Сафар Кокилов. Тушунмаса қийин (ҳажвия)

Узоқ вақт бир жойда ишлаган бўлса ҳам, омади чопмай, раҳбарликка кўтарила олмаган бир танишим шундай деб ҳикоя қилган эди.
Катта бир корхонага раҳбар бўлиб кўтарилган бир дўстимга учрашиб, қолганда гина қилдим.
-Ҳафа бўлманг-у, дўстим, кейинги вақтда ишга қобилиятсиз, кўрсавод одамларни ишга олиш кўпайди. Ахир бу созда келажак нима бўлади?
Дўстим бир қизариб, бир бўзарди-да, зарда билан деди:
– Эҳ, раҳбар бўлиб кўрмагансизда, гапираверасиз, мен нима қилай ахир? Раҳбар бўлганим билан осмондан шалпиллаб тушганим йўқ-ку. Шу ернинг одами бўлсам. Менинг ҳам ака-укам, тоға-жияним, уруғ – аймоғим бор. Сизга ўхшаган дўст-ошноларнинг сон-саноғи йўқ. Кўз бор, қош бор дегандек, улардан айро яшай олмайман-ку. Мана бу раҳбарлик чопондек нарса, бугун бор эртага йўқ. Яна ўша оғайниларим билан яшашим, тўй-маракада бирга ўтиришим керак. Шундай бўлгач, уларнинг илтимосларини бажармай иложим йўқ-да…
– Ҳа унчалик экан, ҳеч бўлмаса ишга олаётганда имтиҳон қилинг, синанг. Ишни эплашга кўзингиз етгандан сўнг, ишга қабул қилинг-да. Бўлмайдиганини “мана оғайинлар синадик, бизга тўғри келмади, бошқа иш топсин” деб, қайтаринг.
– Ҳе, ошнажон –э, раҳбар бўлиб кўрмагансиз-да, билмайсиз. Тўсатдан юқоридан қўнғироқ жиринглаб, таҳдидли овозда “фалончини юборяпмиз, ишга жойлаштиринг” дейишса, “ғиқ” этолмай қоларкансиз. Қани, олмай кўринг-чи… Ҳар куни текширувчиларни юбориб текшираверади, текшираверади, раҳбар бўлганингизга пушаймон бўлиб кетасиз. Беайб парвардигор, ахир! Мен ҳам бу лавозимда уч-тўрт йил ишласам деган умидим бор. Юқоридаги раҳбарларнинг кўнглига қара-аб ишлаганим яхши эмасми, ахир…
– Ҳеч бўлмаса ишончингизни оқлай олмаган ўша чаласаводлардан тилхат ёздириб олсангиз-чи? Ўзингизни оқлаш учун… “Мен синовдан ўта олмадим. Ўзим айбдорман” деган мазмундами…
– Ҳе-е гўдак боланинг гапини гапирасиз-да, ошна. Раҳбар бўлиб ишламагач шу-да. Эй, шундайлари борки, ўзининг фамилиясини ёзганда тўртта хато қилади, хати ажи-бужи, ишимизнинг моҳиятига-ку умуман тушунмайди. Лекин ўлса ҳам ундай тилхат ёзиб бермайди. Бети безрайиб, кўзи бақрайиб тураверади. Орасига тушганлар эса, “Ҳа энди ўрганиб кетади-да, ҳамма ҳам бирдан одам бўлмаган-ку. Қоқилиб, суриниб яхши бўлади-да. Ўзингиз одам қилиб беринг” деб ялиниб тураверади. Олмай кўрингчи. Керак бўлса устингиздан шикоят ёзади, “Ўзининг уруғларини ишга олади бизни олмайди, пора сўраяпти ва ҳоказо” деб…
– Наҳотки виждонингиз қийналмаса?
