Шавкат Низом. Истиғфор (қисса)

Онажоним Шарофат Руҳиддин қизи
хотирасига бағишлайман

БИРИНЧИ ҚИСМ

Мен ҳаётимни остин-устун айлайдиган паризодни айнан бугун учратишни ўйламагандим. Шу сабабли вокзалга етиб боргунча, ўтган-кетганга эътибор бермадим. Каллам дорилфунунга отланган ўспириннинг ўй-хаёлларига банд, эртага Тошкентга етгач, орзуимдаги даргоҳга ҳужжатларимни топшираман. Кейин ҳамқишлоқларимнинг ижарахоналарида яшаб, кириш имтиҳонларига тайёрланаман. Олдимдаги ягона мақсад – ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш.
Бинонинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам оломон ғужғон. Қўлимдаги эски чамадонни бирортага топшириб, касса томонга сафланганлар ўртасига ўзимни уришим керак… Атрофга алангладим. Назарим навбатда турганлар қаторидаги нозик қизчага тушди. Яқинлашиб, енгидан тортдим. У ўгирилиб, сесканди. Кейин ўзининг ҳолатидан уялдими, ерга тикилди. Тўғриси, юз-кўзига унчалик эътибор бермадим. Ҳозир хаёлимда бошқа фикр, поездга чипта олишим керак. Қиз эски чамадонимни қоровулласа, ўрнига турардим.
Мақсадимни тушунтиргандим, у менга навбатини ва чипта пулини берди. Чамадонимнинг ёнига қўнғир дипломатини қўйиб, кута бошлади. Мен оломон ичра сурила бориб, умумий вагонга иккита билет олдим.
Мамнун ҳолда қизга яқинлашиб, билетни узатдим. У раҳмат айтди. Сўнг жой рақамини текширишга тушди. “Овора бўлманг, обший вагон”, дедим. Қиз жилма­йиб елка қисди, начора… Нари кетдик. Ўзимиз билмаган ҳолда, бирга кетдик. Худди аввалдан келишиб олгандек, четроққа чиқдик. Шундагина мен унга тузукроқ разм солдим. Разм солдим-у, олдинроқ эътибор бермаганимга пушаймон едим. Чунки ҳозир ёнимда ҳар қандай одамни тилдан адаштирадиган сулув бир ҳурлиқо турарди. Тўғри, юз тузилиши бежирим эса-да, рассомнинг шоҳ асари даражасида эмас. Шаҳло кўзлари, бодомқовоғи, пешонага тушган бир тутам кокили, қип-қизил яноғию юпқа лаби одатдаги етилган қизлардан фарқ қилмайди. Аммо, шулар қаторида оловли истараси ва яна нимасидир мавжудки, ўшалар мени мафтун айлади. “Мафтун айлаган”им тилимдан айирди. Қиз сўз кутиб кўзимга термилаётганда, нигоҳида чақнаган шуъла вужудимда аллатовур ҳиссиётларни уйғотди. Беихтиёр, қаршимдаги паривашни аввал ҳам кўрганимни эсладим. Ҳаё билан ер чизиши, сезилар-сезилмас энтикиши жуда-жуда қадрдон. Гўёки, тирноғидан сочининг толасигача яхши биламан.
Бирдан эсладим… Унинг ўнг кафтида гуручнинг донасидек холи бор…
“Нега ёдимда қолган, эҳтимол, кафтда хол учрамаслиги учундир? Билмадим, ҳар ҳолда, ўнг кафтида гуручнинг донасидек холи борлиги аниқ. Сўрасамми?.. Ноқулай аҳволда қолмайманми? Яхшиси, танишиш баҳонасида кўриб оламан”.
Шундай қарорга келгач, нима бўлса-бўлар, дедим-да шартта гап қотдим.
– Ўқишга боряпсизми?
– Ҳа…
Исмимни айтдим…
– Меники Қорасоч… Қорасочбону!
– Танишганимдан хурсандман, – ўнғайсизланиб, кинофильмларга қиёсан қўл чўздим. У тортиниб, кафтини кафтимга қўйди. Баҳонада баданимга сезилар-сезилмас титроқ бағишлаган лўппи қўлини ўгирдим, кафтининг қоқ ўртасида гуручнинг донасидек қорага кўзим тушди…
Таажжубим кучайди, бу ўша, мен жами сир-асрорини биладиган қиз. Аммо уни қаердан танийман? Иккимиз ҳозир илк бора учрашдик, қолаверса, ҳалича бирор аёл билан яқин муносабатда бўлмаганман. Эслашга ҳаракат қилувдим, хаёлимда яна сирли воқеалар жонланди. “Мен унинг зулукдек қора сочларини севганман. Тақимини ўпадиган сочларини…”
Ростдан сочи узунмикан?.. Боя навбатда турганда нега эътибор бермадим? Яхши, ҳозир бунга ҳам ойдинлик киритамиз. Бир зум ўйландим. Кейин чап қўлимдаги чарм қайишли соатимга назар ташлаб, давом этдим.
– Қорасочбону, перронга чиқаверсак… Поезд келадиган вақт бўлди.
– Бизнинг вагонимиз қаерларга тўғри келаркин?..
– Обший вагон олдинда юради, – билимдонлик қилдим мен.
Қиз дипломатини қўлига олди. Мен эски чамадонимга энгашиб, имилладим. У вагонимиз келадиган жойни мўлжаллаб, жўнади. Ортидан эргашдим. Яна адашмапман, нақ тақимига тушган икки ўрим йўғон сочи ўша-ўша…
Бу синоатни тушунолмаяпман. Азбаройи эслашга уринганимдан икки чаккам лўқиллаб, юрагимда эриш ҳаприқиш бошланди. Беихтиёр ёдимга болалигим тушди. Шунда қизнинг чақноқ кўзларида олис гўдаклигим армони – ўн олти яшар Садоқатнинг шаддод нигоҳини илғаб, қалбимдаги безовталик бемаврид хавотирланишга айланди. Гарчанд, ўша айрилиқда заррача айбим йўқлигини аллақачон сезган эсам-да, ҳозир Қорасочбонуни ҳам ўзимнинг ношудлигим туфайли йўқотиб қўяверадигандай бўлдим. Айни сабаб, аллақандай таҳликада югура бориб, қўлидан дипломатини олдим.
Радиокарнай поезднинг келаётганини эълон қилди. Шамолидан қочиб, четга чиқдик. Бизни оппоқ орзуларимизга элтадиган сеҳрли поезд тарақа-туруқлаб тўхтади. Вагонлар эшиги очилгач, туйқус ўзимиз хоҳламаган ҳолда қарама-қарши томонларга бурилдик. Сўнг бир-биримизга жилмайдик. Қорасочбону секингина шивирлади.
– Сиз нариги эшикдан чиқинг, мен бунисидан, қайсимизга бўш жой учраса, дарров эгаллаймиз…
Қалбимдаги хавотирланиш кучайди. Қорасочбонуга қарадим. Келишгандек у ҳам айни шу дамда ортига қайрилди. Нигоҳларимиз тўқнашди. Мен энди бу шаҳло кўзларда бояги малоҳатни эмас, мунгли бир изтиробни кўрдим. Ўзим йўналган эшикка яқинлашганда яна ўгирилдим, қиз тутқичга осилиб зинадан кўтариляпти. Мана, ўзини ичкарига олди. Мен ҳам эшик дастасидан тутдим. Кимдир қўлимдан тортиб, ёрдамлашди. Вагонга илашганим заҳоти пастдан эски чамадоним ва қўнғир дипломатни узатишди. Қаддимни ростлагач, кўмак бергани учун проводникка раҳмат айтмоққа юзландим. Юзландим-у, учиб тушдим. Негаки, қаршимдаги кимсанинг афти гезарган, лаблари тинимсиз пирилларди…
Тушундим, у ҳам кўрди.
Менинг бўйнимда, бўғзим тагидан айланасига қизил чизиқ ўтган. Бу чандиқ қачон пайдо бўлган, номаълум… Кейин кўкрагимда, юрагимнинг нақ устида тирноқдек тешик ўрни ҳам бор.
Онамнинг айтишича, бўғзимдан айланган чандиқдан чиллам чиққунча қон силқиган. Бу синоатга тушунолмаган врачлар иккига киргунимча, муттасил хабарлашиб туришган. Кўкрагимдаги тешик эса то беш-олти ёшимгача очиқ бўлган. Синчиклаб қаралса, ҳатто, юрагимнинг уриши кўринган, кейинчалик, вақт ўтиши билан сезилар-сезилмас ҳолга келган.
Яна онамнинг гапларига қараганда мени етти ёшимгача Тожикистоннинг Ҳисор туманида яшовчи авлиёга ўқитиб туришган. Ана шундан кейингина сирли яраларим битиб, соғайганман. Ўша машҳур мулла мени илк бор қўлига олганда, негадир каловланган, узоқ ўйланиб, бу гўдакни эҳтиёт қилинг, фоний дунёда қилар ишлари кўпга ўхшайди, деган. Ҳатто бир сафар кечикканимизда, бетоқатланиб ўзи одам жўнатган. Шу-шу ҳар ойнинг учинчи пайшанбаси онам иккимиз узлуксиз Ҳисорга қатнаганмиз.
Ҳозир қаршимда қалтираётган проводник ҳам бўғзимдаги чандиқни кўриб қолганди. Мен вазиятни юмшатиш учун ўнг қўлимнинг кўрсаткич бармоғини томоғимдаги чизиқ бўйлаб ҳаракатлантирдим-да, ҳазиллашдим:
– Сиртмоқнинг ўрни…
Гандираклаган проводник эшик тутқичига ёпишди…
Лаш-лушларимни кўтариб, ичкарига йўналдим, изимдан тиқилган оломон тўлқини зум ўтмай, гувуллаб чайқалаётган издиҳом ичра суриб кетди…
Ўн-ўн беш қадам наридаги атиги икки киши – мўйсафид ва кампири ўтирган жойни кўзладим. Бориб, қаватларига чўккач, чамадон ва дипломатни ёнимга қўйиб, яна битта жой эгалладим. Чол менга маъноли тикилди. Унинг сирли нигоҳини ўзимча тушуниб, хижолатда салом бердим. Тортиниб, шеригим бор, дедим. Бобо маъқул ишорасини қилди. Сўнг ташқарига назар ташладим. “Ие, бу ёғи неча пулдан тушди, дераза касалхоналардагидек оққа бўялганми?..”
Қария астагина “шуниси маъқул” деб минғирлади. Нимаси маъқул, атрофни кузатиб кетмасанг, зерикиб ўласан-ку…
Тўсатдан берилган савол хаёлларимни бўлиб юборди.
– Ўтирсам майлими?..
Бошимни кўтардим, тепамдаги кимса қўнғир дипломат ва эски чамадон ўрнини бўшатишимни сўраяпти. Рафтори илтимосини рад этиб бўлмайдиган даражада ёқимли. Кўзларининг туб-тубига оғир қайғу чўккан, юзи думалоқ, сўзлаганда киприклари пирпирайдиган бу йигит бир қарашдаёқ кишида мулойим таассурот уйғотарди. Бирдан ёдимга Қорасочбону келди-ю, ортиқ иккиланмай, жойнинг эгаси борлигини айтдим. Сўнг негадир, уни кузатишга тушдим. Гапирганда кўзлари пирпирайдиган йигит нарироқ борди-да, беш-олти киши тиқилган ўриндиқ четига омонатгина чўкди. Мен қарияга “ҳозир келаман, илтимос, юкларимга қараб туринг”, дедим. Кейин унга яқинлашдим. Боисини ўзим ҳам билмай, ғулдирадим:
– Кечиринг, шеригим бор эди. Қорасоч, Қорасочбону…
– Зарари йўқ. Мана, жойлашдим-ку…
У маъюс нигоҳини деразага олди. Мен ҳам беихтиёр, ўша томон юзландим. Липиллаб ўтаётган чироқлар қайсидир шаҳарга кириб келаётганимиздан дарак бермоқда. Шўрчига ўхшайди. Ана, ун заводининг тегирмонлари кўринди.
Бирдан хаёлимга ойнасидан кўча кўринмайдиган бўлмамиз келди. Қизиқ, бутун бошли вагонда битта бўялган дераза. Манзилгача ташқи манзаралардан бенасиб кетишга мажбур эканман, начора? Буям тақдир… Кўнглим ғашланиб, ўрнимдан қўзғалдим. Тезроқ Қорасочбонуни топишим керак. Шўрчидан яна йўловчилар чиқишса, ораларидан туртина-суртина ўтиш баттар қийинлашади.
Бироз юриб, Қорасочбонуга жудаям ўхшаб кетадиган қизни кўриб қолдим. Кўзларимга ишонмай, яқинроқ бордим. Адашибман, у ишваланиб, жилмайди. Индамай кетсам тўғри келмайди, нимадир дейишим керак, вақтни бой бермай, суюқландим.
– Танишсак бўладими, яхши қиз?..
Қиз шарақлаб кулди. Сўнг чақноқ нигоҳ-ла қаршисидаги нўноқ жазманига бошдан-оёқ разм солди.
– Танишсак бўлади…
Жавобида калондимоғлик бор, кесатиқ бор. Кетсаммикан?..
– Исмим Муҳаббат, Муҳаббатман!..
Энди кимлигининг қизиғи йўқ. Кибру ҳавоси кўнглимни совутиб улгурди…
Унинг охирги жумласини эшитмагандек, қадам ташларканман, бехосдан танишишни истаб қолганим учун ўзимни койидим. Кимдир менгами, қизнинг гапигами, хохолаб кулди. Сўнг рўпарамда сочи елкасига тушган, бурнида кўндаланг тиртиғи бор бақувват йигит қад кўтарди. Жанжал қўзғаш ниятида шекилли. Мен ҳам анойи эмасман, устига бостириб боравердим. Ва бирдан кўзимга қон қуйилиб, билакларимда беқиёс куч йиғилди. Қўлларим темир муштга айланди. Шунда ҳозир шитоб билан олға интилаётган ўспирин зинҳор-базинҳор ўзим эмаслигимни сезиб қолдим, мурғак вужудимда бутунлай ўзга одам ҳаракатланмоқда…
Узун сочли олифта шаштимдан ҳайиқиб, орқага тисланди. Уни қулочкашлаб уриб юборишдан зўрға тийилиб, ёнидан ўтиб кетдим. Бироздан сўнг ўзимга келдим. Нимжонгина жуссамга бу қадар шижоат ва қудрат қайдан сингганини англолмай, атрофга алангладим. Бироқ, ўнг кафтида гуручнинг донасидек холи бор қизни учратмадим. Ортимга бурилдим. Мақсадим лаш-лушларимни ўриндиқ юкхонасига солиб, кўнглимни тинчлантириш. Аслида, чамадонимда бир сидра кийим-бош-у, дафтар-қоғоздан бўлак ҳеч вақо йўқ. Ҳужжатларим кўкрак чўнтагимда. Аммо, ҳозир Қорасочбонунинг қўнғир дипломати учун ҳам масъулман, омонатга хиёнат қилолмайман.
Қайтаётиб, йўлимда бояги сочи узун олифтани ва нарироқда Муҳаббатни учратишни ўйлагандим. Адашибман… Сон-саноқсиз одамлар орасидан чолу кампирни ахтардим. Бефойда!.. Ойнаси оққа бўялган бўлма ҳам йўқ. Чарчадим, шекилли?.. Ўтириб дам олмоқ ниятида бўш ўрин изладим. Ҳамма жой банд. Нима қиларимни билмай серрайдим. Кимдир қўлимдан тортди.
– Мана бу ерга ўтиринг…
Мен қайрилиб, гапирганда кўзлари пирпирайдиган ўша йигитни кўрдим. Ҳалиги ишимдан қизардим чоғи, у хижолат бўлманг, деди. Сўнг давом этди.
– Қорасочбонуни топдингизми?..
– Йўқ. Кейинроқ яна қидираман…
– Йигитлар, биз ҳам ўтирсак бўладими?
Овоз таниш туюлса-да, қиё боқмадим.
– Талабаман, исмим Иззат. Тошкентда ўқийман. Университетда, фалсафада.
Бу – ўша, йўлимни тўсган “зўравон”. Ёмон болага ўхшамайди. Аммо, бояги бемаза қилиғи сабаб тумшайиб туравердим.
– Камолхон…
Улар бир-бирларига қўл узатишди. Ноилож, мен ҳам исмимни айтдим. Шу билан гиналар унутилиб, у ёқ-бу ёқдан валақлаша кетсак-да, Камолхоннинг нигоҳидаги қайғули шуур ҳамон тарк этмаяпти. Боисини билмоққа уриндим. Тўғридан-тўғри сўраш одобсизлик. Яхшиси, унинг қалбига шўнғийман…

* * *

Ёзнинг илк кунлари қишлоқда Иноятхоннинг оиласига ола мушук оралабди, деган гап тарқалди. Тез орада миш-мишлар атрофдаги гурунгларнинг асосий мавзусига айланди. Ростдан ҳам бу гапларда жон бор…
– Шундай қилиб, сиз билан келишиб олмоқчиман, – тунд қиёфада гап очди ота ўғлига ўша куни. – Соҳибхон билан ўртамиздаги аҳдимиздан бохабарсиз. Дўстлигимизни янада мустаҳкамлаш ниятида кенжа қизларини сизга бўлишиб қўйгандик… – Иноятхон фикрини жамлаш учун бир муддат тин олди. Омонат чўккалаб, қўлидаги пиёладан нигоҳ узолмаётган ўғил оғир тўлғанди. – Мана, энди сиз ҳам, биродаримизнинг қизлари ҳам олманинг икки палласидек кўзга ташланиб қолдингиз. Мен бу ҳақда икки йил бурун онангиз орқали билдириб эдим, шундоғми?..
– Шундоғ…
– Баракалла, сиз ўшанда сукут сақлагансиз. Биз эса сукутни “ҳали уйланишга эрта, ўқишимни тугатиб олай…” маъносида тушунибмиз. Аммо, кейинчалик катта акангиз Ҳайдархонга ёрилибсиз, бу ҳам назаримиздан четда қолмади. Биз ўқиш тугагунча кутайлик, зора, ақли кириб, отанинг юзига оёқ босишдан тийилса, деган ниятда яна сабр қилдик.
…Шу йилларда оиланинг барча аъзолари, узоқ Қашқадарёда яшовчи ўртанча ўғилни истисно этганда, неча марталаб Камолхонни ўртага олишган, отага тик боқиш хайрли оқибатга олиб бормайди, ақлингни тий, каби панд-насиҳатлар қайта-қайта такрорланганди.
– Мана, институтни тугатиб, диплом олдингиз, бошингизни иккита қилсак, энди ўз аравангизни ўзингиз тортиб кетарсиз?..
Падарининг гапларидан Камолхон гарангсиради. Сўнг недир демоққа оғиз жуфтлади-ю, ботинолмади.
– Ўйланиб қолдингиз, гапим маъқул келмади шекилли?..
Камолхон ботиниб-ботинмай, бош ирғади.
Ота пиёладаги совиб, устида халқоб йиғилган чойдан ҳўплагач, одатдаги жумласини такрорлади:
– Шунақа денг?.. Чакки бўпти! Сиздан буни кутмагандим. Бу жавобингиздан кейин элу халқнинг кўзига қандай қарашимни, эски қадрдонимнинг олдида ким деган одам бўлишимни ўйладингизми?
– Ўйладим… – Узил-кесил рад жавобини берди ўғил.
– Мабодо, яна уч-тўрт кун муҳлат берсак-чи?..
– Қарорим қатъий!..
Иноятхон оғир хўрсиниб, чўккалади. Кейин нималарнидир пичирлай кетди. Ўғил эса бехос йўл қўйган хатоси оқибатини кутибми, афсусланибми, ердан кўз узолмасди. Диққатини синиқ овоздаги “омин!..” садоси бузди. Ялт этиб қаради. Бузруквори қиблага тикилган кўйи шалвираган қўлларини тескари жуфтлаганди…
Воқеалар охирида чойни янгиламоққа кирган Фотимабиби эри нима қилиб қўйганини англаганда Камолхон тошдек қотган, ҳозиргина нобакор фарзанд устидан даҳшатли ҳукм чиқарган ота тушкун алфозда ташқарига йўналганди.
– Тўхтанг, дадаси!.. Астағфируллоҳ денг! Тавба денг!…
Фотимабиби қўлидаги чойнак тушиб, чил-чил синганини, қайноқ чой пахта пайпоқли оёқларини куйдирганини ҳам сезмай, эрига осилди.
Иноятхон кампирини авайлаб четга сурди-да, букчайибгина эшикдан чиқди…

