Машинам свечасини ҳўллайдиган одат чиқарди. Свечаларни олиб, тозалаб, қайтариб ўрнига қўйиб турсам, Нўъмон ака келиб қолди.
Одам мавжудод оламининг сарвари ҳисобланди. Шу боисдан бўлса керак унинг асли-наслида ҳайвоний хислатлардан айримлари сақланган. Мол, қўй, эшак, илон, тулки, чўчқа ва ҳоказо лақабларнинг ишлатилиши бунинг ёрқин исботи!
Нима деётгандим?
Ҳа, машинани ковлаб турсам, Нўъмон ака келиб қолди. У кишини «ҳўкиз» деб аташади. Балки бунга иккинчи пиёладан кейин ҳали боғдан, ҳали тоғдан оғзига келганини гапириб, мияни ачитиб юбориши, тўнтарилган шишалар сафи ортган сайин у кишининг ҳайвоний хислатлари намоён бўлиб, қутирган ҳўкиздай улфатларини тепиши, тишлаши, сузиши сабабдир.
Нима деётгандим?
Ҳа, машинани ковлаб турсам, ана шу Нўъмон ҳўкиз ака келиб қолди.
— Машинангни юргаз! — деди у. — Қизим тўй қиляпти. Ҳўкизни олиб бориб, тўн кийиб, белбоғ боғлаб, зиёфатнинг қуюғини еб келамиз.
Энг ёмон кўрганим мана шунақа, рулда борадиган зиёфат! Ичолмайсан. Ичмаганингдан кейин қатламани қуймоққа ўраб, асалга ботириб е — бари бир жойига тушмайди. Унинг устига менга хотинимнинг соғлиғи керак. Кечаги куни ана шунақа қуруқ зиёфатдан келиб, шундай ёнига ётсам, хотин вой-войлаганча, сакраб ўрнидан туриб кетди. «Ўл, эрингни ҳам танимай қолдингми?» дедим ҳайрон бўлиб. «Вой, сизмидингиз? Оғзингиздан ароқнинг ҳиди келмаганига сизни бегона эркак деб ўйлабман!» дейди. Қуруқ зиёфатга бориб, ичмай келиб, хотинбойни юрак ўйноғи қилиб қўйсам яхшими?
Нима деётгандим?
Ҳа, машинани ковлаб турсам, Нўъмон ҳўкиз, «Қизимнинг тўйига ҳўкиз олиб бориб, ҳўкиз меҳмон бўлиб қайтамиз», деб келиб қолди. Баҳона халтамни обдон ковлаштириб, суяги бутунроқ баҳона топол-мадим. Хуллас, машинага ҳўкизни ортдик. Бошқалар Жўравойнинг «Жигули»сига ўтирди. Таъзияга одам айтиш, фотиҳага, касалхонага бориб келиш бўлса, Жўравойнинг ё бензини бўлмайди, ё бирор муруввати ишламай қолади. Аммо тўй, зиёфат десалар учади. Машинасининг хужжатлари, Жўравойнинг эса, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ. Тўкин дастурхон бўлгач, Жўравой қаёқдаги баҳоналарни рўкач қилармиди!? «Темирнинг ҳам пирлари бўлади. Қўни-қўшнининг ҳожатини чиқармасангиз, пирларнинг жаҳли чиқади, машинада кетаётиб бир балога йўлиқасиз!» деб ҳам қўяди Жўравойи тушмагур ўзини оқлаб.
Нима деётгандим?
Ҳа, ҳўкизни машинамга ортдик. Нўъмон ака биқинимдан жой олди, йўлга тушдик.
— Қўрқмай ичаварасан, яқин жой-ку, — деди Нўъмон ака осилган қовоқ-тумшуғимга қараб.
Сал кўнглим ёришди. Тўйхонага боргач эса, мезбонларнинг гап-сўзларидан яйраб кетдим:
— Келинглар, келинглар, ҳўкиз… меҳмонлар!
