Офат тўсатдан келса, ёмонда! Ҳаммани шошириб қўяди. Айниқса, товуқларга ўлат текканда. Касаллик шамолдай тарқалади. Товуқлар тап-тап этиб, юрган жойида ўлиб қолаверади. Эгалари гап нимадалигини билгунча ҳар хил воқеалар бўлиши мумкин…
Қилтириқ Алининг ҳар куни биттадан тухум туғадиган катта қора товуғи қушниси хомсемиз Валининг томорқасида ўлиб ётган экан. Бундан хабар топган Али «мол аччиғи – жон аччиғи» дегандек, таёқ кўтариб бориб, Валининг бошини уриб ёрди. Вали ҳам шуни кутиб ўтиргандай фельдшер қўшниси, «ўзим боғлаб қўяман», деганига ҳам қарамасдан, пешонасидан қони оқиб, касалхонага борди. Қабулхона эшиги олдида “Бугун биронта бурга тепган ҳам келмади-я. Наҳотки, бугун ҳам куним бефойда ўтса”, – деб куюниб ўтирган жароҳатшунос дўхтур Жаббор Сатторович пешонасидан қон оқиб келаётган Валини кўриб севинганидан ирғишлаб кетди. Уни даст кўтариб ичкарига опкириб, каравотга ётқизди. Дўхтурнинг меҳрибончилигини кўрган Вали батгар ҳаво олиб шишинди.
– Дўхтуржон, ёрдам қилинг. Бошимни қўшним Али уриб ёрди. Менга яхшилаб ҳужжат қилиб беринг. Уккағар қўшнимни бир қаматиб тавбасига таянтирмасам, отамнинг боласи эмасман. Сиз ёрдам қилаверинг. Мен рози қиламан, – деб Вали дўхтурнинг қулоғига шивирлаб, “фалон пул” беришини айтиб юборди. Пулни эшитган Жаббор Сатторовичнинг аввал қулоғи қизиди, сўнг товони.
– Ҳе, бормисан, укам. Қўшнингнинг терисини биргалиқда шиламиз, – деб катта гапириб юборди. Сўнг Валининг калласидаги мушук тирнагандай жароҳатга аямай кўк дорини суртди. Ўнта бинтни ҳам аямасдан бошига ўраб ташлади ва оғир касаллар ётадиган палатага жойлади. Ҳамширага “олдига берухсат ҳеч кимни киргизмайсан” деб қаттиқ тайинлади.
Қўшнисининг касалхонага ётиб олганини эшитган Алининг пайтавасига қурт тушди. Кечаси билан қилтириқдай гавдаси довулда қолган теракдай чайқалиб, ухламай, ўйлаб чиқди. Саҳар маҳали пешонасини деворга ишқаб-ишқаб, шилинган жойини хотинининг қизил рўмоли билан боғлаб, у ҳам касалхонага борди.
– Дўхтур, ёки қўшнимни тезроқ касалхонадан чиқариб юборинг, ёки мени ҳам ётқизинг. Мана, мени ҳам урган, – деб талаб қилиб Жаббор Сатторовичга сиёсат қилди. Дўхтур ҳам
аноилардан эмас эди, Уни текшириб кўриб, ишонмади. Бош чайқади. Гапи ўтмаган Али энди яхшиси қўшнимдан кечирим сўрай қолай, деб ўйлади, Лекин олдига кира олмади. Яна боши
қотди. Ўйлай-ўйлай яна дўхтурнинг олдига келди.
~ Дўхтуржон, бир аҳмоқчилик бўлди, бўлди-да. Сиздан илтимос, келинг энди шу гап-сўзни тинчитайлик. Бизни яраштириб юборинг. Мелисалаштириб юрманг, илтимос, – деб ялинишга тушади. Дўхтур оёқ тиради. Қовоғини уйди. Лабларини чўччайтириб, кўзларини ола-кула қилиб, баданини қашиниб, узоқ сукутга кетди. Сўнг ваҳимали қилиб деди:
– Ўх-ху-у. Нима деяпсиз?! Қўшнингизнинг аҳволи жуда чатоқ. Миясига қон қуйилган… Қамаладиганга ўхшайсиз. Тайёргарлигингизни кўраверинг…
– Э, ундай деманг-э, дўхтуржон. Акажон. Акам бўлинг. Бола-чақам етим қолмасии. Бир ёрдам қилинг. Мен ҳам қараб турмайман. Рози қиламан. Оғзингизга сиққанини айтинг, ака.