* * *

Отаси томонидан дуои бад қилингандан кейин Камолхон туғишганлари билан йиғламсираб хайрлашиб, ойлигидан олган рўмолини волидасига узатди. Она дуога қўл очди. Атрофдагилар Иноятхоннинг қаҳридан қўрқа-писа унга қўшилишди.
– Илоё, бошинг тошдан бўлсин!..
Камолхон йўлга тушди. Туман марказида севгилиси Зуҳра кутмоқда. Энди нима қилсаям, шу қизга уйланади. Падаридан орттирган рутубатини зора севгилиси илитса…
Аммо, юпатгучи хаёллар оғушида маҳбубаси ишлайдиган мактаб эшигига етганда, бехос ширин орзулари абас бўлди, қоровул чол негадир, Камолхонни танимади. Ўзини эслатганди, билмадим, қаричилик, дея кўзини олиб қочди. Йигит ҳайронлигини яширолмай, унинг ёнидан ўтди-да, узун бинонинг таниш синфхонасига яқинлашди. Эшикни очган Зуҳранинг ранги ўчди. Сўнг кўзини яшириб, шивирлади. “Боғда кутиб туринг, танаффусда чиқаман”.
Камолхон орқага қайтиб, коридор бўйлаб бораркан, Зуҳранинг курсдош дугонасига дуч келди. Тошкентда юрган кезлари учрашувга маъшуқаси баъзи-баъзида шу қиз билан чиқар, ўшанда учовлон музқаймоқ ейишар, киноларга тушишарди. Ҳозир эса у шундай қадрдонининг ёнидан бепарво ўтмоқда. Йигит билагидан ушлаб тўхтатди. Қиз савол назари билан қаради.
– Тинчликми?..
– Танимадингизми?
– Танидим…
– Унда нега индамай ўтаяпсиз?..
– Нима дейишим керак?..
Совуқ муомаладан йигитнинг эти жунжикиб, кўчага отилди. Танаффусгача ич-этини еди. Буларга нима бўлган ўзи? Нега муомалалари ўзгарган?..
Ниҳоят, Зуҳра чиқиб келди. Зўрма-зўраки жилмайиб, аҳволлашди.
– Келинг…
– Келдик…
– Қандай шамоллар билан?..
– Сизнинг шамолингиз билан.
Қиз бирдам сукут сақлади. Сўнг сохта табассумда давом этди.
– Жуда соғинтирдингиз.
– Узр…
– Энди кеч бўлди.
– Нимага?
– Узр сўрашга…
Йигитнинг бадани музлади. Бу қандай гап?.. Ўтган ҳафта келганида ширин-ширин суҳбат қилишувди. Бояги афтини буриштириб, танимасликка олган дўрдоқ дугонасини ҳам эргаштириб, кечгача истироҳат боғида айланишган, қолаверса, бугунги учрашувниям келишиб олишганди. Бу ерда бошқа гап бор.
– Муомалангизга тушунмаяпман, Зуҳра?..
– Нимасига тушунмаяпсиз?
– Кесатишингизга…
– Бу бор гап…
– Қайси гапни айтаяпсиз?
– Ўртамиздаги муносабатни.
– Мен ҳам шу масалада келдим.
– Қайси масалада?
– Сизга уйланмоқчиман.
– Буни аввал ҳам айтгансиз.
– Сиз рози бўлгансиз.
– Рози бўлгандим…
– Энди-чи?..
Қиз асаб ўйинини ортиқ давом эттиролмади, йиғлаб юборди. Камолхон бош-адоқ кесатиқли савол-жавобнинг бундай ривожини кутмаганди, шоша-пиша овутмоққа бошлади. Бироқ, Зуҳра силтаниб, қўлидан чиқди-да, жон ҳолатда бақира кетди.
– Нега?.. Нега бундай қилдингиз? Энди мен кимман? Сизга қандай тегаман? Отам мени оқпадарга бермайди!..
У гандираклади… Ёмон хабарнинг учқур келиши рост. Аммо бунчалар тез тарқалишини ким ўйлабди, дейсиз. Наҳотки, атиги икки соат аввал юз берган мудҳиш воқеани бутун туман эшитиб улгурди?..
Зуҳраси яна нимадир деди. Сўнг узоқлашаётган оёқ товушлари эшитилди. Камолхон қаддини кўтаролмади. Шу кўйи, маҳзун қиёфада узоқ ўтирди. Бир маҳал эсини йиққанда, шом яқинлашганди. У беҳол қадам ташлаб, вокзалга жўнади. Мана, ҳозиргача атрофидагиларга сир бермай, гангир-гунгирлашиб келяпти. Фақат Тошкентга отланган ўсмир бола кўзига тикилганда, негадир ўзини йўқотиб қўймоқда. Илгари сира бундай аҳволга тушмаганди. Кейин… йигитчанинг қайсидир чалимиям таниш. Кимга ўхшаши мумкин? Шуларни ўйлайвериб, бошига оғриқ кирган.

* * *

…Проводникнинг аралашиши узуқ-юлуқ хаёллар оғушида гурунгга луқма ташлаб ўтирган Камолхон учун айни муддао бўлди. Боя поездга чиққанида беш-олти сўм қистирганди. Энди кўрсатилган жойга чўзилиб, гартак пинак қилувдики, туш кўрди. Тушида бош-адоғи кўринмайдиган жуда узун поездда кетаётганмиш. Лекин, поезд темир рельслардамас, оппоқ-оппоқ булутлар узра сузмоқда. У воқеаларни тузукроқ англаш ниятида чор-атрофига боқиб, бирор ғайритабиийликни сезмади. Ўша йўловчилар, ўша шериклари… Ҳатто, бояги талаба ҳам шу ерда. Унчалик хушламаса-да, ҳозир кўриб, кўнгли ёришди, сон-саноқсиз бегоналар ичида биттагина ёмон таниш ҳам кўзга тегаркан.
Иззат қўлидаги қутичага имо қилиб, тамбурга йўналди. Улар сигаретларини туташтиришди. Камолхон одатича, кучли-кучли тортиб ҳузурланаркан, ногоҳ ўлардек чарчаганини сезди. Шериги дилидагиларни уққандек минғирлади.
– Йўл юриш осонмас, меҳмон. Бунинг устига, бу – оддий йўлмас, ҳаёт йўли.
Охирги жумла Камолхонни ажаблантирди. “Ҳаёт йўли!..” Бу нима дегани? Қайси маънода айтди бу гапни?”
– Ҳақиқий маънода. Айнан ўзининг маъносида…
Талаба қандайдир сезги орқали суҳбатдошининг ботиний фикрларини ўқиб олаётганди. Даставвал атрофдаги ғаройиб аҳволдан таажжубланган Камолхон бир маҳал ўзига келди-да, қичқириб юборди.
“– Қаршида тушишим керак эди-ку!..”
Иззат қаҳ-қаҳ урди. Совуқ қаҳ-қаҳа кучая-кучая, момақалдироққа айланди. Камолхонни ваҳимали кино кўраётгандек титроқ босди. Вагонга кириш учун қўлини эшикка узатди. Момақалдироқ тинди…
– Шошилманг, меҳмон! Барибир, қочиб қутулолмайсиз. Аслини олганда, бу вагондагиларнинг тақдирлари туташ. Улар қувончга ҳам, қайғуга ҳам бирдек етишишади.
Ичидан нимадир узилиб, оғир тин олди. Унинг айни тушкун руҳияти ёшини яшаб, ошини ошаб қўйган қариялардан фарқ қилмасди. Илло, ота хонадонида бошдан кечирганларини ўзиёқ ёшлик шижоатини батамом сўндириб улгурган.
Зиддиятли хаёллар оғушида жавдираётган Камолхоннинг кўзига ногаҳон падари бузрукворининг улуғвор қомати, совуққон юзи кўринди. Гарчи, аламлари аримаган эса-да, кетар жафоси, отажони ҳақида ҳам бирров билгиси келди. Талаба жавоб берди.
– Иноятхон ота – бообрў инсон. У киши ўзларига ўхшаган одамлар билан орқада келяптилар. Бизни фақат қайрилишларда кўриб қоладилар…
Ҳасратлашишга рағбати бисёрлигига қарамай, Камолхон ғойибона суҳбатга нуқта қўйишни лозим топиб, жойига қайтди. Ичкарида кўрганлари эса ақлини баттар шоширди, у ерда кутилмаган одамлар талайгина. Айниқса, сирли жилмаяётган қизга назари тушганда, юраги бетартиб дукурлай кетди…
– У – Муҳаббат!.. Тенгини топмагунча ўн саккизда яшайверади. Зуҳрангиз бошқа томонда, – бепарво таъкидлади изидан эргашган Иззат.
Камолхон қайрилиб, суюклисини ва бола қучоқлаган истарали аёлни кўрди.
Беихтиёр, шуурининг олис бурчакларида нимадир “йилт” этди. Агар у ҳозир оний лаҳзага уйғонган ўша нимтаниш хотиротлари изини қувганда, кейинроқ тортган азоблари сабабини тушунган бўлармиди? Йўқ, фикру хаёли, азбаройи Зуҳрасига бандлигидан, хаёлидан бирров “буниси ким экан?..” деган одатий саволни ўтказолди, холос.
– Қорасоч… Қорасочбону!..
Камолхон маҳбубасига илтижоли тикиларкан, миясида ҳақли савол туғилди, агар шу Зуҳраси бўлса, нега кампирсифат кўринади, умр шунча тез ўтдими?.. Сўнг туйқус миясига урган фикридан хавотирланиб, талаба тутган ойнага юзланди-ю, ўзига жуда-жуда ўхшаш вазмин кимсанинг истеҳзоли нигоҳидан чўчиб тушди, умр – оқар дарё, деб бежизга айтишмаскан…
Бир маҳал кимдир енгидан тортди, қаршисида проводник ялтоқланмоқда.
– Мана, меҳмон, манзилга етдингиз. Эшикка марҳамат!
Камолхон ўпкалади.
“– Тўхтамаса, қандай тушаман?..”
– Шунақа оғайни, сафарингиз қариди. Ҳаммада бор савдо… – талаба айёрона кўз қисиб, ғойиб бўлди.
– Тушмайсизми, энди?..
…Додлаб уйғонди. Проводник ясама такаллуф билан ишшайди.
– Турақолинг, битта иссиққина чой ичсангиз, ўзингизга келасиз. Ёмон туш кўрдингиз чоғи, анча алаҳсирадингиз…
Камолхон ўзига келиб, кўзини ишқаларкан, назари қайрилма стол устидаги тумшуғидан ҳовур чиқаётган тунука чойнакка тушди. Вақтида уйғотгани учун проводникка раҳмат айтиб, ўрнидан қўзғалди. Поезд ҳамон олға интилар, атрофда фақат бир садо – тарақа-туруқ! Тарақа-туруқ!..
– Қани чойдан ичинг-чи, окаси…
Камолхон чап қўлини кўкрагига босиб пиёлани олди, ҳўплаб-ҳўплаб, зимдан проводникни кузата бошлади. Қаршисида ўсиққош, қалинлаб, бошини маҳкам тутган йўғон бўйни нақ қулоқлари остидан елкасига туташган барзанги ўтирибди. Жундор баҳайбат панжалари кўпроқ тоғ қўпоришга муносиб. Лекин гўштли, тирсиллаган оппоқ башарасидан аримайдиган мунофиқона тиржайиш ва чийиллоқ овози кишида нохуш кайфият уйғотади…
Икки пиёла чой ичгач, Камолхон ўрнидан турди. Проводник ажабланди.
– Йўл бўлсин, окаси?..
– Шамоллаб келай…
Камолхон қўлидаги сигаретга ишора қилди. Сўнг чўнтагидан пул чиқариб чойнак ёнига ташлади.