— Бир йўла пода бўлиб келибсизлар-да, хуш кўрдик.
— Энг катта ҳўкиз… меҳмон юқорига ўтсин!
— Тортинмасдан олишиб ўтиринглар, ҳўкиз… меҳмон акалар, бу ноз-неъматларнинг ҳаммаси сизларга аталган.
Зимдан Нўмон акага қарасам, аччиқланиш ўрнига лаб-лунжини йиғиштиролмай, кулиб турибди. Роса едик, ичдик, сарполар кийдик… Бир қоп гўштга айланган бош ҳўкиз меҳмон — Нўъмон акани кабинага юклаб беришди, ортга қайтдик. Менам ичганману, аммо йўлни кўриб турибман. Бирорта гаи-паи тўхтатмаса бас, уйга етиб оламан.
Машина чайқалади, унга қўшилиб ҳўкиз акамлар ҳам. Ҳаёлимда бу ҳўкизни қандай йўллар билан кабинадан тушириб олишу, уйига киритиб қўйиш: орқаласам — кўтаролмайман, юмалатсам бу бочка эмас, ҳўкиз.
Нима деётгандим?
Ҳа, каллада мингта хаёл, йўлда кетяпмиз. Аввалига қизил калтак, кейин қўл, охирида формада турган унинг эгаси кўринди. Ёнида машинаси ҳам бор. Уфф! ўийқ! Тўхтадим. Нўъмон аканинг пешанаси ойнага тегди.
— Нимага тўхтадинг, ҳайда! — деди у кўзини бир очиб, бир юмаркан.
— Ичавер, ичавер, дедингиз мана оқибат: ГАИ тўсди.
Гапим жавобсиз қолди: ака уйқуни қолган жойидан давом эттиришга киришди. Юракдан чиқариб уффни тортганча, машинадан тушдим.
— Ака, трос борми? — юзлари гул-гул яшнаб келаётган назо-ратчи сўради.
— Трос?.. — назоратчининг хушмуомалалигидан довдираб қолдим. Каловланиб бортга чиқдим. Калламдан айланай, ҳўкиз сўйилгач, арқонини машинага ташлаб қўйгандим. Назоратчига узатдим.
— Э, арқон бўлсаям пишиққина экан, — деди назоратчи уни силтаб.
— Ҳўкизники! — деб қўйдим кабина томонга ишора қилиб.
— Майли, майли, бўлаверади, — назоратчи қўли кўксида илтимос оҳангида давом этди. — Машинанинг мотори сув қўйиб юборди, устахонагача судраб кетсангиз.
Воқеаларнинг бундай ривожидан бошим осмонга етди. ўайратим жўшиб, зумда машиналарни бир-бирига боғладим.
— Аммо секинроқ юрасиз-да, — назоратчи қўли кўксида огоҳлантирди.
— Ўнда юраман, бешда юраман, нолда юраман, — жавоб қилдим менам ўша ҳолатда.
Эшигини қарсиллатиб ёпгандим, Нўъмон ака сесканиб кўзини очди.
— Келдикми? — сўради у тушишга чоғланиб.
— Энди кетяпмиз.
— Унда ҳайда! — дедилар қўлларини олдинга ишора қилиб. Уйқу сал ўзларига келтириб қўйганми, мени алқай кетди. — Зўр боласан! Сени яхши кўраман. Ке, бир ўпиб қўяй.
Рухсатимни кутмасдан, ўнг юзимдан чўлпиллатиб ўпди.
— О-о-о! Асалсан, асал! — деди лабини кафти билан артиб. — Аммо зиёфат ҳам зўр бўлди-да! Қудамга гап йўқ, ўғил бола, нима дединг?
— Бўлади, — жавоб қилдим бепарво.
