Шавкат Одилжон. Истак (ҳикоя)

Элза хоним таклифнома олгандан бери ғалати бўлиб қолган. Худди тилла зирагини йўқотиб қўйиб, онасига айтишга чўчиган қизчадай беҳаловат. Тошойнага термилиб юзидаги йиллар босган тамға – ажинларини сийпалайди. Ғаму ташвиш ҳадя қилган, деярли қора толаси қолмай қировдай оқарган, узоқ вақтдан бери сув кўрмаган маккажўхорининг попукларидай сочларини ушлаб кўради. Эскириб, ранги ўнғиб кетган кўйлакларини эгнига тутиб, худди тикувчи бичимини нотўғри олгандай норози қиёфада уларни яна бурчакдаги қулайман деб турган шкафнинг ичига улоқтиради. Кўринишидан ҳафсаласи пир бўлиб, хонанинг ўртасидаги стулга ҳорғин қўнишади. Стол устидаги таклифномани олиб қайта-қайта, жонига теккунча ўқийди: “Элза Горден хоним, Сизни … куни кеч соат 19:00да Нортон Винчда ўтадиган зиёфатга таклиф этамиз. Шаҳар мэри Роберт Крайс”. Ўқиганда ҳам бирор юмуши эсига тушгунча ва эҳтимолки, кимдир эшикни тақиллатиб келгунча ўқийверади.

Уч-тўрт кун олдин эшик қоқиб хат ташувчи келиб-кетди-ю, шу беҳузурлик бошланди. Хат ташувчи унга таклифномани тутқазаркан, дафтарига имзо чекдириб олди. Элза хоним қўлидаги қоғозни очиб ўқиди, кўзларига ишонмади.

– Адашмадингизми, мабодо? – сўради аёл ундан.

– Йўқ! – қатъий жавоб берди хат ташувчи.

Адашмаганини исботлаш учун так­ли­ф­номанинг манзил ёзилган жойини кўрсатди. Манзил Элза хонимники эди: “Брендин кўчаси 6-уй, Элза Горден…”.

Ўшандан бери аёл таклифномани минг мар­талаб ўқиб чиқди. Доим ёнида олиб юрибди. Ҳатто дўконга қора қотган нон олгани чиққанда ҳам сотувчига уни кўрсатиб мақтанди:

– Мана, бу дунёда адолат бор. Қирқ йилдан буён кўчаларни супураман. Охири мэр жаноблари хизматларимни инобатга олди. Мени зиёфатга таклиф қилди. У ерда казо-казолар бўлади…

Бу гапдан қўшни хотинлар ҳам хабар топишди. Элза хоним таклифномани уларга ҳам кўрсатди. Унинг кўнгли хижил эди. Аллақандай нарсадан ташвишланаётганди. Бироқ ташвиши нима эканлигини ўзи ҳам яхши ҳис этмасди. Қолаверса, шаҳар мэрининг зиёфатида қат­нашишдек бахтга мушарраф бўлиш қувончи барча таш­вишларнинг, ўй-хаёлларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказарди. Ҳатто ўзи ҳам шаҳарнинг тозалигига ҳиссамни қўшганим учун зиёфатга таклиф қилиб, мэр “хизматларимни инобатга олди”, деб ишонарди.

Зиёфатга бир кун қолганда Элза хоним яна бир карра эски, жулдур кийимларини олиб кўрди. “Янги кўйлак дўконда 50 фунт стерлинг туради”, – ўйлади аёл. Янги кийим олгани унинг пули йўқ эди. У бир ойда 75 фунт стерлинг олар, бу пул ҳар кунги қотган қора нон ва ижара пулини тўлашга етарди, холос. Элза хоним ҳар ой маош олиши билан 44 фунт стерлингни ижарачига берарди-да, қолган пулларини рўзғорга ҳисоблаб, барча харажатлардан ортиб қоладиган 3 фунт стерлингни йиғиб борарди. Кейин ҳар уч-тўрт ойда емакхонага кириб, энг тансиқ таомлардан буюртирарди. Айниқса, севимли таоми пиццадан кейин озгина қизил вино ичарди. Ўзи учун уюштирадиган бундай зиёфат, эҳтимолки, ёл­ғизлигини ҳам бироз унуттирарди.

Мэрнинг зиёфати куни эрталаб Элза хоним йиртиқ-ямоқ либослари орасидан ўзига энг маъқулини танлаб, эгнига илди. У жуда хурсанд эди.

Кўчага чиқиб, тўғри атторлик дўконига борди.

– Сизга нима керак, – сўради сотувчи.

– Мени мэр зиёфатга таклиф қилган, – деди аёл қўлидаги таклифномани унга кўрсатиб. – Атир олмоқчи эдим. Ахир зиёфатда кибор хонимлар бўлади. Атир сепиб олсам, ёмон бўлмасди.

Сотувчи таклифномани ўқиб кулиб юборди.

– Ўтган ҳафта мени қиролича меҳмонга чақирганди. Фойтун-аравам бузуқ, иш кўп, бо­ролмадим, – деди у аёлни масхара қилиб. – Бу ердаги моллар фақат кибор хонимлар учун.

Аёл дўкондаги хонимлар олдида изза бўлди. Худди тўфон қулатган дарахт каби жимгина бошини эгганча дўкондан чиқди. Кейин то зи­ёфат вақтигача кўчаларда тентираб юрди. “Уя­лишим керакмас”, деди ўзига ўзи. “Ахир мэр мени зиёфатга таклиф қилишдан аввал, албатта, кимлигимни, қандай аҳволда эканлигимни су­риштирган”.

