Саид Анвар. Алижонми, Валижон? (ҳажвия)

Исмим — Алижон. Қурилиш бошлиғининг ҳайдовчисиман. Бир куни хўжайин, «Тошкентга борамиз», деб қолди. Азонда соқолларни олиб, шимларни дазмоллатиб, янги дўппиларни кийиб шаҳарбоп бўлиб, уйдан чиқсам, машинам олдида бир киши турибди. Ёши элликларда. Гавдаси қовун солинган қопга, юзи кўпчиб пишган нонга ўхшайди.
— Ассалому алайкум, Валижон ака, — деди қўшқўллаб сўрашиб.— Яхши кетиб қолмаган экансиз, — у автоматдай тариллаб гапира кетди. — Учуйликман. Сиз бизга яқинда ишга боргансиз, мени танимайсиз. Аммо эккан пиёзим ҳақида эшитган бўлсангиз ке-рак: хўжайинлар ўртасида талаш бўлиб кетгани бизга қарашли эди. Ўзиям косадай-косадай пиёз бўлганди-да. Энди шу пиёзнинг ўрнига сабзи эксам, деб келгандим.
— Қанақа одамсиз, мен…
— Яхшиликни унутмайдиган одамман, — у гапимни илиб кетди. — Сиз қилган яхшилик ҳам ерда қолиб кетмайди, йўқ деманг, жон Валижон ака! Худо бераридан қисмаса, кузда хурсанд қиламан.
Хўжайин уйида мени кутиб турибди, бунинг гапи тугамайди, тушунтиргани қўймайди.
— Сабзи экмоқчимисиз? Мен Валижон бўладиган бўлсам, экаве-ринг-э! — дедим жаҳл билан.
— Раҳмат, Валижон ака, раҳмат, — дея юзлари кўпчиган акам мени кузатиб қолди.
Тошкентда уч-тўрт кун юрдик. Қайтиб келсам, эшигим оғзида «акам» турибди.
— Яхши бориб келдингизми? — у қўллари кўксида давом этди. — Икки кундан буён келаман, «Тошкентга кетган», дейишади… Айтганингиздай қилиб, пиёзнинг ўрнини ҳайдатиб, экишга тайёрлаб қўйгандим. Э, битта Валижон деган адашингиз бор экан, «Экмайсан!» деб оёқ тираб туриб олса… «Ҳов, ўзлари айтган!» десам ҳам унамайди. Шунга бир оғиз тайинлаб қўймасангиз бўлмайди, Валижон ака.
— Экаман экан, хўжайин айтди денг! — дедим кулгимни аранг босиб.
— Бир гектар ерга сабзи экади, деб икки энликкина хат ёзиб берсангиз…
— Э, бир гектар ерга ҳам қоғозми! Экаверинг бориб! — дея қўл силтаб, уйга кириб кетдим.
Бу воқеа эсимдан ҳам чиқиб кетган экан. Кеч кузда томга ғўзапоя босаётсам, сабзи ортган юк машинаси келиб тўхтади. Кабинадан «акам» тушди.
— Ҳа, тинчликми? — сўрадим томда туриб.
— Улушингизни олиб келгандим, — деб жавоб қилди у қўли билан машинага ишора қилиб.
— Шошманг! — дедим-да, томдан тушиб, кўчага қараб юрдим. Афсус кечикибман. Машина сабзини эшигим оғзига ағдариб, жўнаб қолибди.
Бола-чақа билан сабзини уйга ташиётсак, қўшним — Учуйнинг агрономи Валижон келиб қолди.
— Ҳа, Али, сабзи экканмидинг? — деб у бепарво сўради-да, жавобимни ҳам кутмай, уйига кириб кетди.
Сабзидан қоплаб уйига олиб кириб бердим — Валижон бўлгани учун.