Арпа қишлоқлик Кенжа тракторчининг ҳовлисида бир нок борки, ўтганнинг ҳам, қайтганнинг ҳам ҳаваси келади.
Уни илк баҳорда, гулга кирган пайт кўрган одамнинг кўзи қувнайди. Қишлоқдаги ҳамма ноклар оқ, сарғиш, қизғиш бўлиб гулласа, у бир хилда, пушти рангда очилади. Ариларнинг ғужлигидан нокнинг гуллари қорамтир пушти, малларанг пушти товланади. Қишлоқдагиларнинг кўпчилиги катта кўча қолиб, мана шу ёлғизоёқ йўлдан ўтади. Ҳатто ой келинлар аёллар орасида, мана шу нокнинг ҳидига бошқоронғу бўлганлар бор эмиш.
Ҳозир ҳам йўлини ўзгартирган Каромат келин ёғоч туғарага суянганича, нокнинг анвойи бўйидан ҳузурланиб нафас олаётган Ойчеҳра момога кўзи тушиб, сўзланган кўйи қадамини тезлатди.
— Худонинг қудратидан! Бу ҳидни қаранг, момо, жаннатнинг ҳиди ҳам мана шундай бўлса керак-да?! — деди Каромат келин ёқасини ушлаб, момо сари юраркан. Шундан-шунга айланиб юрасанми, деб устимдан кулгандингиз, ўзингиз ҳам йўлни шу тарафдан солибсизми?
Гулга тикилганича, хаёлга чўмган момо Каромат келиннинг шанғиллаган овозидан чўчиб тушди. Бултурдан бери елкалари чиқиб, ширдая бошлаган озғин қаддини ростлаб, у томон ўгирилди. Овоз эгасини яхшироқ таниш учун хиралашиб, жияклари қизариб қолган кўзларини қисиб, қаттиқроқ тикилди. Дугонасининг келинини танигач, гапидаги шаъманинг маъносига етиб, чиройи очилди.
— Нега куламан, маллим келин?! Тош нокка тишинг ўтмай, болға билан майдалаб еганинг нашъа қилувди-да!
— Айтманг, айтманг… — Каромат келиннинг ҳам эсига ўша қилиғи тушиб, эшилиб кулди, оппоқ, кулча юзлари қизарди. — Сарғайиб, қизариб турганини кўриб, пишган деб ўйлапман-да, мен ғалча!
— Қолганиниям едингми кейин? — момонинг юпқа лаблари муғомбирона жилмайди.
— Қаердан ейман? Тошдай қаттиқ-ку! Тишим синай деган! Дугонангиз қоронғу бир жойга ёйиб, устига икки-учта кўрпа ташлаб, димлаб қўйса ҳам юмшамади, жониворлар. Узиш вақти бор эканда. Бошқоронғим ўтгандан кейин эса эсимдан ҳам чиқиб кетипти!
— Пишганини еб кўрганмисан, ўзи?
— Вой, нега емайман? Кенжа аканинг оналари раҳматлик насиба қилиб, энг биринчи дугоналариникига чиқарарди-ю!? Ўтганларидан кейин улашиш тўхтади-да! Асалнинг ўзи-я, худонинг қудрати билан! Бизларнинг ноклар бунинг олдида пахтага ўхшайди! Ёши неччида экан-а шунинг, момо?! Мен келин бўлиб тушган йили ҳам бор эди.
Ойчеҳра момо кичик неварасининг устозига ҳайронлик билан тикилди, саволидан энсаси қотди.
— Балодай болаларни ўқитасану, ўзинг билмайсанми, — деди момо келиннинг нафсониятига тегмаслик учун ҳазил оҳангда, лекин ичида “ўғлимга айтиб, неварамни зудлик билан бошқа малимга ўтказишим керак экан”, деган гапни тугиб қўйди.