* * *

…Мен айни дамда ўзим билмаган сирли туйғулар орқали шерикларимнинг тақдиридан бохабардек эдим. Назаримда, ҳозирги жами воқеалар таниш. Гоҳ талабаликнинг олтин даврини мақтаётган, гоҳ гитарасини тиринглатиб, “Ҳаёт йўли” ҳақида куйлаётган манави олифтадан тортиб, ўзини Муҳаббат атаган калондимоғ қизгача барчаси билан қачонлардир шу ҳолатда бирга кетганман. Ҳаммасидан Камолхоннинг тақдири қизиқ. Ҳар гал уни ўйласам, кўз ўнгимда аллақандай таниш воқеалар ғира-шира жонланади. Хотираларим уйғонмоқчи бўлади. Аммо, баногоҳ фикрим чалғиб, барчаси унутилади-қўяди. Ҳарчанд уринмай, бу синоатнинг тагига етолмаяпман. Эсласам, ўзимга керакли яна бир ҳақиқатни кашф этаман. Унинг йўлига мунтазирлигим сабаби ҳам шунда.
…Ҳафсаласиз қадам ташлаб, Камолхон кўринди. Уни хушчақчақлик билан қаршилаб, жой бердим. Талаба гитарасини ёнбошлатиб, бизга қўшилди.
– Окаси, чипталарингизни кўрсатиб юборинглар…
Проводник… Аммо, бўйни нақ қулоғи остидан елкасига туташган чийиллоқ барзанги эмас, бошқаси. Овозидан маълум.
Мен шошилмай, кўйлагимнинг кўкрак чўнтагидаги ҳужжатларим орасидан чиптани олиб узатдим. Бу ўша – вагонга чиқишимга ёрдамлашгани. Беихтиёр, мени кўргандаги турқи-таровати кўз олдимга келди. Мийиғимда жилмайдим. Ке­йин оний лаҳзага нигоҳларимиз тўқнашувди, кутилмаган воқеа юз берди. Аввал хотиржам қараган одам бирданига қорачиқларини кенгайтириб, нохуш бақрайди. Авзойидан баданим жунжикди… Ва хотирам қат-қатларида тобора сўниб бораётган қандайдир шуъла ожиз милтиради. Демак, у боя бўйнимдаги айлана чандиқдан ваҳимага тушмаган, йўқ, мени эслаган…
Проводникнинг совуқ нигоҳидан оёғим қалтираб, хаёлларим чувалашди…
Ўзи шундай, ўқтин-ўқтин, кутилмаган ташқи таъсир остида миямда ғалати воқеликлар гавдаланади. Уларнинг хурсандчилиги қувонч бағишлаб, оғриғи аъзойи баданимни зирқиратади. Шунинг учун бу ҳодисаларни ўнгимдагидай қабул қиламан. Айрим ҳолларда эса бир пайтда икки воқеликда иштирок этганимни сезиб қоламан. Бўйнимдаги айлана чандиқ, кўксимдаги тирноқдек тешикни қанчалик тушунмасам, руҳиятимдаги сирли ҳолатлар ҳам шунчалик қоронғи менга. Ҳозир ҳам пешонамда қаққайган проводникнинг совуқ тикилиши ёмон таъсир қилди. Уни танидим. Бу – ўша…
Қўлларим мушт бўлиб тугилди. Бироқ, гапирай десам, овозим чиқмади. Ўрнимдан турмоқчийдим, бошим айланиб, оёғимдан мадор кетди…
Мана, шуурим ёришмоқда. Ўзимга келаяпман. Қоронғиликнинг бир четида милтираётган миттигина учқун тобора катталашмоқда. Бироздан сўнг бутун борлиқни қоплайди. Мен батамом ҳушёр тортаман-у, ҳеч нима бўлмагандай одатдаги ишимни давом эттиравераман. Ўрнимдан қўзғалдим. Худога шукр, ҳаммаси яхши тугади. Кўзимни очдим…
…Эсимни йиғиб, илк қилган ишим ҳовли четида арқонланган қора тулпорни эгарлаш бўлди. Сўнг бешотарни ийнимга илдим. Олдимга чиққан ҳомиладор хотинимга миқ этмай, йўлга тушдим. Бугун руҳимга анчадан буён тинчлик бермаган муҳим вазифани бажаришим керак…
Тўғриси, унга душман эмасдим. Биз ҳамқишлоқмиз. Тупроқ кўчаларда чанг босиб, вояга етдик. Муртимиз ниш урган кезлар бахтиёр замонлар ҳақидаги орзуларга берилдик. Шу орада Октябрь тўнтариши рўй берди. Мен биринчилардан мазлумлар ҳукумати тарафига ўтдим.
Ўн саккиз ёшимдан қурол тутдим. Ўн тўққизда етмиш олти кишилик отряд бошида босмачиларга даҳшат солдим, қуюндек ёпирилган мард йигитларим тазйиқига ҳеч қандай душман дош беролмади. Яна беш йил ўтиб, босмачилик ҳаракати аввалги қудратини йўқотди. Лекин, осуда ҳаётга ҳали эрта, озод халқ камолини кўролмаганлар пана-пастқамларда пайт пойлашмоқда.
Уларнинг етакчиси – ўша қадрдоним. Мен мазлумлар тарафидаман. У – халқ душмани. Биз муносиб рақиблармиз. Неча бор изидан тушдим, энди ушладим деганда, у ҳавога сингиб кетар, кейин кутилмаган жойдан зарба берарди.
Эсимда, бир муҳорабада юзма-юз келдик. Масофа ўта яқинлигидан милтиқ отиш­нинг иложи йўқ, ярим соатлар қиличлашдик. На унинг, на менинг қўлим баланд келмади. Жанг орасида кўзларимиз учрашди. Рақибимнинг нигоҳида ғалати маънони уқдим. Назаримда, у мени ўлдиришни истамаяпти. Мен ҳам уни аяяпман. Тўсатдан зарбага шайланган қўлларимиз тин олди. Сўнг ягона буйруқни бажараётгандек баб-бараварига қиличларни қинига солиб, изимизга бурилдик. Қора тулпорим икки-уч қадам йўртигач, орқамга қарадим. Худди шу лаҳзада рақибим ҳам қайрилди. Яна юрдик. Дам ўтмай, ўша ҳолат боз такрорланди. Шундай қила-қила олислашдик…
Кейин ҳам неча марта тўқнашсак-да, ғалабага юз фоизлик имконият бошқа туғилмади. Айни сабаб, ўшандаги қатъиятсизлигим учун ўзимни кечирмадим. Яна қўлимга тушса, албатта ўлдиришга онт ичдим. Негаки, марказдан келган телеграммаларда уни йўқ қилиш узил-кесил менга топширилган, бу энди ҳаёт-мамотим масаласи эди. Бизнинг яккама-якка жангимиз овозаси қайсидир йўллар орқали марказга етган ва камина салкам халқ душманига айлангандим.
Ўртамиздаги рақобатнинг яна бир сабаби – хотиним, йигитлик онларимиз бир қизга кўнгил қўйдик. Бора-бора, менинг қўлим баланд келиб, у тоғу тошларда тентирай бошлади.
…Турмуш қурганимизнинг олтинчи ойи чор-теварак осойишталиги сабабли йигитларимни икки-уч кунга уйларига жўнатдим. Ёнимда етти-саккиз нафар оиласиз аскарлар қолишди. Ёз куни эмасми, улар ҳовлида, мен уйда ухладик. Ярим кечаси қиёмат қўпди. Апил-тапил кийиниб, отларни эгарладик. Аммо, кечиккандик. Элликтача босмачи қишлоқнинг шўроларга хайрихоҳ қисмини қиличдан ўтказиб, ғойиб бўлди. Гарчи, бир ҳовуч аскар билан уларни қувиш бемаънилик саналса-да, эрталабгача итдек изғидик.
Индинига зудликда отрядимни тўплаб, ҳужумга отландим. Рақибим ерга кирдими, кўкка чиқдими, икки йил думини ушлатмади. Мен ҳушёрликни йўқотмадим, доимо жангга шай турдим. Шундай кунларнинг бирида кичикроқ тўданинг изидан тушиб, уч кечаю уч кундуз таъқиб этдик. Охири, тоғнинг тор дарасида қуршовга олиб, қириб ташладик. Бироқ, мурдалар орасидан унинг ўлигини топмагач, ўзга ҳақиқатни тушуниб қолдим. Бу – пистирма. Қизиллар кичик тўдага овора тентираганда, қўрбоши қайлардадир ўзга режасини амалга оширган. Зудликда ортга қайтдик. Қишлоқда ов милтиғи билан қуролланган беш-олти батракдан бўлак одам қолмаган, рақибим хотиним илинжида бизни чалғитган бўлса, мақсадига эришди, мен суюклигимдан айрилдим…
Тўхтамай от сурдик. Тоғдан энгач, йўл-йўлакай, ёнаётган овулларни кўриб, нақадар кечирилмас хатога йўл қўйганимни англадим. Инсоннинг шунчалар қонхўрлигини хаёлимга келтирмаган эканман…
Қай аҳволда маконимга етганимни билмайман. Узоқдан тутаётган уйларни кўргач, адойи тамом бўлдим. “Энди хотиним йўқ!..” Беихтиёр, бошимга урган фикр­дан чаккаларим лўқиллади. Чарчаб, йиқилаёзган тулпоримни ниқтаб, хонадонимга яқинлашдим. Бироқ, энди кўрганларим ҳар қандай мўъжизадан авлороқ эди. Сон-саноқсиз харобалар ичида ёлғиз менинг пахса деворли ғариб иморатимгина собит турарди. Ичидан тамбаланган пастак дарвозани тепиб, ҳовлига отилдим. Бирдан бос­тирма тагида кавш қайтараётган сигирга кўзим тушди. Сал нарида бузоғи диконг­лайди. Босмачи босса, қорамол тугул, товуқ ҳам қолмасди. Балки, бу пистирмадир?.. Изимдан келган аскарларга имо қилдим. Зум ўтмай, ҳовли қуршаб олинди. Ишонган тўрт нафар йигитим билан даҳлиз эшигини очдим, зоғ кўринмайди. Жангу жадалларда дийдам қотган эса-да, ҳозир юрагимнинг дукурлашини аниқ эшитаяпман…
Бўлар иш бўлди, эшикка қурол ўқталган йигитларимга отишга рухсат бериш ниятида ўгирилдим. Аммо, тўсатдан икки йил бурунги воқеа ёдимга тушди. Ўшанда рақибим бизни омон қолдирганди. Қишлоқнинг ярмини қиличдан ўтказиб, хонадонимни айланиб ўтганди. Қанийди, ҳозир ҳам шундай бўлса…
Таваккал қилдим, охирги онда йигитларимни тўхтатиб, овоз бердим. Садо қайтмади. Иккинчи марта қичқирдим. Сукунат… Учинчи марта овозим етти маҳалла эшитадиган даражада гулдуради, шунга ҳам жавоб бермаса…
Эшик ғийқиллаб очилди. Мен бешотарни тўғрилаб туравердим. Ўртага асабимни адойи тамом қилган сукунат чўкди. Яна ҳайқирдим:
– Мушарраф!..
Енгил қадам товушлари эшитилди. Наҳотки?.. Бўлиши мумкин эмас!..
Мумкин экан, ичкаридан суюклигим чиқиб келди. Ҳиқиллаганча, бўйнимга осилиб, юз-кўзларимдан ўпишга тушди… Ичма-ич жойлашган икки хонадан қариялару ёш болалар чувиллашди. Қутулганларини сезиб, халоскорларига қуллуқ қилишди. Менинг хаёлларимни эса қандайдир нохуш фикр чалғитди… Нега хотинимга тегмади? Нега яна хонадонимни айланиб ўтди?..
Мушаррафга маъноли тикилдим. У бошини сарак-сараклатиб, ерга қаради. Поклигига ишонсам-да, барибир кўнгил душман, рақибимнинг бағрикенглиги қалбимда ғайритабиий шубҳа қолдирди.
Ўша миттигина шубҳа катталашавериб, бугун тоққа айланган. Энди ундан қутулмасам, вужудимни ёриб чиқади. Шу боис чор-тарафга айғоқчи жўнатиб, рақибим тўғрисида маълумот йиғдим. Ҳозир менга унинг қайда жон сақлаши, қачон уйғониб, қачон ухлаши, нима еб, нима ичишигача маълум. Вақтини белгилаб, ҳужумга ўтсам, битта ўқ билан умрига нуқта қўяман.
…Ярим соатлар от йўрттириб, адирлик бағрига, келишилган жойга етдим. Айғоқчи вақтида келди. Мен уни Қодирқул оға дейман. У мени инисидек билади. Иккимиз кўп кўргиликларни бошдан кечирганмиз. Қўлимга қурол олганимда отиш сирларини шу одамдан ўрганганман. Бир жангда эса уни ўлимдан сақлаб қолдим. Кейин биз ака-ука тутиндик. Шундан бери биргамиз. Энг хавфли вазифаларни Қодирқул оғамга ишонаман.
Уни батафсил эшитиб, оғир-енгилини ўлчадим. Сўнг ортиқча аскарларсиз йўлга тушдим. Ёлғиз Қодирқул оғам менга ҳамроҳ.
Кетма-кет мағлубиятлардан чарчаган душманни маҳв этиш кўпам қийинмас. Бу тажрибаларимдан маълум. Ўзимнинг қизил командирлик фаолиятимда бир ҳақиқатни тушунганман, камбағалдан қўрқмаслик керак. Камбағал мавжуд тузумга қарши бош кўтармайди. Чунки йўқчилик унинг силласини қуритган. Шаштини синдириб, бошини эгган. Бундай одам ғурурсиз кун кечиради. Бир бурда нон берганнинг бадрабхонасини тозалашга рози бўлади.
“Мазлум халқлар инқилоби!”, дейишади. Бу – уйдирма, инқилобни ўзига тўқ одамлар бошлашади. Лекин мудом йўқсилнинг номидан гапиришади. Негаки, дунёда бойларга нисбатан ночорлар кўп. Кейин улар онгсиз тоифа. Бир парча нон берганнинг топшириғини қилаверади. Инчунун, кимгадир ўқ отиш, кимнидир бўғизлаш…
Ҳозир эса ўшандайларнинг биттаси – эски қадрдоним аянчли аҳволда. Биз ғалаба қозондик. Унинг ҳомийлари дом-дараксиз йўқолишди. Энди ёлғиз ўзи ажалини кутмоқда. Мени кутмоқда. Бугун тунда жонини оламан. Қалбимни кемирган нохуш шубҳалар ниҳоясига етади.
…Ярим кечаси тоғ бағридаги қишлоққа яқинлашдик. Тун ойдин, тўрт томон кафтдагидек яққол кўринади. Қодирқул оғам енгил йўталиб, мени тўхтатди. Қамчисини қишлоққа кираверишдаги пастак кулбага тўғрилади. Қисқа имо-ишорадан сўнг биримиз эшикка, иккинчимиз дарчага йўналдик.
Мўлжалга етиб, бешотарни тўғриладим. Ҳозир зарб билан ёғоч тавақани қўпориб, ичкарига кираман. Рақибим ҳушини йиғиб улгурмасдан, бешта ўқни ҳам кўкрагига жойлайман.
Зафарёр хаёллар оғушида қўрбоши ётган хонага яқинлашарканман, туйқус ғалати шарпани сездим. Тўхтаб, зийраклик билан атрофни кузатдим, тинчлик. Яна қадам ташладим…
– Тўхта!..
Овоз ичкариданмас, шундоқ ёнбошимдан эшитилди. Мен қўлга тушдим. Бу пистирма. Наҳотки, ишонганим Қодирқул алдади? Бешотарни ерга ташладим, қўлларимни баланд кўтариб, қулай фурсат кутдим. Мақсад – рақибим яқинроқ келса, амаллаб зарба бериш. Сўнгги имкониятим – шу.
Кўзим қоронғиликка ўрганди, уни аниқ кўраяпман.
– Сен билан гаплашиб олмоқчиман…
“Азалий душманлар нимани ҳам гаплашарди?.. Майли, ҳалиги режамни амалга ошириш учун айни муддао, баҳонада яқинроқ бораман”.
Улгурмадим, орқа томонимдан шипиллаган қадам товуши эшитилди. Аста бурилдим. Не кўз билан кўрайки, икки қадам нарида Қодирқул оғам турарди. Милтиғини шайлаб, тош қотган. Боягина хоин деганим инисини қутқармоқчи.
Ўртада қолиб, иккаласигаям халал бераяпман. Қодирқул оғам секингина йўталса, бирдан ерга қапишаман. Устимдан учган ўқ рақибимни қулатади.
Йўқ, у йўталмади. Аксинча, қорачиқларини кенгайтириб, нохуш бақрайди. Душманига шундай қарайдиган одати бор. Мен узил-кесил ишондим, оғам Қодирқул – хоин!.. Нега, нима учун? Ахир уни ўлимдан асраб қолдим. Вақти келса, жонимни аямадим. Оқибат шуми?.. Демак, қаердадир хато қилганман. Ёки дўст танлашда адашдимми? Қодирқул – хоин! Ишонганим – хоин!.. Энди яшашнинг қизиғи йўқ!..
Беҳол чўккаладим. Оғамнинг милтиғи қуролсиз инисини мўлжалида ушлаб тураверди. Рақибим томонга юзландим. У ҳам кўкрагимга маузерини тираган. Ночор бошимни чангалладим, миям ғувуллаб, кўз ўнгим хиралашди. Сўнг тасаввуримнинг олис бурчагида миттигина шуъла йилтираб, катталашаверди, катталашаверди… Бехос хаёлимни рақибимнинг гулдираган овози тўзғитди.
– Қодирқул оға, керакмас!..
Демак у қўрбошининг ҳам оғаси. Бир вақтда икки рақибга хизмат қилган қаллоб. Мен ҳайқирдим.
– Қодирқул – хоин!..
Ҳайқираётиб, беихтиёр, рақибимга қарадим. Назаримда у ниманидир идрок этди. Менимча, Қодирқулнинг хоинлигини сезди. Бироқ, кеч сезди. Ўқ овози қарсиллади… Кўкрагимни чангаллаб, йиқилдим. Йиқилаётиб, қўрбошининг қоронғилик бағрига сингиб кетганини илғаб қолдим. Кейин яна қарсиллаган садо янгради. Аммо буниси менга аталмаганди. Ҳар ҳолда, вужудимни тешиб ўтмади. Шу билан тамом, ҳаммаси тугади…

* * *

…Кимнингдир енгил шапатилаши ҳушимга келтирди. Қарасам, тепамда Камолхон сочиқ билан елпиган, талаба эса юзимни обдан қизартирмоқда. Нигоҳим душманга йўлиққанда қорачиғини кенгайтириб, нохуш бақраядиган проводникни излади. Юрагимда оғриқ турди. Бировга сездирмай, ўнг қўлим-ла чап кўкрагимни пайпасладим. Кейин яна ўшандай эҳтиёткорлик билан кафтимга разм солдим. Адашмапман, ўқ теккан жойдан қон сизмоқда. Сал кечиксам, оқ йўл-йўл кўйлагим қизилга бўялади. Зудликда чўнтагимдан дастрўмолимни чиқариб, кўйлакнинг остидан ярага босдим. Бош ирғаб, ёрдам берганларга миннатдорлик билдирдим. Кейин жойлашиб ўтирганча, ҳеч нима бўлмагандай, шерикларимга юзландим. Уларнинг сиёғи ташвишли эса-да, кўкрагимдаги асоратни сезмаганликлари аниқ. Бироз ўтиб, кўйлагимнинг тагидан дастрўмолни суғуриб олдим. Унда икки томчи қон изи қолган…
– Мени кўкрагимдан отишди…
Улар на ишонишни, на ишонмасликни билмай, қотиб қолишди. Рўмолчадаги қонни кўрсатдим. Кейин кўйлагимнинг юқори тугмаларини ечиб, кўкрагимда ҳалича қизариб турган тешикка имо қилдим. Бирдан Иззатнинг ранги гезариб, аввал лабига, сўнг юз-кўзига учуқ тошди. Бу ҳам етмагандай, бехос ёнбошига оғди. Яхшиям, Камолхон ушлади, акс ҳолда, қулаб, ёнидаги қоқшоқ кампирни майиб қиларди. Энди бемаъни қилиғимдан хижолат тортиб, уни ҳушига келтиришга урина кетдик.
Шу пайт ёнимиздан ўзини Муҳаббат, деб таништирган қиз ўтди. Камолхон ҳам, мен ҳам ялт этиб қарадик. У бизга инжа табассум ҳадя қилди. Табассуми дилтортар таассурот уйғотмаса-да, хаёлимда Қорасочбонуга ўхшаркан, деган фикрни такроран айланишига халақит бермади. Камолхонга юзландим. У ҳам қайғули қиёфага кирган. Сездим, қизни Зуҳрасига ўхшатди. Ўхшатган заҳоти, кўзларига мунгли шуур қалқиди, думалоқ юзига изтироб кўпчиди. Ва биз яна ўзаро ҳамдард оғайниларга айландик. Тенгини топмагунча ўн саккиз ёшида яшайверадиган Муҳаббатни гурас-гурас йўловчилар ичига сингиб кетгунича кузатиб турдик.

