Саид Аҳмад. Лочин (ҳикоя)

Эрталаб Ўрик домла райондан қайтиб келди. Унинг оғзи қулоғида, қиқир-қиқир кулади.
— Неваралар муборак бўлсин, домла, — деди Бургут унга чой узатар экан.
— Қуллуқ, қуллуқ, болам, омон-эсон қутулибди ишқилиб.
Домла чой устида қизиқ бир ҳангомани айтиб берди.
— Туғруқхонага кетаётсам райторг Умаралининг уйида қарс-бадабанг ўйин-кулги. Қизини чиқазаётган экан. Эшигининг тагига машина тиқилиб кетган. Ичкарига қисташди, узримни айтдим. Қайтишда киришга ваъда бериб ўтиб кетдим. Кўнглим хотиржам бўлиб қайтиб келсам, тўйхонада олатасир тўполон. Умарали ғирт маст, оғзидан боди кириб, шоди чиқиб хотинини сўкади, ёр-ёр айтаётган яллачининг қўлидан чирмандасини олиб, кўзимнинг олдида жаҳл билан кетмон дастасига уриб қолса бўладими, чирмандани дастага тешикулча қилиб кийгизиб қўйди. Нима гаплигини ҳеч ким билмайди, ҳамма ҳайрон.
Куёв Умаралининг этагидан ушлаб олган. Худди янги туғилган бузоққа ўхшаб оёғида аранг туради. Юрса гандираклаб, кўрга ўхшаб одамларни пайпаслайди, оз бўлмаса ер ўчоққа тушиб кетай деди. Хайрият, ошпаз этагидан тортиб қолди.
Шивир-шивир гап бўлиб қолди. Нима дейсан, келин хуштори билан қочиб кетибди.
Ичкари ҳовлидан хотин кишининг чапак чалиб йиғлагани, эркак кишининг сўккани эшитилди. Тўй тарқади. Куёвнинг отаси берган қалинини қистаб қолди. Умарали сатта ўзини мастликка солиб гапни чалғитади:
— Топаман, ернинг қаърига кириб кетган бўлса ҳам тортиб чиқаман. Осмонга учиб кетган бўлса — бор мул-кимни, «Победам»ни ҳам, хотинимнинг бўйнидаги ўн тўрт қават дурни ҳам, ҳовли-жойни ҳам сотаман. Спутник сотиб олиб, орқасидан қувиб чиқаман.
Умарали шу гапларни айтди-ю, сабзи тўғраб қўйилган бўйранинг устига йиқилиб, учиб қолди. Куёв боя қайнотаси чирмандасини тешиб қўйган яллачининг пешонасини силаб, толеи йўқлигидан, аввалги хотини ҳам бевафолик қилиб бошқа бировга тегиб кетганидан нолиб, йиғи бошлади. Яллачи шилқимлик қилаётган «бетоле» куёвни силтаб ташлаб чиқиб кетди.
Хижолатликда томоғимдан бир қултум ҳам чой ўтмади. Чиқиб кетдим.
Ўрик домла ҳикоясини тугатиб, совуб қолган чойни шимирди.
Мен унинг гапларига қулоқ солиб ўтириб, «ҳаҳ, ўрик аралашмаган гапинг ҳам бор экан-ку!» деб дилимдан ўтказдим.
— Ҳай, майли болам, энди менга жавоб. Ҳаво яшнаб келди, кўчатлардан хабар олиб қўяй.
Чол хайрлашиб чиқиб кетди. Бургут кўчагача уни кузатиб қайтишда олтмиш ёшлардаги кампирни бошлаб кирди.
— Хизмат, ая, бобой яхши юрибдиларми?
— Шукур, шукур, болам.
— Ғанивой қалай, кўринмай қолди-ку?
Кампир Бургутнинг сўроғига жавоб бермай, кўзини ерга қаратди.
— Нима бўлди?
Кампир бесаранжом бўлиб қолди:
— Йўқ, ҳеч гап бўлгани йўқ.
— Айтаверинг.
— Ўзингизга айтадиган гапим бор.