— Неччи йил яшашини билмайману, лекин мени қаритди. Мен тушган йиллари ҳали кичкина новда эди. Ўшандаям гуллаб, мева тугарди. Қирқ беш, эллик йиллар бўлди-ёв
— Вой-вўй… Ишонсангиз, биринчи кўрганимда оғзим очилиб қолган, ҳали мевасини еб кўрмасам ҳам. Хўжайинга биз ҳам шунақа нок экайлик, деб роса ялинганман. Ҳар йили хўп-хўп дейди-да, баҳор келиши билан эсидан чиқади. “Кенжага кўчат олиб бер деб тайинлаб қўйганман”дан нарига ўтмайди.
— Кенжа ҳаммага ваъда беради-ю, лекин бажармайди, отаси, раҳматлик Пўлат акага ўхшамади, — бош чайқади момо. — Тракторнинг тагидан чиқмайди. Пўлат ака билан дугонамдан кейин бу боғдан путур кетди ўзи. Қандай шовуллаган боғ эди!
— Шуни айтаман-да, момо, бу нок қурмагур, шунча ёшга кирса ҳам ҳар йили гуллаб, ҳар йили бошини егудай мева солишини қаранг?! Бирор йил мевасиз қолганини кўрганим йўқ. Ҳамманикини совуқ урсаям, у қилт этмайди-я!
— Туфлаб қўй, кўзинг тегмасин! — ҳазил аралаш писанда қилди Ойчеҳра момо.
— Дугонангиздай одамнинг назар-нафасидан соғ қолган тош нокка менинг суқим кирармиди, момо? — қиқирлади Каромат келин балиқникига ўхшаш юпқа лабларини қўлрўмолчаси билан беркитиб.
— Ҳе, қайнонанг ўлиб, қайнонасиз қол, қайнонангнинг дастидан бултур анжир шафтолиларимнинг ҳаммасига қирон келди! Бу йил мева туккунича меникига чиқарма!
— Шунинг учун, қалампирмунчоқ билан исириқ осиб қўйинг, деб неччи марта айтдим, сизга! Айтганимни қилмаяпсиз! Баттар бўлинг!, — бўш келмади Каромат келин ҳам.
— Қалампирмунчоқ тугул, қалампирнинг ўзиниям осдим. Келиним қаердандир бўрининг тишини ҳам топиб келган экан. Кўзинг ўйилгур қайнонангга ўшаям кор қилмади!
— Чойлашингизлар, хола! — дея уларнинг суҳбатини бўлди узоқдан келаётган Кенжа тракторчи. — Келинингиз пичак ёпаётган эди, насиба қилингизлар! Маллима опа, сиз ҳам келинг!
— Сиз кирсангиз кираверинг, мен бора қолай, момо, дугонангизнинг жағи очилмасин яна!
Каромат келин узоқдан қораси кўринган Кенжа ака билан бош ирғаб, саломлашган бўлди-да, момонинг бир ўзини киришга қистади.
— Бечора азза-база таклиф қилаяпти, онасини кўргандай қувониб кетди, қаранг! Хола раҳматлик дугонангиз эди-ку!
— Кенжа зўр бола, лекин хотини чатоқ. Одам иси ёқмайди унга. Бир-икки марта келсам, қовоқ осди. Шундан бери киргим келмайди. — Бориш ёқинқирамай, тайсалланди момо.
— “Ёлғиз қиз — ялмоғиз қиз” деб бекорга айтишмаган, момо! Ойбиби холанинг кўзига суртган қизи-да! Қаранг, пичакни эридан бериб юбораяпти, худди биз уйига кириб қўядигандай! Шунинг сассиқ уйига кимнинг кўзи учиб турувди! Иннайкейин, биз пичак кўрмаганмизми? Керак бўлса ҳар куни бир тандир ёпаман! Ҳалиям бўлса, ўзимдан қолманг! Беклигим ҳам бор, хонлигим ҳам, момо, тўғрими йўқми?!
— Сенга гап йўқ, маллим келин, барака топ! Майли, мен унда, мен ҳеч бўлмаса, сўрашиб ўтай, — деди Ойчеҳра момо Кенжа томон юраркан.
— Ёшини сўранг, — деди кетаётиб, Каромат келин нокка ишора қиларкан.
