Сафар Кокилов. Така бўлсин сут берсин (ҳажвия)

Эрталаб. Хўжалик бекаси дамлаб келган аччиқ кўк чойдан хўриллатиб ичиб ўтирган пакана гирдигум тез ёрдам бўлим бошлиғи “беш минутлик” йиғилишга тўпланган ходимларга бир-бир назар ташларкан, юзига жиддий тус бериб, овозини йўғонлатиб деди:
– Аҳолидан шикоят тушаяпти. Бир марталик шприц ва ишлатилган дорилар учун пул олаётганмишсизлар. Айтиб қўяй, таъмагирлик қилмайман, дори сотмайман деб ёзган тилхатларинг бош врач қўлида. Қўлга тушган, ишдай ҳайдалади. Так что…
– Ўртоқ Бойбобо Эшонқулович, ўзингиз биласиз, тез ёрдам қутиларидаги дорилар саноқли, ҳаётий дорилар тақчил. Бир марталик шприцлар-ку умуман берилмайди. Бизда эскидан қайнатиб ишлатиладиган шиша шприцлар-у, учи қайтиб, тўмтоқлашиб қолган игналар бор, лекин аҳоли улардан фойдаланиб укол қилишимизга кўнишмаяпти. Нима қилиш керак? – деди девор бўйлаб тизилиб турган ходимлардан кексароғи.
– Ман билмийман. Бу санинг проблеманг. Беморга ёрдам қил, вазиятдан чиқ. Лекин ишлатган шприц ва дори учун пул олмайсанлар, тамом вассалом, – деди бўлим бошлиғи бирдан овозини бир газ кўтариб.
– Ахир вазиятдан чиқиш учун бир марталик шприц ва дориларни хусусий апрекалардан ўз пулимизга сотиб оляпмиз-да. Ишлатгач, пулимизни оламиз-да – деб чувиллашди ходимлар ҳам бўш келмай.
– Йўқ! Йўқ! – Бўлим бошлиғи кўзлари қинидан чиққудек бўлиб, бошини силтаб бақирди: – Мумкин эмас! Бемордан пул олиш ман этилади!
– Ие. Ёнимиздан пул сарфлаб олган нарсаларимизни текинга ишлатайликми? Нима биз миллионермидик?! Бу ёқда икки ойлик маошни беришмаяпти?!
Ходимлар шундай деб бир-бирига қараб лабини буриб, елка қисишди.
– Ҳой, аптекадан дори, шприц сотиб ол деб ким айтди санларга? Ўзингдан ҳеч нарса ишлатма! Қутингда борини қил! – бўлим бошлиғи столни муштлади.
– Ахир бемор олдига борганда уялиб қоляпмиз-да. “Қутингда керакли доринг бўлмаса, бир марталаик шприцинг бўлмаса, нега келдинг”, деб ҳақорат қилишяпти. Нима қилайлик ахир?! – деб яна чувиллашди ходимлар боши берк кўчага кириб қолгандай олазарак бўлиб.
– Билмайман, билмайман – сузадиган ҳўкиздек бош чайқади бўлим бошлиғи. – Бир иложини қилларинг. Ёрдам бер. Лекин пул сўрама. Сўрама!
– Нега?! Нега ахир?!
– Уф-ф. Ҳе, негаламай ўл-е баринг. Шуни ҳам билмайсанларми? Тез тиббий ёрдамда дорилару, шприцлар бепул-ку, дунёбехабарлар, – бақирди бошлиқ.
– Унда туман шифохонаси аптекаси бир марталик шприц ва ҳаётий зарур дорилар билан узлуксиз таъминласин-да, – деди ходимлар ҳам бўш келмай.
– Борича беряпти-ку. Йўғи йўқ-да, – деди бўлим бошлиғи тердан ялтираган кал бошини сочиқ билан артаркан, қўшиб қўйди: – У ёғи менинг ишим эмас…
– Бу ёқда сиз дори, шприц ишлатма, пул олма дейсиз, у ёқда беморлар “дори, шприцинг бўлмаса нега келдинг?” деб турса… Хўш, биз нима қилайлик?! – аросатда қолган ходимлар унинг оғзига тикилишди.
– Уф-ф. Айтдим-ку, қандай қилсанг ҳам беморга ёрдам қил, шикоят туширма, деб. Бемордан пул сўрама, тамом-вассалом. Мумкин эмас!
Икки лунжи осилган, говкалла бўлим бошлиғининг қийиқ кўзлари бирдан муғомбирона ялтираб, дўрдоқ лаблари чапиллатиб, иккала қўли билан столни дўмбира қилиб чалар экан, ўзига ўзи гапираётгандек минғиллади:
– Ҳа энди, ўзлари чўнтагингга тиқса, ол…
Ола-ғовурда унинг кейинги гапини биров эшитди, биров эшитмади. Нақд икки соат-у ўттиз беш минут давом этган йиғилишдан ҳеч нарсага тушунмай, бошлари ғувиллаб, силласи сувга кетиб чиққан ходимлар аста-секин иш-ишига тарқалишди.
Шу пайт тез ёрдам телефони жон ҳолатда жиринглаб, “Беморнинг юраги тўхтаб қолди. Тезроқ келинглар…” деб шошилинч чақириқ тушди.
– Энди нима қиламиз? – деди бўзариб тез ёрдам қутисини кўтарганча машина томон ошиқаётган фелüдшер йигит.
– Нимаям қилардинг. Ҳар доим қилиб юрган ишингни қиласан-да. Бор. Тез бўл, – деди саросимага тушган навбатчи врач ҳам шоша-пиша қаршисидаги хусусий аптека томон ишора қилиб.
Фелüдшер йигит югуриб кетди.
– Фелüдшер келгунча мен ҳам машинанинг тормозини тузатиб тураман, – деди машина тагида куйманаётган ҳайдовчи.
– Оббо! Шу шалдироқ аравангизни эртароқ тузатиб қўйсангиз бўмайдими?! Бемор оғир деяпти-ку?! – деди врач жаҳл билан у ёқдан бу ёққа юраркан.
– Ҳамма ҳайда, ҳайда дейишни билади. Эҳтиёт қисм беришмаса, мен нима қилай?! Бензин ўғирлайми? Ҳадеб ўзимнинг пулимга таъмирлайвериб, маошим уйга бормай қолди-ку, – деб бақириб юборди машина тагида тақир-туқир қилаётган ҳайдовчи ҳам.
– Ҳе, у ёғи ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳайдовчимисиз, тез ёрдам машинасини доим тахт қилиб туринг, тамом вассалом. Чидамасангиз ишни топширинг…
– Ҳо-о, бойланганни урари экан-да, а духтур?!
– Шунақа, шунақа. Бизга така бўлсин сут берсин… Қани, тез-тез бўлинг, – врач ҳайдовчини қистай бошлади. Шу пайт фелüдшер йигит ҳам целлофан халтада бир дунё бир марталик шприцлар-у, дори-дармонлар кўтариб келди.
– Насияга ёздириб олдим… Ана энди боевой бўлдик, духтур, – деди тиржайиб.
Ниҳоят ярим соатдан сўнг тез ёрдам машинаси кўк чироқларини липиллатиб, шошилинч чақириқ тушган манзил томон имиллаб йўлга тушди.