Саломат Вафо. Элат (ҳикоя)

Мен ҳар кун эрталаб, тунда кўрган мудҳиш туш таъсиридан туролмай ётар, бутун вужудимни қўрқув қоплар, чала-яримта билган калималаримни қайтариб, аранг қимирлардим. Эмишки, аллақандай исқирт ва расво мушук йўлимни кесиб ўтар, оёғимга ёпишиб, зорланиб миёвлаганича изимдан қолмасмиш. Унинг хира тортган, шилпиқ кўзлари, баъзан жонланиб, ёғдуланиб, неларнидир ёдга соларди. Болалигимда кечаси юришга қўрқар, бир жуфт чўғдай ёниб турадиган, ит ва мушук кўзларини кўришим билан орти-олдимга қарамай қочиб қолардим. У даврда элатда дов-дарахт яшнагани учун, ит-мушуклар кўп бўлар, ҳатто кечалари олислардан чиябўриларнинг улигани эшитиларди. Хуллас, чўғдай ёнмиш кўзларни эслашим билан, туғилиб ўсган элатим, гужумлар соясига яширинган уйим, онам хотирам қаъридан тикланиб келар, ана сўнг барча азоб-уқубатлар бошланарди. Гап шундаки, мен кўп йиллардан бери олис шаҳарда яшар, салоҳиятим билан шаҳарнинг энг бадавлат одамига айланган, қайга қўл узатсам етарди
. Лекин йиллар ўтиши билан элатимдан тобора узоқлашар, таниш-нотанишни унутар, йиллаб кўришмаган қариндошларим билан дийдорлашишга бир даъфа вақт тополмасдим. Балки, топмасдим.
Моноқда яшовчи қари онам элатга қайтаролмай куйди-ёнди. Гарчанд, қайт энди, келақол деб ошкора айтмаса-да, фикри-ёди менда бўлиб, бир ҳовуч суяк бўлиб қолганини билар, аммо буни-да қариликка, инжиқликка йўярдим. Онам ёз ойларида кўча эшига олдидаги гужумга орқасини бериб, ўтган-кетганни гапга солиб, тасбеҳ ўгириб ўтираркан. Мен элатга тез орада бораман, қўяман демасам-да, онам бари бир кутаверган, йўлларимга қарайверган, қиш ойлари деразадан қараб кўзлари толган. Унинг ана шу сукутида буюк бир норизолик, кўнгил тўлмаслик, бир оз гина, бир оз ўпкалаш бор эди. Баъзан укаларим, онамнинг касал бўлиб колишидан қўрқиб койишганида… бирдани…га… бирда…нига йиғлаб юборарканлар. Йиллар онамдай қатъиятли, ғайратли аёлга ҳам таъсирини ўтказиб, инжиқ ва асабий бўлиб қолган экан. Уйимиз катта йўлга яқин бўлгани учун — укаларим ҳамиша хавотир олишган. Онам эса қайсарлик, сукут ва сабр билан кутаверган.
Онамнинг вафоти ҳақида мудҳиш хабарни олган тонг, тушимда ул исқирт мушукни кўрмадим. Элат сари отланиб чиққанимга гўё кўп вақтлар бўлди, йўлим унмас, манзил сари етмас эдим. Фикри-хаёлим жойида эмас эди. Мен буткул ўзимни йўқотиб қўйдим, назаримда онам ҳали ўлмайдигандай яна кўп яшайдигандай эди. Ўлим деган ҳодисот, қайси бир маънода онамга тегишли эмас, онам ўлиши мумкин деган фикрни миямга сиғдиролмасдим. Ўлим бизга бегонадай эди. Умуман, бу воқеани қачонлардир содир бўлишини билсамда, бу хабарни бундай мудҳиш эканлигини, ўзимни шунчалар ўзгариб кетаман деб ўйламагандим. Бу хабардан сўнг дунё бўшаб қолди.
Мен яна ўша кўҳна ўйлар исканжасида қолдим.
У ўйлар — хаёллар мени еб тамом этди.
Етиб келсам, уй ҳувиллаб ётибди, аллақачон жаноза ўқилган. Дарвоза, уй, боғлар — ҳаммаси қариб, мункайиб қолгандай. Файзсиз. Онам ўтирадиган кўрпача йиғиб, (онам ҳозир туриб кетгандай) гужум айрисига илиб қўйилибди. Кўрпача, супа, гужумлар… ҳаммаси мавжуд… онам йўқ. Кўҳна чархнинг қисмат карвони онамни ҳам олиб кетган эди. Йўлга қараган аёлни… Дунёнинг моҳияти айрилиқлар, йўқотишлардан иборат экан. Онам, айнан кечикиб келишимни билгандай, сўнгги дақиқаларгача йўлимга қараб ётган, шуни бир кўрай дея, тезроқ юр ўғлим, дея илтижо этган.
Жаннатдан тушмиш фаришталар ортиқ кутмаган. Жаннатий онам.
Ана шундай (маржа хотини билан қўшмазор бўлсин) дуоибад этганда ризолик тилашмай кетган борган. Кетаверган.