— Кенжабой ҳам билмаса кераг-ов, — деди Ойчеҳра момо дугонасининг ўғлини ўзидан анча баланд, қорувли елкаларига базўр қўл чўзаркан ва Каромат келиннинг гапига тушунмай, орқасидан ҳайрон қараб қолган Кенжага маънилатди. — Нокингнинг ёшини сўраяпти, Каромат келин!?
Қизларникидай чиройли юзлари офтобда қорайиб, чуйкаган Кенжа тракторчи тош нокка қараб оларкан, елка қисди.
— Онам раҳматлик айтардилар, лекин, иш билан кимнинг эсида турарди, момо?! Кези келса, болаларимизнинг ёшини билмаймизу?!
Тош нокнинг ёшини Кенжа тракторчи билмаслиги рост. Опалари ҳам тахмин қилишади, холос. Катта опаси Розия “мен билан тенг” деса, ўртанчи опаси Руқия “мен туғилган йили бобом совға қилган экан, ўз оғзиларидан эшитганман” деб уриб енгади. Робия опаси эса “така бўлсин сут берсин, энг асосийси, нок баҳона дийдорлашамиз” дейди.
Чиндан ҳам опалари бир йилда бир марта, мана шу тош нок узилаётган пайт ота маконларида йиғилишади. Уч-тўрт кун, ҳатто ҳафталаб қолиб кетишади. Чунки уч опаси ҳам эрлари билан ўқишда топишиб, уч вилоятга узатилиб кетишган, оралари анча йўл. Зарур мавридлар чиқиб, учрашишга тўғри келмаса, унча-мунчага, ҳадеганда келишолмайди ҳам, бир-бирлари билан кўриша олишмайди ҳам.
Аслида, бу пайтда ҳам тош нок ҳали пишмаган бўлади, у январнинг ўрталаридан бошлаб юмшайди ва охирларига бориб карсиллайди. Шунинг учун опалари обдон ўйнаб-кулишиб, кейин бир-бир тоғорадан ўз улушларини олганларича, хайри-хуш қилишади.
Анча йиллардан бери шу ҳол такрорланади. Чунки бу оналарининг васияти.
Кенжа онасининг айтганини қилиб, уч-тўрт йил ҳамма мевалардан опаларининг ҳақини ажратиб, йўқлаб турди. Кейин опаларининг ўзлари қўймади, “Укажон, ўзимизда ҳамма мевалардан бор, битта тош нок йўқ, шундан улуш берсанг бўлди. Фақат уни олгани ўзимиз борамиз ва шу баҳонада ота уйимизни зиёрат қиламиз, бир-бирларимиз билан дийдорлашамиз”, деб.
Мана, беш кундан бери Кенжа опаларига қўшилиб, яйрайди. Тракториниям шогирдига бериб юборди. Уззукун опаларининг ёнида. Уларнинг даврасида ўзидан бошқа эркак қолмаса ҳам хижолат чекмайди, ҳатто бундай фикр хаёлига ҳам келмайди. Аёллар ҳам худди ёнларида эркак зоти йўқдай, бир-бирлари билан барча мавзуда эмин-эркин гаплашишади.
Аёллар даврасида рақс бошланса ҳам Кенжа таранг қилиб ўтирмайди. Узун, бе-сўнақай қўлларини ёзганича, баланд, бе¬ўх¬шов гавдасини лапанглатиб, уларга жўр бўлади.
— Ҳай, бу нимаси, уят ҳам яхши гап?! Хотинларнинг холаси, қизларнинг дугонаси бўлиб, даврани эгаллаб олганингизни қаранг! Ҳажи қизмисиз, чиқинг-е, ўралашавермай!… — деганича, биқинини тешгудай турткилаб, даврадан чиқармоқчи бўлган хотинининг қўлини силтаб ташлаганича, яна даврага шўнғийди. Кенг, бақувват елкаларини титратиб, “кичкина бўлсин”га тушади.
— Кичкина бўлсин, кичкина…
Кенжа узун оёқларини букиб, тиззалайди.
