Сафар Кокилов. Қозон бошига ҳужум (ҳажвия)

Бир куни ўзимизнинг хўжалиқдан бўлган Туллаков деган одам билан учрашиб қолдим. У ер-бу ерга ишга кириб, ишни ҳам ёлчитмай, оғирнинг устидан енгилнинг остидан юрадиган бу киши қўлида бир-икки дафтар кўтариб юргаи экан.
—    Қани, Туллаков ака, тинчликми? Дафтар қалам кўтариб юрибсизми? Нима саводнинг чаласи бор эканми? Яна ўқияпсизми? — дедим ҳазиллашиб.
-Савод-ку чиққан. Лекин бу дафтарлар бошқа мақсад учун…
Бу ерда пактлар бор. Пактлар… — деди у сирли оҳангда, аллақандай виқор билан.
—    Йўг-э?! Яна бир ишнинг бошини тутган кўринасиз, авзоингиздан. Нима гап?
—    Ҳе, кўрмайсизми. Бизнинг хўжалик раиси ўзининг бир тўда яқинларини атрофига йиғиштириб, қозоннинг бошига ўтириб олган. Чўмич қўлида. Айланиб ҳам ичади, ўргилиб ҳам ичади. Қолганини уруғ-аймоғига беради. Нима, бизлар ердан чиққанми? Айбимиз нима ўзи? Худога шукур, ўнинчини тугатгак бўлсак. Ёзиш қўлимиздан келади. Уккағарларнинг устидан пакт тўпладим. Юқорига бир ёзиб, еган-ичганини заҳар қилмасам, отамнинг ўғли эмасман…
—    Ҳа-а, шунақами?! Тўгри, тўғри. Э, қозон бошига ҳужум денг, ака…
—    Ҳа, шундай деса ҳам бўлаверади. Ҳақиқат қарор топмагунча қўймайман. Дунё беэга эмасдир, юқорида сўрайдиганлар бордир. Нима дедингаз?
—    Ҳа, бор, бор. Фақат ёзганларингиз ўз исботини топса-да.
—    Ҳе-е, топдирамиз. Мана бу ерда бариси ёзилган. Ким қанча еган, қанча ичган. Бариси пакт…
—    Ҳа, унда ишларингизга омад, ~ деб қўйдим унинг гапларига унча ишонқирамасам ҳам. Ўшандан бери ойлар ўтди, йил ўтди.
Тақдир тақозоси билан яна учрашиб қолдик. Олдимга сариқ рангли «Жигули» машинаси шитоб билан келиб, «ғийқ» этиб тўхтади. Чўчиб қарасам, ўша, Туллаков. Семириб, қорин қўйган. Ўша пайтдаги қошиқдай юзлари ширмон нондай пўрсиллаб турибди. Тиржайиб келиб, кўришди.
—    Ҳа-а, мухбир ука. Қандайсиз энди, сўрагандан бери?..
—    Ие, ассалому алайкум, Туллаков ака. Ўзингиздан сўрасак? Жуда ўзгариб кетибсиз-а?!.
—    Ҳа, энди. Юрибмизда ука, жамоа ишлари билан дегандек…
Шундай деб Туллаков бир кекириб қўйдида, чўнтагидан гугурт чўпи чиқариб тишининг орасини кавлай бошлади.
—    Туллаков ака, ҳў ўшандаги гаплар амалга ошдими, ишқилиб?
—    Қайси гаплар? Что-то эсимда йўқ.
—    Ҳў-ў, ўша гап-да… Қозон бошига ҳужум-чи?! Хўжалик раҳбарлари хўжаликни талон-тарож қиляпти. Еб кетди, ичиб кетди. Ёзаман. Ҳақиқат қиламан деб юрганингаз-чи?!..
Туллаков қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
—    Ҳа-а, ўша гапларми? Оббо, сиз-эй. Памит ҳам зўр эканда-а?! Ҳе-е, у гапларни ҳал қилиб юборганмиз,
—    Хўш, хўш. Нима бўлди? Муттаҳамлар жазосини олдими? Ҳақиқат қарор топдими?
—    Ҳе, бўмасам-чи. Ўша гаплардан сўнг жамоага омбор мудири бўлиб ўтдик-да… – деди гердайиб, икки елкасиини кериб.
—    А?! Йўғ-а?! Ҳе, қойил-э. Ўша еб-ичганларнинг бировининг жойини олибсизда, унда.
—    Ҳа, шунақа бўлди. Ўша гаплардан сал кейинроқ бир куни раис чақиртирибди. Кимдир ниятимни етказган, шекилли. Унинг ҳар қадамда шипёнлари бор. Хуллас, чақириб: «Ука, келинг, гина-кудрат бўлса, унутайлик. Сиз ўзи назаримизда бор эдингиз. Мана вақти соати келди. Бирга ишлайлик. Сизни омбор мудири қилиб тайинладим. Олдингиси сал ноинсофроқ чиқди, ишдан олдик. Бир ишлаб ўзингизни кўрсатсангиз. Буёғи ўзимиз ёрдам берамиз», — деб қолса бўладими. На илож… Раиснинг ўзи шундай деб тургач… Ўлиб турган экан демасин деб, бироз таранг қилиб турдим-да, сўнг рози бўлдим…. Мана, ўшандан бери ишлаб юрибмиз жамоанинг бир четига илашиб, дегандек…
Шундай деб Туллаков яна қорнини селкиллатиб, ҳузур қилиб кулди.
—    Э-э, қозоннинг бир четига илашиб денг. Оббо, сиз-эй. Демак сиз излаган ҳақиқат ҳам шу экан-да?! Қассобга мой қайғу, эчкига жон қайғу дегандек, раис сизга қарашиб юборибди-да…
—    Шундай, шундай. Унга жон қайғу… Хих-хих-хи-хи…
Мен ҳам заҳарханда кулиб, дедим:
—    Энди, ишқилиб, яна биров асл ҳақиқатни юқорига ёзиб юбормаса денг, сизни ҳам қўшиб…
—    Ҳе-е, ёзолмайди. Мендайлар кам бизнинг жамоада- деди у виқор билан.
—    Нега энди? Учраб туради. Масалан, мана биз ёзамизда энди, сизни, Туллаков ака…-дедим унга синовчан тикилиб.
Унинг бирдан ранги ўчиб, дами чиққан пуфакдай бўшашиб кетди.
—    А?! Йўг-э?! Ҳазиллашманг-э. Қўйинг, ука, бу гапларни. Юринг, бир чой ичайлик. Анови ерда зўр палов қилади-да… -деб Туллаков менинг қўлтиғимдан олди. Мен ҳам бироз таранг қилиб турдим. Сўнг қўлтиқлашиб қозон бошига караб кетдик.