Шодиёр Ҳазрат Исмат. Эҳтиром (ҳикоя)

Сафарга чиқишга унчалик ҳам кўзим учиб тургани йўқ эди. Аслида анча вақтдан бери олис сафарга чиқмаган эдим. Манзил ва у ерда ўтадиган кунларнинг муддати ҳам кўп эди. Дастлаб Бухорода бўлдик. У ерни обдон томоша қилдик. Умрим бино бўлиб бу ерларни кўрмаган эдим. Роса мириқиб, Суръатжон деган укамизнинг ҳоли жонига қўймай савол бераман. Китобларда ўқиб юрган шаҳарни ўз кўзингиз билан кўрсангиз, ростдан ҳам мўъжиза бўларкан. Уятни йиғиштириб қўйиб, ёш боладай Суръатжон укамиздан кўринган жой ва иморатлар ҳақида шарҳ сўраймиз. Йигит бечора анча билимдон экан, ҳамма саволларимизга жавоби тайёр, дунё кўрган йигит экан. Иккиланмасдан, тап тортмасдан боз сал уялинқираб гапираркан. Суръатжон бухоролик Ғулом Шомурод деган шоир акамизнинг кичик ўғли. Анча таъмизли бола эканлиги билиниб турарди. Ўзбекча-ю тожикчани бирдек равон гапирарди.Қадим шаҳарни ва азиз жойларни зиёрат қилиб, меҳмонхонага келдик.
Суръатжон бизни кутиб ўтирган экан, дарҳол муддаога кўчди. Бизни Ғулом ака уйда кутиб ўтирган экан, бормасак бўлмас эмиш. Таранг қилмасдан биз ҳам унинг машинасига ўтириб, Жондорга келдик. Ғулом ака бизни кўриб хурсанд бўлди. Анча вақт суҳбатлашдик. Мезбоннинг кўнгли кўтарилди. Бизга кейинги вақтларда ёзган шеърларини ўқиб берди. Ғулом ака суҳбати соз ва давранинг ҳадисини дарров биладиган сезгир одам. Шариф Нурхону ва бошқа латифалардан айтиб, ҳаммамизни кулдириб ўтирди. Тилимиздан тушовлар тушиб анча вақтгача у ерда қолиб кетдик. У ердан алламаҳалда ўрнимиздан туриб, мусофирхонамизга келиб ётдик.
Эртаси куни бу ердан Навоий шаҳрига жўнаб кетдик. Бу ерда бизни Раим Қодир деган қаламкаш акамиз кутиб олди. Меҳмонхонага жойлашамиз десак, унамади. Уйига кўч-кўронимиз билан келдик. Бир хонани бизга ажратиб берди. Китоблари жуда кўп экан. Кўриб одамнинг ҳаваси келади. Маъруф Жалилдан ҳам кўп асарларни совға тарзда олган экан. Тарих ва адабиётнинг энг ноёб ва топилмас асарлари жавонда тахланиб турибди. Уларнинг ҳаммасини бирма бир силаб кўрдик. Кейин Раим Қодирнинг ишхонасига бордик. У ерда бироз суҳбатлашдик. Тушга яқин машинада Раим Қодирнинг ота юрти – Нуротага йўл олдик.
Гапнинг рости, Раим Қодир билан аввалдан таниш эмасдик. Тўғри, у кишининг достонлар ва тарихий манбалар ҳақидаги мақолаларини марказий матбуотда ўқиган эдим. Бироқ ўтириб ҳангомалашмаганмиз.
У киши йўлда кета кетгунимизча анчагина манбаларни гапириб берди. Ҳар қайси соҳадан сўз юритсангиз, худди шу мавзу бўйича сизга керагидан ортиқ қилиб маълумот беради. Суҳбати соз одам экан. Тарихдан бир нарсаларни айтадики, эшитиб оғзингиз очилади. Даштдаги гиёҳлардан гапиради. Уларнинг нима дардга даъво эканлиги майли, лекин ўша гиёҳни қайси фаслда, қай пайтда, қай ҳолатда ва қандай қилиб узиб олишини ҳамда қай тарзда ундан дори тайёрлашини ҳам бафуржа тушунтирадики, буни эшитиб туриб, оғзингиз очилмасдан иложи йўқ.