Буларнинг гапига халақит бераётганимни сезиб қолдим. Кампир ҳушёрлик қилиб Бургутни ҳовлига имлади. Уиинг кетидан чиқиб кетган Бургут анча ҳаяллаб қолди, сал фурсатдан кейин ҳовлидан унинг ўтин ёргандек қарсиллаб кулгани эшитилди.
Бургут уйга қайтиб кирар экан, ўзидан-ўзи кулар, ҳадеб «маладэс, маладэс» деяр эди.
— Қани юринг, меҳмон, бир жойга бориб келамиз.
— Бир гап бўлдими, тинчликми? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Бир гап эмас, минг гап деяверинг, юринг, йўлда айтиб бераман.
Ташқарига чиқдик, ёлғизоёқ йўлдан чўлни кесиб, Қўшоқ ота звеносига қараб пиёда жўнадик. Олисда, шу йўлнинг уфққа сингиб кетган жойидан бояги кампир ҳассасига таяниб жадал борар эди.
— Хўш, десангиз, мен сизга айтсам, боя Ўрик домла айтган тўйдан келинни ҳалиги кампирнинг ўғли олиб қочган экан. Ярим кечаси «Победа»да олиб келибди. Кампирнинг ўтакаси ёрилиб, тонг отгунча мижжа қоқмай, ана шарманда бўламан, мана шарманда бўламан, деб юрагини ҳовучлаб чиқибди. Қизнинг отаси Умарали закончи, кўп одамга зулмини ўтказган ярамас нарса. Бечора кампир, Ғанивойга насиҳат қил, қизни элтиб қўйсин, деб келибди.
— Қиз билан Ғанивой аввалдан дон олишиб юришармиди? — дедим қизиқиб.
— Дон олишганда қандоқки, иккови ўнинчини бирга битирган, битиргандан кейин Фарғонага бориб тракторчилар курсида ҳам бирга ўқиб келишган. Ўзи жуда сулув қиз. Шаддодликда тенги йўқ. Эсимда бор, ёш вақтида ўғил болалар билан кураш тушаверарди. Кап-катта болаларни уриб йиғлатарди. Зўр нарса ўзи. Бир йилча бўлди отаси ишга чиқазмай қўйган. Бўлмаса МТСда бинойидек ЧТЗ ҳайдаб юрган эди, медаль ҳам олган. Ишга чиқмаганига ишхонаси ҳам аралашди, нима бўлди-ю, иш босди-босди бўлиб қолаверди. Умарали закончи, йўлини қилган-да. Худо урган ярамас одам дедим-ку, сизга боя. Яқинда шивир-шивир гап бўлиб қолди. Умарали қизини истансадаги доррестораннинг буфетчисига бераётганмиш, деб эшитдик. Аламига чидолмаган Ғанивой маст бўлиб, буфетчининг бошига бутилка билан уриб, ўн икки кун мелисада ҳам ётиб чиқди. Қизини астойдил яхши кўрар эди-да. Бу ҳам ўзи боевой бола. Орияти кучли. Игнани тушга ботириб, билагига санчиб, юракнинг суратини уч бурчак қилиб ишлатибди, бир ёғига Ойша, бир ёғига Ғани деб ёзиб қўйибди, вой тен-таг-эй. Шу қилиғига мажлисда роса ўсал қилишган.
Гап билан бўлиб, Қўшоқ отанинг қўрғонига етганимизни билмай қолибмиз. Қўшоқ ота тутнинг тагида чўққайиб, бўкиб қолган сигирга туз ялатаётган экан, бизни кўриб ўрнидан турди.
— Келдингми, болам, э, меҳмон, зерикиб қолмадингизми?
Чолнинг бу гапидан, сен нима қилиб юрибсан, сени чақиртирганим йўқ эди-ку, деган маънони англаб, жуда мулзам бўлдим.
— Ғанивойнинг ўзи қани? — деди Бургут чолга.
— Уйда, иккови ҳам уйда. Бўйнинг узилмагурларнинг қилган ишини қара. Энди нима қиламиз?
— Ҳайронман, — деди Бургут елкасини қисиб.
— Ичкарига киринглар, яхшилаб насиҳат қилинглар, маломатга қолмайлик.
