Сафар Кокилов. Текширувчи бўлгим келади… (ҳажвия)

Мен сизга айтсам, шунча йил ишлаб, бировнинг ишини текширмабман. Текширувчилар гуруҳига аъзо ҳам бўлмабман-эй. Бунинг учун нима қилиш керак, кимга учрашиш керак, бунисини ҳам билмайман. Мен ўзи аслида текширувчиларни кутиб олувчи, уларга тафтиш бўйича ҳисоб берувчи ва уларга чой-пой ташувчилар тоифасига мансубман. Ҳамма ҳам ўзида йўқ нарсани орзу қилганидек мен ҳам текширувчилар келяпди деб ҳовлиқиб чопиб юрган одамларни кузатиб, уларга қўшиб ғимирлаб юрарканман ичимда, “эҳ, қанийди мен ҳам текширувчиларнинг бошлиғи ёки бир аъзоси бўлиб қолсам”, – деб уларнинг ўрнига ўзимни тасаввур қилиб ҳаёл суриб қоламан гоҳида. Орзуга айб йўқ-ку, ҳар қалай. Менга ўхшаб очиқ айтмаса ҳам, кўпчилик ичида орзу қилса керагов.
Илгарилари ўрисчасига “камиссия” дейишарди. Энди ўз она тилимизда текширувчилар деймиз-да. “Текширувчилар келяпти. Тафтиш қилармиш ишимизни, миридан сиригача кўрармиш. Барча тешикларга калла суқармиш. Ҳар бир нарсани ўз кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаб, бурни билан ҳидлармиш. Худонинг ғаззаби эмиш-эй. Қўшни туманни бир ҳафтадан бериш босиб ётганмиш. Эрта-индин биз томон юриш қилармиш…”
Селнинг ваҳимаси олдидаги шамолида деганларидек, текширувчиларнинг ҳам ўзидан олдин келадиган “келди-кетди” гапи ваҳимали. Аслида улар ҳам сизу биздай оддийгина, икки оёғининг таги япалоқ одамлар-у, фақат улардан ҳамма қўрқади. Ҳатто биз қўрқадиган бошлиқларимиз ҳам қўрқади-ей. Ана шунисига ҳавасим келади-да. Ахир қўрқиб турса ёмонми?! Мазза-ку, шунда-ай гердайиб турсанг, ҳамма қуллуқ қилиб ўтаверса. Ёки ўзинг ҳам тузук билмайдиган бирон нарсани дабдурустдан сўраб қоласан-да, жавоб берувчи билганини ҳам тўғри айтолмай важоҳатинг олдида қалтираб қолса. Арзимаган бир нарсани ёлғондан бўлса ҳам гапириб қўйсанг, “тўғри, тўғри” деб тасдиқлаб туришса. Ишидан бирон ишкал топиб қолсанг-ку, тамом, ёт десанг ётади, тур десанг туради… Ҳе-е. Текширувчи бўлишнинг шу томонларига беш кетаман-да-е.
“Текширувчи келяпти” – десак-у, катагина тулки оралаган товуқдай ҳамма питирлаб қолади. Ўзимиз ҳам-да. Аввал уст-бошни тўғирлаймиз. Тўй-томошаларда кияман деб сандиққа ташлаб қўйган кийимларга ҳам шу баҳонада шамол тегиб қолади. Сўнг ўтирган хоналарни тартибга соламиз, ўрисчасига айтганда “отидо”. Керак бўлса, ҳужжатларни кечаси билан қайта кўчириб чиқамиз. Ишимизга алоқадор буйруқларни қачон, нега, қаерда чиққанигача ёдлаймиз. Чўнтакдан пул йиғиб оҳак дейсизми, бўёқ дейсизми сотиб олиб бинони, барча хоналарни қайта таъмирлаймиз. Энди-и, текширувчилар учун қилинадиган зиёфатни-ку гапириб ўтиришнинг ўзи нотўғри. Чунки меҳмон отангдан улуғ, чой-нон, одамгарчилик деган гаплар эскидан қолган, миннат қилиш яхшимас. Сарф харажатни эса гапириб ўтиришга арзимайди. Кўпинча бир-икки кишига мукофот пули ёзилиб ёки ойликдан ушлаб текислаб юборилади. Баъзи жойларда чўнтагига “кўкидан” тиқармиш-эй…
Тўғрисини айтганда, текширувчилар келиб кетгач, ҳовримиздан тушиб, анча вақтгача гурунгимиз мавзуси шу тўғрида бўлиб юради. Бир-биримизга қараб хурсанд бўлиб роса кулишамиз.
– Э, зўр иш бўлди-да. Ҳамма томон парядка бўлди-қолди-я.
– Эй, менинг манови ишимни бир йилдан бери тугатолмай юрардим, бир кеча-да битирдим-а.
– Мени айтмайсиз, мени. Шу баҳонада хонамдаги кераксиз ҳужжатларни йўқотиб олдим. Ўзиям юз йиллик нарса тўпланиб қолган экан-эй.
– Хоналар ҳам таъмирланди.
– Ҳовлини айтмайсизми. Ёғ тушса ялагудек қилдиг-а.
– Бариси ўз йўлига-ю манови Турдиевни айтаман. Соқоллари ўсиб, кир-чир бўлиб юрарди. Тоза кийиниб, ўзига қараса бинойидек йигит экан-эй.