* * *

…Ўзи шундай, бўйига етган қизлар бир-бирларига ўхшаб кетишади. Буни беш-олти яшарлигимда сезганман. Ўшанда ҳар куни тенгдошларим билан кўчамизнинг бошида ўтирволиб, мактабдан қайтаётган қизларни кутардик. Сочларини майда ўриб, ироқи дўппи кийган дугоналар ёнимиздан ўтаётганда ёқимли жилмайишар, биз мурғак ҳиссиётлар оғушида энтикиб қолаверардик. Улар узоқлашгач, қий-чувлашиб ичларидан ўзимизга “маъшуқа” танлардик. Бебош қилиқларимизни сезишди чоғи, улар ҳам бора-бора, бизни “тақсимлаб” олишди. Ҳатто баъзи-баъзида тегажоғлик қилиб, ҳар ким ўзининг “ошиғи”га ҳазиллашадиган бўлди…
Мен ҳам биттасини танлагандим. Танлаганим, атлас кўйлаги қадди-бастига чунонам ярашган олов нигоҳли қорамағиз соҳибжамол эди. Гоҳо-гоҳо ўша соҳибжамолим мени кўчанинг нариги бошигача кўтариб жўнар, шаҳзодамдан ўргилай деб, темиратки босган юзимдан ўпиб-ўпиб оларди. Унинг қўйнидан тушгач, бурнимни тортиб, жўраларимга мақтанардим.
“– Кўрдиларингми?..”
Кунлар ўтиб, қорамағиз соҳибжамолнинг шаҳзодасини кўтариб юриши одатга айланди. Исмини ҳам билиб олдим. Аммо негадир бошқа қизларни опа дердим-у, унга келганда Садоқатдан нари ўтолмасдим. Балки, ўшанда мурғак онгимда уйғонган “ошиқ-маъшуқлик” муносабатларига ўзим ҳам ростакамига ишона боргандирман. Ҳар ҳолда, катта қизни сенсираганимни эшитган онам икки тарсаки туширгани ёдимда. Мен эса барибир уни опа деёлмадим, сизлолмадим…
Аста-секин, ҳазил-ҳазилдан бошланган беғубор туйғулар гуркираб, гўдак ва бўй қиз ўртасидаги ишқий ҳиссиётларга айланди. Садоқат ўқишни битиргач, уйимизга келиб, онам билан гурунглашиб ўтирадиган қилиқ чиқарди.
Мактабга қатнай бошладим…
Бир куни Садоқат шумшайиб келди. Мени бағрига босиб, юм-юм йиғлади. Онам овутмоққа тутинди. “Иншооллоҳ, бахтли бўласан”, деди. Ҳеч нарсага тушунмадим. У кетаётиб, ёш тўла нигоҳини кўзимга қадаганча, дардли овозда хайрлашди.
– Совчиларингни кута-кута чарчадим, бошқа бировга тегиб кетаяпман. Рози бўл, шаҳзодам!..
Туйқус аччиқ ҳақиқатни тушундим. Ортидан чопдим – қайрилиб қарамади. Кўйлагининг этагига ёпишдим – беэътибор олға интилди. Оёқларим чалкашиб йиқилдим. Ўшанда ҳам қиё боқмади. Аввалига қадамини тезлаштирди. Бора-бора қўллари билан ёноқларини бекитиб, югургилайверди. Ўрнимдан туриб, иркит башарамни юваётган кўзёшларимни артарканман, энди ҳеч қачон унга етолмаслигимни англаб, ҳиқиллаганча орқамга бурилдим. Қайтиб, онамнинг дийдасида ҳам дувуллаган ёш кўрдим.
Ҳафта ўтмай ётиб қолдим. Ичикканим узоққа чўзилди. Бир ойда озиб, чўпга айландим. Онам мени ҳам эскичасига, ҳам янгичасига қараштиравериб, охири тузатиб олди. Бироқ, унутиш қийин экан, кўча-кўйда Садоқатга ўхшайдиган қизни кўрсам йиғлаб, изидан югурадиган одат чиқардим.
Бир кун ҳовлида ўйнаб ўтирганимда қулоғимга чорпоядаги гурунг чалинди. Қўшни хола кимнидир “бечора, пешонаси шўр экан…”, деди. Онам унга жавоб берди: “Пиёниста эри уриб, яқинда яна ҳомиласини туширибди…”
Дастлаб суҳбат ким ҳақида кетаётганига, қолаверса, жумлалар маъносигаям эъти­бор бермадим. Ногоҳ, меҳрибонимнинг нигоҳи менга қадалди-ю, қўшни холани нуқиди. Мав­зу ўзгарди. Шундагина юқоридаги гапларнинг қайсидир томонлама ўзимга алоқадорли­гини сездим. Бошқа ҳодиса юз бермаганда эса, бу гурунгни унутиб ҳам юборардим.
…Учинчи синфда ўқиб юрган кезларим, мактабдан қайтаётиб, узоқдан бошдан-оёқ қора кийган аёлга назарим тушди. Яқинлашгач, кўриб кўзларимга ишонмадим, чунки қора кийган аёл менинг “бевафо” Садоқатим эди. Аввалига хурсандчиликдан диконгладим. Кейин йиғлаб, изидан югурганимни эсладим. Қиё боқмай кетгани, йиқилиб тупроққа қоришганим юрагимда қолганди. Шу араз таъсирида қучоғига отилмадим. Садоқат ҳам ошиғини кўрди. Кўрди-ю, ҳўнграб юборди ва катта кўчада тиз чўкканча, юзимдан ўпаверди-ўпаверди… Бир маҳал ўзини қўлга олди. Бошимни кафтлари орасида эркалаб, кўзларимга тикилди. Шундагина унга синчиклаб разм солдим. Не ажабки, рўпарамда қадди-қоматига атлас кўйлаги чунонам ярашган қорамағиз соҳибжамол эмас, қовоғи осилган, қайғули рухсорини қат-қат ажин босган бечора аёл турарди. У ўтган-кетганларнинг таажжубланишларига парво қилмай, изиллаб йиғлар, нималарнидир беҳол шивирларди…
“– Пешонам шўр экан, шаҳзодам, бу кунимдан кўра, сенинг улғайишингни кутмасмидим, бундай баттолга теккандан, эрсиз ўтмасмидим?.. Бахтиқаро Садоқатинг дарду ҳасратда куйиб адо бўлди. Хайр-хўш энди, шаҳзодам!..”
Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмадим. Аммо ўшанда онам билан қўшни хотин Садоқат ҳақида гурунглашганини англадим. Шундан сўнг, негадир, кўчадаги учрашув хаёлимдан кетмади. Орадан тўрт ҳафталар ўтиб, юрагим туйқус игна санчилгандек симиллади. Ҳаш-паш дегунча, оғриқ чидаб бўлмас даражага етди. Ўқитувчимнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, синфдан чиқиб, уйга югурдим. Дарвозадан кирибоқ, чорпояда пахта саваётган онамнинг бағрига отилдим. Биз бир-биримизни қучоқлаб, тонггача йиғладик…
Эр кўриб, кун кўрмаган Садоқатим ўзига ўт қўйганди…
Уч кунгача пиқиллаб юрдим. Тўртинчи куни хатти-ҳаракатимни мурғак онгим тўлиқ идрок этмаса-да, даҳшатли онт ичдим. Ёшим улғайиб, елкамдаги масъулият тоши оғирлашаверди. Шундан сўнг, гоҳи-гоҳи болалик хотиралари уйғонганда, гўдаклигимдаги ўша даҳшатли жумла зиммамга юклаган хундор мажбуриятлардан қутулишнинг ягона йўли борлигидан ташвишга тушадиган бўлдим. Негаки, кимнингдир умрига нуқта қўйиш фикри осуда ўйларимни алғов-далғов этиб юборса, бир кунмас-бир кун қасамхўрга айланиб қолишим баттар қўрқитарди…
Ҳозир тўсатдан ёдимга тушган ўша беғубор севгининг хотиралари интиқом оловини қайта гуриллатди. Энди бу қаттол юмушни бажармасам бўлмайди. Лоақал, ярадор кўнглимни овутиш учун шундай қилишим лозим. Янаям барча оғир-енгилни тарозига қўйиб, сарҳисоблашга вақтим бемалол. Аммо, кутишга унинг умри етармикан. Ишқилиб, бандаси қасосидан олдин Оллоҳ қазосига учрамасин-да…
Икки дақиқа аввал чиройли жилмайиб ўтган мудом ўн саккиздаги нозанинга термилиб, бехосдан шундай хаёлларга берилдим. Чунки митти шаҳзодасини кўчанинг адоғигача кўтариб бориб, темиратки босган юз-кўзидан ўпиб-ўпиб оладиган олов нигоҳли қорамағиз соҳибжамол нимаси биландир Муҳаббатни, Қорасочбонуни эслатарди. Мен улар ўртасида ўзаро уйқашликдан ташқари, балоғатнинг сирли уйғунлиги ҳам мавжудлигини сезиб турардим.
– Зуҳрага ўхшаркан… – Камолхоннинг овози маъюс хотираларимни тўзғитди.
– Садоқатга ўхшайди!..
– Қорасочбонуга ўхшайди!..
…Аввалги ҳолатимизга қайтдик. Энди анчайин эс-ҳушини йиққан талаба гитарасини тиринглатиб, “Ҳаёт йўлини” куйламоққа тушган.
“Бечора оҳу олға интилмоқда. Изидан қуваётган қаттол жондор ҳадеганда қайтадиганга ўхшамайди. Икки-уч ҳафта бурун жуфтини ҳалок этган ҳам шу. Тақдир нега уни доим бир хатарга учратмоқда? Оҳу таъқибчисидан аллақачон узоқлашиб кетарди-ю, афсус, ҳозир ёлғиз эмас. Юраги тагида қонхўр қоплон бўғизлаган жуфтининг ёдгори бор. У энди ўша туғилмаган норасидаси учун ҳам яшаши керак. Шу сабабли бор куч-қувватини оёқларига тўплаган…”
Иззат гитара торларига бармоқларини ҳорғин уриб, қўшиғини якунлагач, шерик­ларининг юз-кўзларига чўккан маъюсликдан хижолат тортиб, мавзуни бошқа томонга буриш ниятида ҳазиллашди. Сал олдин йўлимни тўсганини ҳозирги аҳволга боғлашга уринди…
Камолхон аввалига пойинтар-сойинтар жумлаларга эътибор бермади, бўлган воқеани астойдил эшитгандан кейин эса кимнидир мазах қилгандай, сирли минғирлади. Минғирлагани ёмон таъсир қилди, гўёки, калламга оғир калтак тегди. Ўтирган жойимда ҳушдан айрилдим. Оёқ-қўлларим шалвираб, бошим елкамга қийшайди. Агар ҳозир эсимни йиғмасам, тағин ўзимдан кетаман. Ана унда менга қийин бўлади. Бироқ, ҳануз қулоғим остида жаранглаётган жумла истагимдан кучлироқ…
“Ота-бобоси босмачи ўтгандир-да?..”
– Йўқ, мен ўзим босмачиман!..
Ҳайқиришим оламни тутмади… Кўз олдим қоронғилашиб, тинкам қуриди. Хаё­лим чувалашаверди, чувалашаверди… Яна бояги наърани юзага чиқаришга уриндим. Шундагина, аввалроқ, Иззат билан биринчи марта учрашганда, вужудимдан ёғилган куч-қудрат қайдан пайдо бўлганини тушуниб етдим. “Ҳа, мен босмачиман! Бу яқин-ўртада мендан қонхўр қўрбоши йўқ. Ишонмасангиз, ҳали-ҳануз тутаётган овуллардан сўранг! Эрсиз есирлар ҳасратини эшитинг! Отасиз етимларнинг жавдираган кўзларига боқинг! Навжувон ўғлини бой бериб, бемаҳал мункиллаган қарияларнинг нидоларига қулоқ тутинг!
Мен қилмишларим учун Яратган эгамнинг олдида жавоб беришга тайёрман. Илло, ҳеч кимни бесабаб ўлдирмадим. Бирор кулбага бекордан бекорга ўт қўймадим. Ўтган саккиз йилда нимаики қилибман, бари Ватан учун бўлди.
Энди қонхўрлигим сабабини айтай, эрлар аёллари есирга айланмасликлари учун тўғри йўлдан боришлари лозимлигини унутдилар. Оталар фарзандлари тақдирини ўйламай, Ватанга қарши қурол кўтардилар. Ўғиллар қарияларига қувват бўлиш ўрнига хоинликка ўтдилар. Бу – хато эди. Мен огоҳлантирдим – эшитишмади. Ёлбордим – устимдан кулишди. Ҳафталаб узлатга чекиндим. На ердан, на кўкдан жавоб бўлди… Ноилож, қатъий қарорда тўхтадим, курашга отланаман! Бу Ватан йўлидаги жиҳод бўлади!
Ҳа, баъзида халқни асрамоқ учун кимдандир воз кечишга, кимнидир қирғин-барот қилишга тўғри келаркан. Мана улар, ҳали ҳам мени масхаралашмоқда. Юзма-юз келганда мунофиқона тиржайиб, думларини ликиллатишади. Ортга бурилишим билан курагимга пичоқ санчишади. Тутган амалларининг хатолиги ўзларига-да аён. Аммо тўраларига ялтоқланиб, ёғлироқ суяк орттириш илинжи кучлироқ.
Мен яхши биламан, уларда қуллик кайфияти устувор, бўйинларидаги боғичларини, оёқларидаги кишанларини йўқотишдан қўрқишади. Шу қўрқув туфайли хотинларини сотишади, болаларини қурбон қилишади. Яхши биламан, уларга мункиллаган ота-оналари хизматидан кўра, кофирлар пойидаги лаганбардорлик афзал. Шу сабабли, кўнгли ярим волидаларини тўраларига оқсоч қилиб беришган.
Ана энди айтинг, нега сабр қилай? Нега адолатсизликларни кўратуриб, ортга чекинай? Ахир юрт бошига тушган қора кунлар учун ўшалар масъул эмасми?
Майли, ёмонни илғамайман, номардга кўз юмаман, душмандан юз бураман. Аммо, манфурни кечирмайман, олчоқни кечирмайман, аблаҳни кечирмайман! Энди кимлигимни билгандирсиз?.. Мен Ватан хоинларини босқин қиламан! Ҳозир йўлга тушаман. Бугун энг катта рақибим жонини олишга чоғланганман.
Аслида биз ёғий эмас, болалиги тупроқ кўчаларни чангитган жонжўралар эдик. Ҳатто, илк муҳаббатимиз ҳам кафтида гуручнинг донасидек холи бор бир гўзалга бағишланганди. Бироқ қайсидир чорраҳада йўлимиз айрилди. Бу – инқилоб чорраҳаси эди. Биз хундор душманларга айландик, мақсадимиз бир-биримизни маҳв этиш бўлди.
Мен уни хатолардан огоҳлантиришга кўп уриндим. Неча марталар қўлим баланд келганда омон сақладим. Ҳатто, севганимга уйланганини кечирдим.
Биз жангларда кўп тўқнашдик. Икки бор мўлжалимда ушласам-да, отмадим, отолмадим… Кейин исфаҳоний қиличимга дуч келди. Бир силтаб, бошини танидан жудо этиш имконияти туғилганда, яна қўлим бормади. Унинг нақ бўғзидан айланган қизил чизиқни кўрдим-у…
Негадир, шуни кўрганда, жисми-жонимни энтиктирувчи қадрдон туйғулар уйғонади. Ўша чандиқ ўзимникидек туюлаверади, туюлаверади…
Негадир, уни инимдек кўраман, оғамдек кўраман. Қарабсизки, интиқом учун кўтарилган қўлларим шалвираб тушади.
У олчоқ эмас, манфур эмас, хоин эмас!.. Бор-йўғи ғофил инқилобчи, қизил командир. Ўзини афкор омманинг ҳимоячиси сезади. Унинг тоғдек эътиқоди бор, янг­лиш бўлса-да, мақсади бор!.. Мен уни хатоликлардан қайтариш ниятидаман.
Ўтган саккиз йил ичида қизиллар барча содиқ йигитларимни маҳв этишди. Мен умид узмадим, армонли дунёда ёлғиз қолсам ҳам юрагимдаги зиғирдек учқунни сўндирмадим. Бу учқун қалбимни таваккалчиликка бурди. Охирги имкониятимни кутдим.
Рақибимнинг ишонган йигити эски қадрдоним. Кеча уни ёнимга чорладим. Чекка қишлоқда учрашишга келишдик. Мен пайт пойлайман, қизил командир тунда ўч олгани қадам ранжида қилади, чоҳга тушганидан бехабар. Йўқ, ҳозир қасосга тайёрланмаяпман, уни тўғри йўлга бошламоқчиман. Агар ишонса, яна оға-инидек жипслашамиз. Бирлашсак, бизга ҳеч қандай душман писанд эмас, сув келса симириб, тоғ келса кемириб, омон-омон замонларга етамиз.
Шундай орзулар оғушида келишилган қишлоққа келдим. Овлоқроқда кунни қорайтиргач, четдаги пастак уйга яқинлашдим. Бу – садоқатли йигитларимдан бирига тегишли… Ўзи ўтган йили ҳалок бўлди. Хотинини қизиллар зўрлашди, болаларини чавақлашди. Кейин маломатни кўтаролмаган жувон сиртмоққа бошини тиқди. Худкушлик қилди. Аммо уни шариат бўйича дафн эттирдим, илло, ор-номусли инсонга ҳурмат-эҳтиром жоиз, шармандали ҳаётдан ўлимни афзал кўрган аёл бежаноза кўмилмаслиги керак…
Энди ўша мудҳиш уйда рақибимга ҳаммасини тушунтираман. Бечора аёлни зўрлаб, мурғак норасидаларни тиғдан ўтказган шўро – номард шўро, дейман. Ўйлаганларинг хато, интилганларинг сароб, дейман…
Ана, отларнинг дупури эшитилди. Бири дарча томонга йўналди, Қодирқул оғам… Тезда қайтиб кетади. Сўнг рақибим иккимиз тонггача суҳбат қурамиз. Мен уни нега аяганимни, нега қишлоқни босганимда, хонадонини айланиб ўтганимни айтаман. Бевафо Мушаррафни йигитларим ўртасида хомталаш қилмаганим сабабини ҳам яширмайман. Қолаверса, ўша яккама-якка жангдан пушаймон эмаслигимни тан оламан. Қизилларнинг асосий хатосини, иблисга сиғинганларини исботлайман. Ишончим комил – у тушунади. Кейин биз бир-биримизга пешвоз чиқамиз.
…Мушукникидек енгил оёқ товушлари эшикка яқинлашди. Қалбимни соғинч энтикиши тутди. Кўзларимга ёш қуйилди.
Эшик очилди. Шарпа эҳтиёткорлик-ла даҳлиз ҳатлади. Бешотарини шайлаб, мўлжалга олди. Ҳозир шиддат билан хобхонага отилади… Аммо мен унинг шундоқ орқасидаман. Ниҳоят, ҳавойи орзуларига чек қўяман. Қизил командир содиқ йигити хиёнат қилганидан аянчли аҳволга тушади. У ақлли қўмондон – мен айёрроқман!
– Тўхта!..
Пистирмага тушганини сезди. Бешотарни ташлаб, қўлини кўтарди.
Маузеримни тўғрилаб, олға юрдим. У яқинлашганимда тепиб, илкимдаги қуролимни туширмоқчи. Мен зарба етадиган масофагача бормайман, чегарани биламан. Кейин унга чўккалашни буюриб, тўрт газ нарироқда ўзим ҳам чордана қураман… Тушунмадим! Қодирқул оғамга рақибим уйга кириши билан ортга қайтишни буюргандим-ку… Нега бажармади? Ёки бошқа хавф туғилдими?.. Йўқ, салгина шарпани сезган бўлардим, бир гапи борга ўхшайди.
Тўсатдан мақсадини англаб қолдим, ўз қўмондонини отиб ташламоқчи.
– Қодирқул оға, керакмас!..
– Қодирқул – хоин!..
Қайсимиз олдин қичқирдик, номаълум. Мен Қодирқулнинг хоинлигини англадим. Рақибим ўлдириш ниятида эмаслигимни сезди.
Ўқ овози!.. Қизил командир кўкрагини чангаллаб, қулади. Чап бермасам, иккинчи қарсиллаш мени йиқитади. Четга сакрадим. Мудҳиш кулбадан чиқа солиб, отим боғланган тутзорга югурдим. Қодирқул оғам мени йўқотди. Аммо топмаса – қўймайди…
Энди куним битди, қизил командирнинг ўлимини мендан кўришади. Бир кунмас-бир кун бошим кундага тегади. Ягона йўл қолди, амаллаб Термизга етиб олсам, Амудан кечиб, Пули-хумри даштларида ғойиб бўламан.
Йўлга тушдим. Уч кеча-кундуз от суришим керак. Хуржунимда на озуқам бор, на сувим. Фақат кечалари юриб, икки кунда Бандихонда бўлдим. Кундузи қумтепалар тагида тин олардим. Қора тулпорим сарғайган хашакларни териб ейишга машғул онлар ҳорғин пинак қилардим. Хавф туғилса, у депсиниб мени уйғотар, биз биргаликда чора топардик.
Истарага етдим. Қувончимнинг чеки йўқ, яна беш-ўн соатлардан кейин улуғ дарё­нинг чап соҳилида от сураман…
Афсус, хомхаёлларга берилибман. Пешонамга Истара даштидан нари ўтиш ёзилмаган экан. Афғонистон орзулигича қолди, қўлимни чандиб, ортимга қайтаришди. Не кўз билан кўрайки, аскарларга энди Қодирқул оғам бошлиқ. У менга ғалати қаради. Қорачиқларини кенгайтириб, нохуш бақрайди. Аввал уни бунақа қиёфада кўрмаганман. Мақсадини тушунолмай, гарангсирадим. Нега қўмондонини ўлдирди? Нега изимдан эллик нафар аскарни овора қилди?
Эртаси куни қўлимни орқамга боғлаб, қароргоҳ марказидаги майдонга олиб боришди. Тиз чўктиришди. Кейин рўпарамга қўйилган курсиларга учта одам ўтирди. Ўртадагисини танидим. Сўроқни ўша олиб борди.
– Босмачилик ҳаракатининг бошида турганингиздан тонмайсизми?
– Йўқ!..
– Халқни хонавайрон қилиб, қишлоқларни ёққанингиз ростми?
– Рост!..
– Қизил командирни аблаҳларча ўлдирганингизни тан оласизми?
– …
– Отишга ҳукм этилсин!
Қодирқул оғам менга шундай ҳукм чиқарди…
Мен ўлимимни Истарада қўлга тушганимдаёқ, бўйнимга олганман. Ҳозир фикру хаёлимни бошқа жумбоққа қаратдим, ўтган хиёнат сабабини англашга уриндим. Тонгга яқин барча тугунларни ечдим. Олдинроқ ўйламаган эканман, ахир, Қодирқул оғам мен ва рақибим олдида ҳеч ким эмас, бор-йўғи оддий аскар. Каттароқ лавозим орзусида, аммо иложсиз. Чунки одамларни ортидан эргаштира олмайди. Йўлбошчилик иқтидори йўқ… Ана шундай ожиз, қўлидан иш келмайдиган аблаҳ икки моҳир саркардани хиёнаткорлик ила маҳв этди. Дунёдаги энг қудратли куч хоинлик экан…
Тонгда яна ўша майдончага олиб чиқишди. Яна тиз чўктиришди. Бир аскар келиб, кўзимга қора латта боғлаётганди, рад этдим. Сўнгги қўрбошини ким қатл этишини кўргим келди. Аскар нари кетиб, Қодирқул оғам яқинлашди. Нимадир дейишини кутдим. Аммо гапирмади. Қўлидаги наганни пешонамга тираб, тепкини босди. Ҳукмни ўзи ижро этди…

