Адирлар қуршовида жойлашган бу дўппидеккина қишлокда тунлари ой қирлар устидан чиқиб келар ва борлиқни ёритарди. Ой нурида қишлоқ уйлари яширинмачоқ ўйнаётган болалар сайлини эслатади. Мен эса муштдеккина бола, даврадагиларнинг баъзилари чордана қуриб, баъзи бирлари ёнбошлаганча мириқиб қилаётган суҳбатига қулоқ осаман. Бир вақтлар ниҳоясига етмай қолган ой юзида акс этган чўпон таёқли аёл ҳақидаги ҳикоянинг давомини кутаман. Дунёда мутлоқ ўзгармайдиган нарсанинг ўзи бормикан, ҳамма нарса ўзгаради, чунки ҳамма нарса тугайди. Момом айтиб бергич эртаклар ҳам… Оқшом чўкканда биз муштоқ кутадиган телевизордаги “Оқшом эртаклари”нинг мултфилмлари ҳам, уларнинг сеҳри ҳам…
Бироқ у тугамайди. У ҳақидаги гаплар ҳам тугамайди. Отам қишлоқ марказидаги каталакдек сартарошхонасидан қайтади. Онам қўшниларникига чиқиб келади.
— Ай-ай, қақнусига ўт кетди-я, — гап бошлайди момом ой саҳнидаги кишидан кўз олмай. — Шугинанинг кўргуликлари кўп бўлмаса-я.
Кампир нимадандир нолиганида, қақнусига ўт кетди-я, деган гапни кўп такрорлайди. Қизиқишим устун келиб, у ҳақида такрор-такрор сўраганимда, у индамайди, балки ҳеч нарса билмас. Отам бу аёл ҳақидаги гапларни унчалик хушламайди, гапни бошқа томонга буради:
— Радиодан айтишдики, ой биздан уч кунлик йўл эмиш…
— Ойга бориб бўлармишми, қандай борармиш? — онам унинг гапини кувватлайди-да сўрайди.
— Учар ракеталарда-да.
Мен ҳам катта бўлсам учувчи бўламан ва манов ой юзидаги аёлни ёнгинасидан кўраман.
Бу аёл ҳақида билганим шундай: у асли шу қишлоқлик бадавлат хонадоннинг фарзанди бўлган. Ота-онанинг эса, тўнғич фарзанд бўлгани учунми, унинг опасига, яъни катта кизларига меҳрлари бўлакча эди. Кунлар ўтиб ҳар икки қиз ҳам гўзал бўлиб вояга етишади.
Совчилар эшик тагидан аримай қолишгач, катта қизни узатишга қарор қилишади. Ота-онанинг розилиги билан ўзларига тенг кўришган бир хонадон билан қуда-андачилик риштасини боғлашга қарор қилишади. Опаси аввалига қаттиқ қаршилик қилишга уринса-да, имконсиз қолганида сукутга ўтганини ризоликка йўйишади.
Тўй куни келин бўлмиш аллақаёққадир ғойиб бўладию отанинг ғуруру лафзи синади. Таҳликага тушса-да, аҳдидан қайтмайди. Субутсиз бўлиб қолишни ор билиб, синглисини опасининг қайлиғига унаштиришади.
Бир кундан сўнг тўй бўлиб ўтади. Аммо сингил Сумбула ҳам опасининг йўлини тутади ва бир йигит билан қочиб кетади. Давлатманд отанинг фиғони фалакка чиқади. Ғазаб устида шу қизидан, айнан сингил Сумбуладан воз кечади, оқ қилади. Буни эшитган қиз тош қотади, изтироб ва надомат ичида қолиб кетади. Қисматнинг шўришигами, бирга кетган йигитнинг ота-онаси хам оқ бўлган қизни хонадонларига киритишни исташмайди.
Бора-бора йигит ҳам, ижарама-ижара яшашдан толиқиб, барчасига қўл силтаб кетиб қолганида, Сумбула учун бу дунё ва у дунё орасидаги саргардонлик бошланади. Унинг адо бўлаёзганини эшитган қариндошларидан бири уйига — бизнинг қишлоққа олиб келади. Куп ўтмай Сумбула шу ерлик ёш ўқитувчига турмушга чикади.
Ота қарғиши — ўқ!
Отасининг ўшанда дарғазаблик билан илоё, эрга ёлчима, деган қарғиши баайни руёбга чиқиб, янгигина турмушга чиққан жувоннинг боши узра яна ҳалокат ёғилади.
Турмуш ўртоғи тасодифий ҳалокат билан оламдан кўз юмадию қайнота-қайнона келинни шумқадам билиб уйдан ҳайдашади.