Факат ёрдам қилинг. Жўжабирдай жонман… – деб Али ҳўнграб юборди.
Дўхтурлар жуда раҳмдил бўлади-да. Айниқса, кап-катта одам кўз ёши қилиб турганда. Жаббор Сатгорович кўнгли бўш одам эмасми, унинг кўз ёшларига эриб кетди ва “оғзига сиққанини” айтиб юборди-ю, Али ҳам тилини тишлай-тишлай рози бўлди.
Икки томондан ҳам худо берган насибасини ундиргач, Жаббор Сатторовичнинг ғайратига ғайрат қўшидди. Икки билагини шимариб, уларни даволашга, яъни яраштиришга киришиб кетди. Бор санъатини ишга солди. Қонундан гапирди. Гўри-қиёматдан олди. Бола-чақани ўртага солди. Ўзи кафил бўладиган бўлди. Хуллас, қўшниларни ишонтирди ўзининг гапларига. Икковидан “бир-биримизга ва дўхтурга давомиз йўқ” деб тилхат ёздириб олдида, уларни яраштириб, қўл бериб кўриштириб, касалхонадан чиқартириб юборди.
Ўз ишидан мамнун Жаббор Сатторович «яна келиб туринглар» деб, анча вақтгача уларнинг изидан қўл силтаб, хайрлашиб қолди. Қўшнилар изига қарамасдан уйга чопишди. Иккаласи ҳам жим эди. Бошдаги жароҳат битди – чўнтакдаги кетди…
Вали эрталаб туриб қараса, не кўз билан кўрсинки, энди унинг бир эмас, нақд иккита товуғи жой қуригандай Алининг томорқасининг четида бемалол икки бути осмонга кўтарилиб, ўли-иб ётибди.
– Оббо. Буёғи қандай бўлди энди? Вой аблаҳ-эй. Қайтар дунё эканда, а? – деб Вали энди Алига ҳезланди.
– Урасизми? Уринг, уринг. Мана калла, – деб Али ҳам товуқнинг калласидай калласини Валининг тумшуғининг тагига тиқди. Вали эса…
Шу пайт Валининг хотини югуриб келиб орага тушди.
– Ҳой, дадаси, тўхтанг. Қишлоғимизда товуқларга ўлат касали оралабди. Ҳамманики ўлаётганмиш. Анови Тўхта мол дўхтури келди. Ўлатга қарши товуқларни эмлайман. Ҳар бошига юз сўмдан берсангиз, деяпти…
-Э-э, шундай демайсанми, – деб Вали билан Али бирдан бошини ушлаб қолишди. Шайтонга ҳай беришди.
– Ҳе-е, энди эмлашнинг фойшаси йўқ. Барибир ўлади,- деди Али.
– Энди бунинг давоси пичоқ. Ҳаром ўлмасдан барча товуқларни сўямиз, – деди Вали.
– Бугун “табака” бизникида. Ўтинг қўшни, – деди тиржайиб Али.
Вали ҳам бирдан ёйилиб тушди. Кўк дори суркалган бошини қашлади:
– Э, шунақага ўхшайди. Унда эртага эриш биздан, яримтаси сиздан-да, – деди кула-кула,
– Қўшни, товуқ димламага Жаббор Сатгоровични ҳам айтмаймизми, а? – деди ҳазиллашгиси келиб Али.
– Ҳе, гум қилинг-э, – Вали қўл силтади.
– Ҳа энди, товуқларнинг терисини шилишга ёрдам берарди-да. Жуда уста қассоб эканми, занғар.
Қўшнилар кула-кула ажралишди. Бироздан сўнг иккала ҳовлида ҳам ўлат теккан товукдарнинг жон талвасада қа-қағлагани эшитила бошлади.
Мана шунақа. Офат тўсатдан келса, ёмон-да. Ҳаммани шошириб қўяди. Айниқса, товуқларга ўлат текканда…