– Виждон? Қийналади, албатта. Лекин нима қилай, чидаймизда. Э-э, – у қўл силтайди:- Бора-бора ўрганиб кетаркансиз-эй. Раҳбар бўлиб ишламагансизда, буни барибир тушунмайсиз…
– Билмадим, билмадим. Лекин мен бундай қилиб ишлай олмасдим. Ишини топширардим.
– Ҳа-а, раҳбар бўлиб ишлаб кўрмаган одам шундай дейди-да. Бир ишлаганингизда эди, ҳеч ҳам шундай демасдингиз. Аввало сиздай фикрлайдиганларни икки дунёда ҳам раҳбар этиб сайлашмайди. Қолаверса, елиб-югуриб, ўртага неча-неча одамларни солиб, керак бўлса, қуруғидан чўзиб, раҳбар бўласиз-у, арзимаган нарсага осонгина бўшаб кетаверасизми. Асло! Талашиб олгач, чидайсиз барига. Мослашасиз. Раҳбар бўлиб ишламаган қаёқданам билсин буни. Бизга ҳам осон деманг, дўстим.
– Унда нега раҳбар бўлиб ишлашга қизиқасиз?
– Ҳе-ҳе-ҳе. Соддасизда, дўстим, соддасиз.
– Хўп, биз билмасак, сиз айтинг-да. Раҳбарликнинг нимаси яхши?
– Раҳбарлик ҳам бир касбда, ошна. Ахир кимдир раҳбар бўлиб корхоналарни бошқариш керак-ку. Қолаверса, аксарият одам раҳбар бўлаётганда “мен кеча-кундузи билан тинмай ишлайман, иш, иш” деб раҳбар бўмайди. “Амал курсисида ўтириб ҳаммани бошқараман, давраларнинг тўрида иззат-икром кўраман, еб-ичиб, маишат қилиб, ҳаётимни гўзал қилиб яшайман” деб раҳбар бўлади. Бу иш дегани ҳаммадан қолган. Яхши яшаш керак.
– Э-э, гап буёқда денг. Шахсий манфаат биринчи ўринда демайсизми.
– Ҳа, шунақа гаплар. Раҳбар бўлиб ишлаганингизда эди, бунақа бемаъни саволларни бериб ўтирмаган бўлардингиз.
– Ҳе, бундай раҳбар бўлгандан бўлмаганим яхши.
– Ҳе-ҳе-ҳе. Ишкомдаги узумга бўйи етмаган тулки “Пуф, сассиқ” деб кетган экан. Ҳамма гап сизнинг раҳбар бўлиб ишламаганингизда. Тушунмайсиз. Сизни ҳам бир йил, йўқ, йўқ, бир ойгина бирон катта ташкилотга раҳбар қилиб сайлашса эди-я. Сўнг “жойимни бермайман” деб, оёқ тираб, курсига ёпишиб олган бўлардингиз-а. Хе-хе-хе. Хоҳлайсизми, мен орага тушиб, бирон ерга раҳбарликка гаплашаман…
– Сиздай бўлиб ишлаш учунми? Йўқ. Хоҳламайман.
– Ҳе-ҳе-ҳе. Раҳбар бўлиб кўрмагансиз-да, шундай деяпсиз. Сиз аввал бир бўлиб кўринг-чи…
– Йўқ. Бундай ишлашга виждоним йўл қўймайди.
– Ҳе-е, яш-шанг! Ана энди ўзингизга келяпсиз. Сиздек ҳақиқатчи, келажак учун қайғурадиган, виждонли кишилар ўзининг виждонига доғ тушурмаслик учун ўзини авайлаб, раҳбар бўлишни хоҳламаса, кимдир ишлаш керак-ку. Демак ўз-ўзидан бизга ўхшаган раҳбарликка қизиқадиганлар ишлайди-да бу ерда.
Ҳе, ошнам-эй. Яна тағин келажак, келажак дейсиз-а.
Сиз биз раҳбарларни ҳеч қачон тушунолмайсиз. Чунки раҳбар бўлиб ишламагансизда, дўстим!