Сумбула ҳеч кими йўқ бир кампирнинг уйида яшаб юради. Бўйида борлигини сезган кекса кампир унга паноҳ беради. Азбаройи раҳми келганидан, албатта. Шу ерда унинг кўзи ёриб, ўғил кўради. Шу ерлик чўпонлардан бири жувонга раҳми келганидан бир қўзили совлиқ ҳадя этади. Кимдир закотини илинади, кимдир уширини… ҳарҳолда она-боланинг куни ўтади.
Қишлоқ одамлари ҳам фитр рўзасини йиғиб жувонга тутқазишади. Шундан сўнг жувон қўлига таёқ олиб қўй-қўзисини боқиб юра бошлайди, даштма-дашт кезиб юрадиган бўлади.
Унинг қўй ортидан ўғлини етаклаб юрган дамларини кўрганларнинг айтишича, жувон чиндан ҳам чиройли бўлган. Аммо бу чиройдан не наф. Жонга жабр. Буни аёл аллақачон англаб етган эди.
Одамлардан ўзи ҳақида ҳар хил уйдирма гапларни эшитавергач, жувонда улардан узоқроқ юриш истаги пайдо бўлади. Бу миш-мишларнинг замирида қишлоқ аёлларининг ҳасади ётган бўлса не ажаб. Сумбуланинг бир неча бор тўй-маъракалардан йиғлаганча кетиб бораётганига гувоҳ бўлганлар ҳалиям бор. Бировга қаттиқ гапирмайдиган, биров билан иши бўлмайдиган бу жувонда кимнинг алами бўлиши мумкин?
Одатдаги тўйларнинг бирида келин томони тўйхонада ўралашиб юрган бу аёлни бехосият, шумқадам билишиб, келин-куёвга зиён-заҳмат етишидан ҳадиксираб, тўйхонадан чиқиб кетишини талаб қилади. Пайтдан фойдаланган уч-тўртта шу қишлоқлик оғзига кучи етмаган аёллар унинг қандайлигини кўпчилик олдида юзига солиб, изза қилишади. Улардан бири бу жувоннинг гўзаллигини кўра олмаса, яна бири эрининг ақлу-ҳушини ўғирлашидан хавотирда эди. Ўша куни кўзлари алам ёшига лиқ тўлган Сумбула боласининг билагидан тутганча, иккиси тўйхонадан йиғлашиб, чопиб чиқиб кетишганини том устида қувлашмачоқ ўйнаб юрган болалар қатори мен ҳам кўрганимни элас-элас эслайман. Жувон энди одамлардан буткул йироқда, уззукун ўркач-ўркач адирларда, даштларда, қўй-қўзилари ортидан юрадиган бўлади.
Бу унга ҳаловат, тинчлик ва хотиржамлик бахш этади. Ўғли билан зерикмайди.
Ҳар куни уч-тўрт қўй-қўзини ҳайдаб даштга чиқар, оқшом чўкканида ўғлини опичлаб, мен яхши кўрган адирлик устидан ўтарди. Чиқиб келаётган ойнинг юзида турган бу аёлга кўзи тушган момом, ота-онам ҳар оқшом, албатта, у ҳақида бир гап очишади:
— Умри узоқ бўлсин-а, шўрликнинг, қақнусига ўт кетди-я, нима кўрди дунёга келиб…
— Шўрпешонанинг орзулари кўп эмиш.
— Уч совлиқ қўйининг қўзилаб олишини жуда-жуда истаяпти.
— Ҳа, бечорага қўшни қишлоқлик хотини ўлган бир тадбиркордан одам келибди, умримни боламга бағишлайман, деб кўнмабди.
* * *
Улғайгач, ўқиш мақсадида шаҳарга йўл олдим. Орадан йиллар ўтди. Ўқиш, иш, ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, бу жувонни буткул унутиб юбордим. Ўқишни битириб, шаҳарчада ишлаб қолдим.
Тағин қанча сувлар оқди.
Кунлардан бир кун қишлоққа қайтдим. Ўша таниш айвонда, оқшом тушган маҳал ўша ўзим севган адирликка боққанимча ота-онам ва яқинларим билан суҳбатлашиб ўтирар эдик. Бу пайтда “Қақнусига ўт кетди-я” деб дунёсига қўл силтаган момом аллақачонлар оламдан ўтган эди. Адирлик устида тўлин ойнинг бўй беришини, у аёлнинг жамолини кўришни жуда-жуда соғинган эдим. Узоқ тикилдим, ўша манзара. Ўша сочлари шамолда силкинаётган, чопон кийган аёл. Аввалгилардан фарқи йўқ. Йилларнинг шамоли унинг рафторига дахл қилмагандек эди. Аммо ёши ўта бошлагани билинарди. Балки уни билганим учун менга сезилар бу. Фақат қанча шамоллар эсиб, улардан бири азроилнинг “уфи” бўлиб, момомни бу дунёдан олиб кетган эди.
