Баҳорнинг биринчи куниданоқ қалбимни азиз бир инсоннинг сиймоси қамраб олаётганини ҳис қиламан. Хотирамда унинг бор қиёфаси намоён бўлади. Шовқинли шаҳару ташвишларни бир четга суриб ўша қадрдон, мен соғингандан кўпроқ мени соғинадиган инсон қошига кетгим келади. Уни тушларимда кўраман. Қизиғи ҳамиша бир ҳолатда. Елкамда сумка. Мени кутиб бетоқатланиб турган қўшнимиз Исмат ака ва унинг машинаси. Қиблага қараб дуо бераётган отам. Кўз ёшини рўмоли учи билан артаётган онам.
Бу тун ҳам тушимда кўрдим. Шамол унинг рўмолини ўйнар, сочлари кўриниб турибди: оппоқ… Чўчиб уйғонаман. Тонг ҳали отмаган. Уфқда ёлғиз зуҳрогина милтиллаб турибди. Қия очиқ деразадан баҳорнинг илк сарин шабадаси киради. Баҳор — табиатнинг хотираси, инсониятнинг хотираси. Баҳор — эзгуликнинг хотираси. Баҳорнинг майин шамолига эргашиб хаёлларим мени олис болалигимга етаклаб кетади. Кетавераман… Кетавераман…
Осмон тиниқ эди, дарёлар шовуллар, гулханлар ловуллаб ёнарди. Мен етти-саккиз ёшли, ерга урса кўкка сапчийдиган, ўйиндан бошқа ўйи бўлмаган болакай эдим. Боғимизнинг бир четидан ариқча оқар, икки ёнида кўм-кўк майсалар, ялпизлар барқ урган. Тўрғай тургандан то Укки ухлаганча мен, ариқча ва қўшни қиз Зулпи — Зулфия ҳалак эди. Бизнинг овунчоғимиз ариқ, емагимиз сувга бўккан тешик кулча эди. Ариқчадан кулчани оқизиб ортидан қувардик. Мен Зулпининг кулчасини, у менинг кулчамни қувар. Кулчани тутган — ғолиб. Бу бизнинг, фақат иккимиз биладиган ўйин эди. Бир сафар унинг кулчасини тутолмадим… У шунақанги қийқириб кулди-ки… Бўғзимга нимадир тиқилди. Зулпининг олдида йиғламаслик учун онамнинг қошига чопдим. Зулпи қўрқоқ деганча қолаверди. Онамнинг тиззасига бошимни қўйиб йиғладим. Шунда онам:
— Тойчоғим, йигит киши қиз боладан ранжиб йиғлайдими? Бу сафар ютқазган бўлсанг, кейинги сафар ютасан. Йиғлама, у ахир дўстинг. Бор ўртоғинг кутиб қолди.
Мен қайтиб унинг ёнига бормадим. Деворнинг устига чиқиб ўтган-қайтганга ҳазиллашаман. Зулпи мени кутиб-кутиб кетди. Мен у билан бошқа ўйнамадим… Фақат бир куни…
Ўшанда онам тоби қочиб шаҳарда даволанаётганди. Отам эртадан кечгача далада. Биз ака-укалар навбатма-навбат мактабга борардик. Чунки уйда кимдир қолиши керак. Сигиримиз энди туққан, қўйлар қўзилаган, уларга қараш керак. Ўшанда мен энди сигирга йўнғичқа бериб бўлиб, Термизда ўқийдиган амаким совға қилган эртак китобни ўқиётгандим. Товуқларимизни боғ этагидан қувиб Зулпи келиб қолди.
— Юр ўйнаймиз, — деди у.
— Йўқ, — дедим. У ялинди. Кечгача ўйнадик. Фақат ютқазди. Билмадим нима учун?
Онам шаҳардан тузалиб келганида уйимизда ростданам байрам бўлди. Ўшанда Зулпиям келди. Ўша кунннинг эртасига улар шаҳарга кўчиб кетишди. Мен йиллар ўтиб ўша қиз бир куни менга энг яқин инсон бўлиб, тасалли беришини билганимда у билан ўйнаб, минг марта ютқазишга ҳам рози бўлардим. Начора…
* * *
Узоқ саёҳатга чиққан бир гуруҳ сайёҳлар ёввойилар маконига тушиб қолибди. Ёввойиларда шафқат йўқ. Кўз очиб юмганча бош қароргоҳга элтишибди. Атрофда гулхан ловуллар, ёввойилар одатига мос куй таралар, тутилган ўлжадан хурсандлигини нишонлашаркан. Бу ердан омон чиқиб кетишига кўзи етмаган кишилар ноилож тақдирга тан беришибди. Тўда боши бирининг қошига келиб, ўзининг тилида нимадир сўрабди. Бу тушунмасмиш. Шу пайт ўйнаб юрган болалардан бири йиғлаб онасининг қошига югурибди. Бола овозининг борича йиғлар, уни тинчлантириш иложини топишолмабди. Она боласини бағрига босган экан жимиб қолибди. Тўда боши она ва болани кўрсатиб, одамларга ишора қилибди. Нима деяётганини тушунган одам жон ҳолатда: ”Ҳа-ҳа, онам бор. Ёлғиз онам бор”, деб нола қилибди. Қолганлар ҳам шундай деб йиғлашибди. Тўда боши бир муддат ўйлаб туриб уларни озод қилиб юборибди.
