Кўп узоқ ва хўб замонлар эди. Қудрат карвон туяларининг қўнғироқларини жиринглатиб, Жом чўлларидан ўтиб, уйи – Косонга келди. Қўёш ҳали ботмаган. Бола-чақалари унинг олдига чиқиб кутиб олди. Карвон ҳамма билан илиқ сўрашди. Болаларини бағрига босди. Сўнг туяларни чўктириб, устидан хуржунларни олди.
Ёзнинг иссиқ куни. Қудрат карвон ҳам, туялар ҳам ҳориган. Карвоннинг катта ўғли – Узоқ туяларга ҳашак берди. Сув тутди. Оила доимгидек супа устида Қудрат карвоннинг атрофига йиғилди. Дастурхон ёзилди. Кампири қудуқнинг совуқ сувидан чалоб қилиб, чолига тутқазди. Карвон чалобни симирди. Унинг ҳовури босилгандай бўлди.
Сўнг Қудрат карвон хуржунини олдига олиб, хотинига, ўғил-қизларига Каттақўрғон, Самарқанддан келтирилган совғаларини инъом қилди.
Ҳамма хурсанд. Барчаси оила бошлиғидан миннатдор. Ота болаларини эркалади. Олис сафарда ойлаб юрганидан карвон болаларини, улар эса отасини соғинган эди.
Орадан кўп ўтмай Карвоннинг қариндош-уруғлари ҳам бирин-кетин келиб, ҳовлини одам босди.
Катта қозонга овқат осилди. Сўнг алламаҳалгача сафар саргузаштлари, қишлоқ янгиларидан ҳангомалашиб ўтиришарди. Карвоннинг қариндош-уруғлари аҳил эди. Ҳамманинг ҳаваси келарди…
Хуллас, Қудрат карвон кампирининг хархашасидан безор бўлиб, Узоқнинг бошини жуфтлашга рози бўлди.
Карвон ойлаб уйда бўлмасди. Туяларини миниб, раис жўраларининг донларини Каттақўрғонга таширди. У жуда сертаниш ва бағрикенг одам эди.
Узоқ эса Карвоннинг катта ўғли. Ҳали уйланишга эрта. Эндигина ўн бешга кирди. Овози дўриллаган бўлса-да, рўзғорни эплаши қийин.
-Балки, Узоқбойни кейинроқ уйлантирамиз. Янаям бир ўйлаб кўрарсан, кампир, – дейди Қудрат карвон.
-Йўқ, отаси бошни қотириб ўтирмаймиз. Сиз даштма–дашт, чўлма-чўл юрганингизда, мен кеча-ю кундуз тинмай ўйлаганман, – дея Қумри кампир қатъий жавоб беради.
-Эй, шундайми? Олахуржун бўйнига оғирлик қилмасмикан дейман-да, кампир. Бунинг устига бешик, тувагу сумакнинг ҳам ташвиши бошланиб кетса, кейин нима қиласан. Булар шошиб қолади. Ҳали ёш, ғур. Сенга эса яна бош оғриқ. Қолган юмушлар ҳам етиб ортарди, – дейди Қудрат карвон.
-Сиз хавотир қилманг отаси. Рўзғорга ҳарна ёрдами тегарди-да, – дейди кампир.
-Ўзинг-чи? Ўғлинг нима дейди бунга, унинг хабари борми ўзи бу ишларингдан, – дейди Карвон.
-Ўғлимиз розидай, отаси, – дейди кампири.
-Нима? Қанақа розилик? Кимга розилик? Бу жинқарча хотинсираб қоптидими ҳали? Хотин олиш ўйинчоқ эмас, – дейди Қудрат карвон.
-Биламан, биламан. Келиннинг қўлидан мен ҳам чой ичгим келди. Яна тағин мол-ҳолларга ҳам ёллашарди. Қўлимдан ишни олар дедим-да. Меникиям бир кўнгил, отаси, – дейди кампири сал ийиб.
-Ҳа, гап буёқда денг кампир, – дея карвон сўлжаяди. – Балким, ўзингга бир ёрдамчи опкеб берарман. Оёқ-қўли чаққон, беминнат хизматингни қилиб юради. Ҳар замонда ўзим ҳам иш буюриб тураман.
-Унақа топиб берадиган ёрдамчингиз бошингиздан қолсин. Агар опкелсангиз, шу заҳоти уни бурда-бурда қиламан, – дейди кампир аразлаб.
-Уволига қоласан кампир. Важоҳатинг ёмон-ку. Уям бировнинг боласи ахир! Раҳминг келсин, – дея Карвон жиддий гапга ўтади. – Узоққа жабр қилмаяпсанми ишқилиб? Кейин унга қизимни бераман деб кўзи учиб турганлар борми ўзи?