– Хой ука, шундай културни юрсанг, уйлантириб ҳам қўямиз…
Мен бир четда гурунгга қулоқ тутиб ўтирарканман, текширувчиларнинг ана шундай ғойибона куч-қудратига яна ҳам тан бериб, уларга яна ҳам ихлосим ортиб, хаёл денгизига чўмилар эдим.
Яқинда, ўзларингизнинг ҳам хабарларингиз бор, грипп деган бир касаллик тарқалди. Ўта юқумли, ҳамма жойда телевизор ва радиоларда ҳам касалликдан ҳимояланишнинг энг осон йўли тўрт қаватли докадан ниқоб тутиб юриш эканлиги тарғиб қилинди. Қўрқиш балои жон-да, мен ҳам болаларимга: “Кўчада ҳам, синфда ҳам ниқоб тақинглар, ҳар икки соатда алмаштириб туринглар” – деб, иккитадан ниқоб тикдириб бердим. Уч-тўрт кунлардан сўнг 2-синфда ўқийдиган қизим тўсатдан касалланиб ётиб қолди.
– Қизим, грипп касалини юқтириб олибсан. Ниқобни тақмабсан-да?! – десам, қизим йиғлаб юборди.
– Нима бўлди? Нега йиғлаётибсан?
– Муаллим опа ниқобларни ўша биринчи кундан йиғиб олиб қўйган эди.
– Ие, нега?
– Ниқобни ҳар куни тақиб юрса кир бўлиб қолади. Шунинг учун буни фақат мактабга текширувчилар келганда бераман, тақиб ўтирасизлар. Кетгач яна олиб йиғиб қўяман деган эдилар. Ўшандан бери текширувчилар ҳам келмайди-да… – деди қизим йиғидан ўпкасини босолмай.
Ўз вақтида текширишга бормаганлиги ва қизим ниқобини тақмаган учун касалланиб қолганлиги боис текширувчилардан бироз койиниб, уларни ҳам текшириб туриш керак деган фикр калламга келди.
Начора. Қизимни ўн кун уйда ўзим даволадим. Лекин барибир текширувчиларга бўлган ихлосим сўнгани йўқ.
Бўлимимизнинг фариштадек оппоқ кийиниб олган хўжалик бекасига:
– Касалларни текшириб кўргандан сўнг қўлни ювиб артинишга тоза сочиқ берсангиз, – деб мурожаат қилсам, бека мени энди кўраётгандек бетимга безрайиб:
– Сочиқ йўқ. Биттагина янгиси бор, уни ҳам текширувчилар келганда бераман. Кетгач яна олиб қўяман, тағин қўл артиб ифлос қилиб қўйманглар, – дейди.
Мен хўжалик бекаси гигиена қоидаларига биз духтурларчалик тушунмайди, бу муаммони бўлим бошлиғи билан ҳал қиламан деб унинг хонасига йўл олдим. Шу пайт хумдай калласи билан йўғон танаси орасидаги бўйни бақбақага айланиб кетган бўлим бошлиғининг ўзи тоғора бойлагандек катта қорнини осилтириб олдимдан чиқиб қолди. Эшик олдида дардимни айтдим. У сўйилаётган хўкиздек пишиллай-пишиллай:
– Хўжалик бекаси тўғри айтибди. Керак бўлса, совун сочиғингизни уйингиздан опкелинг. Бўлим ҳисобидаги сочиқларни эса текширувчилар келганда қўямиз. Манови қон-доғ теккан халатингизни ҳам уйингизда ювдириб, дазмоллатиб келинг. Бошқа гап бўлиши мумкин эмас. Мен ҳозир ҳамшираларга тайинлайман. Беморлар ҳам тоза чойшаблар тўшалган каравотларга ётмай туришсин. Текширувчилар келиб кетгунча уйдан олиб келган дориларини ҳам яшириб туришсин. Бизда ҳамма нарса бепул-ку, – деди-да, лапанглаб ёнимдан ўтиб кетди.
Нимаям дердим. Яна ўша гап. Текширувчилар келяпти. Бўлим бошлиғимиз ҳам текширувчилар ваҳимаси тушганки, ҳарсиллаб шошиб юрибди. Хе, буларни кўргандан сўнг ҳам қойил бўлмай кўринг-чи. Ўҳ кучингдан, текширувчилар.
Ким нима деса десину, ишқилиб текширувчи бўлинг эканда-э. Уларга маза экан. Аввало ҳамма ундан дир-дир титраб қўрқиб туради. Бир кун турадими, ўн кун турадими егани олдида, емагани чўнтагига. Ана обрў-ю, мана иззат-икром. Кун туғса ҳам, ой туғса ҳам текширувчига туғсин… яна нима керак?! Ҳавас қилсанг ҳам, хасад қилсанг ҳам, бўлари гап шу.
Бошқаларни билмайман-у, лекин менинг шу текширувчиларга ҳавасим ҳаддан ортиқ зўрда-е. Оҳ, қанийди… мен ҳам би-ир текширувчи бўлсам… Шундай текширардим, шундай текширардимки… Хе-е. Орзуга айб йўқ-ку. Нима дедингиз. А, лаббай?! …