Суннат муаллим кенжа қизини узатаяпти. Ким нима деса десин, тўй қилишни камбағалга чиқарган. Бой одам тўйида бир йилда, камбағал беш-ўн йилда топганини тўкиб-сочади. Шунгами, камбағалнинг тўйи тўйдай бўлади.
Айри зардоли остидаги чорпояга жойланган чолларнинг ҳангомасини ўртачароқ шафтолидай келадиган ўрикларнинг ерга парсиллаб тушиши узиб-узиб қўяди. Бир нафас гапдан тўхтаган эзма чоллар ерга тушиб, данаги бир бўлак, эти бир бўлак бўлиб қолаётган меваларга қараб тамшаниб қўйишади. Таралган ширғимтил ис иштаҳасини қўзғайди шекилли, дастурхондаги ҳозиргина ювиб келтирилган меваларга бирваракайига қўл узатишади.
Пойгароқда ўтириб олиб ҳеч кимга гап бермаётган Сухроб бобо елкасини қисиб ҳиринглайди:
—Бу маллимнинг ўчи бор бизда! Бир қўрқитай деб атай шу ерга жой қиган!
Гапга қўшилмайгина ўтирган Иззат буғалтир бир ғимирлаб олиб оғиз жуфтлайди:
— Куёв бола нима иш қилар экан?
Кўча бошидан чўзиб-чўзиб сигнал бериб келаётган машиналарнинг шовурида унинг саволи жавобсиз қолади.
Осойишта тўйхона бирдан жонланади. Бесаранжом хотин-халаж, томошаталаб бола-чақа дарвоза томон шошади.
Қатор-қатор машиналар тўғри келган жойга қантарилиб, улардан узун-қисқа бўлиб олифтанамо куёв жўралар тушиб келишади. Атрофга беписанд кўз ташлаб сигарет тутатаётган йигитчалар куёв йигит ўтирган машина олдига тўпланиб олишади.
Оппоқ “Нексия”дан тушган уч-тўрт аёл бироз солланиб туришгач, қудағайларнинг қистови билан ичкари кириб кетишади.
Дарвоза томондан Отабек мулланинг қораси кўринади. У чорпояда ўтирган чоллар томонга йўл солади. Қисқа дуои фотиҳадан сўнг узилиб қолган суҳбат янгидан бошланади.
Гап жиловини яна қўлга олган Сухроб бобо одатига кўра мулла Отабекни саволга тутиб бошлайди.
— Бир нимани сўрайман деб юрувдим, ҳозир эслаялмаяпман-да. Хў-ўш, бу, нико қийиш ўзи кимларга буюрилган?
— Ҳар сафар шуни сўрайсиз-а, Сухроб бова,— дейди мулла Отабек кулиб.
— Бенамоздан бошқа лубой одам нико қийса бўлади, фақат маънисини билса бўлди, — гапга аралашади чоллардан бири.
— Сен гапга аралашма, — тенгқурининг гапини кесади Сухроб бобо, — нико бир қасамдай гап, ҳар кимам ўқийверса дуруст бўмайди. Ҳа-а, бир нимага тушунмайман. Отам раҳматли Фарғона каналида “баталон” бўлиб кеганиди, бир гапи эсимдан чиқмайди…
Чоллар “яна эски гапни бошлади” дегандай бир-бировларига қараб илжайишади. Дадилроқлари ҳатто томоқ қириб ҳам қўйишади. Сухроб бобо эътибор қилмай давом этади:
— Ўша маҳали, канал қурилишида бир жигит бир аялни хотин қилиб оласи бўганда нико қиядиган одам топилмаганакан.
— Фарғона томонларда-я? — луқма ташлайди боя гапи бўлиниб изза бўлган чол.
— Сен гапни эшит, — Суҳроб бобо уни яна жеркийди.— Илми борлар бўса бўгандир, лекин қўрққан-да! Билсанг, у замонда мулламан деган одам қулоғини ушлаб кетган. Отам раҳматли қараса, бояги жигитминан аял никосиз қолиб кетадиган. Шартта ўртадан чиқиб ўзи никосини қийиб ташлабди.
— Билган бўса ўқиган-да…— атайин яна унинг жиғига тегади тенгқури.