-Энди у ёғини ўзингиз ҳал қиласиз. Кўча тўла қиз. Ота-онасига қараб секин тушунтирасиз. Иккимиз ҳам қарияпмиз. Тузукроқ жойдан излаш керак. Қариндош-уруғлардан бўлса, янаям яхшироқ бўларди. Ҳарна ўзимизники, – дейди кампири.
-Бўпти, кампир. Ўйлаб кўраман, – дейди Карвон.
Кампири ўчоқ бошига кетди. Фонуснинг ёруғида идиш-товоқларни ювди.
Қудрат карвон супада ёлғиз ўтирибди. Ёстиққа ёнбошлади. Пиёладаги чойни бир ҳимо билан сипқорди. Чалқанча ётди. Қўлларини боши узра айлантириб, бўйнига қўйди. Ва шу ётганича осмонга тикилди.
Осмон. Ой кўринмасди. Юлдузлар порлаган. Сомон йўли ғуборли бўлиб турибди. Мана чўмич, етти оғайни… Қўл узатса етгудек. Улар не-не сиру синоатдан воқиф. Ва қанча-қанча тақдирларга гувоҳ. Безабон ва безиён.
Карвон шу куйи ота-онасини эслади. Улар ҳам бир пайтлари ўзларининг ва болаларининг камолини ўйлаган. Эзгу ниятлар қилган.
Мана бугун уларнинг зурриёди – Қудрат карвон ҳам бедор хаёл сурмоқда.
Вақти келиб унинг болалари ҳам мана шундай вазиятни бошидан ўтказади. Улар ҳам ўз авлоди учун қайғуради.
Ана шу тарзда васийлик давом этавераркан.
Ўз умрининг ярмидан зиёдини йўлда ўтказган Қудрат карвон ҳаётда дўсту душманнинг фарқига борадиган бўлди. Кўп чиғириқлардан ўтди. Бошидан не-не савдолар ўтдики, барига чидади. Сабр қилди.
Энди у Узоқнинг ташвиши билан яшайди. Чол қариган бўлса-да, ўғли ҳали ёш. Бу ёқда кампири қисталанг қилади…
Дунёнинг ишлари шу экан-да, дея карвон эрталабки нонуштадан сўнг ҳаммасига жавоб бериб юборди-да, ўғлини ёнида олиб қолди.
Қудрат карвон гапни узоқдан бошлади:
-Узоқ болам, менинг юришимни биласан. Энанг қийналяпман, дейди. Бошингни иккита қилсак. Ҳарна, рўзғоргаям нафи тегармиди?
-Йўқ ота, мен ҳали ёшман. Кейин…- дея ўғли тутилиб қолади.
-Биламан болам, ҳеч ким ҳали менга хотин олиб берасан, деб жар солмайди. Уят саналади бу иш. Исми-расми шунақа. Ота-она айтади. Боласи уялади. Кейин қолгани ўз-ўзидан изига тушиб кетади. Овора бўлиб ўтирмагин, болам, – дейди Карвон.
-Билмасам, ота, қандай бўларкан? – дея ўғил уялинқирайди.
-Ана энди ўзинга келяпсан болам. Сени уйлантирамиз, қолгани бир гап бўлар. Кўзингнинг остига олганинг борми? Ёки энангни ўзи ҳал қилсинми? – дея Карвон қистайди.
-Йўқ, ўзларингиз ҳал қилаверингизлар, – дейди боласи.
-Ҳа, иш деган мана шундай бўлади. Қари отангнинг гапига кирсанг, анови, Жумагул аммангнинг қизини оласан. Бегона эмас. Ўзимизники. Шунга нима дейсан? – сўроққа тутади Карвон.
-Сиз нимани хоҳласангиз шу бўлади, ота, – дейди ўғил.
-Бўлди, ўғлим масала ҳал. Энди ўрнингдан туриб ишларингни бажар. Эрта-индин энанг ўзи совчиликка бориб келади. Қишга қолмасдан сенга хотин олиб берамиз. Мазза қиласан. Яна тағин у ёқ-бу ёққа мақтаниб юрмагин, – дея Карвон кулади.
Қудрат карвон айни ишидан ўзи жудаям ҳузур қилди. Кампирини ёнига чорлаб, вазиятни тушунтирди. Шунчалик маҳтал экан чоғи, Қумри кампир пешиндан сўнг дастурхонни қўлтиқлаб, амманикига совчиликка жўнади.
Икки кампир кечга қишлоқдаги борки гапу гаштакни бир-бирига айтди. Қумри кампир ийманарди. Охири, кетар чоғи совчи ёрилди:
-Аммаси мен аслида сизникига қулчиликка келувдим.