Мен қабристонга етиб келганимда, қоровул бобой инқиллаб-синқиллаб, ҳатто сўкиниб, оғир ва қўпол дарвозани беркитаётган экан. Ўлим салтанати — дарвозаси, бошқа оламларга кетиш дарвозаси. Бу ерга ҳам дарвоза қўйилгани ғалати туюлди. Ҳа, ана шу мудҳиш дарвоза бағрини очиб, бир пайтлар зиёратга келадиган онамнинг, жонсиз лошини мангулик салтанати сари кузатган. Қоровул тобут кўтарган оломонни ўтиб кетганини айтиб, қайси томонга кетишганини қўли билан кўрсатди ва жойига тушмаётган дарвоза илгагини, аллақандай оғир темир билан «даранг-дуринг» уриб минғирлаб сўкинарди.
Мен ҳар гал келганимда, мени танийдиган одамлар бирин-бирин вафот этар, бегоналар кўпаяр, болалигимга боғлиқ хотиралар аста-секин Ваёнгондан жой оларди. Энди, мени биладиган одамлар элатда кам қолган, болаликка боғлиқ умримнинг жами хотиралари, Ваёнгонда бир кабр ўлароқ ётарди. Элатнинг файзи кетган, тенгдошларим қариган, ҳамма ёкни гугурт қутисидай бир хил уйлар босиб кетганди. Ичимдаги ётлик билан ташқаридаги ётлик учрашар, умидсизликка туширар, ўзимни жуда бир азиз нарсадан айрилгандай ҳис этардим… Мен у олис шаҳарда, ҳар ким бўлсам-да, ўзим туғилиб ўсган Моноқда ҳеч ким эмас эдим. Ҳар не бўлганда ҳам инсонни тугилган жойига, инсон англаб етмамиш, кўзга кўринмас, аллақандай ғайритабиий бир куч боғлар эди-ки, буни фақат энг яқин одамнинг мусибати лаҳзаларидагина бир қадар тушуниб етгандай бўласан.
Балки, бу нарса, шу пайтгача — онам қиёфасидага Ватан тимсолида гавдаланмиш эди.
Наҳот тириклик қисмат деган ёзиқнинг алал-оқибати шу бўлса дея ўкинардим.
Ичкарига қадам қўйишим билан рутубат аралаш ёмғир, чириган ўт-чўп, балчиқ ҳиди бурнимга урилди. Биринчи одимданоқ, ўликлар салтанати деган ўй миямга келди, одамлар ҳамма оламларда салтанг бўлиб яшаркан. Қанча юрганимни билмайман, бир жонзот жонҳолатда оёғимга ташланди. Қариб-чуриб кетган исқирт мушук жон азобида, ўнг панжасини ердан узганича миёвларди. Иримчи одам бўлганим учун, бир одим изимга қайтдим, кўнглимга ёмон нарсалар келиб сескандим. Миямда аллақандай қора фикр ярқ этди: худди шу ҳолатда ўтирмиш қари мушук шаҳарда тушимга кирганди. Бадбахт мушук, тушимни шундай очиб, кириб келаверган. Изимга қарасам қоровул чолдан асар ҳам йўқ, (уни кўрганмидим?) темир дарвоза ҳеч қачон очилмагандай, жойида собит турибди. Олисдан узоқлашиб бораётган оломоннинг ғала-ғовури, шиддатли гувиллашга қўшилиб қулоғимга урилди. Яқингина жойда қуюн қўзғалаётганди. Тахи бузилмаган рўмолчам билан юзимни артдим, кўзимдан ёш чиқибди. Юрагимни ғуссага тўлди
рмиш хабар, хароб манзараларга, шаҳарда анча нозиклашиб қолмиш юрагим бардош беролмамишди. Замонларнинг ўзгарувида, бу ер, тош ётқизилиб, девор билан ўралган бўлса-да, қабристон деярли ўзгармаган, ваҳимали маҳобатини йўқотмаган эди. Қабристоннинг кўрқинч суврати болалигимдан юрагимда сакданиб қолган, жин-ажина, темир тирноқ деган ривоятлар таъсирида улғайгандим. Қабристон узра таниш ва нотаниш одамларнинг мусибати осилиб турар, ҳеч нарсадан хабардор бўлмаган чоғда ҳам, аллақандай мудҳиш фожеанинг қора кўланкаси сезилиб турарди. Бунда вақт ҳам, замон ҳам қотиб қолган, фақат унда-бунда қовжираб қолмиш рангсиз ўт-ўланлар, юлғунларда ҳаёт асари сезилар, паст-баланд туғларга богланган аламлар аламли ҳилпирарди.
Ҳали онамни қабрига узоқ, ёғингарчилик бўлиб, пастликдаш ерлар ботқоққа айланиб, четлаб ўтмагунча юқорига чиқишим мушкул эди. Мушукни босиб олганимдан сўнг, вужудимга толиқиш ҳис этсам-да, тезроқ оломонга етиб олиш учун, одимимни тезлатдим. Чор-атрофни тўзғоқлар қоплаган, бор-будидан айрилган кулрангидаги қамишлар, юлғундан тортиб, катта-кичик қабрларгача — бир рангга, ўлик сукунат рангига қўшилиб кетган эди. Атрофга огир жимлик чўккан, бу ер дунёдан айириб, бўлиб, мажбурлаб олинган, мангу ўлим сатганатига ўхшарди. Мен тобора ичкариларканман, ўлимнинг мангу хўрсиниқ ва ичикишларини равшанроқ эшитар, аллақандай ҳадик билан одим ташлардим. Шўрхок ерларда тойғониб, йиқилиб-суриниб, қимматбаҳо кийимларимни авайлаб юқориларканман, эски ва ғариб қабрдаги ёзувга кўзим тушиб қотиб қолдим.