Элза хоним табассум билан эшик олдидаги соқчиларга таклифномани кўрсатди. Улар так­лифномани ўқиб, ўзаро кўз уриштириб, ни­ма­ларнидир гаплашишди.

– Ахир бу… – соқчилардан бири энди оғиз жуфтлаган эдики, иккинчиси унинг гапини бўлди.

– Бу бизнинг ишимиз эмас!

Сўнг хонимни ичкарига киргизиб юбордилар. Элза хоним зиёфат залига кириб, ҳайратдан ёқа ушлади, оғзи ланг очилди. Казо-казо одамлар: бошқа шаҳарларнинг мэрлари, сенаторлар, ки­бор хонимлар… хуллас, аёл етти ухлаб тушига кирмаган кишиларнинг даврасида, улар билан бир хонада эди. Элза хонимнинг боши айланиб кетди. У ҳар бир одамни диққат билан кузатар, ўзини тутиши, эгнидаги кийимларига термилган сари ўзидан уяларди. Сўнг одамлар орасидан баланд овоз эшитилди:

– Хонимлар ва жаноблар! Ҳозир, шу тобда бизнинг фахримиз, онахонимиз Элза Горден хоним орамизда. У кишини ёнимга чақираман. Элза хоним!

Аёлнинг оёқ-қўллари бўшашиб кетди. На­ҳотки… Шу тобда у хаёлидан нималар ўтаёт­ганини англолмас, аммо кўзлари ёш­ланганини, бу севинч ёшлари эканлигини ҳис этарди. Чорлов овози бир неча марта такрорланди. Элза хоним ўзини қўлга олиб, товуш келаётган томонга юрди. Меҳмонлар орасидан ўтиб, мэрнинг олдига келиб тўхтади. Буни кўрганлар таажжубда эди. Одамлар худди туянинг думини ерга текканини кўргандай ёки қизил қор ёғаётганига гувоҳ бўлгандай мэрни ва Элза хонимни кузатишарди. Мэр эса Элза хонимга эътибор ҳам бермади. У шу тобда эгнига ёқут тошлар тақилган олмахонмўйнали кибор хонимларни кузатар ва балки улар орасидан кимнидир қидирарди. Элза хонимнинг ёшланган кўзлари мэрга ниманидир сўзлаётгандек эди. Бир муддатдан сўнг мэр бояги оҳангда:

– Марҳамат, Элза хоним, – деди аёлни га­пиришга ундаб.

Элза хоним кафти билан кўз ёшларини артиб, жилмайди.

– Жаноб мэр, бизнинг фахримиз деб ошириб юбордилар. У кишининг гапларини ёлғон де­йишга тилим бормайди. Жаноб мэр, имоним комилки, менинг хизматларимни инобатга олиб, зиёфатга таклиф қилиб, катта илтифот кўр­сатди. Азизлар, мен қирқ йилдан бери шаҳ­римиз ободлигига ҳисса қўшаман. Худога ишо­наман. Менга ўхшаган кўпчилик “Дунёга келиб бир умр рўшнолик кўрмадим”, деб Худога ёз­ғиради. Аламзадаликдан ишини ҳам қўл учида бажарадиганларини кўп кўрдим. Мен эса ҳар доим бир нарсага ўзимни ишонтирдим: агар мен ишимни сидқидилдан бажарсам, бир куни Яратган эгам мендан марҳаматини дариғ тутмайди, дедим. Ахир худди мен сингари шамол ҳам кўчаларни тозалайди. Хазонларни у ёқдан-бу ёққа уяди. У табиатнинг беминнат хизматкори. Шу боис Яратган эгам унга эркинлик берган. Бугун мен ҳам унинг марҳаматига сазовор бўлдим. Мана, мана ўша кун, азизлар…

Элза хонимнинг кўзлари ёшланиб, бошқа гапиролмади. Унинг гапини мэр давом эттирди:

– Дўстлар, келинглар, бундай соддадил аёлни – Элза хонимни олқишлайлик.

Бир неча дақиқа олқишлар садоси янграб турди. Дастлаб мэр аёлни қучоқлаб миннатдорлик билдирган бўлса, кейин барча зиёфатдагилар бирма-бир қўл олишди.

Зиёфат ниҳоясига етди. Аёл жуда бахтиёр эди. Кетар жафосида мэр унинг ёнига келди.

– Мени кечиринг, жаноб мэр, – деди аёл. – Қаршингизда турган Элза Горден оддийгина кўча супурувчи аёл. Эҳтимол, афт-ангоримдан, уст-бошимдан жирканаётгандирсиз. Аммо ишонинг, бу зиёфатга келишни жудаям хоҳладим, жудаям. Аслида таклифнома мендан уч уй нарида, 9-уйда яшовчи Элза Горден хонимга тегишли эканлигини билардим. Бироқ даврангизда бўлишни жудаям истагандим…

Мэр унинг гапини бўлди:

– Ҳаммаси жойида.

– Мендан жаҳлингиз чиқмадими?

– Асло… Яхши боринг!

Элза хоним шу қадар хурсанд эдики, таърифлаб бўлмасди. Ўзини худди қора тан­лидан оқ танлига айланиб қолгандай ҳис қи­ларди. Чап кўксида бир жуфт кап­тар потирлаяпти-ю, уларни тинчлантиришга урин­гандай кўксини сийпалаб-сийпалаб қўярди. На­зарида, бундай қувончдан эрталабгача юраги ёрилиб ўладигандек эди…