-А, Нима қандай қулчилик? Кимга? – дея амма анграяди.
-Бўстонни Узоқвойимга сўраб келувдим. Иккови бахтли бўлса, – дея гап бошловди ҳамки, амма гапни шартта бўлди:
-Йўқ, мунақаси кетмайди, Узоғингизнинг ёши кичкина, у ҳали бурнини тозалаб олсин, ундан кейин мен қариндош билан қуда бўлмайман. Қизимнинг ҳам дид нозик, айланай. Сиз совчиликка эмас, менинг устимдан кулгани келганга ўхшайсиз-а, келинжон. Хафа бўлсангиз ҳам қизимни Узоққа бермайман.
Қумри кампир гапирмасди. Шартта ўрнидан турди-да, дастурхонидаги нонларни хонтахтага қўйиб, хайр-маъзурни ҳам нася қилганича уйига қараб йўл олди.
Супа устида ҳамма жамулжам. Кампир ҳам келиб ўтирди. Ҳамма унинг оғзига пойлайди. Бироқ кампирнинг авзойи бузуқ. Қизлари дастурхон ёзиб, овқат сузди. Ҳамма жим. Сукунатни Қумри кампирнинг ўзи бузди:
-Отаси, аммамизнинг олдида обрўйимиз йўқ экан. Бекорга борибман у ерга. Устимиздан кулди. Жуда изза бўлдим. Борганларимга пушаймон бўлдим.
-Тушунтириброқ гапирсанг-чи, кампир. Нима бўлди ўзи? – дейди Карвон.
-Нима бўларди, Узоққа берадиган қизим йўқ, деди аммаси. Қизининг диди нозик экан. Одам билан гаплашгиси ҳам келмайди. Масхара қиладими-э? – дейди кампири.
-Майли, Жумагулнинг қизи бўлмаса, бошқасининг қизи бордир. Буларга қирғин келмаган-ку! – деди Карвон беписандгина.
-Сиз шундай дейсизу лекин эшитган қулоққа яхши эмас. Обрўйимиз нима бўлади? – дейди кампир.
-Қўй, кампир, уям бир нарсаларни ўйлаган чиқар, – дейди Карвон.
Орага оғир жимлик тушди. Ҳамма мулзам бўлди. Узоқ қўлидаги нонни дастурхонга қўйди. Овқатини ҳам сал егандай бўлди-ю яна қошиқни қайтиб косага ташлади. Хўрлиги келди. Томоғи бўғилди. Ўзини қаерга қўярини билмасди…
Ҳафта ўтиб яна Қудрат карвон Косондан туяларини миниб Каттақўрғон томон йўл олди. Карвон йўл-йўлакай Айритом ва Жомдаги жўраларини кўриш учун ҳам бурилди. У ерларда эски ошнолари билан гурунг қилди. Яна манзил сари йўл олди.
Манзилга етиш олдидан Саройқўрғонда уни Марди Султон деган раис оғайниси тўхтатди. Уйига таклиф қилди. Қарасаки, ўғли – Узоқ ҳам шу ерда. Ота-бола кўришди. Мезбон кулади. Карвон эса ҳайрон. Узоқ уялади.
-Ҳозирги ёшлар мақсадига етмаса қўймас экан. Бахтини берсин. Келин муборак бўлсин, карвон. Иккаласи қўша қарисин, – дейди Марди Султон.
-Қуллуқ, қуллуқ раис бува, – дея Карвон аланглаб ўғлини қидиради.
-Ҳозир чақирамиз, – дея Марди Султон ташқарига овоз беради: – Узоқвой, ҳов Узоқвой бу ёққа бир келинг.
Уйга ийманиб, уялибгина Узоқ кириб келади.
-Нима гап ўғлим. Сизни бу томонларга қайси шамоллар учирди. Келин деган гаплар пайдо бўпти. Ўзингиз тушунтириброқ айтиб берсангиз, – дея Карвон кесатади.
-Ота бу ишни сизнинг обрўйингиз учун қилдим. Энамга ҳам шуни айтдим. Рухсат сўрадим. Қисқаси, аммамнинг қизи опқочдим. Қизига қўшиб беш юзта терисини ҳам опкелдим. Ҳарна, келинга сеп бўлади. Бўстонни эмас, Гулистонни отга миндириб опкелдим. Ўзи ҳам рози бўлди. Раис буваникига тушдик. Сизни кеп қолар деб кутиб турувдим. Бор гап шу, ота, – дейди ўғли.
-У ёқда тўпалон бўп ётгандир-да болам, бировнинг боласини ота-онасидан бесўроқ сайр қилдириш яхши бўлмас, – дейди Карвон.