Ҳовлига кирдик. Жуда ҳам чиройли, йигирма тўрт ёшлардаги, қомати худди қуйиб қўйгандек бир қиз ариқ бўйида жомашовда гупиллатиб кир ювяпти. Ҳавонинг салқин бўлишига қарамай, майка кийган шоп мўйлов йигит беҳи шохига кир ёйиш учун аркон боғлаяпти. Қиз бизни кўриб, тиззасига йиғилиб қолган этагини тушириб, ўрнидан турди.
— Ие, келинглар, — деди шоп мўйлов йигит арқонни ташлаб, кўришгани қўл узатар экан.
— Ҳа, Ғанивой, — деди Бургут қизга имлаб, — елмай-югурмай куёв бўлиб олибсанми?
— Нега елмай-югурмай бўлар экан, кеча тўйимиз бўлган, фақат тўй харажатини буфетчидан насия қилдик-да, — деди Ғанивой кулиб, — қани, ичкарига киринглар. Ойшахон, чой қўйиб юборинг дарров!
Ойшахон айвон лабида турган оқ самоварни кўтариб, ошхона томонга ўтиб кетди. Кампир кирди.
— Ўзинглар тушунтиринглар, гапиравериб жағимда жағ қолмади.
Қўшоқ ота гапга аралашмади, хонтахтанинг четида болишни бағрига тортиб, нималарнидир ўйлаб тек ўтирарди. Кампир ўзларинг бир нима денглар, дегандек бизга қарайди. Ҳамма жим. Бу жимликни Қўшоқ ота бузди.
— Жуда хунук иш бўлди-да. Онаси зор қақшаб қидириб юргандир. Отаси бўлса…
Чолнинг гапи оғзида қолди, Бургут «Отаси чорт с ним» деб русчалаб юборди.
— Фарзанд-да, ахир. Бўладиган бўлса — очиқ-ойдин қилиш керак эди… Эртага элнинг оғзига тушади, унда нима деган одам бўламиз, халқ нима дейди?
— Халқми, — деди Бургут, — халқ, маладэс, дейди.
Бояттан бери судга тушган гуноҳкордек ҳамманинг кўзига қараб ўтирган Ғанивойга бирдан жон киргандек бўлди.
— Э, дийдорингдан айланай. Бургутим, гапир, гапир шунақа.
Кампир топиб келган насиҳатгўйидан куйганини билиб қолди.
— Энди гап шу, — деди Бургут, чўрт кесиб, — Ғанивой жуда бопта иш қипти, бунақа ишни йигитнинг хўрози қилади. Қиз рози, йигит рози, вассалом. Ким нима деса деяверсин. Маладэс! Қизни зўрлаб сотадиган замон ўтиб кетган. — Бургут ҳовли томонга қараб қичқирди. — Ҳў, Ойшахон синглим, бир баққа қараб кетинг! Ойшахон деразадан қаради.
— Шу иш сизнинг розилигингиз билан бўлганми, тўғрисини айтаверинг.
— Агар ўзим рози бўлмасам, тракторга сургатиб ҳам опкелолмасдилар.
— Шу гапдан, қайтмайсиз, а? Бўпти, битта универсал сизники, потиллатаверасиз. Қайси звенога қўяйлик.
— Эрим қайсинда бўлса мени ҳам шунга…
— Вой шўрим, — деди кампир юзини тирнаб, — на никоҳ, на закска қоғозсиз, эрим дейди-я… Вой, мусулмонлар, ҳеч бўлмаса Ўрик домлани чақириб, никоҳлаб қўйинглар.
— Кўп вайсама, — деди чол зарда билан, — Ўрик домла сен айтган диний домлалардан эмас, илм домласи, янгича китоб ўқийдиган домла! Розиман, раҳмат сизга, қизим, бир боламни шунча иззат қилиб, осмон никоҳини бузиб кепсиз, юрагингизга балли. Энди мундоқ қилсанглар, эртага район тушиб, дадангиз билан энангизга юз кўрсатиб келсангиз. Ҳарна қилса ҳам фарзандлик қарзи, Майли, Ғани ҳам борсин.
— Бормайман! — деди Ойша қатъий қилиб.
