Сафар Кокилов. Қуруқ ҳавас (ҳажвия)

Бўлим бошлиғи ишдан олинди. Яхши йигит эди. Лекин узоқ ишламади. Катталар бўлимга янги мудир излашаяпди. Мен ҳам шу бўлимда йигирма йилдан бери ишлайман. Ҳамкасбларим мени ҳурмат қилишади. Ҳаммаси бўлмасаям, жуда кўпчилиги «Агар биздан сўрашса эди, бўлимга сизни бошлиқ бўлсин деб айтардик. Афсуски…» дейишарди. Ўзим ҳам биламан. Бошлиқ бўлсам эплаб кетаман. Ишнинг кўзини билиб қолганман. Лекин негадир раҳбарларимиздан ҳеч бири мени суриштирмайди.
Бир куни бетимни қаттиқ қилиб, узоқ қариндошчилиги ҳам бўлган, каттанинг ўнг қўли, муовини Қорақулоғовга ёрилдим.
—    Ўртоқ Қорақулоғов. Мени йигирма йилдан бери биласиз. Орага тушинг. Каттага айтинг. Бўлимга мени бошлиқ қилиб сайласин. Бўлимда аҳвол хароб. Жоним ачишганидан… Мени
тўғри тушунинг-у, агар мен бошлиқ бўлсам, ишни тўғри йўлга қўярдим. Ишонинг. Каттага шундай деб айгсангиз…
—    Йўқ. Бўмайди. Сиз бўлолмайсиз., – деди дабдурустдан Қорақулогов маънодор бош чайқаб.
—    Нега энди? Ишни эплай олмайди деяётибсизми? Ахир анови ишдан олингандан ўлсам ўлигим ортиқ-ку?! Мендан яхшисини топа олмайсизлар. Мен виждонли одамман. Юзингизни
ерга каратмайман. Каттага айтаверинг.
—    Биламиз, биламиз. Ишни эплашга эплайсиз. Лекин… Иложи йўқ. Йўқ.
—    Нега? Нега иложи йўқ? Ёки бошқа одам топилдими?
—    Хе, йўғ-э. Ҳозирча муносиб одам чиқмади. Лекин сиз ҳам бўлолмайсиз. Бўмайсиз. Мен сизга тўғрисини айтсам, сиз серзарда одамсиз. Қизиққонсиз. Ўзингиздан мансаби катталар билан гаплашишни билмайсиз. Катталар танбеҳ бераётганда индамай туролмайсиз. Муроса қилмайсиз. Хафа бўлманг-у…
—    Шугинами?
—     Мен унинг гапини бўлдим:
– Бу қийин иш эмас. Тўғирласа бўлади. Бўпди. Бугундан бошлаб индамай
юраман, индамай тураман. Ҳеч ким билан тортишмайман. Оқни қора дейман, қорани оқ дейман. Келишдик. Хе, бир орага тушинг. Ишончли одам денг…
Қорақулогов қовоғи очилиб, бироз ён бергандай бўлди. Ҳайрият. Елкамга қўл ташлаб, ўзига тортди ва қулоғим тагида астагина деди:
–    Ундай бўлса… Хўп. Бўпди. Орага тушганим бўлсин. Каттагага айтаман. Сизни сайлаймиз. Гап йўқ, Лекин бигга шарти бор… Ўзингиздан қолар гап йўқ. Аввал битта қўй сўйиб, катталарга зиёфат қилиб берасиз. Каттамизга бир сидра кийим. Қуруғидан ҳам… Ха, энди муовинларга химматингиз. Ахир, лавозим ҳам текинга берилмайди-да. Нима дедингиз?!
Менинг рангим ўчди. Миямга қон урилди.
–    Нима? Ие, нега энди? Ҳали мен амални сотиб оламанми?!…
Қорақулоғов бирдан кулиб юборди. Мендан узоқлашди.
–    Ана, ана. Айтмадимми. Мана шу-да. Ҳатто ҳазилниям тушунмайсиз-у. Сиз бошлиқ бўлолмайсиз дедим-ку. Бўлолмайсиз. Қуруқ ҳавас билан иш битириб бўлмайди, ошно, бўмайди.
Бошқасини топамиз…