Пирим бува

Ё, Тангрим Пирим бувадай одамнинг ўлганига тўрт йил бўлибди, бехабар қолаверибман. (Ана, хабардор бўлдинг дейлик, энди нима дейсан?). Шаҳарда тинчлик бермайдиган ўйларнинг, хотиранинг бир қисми — Пирим бувага ҳам боғлиқ эди. У одам: хотиндан куйган эди. Урушдан келса — хотини эрга тегиб кетган, янги олган хотини ҳам буни ташлаб кетиб қолади. Қайтиб хотиннинг юзига қарамади у, дунёда унинг учун хотин зотининг мавжудлиги бекор эди. Кўнгилчанг, юввош, сўқкабош бир одамнинг қаҳри қаттиқлигига ҳайрон қолар, тобора бу одамга боғланар эдим. Онам қишлоқ шўроси бўлиб ишлаганида, колхоз от-арава берган, Пирим бува бизникида яшарди. Элатдагилар уни кар ва соқов деб ўйлашарди. Пирим бува одам боласи билан элакишмагани учунми дудиқлана-дудиқлана «унасин-унасин» дерди. Бу унинг «ундан сўнг.. ундан сўнг» дегани эди. Гап бошлайдиган бўлса, асосий сўз луғати шу сўздан иборат эди. Ичиб олган кезларида тиллари ечилиб кетарди:
— Алимни отиб ташладим, кигиз қўйиб. Блат. Уч йил ёғоч милтиқ кўтариб, бировларнинг кўйлак-иштонини ювдим. Сука. Битларига утик босдим. Ҳаммаси жонимга тегди. Тфуу… Отдим ташладим, ё ўлай, ё қолай дедим. Сволоч. Юрагингни қуртини ўлдириб гирмон билан урушмасанг, қоп кўтар, идиш-товоқ юв… Кесам аҳвол бу… Ҳе энангни…
У билан беда келтиришга борган пайтимиз умримнинг энг гўзал лаҳзалари эди. Буванинг тили билан айтганда, йўнғичқа келтиришга борардик. Бедазорда беданалар сайрар, беда гулининг бошни айлантирар иси, отнинг пишқириб-пишқириб қўйиши, Пирим буванинг вақти чоғ ҳолларда, олмонча, ўрисча аралаштириб, бевафо хотин ҳақидаги қўшиқлари.. бари гўзал эди. Азбаройи отларни яхши кўрганимдан Пирим бувага ёпишиб олган, каттагина бола бўлсам-да, бирор жойга кетар бўлса, хархаша этардим. У эса менга эзилган, қотиб кетган, рангдор қоғозли конфетлар берарди. Сўнг у қариди, Тошҳовуздаги уруғлари олдига кетди, мен олис шаҳарга ўқишга жўнадим. Бир сўққабош одам ҳакдтсаги хотира шундай эди. Шоша-пиша юзимга фотиҳа тортиб тез қўзғалдим.

3442. Отаназар Собир ўғли

Уч минг тўрт юз қирқ икки рақами билан тупроққа қоришмиш бу одам бир минг тўққиз юз етмиш олтинчи йилдан бери, муҳаббатдан қон талошмиш юрагига, қўлини қўйганича — мангу уйқуга кетмиш. Наҳот кўз очиб юмгунча фурсатда, бу эски чархи-дун йигирма марта айланишга улгурган экан. Хотирам кўкида бир қора кун ўтиб эди. Ўз никоҳ тўйи куни ҳалокатга учраб, ҳалок бўлган куёв фожеасини сира унута билмасман. Орадан не-не бахтли-бахтсиз, саодатманд-саодатсиз кунлар ўтдики, аммо у дард сақлаб кўйилмиш майдай тобора ўткирлашар, вақт ўтган, ёшим улғайган сайин — бу фожиа даҳшатини яхши англар ва ҳис этардим. Мен шаҳарда пайтимда ҳам, бу воқеани қандай содир бўлгани ҳақида ўйлар, турли тахминлар этар, бутун Моноқ элати ойлаб мотам тутганини эслардим. Бахтсиз тасодифнинг ҳам, энг бахтсизи эди бу тасодиф. Бу тахлит фожиа ҳали ҳеч қандай ёзувчи томонидан ёзилмаган, усталик билан биров томонидан уюштирилганга ўхшарди. Назаримда Отаназар қаттиқ уйқуга кетган, бир кун, келин қабр
бошига келар бўлса, бир силкиниб туриб кетадиганга ўхшарди. Агар, бир кун Аллоҳнинг назари тушар бўлса, унинг қиёматдан ҳам олдин тирилишига, танасининг жавҳари ҳаракатга келиб, илгари ҳолида бунёд бўлади деб ишонардик. Чунки, у навқирон, келишган, ҳатто ўлимнинг ҳам раҳми келадиган даражада ёш эди.
«Ҳатто, ўлим ҳам севмишдир уни».
Қабристоннинг баланд жойида йигирма йилки, қаттиқ сукут билан кўзини йўлга тикиб ётар, қачондир, қайси кундир, нимадир содир бўлишига шай бўлиб ётмишди.
Қабр ҳам — Отаназарнинг ўзига ўхшаб, баланд ва мағрур эди. Келган-кетган оромини бузганидай совуқ ва мағрур тикилар, эгасига садоқат ва меҳр кўргазиб собит турарди.
Улуғ энамизни мангу майиб этмиш бу фожиани келин унутиб ҳам юборгандир. Баъзан оғир хотираларга берилганда кўзига ёш ҳам олиб қўйгандир. Ўша йили ўзгадан туғилмиш ўғли, йигирмага ҳам кириб қолгандир, балки. Нақл этишларича, муҳаббатда телбалик бормиш, айнан шу телбалик рамзи ўлароқ ётмишди бу ерда оғамиз. Айни шу телбалик унинг ишқида зоҳир эди.
Қабристоннинг тупроғи жуда оғир эди, бунда — орзу-армонлар, изтироб ҳаваслар паноҳ топмиш инсоннинг мангу навқирон кўнгли кўмилмиш эди.
Тезроқ боришим лозим эди, оломон аллақачон кўринмай қолмиш, кунботардан қаттиқ шамол эса бошлаган эди.

