Сафар Кокилов. Йўқолган кўричак (ҳажвия)

Эрталаб. Врачлар хонаси. Катта ойна қаршисида ўз аксига қараб патила сочини тараётган, кўзлари киртайган, соқоли ўсган юзлари сўлғин, бурни сўррайган, қотма жарроҳ Қорабоев навбатчиликни топширяпти. Аллақачон оқ халати ва қалпоғини кийиб, диванда оёқларини чалиштириб, бир қўлини диван орқасига ошириб, ястаниб ўтирган юзлари қип-қизил, хўппа семиз, тепакал жарроҳ Оқбоев навбатчиликни қабул қиляпти. У кийиниб-таранаётган Қорабоевдан сўради:
– Хўш, қалай?
– Ҳе-е, бўмади, – ҳорғин қўл силтади Қорабоев.
– Нега? Бемор ўлиб қолдими?
– Йўғ-э. Бемор тирик. Тушум бўлмади. Чўнтак қуруқ.
– Ҳа-а, шундай денг. Чатоқ бўпти. Тун бўйи ишлаганингга яраша тушум бўлиб турса. Чарчаганинг ҳам билинмайди-да…
– Ҳали бу ҳолва. Кечаси билан оёқда тик турганимизни айтмайсизми…
– Нега, нега? Яна нима гап?
– Кеча ўзи битта-ю битта бемор тушди. Шунинг операцияси деб тинмадик-да.
– Оғирмиди? Нима билан?
– Ҳе-е, жуда оддий. Кўричак…
– Кўричак?! Наҳотки ёрилиб кетган бўлса?
– Ҳе, бундан кўра ёрилгани яхши эди-е…
– Ие, нега? Нима бўлди ўзи?
– Шу десангиз, кўричаги топилмай роса овора қилди-да.
– Йўғ-э?!
– Рост, рост. Кечаси ўзи асосий навбатчи жарроҳ Сакбоев эди…
– Исоқбоевми?
– Ҳа-да. Одамлар уни орқаваротдан Сакбоев дейишади-ку. Қўпол-да, ўшанга…
– Ҳа, биламан. Хўш, хўш?
– Мен эса ёрдамчи жарроҳ бўлиб турдим. Операция хонасига кирганимда Сакбоев аллақчон беморнинг қорнини ёрган экан. Энди десангиз, икковлашиб ҳар излаймиз, ҳар излаймиз… Кўричаги йўқ. Билмайман, бир соат изладикми, икки соатми, ичакларини ағдар-тўнтар қилиб, қаричма-қарич “ревизия” қилиб чиқдик. Йўқ. Тополмадик…
– Ўҳ-ҳў-ў. Бемор ҳам роса қийналибди-да…
– Ҳе, сўраманг. Ўзиям операцияни маҳаллий оғриқсизлантириб қилганмиз. Беморнинг ҳуши жойида. Дорининг кучи эса вақт ўтган сайин камаймоқда. Ичакларини ҳар тортиб, ағдарганда бемор аёл “Дод!” дейди. Сакбоев эса “Жим ёт!” деб бақиради, аямай сўкади. Ҳе-е, – Қорабоев лабини тишлаб, ерга қараганича бош чайқайди: – У чатоқ, Сакбоев деганича бор экан-эй…
– Хўш, кейин-чи? Топдингларми, ишқилиб?! – Cабри чидамай сўради Оқбоев.
– Ҳе, қаерда дейсиз. Тополмадик…
– Йўғ-э?! – Оқбоев кўзларини катта очиб, ёқасини ушлади. – Тавба! Хўш, сўнг-чи?
– Сўнг Сакбоев ўзининг устози Сангиновга “Тез ёрдам” юбортирди…
– Эҳ-ҳе-е. Ярим кечаси-я?! Сангиновнинг уйи ҳам туманнинг нариги четида-ку? Бориб келгунча икки соат ўтади…
– Начора… Þбордик-да.
– Бемор-чи? Қорни очиқ ётавердими?
– Нимаям қиларди, бечора. Ётди қорнига терил дока ёпиб қўйдик. Оғриқсизлантирувчи укол қилдик. Ўзимиз ҳам … дам олдик, китоб варақладик. Уйқу қочсин деб бир пиёладан чой ичдик…
– Ҳе ўлманглар… – Оқбоев “ҳи-ҳи”лаб кулди. – Хўш, сўнг Сангинов келиб топдими кўричакни?
– Йўқ. Тополмади.
– Йўғ-э?! Шундай уста жарроҳ-а?! – кўзлари ола-кула бўлди Оқбоевнинг.
– Ҳе, бу ёғини эшитинг, – негадир кулиб давом этди Қорабоев. – Сангинов ҳам излаб-излаб тополмагач, ҳайрон бўлиб, “уф-ф, бу ордона қолгур қаерга йўқолди?” деб тўсатдан бақириб юборган эди, бемор чўчиб кўзини очди ва “Духтур, нимани излаётибсизлар?” деди қизиқиб. “Нимани бўларди, кўричагингни-да. Жим ёт!”, деб Сакбоев унга яна ўшқирди. Шунда бемор бирдан “Вой, духтур, менда кўричак йўқ… Ўн йил аввал олдириб ташлаганман…” деса бўладими. Ҳаммамиз тахта бўлиб қолдик. Бизга ёрдам бериб турган ҳамшира “пиқ” этиб кулиб юборди. Сакбоев кўзлари олайиб, оёқ-қўли дағ-дағ титраб бир беморга қарайди, бир Сангиновга. Шу пайт Сангинов қарсиллатиб Сакбоевга шапалоқ тортиб юборди-я. Мен қочиб қолдим. Роса жаҳли чиқди. “Ҳе, кўзинг кўр бўлгурлар, ўзингниям, мени ҳам қийнамай аввал беморнинг ўзидан сўрамайсанларми, аҳмоқ, эшакмия еганлар…” деб роса бақирди. “Сен-чи” деб, менга ҳам ўшқирди. Мен операцияга кейинроқ кирганимни айтиб қутулдим. Сакбоев эса … оладиганини олди. Лекин уни ҳам тушунса бўлади. Бемор аёл жуда семиз, қорни катта экан. Эски чандиғи билинмай кетганмиш, кўрмабди. Айби сўрамагани… Биласиз-ку, ўзи сал ҳовлиқмароқ…
– Оббо сизлар-эй… Роса қийналибсизлар-да… – деди Оқбоев кинояомуз кулиб.
– Ҳе-е, нимасини айтасиз. Шарманда бўлдик, шарманда – деди Қорабоев ҳам тиржайиб, эшик томон юраркан. Оқбоевга қараб яна писанда қилди:
– Тағин буни бировга гуллаб юрманг-а. Сизни ўзимизники деб айтдим. Тиббий сир. Ҳиҳ-ҳиҳ-ҳи-ҳи…
– Йўғ-э, ўлибманми айтиб. Сизнинг сирингиз менинг сирим-да, – деди Оқбоев кула-кула уни уйига кузатаркан…