Ҳалимжон ака қирқ ёшларда, чуваккина, аммо ҳалимдек одам. У киши билан муносабатларимиз салом-аликдан нарига ўтмаган. Қаерда ишлайди, билмайман. «Ҳалимжон қаерда ишлашса ҳам ишларни лой қилади, аммо акалари бор, — мойли иш топиб беришаверади, тешик узук ерда ётармиди!» деб кулиб қўйишади. Нега? Буниси ҳам менга қоронғу.
Чорраҳада турсам «Жигули» келиб тўхтади. Ойнадан Ҳалимжон аканинг муштдеккина бошлари кўринди.
— Уйгами? Чиқинг! — деди у.
Саломни қуюқ қилиб, орқа ўриндиқдан жой олдим.
— Тошкентданми? — сўради Ҳалимжон ака қўлимни оҳиста қисиб.
— Тошкентдан.
— Тошкентлар жуда ўзгариб кетибди-а? — деди рулдаги тақамўйлов ака илжайиб. — Кеча келишимда тушгандим, танимадим, вей, танимадим.
— Шодмонқул Жиззахдан, армияда бирга хизмат қилганмиз, — Ҳалимжон ака йўлдошини таништирган бўлди. — Абдулла Акраровга ишқи тушиб қолган экан, ўғлининг тўйига айтиб кетаман деб келибди-да. Олтиариққа кетяпмиз.
— Абдулла акага гап йўқ-да, — Шодмонқул яна илжайди. — Кечаги куни стадионда кулги кечаси бўлди. Абдулла ака икки соат шунақанги кулдирдики, тан бермаган одам қолмади.
— Ҳа, Абуллажон зўр! — Ҳалимжон ака тамшаниб қўйди.
— Ие! — Шодмонқул йўлкўрсатгичга аланглаб қаради. — «Ча-мангул» хўжалиги деб ёзиб қўйибдими?
— Ҳа, «Чамангул» бизнинг хўжалик, — жавоб бўлди Ҳалимжон акадан.
— Аломатхон шу хўжалик раисининг муовини-а? — яна сўради Шодмонқул.
— Ҳа, уни қаердан танийсан?— савол бериш навбати Ҳалимжон акага ўтди.
— Э-э-э! — Шодмонқул ўртоғининг тиззасига шаппатилаб кулди. — Санаторийда танишганмиз. Туман катталаридан бири билан борган экан. Катта санаторийда ёшроғини топволиб, бу кишига қарамади. Аломатхон қасдма-қасдига туну кун мен билан бирга бўлди. Оҳ-оҳ-оҳ! Сенам юрибсан-да, яшаяпман деб. Роса бир ой шундай ҳузур қилдим, эсласам ҳали-ҳануз этларим жимирлаб кетади. Идорасига кириб ўтмаймизми? Мени кўрса «дод!» деб юборади.
— Унда ҳов, толнинг тагидан чапга бурил! — Ҳалимжон аканинг фақат овози эмас, ранги ҳам ўзгарганга ўхшади.
Машина идора олдига келиб тўхтади.
— Юр, бирга кириб чиқамиз, — Шодмонқул идорага ишора қилди.
— Биз чекишиб турамиз, кириб чиқавер! — Ҳалимжон ака зардалироқ жавоб берди.
Чекишиб тургандик, Шодмонқул тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтиб чиқди.
— Далага чиқиб кетганмиш! — деди у машинасини ўт олдирар экан. — Шу иссиқда далага борармиди, уйида ётгандир.
— Уйига кириб қўяқоласанми? — сўради Ҳалимжон ака. Жавоб кутмай йўлбошловчиликни бошлаб юборди. — Чапга юр. Энди ўнгга бурил. Ҳов, анови тор кўчага буриламиз. Энди тўхта. Мана шу уй!
— Яхшиси уйига сен кириб чиққин, — Шодмонқул қўли билан имо қилди. — Яна уйида эри бўлса, бегона жой…
Ҳалимжон ака шахдам юриб, ичкарига кириб кетди. Дам ўтмай ўша юриш билан қайтиб чиқди.
— Уйда йўқ экан. Ҳақиқатан далага чиқиб кетибди! — деди.
Йўлга тушдик. Шодмонқул иршайиб дам кўрсаткич бармоғини силтайди, дам бош чайқаб, «Ҳа, сен!» деб қўяди ўртоғига.
— Нима мен? — учинчи, ё тўртинчи «ҳа, сен!»дан кейин Ҳалимжон ака зарда билан сўради.
— Аломатхонининг отини айтишим билан қовоғинг осилиб, овозинг ўзгариб қолди, билдим, сенам-а? — Шодмонқул маъноли томоқ қирди. — Уйига ҳам чақирмасдан, нетмасдан кириб кетдинг — худди ўзингнинг уйингдай!.. Кундош эканмиз-ку, Аломатхоннинг аломатлигини сенга гапириб ўтирибман-а! Ташла! — у қаҳ-қаҳ уриб кафтини Ҳалимжон акага тутди.
Ака юзини тескари буриб, оҳиста сўз қотди:
— Ўз уйимдай-да! Аломат хотиним бўлади!