9482. Оводон

Мен уни расмидан танидим, бу ўша мактабнинг битирув кечасида тушган расмдан каттайтириб ишланмиш расм.
О в о д о н.
Мен шу қизни бир вақтлар юрак-бағрим куйиб-куйиб севмиш эдим. Мен унинг ҳажрида не-не тунларни уйкусиз оттириб, уни биргина кўрмак учун, биргина билмак учун, биргина ҳис этмак учун олис пахта отизларга пиёда бориб келардим. Келар йўлларини қарардим…
Унинг эшигидаги ҳар бир нарсага, ҳатто қари толга ҳам ҳавасим келарди. У кунлар — нечоғлик тоза ва самимий юрагим бор эди. Юрагимни очмай, бир оғиз гапиролмай, шаҳарга кетиб қолдим. Икки-уч йилдан сўнг, унинг юрак хуружидан вафот этганини эшитдим.
Қайғурдим ва унутдим.
Оводоннинг ота-онаси дунёдан ўтиб, қаровсиз ва кўримсиз қолмиш қабрда биргина нишон, йўғон ўрим сочини олдига ташлаган, ҳали очилмаган ғунча, ўспирин, гўзал қизнинг расми бор эди. Йиллар кабристонни четлаб айланаверган, овлоқ қабристоннинг, овлоқ гўридаги ўспирин сиймо, мижжасидан бир томчи ёши оқай-оқай деб, хиёл жилмайганича, навқирон ҳолида қолмиш эди. Макон ва замон мақомлари — бу ерда бекор эди. Навқиронлик ва ўлимда бир-бирига зидлик, қарама-қаршилик бор эди. Энг баланд авжда — карсиллаб цинган бир ёвуз товуш бор эди — бунда.
У нечук гўзал қўшиқлар айтмиш эди, энди у янгроқ товуш, нозик бадан, қора сочлар, қора кўзлар, қабрнинг қай буржида сочилиб, сочилиб ётибди, у қўшиқлар, ҳаяжонлар, ҳайратлар, оташлар қай тупроққа сингмиш экан.
Энди — у Оводондан бир уюм ғишт ва шу эскириб кетган расм қолмиш эди. Унинг расми бу харобот аро бир кўмак истамишдай, номаълумликка кўз тикиб, қорачуғларида ҳайрат, ҳаётга муҳаббат акс этиб, тикилиб тураверади, тураверади. Ўн беш йилки, тонг отади, ваҳимали тун чўкади: қор-ёмғирлар ёғади, қаҳратон авжига чиқади, ойлаб одам қадами тегмайди… у эса яна аллақандай илинж билан тикилиб, кўзидан бир томчи ёшини оқизай-окизай деб сукут билан қараб тураверади.
Ҳоримайди, қаримайди.
Кўнгли — сукутда эди.
Мени бу расм ёмон этди, кўз ёшларимни арта-арта аранг ўрнимдан жилдим. Шаҳарда йиғлашни унутиб қўйгандим, димогам ачишар, кўзимдан тинмай ёш оқарди. Унинг юриш-туриши, кулишларини эслардим, юрагим «дук-дук» урарди. Энди менга бори хотиралар, хаёллар, ўтган бир куним ҳам — армон эди.
Мен ким эдим, ким бўлдим, шаҳардаги изтиробу ўртанишларнинг сабаби не эди? Бари хотираданми, фақат хотирагина, болалик кунларимгина, шунча қийнаб, оромимни олдими?
Ким кабрга расм қўйишни ўйлаб топган бўлса, ўшанинг гўри расмсиз қолсин. Кун оға бошламади, хаёлимни бир жойга йиғиб, жадалламасам, оломоннинг изидан етолмаслигим аниқ эди.