Бир замон қир устидаги ой юзида пайдо бўлган аёлдан сўнг кўпдан-кўп қўйлар тўдаси намоён бўлди.
У ҳақида гурунг-гурунгга уланади.
Ўша гурунглар кемтик бўлиб қолади. Боиси, момом бир оғизгина “Қақнусига ўт кетди-я” демайди.
Айтишларича, бу жувон энди қишлоқнинг энг бой, бадавлат кишиси экан-у, бироқ ҳамон отар кетидан ўзи юраркан.
Яна ўша аёлларнинг айтишича, у қанча бойиб боргани сайин, отарга ўзи бош бўлиши бошқаларга ишонмаслигидан, зиқналигидан эмиш.
— Анов… ой юзидаги қорамтир доғлар тоғлар эмиш, — гапни илиб кетади отам.
— Одамнинг ҳам сурати бор!
Яна анов ой юзидаги қорамтир доғлар аждаҳони эслатади. Бир замонлар қуёш тутилганида, у томонга сузаётган ой ва юзидаги аждаҳони, офтобимизни биздан тўсиб қўйганида одамлар ёвуз махлуқ уни еб қўяди деб ўйлаб қўрқишар, халойиқ ноғораю чилдирмалар чалганича урҳолар билан уни ҳуркитишга, ҳайдашга уринишаркан.
Орадан йиллар ўтди.
Қишлоққа тағин йўлим тушди.
Ўша қирлар, ўша ой… гўё орадан бир лаҳза ҳам вақт ўтмагандек. Қир устида эса аёл ёллаган икки чўпон бола.
Сурув-сурув қўй подаси, бойчўпон от устида – ой юзида отлиқ сурати.
— Чўпонлардан бири ўғлими? — сўрадим.
— Йўқ, ўғли катта шаҳарда фалон ўқишда ўқияпти!
— Йўғе, наҳотки? Ҳўв бир замонлар қишнинг совуқ кечалари Аъзамбойнинг дош ўчоғида ухлаб тонг оттирган она-бола-я? Ўқимасдиров, даштдан бери келмасди-ку, ўқийман деб бутун қишлоқни алдаб юрганлар қанча, ўқиш осонмасдир, — дейман.
— Ўқийди, ўқийди, — ҳамқишлоғим мени гапига ишонтиради.
Эй, қари дунёнинг катта-кичик болалари, ишонгиларим келади, ишонаман ҳам, бироқ хом сут эмган бандамиз-да, ғайирлигим ишонтирмайди. Йиллар ўтаверди, баъзан тортқилаб, баъзан юлқиб-юлқиб ўтаверди. Қишлоққа ўтдим. Энди бу сафар соғиниб-соғиниб ўтдим.
Энди мен ҳам улғайиб қолган, ўзимга яраша савлат ва ярашарлик гапим бор эди.
Шунда мен кўрган манзаралар ичида энг гўзалига яна кўзим тушди: адир устида йигит ва ўрта яшар аёл бир-бири томон шошарди.
Йигитни аёл бағрига босади.
— Ким? — сўрайман ҳайрон бўлиб.
— Ўғли, у катта одам бўлиб кетган, телевизордан кўрсатишди.
— Ким дейишади, исми нима?
— Ёзувчи Ёдгор Усмон.
— Мен бу кишимни “Қақнус”идан танийман.
“Қақнус”нинг мазмуни бундай эди:
Дунёда шундай илоҳиётга ва абадиятга дохил қуш бўлармишки, тирикликнинг ноҳақликлари, илҳақликларидан толганида нолакор қўшиғини бошлармиш. Унинг ғамгин куйидан, хазону хашаклардан бунёд бўлган инига лов этиб ўт туташар, ёнар, унга қўшилиб ўзи ҳам ёниб кетаркан. Замонлар ўтиб, яна бир замонларда, унинг ёнганидан қолган кулидан янги қақнус палапонлари дунёга келавераркан.
Бу киши, бу йигит эл таниган инсон.
Мен ва мен ишлайдиган кичкинагина ташкилот ҳам унинг раҳбарлигидаги бошқармага бўйсунар эди.
Яқин орада унинг улуғ бир ишлар қилганини эшитсам, асло ажабланмайман.
Чунки унинг ҳамон ой юзида юрган онаси бор!
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 25-сон