Саид Анвар. Яшасин, фонограмма (ҳажвия)

Кейинги пайтларда, “Ҳамма ёқни фонограмма босиб кетди!”, деган ҳайқириқлар кўпайиб кетдими, биродарлар? Фонограмманинг нимаси ёмон? Ҳофиз ҳам тирик жон — тоби бўлмаслиги, овози чиқмай қолиши мумкин. Фонограмма бўлса-чи? Хонанда соқов бўлиб қолган бўлсаям овози жаранглаб тураверади.
Қарангки, фонограммани ҳаётда ҳам қўлласа бўларкан. Бошлиғимиз Ўлжақўзи ака дунёда биринчи бўлиб уни корхонамизда жорий қилди. Вей, зўр бўларкан-эй! Илгари маърузалари учун тонналаб қоғоз сарфлардик. Фонограммага ўтилгач, бир кило ҳам қоғоз кетгани йўқ. Турли хил маърузалар дискетга ёзиб, тайёрлаб қўйилган. Биринчи рақамли дискетда, илгари ишларимизнинг расволиги, Ўлжақўзи акамиз корхонага раҳбар бўлиб келгач, туб бурилиш қилганликлари, шундан сўнг мислсиз муваф-фақиятларга эришганимиз, эришаётганимиз ва ҳоказолар ҳақида гап боради. Худди гўзал қўшиқ эшитаётгандай бўласиз.
Ҳамма йиғилишларимиз ана шу қўшиқни эшитиш билан бошланади. Ундан кейин мавзуга қараб, ё танқид, ё мақтов, ё табрик, ё мотам ҳақидаги дискетларга навбат берилади. Маросим охирида эса, яна маза қилиб, ўринбосарлари ижросида Ўлжақўзи акамизнинг биринчи “қўшиқ”ларини такроран эшитамиз.
Бизгаям маза бўлиб қолди. Илгари, сўз бериб қолишса нима дейман, деб михнинг устида ўтирардик. Энди бемалол, бошлиқнинг нутқини эшитаётгандай бўли-иб, хаёл суриб ўтираверамиз: бизам фонограммага ўтиб олганмиз-да! “Сўзга чиқувчилар борми?” деб сўраб қолишса, қўрқмай минбарга кўтариламиз. Дискетимиз тайёр. Уни операторга узатиб, “Биринчини қўйиб юборинг”, десак бас. “Биринчимиз” Ўлжақўзи акамизнинг биринчиларига ҳамоҳанг “қўшиқ” бўлади, албатта. Кейин мавзуга қараб, “Олтинчи” ёки “Етмиш иккинчи” деб шивирлаймиз, бу ёғи кетаверади.
Зўр нарса экан, вей, фонограмма! Бошлиқнинг қабул¬хонасидамиз, ҳамманинг қўлида дискет. Котибага дард¬ларимизни достон қилиб ётибмиз:
— Ёрдам пули сўраб келгандим, саккизинчини қўйиб юборасиз.
— Кечаги йиғилишда адашиб, хўжайинни танқид қиворибман, кечирим сўрамоқчиман, тўқсон бирни босворасиз.
— Ўтган куни ишга келолмадим, сабабини айтмоқчиман, ўн учинчини…
Котиба жон ҳолатда бақиради:
— Олинглар-э дискетларингни, адашиб кетдим. Кириб кетаётганларингда берасизлар!
Бошлиқнинг олдига шундай кирамиз, уч дақиқада масаламиз ҳал. Бир кун олдин котибаларига учрашиб, олдиларига нима мақсадда кираётганимизни айтиб, рўйхатдан ўтиб қўйганмиз, бошлиқ ҳам масаламизга мос дискетларини тайёрлаб қўйган-да! Бўлмаса, “Ие, кеча огоҳлантириб қўймабсиз-да! Бу масалани эртага гаплашсак”, деган одатдаги сўзларини эшитиб чиқа¬верасиз.
Ҳаммаси яхши, аммо фоно¬грамма ўта зук¬коликни талаб этар экан. Адашиш — шармандалик. Мана, кеча чой¬хонада, “Тортадур”ни бошлаб тургандик, уйдан хабар келди: божам — Кенжавой томдан йиқилиб, касалхонага тушиб қолибди. Тезда етиб бормасам бўлмас эмиш. “Ичган бўлсам ҳам ҳол сўраш ҳақи¬даги фонограм¬мам тайёр, божам мен би¬лан ўпишиб кўриш¬мас”, деб йўлга тушдим.
Кенжавой оёғига тош осилган, қўли, боши дока билан боғланган ҳолатда ётган экан. Фонограммани бошлавордим:
— Муборак бўлсин, муборак бўлсин! Эшитиб бошим осмонга етди.
Божам лабини тишлади.
— Нимаям қилардик фалокат-да, фалокат, божа.
Давом этаман:
— Бу ҳали ҳолва, бундан-да зўри бўлади, бошингизга бахт қуши қўнгани шу, божа!
Кенжавойнинг хотини менга қараб пиёлани отди.
Э, расвогарчиликни қаранг, дискетни алмаштириб юборибман-ку!