Биз Нуротага қандай етиб келганимизни ҳам гап билан бўлиб, сезмай қолибмиз. Чашмани ва бу ердаги бошқа жойларни зиёрат қилдик. Бу жойларнинг барчасига Раим Қодирнинг ўзи таъриф беради. Ҳодисаларнинг ҳаммаси илоҳий ва сирли эдики, эшитиб киши ҳайрон қоласан. Чашманинг сувидан бир кўзага атайлаб солиб,шаҳарга қайтяпмиз. Уйга келдик, янга дастурхон тузатиб қўйган эканлар, меҳмон бўлдик. Расамади гаплардан сўнг Раим Қодир ажойиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бир ҳикояни сўзлаб берди:
“Укалар, мен андак илгари вилоят қаламкашларига етакчилик қилганман. Вазифам жуда нозик эди. Олдимга келадиганларнинг ҳар бири билан алоҳида, ўзига хос тарзда муомила қилишим керак. Негаки, уларнинг ҳар бирида ўзига хос характер бор ва сал бўлса-да ғуддайганроқ. Ҳаммаси мен тўғриман, қолганлар лайлак ҳайдаб юрибди, деган ўй-хаёллар билан юради. Бир сўз билан айтганда ўзининг киндигини ўзи кесган тоифадан. Кўнглидан чиқсангиз олам сизники, агар тескари бўлса худо кўрсатмасин қирғинбарот бўлади. Ҳар қандай эзгуликни куйламоққа тайёр турган кимса бир пасда ёвузлашиб кетади.
Лекин мен буларнинг ичида укалар, гапнинг рости, тозасини кам кўрдим…
Мен фақат ўзим билан ўзим овора бўлиб юрган одам, бирданига бунақанги ишдан бошим гангиб қолди. Энди кўпчиликнинг бошини қовуштириб юришим керак эди. Вазифамни секин-аста ўз билганимча ва бошқалардан яъни кўпни кўрганлардан маслаҳат олган ҳолда бажариб келардим. Ҳаммага бирдек эдим. Бировни бировга қайрамадим, Мен бировдан гап сўрамадим. Ўзимни уларнинг ўрнига қўйиб кўра билардим. Бировининг ҳақига кўз олайтирмадим. Қўлимдан келганича ёрдам бердим. Ҳамма ўз ишини билиб қилади. Турли хил тантаналарга, маросимларга, тадбирларга ва бошқа мавридларга атаб қасидалар битилардики, бунинг охири йўқ эди. Турли туман учрашувларда шоирларимиз минбарларга чиқиб қарсиллатиб шеърлар ўқирди. Зал тўла одам уларга атаб қарсак чалардики, бундан ижодкорнинг илҳоми янада жўшарди. Улар руҳланиб янада янги-янги асарлар ёзишга киришарди. Замон билан ҳамнафас бўлиб, ундан ортда қолмасликка тиришаётган ижодкорларимизнинг сафи кундан кунга ортиб борарди.        
Барака топишсин, ҳаммаси яхши одамлар. Тақдирига тан берганлари ҳам кўп эди. Бир пайтлари денг, юрт оғалари азиз ва муқаддас зиёрат жойларни тавоб қилиш ҳақида бонг ура бошладилар. Биз ҳам идорамиз номидан ва бунинг устига яшаб турган вилоятимизнинг номини шарафлаш мақсадида, Алишер Навоий бобомизнинг қабрини ҳамда унинг яшаб ўтган жойларини зиёрат қилиш учун Ҳирот сари отланишни режалаштирдик. Тегишли хужжатларни расмийлаштириб, сафарга отландик. Ўнтача киши микроавтобусда Ҳирот сари отландик.
Амударёдан кечиб ўтиб, кўзланган манзилга етиб келдик. Йўллар абгор экан, анча азоб тортдик. Бизни борган жойимизда ерли аҳоли яхши кутиб олди. Ҳаммаси хурсанд. Бизлар мусофирхонада тунамоқчи бўлдик. Улар эса бунга унашмади. Алиакбар деган киши адабиётга иштиёқманд экан, бизни қўярда-қўймай уйига опкетди. Ва катта бир уйини бўшатиб берди. Бунинг устига бизга хизмат қилиш учун атайин тайинлади. Алиакбарнинг шинаванда одам эканлиги юз-кўзидан билиниб турарди. Вақт алламаҳалгача гурунглашиб ўтирдик. Бизлар ўзбек тилида суҳбатлашардик Тўғри, лаҳжамизда бироз тавофут бор эди. Уларнинг гап-сўзи ва юриш-туришида ҳамда фикрлаш тарзида ҳам бизникига қараганда тавофут бор эди.
