Сафар Кокилов. Табиий ҳол (ҳажвия)

Култепа деган шаҳарчадан кечаси соат учларда тўрттагина вагонни судраб жўнайдиган шаҳарлараро поездда аллақачон одам кўп. Ҳамма ҳам кечаси салқинда юришни, ҳали бозорлару идоралар очилмасдан вилоят марказига етиб келиб, юмушларини битириб эртароқ қайтишни хоҳлайди. Чунки бу ерда туш пайтидан сўнг сояда ҳам эллик даража иссиқ бўлади-да.
Поезд вагонлари одатдагидай бозорчи аёллар-у, талабалар, ҳарбийлар ва менга ўхшаган хизмат сафари билан юрган ҳар хил “меҳмон”лар билан лиқ тўла. Яна бир тўда эркак ва аёллар вағир-вуғур қилиб вагонга кириб келишганда мен мизғиб кетиш илинжида аллақачон тепадаги ўриндиқлардан бирига чўзилган эдим. Шу десангиз, мен ўзи уйқучиман. Бўш бўлдим дегунча ўтирган жойимда ҳам ухлаб қолавераман. Ҳамма шундайми ёки бир менми, ишқилиб, ҳайронман, ухладим дегунча ҳар хил тушлар кўраман-эй. Лекин ухлашга улгурмадим. Ҳалиги кирганлар мен ётган ўриндиқ пастидаги ва қўшни бўш ўриндиқларга келиб ўтириб олишди. Бир-икки эркак мендек юқорига чиқиб чўзилишди.
Поезд ҳар куни бориб келавериб ёд бўлиб кетган манзили томон “Ҳе-е, борамизда ўша жазирамага” дегандек унчалик шошмасдан, имиллаб, қадамига “Кел-э, сен ҳам қолиб кетма” дегандек, қўл кўтарган одамга тўхтаб-тўхтаб, чух-чухлаганича бурнидан тутун пуркаб кетиб боряпти.
Пласкарт вагон ичидаги чироқ хиралигидан ўтирган одамлар бир-бирини тузук танимайди. Лекин ҳамма ўзаро гурунгга қўшилиб, эшитиб кетмоқда. Деразадан ташқари қоп-қоронғу. Ҳар замонда қандайдир чироқнинг ёруғида хона ичи бир зум ёришиб кетади-да, яна аввалгидай бўлиб қолади. Вагон ичи дим. Дераза юқорисидаги аллақайси тирқишдан кираётган салқингина тун шамоли одамга хуш ёқади. Мен чалқанча ётиб кўзларимни юмганимча гоҳ мизғиб, гоҳ поезднинг қаттиқ силкиниб кетишидан чўчиб уйғониб, темир изларининг тарақ-туруғи-ю, вагондаги одамларнинг ғўнғир-ғўнғир гапларини беихтиёр эшитиб кетяпман. Гурунглар гоҳ тўхтаб қолади, гоҳ авж олади. Бироз жимликдан сўнг бир аёлнинг “уҳ” тортиб ингичка овозда гапиргани эшитилди.
– Ай, дугон, маориф бошқармасига тоифа олиш учун имтиҳонга боряпман-у, калламда ҳеч нарса йўқдай…
– Китобларни бир варақлаб қўймабсизда – деди яна бир аёл дўриллаган овозда.
– Аўўвв, шунга вақт қаёқда. Буёғи дарсга жугураман, буёғи уйга. Мол-ҳол, бола-чақа, қозон-товоқ дегандек. Қанча китоб ўқиган бўлсам, ёшлигимда ўқиганим. Анови турк сериалларини ҳам тузук кўролмаяпман-эй…
– Мен ҳам шу, ўргилай. Ҳе, борайлик-чи, бир гап бўлар. Ҳеч бўлмаса, йигирма беш йил ишлаганимизни ҳисобга олар-э…
Пича ўтиб яна ўша ингичка овозли аёл гап бошлади.
– Аай, дугон, сизларда ҳам шундайми? Бизда мана бугун майнинг йигирмаси-ю ҳалигача апрелнинг ойлигини бергани йўғ-а?! Бу ёққа қўшнимиздан қарз олиб келяпман…
– Хабарингиз йўқми? – Нарироқдан бир эркак овози эшитилди: – Туман маориф бўлими ҳисобхонасини молия тафтишчилари босган-ку. Бош ҳисобчи билан ғазначи ишдан кетиши мумкин ҳали. Ойлик ҳам шунинг учун тўхтаб турибди. Ҳали мактабларни ҳам ёппасига текшириш бошланади…
– Ўзи яқингинада текшириб кетвуди-ку – деб қўйди бир аёл.