* * *

Поезд тунги соат учда Қаршига етиб келди. Камолхон елкама-елка суяниб, пинак қилаётган шерикларини уйғотишга кўзи қиймай, бир варақни қоралади-да, талабанинг кўкрак чўнтагига тиқди. Кейин йўл тўрвасини судраб, эшикка яқинлашди. Иккинчи проводник ҳамон нохуш бақрайган кўйи эшикни очди. Камолхон зинадан пастлаётиб, бирров ортига қайрилди. Бу каснинг беўхшов нигоҳида қандай сир борлигини билмоқчидек, чуқур термилиб, перронга оёқ босди. Поезддан тушгач, бир силкиниб қаддини ростлаганча олға одимлади. Вокзал биносига кираркан, тонггача шу ерда кутишга аҳд қилди. Ҳаш-паш дегунча уфқ ёришди. У шаҳар айланиб, жиянларига совға-повға олди. Кейин Нишонга жўнади.
Акаси уни илиқ кутиб олди. Чечаси кифтига қоқиб кўришса-да, муомаласи сал-пал совуқ туюлди. Камолхон бундан хафа бўлмади, Ҳабиба янга азалдан шунақа, бир қарасанг баҳор, бир қарасанг қиш. У олдига чиққан икки жиянига совға-саломларини берди. Кейин кенжатойни боши узра кўтариб эркалаганча, ҳовлига бошлаган акасига эргашди…
Ош устидан босиб-босиб кўк чой ичилгач, ука гап орасида қистирган бўлди.
“– Мабода шу ерларда яшашни хоҳласа, иш топилармикан?..”
Ўқ мўлжалга тегди, ака эртасиёқ совхоз директорига учрашди. Тўрт кундан ке­йин қарабсизки, ўртоқ Мирзаев бош агроном. Ҳамма иш ҳам шундай осон кўчса… Уйдаги гап кўчага тўғри келмайди, деб бекорга айтишмаскан, тезда Камолхоннинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Аммо, унгача бошқа воқеа юз берди, ишга тайинланганидан икки ой ўтиб, қашқадарёлик миришкорларни қўшни вилоятга қишлоқ хўжалик семинарига таклиф қилишди. Делегатлар ичида Камолхон ҳам бўлди.
Анжуманнинг очилиш маросими Термизда кечди. Сўнг қатнашчиларни беш-олти автобусда районларга жўнатишди. Камолхоннинг чекига Шеробод тушса-да, катталардан сўраб, Деновга йўл олди. Мақсад эшиклари тақа-тақ бекилган ота хонадонимас, йўқ, ошиқ маъшуқасини соғинган. Зора, кўнгли юмшаса. Ахир, волидаси бағридан кетишига ўша сабабчи эмасми? Шундай экан, бориб яна бир бор тушунтиради, ялинади, ёлборади…
Аммо, маҳбубаси ишлайдиган мактабга етганда, пешонаси деворга тегди, қоровул чол яна танимади. Обдан тушунтирсаям эслолмади. Ночор маъшуқасини сўровди, энди кўраётгандек кўзларини чақчайтириб ўшқирди.
– Ўв бола, сен бир яхши қизни бадном қилмоқчимисан? Унинг севгани бор, эрта-индин тўйи бўлади!..
Камолхон калласига таёқ теккан қўйдек гарангсираб, дарвозадан узоқлашди. Панароқ жойга бориб ўтирди. Бироздан сўнг йўлдан ўтаётган ўн-ўн икки яшар пионерни тўхтатиб, Зуҳра малимни чақириб беришини сўради. Болакай ярим соатларда қайтиб, етти букланган қоғоз тутқазди. Ошиқ ўқиди:
“Ассалому алайкум, Камол ака! Уч кундан сўнг никоҳ тўйим. Сизни лутфан так­лиф этаман. Келиб, синглингизга бахт тиласангиз, бошимиз кўкка етарди. Ҳурмат билан Зуҳра”.
Камолхон кунни қорайтириб, мискин аҳволда бекатга келди. Ярим тунда Термизга етиб, семинарнинг қолган уч кунидаям чиройи очилмади. Маъюслик Қашқадарёга яқинлашавериб, баттар кучайди. Эртаси ишхонасида бошқа кўнгилхираликка учрагач, тамом ўзини йўқотди. Қаранг, семинарда юрганида уни лавозимидан бўшатиб, бўлим бошлиқлигига тайинлашибди. Йигит нима гаплигига тушунмай, акасига юзланди. Ака жон-жигарини эзилади демади, қўрс тўнғиллади: “Ишлолмагандан кейин шунақа бўлади-да…”
Аввало икки ой ўзини кўрсатиш учун етарли муддат эмас. Мабодо, ўтган вақт давомида қўпол хатога йўл қўйсаям, майлийди… Қолаверса, сафар олди директорнинг ўзи кифтига қоқиб, ташаккур билдирувди-ку.
Буниси ҳолва экан. Камолхоннинг эрталаб ювингач, кенжа жиянини кўтариб, кўча айланадиган одати бор. Бугун ҳам энди отланувди, Ҳабиба янга йўлини тўсди. Боласини қўлидан тортиб, тескари томонга бошлади. Гўдак ҳарчанд йиғлаб, амакисига талпинмасин, қўйвормади. Аксинча, бақира-чақира узоқлашди. Унинг норози қилиқларидан Камолхон ўзига кераклисини илғади. Бу ердан кетиш керак! Яна озроқ қолса, қувиб ҳайдашади. Обрўйинг борида тадоригингни кўр!..
Ўша куниёқ дала четидаги ит ораламас коттежлардан бирига кўчди. Лаш-лушларини омборга тиққач, совхозда орттирган жўраларини ёрдамга чақирди. Ҳайбаракаллалашиб, чор-атрофни тозалашди. Деворларни оқлашди. Харобани яшашга яроқли ҳолга келтиришди. Кечга яқин бўлим марказидаги дўкондан колбаса, нон, икки шиша ичимлик кўтариб қайтган Камолхон ҳашарчиларни сийлади. Улар кетгач, аввал ҳайҳотдек ҳовлида мўлачуқдек серрайиб, ноумид тумшайди. Сўнг ошхонага кирди. Қолган ароқни пиёлага тўлдириб, забт билан ичди-ю, хобхона ўртасидаги сим каравотга ўзини отди. Кўкси кўрпачага тегар-тегмас, ўкириб юборди. Атрофида овозини эшитадиган кас йўқлигидан бемалол тортиб, тонггача ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади…
Қолоқ бўлим тезда етакчи хўжаликка айланди. Вилоят газетасида Камолхон ҳақида “Улардан ўрнак олинг!” рукни остида ярим саҳифа мақола босилди. Обком секретари катта йиғилишда ёнига чорлаб, “Мана, биз ишни кимлардан ўрганишимиз керак”, деди. Қарабсизки, пахтачиликда Мирзаев услуби жорий этилди. Ҳатто, телевидениеда кўрсатув тайёрланди.
Мухбир сўради: “– Қандай қилиб, юқори ҳосилдорликка эришдингиз?”.
Жавоб: “– Виждонан ишлаш керак!..”
Тамом! Шу билан ундан узил-кесил юз ўгириб, бошқа зарбдорларни излашга тушишди. Негаки, гапидан келиб чиқсак, бутун Иттифоқда ёлғиз Мирзаев чин дилдан, ўзгалар хўжакўрсинга ишлашаётган экан. Энди ўйлаб кўринг, буюк давлатни, кўпмиллатли улуғ халқни виждонсизликда айблаган одамни ким ҳам ҳурмат қиларди, яхшиям қамаб юборишмади…
Камолхон айбини кеч тушунди, тил бесуяк деб, бекорга айтишмаскан, йўқса, туппа-тузук ишлаб юрган чўлқуварга ким қўйибди, виждон ҳақида фалсафа сўқишни. Мухбирни айтмайсизми, шугина жойини кесиб ташласа, ўлармиди? Мана оқибати, ўзини ишдан кетгани камдай, бўлим бошлиғининг ҳам гумини чекди, куни кеча мамлакатда донг таратган зарбдор деҳқон қолоқ бўлимнинг охирги звеносига ишга ўтди. Тўғри, “бошлиқ” лавозимига. Аммо, ҳар қандай хўжаликни гуллатишга қурби етадиган серғайрат кадр айни тоғни урса талқон қиладиган ёшда звено етакчилигига интилмаганди.
Яна тўрт-беш йилдан сўнг Камолхон ўша далада пайкалларни сувлаб юрди. Бу ҳам майли, ичишга муккасидан берилди. Йўқ, чўлқуварлик фаолиятидаги муваф­фа­қият­сизликлариданмас. Роппа-роса ўттизга кирган куни Зуҳрасидан хат келди. Севгилиси гўё, шунчаки, ёзса ҳам, коса тагидаги нимкосани йигит дарҳол сез­ди. Олти ой ўтиб, яна хат олди. Энди Зуҳраси эски ярани тирнаган, гап орасида соғинга­нини қистирганди. Камолхон “жон бермади”. Чунки, жонжўрасининг шармандали “таклифнома”си ҳали ёдидан чиқмаган. Учинчи мартаси чидолмади. Қайдасан Сурхон­­дарё, дея йўлга тушди. Мақсади бевафо маъшуқаси эмас, шамоллаб келиш. Баҳо­нада онасини кўриб қайтади. Аввал ҳам бир-икки яширинча бориб, волидаи муҳтарамасини йўқлаганди.
…Қадрдон диёрига етгач, бирдан Зуҳрани кўргиси келди.
Зуҳра учрашувга олти яшар арзандасини эргаштириб чиқди. Яқин келгач, зўрма-зўраки тиржайиб, амакингга салом бер деди. Бола безрайиб туравергач, хафа бўлмайсиз, отасига тортган ҳунди, деди. Йигит аввалига жувоннинг нега чақиртирганига тушунмади. Бироз ўтиб, ҳаммаси ойдинлашди, Зуҳра ўғлини музқаймоқ ейишга жўнатди. Эркатой пулни олгач, бемалол югургилаб кетди. Камолхон унинг истироҳат боғига илк бор чиқмаётганини дарров фаҳмласа-да, нотўғри фикрга бормади. Айланиб юрган икки олифта хушқомат шеригига маъноли тикилганда ҳам парво қилмади.
Зуҳра тўйдан икки йил ўтар-ўтмас ажралишганини, эри гиёҳванд чиққанини айтиб йиғлади. Умри ёлғизлик азобида ўтаётганидан нолиди. Охири, умрбод Камолхонни севганини, ҳатто ёстиқдоши-ла яшаган дамлари ҳам қалбининг туб-тубидан илк муҳаббатига интилганини сўйлади.
“Ошиқ” атай, эски гапни қўзғади.
– Отаси қарғаган одам сизга тўғри келмайди-ку?..
Аёл нозик кафтларини унинг оғзига тутди. Ишваланиб шивирлади.
– Муҳаббатимиз олдида ҳар қанақанги қарғиш чикора…
Шу пайт бояги безорилар яна ўтишди. Бу гал очиқчасига гап отишди.
– Зуҳрахон, бугун борсак, рози қиласизми?..
Жувон ноқулай аҳволда қолди. Вазиятдан чиқиш учун турли важ-корсонлар тўқиди. Аммо кеч бўлганди, авжи ёшлик даврини бўйдоқ ўтказаётган банда дил чанқоғини қониқтириш йўлларини бемалол излаб топганидай, Камолхон ҳам ойда икки-уч бор Зуҳрага ўхшаган ҳожатманд капалаклар орқали ҳирсини қондиришга ўрганиб кетганди…
Ҳа, йигит бошига тоғ қулаганини сезди. Орияти топталганидан, маҳбубаси нописанд хўрлаганидан ўксинди. Қишлоғини ҳам унутиб, изига қайтди. Азалдан шўрлаган пешонасига шапатилаб, тақдирига лаънатлар ўқиди. Тузукроқ одамни унча-мунча номард оёқости қилолмайди. Уни эса хоҳлаганда йиқитиб, хоҳлаганда овутиб кетиш мумкин экан. Энди додингни кимга айтасан?.. Келиб-келиб, шунақа мунофиқни севганмидинг? Қиблагоҳингдан воз кечишга мажбур айлаган сўқир муҳаббатинг шунчалар қабиҳ чиқдими?..
Шикаста қалб изтиробини фақат ичкилик енгади, ароққа ружу қўйиб, унинг дарди енгиллашди. Нафсонияти топталганини унутди. Шу қадар унутдики, пиёнисталикда ўтган таркидунёчилиги йигирма беш йилларга чўзилди. Чорак асрлик муддат қисматидаги жабру жафолар сабабини узил-кесил аниқлашга ҳам бемалол етиб ортди. Ота дуои бади!.. Эвоҳ, нақадар қора бу қарғиш!..
Бироқ у адашаётганди. “Йўл боши”даги муваффақиятсизликлари, кейинги хўрланишлари, оқибатдаги пиёнисталиги ёлғиз оқпадарлик туфайли эмасди. Камолхоннинг фақат мен ва Тангри таолога аён янада мудҳишроқ тавқи-лаънати бор эди. Бу сирни очишга неча бор шайландим. Юрагим бетламади. Оғамдек инсонни батамом ерпарчин қилишдан қўрқдим.
…Бизни уйғотмай, поезддан тушиб кетгандан кейин Иззатнинг чўнтагидан чиққан қоғоз бўйича унга мактуб битдим. Ой ўтиб, жавоби келди. Келганда ҳам хушхабар, ўқиб роса суюндим. Оғам мусофирликда арзигулик иш топиб, янги ҳаёт бошлаганидан бошим кўкка етди. Шу-шу, ёзишиб турдик. Унинг юқорида айтилган кўргиликларини ҳам ўша номалар орқали билдим.
Камолхон ҳамма қаторидамас, элни олдида юрадиган одам эди. Қора қисмат шўрликни бутунлай адаштирди. Пешонасига шунчалик машъум тамға босдики, сафнинг боши тугул, охиригаям арзимади. Бийдай саҳронинг қоқ ўртасидаги ташландиқ коттежда маст-аласт умргузаронлик қилди. Мен унинг ҳалокатли йўлдалигини аниқ-тиниқ сезсам-да, оғзаки далда беришдан нарига ўтолмадим. Негаки, ўзимнинг аҳволим ҳам беҳроқ эмасди.
Одатдаги кунларнинг бирида хат келди. Ўқисам, олди-қочди гаплар. Мақсад кўнгилни бўшатиш. Жавоб ёзай десам, манзили ўзгараяпти. Нома сўнггида беш-олти ойдан кейин қўнғироқлашинг, деб узундан-узоқ рақам битилган. Чалкаш жумлаларга унча эътибор қилмай, мактубни қоғозларим орасига ташладим. Шу билан ҳаммаси ёдимдан кўтарилди, мен яна ўз ташвишларимга берилдим.
Дунё шундай экан… Негадир, машаққатли йўлни танлабман. Танлаганим шу эдики, мустақил ҳаётим ибтидосида Тошкентга элтган поезднинг умумий вагонидагилар билан қон-қонимгача қоришиб кетгандим. Энди алоҳида яшолмаслигим аниқ, улардан кечсам вужудимнинг бир бўлагидан ажраламан. Хоҳлайманми-йўқми, умумий ташвишлар билан ётиб-туришга мажбурман. Шу боис умримга белгиланган вақт ўзимдан ортмасди.
…Рости, бундайларини ўйламагандим. Қорасочбонунинг қўнғир дипломати ва эски чамадонимни йўқотган кунимнинг эртаси Тошкентга етдим. Худди ўйлаганимдек, пойтахтдаги ҳамқишлоқларимнинг ижарахоналарига қўниб, кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширдим. Бироқ, таҳсил давомида фаол талабалардан бўлсам-да, кўпчиликка қўшилиб кетолмадим, тўрт томонимдан бегоналик чизиғи қуршаб олгандай, доимо ёлғиз қолдим. Кунлар ўтаверди. Ниҳоят, диплом олдим. Ишга жойлашиб, ўз кунимни кўрадиган дамларим келганда, яна адашдим… Шу тариқа, хамиртурушим қорилганда фатволанган қисмат умрим охиригача таъқиб этишини билмай, орзу ва армон ўртасида кезиб юрдим. Зеро, киши ўз замонида туғилмоғи жоиз экан, мен эса мозийдан ташриф буюрган тирик мурда мисоли яшадим. Нега? Бу савол бора-бора ўзлигимни англаш эҳтиёжига айлангач, тушимдами-ўнгимдами, элас-элас гавдаланиб қоладиган воқеликлар моҳиятига тушунишим лозимлигини сездим. Бунинг учун ёдимга тушганларини ёзиб боришим даркор. Қаламни қўлимга олганим заҳоти, хаёлимга олис мозийнинг пайдар-пай хотиротлари тўлиғича қуюлди. Уларни қоғозга тушираётиб, қалбдаги безовталиклар ҳам таскин топаверди. Чунки, айни дамда узуқ-юлуқ тафсилотлар умрим китобига айланаётган, умрим китоби эса ҳаётимнинг узлуксиз ҳамроҳи бўлиб кўринган айрим нохуш саволларга жавоб бераётган, мен мудом талвасадаги руҳимнинг манзилдан-манзилга кўчиб юриш тилсимотига яқинлашаётгандим.

