Сафар Кокилов. Ғазначининг савоби (ҳажвия)

Мана ниҳоят ишхона ходимлари январ ойлигини бугун-март ойининг охирида оладиган бўлишди. Нега бунақалигини ёлғиз оллоҳ ва пул тарқатишга маъсул одамлар билади-да. Лекин ходимлар шунисига ҳам минг шукур қилиб, бирин-кетин ғазначи олдидан маошларини олиб чиқишар, жуда хурсанд эди.
Одмигина кийинган бир аёл қимтинибгина ғазначи олдига салом бериб кирди. Кичкина хонасида стулда ялпайиб ўтириб олган хўппасемиз, мўйловлик, кал бошига ола дўппи илиб олган ғазначи кўзида кўзойнак, олдидаги рўйхатдан бош кўтармасдан сўради;
-Фамилиянг?
-Топиболдиева.
-Ҳм-м, Топиболдиева Салимами? Ўттиз минг экан
-Йўғ-э?- Чўчиб тушди аёл
-Ҳа, кўпми?
-Мен январ ойида тўртта навбатчиликка турганман-ку, ака. Оз чиқибдими дейман…
-Шунақами? Энди, буни бориб сенга табел ёзган ҳисобчилардан сўраб биласан. Мен манави қоғозга ёзилганини биламан. Шуни бераман.
-Хўп акажон, шуни берақолинг. Ҳозирча … уёғини кейин суриштираман.
-Хў-ўш, синглим, ўттиз минг чиқибди сенга. Энди манови рўйхатларга бир қара, баъзи нарсаларга пул ушлаб қоляпмиз. Мана …
-Ғазначи шундай деб бир аёлга, бир олдидаги қоғозга қараганча ўқий кетди;-Ҳамма қатори… Обунага ўн минг сўм.
-Ака, шошманг…
-Энди ўзинг биласан, обуна-бу давлат аҳамиятли иш. Обуна бўлиш ихтиёрий-мажбурий… Хў-ўшш, яна, яқинда ишга лойиқлиги юзасидан тоифалашдан ўтган экансизлар. Тўғрими? Ишқилиб, имтихондан қийналмай ўтдингми? Ҳа-а, яхши. Ҳайъат аъзоларига чой-нон учун уч мингдан ушлашим керак экан. Бу рўйхатни катталар берган…
-Акажон, сабр қилинг…
-Ҳозир, ҳозир, хў-ўшш, қайси куни вилоятдан келган текширувчилар бўлимларингга камчиликлар учун жарима солиб кетибди. Каттанинг буйруғи, жаримани ўрталик тўлаш учун ҳар бирингиздан тўрт мингдан ушлаб қолишим шарт…
-Ака-ей, ахир…
-Бу ойда иккита суннат тўй бор. Ҳозирдан уч мингдан йиғишга келишганмиз. Яхши бир гилам обормоқчимиз. Ҳамма рози бўлган. Ҳа энди тўйники тўйда қайтади, қолиб кетмайди. Шунга олти минг ушлайман…
-Уф-ф, акажон…
-Бўлимдаги хоналарга куйиб қолган электр лампочкалар ўрнига янгисини олиш ва совун-содалар учун минг сўмдан йиғаётибмиз. Биринчи навбатда тозалик керак. Ахир ишхона ҳам иккинчи уйимиз…
-Акажон, тўхтанг…
-Ҳай айтганча, бўлимга янги телевизор олмоқчи эдик-ку. Дам олиш хонасига қўйиб қуйсак, бўш вақтда Тангем-пангемни кўриб турасизлар. Бу ахир маданият … икки минг сўм…
-Ҳе, ака-ей,…
-Ҳозир синглим, ҳозир, мана бу ерда яна нимагадир минг сўмдан ушлаш керак дейилган…та-ак, ҳа, бир ходимизнинг яқинда юзга кирган момоси ўлган, ўшанга ёрдам учун… Биз ҳам ўша кампирнинг ёшига етиб юрайлик.
-Ака, шошманг ахир…
-Хўш, нима дейсан? Гапир энди…
-Акажон, шу марта мендан ушламай туринг, илтимос! Кичик ўғлим шамоллаб, касал бўлиб қолди. Унга дори олишим керак.