Онамнинг дуоси мени сақлаганига бир неча марта ишонганман. Мактабни тугатган йилим синфдошлар билан лола сайлига чиқдик. Май ойининг охирлари лолалар сийраклашиб қолган, бориям тоғнинг бошида қолганди. Излаб-излаб тоғ бошида қолган биттагина лолани кўрдик. Чиқишнинг умуман иложи йўқ. Синфдош қизларимиз лолани узиб олишни шунчалик хоҳлаяптики, қани Аллоҳ қанот берса учиб лолани қўлига тутқазсанг. Биз йигитлар гоҳ тепадаги лолага, гоҳ қизларга қараймиз. Нима бўлса бўлди дедим-да, тепага тирмашдим. Ортимдан қизларнинг мени алқагани эшитилиб турар, бунга сари менинг кучим ошиб-тошарди. Бир амаллаб тепага чиқиб олдим. Лолага етдим. Пастда қизларнинг олқиши… Лолани уздим ва пастга улоқтирдим. Қизлар қийқиришиб лолага ташланишди. Мени… унутишди. Мен тоғ бошидан пастга тушолмай қолдим. Қизиқ энди пастга тушишда менга куч бағишлайдиган нимадир йўқ эди. Қулоғимга қизларнинг кулгуси кирмас, олисдан, жуда олисдан онамнинг болам деган нидоси эшитиларди гўё. Тушишим керак. Лекин қандай қилиб? Қўрқув мени енгиб борарди. Бир кўнглим ўзингни пастга от дерди. Аммо, инсонга бир туйғу берилган-ки, бизнинг бутун ҳаётимиз шу туйғу ҳукмронлиги остида ўтади. Бу — ғурур! Мен қизларнинг олдида, умуман тенгдошларим олдида чорасиз қолишдан кўра ўлимни афзал билардим. Шу пайт қирғий бир каклик боласини қувиб келди. Полапон жон ҳолатда ўзини камарга отди. Қирғий энди тутдим деганда, она каклик пайдо бўлди-да, фавқулодда қирғийга ташланди. Қирғий енгилмас қуш, аммо ўшанда у пастга қулаб кетганди. Бу ҳодиса бутун вужудимни қамраб олди ва мен пастга тушиб олдим. Ишонмайсиз, худди тепамда онам тургандек, қўлини менга узатаётгандек туюлди. Мен қўрқмасдан унинг қўлидан ушлаб тушавердим, гўё. Мен пастга бешикаст тушдим. Ўртоқларим ҳайратдан қотиб қолишди. Индамай уйга кетдим. Ўша куни онам мен учун қанчалик қадрдон, унинг соғ-омонлиги ҳаётида менга берилган бахтнинг ёрлиғи эканини тушундим. Уйга келсам, онам қаёққадир жўнаётган экан:
— Келдингми, билмадим, негадир кўз олдимдан кетмай қолдинг. Тинчликми, болам? Сенга нима бўлди?
— Яхшиям сиз борсиз, онажон!
Шундай деб унинг бағрига отилдим. Мен ўшанда яна бир нарсани аниқ тушундим-ки, онам учун ўлишга ҳам ҳаққим йўқ экан.
Бундан икки йил олдин онамни пойтахтдаги шифохоналардан бирига ётқиздик. Эрта баҳор кунлари. Операция 7 март кунига белгиланди. Бозордан гулдаста олиб шифохонага чопдим. Отам кутиб турган эканлар. Онамни сўрадим.
— Ҳозир олиб киришди, — деди ташвишланиб. Соат тўртгача кутдик. Ўшанда отамнинг сочи кўз ўнгимда оқариб бораётганини пайқадим. Болалигим тобора яқинлашиб, хотиралар исканжасида қолаётганимни англадим. Шифокор отамни чақириб кетди. Мен шу нарсани ҳис қилдимки, одам товонигача музлаши, бутун вужуди карахт бўлиб қолиши учун лаҳзалар етарли экан. Худо дейман, оёғимни ердан, қўлимни осмондан узма! Ўтираман. Тураман. Нима бўлса бўлсин — фақат онамни асра.