ИККИНЧИ ҚИСМ

“…Уч кунки, буюк хоқон безовта, олисдаги вассал вилоят қўзғолон кўтарган”. Бу хабарга дастлаб у ишонмади. Сабаби, исёнчилар йўлбошчиси ўзининг эски қадрдони. Улар ҳокимият илинжидаги қонли муҳорабаларда баҳамжиҳат от суришган. Барча муаммоларга бамаслаҳат чора топишган.
Аммо бир қинга икки қилич сиғмайди, мамлакатда хонлик тўла ўрнатилгач, Қарғахон жанговар сафдошини чекка вилоятни бошқаришга жўнатди. Талоғут эса ҳокимлик лавозимини аслида сургун эканини дарҳол тушунди…
Ҳозир нохуш хабардан тинчини йўқотган ҳукмдор аламдан тиши ғижирлаб, фаолиятини сарҳисоб этаркан, негадир бу хатоликка кўз юмди, бутун айбни кўрнамак саркардасига ағдарди. Сўнг қўзғолонни бостиришга ўзи борай деса, роппа-роса олти ҳафталик манзилга шарти кетиб, парти қолган даққиюнус вужуди дош беролмаслигини ўйлаб, вазирларию саркардаларини машваратга чорлади. Аҳли уламодан жўяли маслаҳат кутди.
Ўртадаги оғир сукунатни ўнг қўл вазир бузиб, тинчликни сақлаш йўлидаги қалтис фикрларини ўртага ташлади. “Қўзғалган вилоятнинг фойда-зарари баробар. Шу сабабли олис юртга лак-лак лашкар сафарбар этишдан воз кечиб, уруш харажатларидан иқтисод қилинган маблағни мамлакатдаги ободончилик ишларига сарф этган маъқул”.
Ўртага сукунат чўкди. Кутилмаган таклифдан хоқон ўйга толди. Тахтнинг ёнтахтасига тирсакларини тираб, уч-тўрт дақиқа мушоҳадага чўмди. Ниҳоят, томоқ қириб, чап томонига юзланди. Така соқолини озғин панжалари билан тараётган Соғлибой талмовсиради, ҳукмдорнинг айёрлиги ҳеч кимга сир эмас, бундай вазиятларда аввал ўзи аниқ қарорга келади, сўнг ўзгалардан маслаҳат сўрайди. Маъқул гапирганларни мукофотлайди. Номаъқулларни жазолайди. Олдинги чап қўл вазирнинг ҳам боши шундан кетган.
Соғлибой кўз қирида хожасининг тиришган юзларидан керакли ифодани ўқий олмагач, ноилож, айтилган гапларни жўяли топди.
Бош саркарда Элбек нўён вазирларни қўллаб-қувватлади.
Кейинги маслаҳатгўйлар ҳам уларни маъқуллашди. Хон ҳаммани башараси “қилт” этмай эшитди. Кун пешинга яқинлашганда, сўнгги сўзни ўзининг энг ёш сардорига берди. Ўша – мен эдим. Навбатим етгунча, рости, машваратдан осонгина қутулганимдан хурсанд бўла бошловдим. Чунки таваккалчи фикрим тўғрилигини сезсам-да, бошқаларга ўхшамаслигидан ташвишдаман.
Ҳа, ҳозирги даврадошлар ичида энг думбули эканимга қарамай, бир нарсани яхши тушунаман. Давлат сиёсати фақат моддий манфаат билан ўлчанмайди. Баъзида ўз нуфузини ошириш учун улуғ мамлакатлар камбағал вассалларини ҳам боқишлари лозим. Қолаверса, бугунги исёнчиларни вақтида жазоламасак, эртага бошқалари бош кўтармайди, деб ким кафолат беради?..
Турибоқ ушбу фикрларни баён этишим мумкин эди-ю, мажлисда ёлғизланиб қолишим эҳтимоли борлигидан иккиландим. Ахир куни кеча жанг майдонига кирган йигит ўлим дарёларида бехато сузган ажал ғаввосларидан устун бўптими? Кейин ҳукмдорнинг қандай қарорга келганиям номаълум. Шуларни ўйларканман, бор-йўғи, ўн тўққиз ёшимда жаллод кундасига бош қўйишдан чўчиб, олампаноҳга илтижоли термилдим. Хон хайрихоҳ тикилиб, оталарча далда берди.
– Гапиравер, ўғлон, гапиравер… Фақат дилингдагини гапир…
Улуғ машваратларда илк бор қатнашаётганимдан хижолатда, тутила-тутила, сўзлай кетдим. Нутқим охирида эса ҳақлигимга ишончим орта бориб, айрим фикр­ларимни беихтиёр, икки-уч мартадан таъкидлаб юбордим.
Ўртага асрларга тенг сукунат чўкди. Гарчи айни дамда асаб торларим бирма-бир узилаётса-да, бу жимжитликни янада узоқроқ чўзилишини истаб қолдим. Чунки у туфайли ҳозир кимларнингдир умр йўллари ҳам узаяётганди.
Хоқон ҳаммани залворли назаридан ўтказиб, охирида менга юзланди. Сўнг ўрнидан турди. Аъёнлар ҳам гурра қўзғалишди. У фавқулодда талотўпларга эътибор бермай, тўғрига юрди. Важоҳатидан оёғим қалтираб, ўтириб қолдим. Кейин апил-тапил қад ростладим, ёнимга келган жондорга тик боқишдан қўрқиб, нигоҳимни яширдим. Унинг ёпишқоқ, озғин қўллари иягимдан ушлаб, ўзига қаратди. Бемажол назар ташладим. Менга тикилган сарғиш кўзлар совуқ йилтиради.
“Ажали етган шундай жон берса керак…”
Қарғахон тахтга ўтирганидан бери бирор маҳрамини ёнига яқинлаштирган эмас. Ҳозир ўзи олдимга келди, ахир, жаллодни ўтирган жойидан чорласа ҳам бўлаверарди…
Қалбимнинг туб-тубида нажот учқунлари милтиради. Фикрларим маъқул келганидан умидвор бўлдим…
Адашмабман, ушбу кенгашдан кейин буюк хоқон энг ёш саркардасини улуғ амир рутбасига кўтарди, қўшиннинг ихтиёрини унга топширди. Исёнчиларни ўз ҳолига қолдиришни таклиф этганларни дорга торттирди. Ҳар қандай буюк салтанат калтабин арбоблар туфайли инқирозга юз тутишини яхши биларди у.
Мен қўшинга дарҳол йўл тадоригини кўришни амр этдим.
Қўшин роппа-роса олти ҳафталик сафарга тайёрланди. Ҳар бир жангчининг етовида тўрттадан от. Иккитасига бир ярим ойга етарли егуликлари юкланган, қолганлари навбатма-навбат алмашиб, эгасини манзилига элтиши лозим.
От устида овқатландик. Оёғимиз ерга тегмай, чарчаган арғумоқларимизни бардамроғига алмаштирдик. Жониворларимиз ҳам илдам йўртиш давомида бўйинларига осилган емтўрвадан озиқланишди. Фақат ҳар замонда сардобалар ёнида чанқоғимизни қондириш учунгина тин олардик, холос.
Мен қаро терга ботган бедовимни беаёв қамчилаб олға интиларканман буюк хоқоннинг қасос найзасига айланаётганимдан фахрланар, шу туйғу тўхтамай от суришга, зиммамдаги вазифани мукаммал бажариб, музаффар қайтишга ундарди. Гоҳ-гоҳ чарчаган тулпоримни бошқасига алмаштирар, лекин икки-уч соатда кўнглим тўлмай, яна ўзига қайтардим. Елиб учаётган жониворимнинг тиртилган бурун кавакларидан ўқтин-ўқтин олов пуркаларди. Олд оёқларини қўлтиғига туташтирган балиқ сузғичисимон митти қанотлар унинг асл дулдул зотидан нишона.
Миям бўлғуси уруш таассуротларидан чарчаганда, тенгсиз сафардошим борлигидан ғурурланиб, ширин хаёлларга берилардим. Оллоҳдан пешонамга ярашиқли умр йўлдоши ҳам тилардим. Зеро, енгилмас қўшин, учқур тулпор, садоқатли маҳбубаси бўлган саркарда буюк саркардадир.
…Ҳафтада бир кун дам олардик.
Бора-бора, баданимизни кир босиб, соч-соқолимиз битлади. Юз-кўзимизга урилган чанг терга қоришиб, лойли ниқобга айланди, бижғиган танимизнинг сассиғига ҳатто ўзимиз чидолмайдиган аҳволга келдик. Бироқ, мен ювинишга кетадиган вақтни қизғаниб, тинмай манзил ошдим. Чунки, кечикканимиз сари исёнчилар кучайиб, хайрихоҳлари кўпаяди. Буни билганга ҳар лаҳза ғанимат.
Кўнглимдагиларни навкарларимга тушунтирдим. Улар бошда янги сардорни менсишмади. Руҳиятимдаги буюк жангчиларга хос жасорат ва шитобни кўргач, адашганларини сезишди. Ёш қўмондонга ўзларига ишонгандек ихлос қўйишди. Буйруқларимни кўр-кўрона бажаришга ўрганишди.
Беш қўл баробар эмас, айримлари устимдан кулди. Мен ҳам бўш келмадим. Бундайларни йўл-йўлакай, от устида қатл эттирдим. Кўп ўтмай ҳаммаси изига тушди. Энди ишонган-ишонмаган, баб-баравар ортимдан эргашди. Атиги олти ҳафта ичида жангчиларим назарида ҳақиқий саркардага айландим.
…Манзилга ўн фарсаҳ етмай тўхтадик. Атрофга соқчиларни жойлаштиргач, хос навкарларимдан элликтасини исёнчилар уясига жўнатдим. Вазифалари – обдан кузатиб, паст-баландни аниқлаш, қўзғолончилар кайфиятини ўрганиш.
Улар қайтгунча бошқалар ҳам тинч ўтиришмади, беш-олти соат дам олган издиҳомни машққа буюрдим, бўшашишларига йўл қўймадим. Чўмилишни тақиқладим. Чунки қўланса рақибдан киши жирканади, ғазабланади. Ноўрин ғазаб эса муқаррар мағлубият гаровидир.
Индинига жосусларим қайтишди. Уларнинг айтишича, қалъадаги оми халқ йўлбошчиларидан рози эмас. Негаки, ҳокимлик даврида Талоғут улусни кўп қийнаган, қақшатган. Энди озодлик ҳақида нақадар оғиз кўпиртирмасин, унга одамлар эргашмайди.
Тунда йўлга отландик. Тонггача қалъада бўлдик. Эрталаб уйқудан уйғонган исёнчилар чор-теваракларини ўраган лак-лак аскардан саросимага тушдилар. Мен элчи жўнатдим. Дарвозани ихтиёрий равишда очишса, қўшинни шаҳарга киритмасликка ваъда бердим. Фақат йўлбошчинигина хоқонга топширишимни айтдим.
Элчиларим рад жавобни етказишди. Биламан, бу бузғунчиларнинг хоҳиш-иродаси, оми халқнинг айби йўқ. От солишга буюрдим. Қалъанинг осмонўпар тўсиқларидан ўтиш осонмас, қайта-қайта ҳужум уюштирсак-да, ов бароридан келмади, не-не навкарлар баланд деворлар тагида бевақт ўлим топди. Ноилож, ёшуллиларни машваратга тўпладим. Тонггача чўзилган мунозарада қўрғонни қамал ҳолатида сақлашга келишдик. Озиқ-овқати тугаган улус бир кунмас бир кун тавба қилиши аниқ. Бироқ, кунлар ўтгани сайин музаффарона орзуларим саробга айланаверди. Қўрғон аҳли қамалга пухта тайёрланганга ўхшайди, дарвозани очишларини кутсам, бегона юртларда йиллаб қолиб кетаман.
Ноилож энг тадбиркор маслаҳатгўйларни йиғиб, мадад сўрадим. Улар чора излаб, тарқалишди. Уч кундан сўнг жангчиларимдан баттар кирга ботган ака-сингилни олиб келишди. Қизни аёллар ўтовига жўнатиб, йигитни ҳузуримга чорладим. Сарой каптарбози экан, уруш бошланишидан сал олдин синглисини олиб қочибди. Сабаби, Талоғутнинг хотинбозлиги, ҳар ойда бир бокиранинг номусига тегишга ўрганган ишратпараст ҳоким хизматкорининг ҳамширасига ҳам кўз олайтирган, улар эса қочиб, шаҳар ташқарисидаги қишлоқларда яширинишга мажбур бўлишган…
Киприкларини пирпиратиб гапириши кишида ғайриихтиёрий хайрихоҳлик уйғотувчи бу йигитнинг айтишича, Талоғут қамалга роса тайёрланган, уч-тўрт йиллик озиқ-овқатини ғамлаган. Боз устига, исёнчилар рақибларининг барча хатти-ҳарактларидан огоҳ, махсус жосуслар ташқаридаги аҳвол ҳақида нома битиб, каптарлар орқали қалъага йўллашаркан.
Бирдан калламга ажойиб фикр келди. Ўз услубларидан фойдалансак-чи?..
Каптарбоз ёрдам беришга онт ичди. Зудликда қўшни қишлоқдан номакаш қушлар солинган қафасларни топиб келтиришди. Тунда уларнинг оёқларига қатронга ийдирилган бир қулочдан ип боғлаб, ёқиб юбордик. Сўнг бараварига қўйвордик. Осмони фалакка кўтарилган минг-минг каптар ўрганган маконига интилди. Улар қалъа марказига етгунча ермойига тўйинган чилвирлар тўлиқ ёниб, юлдузлар мисоли уча бошлади. Текин томошадан завқланган исёнчилар гап нимадалигини тушунишганда, атрофда ўт олмаган икки қарич ҳам ер қолмаганди. Оломон қай бирини ўчиришни билмай, зир югурди…
Қалъа аҳолиси ёнғин билан овора экан, кўзлари қизариб, ваҳшийлашган сарбозларим ҳужумга ўтишди. Ортиқча қаршиликсиз девор ошиб, дарвозаларни очишди. Мен бепоён алангалардан кундек ёришган мағлуб қўрғонга қора тулпоримда кириб бордим. Қўшин уч кун халқни талади. Гуноҳкор-гуноҳсизни баб-баравар қирғин қилди. Кўпчилик уйларидан чиқишга улгурмай, жизғанакка айланди. Оғилхона ва қўралардаги тамбаланган молларгача ёниб битди. Куйган эт ҳиди ана шундан димоғимга муҳрланган…
Ниҳоят, мукофот онлари яқинлашди. Далада дошқозонлар осилиб, қўйлар сўйилди. Етти кечаю, етти кундуз тўй бердим. Қалъа истилосига кўмаклашган каптарбоз халқига омонлик сўради. Ўтинчини рад этолмадим. Илло, мададкорим улуснинг қарғишига учраганди.
У кундан-кунга мунғайиб, борлиғимни хижолат ва қарздорлик ҳисси қоплади. Охири, балки, кўриб чиройи очилар, деган ниятда синглисини келтиришни буюрдим. Шунда ҳаётимни остин-устун этиб, уқубатларимни минг йилларга узайтирган асосий ҳодиса рўй берди. Ногаҳон, аёллар етовида кирган ажиб ҳурлиқодан кўзларим қамашди. Энагалар парваришида тиниқиб, ўзига келган қизалоқ гулобга чўмилтирилгач, шаҳзодалар орзусидаги паризодга айланганди. Пешонасига сочилган кокили, бодомқовоқ рухсори, тақимида тўлғанган икки ўрим йўғон сочи тўсатдан хаёлимни ўғирлади. Айниқса, ерга тикилиб, оҳиста энтикиши адойи тамом қилди. Энди кўкрагимда гурлаган инжа ҳиссиётларни жиловлай олмаслигимни англаб, ёлғиз қолдиришларини буюрдим. Ниятимдан огоҳ қиз бетоқатланиб, атрофга кўз ташлай кетди. Исмини сўровдим, қимтина-қимтина шивирлади.
– Ҳувайдо!..
– Ҳувайдо?..
Мен дудуқландим. Дунёдаги энг буюк қўшиннинг саркардаси ўн олти яшар нозикойим олдида шундай аянчли аҳволга тушишини ким ўйлабди?..
– Ҳирсини куч билан қондириш ҳайвоннинг-да қўлидан келади…
Ҳувайдонинг истиҳолада титраб-қақшаб пичирлаган жумласи ёмон зарба берди. Аввал ғазабландим, сўнг арзирли сабаб йўқлигидан жаҳлимни тийдим. Дарвоқе, бундан ортиқ назокатли аёлни тополмаслигим аниқ. Боз устига, бу – исёнчиларни бостириш мақсадида от сураётиб, йўл-йўлакай Оллоҳдан тилаган маликам бўлса-чи? Шундай экан, нега ҳайвоний ҳирс йўлида мурғак чечакни кунпаякун қилай? Ундан кўра, ҳар қандай ардоққа арзийдиган ғунчанинг умр йўлдошимга айлангани маъқул эмасми? Ахир, токайгача бўйдоқ юраман?..
Шомга яқин ўтовим шоҳона безатилди. Ёшулли саркардаларим қўналғам тўридан жой эгаллашди. Даврага каптарбозни ҳам чорладим. Шу куни акаси гувоҳлигида никоҳ ўқилиб, Ҳувайдо менга хотин бўлди.
Қайтиш онлари маҳбубам “бошқа учрашмаймиз, кўнглим сезаяпти”, дея эзилди. Мен бисотимдаги энг тотли сўзларни айтиб, юпатмоққа тутиндим. Тезда ҳукмдорнинг розилиги ила уни Ватанимга олиб кетишимни айтдим…
Ҳувайдо йиғлай-йиғлай хайрлашди. Кейин менга тамға босинг, бошим очиқ эмаслигини ҳамма кўрсин, Қарғахон лашкарбошисининг хасми-ҳалоли эканимга ишонсин, деб ёлборди. Аммо, менинг тамғам йўқ, бу ҳақда ҳалича ўйламаганман. Андак мушоҳада қилиб, чорасини топдим. Пойимдаги гулханга қилич тиқдим. Ўн дақиқада дамашқий пўлат қизарди. Ҳароратидан хавотирланиб иккилангандим, у “қўрқманг, ортиқроқ азобларга чидашгаям розиман, фақат сизни омон кўрсам бас!”, деди. Чўққа айланган шамшир учини ожизанинг ўнг кафтига босдим. Яна димоғимга жизғанак эт ҳиди урилди. Хотиним, кафтида гуручнинг донасидек асорат қолса-да, бўйнимга осилиб, шивирлади. “Ташаккур, саркардам! Сизга содиқ қолишга шу муҳрингиз ила қасам ичаман. Ой бориб, омон қайтинг!..”
Сўнг тулпорим жиловидан тутиб етакларкан, қўшиб қўйди.
– Қайтишингизни икки киши бўлиб кутамиз, сизга марду майдон фарзанд туғиб бераман!
…Қалъага каптарбозни ҳокимликка тайинладим. Маслаҳатчи сифатида бир ёшулли саркардамни ва икки юз нафар сарбозимни қолдирдим.
Йўлга тушганимизнинг учинчи куни кўнглимга мавҳум ғашлик оралади. Сабабини билмадиму, Ҳувайдони қайта кўрмайдигандайман. Аммо, бўлажак ўғлоним ҳақидаги зафарёр ўйлардан хижил кўнглим таскин топди…”

* * *

Айни саҳифалардан сўнг илҳомимга илҳом қўшилди. Энди ёлғиз ўзимнинг кимлигимни англаш учунгина эмас, балки ботиний ҳаётим тафсилотларидан иборат умрим китобини тезроқ ёзиш учун кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, ижодга берилдим. На куннинг, на туннинг фарқига бормай қўйдим. Бироқ шу ерда яна бошим деворга тегди, онам айтганидек, гул вақтида очиларкан. Мен эса, айни яшнайдиган давримни қоғоз-қаламга бой берибман. Даставвал буни сезмадим. Бир куни навбатдаги қораламаларни ўқитмоққа адабиётчи дўстимнинг кулбасига отланаётиб, соқол-мўйловимни қиртишлаш мақсадида ойнага боқдим-у, учиб тушдим. Пешонамдан менга юз-кўзини ажин босган, ўрта яшар одам тикилди. Шундагина орзуларим сари элтгувчи сеҳрли поездга миниб, Қорасочбонунинг дипломати ва эски чамадонимни йўқотганимдан бери йигирма йил ўтганини сезиб қолдим. Сездим-у, хўрлигим келиб, ўкириб юбордим. Қарийб чорак асрлик умримни бекор ўтказганимдан ўксиб, тўйиб-тўйиб йиғладим…
Қуруқ оҳ-воҳдан не фойда, кеч бўлсаям, хатоларини тузатган ютади. Розилигимни айтдим. Қидира-қидира, чекка қишлоқдан камсуқум бир қизни топишди. Меҳрибон волидам топган келинини алқай-алқай, тўйни бошлади. Чоғроққина базм уюштирдик. Гўшангага кирган куним ҳозиргидек ёдимда. Янгалик қилаётган қўшни жувоннинг қистовида чимилдиқ ҳатладим. Толеимдан айланайки, насибам онам айтганидек, гўзал ва фаросатли чиқди.
Осойиш ҳаётим бошланди. Аммо, биринчи муҳаббатни унутиб бўлмаскан. Мен хаёлимда бот-бот жонланадиган Қорасочбонунинг сийратини назаримдан ҳайдолмаган кезларим бизни вокзалда учраштирган ўша кунни қарғардим-у, бошқа таскин тополмай, аламимни қоғозга тўкардим…
Ниҳоят, орзуларим ушалди. Китобимнинг сўнгги сатрларини ёзиб тугатгач, Тошкентга жўнадим. Ҳаёт-мамотим солинган папкани қучоқлаганча, умумий вагоннинг тахта ўриндиғидан жой эгаллаб, пинакка кетдим. Фароғат онлари кўп чўзилмади. Қулоғим тагида ёқимли оҳанг жаранглади. Кўзимни ишқалаб, мусиқа таралаётган тарафга назар ташласам, соқол-мўйлови роса қиртишланган, оппоқ сочи елка баравар кимса дутор чалиб, нола қилмоқда. Танидим, эски қадрдоним. Айни дамда, ҳануз қариликни бўйнига олмаган олифта дўстим билан учрашишни кутмагандим. Бунда тақдиримга алоқадор сир бордай туюлди. Шу боис унинг умр дафтарига назар ташламоқ учун кўзимни юмдим. Наздимда ота-она меҳридан мосуво болалик гавдаланди…

* * *

Иззат етимлигига қарамай, тиришқоқ бўлиб ўсди. Ҳарфни танибоқ, китоб мутолаасига берилди. Болани боқиб олган бефарзанд эр-хотин уни баҳоли қудрат тарбиялади. Яхши-ёмон ичида озода кийинтириб, нонга зориқтирмади.
Мактабни аълога битиргач, чол-кампир оғилдаги яккаю ягона ғунажинни сотиб, асрандини Тошкентга жўнатишди. Асранди ҳам ишончни оқлади. Университетнинг фалсафа бўлимига ўқишга кирди. Кўп ўтмай, табиатидаги беқарорлик сабабми, барчасидан кўнгли совиди. Поездларда вагонма-вагон санқиб, кун кечиришга тушди. Йўқ, безорилик қилмади, касби – гитара чалиб, қўшиқ айтиш. Ўқиш тугар маҳали оиласига қайтди. Диплом ўрнига елкасига ғалати соз осиб келган ўғилдан ота-онанинг ҳафсаласи пишса-да, билса балиқ, билмаса Холиқ дея, уйлантириб қўйишди.
Қарияларнинг вафотидан кейин оила барбод бўлди, Иззат негадир вагонма-вагон санқиган дамларини қўмсай бошлади, ҳафталаб уйга келмайдиган одат чиқарди. Хотини ўйнаш орттирди. Воқеалардан хабар топган Иззат пайт пойлаб, хотинини ҳам, унинг ўйнашини ҳам сўйиб ташлади.
У турмада турли концерт ва маданий кечалар уюштириб юрди. Олти йил деганда, яхши хулқи туфайли амнистияга тушди. Озодликка чиққач, аввало ўн икки яшар ўғлини бориб кўрди. Фарзанди отани эслади, аммо хушламади. Ота уни қарамоғига олишга қўрқди. Бир куни меҳрибонини нега ўлдирганини сўраб қолса, қандай жавоб беради? Онанг бузуқ эди, дейдими? Яхшиси, бу ердан узоқроқ юради. Аммо яккаю ёлғизини тақдир измига шундоқ ташлаб кетавериш ҳам виждонига тўғри келмайди… Ўйлай-ўйлай, чорасини топди, қамоқдалигида боласига қараган савобталаб ҳамсояси билан гаплашди. Бола вояга етгунча ҳовли сизники, ўзингиз боқиб, тарбияланг, мени сўраса, бегуноҳлигимни айтинг, деди. Ҳар ойда пул жўнатиб турди. Овози дўриллаб қолгач, ҳамсоя йигитни ўзининг ойдек қизига уйлантирди. Сих ҳам куймади, кабоб ҳам…
Ҳозир у данғиллама ҳовлида гулдек хотини, беш фарзанди билан тинч-тотув яшамоқда. Иззат ҳар замон-ҳар замонда невараларидан хабар олгани боради. Икки-уч кеча ётиб, ҳалигача хушламайдиган ўғлига термила-термила, қадрдон вагонига қайтади.
Иззат қачонлардир университетнинг фалсафа кафедрасида ўқиганлигига қарамай, ҳаёт ҳақиқатни тушунишга ярим умрини сарфлади. Эҳтимол, “Ҳаёт йўлини” алоҳида меҳр билан, кўзларидан милдир-милдир ёш томиб, куйлашига ҳам сабаб шудир. Зеро, қўшиқда ким овчи-ю, ким ўлжа эканлиги номаълум, қочаётганнинг ҳам, қуваётганнинг ҳам умиди ёлғиз ҳаёт йўлидан!
“…Қуймичлари ялтираб, қуйруғига жир битган оҳу олға интиларкан, изидаги йиртқичнинг дарду ҳолини тушунишни истамасди. Агар тушунганда, ҳозир таққа тўхтаб, ўзини қаттол жондорга топширган бўларди.
Охирги қувватини йиғиб олдинга йўртиши баробарида она қоплоннинг кўз ўнгидан куни кеча очликдан нобуд бўлган, айни пайтда, юз-кўзини қумурсқа босиб, уя четида тиришган икки норасидаси ўтди. Ҳозирги ўлжасини қўлдан чиқарса, қолганларининг бошига ҳам шу кун тушади. Унинг сариқ кўзларидан тарғил жағи томон оқаётган сидирға ёшлари сўнгги умидларининг эриб сувга айланган қолдиқларидир…”
* * *

Юракларни ўртовчи мусиқа тугади. Созанда чуқур тин олди. Кейин кўзини очди. Мен томон бурилиб, узр сўрагандек бош ирғади ва ёнидаги ўспиринга таъкидлади.
– Бу – ҳаёт қўшиғи!..
Биз учрашган чорак аср бурунги кунлар ёдимга тушди.
Гарчи, ўшанда талаба, “Бу – ҳаёт йўли!..” деса-да, мен барибир ҳар икки жумлада ягона маънони туйдим. Чунки шафқатсиз йиллар обод ҳаёт йўлини мунгли қўшиққа айлантиришга улгурганди. Ўша йўл бошида биз бутунлай бошқача эдик. Учаламизнинг ҳам олам-олам орзуларимиз бор эди. Энди эса йўқликка маҳкум ҳолда, охирги хасга тирмашгандек, даста-даста қоғозларни бағримга босиб турарканман, беихтиёр Камолхонни эсладим. Дўст ҳам шундай бўладими ахир, сўнгги мактубини олганимдан буён неча ариқ сувлар оқди. Мен жавоб ёзмадим. Икки энлик қоғозни қоралаш шунчалар қийинмиди?..
Шу кетишда яна кўп нарсаларни ўйлашим мумкин эди-ю, фикрларимни дафъатан қаватимга чўккан қария алғов-далғов этди. Тўғриси, у ҳеч кимга халақит бермади, индамай келиб, бўш жойга ўтирди, холос. Аввалига парво қилмадим. Ҳатто, қайрилиб қарашга эриндим. Лекин, икки сония ўтар-ўтмас, димоғимга бадбўй ҳид урилди. Бошим айланди. Нигоҳим қоронғилашиб, кўнглим лоҳас тортди.
Жойимни ўзгартирмоқчийдим, Иззат чўзилиб, қулоғимга шивирлади.
– Бу – Бакир пиён…
Бепарво жумла таҳликали кўнглимга таскин берсаям, сал аввал пайдо бўлган хижилликни батамом йўқота олмади. Ич-ичимдан ҳамдардлик ҳисси уйғонди. Сўнг тўсатдан рўй берган ғалати воқеа барчани сергаклантирди. Пиёниста, энди уйқу элита бошловдики, ўрнидан сакраб туриб, ҳе йўқ, бе йўқ, жонҳолатда ҳайқирди.
– Ҳеч бўлмаса, икки соатгина тинч қўй! Шунчалар ҳам тошбағирмисан?..
Бу аччиқ нидода кўпчиликка мавҳум сўнгги пушаймон аламлари мужассам.