— Тариқдан ҳам кичкина…
Эрига гапи ўтмаган хотини энди бир чеккада қарсак чалаётган қизига зуғум қилади.
— Сен ҳам оғзингни очиб, тел бериб, қарсак чалгунча, “бўлди қилинг” демайсанми отангга!
* * *
— Бугун Маликаи Турондотнинг қовоқлари сал солиқми, дейман? — деди элликларни қоралаб қолган бўлса ҳам ҳали навжувонлардай серҳаракат, пардоз-андозсиз ҳатто эрига ҳам кўринмайдиган, қизларнинг каттаси Розия қари гужум тагидаги чорпояда оёқларини осилтирган кўйи, оппоқ юзларидаги эгик қошига ўсма тортаркан, сигир соғгани ёнларидан зипиллаб ўтиб кетаётган укасининг хотинига ишора қилганича. — Бугун жонивор саломни ҳам насия қилди!
Қудуқ ёнидаги қўлбола сув қуйгичда юз-қўлини чаяётган ўртанчи қиз Руқия укасининг хотини кетган оғилхона тарафга шошиб қаради.
— Биз еб, у кишим қуруқ қолгандай? — деди Розия синглисининг гапидан кейин баттар тотови тиришиб.
— Балки чарчагандир, ўртоқлар, дарров ёмон хулоса чиқарманглар! — Опаси билан синглисининг шуб¬ҳасини тарқатмоққа уринди вилоятидаги хотин-қизлар қўмитасининг раисаси Руқия, беихтиёр, ҳакамлигига бориб. — Менинг ўзим ҳам ўрнимдан базўр, кўзимни йириб-йиртиб турдим. Белим худди тош кўтаргандай зирқираяпти, ўлгур! Сал эртароқ ётсак бўларкан ўзи!
— Бир йилда бир келамиз, — Руқиянинг гапидан кейин ҳам Розиянинг пешонасидаги тириш барибир ёзилмади, қайтага овози зардали товланди, — Ўзимизнинг емишимизни ўзимиз олиб келамиз! Бир қўй ўрнига икки қўй сўямиз. Дугоналаримиз бечоралар ҳам қуруқ қўл билан чиқишаётгани йўқ, мева-чевадан тортиб, ош-овқатигача ўзлари олиб келишаяпти.
— Шуни айтинг, опа, — деди Робия яна опасининг алангасига мой сепганича, кейин қийиқ кўзларини чакрайтириб Руқия опасига ўгрилди ва унинг гапи ёқмаганини сездириш учун писандали жеркиди, — қайтага, ойимча келинингиз овқат қилишдан қутулди-ку! Уч кундан бери қозон осганини кўрдингизми?
— Билмасам… — ер чизганича яна мулоҳаза билан гапирди Руқия. — Ёки қизларимизни эргаштириб келиб, бекор қилдикмикан?
— Қизларимиз келгани билан дастурхонда бирга ўтиришаётгани йўғу, келинингиз билан тенгма-тенг югуриб, хизмат қилишаяпти!, — энсаси қотди Робиянинг.
— Бўлди, ўртоқлар, қош-қовоқнинг сабабини топдим! — Опасининг ишорасини тушуниб, гапини бурди Робия қиқирлаганича, Розия опасига кўз қисаркан, — уяммас, буяммас, от ўйинидан қолганига дарди-дунёси қоронғу келинингизнинг!
— Унда бугун меҳмонга кетамиз! — таклиф киритди Робия. — Кеча Наргиз дугонам Дайровотга балиқхўрликка таклиф қилса, шуям есин деб “уйга олиб келақол” дебман. Заҳари заққумни есин! Ўзимиз маззани уриб, биқин қилиб келамиз, тўғрими, опа!
Розия “маъқул” дегандай бош ирғаб, ўсмасини ювгани кетди. Робия ниманидир мўлжаллади шекилли, семиз болдирларини лорсиллатиб, шахд ўрнидан турди. Қўлларини ёзганича, кўкка чўзди. Актёрлардай овозини товлаб гапирди.