— Сен қайтавер, — отам бу гапни шунақанги хаста айтдики, бошида уни таниёлмай қолдим.
— Онам…
— Яхши. Жонлантириш бўлимига олинди. Кечки пайт палатага тушираркан. Мен ёнида қоламан. Сен боравер.
Хўп, дейман-у, гулдастамни бағримга босганча кўчага чиқаман. Туннинг узунлигини илк бор ўшанда кўрдим. Бир тунда инсон юз йил яшаши мумкин экан. Онамни эслайман. Қадрига етмадим деб юрагим потирлайди. Нега уни вақтида бошимда кўтариб юрмадим, деб эзиламан. Наҳотки, онам энди бу дунёда бўлмаса… Наҳотки, набираларини эркалатиб, мени улғайтирган эртаклардан айтиб бермаса. Бу узун умр давомида, бир умр эллик, олтмиш, етмиш йил онасиз яшаш… Худди биров суягимга игна ургандек дод деб юбораман. Чорасизликдан, қўлимдан бир иш келмаслигидан оҳ ураман. Тонг оқариб келмоқда. Тонг… Оқлик. Поклик. Бахтиёрлик. Менга қандай совға тайёрлаб қўйган экан. Тонггача касалхона атрофида ўралашиб, қуёш чиқар-чиқмас ичкарига чопаман.
— Ҳали жонлантириш бўлимидан туширмабди, — Бу отамнинг гапи. Отам кеча уйга бормаганимни билади. Индамайди. Кутиш залидаги ўриндиқлардан бирига ўтираман. Шу пайт елкамга бир қўл тегади. Оҳиста бош кўтараман. Фаришта монанд жилмаяди. Таниш табассум. Исмимни айтади. Ўрнимдан тураман. Бу ўша. Болалигимнинг бир бўлаги, бахтиёр дамларимнинг хотираси — Зулпи… Зулфия.
— Cен бу ерда нима қиляпсан?
У елкасини беозор қимирлатиб, эгнидаги оқ халатига ишора қилади. Бирдан эсимга тушади. У, ахир, шифокор бўлмоқчи эди. Уни унутганимдан хижолат бўламан. У ақлли қиз, мени тушунади…
— Холамни кеча кўргандим. Жарроҳлик хонасига киришдан олдин.
Қўлларини маҳкам ушлайман. Айни дамда уни қўйиб юборгим келмайди.
— Онам яхши эдими? Нима деди? Ҳозир қалай? Нега палатага олишмаяпти?
Зулфия бу саволлар қаршисида довдираб қолади. Аммо бироз жимликдан сўнг мени юпатади.
— Холам яхши. Бугун палатага олиб чиқишади. Сенга нима бўлди? Нега бунча довдираб қолдинг? Ўзингни қўлга ол! Ҳалиям йиғлоқи экансан-а, — у шундай деб жилмаяди.
Негадир айни дамда унга ишонаман. Хавотирларим тарқайди. Ахир, онамни кўрибди-ку. Бугун палатага олишаркан. Суҳбатимиз адо бўлмайди. Ўқишни тамомлашига бир йил қолибди. Амалиётга келган экан. Онамни бир кўришдан танибди.
Орадан бир ҳафта ўтиб онамга жавоб беришди. Ўша куни бу дунёда мендан зўр, мендан бахтли одам йўқ эди. Зулпининг — Зулфиянинг хурсанд бўлганини… Онам бутунлай соғайиб кетди.
Бугун онамни соғиниб, унинг мен учун қанчалар қадрли эканини сезиб, суратига тикилиб турибман. Бир ой олдин тушган сурат. Юзларида ажин. Сочларида оқ. Баданларим жимирлаб кетади. Онам қариб бораяпти. Мен ҳали қадрига етолганим йўқ. Ҳали бир кунлик заҳматига яраша меҳр беролганим йўқ. Қанийди, олис болалигим бир зумга қайтсаю ҳаммасини бошидан бошласам. Ҳар лаҳзамни онамнинг хизматига бахшида этсам. Тиззасига бош қўйсам.
Оналар фарзандини қарғамайди. Фарзанддан дили оғримайди. Койигандаям “Сени туққанча ўлсам бўлмасмиди”, деб ўзини қарғайди. Зеро, фарзанд дунёга келгунча онанинг жони гаровда! Бугун менга болалигим керак. Онамнинг қариб қолмаслиги учун болалигим керак. Бир кунгина… бир соатгина… бир лаҳзагина болалигим керак…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 13-сонидан олинди.