* * *

Димоғимга куйган эт ҳиди урилиб, сесканиб кетдим. Кўзимни очганимда, жон ҳолатда типирчилаётган Бакир пиён кўйлагини ечиб, тутаётган баданини елпишга тушганди. Биров ёрдам берай, демайди. Ҳамма бурнини жийириб, ўзини четга тортган. Фақат Иззатгина хиргойисига машғул. Мен фавқулодда ҳолатларга чидолмадим. Кўнгли бўш одамман, йўқса, келиб-келиб, гўдаклик муҳаббатимга ўт қўйган қотилга хайрихоҳ бўлармидим?
Яна сал қолсам, олис мозийдаги ўн тўққиз яшар саркарданинг куйган гўшт ҳидига боғлиқ мудҳиш хотиралари қўзғалишидан хавотирланиб, ўрнимдан турдим. Бошқаларга сездирмай, тамбурга йўналдим. Амал-тақал етиб, эшикни очдим. Вагонни олам-олам тоза ҳаво тўлдирди. Ичкаридаги бадбўй ҳидлар салқин елвизакка аралашиб, ташқарига отилди. Беш дақиқаларда батамом ўзимга келсам-да, эшик ёнбошидаги дастаклардан маҳкам ушлаб, кўкрагимни ғоз тутганча, туравердим. Бу ҳам енгил нафас олишимга ёрдам берди, ҳам томирларимдаги қонни юриштириб юборди. Шу алфозда кетаверардим-у, диққатимни ортимдан эшитилган садо бўлди.
– Иним, менга ҳам озроқ ҳаво бер, қийналиб кетдим…
Бакир пиён… Қарамасликка уриниб, ортга тисландим. Сал аввал қалбимда туғён урган ғалаёнларнинг қай томонига ён босишни билмай, шалвираганча келиб, жойим­га ўтирдим.
Иззат қўшиғини тугатди. Чуқур тин олиб, менга юзланди.
– Тез қайтдингиз?..
– Тоза ҳаводан нафас олдим…
– Суйган бандасига Оллоҳнинг ўзи раҳнамо…
Суҳбатимизга учинчи киши аралашди.
– Анави алкашга ким эшикни очиб берди?..
Гап нимадалигини тушуниб, ўрнимдан сапчиб турдим. Шу суръатда Бакир пиённи қутқаришга отилмоқчийдим, ўша кимса йўлимни тўсди.
– Кеч бўлди…
Оёқларимдан мадор кетди. Шум хабарни етказган одам – йўғон бўйни нақ қулоқлари остидан елкасига туташган чийиллоқ овозли проводник қўлимдан ушлашга улгурмади, ўтириб қолдим. Агарда жонимга Иззат оро кирмаганда, кимнингдир ўлими учун айбдорлик ҳисси руҳиятимни умрбод тарк этмасди…
– Бакир пиён манзилида қолди!..
“Хайрият!..”
…Сизларни билмадим-у, аммо мен ҳозир қисмат аталмиш ёзуқларнинг мавжудлигига яна бир карра шоҳид бўлган, ўзим истамаган ҳолда, гўдаклик қасамимни бажариб, Садоқатимнинг қотилига нариги дунё эшикларини очиб юборгандим. Балки бу Оллоҳнинг иродасидир. Ахир Бакир пиённинг ёнимга келишини билмаганим ҳақиқат-ку! Қолаверса, уни ҳувиллаган тамбурда қолдираётганда, дафъатан пастга қулашини ҳам ўйламаганман. Шундай экан, қандайдир пиёнистанинг тасодифий қазоси учун виждон азобида қийналишим шартми?..

* * *

…Мени Қарғахон нохуш қарши олди. Кутишга чиққан аҳли уламо орқали шаҳристонга ёлғиз киришим буюрилди. Бундай буйруқнинг ўлим ҳукмига тенглигини ич-ичимдан ҳис қилсам-да, айтишга арзигулик айбим йўқлигидан хотиржам тортдим. Шу боис ҳукмдорнинг тушунарсиз фармонини навбатдаги инжиқликка йўйиб, ўрдага отландим. Дарвоза олдида саккиз нафар хос соқчи пешвоз чиқди, сарой бўсағасигача қуршовда бордим. Сўнг бошқа навкарлар ихтиёрига ўтдим. Гуруҳ ўнбошиси яқинда жорий этилган қонун-қоидаларни рўкач қилиб, қуролларимни топширишимни сўради. Хавфсирашаётганларини сездим. Бироқ, қарши гапиролмадим. Негаки, орқага элтадиган йўллар тақа-тақ бекилганди.
Саройдаги қисқа сўроқ мавзуга аниқлик киритмади. Берилаётган саволлар тагидаги ғаразли ниятни дарҳол англадим. Аммо кеч англадим, саркардасига мутаассибларча эргашган черик ташқарида бехавотир дам оларкан, ҳукмдор менинг қатлимга имзо чекди.
Мен ғолибона сафарим давомида айрим хатоларга йўл қўйгандим. Улардан кечирилмаси Ҳувайдога уйланишим экан. Ҳа, Талоғутнинг ақлини шоширган гўзалнинг овозаси яшин тезлигида чор-атрофга тарқаган, сарой жупгарчилари тўй хабарини элдан бурун юртимга етказган ва хоқон буни ўзбошимчаликка йўйганди. Тўғри, жанглардан тушган асосий ўлжа подшоники. Аммо мен Ҳувайдони ўлжа, деб ҳисобламаганман…
Жума куни пешин намози ўқилгач, мени қатл этишди…
Кундага элтишаётганда, ғалати синоатнинг гувоҳи бўлдим, қулоғим остида таниш хитоб янгради, сизга марду майдон фарзанд туғиб бераман, саркардам!
Атрофга аланглаб, ҳеч кимни кўрмасам ҳам кўнглим осойиш топди. Чунки хотиним онтига содиқ, менинг ўғлим ҳукмдор бўлади, жаҳонгир бўлади.
…Шаҳристон марказидаги майдонга жуфт кунда қўйилган. Тушунмадим, даҳшатли азобни бирга тортадиган шеригим қайси бадбахт бўлди? Кўп ўтмай, ҳаммаси равшанлашди, иккинчи кундага мағлуб Талоғутни келтиришди…
У истеҳзоли жилмайди. Нигоҳимни олиб қочдим, тўғриси, ҳозир жангда мен эмас, исёнкор қалъа ҳокими ғолиб чиққанига амин эдим.
Мана, узун сочларимни юқорига қатлаб, бўғзимни яланғочлашди. Иккимиз ҳам бошимизни кундага қия қўйганимиздан беихтиёр, бир-биримизга юзланиб қолдик. Кўтарилган ойболталар қуёшнинг заррин нурларида бирваракайига жилоланди. Очиқ кетмасин дедим шекилли, охирги дамда кўзларимни юмдим. Ўшанда ҳам Талоғутнинг мендан нигоҳ узмаганини илғашга улгурдим. Тамом! Оний лаҳзада бўйним жазиллади, баданимга даҳшатли санчиқ югурди. Сўнг негадир, оёқларимни чўзишга уриниб типирчиладим. Тинка-мадорим борлиғимни тарк этаркан, ногаҳон, жуссасидан нарироқда тупроққа қоришган ташландиқ калламда ҳаётбахш фикр уйғонди. Ўша фикр туфайли қачонлардир ўғлим олажак интиқом роҳатини туйдим. Кутилмаган қониқув руҳиятимга далда берди, яшашга иштиёқим жонланди. Дарҳол вужудимдан кетаётган дармонимни тизгинлаб, ҳушимга келдим. Кейин қўлларимни олға чўзганча беҳол судралиб, ниманидир қидирдим. Ниҳоят, икки қадам нарига думалаган калламни топдим. Уни авайлаб, фавворадек қон отаётган елкамга қўндирдим.
Кўзларим элас-элас ёруғликни илғай бошлади. Даставвал ойболталарини артиб чекинаётган жаллодларни, сўнг ёнимда чўзилган чўлтоқ Талоғутни-ю, нарироқда шашқатор ёшини артиб, тарқалаётган оломонни кўрдим. Шунда бевақт қатлим сабабчиси Ҳувайдо эмаслигини англаб қолдим. Мен улуғ амир рутбасига эришганимдан буён ўтган қисқа вақт ичида ҳам қўшиннинг, ҳам улуснинг ҳурматини қозониб улгургандим. Табиийки, бундан чўчиган хоқон ёш рақибини йўқотиш пайига тушган…
Ўрнимдан турдим. Ҳеч ким эътибор бермаяпти. Гандираклаганча, олисдаги азим чинор панасига йўналдим. Ўша ерда тин олаётиб, баногоҳ, қалбимдан нимадир ажралиб чиқаётганини сезиб қолдим. Ва кўрганимдан ақлим шошди, не ажабки, менинг сийратим иккига бўлинаётганди. Бири шу ондан эътиборан музаффарона юришларимга қарши бош кўтарган ватанпарварга айланган эса, иккинчиси шафқатсиз истилоларини давом эттириш ниятидаги ёвуз фотиҳ.
Мен иккига ажралган ўзлигимни қайта қовуштириш учун энди минг йиллар давомида макон ва замон чорраҳаларида сарсон-саргардон тентирашимни тушуниб, белим букилди. Индамай ўлиб кетавермаганимга аччиқ пушаймон чекдим. Шунда Талоғутга ҳавасим келди, осонгина жон берди. Очиқ қолган кўзлари ҳамон истеҳзоли боқаётгандир…
Тўсатдан, хотинимни эсладим. Ахир тирик қолишимга сабабчи ўша-ку… Демак, ажалимни истаганларга қасдма-қасд яшашим даркор!.. Энди олдимда икки мақсад туради, биринчиси, қатлдан сўнг вужудини тарк этган ўзлигимга эришиш, иккинчиси, ватанига буюк ўғлон совға қиладиган Ҳувайдони топиш. Шу орзуларимга етишган куним энг армонсиз инсонга айланиб ўлажакман!
…Оқаётган қон туфайли аста-секин мадорим қуриб, ҳушимни йўқотавердим. Эндиги заррача ҳаракат вужудимни батамом қонсизланишга олиб келади. Яхшиси, кутаман, жиндаккина ором аъзойи баданимга қувват бағишлайди.
Узоқ ухладим. Ниҳоят, бир куни кучга иниб, уйғондим. Дастлаб кипригимни кўтаришга эриндим. Бироз хаёл суриб ётдим. Кейин ниманидир узлуксиз тарақлаши бадимга ура бошлади. Беихтиёр, кўзларимни очиб, ўзимни ғалати жойда кўрдим. Кичкина хоначада, тахта катда чўзилганман. Атрофимда беш-олти нафар юз-кўзида номаълум ҳайрат қотган одамлар. Ичларидан Иззатни танигач, фикрим ойдинлашиб, ўзимга келдим.
Поездимиз ҳамон тарақа-туруқлаб, олға интиларди.
Кимдир шимимнинг чўнтагидан дастрўмолни олиб, қўлимга тутқазди. Нима гап­лигини англадим, бўғзимдан сезилар-сезилмас қон сизаётганди. Асоратни яшириш мақсадида рўмолчани босдим. Сўнг ҳеч нима бўлмагандай, қаддимни ростладим. Шу алфоз ўзимга келаётганимда, боядан бери синчков тикилган Иззат илкис сесканиб олди. Ярим аср илгари худди шу вагонда кечган ғалати танишувни ким ҳам унутарди, ахир?
…Иззатнинг илк саволи Камолхон ҳақида бўлди. Билганларимни шошилмай сўйладим. Ҳикоям сўнггида охирги мактубини эсладим, ғалати рақам ҳақида гапирдим. Иззат қизиқиб қолди. Қўнғироқ қилишни таклиф этиб, ёнидан қўл телефонини чиқарди. Сим қоқдик. Аввалига ҳеч ким жавоб бермади. Иккинчи сафар алоқанинг нариги учидан Камолхоннинг аянчли овози эшитилди. Мени таниб, шоша-пиша гапира кетди. Пойинтар-сойинтар жумлаларига қараганда, оғам ҳозир олис манзилларда азоб-уқубатга гирифтор экан. Шу боис йиғлаб-сиқтаб, бузрукворининг олдига боришимни сўради. Ўғлининг ноҳақлиги учун тавалло қилишимни ўтинди!..
Мен ёрдам беришни нақадар хоҳламай, ушбу илтимосни бажаролмасдим. Негаки, фарзандининг бугунги ҳалокати зинҳор-базинҳор Иноятхонга боғлиқ эмасди. Ўғил чексиз азобларга мустаҳиқлиги учун падарини айбласа-да, асл сабаб нимадалигини ёлғиз мен билардим. Дунёда ота-она норозилигидан кўра мудҳишроқ қарғишлар бор. Жумладан, Камолхоннинг кечирилмас гуноҳи – ватанфурушлигида. Ватан яхшига ҳам ёмонга ҳам сотилмайди, беғараз мақсадда босқинчиларга кўмаклашиб, халқини қулга айлантирган каптарбознинг бошқа хоинлардан фарқи йўқ…
Бечорани юпатишга роса уриндим. Суҳбатимиз охирида ёрдам беришимни айтдим. Шу орада унинг овози йироқлашиб, ўрнини машъум чинқириқлар эгаллайверди. Ғайритабиий ҳиссиётлардан баданим музлаб хайрлашарканман, оғамнинг охирги жумласи хотирамга муҳрланди.
– Дийдор қиёматга қолди, иним!..
Тушунмай, яна сим қоқдим, жавоб бўлмади. Иззатнинг маъноли назаридан бу жумбоқни еча олишини сезиб, ўтинчли термилдим. У аввал талмовсиради. Кейин кескин қўл силтаб, қичқириб юборди.
– Камолхон аллақачон бу дунёни тарк этган!..
Не ажабки, биз мўъжизага йўлиққандик. Оддийгина қўл телефони орқали боқий дунё билан боғлангандик. Шунга қарамай, мен ҳозир ҳам, кейин ҳам ушбу илоҳий воқеликни рўёдан бўлакча тасаввур этолмадим, ишонолмадим…
Шу тариқа, Камолхондан бошланган ўйларим бора-бора, ўзимга боғланди. Беихтиёр, бебахт ҳаётимнинг ҳаддан ташқари чўзилиши сабабини изладим. Мавҳум саволлар вужудимни тинмай кемираверди. Ростдан ҳам, нега оддий одамлардек эмасман, нега бошқалар сингари тинчгина ўлиб кетавермайман?.. Нега мозийнинг олис қатларидаги аллақандай кимсалар қобиғида яшашим керак? Бўғзимдаги, юрагимдаги асоратлар суяк сурса, нима қиламан?..
Хотиржам, ҳамма қатори нафас олишимга нима халақит беради? Аввало шу жумбоқни ечишим керак. Бошимни чангаллаб ўйланарканман, кўз олдимдан моғорли мозий сарҳадларини ортда қолдирган даққиюнус умрим ўтаверди ва яхши-ёмон амалларимни сарҳисоб этаётиб, даҳшатли ҳақиқатга йўлиқдим. Менинг ёмон амалларим тош босмоқда. Наҳотки, савобимдан уволим кўпроқ?
…Улуғ амир рутбасини эгаллаган куним таклифим Қарғахонга ёқиб, аксинча кенгаш берганларни қатл эттирганди. Ўнг қўл вазир, Соғлибой, Элбек нўён… Бу рўйхатда яна етти-саккиз бегуноҳнинг исм-шарифи бор. Агарда уларни ёқлаганимда, хоқоннинг қарори ўзгарармиди? Билмадим. Машваратда ёлғиз қолгач, у балки кўпчиликка эргашар, балки эргашмасди. Мен ҳам, эҳтимол, бошқалар қатори дорга тортилардим.
Хўш кейин-чи?.. Саркардаликнинг илк палласидаёқ, муҳорабага чоғландим. Олти ҳафта от суриб, исёнкор қалъани ер билан текисладим. Борлиқ ўт ичида қолди, гуноҳкору бегуноҳ баб-баравар жазоланди…
Азим муҳорабалар, аслида, Оллоҳнинг иродаси туфайли юз беради. Шундай экан, чекаётган азобларимга ўша қонли жанг сабабчи бўлолмайди. Унда тағин қандай гуноҳим бор?
Каптарбознинг она-ватанига қарши чиқишими?.. Йўқ, бу ҳам қийналишимга арзимайди. Ахир, у бизга ўз ихтиёри билан қўшилди-ку…
Кўнглимда уйғонган шу каби шубҳаларнинг қайсисини ёқлашни билмай, гарангсиб турганимда бошимда чақнаган фикр барча муаммоларга ойдинлик киритди, мусибатларим сабабини осонгина тушундим. Қарангки, қарздорлик туфайли сўнгсиз азобларга мустаҳиқ эканман. Бунинг исботи учун Бакир пиён поезддан қулагандан сўнг руҳиятимга кўчган осойишталикни эслашнинг ўзи кифоя. Демак, зиммамдаги мажбуриятларни бажармай, ҳисоб-китобларимни тўғриламай, хотиржам яшолмайман. Наинки, хотиржам яшаш, эл қатори ўлиб кетишга ҳақим йўқ ҳатто!..
Шуларни ўйлаётиб, бирдан инсониятнинг келиш ва кетиш сабабини ҳам англагандек бўлдим. Киши боқийликка ўтишдан аввал Қодир Эгам елкасига юклаган вазифаларини уддалаб, фанонинг синовидан ўтмоғи лозим. Зеро, асл дунёда бандасининг шу амалларига қараб, дўзахий ёхуд жаннатий даражалар белгиланса не ажаб?..
Менинг қарзларим эса анча-мунча. Каптарбознинг гуноҳини зиммамга олишим керак. Қарғахоннинг тақдирини, ўғлимнинг келажагини билишим, ўнг кафтида холи бор аёлимни топишим даркор. Ана шунда дарбадар юрган паллаларим қайта бирлашади. Охирги кунларимни хотиржам ўтказаман. Булар қўлимдан келади, чунки Садоқатимга берган қасамимни билиб-билмай бажарганим – Оллоҳ мен томондалигига ишора.
Кейин туғма белгиларим ҳам бежиз эмас. Ўйинқароқ болаликда ёрилган бош дўппи тагида сезилмай кетади. Душман қиличи қолдирган яранинг ўрни битади. Аммо хоинликнинг асорати абадий. Уни даволашнинг ягона йўли – қасос!.. Буни аввалроқ тушунганимда, ҳозиргача қийналмасдим.
Нимадан бошламоқ лозим?..
Қодирқулнинг хиёнати кечирилмас гуноҳ. Аввало, ўшандан ўч оламан.
Зудлик билан проводникни қидирдим, менга ҳозир йўғон бўйни нақ қулоғи остидан елкасига туташган чийиллоқ кимсадан ўзга нажот йўқ. Тараддудимни сезган Иззат имо қилиб мўлжалимга йўллади. Ўша томон юрдим. Кўп ўтмай, излаганимни топдим. Гапни нимадан бошлашни билмай каловланарканман, у хос хонасига таклиф қилди. Дам олишга бўш жой сўрашимни кутди шекилли, ялтоқланиб термилди. Сазасини ўлдирмадим, киссамдан пул чиқариб, олдига ташладим. Икки пиёла чой ичдим. Қайтимини олмадим. Бундан шодланган проводник илҳоми жўшиб, гурунглаша кетди. Пайт пойлаб, мавзуни муддаога бурдим, қайси шеригига қизиқаётганимни англамади. Қиёфасини тасвирлагач, Қодирбой ҳақида сўраяпсиз, чоғи, деди. Бош ирғадим. У қўлларини жуфтлаб, юзига фотиҳа тортди. Тарвузим қўлтиғимдан тушди. Ахир, хиёнаткорни мен ўлдиришим керак эди-да…
Нега бундай бўлганлигини англаш учун бир лаҳза ўйга чўмдиму, беихтиёр титраб-қақшайвердим, вужудимда талваса бошланди. Оёғимдан мадор кетди. Бошим елкамга қийшайиб, хаёлларим чувалашди…