— Жон болам, айланай болам, энангизга раҳмингиз келсин.
Маслаҳат билан Ойша уйга бориб келадиган бўлди, фақат уч кундан кейин, эри билан бирга бормоқчи бўлди.
Бургут қизиқчиликка уларни «никоҳлаб» қўйди.
— Биби Ойша ибни Умарали қизи, Ёзёвон РТС механиги, орденли Ғани Қўшоқ ўғлини никоҳингизга қабул қилдингизми?
— Пажалста, қабул қилдим, — деди Ойша учун атайин хотинча ингичка овоз билан Ғанивой.
Ойшанинг ўзи ҳам пиқиллаб кулиб юборди.
Эртасига чиллали келин Бургутнинг участкасига шудгор кўтаргани универсал миниб келди. У қулоғига бир даста гунафша қистириб, атайин келинлигини билдириш учун юзига билинар-билинмас қилиб упа қўйиб, кўкрагига пастга қаратиб, чучмўма тақиб олган эди. Ундан гуп-гуп атир ҳиди анқир эди.
Бургут унга ҳайдаладиган ерни кўрсатиб берди. Ойша моторни ўт олдириб, рулга ўтирмоқчи бўлиб турган эди, узокдан мош ранг «Победа» кўринди. Ойша бир нимани сезгандек қўл силтаб, тракторни ҳайдаб кетди. Қиши билан қор сувини шимиб кўпчиган ер палахса-палахса бўлиб кўча бошлади. «Победа» келди. Ундан ширакайф «куёв» тушди. У ёқ-бу ёққа қарамай трактор кетидан югурди. Ойша атайин уни кўрмаганга солиб руль бошқариб кетаверди.
— Тўхта, ўттиз икки минг сарф қилганман, судга бераман.
Ойша қўл силтади. Куёв елдек югуриб трактордан ўтиб кетди-да, йигирма метрча нарига бориб йўлга узала тушиб ётиб олди.
— Ўлигимнинг устидан ўтасан.
Трактор унга тўрт метрча қолганда тўхтади.
— Тур-э, бетинг қурсин. Ҳозир босиб қурвақадек эзиб кетаман…
— Ўзимни осаман, жавобгар бўласан.
Ойша трактор орқасидаги бир ўрам арқонни олиб унга улоқтирди.
— Ўзингни оссанг, ҳув ана, сим тортилмаган столба бор.
Ойша зарда билан яна рулга ўтирди. Унинг ҳаракатларини кузатиб турган Бургут:
— Маладэс! — деди.
Ойша юриб кетаётиб трактор устида тик туриб орқага қаради. Унинг бу қараши, негадир, менга лочинни эслатди. Буни Ўрик домла ҳам пайқаб турган экан.
— Ҳа, умрингдан барака топ, лочиннинг ўзисан-а! — деб юборди.
Мен чўлда рўй бераётган бу ҳодисаларни, чўл бағрига қўл солиб, унинг яширган бойликларини тортиб олаётган бу танти-мард одамларни кўриб, юрагимдан уларга таҳсин ўқидим.
Чўл бургути ёнига йигитларни олиб, Ўрик домла обод қилган янги боғни айланиб, каналдан лой чиқазаётган экскаваторчилар олдига от чоптириб кетди. Чўлнинг уфқ билан туташган ерида уларнинг сояси кўринди. Олдинда Бургут елиб борарди, ортидаги йигитлар гоҳ олдинга ўтиб, гоҳ кейинда қоларди. Уларнинг бу кўриниши худди бургут болаларини парвозга ўргатаётганга ўхшарди.
Урик домла билан икковимиз қолдик. У яна ўрикдан гап бошлармикин деб қўрқиб турган эдим, йўқ, иши қистов экан, боғига кетди.
Ёлғиз қолдим. Ойшанинг трактор ҳайдашини кузатиб туриб хаёлга толдим. Бургутнинг йигитлари парвоз қилган чўлга яна бир лочин учиб келгандек бўлди. Бу шундай лочинки, на унинг қанотини қирқиб бўлади, на ўзини қафасга солиб бўлади. У қафасни парчалаб кенгликларга парвоз қилган шаддод чўл лочини эди.
1959 йил.