Ишдан олинган, бўшатилган одамлар ҳақида эшитгансиз, биласиз. Аммо мен ҳикоя қилмоқчи бўлган ишдан кетиш воқеаси тушингизга ҳам кирмаган бўлса керак. Воқеа мактаб боғи билан ошхонани туташтирувчи чорраҳада рўй берди.
Директор ўринбосари Олимжон (нима бўлганларда ҳам раҳбар-да) олдинда, биз эса, орқада (оддий ўқитувчилармиз-да) ошхона томондан келардик. Боғ томондан қоровулимиз Соли бува аравасига ўт юклаб чиқиб қолди.
— Ҳа, бобой, — ковлаётган чўпини тишидан олиб, оғзидаги гўшт қолдиғини йўлга туфлаб олгач, Олимжон гапини давом эттирди. — Уйгами? Бу ўтларни бизнинг ҳовлидаги мол-қўйлар емасмикан, а?
Ўзи ошхонадан жиндай-жиндай томоқ хўллаб, аския қилиб чиқаётгандик. Олимжоннинг гапи унча кулгили бўлмаса-да, «хо-хо»ладик, раҳбаримиз, ҳурматларини жойига қўйиш керак.
Бобой тишсиз оғзини очиб, кулгимизга қўшилди: уям мактабда ишлайди-да.
— Биздаям мол-қўй бор, аммо уни мактабнинг боғидаги ўт-ўлан билан боқмаймиз, — деди Олимжон жиддий.
— Энди, ўғлим, бегона ўтлар… Тураверса ёғин-сочинда чириб, йўқ бўлиб ҳам кетади, — деди Соли бува гуноҳкордай.
— Чириб кетмасди, мактабниям ейман-ичаман деган қўйлари бор, — деди Олимжон.
Директоримиз Дадахон ака бундан икки ойларча бурун ёрдамчи хўжалик ташкил қилиш ташаббуси билан чиққанди. Энди бир нарсани билмаса, раҳбар бўлмайди, бир нарсани бошламайди, деб фикрларини маъқуллагандик. Ўқитувчилардан, ўқувчилардан оз-оздан пул тўпладик. Дадахон аканинг ўзлари бориб икки бош қўй, тўртта қўзичоғи билан олиб келди, ёрдамчи хўжалик ташкил бўлди.
Э, бобой буларни қаёқдан ҳам билсин! У ёрдамчи хўжаликнинг тақдимот маросими — «ювди-ювди»си куни қоровул сифатида иш бошлаганди.
Олимжон ана шу ёрдамчи хўжалигимиздаги қўйларни назарда тутиб, гап қилганди, биз унинг гапини маъқуллаб, «Тўғри, тўғри», дедик, бош қимирлатдик.
— Бунинг отини, — Олимжон ҳар сўзини урғулаб давом этди, — ташмачилик, ўғирлик, дейдилар, бобой!
Соли буванинг кулиб турган юзи жойида қотди. Олимжонга хўм-райиб тикилди. Сўнг:
— Ҳали сенлар тўғри-ю, мен ўғри, муттаҳам, ташмачи бўлиб қолдимми? Э, ўргулдим сенлардан! Мактабингни елкамнинг чуқури кўрсин! Ишламаганим бўлсин, кетдим! — деди-да, аравасидаги ўтни олдимизга ағдариб, шартта ортига бурилиб, биздан узоқлашди.
— Кетса, кетиб ўлсин, — дедик ўринбосаримизни қўллаб-қувватлаб. — Қишлоқда қоровул бўламан деб юрганлар сон мингта.
Аммо бува ёрдамчи хўжалигимиз — қўйхона томон юрди. Унинг эшигини очиб, ичкарга кирди. Кейин… Қўйларни олдига солиб ҳайдаганча ишдан… кета бошлади!
Анграйиб қолдик. Албатта, Олимжон раҳбарлигида унинг йўлини тўсиб:
— Бу нима қилганингиз? Қўйларни қаёққа олиб кетяпсиз? Нима ҳақингиз бор? — дедик.
Аммо миясини еган чол, саволларимизга жавоб бериш ўрнига:
— Қоч! Йўлимни тўсма! Сенлар тўғри, мен ўғри! — дея қўлидаги хипчин билан солиб қолишига сал қолди.
Соли бува кетди. Қўй-қўзиларни олдига солиб ҳайдаганча ишдан кетди!
Биз эса елка қисиб, лаб буриб, ўз таажжубимизни бир-биримиз билан ўртоқлаша кетдик.
Энг ажабланарлиси, тумандаги йиғилишдан қайтган директоримиз Дадахон ака воқеани эшитиб, бир сўз демади. Боши билан имо қилиб, Олимжонни хонасига бошлаб кириб кетди. Улар ўртасида қандай гаплар ўтган, бизга қоронғу. Аммо муаммонинг ўта зукколик ва тадбиркорлик билан ҳал этилганига эртасига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик: икки бош қўй, тўртта қўзичоқ, ранглари бошқачароқ бўлса-да, ёрдамчи хўжалигимиз биносида кавш қайтариб турарди, тепаларида янги қоровулимиз билан.