Сафар Кокилов. Беақл чумоли (ҳажвия)

Тез ёрдам машинаси чақириқ берилган уй ёнига келиб тўхтаганда бизни озғингина бир йигит кутиб олди. Ҳовлига кираётганимизда
– Дўхтур ака, отамнинг тоблари тўсатдан қочиб қолди. Аввал ҳеч бундай бўлмаган. Тезроқ ёрдам қилинг, ака. Рози қиламиз… – деди у шоша-пиша, бироз ҳовлиқиб.
– Албатта, ёрдам қиламиз. Қани, аввал беморни кўрайлик. Ҳаммаси яхши бўлади, иншолло. Сиз ҳавотиб олманг – деб қўйдим уни тинчлантириб, лекин ўзим эса ишқилиб бемор оғир бўлмасинда деб ичимда ҳавотирга тушиб қолдим.
Дори-дармон солинган темир қутисини кўтариб олган фельдшерим билан уй ичига, меҳмонхонага кирдик. Тўрдаги диванда пешонасига ҳўл сочиқ қўйилган ўрта ёшлардаги, тепакал, семиз одам чўзилиб ётибди ва ҳар замон “вой бошим” деб инграниб қўярди. Диван бошида турган хушбичимгина аёл бизни кўриб.
– Дадаси, духтур келди, – деб қўйди беморга хиёл энгашиб. Биз билан бош ирғаб унсиз саломлашди. Диван ёнига қўйилган стулга ўтирдим-да, беморнинг томирини санаш учун қўлини ушладим.
– Қани, ҳў-ў, ака. Менга қаранг-чи. Кўзингизни очинг. Нима бўлди?
– Бош оғрияпди, – деб қўйди бемор истар-истамас, кўзини ҳам очмай.
Мен унинг қон босимини ўлчадим, юрагини ўпкасини эшитиб, текшириб кўрдим. Томири тез уряпди. Қон босими жуда баланд эди. Фельдшеримга керакли дорилардан укол қилишни буюрдим.
– Қачондан бери ётибдилар? – дедим хотинига қараб.
– Бирон соатлар бўлиб қолди.
– Авваллари ҳам қон босими ошиб турардими?
– Йўқ, йўқ. Ҳеч ундай бўлмаган. Тўсатдан… – деди аёл бош чайқаб.
Шу пайт бемор ҳиёл кўзини очиб:
– Нима, давлениям баландми? – деди
– Бироз кўтарилибди, ака. Ҳозир укол қиламиз, яхши бўласиз…
Фельдшер унинг томиридан, ёнбошидан айтилган уколларни қилди. Дорилар таъсирининг натижасини кутиб, ўтирдик.
– Қандайсиз, ака. Оғриқ қоляпдими? Яхшимисиз? – дедим бироздан сўнг пешонасига қўлимни қўйиб. У бош чайқади.
– Йўқ. Бошим оғриғи қолмаяпди.
Мен яна қон босимини ўлчадим. Яна уколлар қилдик. Ва яна кута бошладик. Хонага сукунат чўмди. Бемор ҳам жим ётибди.
– Нима бўлди ўзи? Бирон нарсадан хафа бўлдиларми? – дедим секингина қаршимда турган ўғлига. Ўғли елка қисди:
– Мен ҳам ҳозиргина кўчадан келдим. Келсам…
Бемор эшитиб турган экан, менга бошини буриб қаради-да:
– Ҳа, хафа бўлдим. Қаттиқ ҳаяжонландим, духтур. Энди ўзим афсусдаман. Ҳамасига анови… падарлаънати чумоли айбдор, – деди тўсатдан.
– Нима? Чумоли? Чумоли чақдими?
– Ҳе, ундан баттари бўлди. Чақсаям майли эди-я. Тишлади. Нақд бўғзимдан олди.
Мен ҳайрон бўлиб унга бироз тикилиб қолдим.
– Йўғ-э?! Шундай катта чумоли эканми?
– Ҳе-е, қаерда дейсиз. Ўзи майда бир қора чумоли эди. Вой, бошшим… Бемор афтини бужмайтириб, бошини чангаллаб жим бўлиб қолди.
– Дада, ҳалитдан бери чумоли, чумоли дейсиз. Сўкинасиз. Нима бўлди ўзи? – деди ўғли безовталаниб: – Духтурга айтингда…
– Вой, адаси, одамни қўрқитманг. Эрталаб туппа-тузук эдингиз-ку. Қўшниникига бирров элакка чиқиб қайтсам, йиқилиб ётибсиз. Нима бало, жин чалиб кетдими? Нима бўлди? – деди хотини ҳам йиғламсираб.