2813. Раис

Олди соябонли шапка, ҳарбийча галифели чолвор, камзул ва этик кийиб юрмиш бу бадқовоқ одамни, кари чоллар кўрса-да, тили калимага келмай қоларкан. Асрнинг лаънат тамғаси унинг бўйнига осилган эди: тунлар маигала ёкиб ярим тунгача хотинларга кўсак тердирган, ғўзапояни ўроқ билан ўрдирган, яна хотинларга арава ва замбарда далага гўнг ташитган экан. Ёшгина бир аёлни ёниб турган тандирга ташлаган, пахта вақтида нон ёпгани учун деган миш-мишлар юрарди. Уруш пайти эркаклар кам бўлгани учун, у қанча келин ва ёш қизларнинг номусини булғаган, онам фалончи ўшанинг харомзода ўгли, дерди.
Болалигимда бу одамнинг исмини билмасдим, барча болалар каби, бир сўз билан «рейис» деб атардим. Ўша вақтда элатда биргина «Победа» машинаси бўлиб, уни ҳам шу раис минарди. Раис ва «Победа» иккаласи бир кунда туғилгандай, бир-бирига мос ва тенгдош эди. Иккаловининг қўпол ва ноёб нусхалигида, аллақандай яқинлик бор эди. Хотирамда қандайдир ёвуз дев – юрагимнинг қўрқинч деган тушунчасига, мангу маъбуд бўлиб қолмиш эди.
Ўликлар ҳам раис зулмидан қўрққандай баҳайбат қабр ёнидан олисроққа силжиб, қабристоннинг бир тарафага пўсиб олмишдай эди. Раиснинг ўғиллари отасига сий-иззат кўрсатиб, гўрига маҳаллий ҳайкалтарошлар ясаган ҳайкал қўйишганди. Ҳайкалнинг ёзу-қиш, қушлар ўтириб ташлаган боши аллақачон тешилган, ичига аллақандай куш уя қуриб олган, бурни учиб кетган, ҳайкал ўрнашган супа бир тарафга оққан, у олисдан саждага бош қўяётган, мияси тешилган одамни эслатарди.
Инсон бари бир ўларкан, бунча зулм, хиёнат — гуноҳларни нечун киларкан, деб ўйладим. Ва яна ўзимга жавоб бердим: ҳеч ким ўлимни бўйнига олмайди, ҳар ким ўзини мангу деб ўйлайди. Бу сафга ўзимни ҳам қўшиб қўйдим.

11868… 14478

Бу кичик тепаликларнинг айримлари устида рақам бор, ёйилиб кетганларида, ҳеч қандай нишон йўқ. Ўша атрофда тартибсиз сочилиб ётган эски-янги бешиклардан, бу қабрчаларнинг кимга тегишли эканини билиб олдим.
Б о л а л а р.
Айни шу сукут ўлкасида, жажжи қабрчааар шаҳрининг қад ростлашининг ўзи аламли, армонли эди. Суврат шаҳар харобалари.
Яна қуюн кўтарилди, шамол этагига шўрхок тупроқни, янтоқларни, эски қабрларга тикилган аламларни юлиб олиб, қабристон ичида чарх урар, ғувиллаб нола этиб, тобора ҳаддидан ошарди. Қуриб битган саксовуллар, оғочлар, бешиклар чайқалиб овоз чиқарар, буларнинг ҳаммаси шамолнинг гувиллашига қўшилиб, кишини ваҳимага солувчи оҳанг пайдо этган эди.
Бешикларни нега ташлаб кетишди, ул бағри куюк ота-она шу тахлит – фарзанд доғини унутмоқчи бўлганми? Инсонга хотира деган нарсанинг не кераги бор эди, у инсонни азоб-уқубат исканжасида сақласа? Бу қўркинч салтанати комида яланғоч бешиклар. Кўнгилни бузар, беихтиёр бориб ҳаммасининг устига гавҳарпўшт ёпганг келарди. Қабристонда сочилиб ётган бешиклар, майит тахталар, атамлар устига қадалган аламлар, энг машҳур рассомнинг хаёлига келмайдиган, келса-да, бу манзарани борича тасвир этолмайдиган — қора, қоп-қора манзара эди. Не бўлганда ҳам бешик ва қабрнинг ёнма-ён ётувида, инсон умрининг ибтидоси ва интиҳоси акс этмиш — совуқ фалсафа бор эди. Ҳақиқат ўзининг узун умри мобайнида, биринчи марта шу ерда, қабристонда рўйи-рост, юз фоиз ҳақиқат мақомида акс этмиш эди. Фақат — ўлимгина ҳақиқат эди.
Ҳар не бўлганда ҳам, бу иккала ашёнинг инсон ҳаётида муҳим ўрни бўлиб, ёвуз қисмат буни аллақачон англагандай, бандасига ненидир айтмоқчи бўлиб, қабр ва бешикни ёнма-ён қўймиш эди.
Қабрларда қачонлардир онасининг иссиқ қорнидан ажраб тушган, ҳали дунёни англамасдан туриб, тупроққа қорилган норасидалар ётарди. Ким билади, улар ўлмаганида дунёдаги энг буюк ва машҳур одам бўлармиди? Бир вақтлар онам менга, сени беш нафар уканг Ваёнгонда ётибди, дегувчи эди. Улар қаерда, қандай ётибди, мен буларни билмасдим, кўрмаганим учунми — юрагимда унчалик раҳм-шафқат уйғонмасди. (Ана инсон психологияси.)
Бир кун келиб буларнинг ҳам ота-онаси дунёдан ўтгач, норасидалар унутилади. Хотира шундай шафқатсиз кучки, у ўликларни тез унутиб, енгил тортади. Ҳали қотиб улгурмаган суякларни, мурғак этни, қоп-қоронғи ваҳимали ер ости — киприк қоқмай ютиб юборади. Тамшана-тамшана янги қурбонларни ютишга чоғланиб, яна неча-неча юз йиллар қоронги гўрдай оғзини очиб ётаверади.