— “Меҳмон бўлсанг муштдай бўл, учиб ўтган қушдай бўл,” деб топиб айтган экансан-а, эй муштипар ва ақлли она халқим! Ота маконимга бир ҳафтагинага ҳам сиғмадим-а?!
— Ҳай, ҳай… ҳамма нарсани жиддийлаштираверма, — шивирлаганича, синглисини қайириб ташлади Руқия, — бу гапингни ҳозир опам эшитса, яна бошқатдан бошлайди.
* * *
— Кенжавой, ҳой, Кенжавой, уйдамисан?
Тўғри тарафдан келаётган Турди уста қўлидаги электр аррасини селтанглатиб, дарвозахонага киргач, яна овоз берди. Жавоб бўлмагач, бир пас тайсалланиб турди. Кейин йўталган кўйи, ёнғоқнинг тагидаги чорпоя томон юрди. Аррасини ёнғоққа суяб, ўзи чорпоянинг бир четига илинди-да, нос чекди.
— Келаверинг, уста тоға! — ошхонадан чиққан Кенжа тракторчининг хотини устанинг яп-янги яктак кийиб, ясаниб олганини кўриб, тўй-пўйга бораётган хаёл қилди. — Сизниям йўлдан қолдирдимми?
— Қанақа йўл? Нега қолдирасан? — ҳайрон бўлган уста ҳозиргина капалаган носини дарров туфлаб, зое кетгизгиси келмай, лабларини кувача қилиб гапирди.
— Пўрим бўлиб олибсиз-ку, шунга!? — Кенжанинг хотини устанинг янги яктагига ишора қилди.
— Ҳа-а, буми? — уста оппоқ сурп яктагининг барини силаб кулди. — Бизнинг момонинг одатини биласан-ку, бунақа нарсаларга жуда синчков. Дугонасининг қизлари келганини эшитиб, қўярда-қўймай кийгизди. Иннайкейин, сенданам озроқ ўпка-гина қилди. “Кенжанинг хотини ҳар йили мениям меҳмонга айтарди. Бу йил қарига чиқариб қўйдими дейман, йўқламадиям” деб. Икки кун келинига зиғир ошнинг тагини қилдириб кутиб ўтирди. Чақиртирса, дамлаб олиб чиқаман деб.
Кенжанинг хотини беихтиёр, қовоғини уйди. Туташ қошлари эгардай кўтарилганича, ёзилмади. Қорачадан келган рангпар ва заҳил юзига истеҳзоли ифода қалққанича, “сенинг кампиринг етмай турувди” деди ичида.
— Тўпалонда ким келиб, ким кетди, кимни айтиб, кимни қўйдим эсимда йўқ, тоға. Ҳар йили ўзим дараклардим… — Кенжанинг хотини базўр ўзини босиб, тўқиётган ёлғонини жон қулоғи билан эшитаётган устанинг ҳолатини кузатди. — Бу йил айтувчи Шаҳло қизим эди. Болалигига бориб, эсидан чиқаргандур-да. Ҳартугул, опажонлар ҳам ҳайрон бўлишди, холамнинг чиқмаганларига. Гўшт тегдими, ҳарқалай?
— Қанақа гўшт, ҳеч ким гўшт-пўшт бергани йўқ, — устанинг ўсиқ қошлари кўзини ёпгудай бўлиб уюлди, баттар ҳайронлиги ортди.
— Суриштиришим керак бўлмаса, тоға, қиз ўлгур уни кимга олиб борипти унда!?
— Гўшт садқаи сар, қўй-ей, бизга тегмагани билан бошқа бировникига олиб борган-ку. Эгачиларга савоби тегса бўлди-да! Ҳа, қайси дарахтни кесиш керак.
— Анови ўлгурни арралаб беринг деб чақиртиргандим!
Турди уста келиннинг қўли узанган тарафдаги дарахтнинг мўлжалини ололмай, иккиланди.
— Қайсинисини айтаяпсан? У ерда кесиладиган дарахт йўқ-ку, келин?!
— Нега йўқ бўларкан? Нокни кўрмаяпсизми?!