– Ҳа-а, тафтиш қилиниб айбдорлар жазоланиб, ойликларимиз ҳам тезроқ берилса эди-я – деди дўриллаган овозли аёл.
– Аўўвв, дугон, гўрданми. Тафтишчи келган бўлса энди худо урибди. – деди яна биринчи гап бошлаган аёл: – Яна текшир-текшир. Яна йиғ-йиғ. Яна дарслар чала қолиб… Ҳе, кимга қийин, бизга қийин эканда яна.
– Ҳа-а, нимасини айтасиз. Текширувчи келди деса, дарслар буёқда қолиб ҳаммамиз уларни кутиб-кузатиш билан овора бўлиб қоламиз. Папка-ю, ҳужжатларни бирма-бир кўрсатаман деб одамнинг кўкайи кесилади-я. Қайси куниям бизга бир тафтишчи келди десангиз. Ҳужжатларимни кўрсатаётсам, у бирдан “Ноқобил болалар билан ишлаш дафтарини беринг” деди. Бердим. “Нега дафтар бўш, ёзилмаган?” дейди. Синфимда ноқобил боланинг ўзи йўқ, нимани ёзаман? – десам, бош чайқаб: “Бундай бўлиши мумкин эмас” деб турибди-да. “Демак ишламагансиз” деса бўладими. “Топинг, ёзинг” дейди. Кел-э, қулоғим тинчисин деб бир-икки болани яхши бўлса ҳам ноқобиллар рўйхатига тиркаб ёзиб қўйдим. Энди десангиз, “Менга қобил болалар билан ишлаш дафтарини кўрсатинг” дейди. Қанақа? Анграйиб турсам, ҳиринглаб кулиб, “Иқтидорли болалар билан ишлаш дафтари-да, ахир иқтидорли бўлгач, қобил бола бўлади-да” дейди. Ҳе, шундай демайсизми, бор деб кўрсатдим…
– Ҳе, сиз уни айтасиз. Тунов куни дарс ўтиб турсам, синфга бир милиса бостириб кириб келса бўладими. Дарс шу ерда тўхтади. Мен у кишига ҳужжатларимни кўрсатишим керак экан. Қарасам, бошқа ўқитувчилар ҳам директор хонасига йиғилган. ҳамма ниманидир ёзиб-чизиб ётишибди. Нима экан десам, ҳамма ёнғинга қарши кураш бўйича қиладиган ишларини ёзиб, папка тутиш керак экан. Мен ҳам ўтириб папка туздим. Хуллас, ўша куни дарсларим ўтиксиз қолди-кетди. Тавба дейман, бир ўқитувчининг бошига шунча ҳужжатбозлиг-а. Буларга дарс ўтмасанг ўтма, ҳужжат тайёрла-ю, келган текширувчининг оғзига ур-да. Уф-ф, бу ёқда ойлик маошдан дарак йўқ… Охири давление бўлиб ўлиб кетмасам гўрга эди…
– Яқинда яна битта папка тутасизлар – деб гапга қўшилди тепада ётганлардан бири.
– Уф-ф, яна қанақа папка? – бараварига сўрашди аёллар.
– Бундан буён дарс охирида ҳар бир ўқувчидан дарс ўтган-ўтмаганингиз ҳақида тилхат оласиз ва папка қилиб тикасиз. Тафтишчилар шуни кўради. Шу тилхатларсиз сиз дарс ўтмаган ҳисобланасиз…
Кимдир кулди.
– Сиз ҳам қўрқитманг-э одамни, шуниси етмай турибдими – деди аёллардан бири.
– Ай, бу гапми ёки маориф фармоними? – гапга аралашди яна бир аёл.
– Бу гапни раҳбарлар эшитмасин, дарров жорий қилади-я. Анови тилхатдек. Яқингинада ота-оналардан “Ўз боламга дарсдан ташқари вақтда ўзим қарайман. Ўқитувчига давоим йўқ” деган тилхат олган эдик-ку.
– Ҳа-а, бу ҳам жорий бўлди деяверинг. Фаришта ҳамма гапга омин дейди-да.