3 А. 2793. Итлар салтанати.
(бу ерга ҳам техника асри етиб келибди)

Юра-юра қабристоннинг ташландиқ бурчагидан чиқиб қолибман, бу ерга ҳеч қачон одам оёғи етмагандай, ҳаммаёқ харобот, ҳар хил латта-лутта, цинган майит тахталар, синиқ ғишт уюмлари, гуллаб қуриб қолган қамишлар синиб сочилиб ётар, қор ёққандай чор-атрофни тўзғоқлар когшаб олмиш эди. Вақт ўтиши билан бу ер, қабристоннинг ахлатхонасига айланган, ҳаммаёқни юлғун ва тўронғил босиб кетган эди.
Шу маҳал ердан чиқтсими, осмондан тушдими, ўнлаган катта-кичик, бирининг оёғи майиб, бирининг кўзи кўр, бирининг думи кесилган итлар… майиб итлар галаси отилиб чиқди. Ҳам қўрқув, ҳам ҳайратдан қотиб қолдим, оёқ-қўлим — вужудимдан жон қочди. Мени тилка-пора этиб, суягимни ғажишга тайёр, юртнинг итига ўхшамас, матла жуни осилиб қолган, бизникилар «маржа ит» дейдиган, бўйи бир қарич, соқоли икки қарич қаровсиз итлар жон-жаҳтси билан ҳурар, арвоҳдай озғин, қип-қизил эмчакларини селкиллатиб юрган, қанжиқлар бошқаларининг оёғи остида қолиб аянчли ангилларди. Гўё ўз тасарруфидаги сарҳадга мени яқин йўлатмас эди. Итлар менга ташланиш борасида, кўзи қонга тўлиб бир-бирини тишлар, ҳар тарафга қочар, каттаси кичигини, кучлиси ожизини ўмгани билан уриб йиқитарди. Бир-бири билан омонсиз талашар, бир-бирини ғажишарди. Назаримда бутун дунёнинг майиб-мажруҳ, исқирт-очкўз, оч ва дайди итлари, шу ерга, дайди итлар маконига йиғилмиш эди. Итларнинг бўйнига эски ҳар хил
рангдор тасмалар, қўнғироқчалар тақилмиш эди. Барининг саси ҳура-ҳура буғалиб қолган, кўзлари қон қуюлгандай қизил ва маъносиз эди. Уларнинг ичида йирик келбатлиси, афтидан сардор, тола-тўпга қўшилмасдан бир четда виқор билан ўтирар, жунлари арслон ёлидай парваришлаб ўстирилган, пайдор ва бақувватлигидан, Нойила тоторнинг содиқ фарзандларидан бири эканлиги билиниб турарди. Сардорнинг кўзлари беҳафсала, бефарқ, гуссали боқар, тўданинг талашув ва ҳуришига дунёнинг сир-синоатини билган қариядай жимгина тикиларди. Қайдандир эшитилмиш ҳуштакка улар, қандай тез пайдо бўлган бўлса, шундай тез кўздан йўқолди.
Манглайимга йирик-йирик томчилар тушди, тавба, қабристонда ҳам ёмғир ёғаркан, шамол бўларкан, менинг назаримда ҳамма нарса қотиб қолгандек эди. Тўзғиб ётган қамишлар орасидан аста мўраладим, ярми ўприлиб кетмиш, эски қабр атрофида ҳалиги тўда, интизомли аскардай чўзилиб мудраб ётишарди. Итларнинг эски пўстакдай ерга қапишиб ётмиш бу ҳолати, яқин орада турганга, бирор емак еганга ўхшамасди. Улар, бир кунда вабога учраб дувва тўкилгандай, бир арава этиб, ахлатхонага келтириб ташланган ахлат уюмига ўхшарди. Қабрда на ёзув ва на-да бир нишон бор эди. Сомон сувокдари кўчиб, нураб, чор-атрофини ўт-ўланлар, қамишлар босиб кетган эди.
О, мен аллақандай ички сезги билан бу ташландиқ итлар қароргоҳини, кимнинг қабри эканлигини билиб олдим. Ҳар бир овул, қишлоқнинг қайси бир жиҳати биландир машҳур одами бўлади. Мен ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган одам — элатнинг энг «машҳур» одами эди. Вақт-бевақт бизнинг элатимизга, келинга қалин пули тўлаш оғир бўлгани учун, қўли калтароқлар, олис Русиядан хотин олиб келадиган одат чиқаришганди. Баъзан, элатда фалончининг ўғли ўрис хотин олиб келибди. Ёки, фалончи армиядан тотор хотинга уйланиб қайтибди, деган гаплар оралаб қоларди. Нойила тотор шу тахлит элатимизга келиб қолган эди. Худо раҳмат қилгур Нойила ўзи аслида яхши хотин бўлгандир-у, «комсомол тўйи»га юзини, қош-кўзини шундай бўяб чиққандики, умрида бўёқ нелигини кўрмаган хотинлар, элат одамлари, бу бўялган хонимни кўриб эси оғиб қолаёзди. Кўп йиллар гапириб юришди: «Нурмат чўқли, ўрисди юртидан, кўк кўз қўрчоқ катирибди», деб. Одамлар қаттиқ кўйган эканми, шу-шу, Нойила тотор ўзга сайёрада
н келгандай, ўлгунча сафига қўшишмаган. Бу элнинг одати ғалати эдики, бир умр яшаса ҳам, тўй-ҳашамига аралашса ҳам, келган одам, ёт бўлиб қолаверади. Бир қарич болагача, анови Нойила тоторми, бурнигача краска сурадиган, дерди. Бунинг устига у элатимиздаги ўрис тилини биладиган яккаю-ягона одам бўлгани учун, баъзи ярамас одамларга юмалоқ хат ёзиб берадиган одат чиқарганди. Яна бир тарафи Нойила тоторнинг фарзанди бўлмай, бор меҳрини ит ва мушукларга бермишди… Элат четидаги, эски чала битган қўрғони итларнинг чинакам қўрикҳонасига айланган эди. Бир қарич чўнтак итларидан тортиб, оғзидан сўлаги оқиб ётган эшакдай-эшақдай булдўқ итларгача бор эди. Итларнинг ирсий тараққиёти акс этадиган, тирик музей эди у қўрғон. Қаланғи-қасанғи кучукларни аллақандай топиб келтирар, уларни кўпайтириб, итлар салтанатининг маликасига айланган эди. У элатдагилар билан сира тил топишолмас, талашар-тортишар, айниқса, болаларнинг жиғига тегар, уйи яқинидан ўтиб қоладиганларин
и, итларга қувлатиб, ҳузур қиларди. Баъзан жаҳлдан буғилиб:
— Казир аларға итарман (яъни итларга), алар силарди, олордо кўяр, сволочи, деб қичқирарди.
Шўрлик тотор ўлгач, итлар ҳам бунга келмиш, энди улар солиҳ бир фарзанд ўлароқ, тоторнинг йўқ шаънини ва мулкини қўриқлаб ётишарди.