Турди уста ҳангу манг бўлиб, тош нокка қайта қаради.
— Шиғил солиб турган нокни айтаяпсанми?
— Шиғил солмоқ тугул тилла туккан бўлсаям, шуни қирқиб беринг, тоға! — Кенжа тракторчининг хотини қўлини бигиз қилиб, бўғзига теккизди, — Жонимга тегиб кетди мана шу нок! Одамларникига ўхшаб, қариб, қуртларга ем бўлмадиям, бу ўлгур! Шу савилга қолганда, Олмос момонинг ҳам кўзи тегмади!
Кенжанинг хотини тез-тез гапирганидан сўзларининг ярми ичида қолиб, ярми чала-чулпа чиқа бошлади
— Эсинг жойидами, келин?! Э,э, мен сени ақлли хотин десам…
Турди уста оғзидан ёмон сўз чиқиб кетмаслиги учун гапининг давомини ютди, ўрнидан шарт турди. Хаёлида Кенжанинг хотини ҳозир аррасини тортиб олиб, нокни ўзи кесиб қўядигандай, учиб бориб аррасига ёпишди, яктагининг барига яширди, бир лаҳза серрайиб тургач, дарвозахона томон юрди. Келиннинг гапидан гарангсиб қолганидан боши айланаётганини ҳам сезмади. Пойинтар-сойинтар одимлаётганини ёнғоқнинг тагига келгач пайқади. Ҳовлининг ўртасида туриб олганича, қўлларини сермаб, шатталик қилаётган Кенжанинг хотинига ўқрайди.
— Э, э, мен сени ақлли хотин десам… Сен ҳам…
— Бир ҳафтадан бери тиним йўқ! Қишлоқнинг итиям-битиям менинг бошимда! Бир ҳафтадан бери гусира-гусур! Ҳар йили шу аҳвол! Қачонгача мен уларга чўрилик қиламан, тоға?! Қачонгача идиш-тавоғини юваман? Мениям ёшим қирққа борди!
— Уят ҳам яхши гап! Шу бечоралар бир йилда бир марта келиб, тўрт кун турганига шунча тўпалон қилаяпсанми? Ёки эгачиларинг иргангга фақат мана шу нокнинг мевасини бўлишиб олиш учун келишади деб ўйлаяпсанми? Унда хато қиласан! Бу ерлар уларнинг ўз уйи — ўлан тўшаги! Бу ерларда уларнинг болалиги, энг бахт¬ли кунлари қолган! Ота-онасидан ёдгор мана шу дарахтлар ҳам худди эринг каби эгачиларинг¬га жигар! Улар ана шу дарахтлар билан худди ака-сингиллардай бирга ўсишган! Мана шу нокни кессанг нима бўлишини биласанми? Йуқ, билмайсан!
— Насиҳат қилмаган сиз қолувдингиз! — Кенжанинг хотини дарвозадан чиқаётган Турди устанинг кетидан сенсираганича, қарғаниб қолди, — Арранг билан қўшмозор бўл! Ҳокимнинг кетидан қоп-қоп гуручини егансан-да, ёнини олаяпсан! Менга ўхшаб сочинг супурги, қўлинг косов бўлганда, билардинг!
— А? Шунақами?! — уста шарт орқасига қайтиб, аррасини дарвозага суяди, бўғзига тиқилгудай бўлаётган нафасини ростлаш учун бир пас тин олди, қалтираётган қўлларини бир-бирига асабий ишқади, — Яхши эсимга солдинг! Ҳовлингни солиб беришганида, тўй-ҳашамингни ўтказишганида, Тикочани миндириб қўйишганида эрингнинг опалари яхши эди, тўғрими? Чунки ландовур эринг икки дунёдаям бунақа иморат сололмасди! Машина тугул валасапит ҳам минолмасди! Гапнинг индаллосини айтсам, катта почча ҳоким бўлиб турганида, ҳеч қачон унинг чиқмасди! Ишдан кетгандан кейин бирдан чўрилигинг эсингга тушиб қолганини қара!?