* * *

…Ўқишни тугатгач, ҳарбий хизматга бориш орзусига тушдим. Мен юксак ниятларда йўлга отландим, аммо, хизматим Россиянинг бепоён ўрмонларида ўтмади. Афғонистонга жўнадим.
Икки юзга яқин аскарни олган улкан самолёт пешинда Кобул аэродромига қўнди. Сафланиб, бегона тупроққа қадам босган онимдаёқ димоғимга ғалати ҳид урилди. Бегона юрт ҳавоси… Ўлим иси келмоқда. Кўпчилик тушкунликка тушди. Мен эса ўзимни йўқотмадим. Азалий жангчилигим туфайли паймонага юзма-юз келишдан ҳайиқмадим, ажал қочганнинг изидан қувади.
Хизматим давомида айтишга арзигулик воқеа содир бўлмади ҳисоб. Яъни, бегона элни босишга отланганларнинг кўргиликларидан ортиғига учрамадим. Қайтар онлари совға-салом харидига яқин-ўртадаги дўконга отландим. Биз – тўрт нафар йигит, қароргоҳдан чиқиб, кичиккина кент рўпарасидаги қўриқлов пунктига келдик. У ердан танк командири билан биргаликда бозорга жўнадик. Танкчига чор-атроф беш қўлдай аён. Шу сабаб, ҳеч ким қурол олмади. Фақат мен, тарки одат – амримаҳол, автоматимни ташламадим. Ҳатто, йўлбошловчи айтсаям, қуролим ёнимда қолди…
Расталарни айланарканмиз, ортимиздан эргашган баланд бўйли мужоҳидга эътибор бердим. Бошига салла ўраган, узун чакмондаги афғон изимиздан барча дўконларга кирди. Ниҳоят, оларимизни олиб, ўрталиққа чиққандик, тўсатдан танкчининг юзи оқариб, елкамдаги қадрдонимга ишора қилди. Тушунарли. Эпчиллик билан аввалдан ўқлаб қўйилган қуролимни қўлга олдим. Энди мўлжалга уришим учун икки сония кифоя. Тўғрилайсолиб, тепкини боссам бас, биттани қулатишимга кафолот бор. Аммо, танкчини нима безовта қилди?.. Мен оҳиста ортимга ўгириларканман, боятдан бери эргашган кимсанинг ридоси кўкраги баравар кўтарилганини сезиб қолдим. Бу – кийим остидан ўқталган автомат стволи. Ҳамма тош қотди. Бутун бозор аҳли бизга термилган. Ғолиб шўравининг тўрт аскари ҳам ожизона титраб, ғойибдан мадад кутмоқда. Биз ҳайкалдек қотиб, бир-биримизга тикилдик. Тилларимиз сукут сақласаям, нигоҳларимиз сўзлашди. Рақибим, тепкини босган тақдирда, мен ҳам ўт очишга улгуришимни тушунганга ўхшади. Ҳар ҳолда, жон ширин, бекорга ўлиб кетишни истамаяпти. Тўсатдан, у бошқа томонга юз бурди. Шунда ғалати чақнаган кўзларини таниб қолдим. Бу ўшанда ўзини шўролар ўлдириб, хотинини зўрлаган, болаларини қиличдан ўтказган босмачи кулбасидаги сўнгги қўрбошининг нигоҳи. Қисмат қайтадан такрорланмоқда. Беихтиёр, рақибим ишора қилган тарафга қайрилдим. Не кўз билан кўрайки, қаршимда яна Қодирқул. Танкчилар кийимидаги оғам аллақачон тўппончасини чиқариб, ҳам шўравини, ҳам “душман”ни маҳв этишга шайланган. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, кўксимдаги тешик ҳалигача ўқтин-ўқтин оғриши етарли эмасми?..
Мен мужоҳидга кўз қиримни солдим. Ўша заҳоти бир-биримизни тушундик. Бараварига тепкини босдик. Танкчи улгурмади, иҳраганча қулади. Оломон саросимада. Ҳатто, бирга келган аскарлар ҳам ҳайрон. Нима гаплигини фақат ўзимиз биламиз.
Умумий душманимиз йиқилибоқ, рўпарама-рўпара юзландик. Қуролларимиз тағин олов пуркашга тайёр. Бармоқларимиз тепкига михланиб, салгина ҳимога интиқ…
Иккаламиз ҳам вазиятни қўлга олишга интиларканмиз, унинг кўзларида хайрихоҳликни кўрдим. Бирданига ўзимда ҳам айни туйғу уйғонди. Бироқ, бармоғимни тепкидан ажратолмадим. Бу асабий ҳолат нимага олиб келиши номаълум. Охирги дамда, ўртамизда бош-адоқ пуштиранг матога ўранган сарвқомат аёл қад ростлади. Чодра тагидан чақнаган ўтли нигоҳи катта ишга азму ихтиёр этганидан дарак бермоқда…
Мана, у огоҳлантиргандек, қўлларини баланд кўтарди. Ҳозир душманни назардан қочириш ҳалокатли оқибатга дучор қилишини яхши тушунсам ҳам қизиқувчанлигим устун чиқди, синчков кўз югуртираётиб, аёлнинг кафтидаги қора холини илғаб қолдим…
Ҳайҳот!.. Қачонлардир бизни макон ва замон ўнгирларининг қарама-қарши томонларига йўналтирган қисмат айнан бугун учраштиришини ким ўйлабди? Ўшанда жаллод болтаси жудо этган бошимни елкамга қўндиртириб, қайтадан яшашга рағбатлантирган Ҳувайдо, энди бошқа оламшумул вазифани бажариш мақсадида қаршимда турарди. Бехосдан у, нафақат менга, балки, рўпарамдаги “душман”га ҳам бирдек қадрлилигини англаб қолдим. Зеро, бугун юзма-юз турган рақиблар аслан дунёқарашлари адашиб, иккига ажралган ягона хилқат эканлигини Ҳувайдо билмаса, ким биларди?
…Ўртамиздаги ожизага назар ташлаб, менга ўгирилган мағрур мужоҳиднинг жанговар нигоҳида фавқулодда сулҳ илинжи кўринди. Демак, отишга ҳақим йўқ, ўзим билмаган ҳолда, қуролимни туширдим. Ҳувайдо ғойиб бўлди. Биз олға юрдик, масофа қисқараверди. Ниҳоят нафасимизни-да аниқ эшитдик. Яна икки лаҳза ўтиб, минг йилларга чўзилган айрилиқ якун топди. Неча юз йиллар бурун номард хоқон ажратиб юборган икки дунё қайта бирлашди. Вужудимга жаннатий ором дўнди. Хаёлим равшанлашиб, руҳимни илоҳий бир эпкин аллалай кетди. Ўзимни тавбаси қабул бўлган осий мисоли сездим. Энди мен умрини азим муҳорабаларга бағишлаган жасур саркарда эмасдим. Рақиби билан уйғунлашгач, Қарғахоннинг шавкатли саркардаси Оллоҳнинг ожиз бандасига айланганди, холос…
Энди каптарбозни ҳисобга олмаганда, зиммамда мажбуриятлар қолмади. Шуни ҳам бажарсам, озодман… Тиз чўкдим. Ибодатга чоғланиб, қўлларимни кўтардим. Чин дилдан ўкириб, тавалло қилдим. “Эй, Қодир Эгам! Бечоранинг гуноҳидан кеча қол! Бунинг учун кимнингдир иқрори керак бўлса, мана – мен, ватанфурушга аталган қисматнинг ярмига шу бандангни шерик қил!..”
Тўсатдан, нима деяётганимни тушуниб қолдим. Апил-тапил, тавба этмоққа чоғландим. Аммо, кечиккандим. Қалбимда жаҳаннам тушкунлигига етакловчи ғалаён уйғонди. Бемаврид шошма-шошарлигимдан энди афсуслана бошловдимки, тўсатдан шуурим ёришаверди. Руҳиятимга равшанлик кириб, қушдек енгиллашдим. Бандасининг тазарруси етган Эгамга, таваллоси ҳам етиб борганига шубҳам қолмади.
– Шукр, Оллоҳим, шукр!..
Кимдир авайлаб туртди. Қараб, кўзларимга ишонмадим. Ахир, манави хушқомат аёл умр бўйи излаганим эмасми? Унинг чақноқ нигоҳидаги мамнуният эса сингилнинг каптарбоз оға тақдиридан хотиржам тортганлиги ифодаси-ку…
Ҳа, мен ҳозир умумий вагоннинг деразаси оққа бўялган бўлмасидаман. Бир томонимда жуда-жуда таниш аёл. Иккинчи томонимда сиёғи ўзимга ўхшаш ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги йигит.
– Дадаси, ўзингизга келдингизми?..
Аёл юз-кўзларимни силаб-сийпади. Қўллари бетимга илиқ ҳарорат бахш этаркан, ҳаммаси ўтиб кетганига қайта-қайта шукроналар ўқидим. Сўнг атрофимдагилардан ҳам тортинмай, юмшоққина кафтларини ўпа бошладим. Чалими менга ўхшаш йигитча уялмасин деди чоғи, нигоҳини оққа бўялган деразага қадади. Ўзимга келгач, ўпкамни босиб, аёлга бошдан-оёқ назар ташладим. Бу ўша, минг йиллик умримнинг олис манзилларида гоҳ Мушарраф, гоҳ Садоқат, гоҳ Қорасочбону қиёфасида шавкатли саркардасига ҳамроҳ бўлган Ҳувайдо ҳозир ёнимда жуфти ҳалолим Интизорга айланганча, қимтиниб турибди. Ерга боқиб, энтикишлари ҳам ўша-ўша…
Шу пайт нарироқдан ҳазин қўшиқ янгради. Йигитча ўша томонга йўналди. Биз бир-биримизга термилиб қолдик. Ичимдагиларни тушунган аёлим далда берди.
– Мен доимо ёнингизда эдим, саркардам. Бу олис йўлда сизни ёлғиз ташлаб кетолмасдим. Талоғутни асир олиб, пойтахтга қайтган кунни эслайсизми? Ўшандаги муҳрингизга содиқлигимга Тангри гувоҳ.
У кафтини ёзди, неча аср муқаддам оёқ остидаги гулханда чўққа айланган қиличим қолдирган доғдан хийла хижолат тортдим. Қизарганимни яшириш учун атрофимга алангладим. Қаршимдаги ўриндиқ бўш. Кейин… навбатдаги тилсимотга дуч келгандим… Интизор нега донг қотганимга тушунмай, ўзича изоҳ берди.
– Бир чол кампири билан кетаётганди. Сал олдинроқ тушиб қолишди…
Менга чол-кампирнинг қизиғи йўқ. Ҳозир нариги ўриндиқда ўзимнинг эски чамадоним ва Қорасочбонунинг қўнғир дипломатини илғаб қолдим. Уларни сафарим бошида, эллик йил бурун қандай қолдирган эсам, ўшандайлигича турибди… Тилим калимага келмай, ғулдирарканман, чалими ўхшаш йигитча қайтди. Жойига ўтириб, эшитган қўшиғини мақташга тушди.
– Сочи елкасига тушган олифта бобой гитарада ҳаёт қўшиғини куйламоқда…
Эндигина кўрганларим узундан-узоқ туш эканлигига иқрор бўлаётгандим. Бу гап­лар хаёлларимни пучга чиқарди. Даҳшатли ўнгимга қайтсам, эсим оғиб қолишидан чўчиб, титрайвердим. Аянчли ҳолатимга эътиборсиз йигитча яна менга юзланди.
– Дада, ўша чол сизга салом айтди. Китобингизни сўради. Қўшиқ қилиб куйларкан…
“– Дада, дедими?..”
Дод дейишдан зўрға тийилиб, хотинимга термилдим. У маъноли назар ташлаб, Қорасочбонунинг қўнғир дипломатига чўзилди. Ичидан сарғайган сурат олди. Воажаб, унда мен, Интизор ва шу йигитча қучоқлашиб турибмиз. Демак, битта оиламиз! Кўнглим ёришиб, иккалалариниям бағримга босдим. Сўнг негадир, яна бир боқишни истаб қолдим, ундаги қайсидир чизги менга бегона туюлганди. Ҳа, расмда ростдан ҳам бўғзимдаги қизил чизиқ йўқ!..
Интизор бежирим ойначасини юзимга тутди. Адашмабман, буюк хоқоннинг бемаъни қасосидан эсдалик чандиқ изсиз йўқолган. Апил-тапил кўйлагим тугмаларини ечиб, кўкрагимни пайпасладим. Юрагим устидаги Қодирқул оғамнинг бешотаридан қолган тирноқдек тешик ҳам сезилмайди. Яраларимни батамом битиши учун нақадар машаққатли синовлардан ўтганим энди ҳеч кимга сир эмаслигини билсам-да, ўзга нарсадан таажжубландим. Қодирқулда ҳақим қолмагани аниқ. Аммо, бўйнимдаги чандиқнинг йўқолишини қандай тушунай? Ахир, Қарғахоннинг асорати ўз-ўзидан битмайди-ку…
Фикрим бўлинди. Ўғлим чамадонимнинг қопқоғини кўтарди. Унда нима борлигини аввалроқ айтгандим. Бир сидра янги кийим-бош олис йиллар бурун қандай тахланган бўлса, шундай ётибди. Уларни олиб, нуридийдам қайгадир чиқди. Зум ўтмай, почаси кенг оқ шимим ва баданига маҳкам ёпишган ёқаси катта кўйлагимни кийиб қайтди. Шу туриши ўша ўн етти яшарлигимнинг худди ўзи. Кўзим қувониб, уни қучоқладим. Қўлларим бақувват яғринини сийпаларкан, ногоҳ, курагининг тагидаги ғалати чуқурчани пайпаслади. Бу – нима? Наҳотки, орқадан cанчилган найза асорати бўлса?..
Фикру хаёлим яна хоинлик аталмиш сирли жумбоққа, сўнг маккор хоқонга қайтди. Чувалашган ўйларимни аниқлаштириш учун хотинимга юзландим ва сирли жилмайишидан сўзининг устидан чиққанини сездим. Зеро, ёнимдаги йигит ҳали бутун ўтмиши-ю келажаги олға чорлаётган буюк ўғлон эди. У ишончимни мустаҳкамлаш ниятида деразага туташ столдаги қўлёзмаларимни олиб, белгиланган саҳифасини очди. Мен ўқий бошладим.
“…Оқаётган қонни тўхтатолмаганим сабабли, аста-секин мадорим қуриб, ҳушимни йўқотдим. Эндиги сал ҳаракат вужудимни батамом қонсизланишига олиб келади. Яхшиси, кутишим керак. Зора, мўъжиза юз берса…
Жиндай ором аъзойи баданимга қувват бағишлайди, кўзларимни юмдим…
Тўсатдан хаёлимда қасос ўти чўғланди. Шунда ҳозир уйқудан ҳам муҳимроқ юмушларим борлигини, хусусан, Қарғахоннинг шум тақдирига аралашмоғим лозимлигини ўйладим. Охирги қувватимни йиғиб саройга учдим, хизматларим қадрига етмаган ношукур банданинг шармандали ўлимини кўриш мақсадида кутавердим, кутавердим…
Орадан йиллар ўтди. Бир кун Қарғахон давлатига номаълум саркарда қўшин тортди. Шаҳристон ташқарисидаги ҳоворликда ўтган шафқатсиз муҳорабада дарё-дарё қон тўкилди. Беҳисоб каллалар сапчадек узилди. Хоқондан омад кетди. Шунда у илк бор шарафли қўмондонини ноҳақ ўлдирганига пушаймон чекди. Негаки, бугунги ёш жангчига фақат ўзим бас кела олардим. Аммо, ўша маккорона ҳукмини амалга оширмаганда, ушбу уруш ҳам бўлмаслигини бечора Қарғахон қаердан билсин? Ахир, улкан қўшинни тор-мор этган ғолиб лашкарбоши менинг ўғлим эди-да.
Мен оламни зир титратган ҳукмдор мағлубиятини ўз кўзим билан кўрдим. Уни аёллар кийимида қочаётиб, қўлга тушганига ҳам гувоҳ бўлдим. Беш-олти кун ўтиб, чолни Талоғут иккимизнинг бошимиз кесилган ўша муқаддас жойда қатл этишди. Бу жазо ота қасоси эди. Ниҳоят, қонга қон олинганидан кўнглим ҳаловат топди…
Қасоскор жаҳонгирим шавкатли юришлари дебочасига айланган ғалабасини узоқ нишонламади. Янги сафарларга отланди. Бу машаққатли йўлда уни улуғ ишлар, замондан-замонларга ҳатлайдиган чексиз шон-шарафлар ила изма-из манфурлик ва олчоқлик ва хоинлик кутаётганини фақат мен ва Яратган Эгам билардик, холос…”
Бу сатрларни қачон ёзганман? Яна жумбоқ? Яна тилсим?..
Аммо, охирги қарзимдан қутулганим, бўғзимдаги айлана чандиқнинг битиш сабаблари аён бўлди. Тўғрироғи, энди жисму жонимни бетиним азоблайдиган мажбуриятнинг ўзи йўқ. Зиммамдаги барча масъулиятлардан озодман. Ҳеч кимда ҳақим қолмаган. Шу сабаб, неча юз йилда биринчи марта қониб-қониб, эркинлик ҳавосидан ютдим. Сўнг миннатдорлик аралаш меҳр-ла ўғлимнинг елкасидан қучиб, китобимни қўлига тутқаздим. У қўшиқ садоси таралаётган бўлмага йўналди. Зум ўтмай, ўша томондан маъюс оҳанг, изидан ширали овоз янгради. Иззат умрим китобини куйлай бошлади…
Аввалига унчалик ёпишмаган куй ва сўз бора-бора, шунчалар уйғунлашиб кетдики, беихтиёр барчанинг диққати қўшиққа михланди. Мен китоб эгасига етганидан кўнглим таскин топиб, ўғлимни кутдим. У янгича оҳанг таъсирида хаёл суриб, жойига қайтар-қайтмас, диққати кимгадир қадалганини сездим. Ўша томонга юзланиб эса навбатдаги синоатга йўлиқдим, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ёнимиздан думбул ёшлигимдаги Муҳаббат ўтмоқда эди. Қиз карашмали нигоҳи-ла бизга жилмайди. Аниқроғи, навқирон шеригимни мўлжаллаб, ишваланди. Навқирон шеригим озроқ тараддудланди-да, унинг изидан жўнаб қолди. Саросимада қотган чолига Интизор далда берди.
– Эътибор берманг дадаси, ўзингизнинг ёшлигингиз…
Мен ўғлим қизнинг қўлидан тутганини, кафтини ўгириб, узоқ тикилганини илғаб, яна бир бор “йўқ”, дея ҳайқирмоқчи эдим, тилимни тишладим. Бу дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бунга ўзимнинг чувалашган тақдирим гувоҳ. Энди эса ота қисмати фарзандга илашганидан жисми жонимни аламли армон эгаллади. Чунки улуғ ишга отланганларнинг тоши оғир келади. Бу юкни кўтарган зот, боз устига, нимасидандир воз кечади. Ўша кечадиганинг пешонангдаги тақдиринг бўлса, бундан ёмони йўқ. Илло, киши ўз ёздиғи ила келиб, ўз ёздиғи ила кетгани яхши. Менинг зурриёдимга эса силсилаларга тўла ҳақиқий умр насиб этган экан, нега фахрланмай?..
…Ўғлим кўнгли тўлиб, Муҳаббатни қўлтиқлаб олди. Шунда мудом ўн саккизда яшаган сирли хилқат балоғат ёшидаги бўй қизга айланди-қўйди.
Юқоридан белгиланган тақдирларга аралашиш бандасига ножоиз. Шу боис улардан диққатимни узиб, анчайин қартайиб улгурган кампиримга юзландим. Унинг мавҳум нуқтага муттасил тикилишдан ёшланган нигоҳини кўриб, икки томчи қон қотган ўша дастрўмолимни узатдим. Интизор рўмолчани олиб, чарчоқдан қизарган кўзларини эмас, оқ бўёқдан хиралашган ойнани артувди, не ажабки, дераза аслига қайтди, атроф ёришди. Ногаҳоний чароғонликдан дилим равшанлашиб, енгил руҳият ила узоқларга термиларканман, поездимиз навбаҳорнинг қийғос гуллаган чаманзорларини ортда қолдираверди. Йироқ-йироқлардан ёзнинг ҳосилдор дарахтлари бўй кўрсатди. Сўнг яшил боғлар сарғайди. Аста-секин теваракнинг хазонрезги ранги қуюқлашиб, қалбимга осойишта ҳиссиёт тўкилди. Ғойибдан янграган наво кўнгилни орзиқтирувчи оҳангда аллалай кетди. Кўзларим сузилиб, наздимда олис-олислардан оппоқ нурга ўралган ажиб бир сиймо гавдаланди. Фариштадек чарақлаган меҳрибон волидамни дарҳол танидим. Онам розилик аломати барқ урган қиёфада асрий азоблардан халос бўлган фарзандини қошига имлаётганди…
Вужудимга минг йиллаб кутилган ҳузурли ҳаловат ёйилди…
Ташқаридан кўз узмай келаётган Интизорим кайфиятимдаги ўзгаришларни анг­лаб, мамнун жилмайди. Айни дамда, фанонинг омонат лаҳзалари нақадар ғанимат туюлмасин, иккимиз ҳам салкам абадият қадар чўзилган уқубатли умргузаронлигимиз якунланаётганидан бахтиёр эдик, поездимиз табиатнинг увол-савобини сарҳисоб қилаётган донишманд кузак майдонларига кириб бораётганди…

«Шарқ юлдузи», 2017 йил, 5-6-сонлар