Саид Аҳмад. Турмуш чорраҳаларида (ҳажвия)

(Муносиб мукофот)

Бошқармадан устига сурғуч ёпиштирилган иккита конверт келди. Бирида корхона маъмуриятидан зудлик билан алоҳида ўрнак кўрсатган ишчилардан беш кишини «Фахрий ёрлиқ»қа тавсия қилишлари сўралган. Иккинчисида илғор ишчиларни мукофотлаш учун йигирма беш минг сўм ажратилгани айтилган.
Шу муносабат билан директор Дармонов бош муҳандис Дадашевни, рабочкўм раиси Зайнуллиннп, бош бўғолтир Маллаевни ҳузурига чақирди. Мукофотлар эга-эгасига топшириладиган бўлди.
Ортиб қолган беш минг сўм билан битта «Фахрий ёрлиқ»ни кимга бериш кераклиги тўғрисида узоқ ўйлашди. Маслаҳат бошбух Маллаевнинг ўзидан чиқди.
— Ахрайник — Сангин отага бериб қўяқолайлик.
— Сангин ота Дармонов акамизнинг қайноталари бўладилар, гап бўлмасмикин?
— Бўлмайди. Бунга мен кафил, — деди Зайнуллин.
— Ундоқ бўлса, у кишининг қайси хизматлари учун мукофот берамиз?
Бу саволга Маллаев жавоб топди.
— Албатта, у кишининг дарвозахонада таҳорат қилиб, намоз ўқишдан бошқа ишлари йўқ. У кишини корхона мулкини талон-тарож қилишга, ўғриликка йўл бермаган фидойи ахрайник деб ёзамиз.
Дадашев ҳам қизишиб кетди.
— Мундоқ қилайлик, бўлмасам. Учинчи сехда ишлайдиган Сарваров ҳар кўчага чиқиб келишида икки килодан сарёғни салафан халтага солиб, шимининг ичида опчиқиб кетади. У кунига икки мартадан кўчага чиқиб келмаса кўнгли жойига тўшмайди.
— Бўлмайди, — деди бунақа ишларни ўзи ҳам кўп қилиб кўрган Зайнуллин.
— Сарваров чолни бир урса ўлдириб қўяди. Девдек кучи бор. Бунақа чолларнинг қўлига тушадиган анойилардан эмас у.
— Э, қизиқ одам экансиз-ку. Ўзи билан гаплашамиз. «Фахрий ёрлиқ» пенсага чиқишингда керак бўлади, пули отахонга деймиз. Қўлга тушиб беравер, ўртоқлик судида кўриб ўзимиз оқлаб оламиз, деймиз. Йўқ демайди. Кўндиришни менга қўйиб бераверинглар.
Шу куниёқ Дадашев Сарваровни кўндирди. Эртага смена тугаш пайтида шу тадбирни ўтказадиган бўлишди.
Сарваров вахтадан ўтаётганда ахрайник отахон шартта билагидан ушлаб, қани, иштонни еч, депти. Сарваров унинг қўлини қайириб орқасига бир тепкан экан, чол муккаси билан тушиб қимирламай қопти. Оғзидан оқ кўпик келаётганини кўрганлар дарров «Тез ёрдам» чақиришипти.
Эртасига Дадашев сехга кириб Сарваровга ўдағайлади.
— Одам эмас экансан! Сўзида турмайдиган номард экансан. Нега ваъдангни бажармадинг? Ахир келишган эдик-ку.
Сарваров тўнғиллади.
— Иккинчи чиқишимда ушлаши керак эди. Биринчи чиқишимдаёқ ушлаб ўтирипти бу мияси айниган чол. Солдим, айлантириб…
Зайнуллин ўйлаб-ўйлаб яна бир чора топди. Чолни ўғри ушлаш пайтида шикастланган қаҳрамон, деб мукофотга ёзадиган бўлишди. Сарваров эса «Фахрий ёрлиқ»ларинг керак эмас, менга тўрт хонали квартира берасанлар, бермасанглар қилган ишларингни овоза қилиб юбораман, деб ғалва кўтарди. «Фахрий ёрлиқ» рўйхати бошқармага юборилган эди. Энди уни қайтариб бўлмасди.
Шундай қилиб Сарваров ҳеч бало қилмай қўшалоқ мукофот эгаси бўлди.
Ахрайник чолга ҳали ҳам қон қуйиш давом этмоқда…