Шу пайт поезд қаттиқ силкиниб тўхтади. Тапир-тупур қилиб кимдир тушди, кимдир чиқди. Бироздан сўнг узоқдан паровоз ҳуштаги эшитилди ва поезд эринибгина жойидан қўзғолди.
– Ай, дугон, шу текширувчиларнинг ўзидан ҳам улар келгач, бошланадиган “йиғ-йиғ”и жонга тегиб кетди-да. Нима дедингиз? – деб яна гурунгни бошлади ҳалиги ингичка овозли аёл. – Кошки буёқда тўлиб-тошиб ётган бўлсанг экан…
– Ҳа энди, меҳмонларга чой-нон қилиш керак-да. – деди нарироқда ўтирган бир эркак.
– Сиз ҳам раҳбарлардан бўлсангиз керак-да, ёнини оляпсиз – деди аёллардан бири шанғиллаб.
– Унчаликмас-у, лекин бир вақтлар мен ҳам директорнинг илмий ишлар бўйича муовини бўлганман.., биламан-да. Чой-нон қилмасангиз барча ишингиз бир пул, барибир камчилик топади ва жарима солиб кетишади. Ундан кўра…
– Чўнтагига ҳам тиқишади – деди кимдир билағонлик билан.
– Ҳа, энди бу табиий ҳол-ку. Иложи бўлса кўкидан… – тасдиқлади ҳалиги собиқ илмий мудир.
– Бу ёғи энди мудир билан директорнинг ишида, бизга нима… – дегани эшитилди бир аёлнинг
– Ҳе-е, йўқ. Ана ўшанга ҳам пулни сизнинг чўнтагингиздан олади. Ёки бўлмасам, рағбатлантириш ёзишади. – Ҳалиги “собиқ”нинг овози эшитилди.
– Қанақа рағбат? – аёллардан бирови сўради.
– Эҳ-ҳа-а, ҳали ишингиз тушмаганми? Ахир тафтишчилар келди дегунча ҳар мактабдан беш-ўн кишига яхши ишлагани учун рағбатлантирилди, деб эллик-юз минг сўмдан пул ёзилади-ку. Сўнг… Ана ўша пулга меҳмон кузатилади-да.
– Мен ўлсам ҳам имзо чекмайман унақа рўйхатларга – деди ингичка овозли аёл.
– Ҳе-е опа, гўл экансиз – деди тепада ётган эркаклардан бири ҳиринглаб куларкан: – Сизга айтиб ўтирармиди. Ўзлари ёзади, ўзлари қўл қўяди, ўзлари олади. Сиз хабар ҳам топмайсиз керак бўлса…
– Йўғ-э. Қўрқишмайдими? Текшириб қолса-чи?
– Ўша текширадиганнинг ҳам томоғи бор – деб қўйди биров.
Тепада ётган эркак гапида давом этди:
– Дейлик, тафтиш хавфи туғилиб қолса, раҳбарингиз сизни аста чақириб, “Қандайсиз опа, текширувчилар келиб кетишдими, бирон камчилик топмадими” деб сўрайди. Сиз бўлса “Ҳе, раҳмат. Яхши ўтди. Камчилик топмади” дейсиз хурсанд бўлиб. Шунда у “Ҳа-а, опа, ўша камчиликлар топилмаслиги учун биз буёқда уларга у-бу, чой-нон дегандек қилдик-да. Пулини эса беш-олти одамга рағбат ёзиб олганмиз, рўйхатда сиз ҳам бор. Шунга олдим деб имзо қўйиб қўйинг ва биров сўраса олдим деб туринг” дейди. Қани, йўқ деб кўринг-чи. Индамай имзо қўйиб чиқиб кетаверасиз. Нима, чўнтагингиздан кетяптими? Ўзиники ўзига. Зато қулоғингиз тинч, ишингиз беш.
– Ҳа-а, мен ҳам бир неча марта қўл қўйиб берганман. Илож қанча – деб хўрсингани эшитилди бир аёлнинг: – Йўқ десангиз, ёмон кўриб қолишади, сўнг ишингиздан камчилик топиб ойликни қирқади, устамани олишади. Барибир чиқиб кетади. Ундан кўра…
– Ўша пулдан ўзлари ҳам манфаатдор-да – деб қўйди бир эркак.
– Ҳа, энди бу табиий ҳол-ку. Қўли текканнинг оғзи тегади-да. – деди яна собиқ илмий мудир.