– Ҳе дард бўлди. Ўл бўлди. Мунча сўрайсан. Эсласам бошим оғриб кетяпди, – деб бирдан бақириб юборди бемор.
– Майли қўйинг, ака. Ўзингизни босинг. Эсламанг. Қон босимингиз яна ошиб кетмасин. Бироз жим ётинг, – дедим мен беморни тинчлантиришга уриниб. Бемор яна жим бўлиб қолди. Шипга қараб анча ётди, сўнг менга томон ўгирилиб ёнбош ётиб олди.
– Йўқ. Бўпди. Айтмасам ҳам барибир ичим қисилиб кетяпди. Зора юрагим бўшаса, енгиллашаман. – деб отдан гап бошлади: – Духтур, шу чумоли ўлгурда ақл бўлади деб эшитганмисиз?
Тўсатдан берилган бу саволга нима деб жавоб берсам экан деб, бироз ўйланиб турдим-да:
– Ҳа, анови “фан ва турмуш”да ўқиган эдим. Нимайди? – деб қўйдим.
– Ха-а ана. Мен ҳам худди сиздай уни ақлли жонзот бўлади деб эшитган эдим-да, духтур. Шуни бир синаб кўрай деб мана шу аҳволга тушиб қолдим-э…
– Йўғ-э?
– Ҳа, ҳа. Ҳе уйгинаси куйсин-э… Шу десангиз, тутнинг соясида бекорчиликдан ёнбошлаб хаёл суриб ётган эдим. Бир маҳал қарасам бир қора чумоли ўзидан тўртта келадиган донни судраб ҳадаҳа кетяпти. Нафс қурғурни қаранг. Кичикроқ нарса йўқми сенга, деса. Ҳамма тирик жон борки, тирикчилик ташвишида-да, а духтур?!
– Ҳа-а. Нимасини айтасиз…
– Шу десангиз, кел дедим ўзимга, қани бир синаб кўрайчи, чумолининг ақли қандай бўларкан деб, қалам йўғонлигидаги бир чўпни олдига кўндаланг ташладим. Кузатиб туравердим. Чумоли минг бир азоб билан ер тирнаб донни шу чўпгача судраб келди. Тўхтади. Қарадики олдида тўсиқ бор. Энди шундан ўтиш керак-да. Анча ўйланди. Худди одамлардек, бошини қашлайдими-ей. Бир маҳал қарасам, ҳеч йўқ, бе йўқ, ўлжасини тишлаб олганича шу чўпга тирмашиб кетса бўладими. Тирмашгани-тирмашган, тирмашгани-тирмашган. Қани энди ўтолса. Бир раҳмим келади, бир аччиғим чиқади, десангиз. Шундай бўлса ҳам индамай ўтиравердим. Бу эса тирмашиб ётибди. Аммо лекин чумолининг қайсар бўлишини шу ерда кўрдим, духтур. Уф-ф, вой бош-шим… Хе-е, қайсар бўмаса, шундоққина бир сантиметр ўнгга юрса-ку, чўпдан ўтади-кетади. Йўқ-да. Бу падарланъати, говкалла, “шу чўпдан ошиб ўтмасам бўмайди”, деб туриб олган-да. Гоҳ ундай қилади-бўмайди, гоҳ бундай қилади-бумайди. Донни олдига қўйиб итарадимией, гоҳ ўзи устига чиқиб тортадимией…
– Сиз кузатиб ўтирибсиз?
– Ҳа-да. Хуллас билмайман бир соат бўлдими, кўп бўлдими ўтираверибман.
– У эса чўпга тирмашиб ётибди?
– Тирмашиб ётибди. Мен эса бақираман. Ҳой, падарқусур, каллаварам ўнгга юр, ўнгга. Ўтасан кетасан. Наҳотки шунгаям калланг ишламаса-я, ўнгга юр. Нима қиласан ўзингни ҳам қийнаб, мени ҳам қийнаб, – деб ер муштлайман. Кошки бу гапга тушунса. Уф-ф. Бир маҳал бошим оғрий бошлади. Тикилавериб кўзим тиниб кетди…
– Оббо сиз-эй. Нима қилардингиз ўзингизни шунча қийнаб…
– Ҳе, духтур-эй. Бир қизиқдим-да. Нимага десангиз, чумолига тикилиб ўтирибман-у. Ўзимни уйлаб қолдим. Бир қилиқлари ўзимизга ўхшаб кетади шу қуриб кетгурнинг. Мана, масалан, меҳнаткашлиги, аҳиллиги. Айниқса менга ўхшаган қайсар, одамсизлари ҳам бор экан деб ўйланиб қолдим, десангиз. Мана шунинг қилиғи айниқса менга ўхшаб кетармикан-эй…
– Йўғ-э?!