— Олтита қудам бор, — ака давом этди. — Каттасини биласан, Йўлдош сўпи. Одаммас. Эллик йил кечаси-ю кундузи номоз ўқигани, саксон саккиз марта хожига бориб келгани билан гуноҳларини юволмайди. Унинг гуноҳлари миллион қават бўлиб кетган. Мени битта айбим бор — ичаман, нима бўпти? Ичаман, ичаман, тўлдириб-тўлдириб ичаман! Ичаман, ичаман, бостириб-бостириб ичаман!
Ака охирги гапларини куйга солиб, хониш қилиб юборди. Бирдан:
— Нима деётгандим? — дея қўққис савол ташлади.
— Олтита қудам бор…
— Ҳа, олтита қудам бор, — ака оғзимдан гапимни илиб кетди. — Каттасини айтдим — аблаҳ! Қолганлари… Уларам бўлмайди. Аммо бугун тўй қилаётган қудамга гап йўқ. Қаерда учраб қолса, яримта ичирмагунча қўймайди… Фозилхўжанинг дўкони олдида Олим қизиқ икковимиз энди учтани бўшатиб турсак, Етовқўзи келиб қолди. Етовқўзи ичмайди-ю, аммо қўли очиқ бола… Раҳматжон дарров биттани олиб чиқди. Памилдори сотиб келаётган экан… Шундай уйнинг олдига келиб машинадан тушдим. Қарасам, пиёз бозорида юрибман… Бу сигиринг неча пул туради, дедим. Ёлғон гапирмадим мен… Пул қистиряпман бўлмаса. Ўйинчига ҳам, ашулачисига ҳам беш юзталикдан қистириб қўйдим. Олимжон бир пиёли ичди-ю, ўчиб қолди. Касалнинг ўзи йўқ бўлгандан кейин уни тепасида уч кун ўти-рармидим, сомсани столига қўйдиму, ортимга қайтдим. Тўғрими ахир? Нима деётгандим?..
Гапни олтита қудасига бурсамми ё зиёфатга деб андак ўйга чўмибман. Ортимдан машинанинг босиб-босиб чалган сигнали эши-тилди.
— Ўтавермайсанми, кайфни учирмасдан! — Нўъмон ака қўли билан ўт-ўт дегандай ишора қилди.
Ойнадан қарасам, мелисанинг машинаси!
— Сени қувяпти, бос! — Нўъмон аканинг кайфи қаёққа учди билмадим, менга буйруқ қила кетди. — Борига бос! Етиб олса, ичволгансан, праванг қулоғини ушлаб кетади, бос! — Орқага юзланиб, бош чайқаркан, гапини давом эттирди. — Вой, аблаҳей, тўхта деб чироғини ўчириб ёқяпти, сигнал чаляпти, бўшашма, бос!
Ойнадан орқага қарасам, ҳақиқатан мелиса машинаси қувяпти. Ўнгга бурилсам ўнгга бурилади, чапга юрсам чапга. ўалатилиги тезласам тезлайди, секинласам секинлайди. Устига устак, Нўъмон ака айтгандай, «Тўхта! Тўхта!» дегандай чироғини ўчиб-ёқадимией, сигнал чаладимией, калтагини ойнадан чиқариб силтайдимией!..
— Анови теракнинг олдидан чапга бурил! — Нўъмон ака тор кўчага имлади. — Сен буриласан, аммо у ё теракка урилади, ё бурилолмай ўтиб кетади, қутиламиз.
Буйруғини сўзсиз адо этдим. Айтганидай, мелиса ортимиздан бурилди-ю машинаси теракка рўбарў бўлди. Машина унга зарб билан урилди, орқаси бир кўтарилиб тушди ва таққа тўхтади. Милиционер кабинадан ўқдай отилиб чиқиб, жаҳл билан калтагини силтаб яна, «Тўхта! Тўхта!» ишорасини қила кетди. Тўхтаб эсимизни ебмизми!
Ака-ука шодон қўл ташлашиб, йўлимизда давом этдик. ГАИдан эсон-омон қутилганимизни қаерда ювиш масласини муҳокама қилишга киришдик.
Ҳа, айтганча, ўзи нима деятгандим?