Кенжанинг хотини устанинг важоҳатини кўриб, қўрқиб кетди. Дарвозани ёпмоққа бораётган жойида тўхтаб, шахд орқасига қайтди…
* * *
— Ҳай, нима гап тинчликми? — узоқдан сўзланиб келди Каромат келин. — Йиғи овози эшитилгандай бўлдими?
— Ҳа, ҳалиям худо асрапти! — ёқасини ушлаб гапирди ён қўшниси, — Кенжанинг худога бир айтгани бор экан. Бўлмаса, бўйи етган қизидан айриларди!
— Тушинтириброқ гапиринг, янга!? — Каромат келин бўйнини чўзганича, Кенжа тракторчининг ҳовлисига аланглади.
— Ке, мен тушунтирай, маллим! — Каромат келиннинг енгидан торт¬ганича, четга тортқилади Ойчеҳра момо, — Ўшанда туфлаб қўйгин десам, “менда кўз йўқ” деб уриб енггандинг! Бу кўз бўлмай, момонгнинг мардоними?
Барибир ҳеч нарса тушунмаган Каромат келин лабини буриб, елкасини қисди.
— Топишмоқ қилмай гапиринг, момо!
— Топишмоқ қилмасам, тош нок қани?
Каромат келин нокнинг йўқлигини энди пайқади.
— Вой ўлмасам, ростдан ҳам нок қани? Кеча ўтаётганимда ҳам турувди-я! Каромат келин шоша-пиша нок ўсиб турган ерга қаради. Узун ва чангакка ўхшаш томири худди қўл билан атайдан суғурилгандай таг-туги билан ағдарилган нок эндигина қизариб, сар¬ғая бошлаган меваларини атрофга сочганича, кенг бедазор билан битта бўлиб ётарди.
— Ойим… ойим бирга эди… Қараманг дегандим-а!
— Кеча кирсам, келиннинг ўзи нокнинг тагини ковлаб, шланг билан сув қуйяпти, — яна бир бошдан гапини давом эттирди қўшни хотин. — Э-э нима қиляпсиз десам, ҳозир суғорсам, карсиллаган, серсув бўлармиш дейди. Ким айт¬са, бекорларни айтипти, сув бериш вақти ўтди. Ҳар кимнинг гапига кирманг келин, бунақада нокни ўлдирасиз. Шиғиллигини қаранг, таги юмшаса, меваси танасига оғирлик қилиб, томир-помири билан суғурилиб, йиқилиши мумкин дедим. Айтганим бўпти. Лекин келин ўлгур хўп-хўп деганди, барибир билганидан қолмаптида!
— Сигириям ўлиптими? — унинг гапини бўлди энди даврага қўшилган аёл ҳовлиқиб. — Бежай зотдор эди-да, эсиз!
— Сигири садқаисар, қизи ўлай деди. Иш қилиб бел-мели мертилмаган бўлсин! Қиз бола нарса!
— Дўхтирга олиб боришмадими?
— Ўша заҳоти “тез ёрдам” келди.
— Биттамас, икки-учта келди-ёв! Чунки биттаси адашиб бизникига борипти!
— Яхшиям, аммалари борида бўлди. Битта аммасининг эри дўхтирларнинг каттаси-ку! Ўша ҳаммани оёққа турғизди. Кенжанинг опалари яхши ўзи. Қачон қарасанг шулар балогардон!
— Бу аниқ ойимнинг иши… — Ойчеҳра момонинг қулоғига шивирлади Каромат келин, — кеча ўша бўғоз сигирига дили кетганди. “Насл олиш керак экан,” деганди. Насл тугул ўзиниям бошини епти…
— Ҳе, ойинг ўлиб, ойисиз қол! — арпа дўқ қилди Ойчеҳра момо кўрсаткич бармоғини лабига теккизаркан, — Жим энди, биров эшитмасин! Палакатда, эшитгандан йироққа!
— Ҳа, ҳартугул қизи ўлмай қолипти-ку!
— Айтма… айтма…
Ойчеҳра момо билан Каромат келин бир-бирларига маъноли қараганларича айрилишди.