Шодиёр Ҳазрат Исмат. Оқаётган одам (ҳикоя)

-Онам доялик қиларди. Отам ҳам дўхтир эди. Қишлоқдагилар оиламизни ҳурмат билан тилга олишарди. Айниқса, онамни кўпроқ алқайдилар, – деди Абдулла.
Эҳтиёткорона гап ташлайман:
-Отангизнинг ҳам ўрни ёмон бўлмагандир. Ҳар ҳолда эр киши… рўзғорнинг бошида барибир у киши турадилар…
-Тўғри, отам тиллага тенг инсон эди. Бечора отам бу дунёда кўп яшамади. Касалга чалиниб қазо қилди.
-Узр, ярангизни янгилабман-да. Кечирасиз. Мен бундай деб ўйламовдим, – дейман ҳижолат тортиб.
-Отамнинг қазоси туйқусдан бўлди.Ака-ука, қариндош-уруғ довдираб қолдик. Ҳамма бизнинг кўнглимизга қараган. Орадан йиллар ўтди. Излар босилди. Онам секин-аста бизни уйли-жойли қилди. Ҳаммамиз ўз-ўзимиз билан овора бўлдик. Бизлар энди ўз ҳаёт йўлимизни бошладик, – дея сўзини давом эттирди Абдулла. – Мен катта шаҳарга келиб ўқидим. Онам ва бошқа қариндошлар менга пул бериб турарди. Ўзим ҳам бўш вақтимда ҳаммоллик қилдим. Бу орада акаларим ҳам уйланди. Опаларим эса эрга тегди. Онам дояликни ташлай деса ҳам эл-улус бунга унамади.
Мен ўқишни тугатдим. Уйдаман. Ишга кириш учун у ер бу ерга бош суқдим. Лекин иш тополмай, мен узоқ вақт уйда қолдим. Акам бир куни мени ўзи билан эргаштириб шаҳарга олиб тушди.  
Бир идорага юзландик. Эшикни тақиллатиб, акам ичкарига кирди. Мен эса ташқарида уни кутиб ўтирардим. Бир маҳал акам мени ичкарига опкирди. Хонанинг тўрида жуссали, сочлари ёнга силлиқгина таралган, мўйловли киши ўтирарди. Мени илиқ кутиб олди. Қўл бериб кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрашдик. У киши мени андак саволга тутди:
-Қаерни, қандай битирганман? Зарарли одатларим борми-йўқми? Ялқовманми ёки ишчанманми? Ёшим?..
Қимтиниброқ жавоб бердим. Маъқул топди чоғи, ука эртадан бошлаб ишни бошлайверасиз, деди.
Қуюқроқ хайрлашдик.
Уйга келдик. Эртасига кўримлироқ кийиниб, акам билан янги ишхонамга келдик. Бояги киши мени жамоа билан таништирди.
Мен геологлар билан ишлардим. Оддий лаборант. Бўлим мудиримиз эса кўзойнак таққан, камгап, жиккакгина чол эди.
-Игор Сергеевич Павлов, – дея менга қўл узатди у.
-Абдулла Менгноров, – дедим.
Қарасам, Игор Сергеевич шинаванда, ишига пухта, уқувли, билимдон одам экан. Икковимиздан бошқа яна ҳам қиз жувонлар бу ерда ишларди. Бизга улар ҳар хил жойлардан текшириш учун турли хил шиша идишларда ердан, тоғдан олинган жинсларни келтиришарди.
Бизлар эса идишларни олардик-да махсус тамға қўйиб, тахмонга тахлардик. Сўнг эса пешма – пеш идишлардаги жинсни лабараторияда анализ қилиб, хулосасини ёзиб қўярдик. Яна эса эгаларига топширар эдик.
Мен бу идорада кўникиб кетдим. Ҳаммамиз аҳил ва иноқ бўлиб ишлардик
Ишларим бир зайлда кетаётган мана шундай дамда мени уйлантириш масаласи ўртага тушди. Энг биринчи бўлиб онам гап бошлади:
-Болам ҳамма оғир кунларимиз ортда қолди, ўқидинг, мана ишлаяпсан ҳам, бировдан кам, бировдан зиёд. Шу десанг кўзим тириклигида сенинг болаларингни ҳам бағримга боссам, армоним қолмасди, болам.
-Сал сабр қилайлик, она, – дейман.
-Йўқ, болам, – дейди онам қатъий. – Энди ками қолмади, қайси эшикка борсам, менга биров йўқ демайди. Шунга қараб айтсам, кўз остингга олганинг бўлса гапирсанг, ёмон бўлмасди. Сен ҳам, мен ҳам овора бўлиб юрмасдик. Нима дединг?
-Билмасам, – дейман. – Ўйлаб кўрмаган эканман.
-Ростини айтавер болам. Буни умр савдоси дейишади. Уялма. Кўнглингдаги гапиргин.
-Очиғи гап, она, мен сиз ўйлаган ёшдан ўтибман, – дедим – энди бу ёғига бирор нарса дейишга ҳайронман. Она сиз нимани раво кўрсангиз шуни қилинг.
-Бўпти болам, билсанг аммангнинг Гулсара деган қизи бор. Шуни келин қиламиз. Одоби ҳам жойида, – деди онам.
Мен аммамнинг Гулсара деган қизини кўрдим. Гаплашдик. Ёмонга ўхшамади. Онамнинг ўзи совчи бўлди. Иш битди. Нон ушатилди.
Қиш бошланишидан олдинроқ тўйимиз бўлди. Гулсара билан бирга яшай бошладик. Бирин-кетин болаларимиз туғила бошлади. Биз эса хурсанд бўлдик… Чиройли исмларни топиб қўйдик… Эркаладик…
Гулсара менга, мен эса унга меҳрибон эдик. Онам ниятига етган эди. Болаларимни бағрига босди…
Ажабки, шундан сўнг онамнинг тоби қочди ва кўп ўтмасдан кутилмаганда қазо қилди.
Йиғи-сиғи, дод-вой. Қанийдики, фойдаси бўлса. Бизлар анча вақтларгача онамни ўйлаб юрдик…
Кейин эса…
Вақт ўтиши билан ҳаммамиз ўз ишимиз билан овора эдик. Гулсара менга тўрт ўғил ва беш қизни туғиб берди. Мен ҳам энди оилам билан андармон бўла бошладим. Ишим ҳам жойида, юриш-туришим ҳам ёмон эмас. Хотиним катта ўғлимни уйлантиришга тушди. Ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Вақтнинг ўтишини қаранг?!
…Неварамни бағримга босар эканман, кўзимдан ёш сизиб чиқди. Эътибор қилмаган эканман. Кўзёшларим иякларимдан пастга томчилаётган экан.
Кўз ёшим кўп хотираларимни ҳам оқизиб кетаётганди…