— Мен нима деяпман, отам нико қийиб юрган бўмағанакан. Ўзининг айтишича, олдин икковининг розилигини сўрапти. Сўғин бир коса сув қўйиб, “қулҳу валлоҳу аҳад”ни етти қайтариб, “энди ҳалол” деб юборибди. Раҳматли то ўлганча шуни ўйлаб кетди. Ўзинияммас, бояғи жигит минан аялни ўйлаб кетди, бенико қомадимикан деб.
Чоллар ҳар доимгидай бир муддат жимиб қолишади.
— Ўзбек бўганаканми? — сўрайди ниҳоят чоллардан бири.
— Ким?
— Бояғи жигитни айтаман?
— Ўзбекдир-тажикдир, бир мусурмоннинг боласи бўған-да, — дейди энсаси қотган Сухроб бобо. Сўнг мулла Отабекка юзланиб сўрайди: — Шунинг жавоби нима бўлади, мулло улим?
У энди-энди қариликни бўйнига олиб чоллар даврасига бугун қўшилган Иззат буғалтирга “гапни эшит” дегандай қараб олади.
Мулла Отабек ҳам жавобга шошмайди. Ёнидаги қариялардан нажот кутади, садо бўлмагач, илжайиб, ўзини ўйлаётганга солади. Шу пайтда ичкаридан хабарчи келади: никоҳ қийиш маросимини бошлаш керак. Мулла Отабекни ҳовли этагидаги уй томон бошлаб кетишади. Шу билан Суҳроб бобонинг одатдаги саволи одатдагидай жавобсиз қолади.
Гапдан гап чиқиб, чоллар бир пайтлар ўзларининг никоҳини қийган муллалар ҳақида эслаб бошлашди.Улар бири олиб, бири қўйиб кўрган-билган муллаларига таъриф келтираётган пайтда Иззат буғалтирнинг нафас олгани билинмай қолди.
Кўзларини юмиб, гоҳ икки қоши ўртасига бармоқ қўйиб, гоҳ калта соқолини асабий тутамлаётгани унинг ниманидир эслашга бефойда уриниб ўтирганини кўрсатарди. Ҳаммасини эслаяпти: “комсомол тўйи”ниям, раҳматли Муса раиснинг сўз олиб гапирганию “горка” деб бақирганигача кечагидай эсида. Лекин шу… никоҳини ўқиган муллани эслаёлмасди-да.
Ўйланиб ўтирди, ўтирди, бўлмади. Илкис ўрнидан туриб чорпоянинг зинасигаям қарамай ерга оёқ ташлади. Поябзалини қидириб бироз каловланиб турди. Бир қатор терилган ковушлар орасидан туфлисини топиб оёғига илди. Сўнг чолларнинг “ҳай-ҳай, нима гап”, деганигаям қарамай жўнаб қолди.
Чолларнинг гурунгидан файз кетди.
— Одам бола-чақадан тинмаса қийинакан,— салмоқлаб гап бошлади Сухроб бобо.
— Катта ули ҳалиям бедаракма? — сўради тўрда ўтирган жиккак чол.
— Бедаракликка-ку бедаракмас, ўриснинг юртида юрганмиш. Ўн йил бўлди-ёв, ота-онам бориди деб бир йўқламайди. Дарди ичида буғалтирнинг.
— Кенжаси яна қамалди деб эшитдим?
— Муштдайидан нашаванд бўган боладан нима кутасан бошқа. Қизини айт, бир рўзғорни гуллатадиган аял. Яна эрдан қайтиб кепти.
— Шундай одамнинг болалари бехосият чиқди-а, Сухроб? Уч боланинг бировиям одам бўмади.
— Бари ҳаром едиргандан.
— Худодан қўрқ, Сухроб. Буғалтир комунис бўган, кўп ҳаром емаган…
Дарвоза томонда кампирини судрагандай олиб келаётган Иззат буғалтир кўриниб, чолларнинг гапи узилди. Иззат буғалтир кампирини етаклаб тўппа-тўғри келин-куёвга никоҳ ўқилаётган уйга томон кетгани чолларни безовталаб қўйди.
Чоллар имиллаб етиб келганда хона ўртасида Иззат буғалтир бир нуқтага тикилган кўйи ҳайкалдай ўтирар, кампири эса елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди. Мулла Отабек қироат билан никоҳ дуосини ўқир, ўқигани сайин унинг кўзларидан ҳам ёш қуйиларди.