал қилишинг керак.
Маъсума шу лаҳза ўзини ўзи тушунолмай ҳайрон бўлди. Наҳотки иккиланаётган бўлса? Ахир бундай бўлиши мумкин эмас-ку. Фарҳод билан гапни бир жойга қўйишган-ку. Хўш, унда нега тўйни тезлатгиси келмаяпти? Нега? Ҳа, энди тушунгандек бўлди. У ўғли Фаррухни, унинг келажагини ўйлаяпти. Илгари, ҳали отаси келмасдан турмушга чиқишига рози бўлмаган бола энди дайди отасини топиб олгандан кейин рози бўлармиди? Асло рози бўлмаса керак. Шундай экан, болани норози қилиб бахтли бўла олармикин? Қолаверса, Фарҳод ҳар қанча ишончли, яхши инсон бўлмасин, бегона болага ўз отасидек оталик қила олармикин? Аммо-лекин ваъдалари катта. Ишонса бўлармикин? Бу биркам дунёда ҳар лаҳза кўриб турибди, муҳими – тўйгача эмас, тўйдан кейингиси муҳим. Кейин нима бўлади, бунисини Худо билади. Умр савдосида таваккалчилик кетмайди. Демак, ҳозирча шошмай тургани, кўнглига қулоқ тутгани маъқул. Балки ростдан ҳам эрини кечириб, ярашиб қўя қолгани дурустмикин? Нима бўлганда ҳам кўз очиб кўргани. Ойиси айтганидек, бурнига сув киргани рост бўлса, балки яхши яшаб кетишар. Эридан кўнгли қолган бўлса нима бўпти, кўнгил нималарни қўмсамайди. Бир шоир айтган экан: «Талпинма кўп, девона кўнгил». Қолаверса, аёл киши кўникувчан бўлади. Бу ёғига энди ўзи учун эмас, ёлғиз боласи учун яшайди. Болага ёмон бўлса ҳам ўз отаси керак.
Навбатчиликда Фарҳод билан бўлган суҳбатдан кўнгли тўлмади. Тўйнинг муддати ҳақида гап очилганда Маъсума «Яна бироз шошмай турайлик» деди-ю балога қолди. Фарҳод тўлиб-тошиб турган чоғи, бирдан тутақиб кетди:
– Хўш, яна нимани кутамиз? Нимани? Нега кутамиз? Яна қачонгача кутамиз? Мен ҳам одамларга ўхшаб, одамдек яшашни истайман. Аммо сиз нимани истайсиз – тушунмайман. Агар ниятингиз бошқа бўлса, уни айтинг.
– Илтимос, менга бунақа…бақирманг. Ҳали…хотинингиз эмасман!
– Кечирасиз, сал қизишдим. Аммо сиз ҳам мени тушунишингиз керак-да. Умримиз ўтиб боряпти, яшашга улгуриш керак.
– Шошган йигит…хотинга ёлчимайди. – Маъсума ҳазил билан вазиятни юмшатмоқчи бўлди. Аммо Фарҳоднинг кўнглига шу тобда ҳазил сиғмасди.
– Дарвоқе, хўжайинингиз кепти деб эшитдим, табриклайман. Балки… ўзгариш сабаби…
– Биринчидан, киноянгиз ўринсиз, иккинчидан, мен ўзгарганим йўқ, ўзгармайман ҳам.
– Ростданми?
– Мен ёлғон гапиролмайман.
Фарҳод Маъсуманинг елкасидан авайлаб тутиб, оҳиста бағрига босди. Улар шу кўйи анча туриб қолишди…
Эртаси куни оқшом чўкканда Маъсума уйда ўғлининг отаси билан улфатчилик қилиб ўтирганини кўриб, қўрқиб кетди. Биринчи марта эрига бақирди:
– Бу нимаси? Болани ҳам ўзингизга ўхшаган алкаш қилмоқчимисиз?
– Кўп ваҳима қилаверма. Фаррух …хиққ… ф-фақат п-пиво ичяпти. – Ширакайф Мансурнинг тили зўрға айланарди.
– Барибир эмасми? Тезда йўқотинг бу савилни!
– Б-буни ўғил бола ичади. Сен…ниманиям билардинг?!
Шовқин-суронни эшитган қайнона ичкаридан ҳаллослаб чиқиб келди.
– Нима тўполон? Тинчликми ўзи?