Ж. 3383. Шариф сурнайчи

Тўй-пўйдан бўш вақтда Шариф сурнайчи, болаларни йиғиб, аллақайдаги гапларни гапириб ўтиришни яхши кўрарди. У, оғзидага носни туфларди-да, бошини мағрур кўтариб, мен ўлигимни Моноққа кўмиш учун келганман, сўнг гўрда тинчгана оёғимни узатиб ётиб, сурнай чалиб ётаман, деб қоларди. Биз, тирик одам ўз ўлигини қандай кўмаркан, борди-ю бу иш амалга ошса сўнг, қандай сурнай чалиб ётаркан деб, ҳайрон бўлардик. Семиз бақалоққина сурнайчи кўзимизга бошқача кўриниб, қўрқиб қочардик ҳам. Атрофда одам йўқ пайтлари, масхаралаб, кесак отиб қувлардик.
Асли, Моноқда, қирқидан ошган одам сурнайчи бўлмас, деган нақлнома гап бор эди. Лекин Шариф сурнайчи қирқидан ошганда сурнайчи бўлиб, бу гапнинг пучлигини исботлади. У олис шаҳардан одамни, қирқидан ошса-да сурнайчи бўлишини исботлаш учун, Моноққа келгандай, қирқидан ошди сурнайчи бўлди қўйди. Умуман, Моноқ тарихида қирқидан ошган одам, сурнайчи бўлганми йўқми, билмайман. Бу мақол, қайси тоифа одам учун, қачон айтилганлиги билан ҳам қизиқмаганман. Фақат, қирқидан ошган сурнайчи бўладими, деган гапни биламан. Туриб-туриб, нега энди айнан, қирқидан ошган одам сурнайчи бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Бу гапнинг энг тўғри маъноси, қирқ ёшгача бир ҳунарнинг бошини тутмаган одам, қирқдан сўнг бало ҳам бўлмайди дегани бўлса керак. Лекин, бари бир, бизнинг Шариф сурнайчи, бу гапни синдирди-да.
Айтишларича, ёшлигида уни савдойи деб, касалхонага ётқизишган куйи, элатга қайтиб келмаган, бизга номаълум умрини ўша ёкларда яшаган. Шу вақтгача шаҳарда қандай яшаган, не юмушлар билан тентираган, бир Худога аён эди. Бу ҳақида қаҳрамонимизнинг ўзи сира гапиришни суймасди. Энди, фақат шу тупроққа кўмилиб, оёғини узатиб ётиш учунгина бу ерларга келиб турган экан.
Одамлар уни сурнай чалишига ҳам, ўзига ҳам бирдай муносабатда бўлар, ҳеч ким тўйга айтмас, у эрталабдан тўй жойида хизматини адо этиб, эл қатори қорнини тўйдириб кетаберар эди. Камбағалнинг бир тўйгани, чала бойигани-да.
Энди билсам, Шариф сурнайчи, орзусига етган, ўлигини бунга кўмиб, қабр устига кўчқор шохларини қўндириб, бамайлихотир ётарди. У дунёдан ғариб, мискин ва бефарзанд ўтгани учун, савобталаб одамлар томонидан, қабрига оҳакдан ганч ўйилиб ишлов берилганди.
Олисдан сурнайчининг гўри қабристон гўрларидан айрилиб, мармар қасрдай оқариб кўринарди.