-Ота, Гулистон менга тегишга рози эди. Уйдагилари ҳам буни билади. Қолаверса, бу ишларни ор устига қилдим, ота, -дейди ўғил.
Қудрат карвон Марди Султонга ҳам қараб қўяди. Раис жўраси кулади. Ва айтадики:
-Карвон аслида биз сизнинг йўлингизга қараб ўтирувдик. Узоқвой билан кечадан бери кўп гаплашдик. Танлаган йўли ёмон эмас. Сиз рози бўлсангиз мулла опкелсагу исми расмини қилсак. Яна ўн-йигирма одамни чақирамиз.
-Бўлди, мен бозордан бир қўйни опкелай. Сиз муллага одам юборинг, – дея Карвон ўрнидан турмоққа шайланади.
-Йўқ , карвон сиз ўтиринг. Қўй қаҳат эмас, ана қўрада турибди. Биттасини сўямиз. Ҳозир мулла Бурҳонга одам жўнатамиз, – дейди Марди Султон.
-Раис бу ҳаммаси яхши-ку, лекин мулла Бурҳон қисталоқдан бошқаси йўқми? Анови бор эди-ку… мулла Раззоқ, мулла Сайдулла деганлари. Шуларни чақирайлик, – дейди Карвон.
-Мулла Бурҳон ўрисча қўшиб ўқийди, дейсизда, Карвон. Майли, бошқасини чақиртирамиз, ихтиёрингиз, – дейди раис жўраси.
Марди Султон ҳамма ишларни ўзи бош бўлиб ташкиллаштирди. Мулла Сайдулла ёшларнинг никоҳини ўқиди. Сўнг қўй суйилиб, эллик-олтмиш кишига ош берилди. Ва бу ҳақда Косонга ҳам махсус чопар орқали хабар ҳам берилди.
Узоқ келин билан Марди Султонникида яшаб юрди. Карвон сафари қариб, Косонга кетиш олдидан барча дўсту биродарларини уйида бўлажак туйга таклиф қилди-да, ўғли билан келинини ҳам ўзи билан бирга олиб уйига жўнади.
Косон келиб, ҳовлини эпақага келтиришди. Ҳамма воқеа баён қилинди. Қариндошлари, эл-юртни чорлаб уларга зиёфат берди. Тўйга фақатгина Жумагул амманинг ўзи, эри ва болалари келмади…
Тамошо тугаб, ҳамма нарса из-изига тушай деб турган чоғида Карвоннинг дарвозаси тақиллайди. Эшикни Карвоннинг ўзи очади. Қарсаки, Жумагул амма ерга қараб турибди.
-Келинг амма, ичкарига марҳамат, – дейди Карвон.
-Шу..десангиз, укажон… поччангиз мени бир омонатга юборганди… шунга келувдим, – дея амма каловланади.
-Ичкарига киринг амма, кўчада турманг. Қандай омонат… Нима экан у? – дейди Карвон.
Жумагул амма яна баттар довдирайди. Уятданми ёки ҳадикданми, ишқилиб юзлари қип-қизил бўп кетганди. У Карвоннинг уйга киринг дейишига кўнмайди. Ташқарида туради. Ўзиям, Карвон ҳам бунинг устига уйдагилар ҳам ноқулай аҳволда қолишди. Охири Карвоннинг тоқати тугаб, ўзи гап бошлайди:
-Амма, энди буларни тинч қўйинг. Қизингиз сиз учун омонат бўлса, ўғил мен учун азиз. Буларни тинч қўйинг. Икковиям сизнинг болангиз. Ҳали аста-секин мунособатларимиз ҳам жойига тушиб кетади. Кўпам қайғураверманг. Аслини олганда, сизу биз ҳам омонатмиз-ку!
-Айланай ука, мен бошқа нарса учун келувдим. Поччангиз ҳар куни қулоқ миямни ейди. Анови тери бор-ку. Беш юзта тери. Ана шуни қайтариб берсангиз, укажон, – дейди амма.
-Эй, пўстак демайсизми, амма. Мен нима деб ўйлабман. Ҳозир опкетасиз, Арава ҳам бераман, – дейди Карвон.
-Майли, укажон, поччангиз ҳам хурсанд бўларди, Барака топинг, раҳмат, – дея амма саросималанади.
Қудрат карвон беш юзта терини аравага жойлаб қудасиникига элтиб беради.
Шундан кейин қайтиб улар бир-бировларини йўқламайдилар. Узоқ ҳам ота касбини қилади. У Гулистондан кейин ҳам ўн бирта хотин оладики, бу бутунлай бошқа тарих.