– Буни қаранг, ойи! – Маъсума хонтахта тагида қалашиб ётган шишаларга жирканиб қаради. – Куппа-кундуз куни болани йўлдан уряпти. Нима учун ота-бола тез-тез йўқолиб қолишади десам, гап бу ёқда экан-да…
– Мансур! – кампир ўғлига жаҳл билан хитоб қилди. – Ақлинг жойидами ўзи? Бу нима қилганинг?
– Э-э, сиз унга қ-қулоқ солманг, хотин киши ж-жаврайверади. Ҳаммаси бир гўр, у ёқдагиси ҳам ш-шунақа…озгина ичиб қўйсам, жазавага тушарди, бунисиям…
Бу гапни эшитган Маъсума ялт этиб қайнонасига қаради.
– Гапини эшитдингизми, ойи?! Эшитдингизми деяпман!
– Бу маст одамнинг гапи, болам. Ўзича валдирайверади-да. Сен парво қилма.
– Мастлик – ростлик, ойи. Мана энди ҳамма нарса маълум бўлди…
Тунда Маъсума узоқ вақтгача уйқуси келмай шипга тикилиб ётди. Гарчи эридан кўнгли қолган бўлса-да, унинг бошқа оиласи борлиги тўсатдан ошкор бўлгач, ўзини ҳақоратланган, таҳқирланган каби ҳис этди. Энди Фарҳоднинг таклифини пайсалга солиш ўринсизлигини ўйлади. Бир маҳал, кўзи энди илинай деганда хонанинг эшиги секин ғийқиллаб очилганини пайқади. Ғира-ширада кўз қирини ташлаб, эрининг оёқ учида кириб келаётганини пайқади. Шоша-пиша ўзини ухлаётганга солиб, кўзларини чирт юмиб олди.
Эри каравоти ёнига келиб, туриб қолганини пишиллаб нафас олаётганидан сезиб турарди. «Ажабо, мақсади нима экан? Ёнимга кириб ётмоқчими ёки кундузги қилмиши учун кечирим сўрамоқчими?»
Орадан бир пиёла чой ичгулик фурсат ўтгач, Мансур қандай кириб келган бўлса, яна шундай сўзсиз-сассиз чиқиб кетди.
Маъсума ишхонасида Фарҳод билан жиддийроқ гаплашиб олиш учун қулай фурсат кутиб юрди. Аммо бир неча бор хонасига борганда унинг Маҳфуза исмли гўзал ҳамшира билан хо-холашиб турганини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди. Бу ҳол бир неча бор такрорлангач, йигитни биринчи бор рашк қилди, кўнгли ғаш тортди.
Уйда у яна бир кутилмаган, ғаройиб янгиликдан огоҳ бўлди. Эшикдан кириши ҳамон Фаррух бўйнига осилиб йиғлади:
– Ойижон, мени кечиринг. Мен сизни тушунмай, кўп вақтдан буён хафа қилиб юрдим. Энди ҳаммаси бошқача бўлади. Ҳаётимиз ҳам бошқача бўлади. Биз энди бошқача яшаймиз. Ахир одамлар бир-бирини алдамай, ёлғон гапирмай, тўғри, ҳалол яшаса ҳам бўлади-ку. Тўғрими?
– Ахир нима гап ўзи? Мундоқ тушунтириброқ гапирсанг-чи?.
– Мана, кўриб қўйинг, отамнинг ростдан ҳам ўша ёқларда бошқа оиласи, бошқа болалари бор экан. – Фаррух столда ётган конвертни очиб кўрсатди. Унда Мансурнинг икки қўлида иккита гўдакни кўтарган ҳолда, сочлари сап-сариқ ёш хотин билан тушган сурати бор эди.
Сири узил-кесил, ашёвий далиллар билан ошкор бўлгач, Мансур уйда кўп туролмади. Эртасигаёқ жомадонини кўтариб, жўнаб кетди.
Маъсумани ишхонада уйдагидан ҳам кўра кутилмаган, антиқа «хушхабар» кутиб турарди. Қабулхонада ишлайдиган, кўпдан буён Фарҳодни тузоғига илинтиролмай доғда қолиб юрган Руқия исмли бева аёл йўлакда Маъсумани кўриши ҳамон ёнига имлаб чақириб, қулоғига шивирлади:
– Эшитдингизми? Фарҳод Маҳфузага уйланаркан. Тўй куни ҳам белгиланибди.
Маъсуманинг кўз олди қоронғулашиб кетди, йиқилиб кетмаслик учун беихтиёр деворга суяниб қолди…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 5-сон.