Эртасига эрталаб уй эгаси бизларни эргаштириб, шаҳар айлантирди, сўнг биз излаб келган жой – Навоийнинг қабрига бошлаб келди. Бу қабристон эски мозористон бўлганлиги билиниб турарди. Ҳаммамиз қабр атрофини айландик. Шерикларимиздан бири тиз чўкканича дуои фотиҳа ўқиди. Қабрни зиёрат қилдик. Бу қабристоннинг анча вақтдан бери қаровсиз бўлиб ётганлиги билиниб турарди. Улуғимизнинг қабри қаровсиз, ҳаттоки, тошлари ўпирилиб ётганини кўриб одамнинг ичи ачийди. Шерикларидан бири енгини шимариб тошларни жойига тахлади. Йўқ, барибир бўлмади. Кейин биримиз оёқларимизни тириб сув опкелиб, лой қоридик ва ғиштларни топиб, қабрнинг учган жойларига чиллик қилиб, ғишту лой аралаштириб, уни тикладик. Ҳаммамиз сидқидилдан ишлаётган эдик. Ёнимиздаги Алиакбар ҳам бизнинг бу ишимиздан ўзини ҳижолат сезди.
Биз унинг уйига қайтиб келдик. Уй эгаси бир муддат кўринмай кетди-да, бир пайт шохлари буралиб кетган, кетмонқуйруқ қўчқорни етаклаб келди. Шу пайтда бир қассоб ҳам келди-да, жонлиқни бўғизлади.
Гўшт қозонга осилиб, тагига олов қаланди. Бир пасда шўрванинг масаллиқлари қозонга солинди. Тайёр овқатни ичдик. Сўнг ҳаммамиз дуои фотиҳа қилдик. Кейин билсак, бу жонлиқни уй эгаси улуҳимизнинг руҳи покларига атаган экан. Ҳаммамиз бирдек хурсанд бўлдик. Алиакбар ҳаммамизга атаб сарпо кийгизди. Боз шаҳарни айлантирди.
Кетар вақтимиз аниқ бўлди. Ерли аҳоли билан хайрлашдик. Уйнинг эгаси бизларни яна меҳмон бўлишимизни тилади. Биз эса унамадик. Охири ноилож у киши бизларни Амударёгача кузатиб келди. Узоқ вақт хайрлашдик. Бир-бирларимиз билан адрес алмашдик. Борди-келди қилишни келишиб олдик.
Сўнгра ортимизга қарай-қарай йўлга отландик. Уйга ҳам етиб келдик. Таассуротлар бир жаҳон, эслаб туриб гоҳида хурсанд ва гоҳида хафа бўламан. Бир неча кун Ҳирот кайфияти билан юрдим. Охирида ўзим ҳам бир ихтиро эмасу ҳарҳолда қулоқ эшитмаган иш қилишни ўйлардим. Негадир мўъжиза истаб қолгандим. Ана шундай кунларнинг бирида идорамиз номидан бир-икки жойга бориб, Алишер Навоийнинг юбилейига бирор ёрдам қила оласизми, дея уялинқираб сўрадим. Рости гап қилаётган ишимдан ўзим уялдим. Илтимос қилганларим эса бу ҳақда ўйлаб кўрмасдан рад жавобини берарди. Уйда мана шу хаёллар билан вақти бемаҳалгача ижод билан шуғулландим. Мен ҳам Ҳиротдаги Алиакбар каби элга ош беришни ният қилган эдим.
Ўғлимни Нуротага жўнатиб, семизгина бир қўй опкелтирдим. Ўзим эса бозорга тушдиму ошга керакли масаллиқларни харид қилдим. Идорага келдим, ҳаммамизга иш топилди. Бир пасда қозон осилди. Пешинга бориб ош тайёр бўлди. Йўлдан ўтган-кетганларга ҳам ош улашдик. Бир мулла чорлаб, улуҳимизнинг руҳларига атаб тиловат қилдик. Ортиб қолган ошни болалар уйига элтдик. Ҳаммамиз уйга хурсанд бўлиб қайтардик.
Худди мана шу кеча тунда ижод қилиб ўтирган пайтимда девордан бир шарпа чиқиб келди. Унинг юзи нурли эди. Соқоллари эса оппоқ бўлиб, кўзлари менга мулойимгина кулиб турарди. У киши менга ташаккурлар айтарди. Мен ўзимни ўнгаролмай қолдим. Худди мана шу лаҳзада ана шу шарпа яна деворга сингиб, кўздан ғойиб бўлди.
Мен эса ману шу лаҳзада улуғимизнинг руҳларини кўргандек бўлдим…”
Раим Қодир бу гапларни менга айтиб бераётганида унинг кўзлари намланиб кетганди. Мен эса жимгина қулоқ солиб ўтирардим.