Г. 8463. Онам (1927-1992)

Шу ерга келганда, руҳи жонимда бир ўзгариш юз бериб, безгак тутгандай титрай бошладим. Мен шайтонлай бошладим, ҳамма ёғим тортишиб, юз-кўзларим «пир-пир» учиб, тобора ҳолдан тоярдим. Ичимни қўрқинч, алланимага зориқиш қоплаб олган, қаддимни тик тутолмай қийналардим. Оёғим остида алланима аянч билан вағиллади, яна ўша касофат, хосиятсиз мушук, қабристонни бошига кўтариб миёвларди. Дайди ит, мушукларнинг кўзига яқинидай кўринаманми, улар ҳар жойда мени топишар, изимдан қолмай эргашишарди. Бир ховуч суяк бўлиб қолган, увада бўлиб ётмиш жунлари орасидан, учбурчак бошини аранг кўтариб миёвларди. Бир қарашда, хароб ҳолати билан бутун умрини қабристонда ўтказганга, нгу ернинг ажралмас бир бўлагига айланиб кетганга ўхшарди. У ҳар миёвлашига олам-жаҳон куч сарфлар, заиф танаси титрар, бўғзидан ҳар хил саслар чиқарди. Яна бир оз шундай турса, худди шу ҳолатда қотиб ўладигандай эди. Не мақсадда изимдан қолмаяпти. Бу бехосият мушук, киссаларимни ушлади
м, егуликдан асар йўқ. Тан олиб айтишим керак эдики, айни шу ҳолатда, мушук ва менинг қисматимда ўхшашлик бўлиб, ҳар иккаламиз бу ўлик салтанатда: дайди, хўсторсиз, нажотталаб эдик. Қисмат ҳар иккимизнинг ҳам йўлимизни — шу ерда бирлаштирмиш эди. Мен бехосият мушукдан айрилиш учун, гандираклай-гандираклай юқорига ўрмаладим, мушук онасидан айрилган боладай, шўрхок тупрокда сирғалиб, ўт-ўланларга ёпишиб жон ҳолатда тирмашарди.
Ақлу ҳушдан айрилган девонадай, довдираб, қабристонни уч марта айланиб чиқдим, онамнинг янги қабри, жаннат тасарруфига ўтиб кетган ҳудуддай йўқ эди. Гўё улуғларнинг қаҳри келган, онасидан кечган ватангадонинг жазоси шу деган-у, жаннат дарбозаларини беркитган. Қуёш ботаётиб, қабристонни мангу ваҳм ва қўрқув сукунати қопладики, мен қабрни тополмасдим. Юлғунларни ушлаб, тетапоя боладай юрарканман, ёввойи бир сас билан она, онажон дердим, ўзимни лаънатлаб йиғлардим. Мен кўпроқ йиғлашга ўргана бордим. Ана шу лаҳзаларда бутун умрлик ҳаётим учун, олис шаҳарларда қолиб кетганим учун, Танфига минг тазарру айтдим. Агар, Аллоҳ амр этиб, шу лаҳзада онам қайтадан тирилар бўлса, бутун умр пойининг гардини артиб ўтишга, умрим шомигача хизматида бўлишга тайёр эдим.
Онам, о кўзимнинг нури, онам!
Бу ёзғиришларим — баттар телбалантирар, энди мен фикрлай олмас, руёга айланмиш дунёмни остин-устин этарди. Бир замон, яқингинада чалинган сурнай сасини, ит ҳуришини эшитдим. Ана дедим, Шариф сурнайчи менга раҳм этиб — ёрдамга чоғланди. Нойила тотор буюк ва итоатгўй лашкари билан хизматга чогланди. Улуғ хизматга. Мен сеҳрланмиш жонзотдай у сурнай ҳоким бўлмиш маконга қараб боравердим. Яна мушук аянчли ва ўтинчли миёвлади, унинг чўғдай ёнмиш кўзлари бошим узра осилиб турди, ўлим юлдузи мисол. О, ўлим юлдузи. Сурнай мени сеҳрлар, измига солар тобора ўлик салтанат сукутига қўшилиб борардим. Аллақайда вужудимда улуғ бир фароғат, осойишталик ва ҳорғинлик ҳис этдим. Ичимда бир истак пайдо бўлиб, сайҳонлик жойда чўккаладим. Юришга бошқа ҳолим қолмаганди. Иҳраб-сиҳраб мушук ҳам етиб келди изимдан. Бошимни кўтариб қарасам, онам, қора мармар тошда жилмайиб, кулиб, яшнаб, порлаб турарди. Қабрга номуносиб онам!.. Умр кутиб — толган онам!.. Қора ўлим, бизни ажр
атиб турарди. Онам!.. О, ёлғизгинам!..
Қабрга «Душамова Сопоргул. 1927-1992 йил» деб ёзиб қўйилган экан. Онамнинг қабри аста-секин бу ерга жойлашаётган сафнинг охирида экан, сал нарида Пирим бува, энди жами хотиралари билан меники бўлиб қолган, куёвлик либосидаги Отаназар оғам ва яна-да гўзаллашиб кетган Оводон… Тобора тун бағрига сингиб кетаётган қора мармарда, онам мангу сукут билан ҳорғин боқарди: (гўё кута-кута чарчаган) унинг юзида на гина, на кин, на тана бор эди. Онамнинг мангу сукутида, мени келажакда мангу азоб-уқубат чоҳига ташлайдиган, машҳар қадар ўртайдиган бир синиқ, бир маъюс туйғу балқирди. Бу ёлғончининг алалоқибати шу экан, алалоқибатнинг моҳияти: айрилиқлар, армонлар, қайғулар, аламлардан иборат экан. Мусибатнинг улуғи, онани боладан, болани туққанлардан айирар экан. Шу маҳал мармарга бир томчи кўз ёш тушди: ё мен йиғладим, ё тош йиғлади.
Бу менинг элатга боғлиқ энг сўнгги хотираларим эди. Онам ётган сафнинг энг охирида… энг охирида… дунёнинг мусибатидан гангиб турардим. Яқингинада яна ит ҳурди, яна сурнай чалинди.