-Оббо, яхши бўмабди-ку. Ҳа, худо шифосини берсин. Бошингда эринг йўқми? Ота бўлгач даволатсин-да…
-Ҳе-е ака-ей, ўзингиз биласиз-ку, эрим пойтахтга иш излаб мардикорчиликка кетган. Уч ойдан бери дараги йўқ. Тўртта болам, уй-жой бир ўзимга қолган. Тирикчилигим аранг кечиб турибди.-Аёл йиғлаб юборди, қўли билан юзини тўсиб бироз ҳиқиллаб турди;-Майли, анови момоси ўлганга ёрдам пулини олинг-у, қолганини беринг, жон ака. Раҳм қилинг. Илтимос!
Ғазначининг ҳам унга раҳми келиб, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Унга тикилганича бир ютиниб олдида, деди:
-Синглим, мен нима қилай? Сендан ушламасам бошқалар ҳозир жанжал кўтаришади. Ҳозир ҳаммага қийин, лекин чидаш керак. Катталар ҳам шу пулларни ушламасанг ёнингдан тўлайсан деган. Ҳеч иложим йўқ. Ушлаб қолмасам, бўмайди. Мени тўғри тушунгин сен ҳам …
-Акажон,-аёл йиғлаб гапиради:- Болам касал ахир, дорига пулим йўқ. Маҳалладан берган ёрдам пулига ун билан ёғ олдим. Касалчилик бўлмаганда майлига эди. Акажон, илтимос, ёрдам қилинг…
-Тушуняпман, тушуняпман,- бош чайқайди ғазначи ерга қараганча:-Ўлай агар синглим, менга боғлиқ бўлса умуман ушламасдим. Мажбурман…-
У шундай деб ёнидаги калкуляторни қўлга олиб, ҳисоблай бошлади.
-Хў-ўшш, Мана, сенга қо-ла-дии, уч минг сўм. Ма, ол пулингни. Мана бу ерга қўл қўй… Шунга ҳам анча дори беради аптекачи. Етмаса қарзга ёздириб олавер, беришади. Уларга савдо керак. Кейин берасан-да. Ҳа айтмоқчи духтурга айт, арзонроқ, дориларни ёзсин. Уларнинг тили бир. Бири қиммат қиммат дориларни буюради, бирови қимматига сотади. Аҳволингни тушунтир. Улар ҳам одам-ку, тушунар…
-Жон ака, пулимни тўлиқ беринг, жон ака…
-Иложим йўқ дедим-ку сенга, имзо қўй мана бу ерга, пулимни олдим деб…Бўл тез, вақтимни олма, бошқалар кутиб қолди…
Аёл унинг узатган қоғозининг “ўттиз минг сўм” деб ёзилган жойига “олдим” деб истар-истамас имзо чекади. Сўнг ялина бошлайди.
-Акажон, ёрдам қилинг, ўлай сизга…
-Уф-ф, ҳе синглим-э, иложи йўқ, деяпман-ку… Тавба! Нега бу ҳамширалар билан фаррошларнинг маоши бунча кам бўмаса-я. Энг қора ишларни шулар қилишса… Бу бечораларни ким ўйлайди ўзи? Уф-ф… Майли сенга бир ёрдам қиламан. Шундан бошқаси қўлимдан келмайди…
-Барака топинг, акажон…
-Ҳаммадан ғазначининг ҳаққи деб беш юз сўмдан ушлаб қолаётган эдим. Майли, шуни сендан ушламайман. Болангни дорисига ишлата қол. Менга худо берсин. Борақол энди, синглим. Шунга ҳам шукур қил. Бор, бор. Айт, навбатдаги одам кирсин. Уф-фф…
-Раҳмат ака, шунга ҳам раҳмат. Болаларингизни ҳузурини кўринг, илоҳим. Кўп яшанг…-Аёл қўли кўксида, кўзларида ёш, ғазначига қайта-қайта таъзим қилиб, чиқиб кетди. Ғазначи ҳам қилган савобидан кўнгли анча таскин топиб навбатдаги кирган кишидан кимлигини сўраб, олдидаги рўйхатга эргашди.