– Ҳа, ҳа. Мен ҳам ҳаётда ўз йўлимни тополмай, қийналиб юрганларданман. Бироз қайсарлигим эса оёғимга яна бир тушов, – унинг кўзлари ғилтиллаб ёшга тўлди. Бироз индамай турди-да, сўнг бир ютиниб қўйиб, давом этди; – Совет даврида бир корхонада бориб-келиб, ишласак-ишламасак ойлик маош олиб яшаб юрган эканмиз. Ҳе-е, мана энди замон ўзгариб… Мана энди “ишламаган тишламайди” деган давр келди қўйди. Ҳамма чопгани чопган. Тирикчилик, пул деб нималар қилишмаётир-а. Энди қимирлаган ютади… Мен эса ҳали ҳам ўша-ўша. Ҳамма қилаётган ишни мен қилолмайман. Қонун деб, орият деб, менга тўғри келмайди деб қолипдан чиқолмай қолибмиз экан… Уф-ф. Калла қотган даврда бунинг тўғри келганини қаранг. “Ҳе, менга ўхшаб қайсар бўлмай ўл, говкалла”, – деб сўкинаман аччиғим чиқиб. Шундай бўлса ҳам қани охири нима бўларкан деб қараб туравердим, десангиз. Гўё чумоли шу чўпдан ўтиб кетса, менинг ҳам ишларим юришиб кетадигандай-да-е…
– Хўш, сўнг нима бўлди?
– Ҳе-е, нима бўларди. Бу уккағар шу чўпга осилиб ётибди-да. Осилгани осилган, осилгани осилган. Кошки ўтолса. Мен бўлсам бақираман. Ҳой ахмоқ дейман, аввало кучинг етмаган нарсани судраб нима қиласан. Ҳа, судрабсан ҳам дейлик. Ҳа энди бундай ўт қўй-да. Нима қиласан ўзингни ҳам мени ҳам қийнаб. Ҳе сени ақилли деганниям… Уф-ф. Охири бўмади…
– Нега? Нима, чумоли ўтолмай қайтдими?
– Ҳе, қаерда. У-ку уриниб ётибди. Меники бўмади. Ортиқ чидай олмадим. Сабр косам тўлди. Бошим эса тарс ёрулгидай, лўқиллаб оғрийди. Жоним бўғзимга келди. “Ҳе, сени ақилли деганниям…”, – деб бақириб ирғиб ўрнимдан туриб кетганимни билмайман. Ковушимни оёғимга илдим-у, “шугина чўпдан ўтолмаган бўлсанг мана сенга, мана сенга”, – деб чумолининг калласига тепавердим, тепавердим, тепавердим. Мажақлаб ербилан битта қилиб ташладим. Дон ҳам ун бўлиб кетди. Чўп эса сомондай титилиб кетди. Роса қаттиқ тепган эканман, ковушим ҳам тумшуғидан айрилиб кетибди. Капаратив экан, савил. Ўзим эса юрагим тошиб, ҳарсиллаб қолдим. Бир маҳал кўз олдим қоронғилашиб кетди. Ўзимдан кетиб йиқилганимни билмайман…
– Оббо сиз-эй. Шу чўпни олиб ташласангиз-ку, бечора ўтарди кетарди. Шунча гап ҳам бўмасди, – дедим мен унга на куларимни на ачинаримни билмай.
– Ҳе, нимасини айтасиз, духтур. Ўзим ҳам афсусдаман. Энди ёрдам қилинг. Бир беақллилик бўлди бўлди-да…
Мен беморнинг қон босимини яна ўлчадим. Ҳали ҳам баланд. Шифохонага ётқизилмаса бўлмайдиган. Беморга буни айтган эдим, “йўқ, ётмайман”, – деб анча тихирлик қилди. Мен унга ва оила аъзоларига қон босимнинг ошиб кетишининг ёмон оқибатларга келтириши мумкинлигини тушунтирганимдан сўнг ноилож кўнди. Беморни “тез ёрдам”га замбарда кўтариб чиқардик. У йўлда кета-кетгунча ўша беақл чумолини сўкиб кетарди…
У-ку тузалиб кетди. Лекин лақаби чумоли, бўлиб қолди. Биров “чумоли” деса, сўкиниб қолади…