– Эҳ-ҳе-е, қаранглар шунча камчиликни биламиз-у, чидаб юрамиз-а. – Бир аёлнинг баланд овози эшитилди: – Барисини юқори ташкилотларга ёзиб юборсак бўмайдими? Келиб бир текширармиди. Þқоридагиларнинг бунақа нарсадан хабари йўқ-да, бўлмасам-ку…
– Бўлади, лекин фойдаси йўқ. – деди яна бояги “собиқ” – уларнинг ҳам сизсиз иши бошидан ошиб ётибди. Шунинг учун хатингизни яна ўзингизнинг раҳбарларингизга қайтариб юборади. Текшириб чора кўринглар-да сўнг бизга маълум қилинглар деб. Бўганиям шу…
– Айбдорлар ўзларини текширадими? – ҳиринглаб кулди тепада ётган эркаклардан бири, – Ҳе, йў-ўқ, Нега шикоят ёздинг деб ўзингизни текширади. Яна жарима, яна устамангиз қирқилади. Кошки айбингиз йўқ бўлса. Ундан кўра оч қорним – тинч қулоғим деб юрган яхши-ку. Ҳамма нима бўлса биз ҳам шу-да-е.
– Ҳа-а, унақасига ҳам, бунақасига ҳам ўзимизга қийин экан – деб қўйди ҳалиги гапирган аёл ҳафсаласи пир бўлиб.
– Бу ҳам табиий ҳол. Бойланганни урари-да. – Собиқ илмий мудир тўнғиллади.
– Афанди ҳам қочиб кетган бузоғини ушлай олмай келиб, бойланганини урган экан, сен ҳам қочасанми ҳали деб.
– Бу ҳам табиий ҳол. – Унинг гапини тасдиқлади нарироқда ўтирган бир эркак: – Ташкилотда маош олиб ишлагандан сўнг бойлангандай гап-да. Чидайсиз барча талабларига…
– Ҳе-е, начора. Чидаймиз-да. Охири бахайр бўлсин ишқилиб – деб бир аёл хўрсиниб қўйди.
– Бу ҳам табиий ҳол денг. Одам уч кундан сўнг гўрга ҳам кўникаркан. – дўриллаган овозли аёл гапга қўшилди.
– Ҳа-а, шу-да. Энди одамзод баъзан қийналганда бехосдан гапиргинг келиб қолади-да. Бўмасам-ку, ўша, сиз айтгандай-а бариси. – деди ингичка овозли аёл.
– Бу ҳам табиий ҳол. – негадир ҳиринглаб кулди тепада ётган эркак: – Инсон доим нимадандир норози. Иссиқни иссиқ, дейди, совуқни совуқ.
– Ҳа-а, ўлманг. Табиий ҳол-а?! – Нарироқда ўтирган одамлардан бири кулди: – Табиий ҳол эмиш… Ҳалиги латифадагидек денг. Бир одам узоқ хизмат сафаридан қайтиб, кечаси уйга келиб чироқни ёқса хотини ўйнаши билан ётганмиш. Буни кутмаган эр шошиб, довдираб қолиб, нима дермиш денг. “Э-э, узр, узр, тушунаман. Бу табиий ҳол” дермиш қайтиб чиқиб кета туриб…
Ҳамма кулиб юборди.
– Вой бети қурсин-ий – деди аёллардан бири.
Бироздан сўнг эркаклардан бири гапирди:
– Тўғри. Ўшандай гап. Ҳамма нарсани биламиз-у индамай юраверамиз, табиий ҳол деб…
– Ҳа-а. Бу ҳам табиий ҳол. – Þқорида ётган одамлардан бирининг чуқур эсноғи эшитилди. – Аауувв…
– Илож қанча, – деб қўйди аёллардан бири эсноққа жўр бўлиб: – Ҳаауувв, вой, роса уйқум келди-е…
Шу билан анчагача уларнинг овози эшитилмай қолди. Бироздан сўнг юқорида ётган эркаклардан бири хуррак торта бошлади. Менинг ҳам кўзим уйқуга кетибди. Уйғонганимда манзилга келган эканмиз, ҳамма тушиб кетаётган экан. Þқоридаги гапларни ҳам ўнгимда эшитдимми ёки тушимдами, билолмай қолдим. Бу табиий ҳол, албатта. Чунки, тошбақадай имиллаб юрадиган поездда ярим уйқу, ярим уйғоқ тебраниб кетаётган одамнинг туши ҳам ўнги ҳам гўр бўлармиди, аралаш-қуралаш бўлади-да. Бу энди точно табиий ҳол…