Сафар Кокилов. Қабулхонада (ҳажвия)

Эшигига «ҳакимлар хонаси» деб ёзилган хонада навбатчи дўхтур креслога ястаниб олганича берилиб телевизордан футбол ўйинини томоша қиляпти. Асабийлашиб тез-тез сигарет чекаверганидан хона ичи тутунга тўла. Ўйин авжида. Дўхтур ҳар замон «ҳа бўл, чоп, теп» деб қийқириб қўяди. Хонага кириб келган ҳамширага эътибор ҳам бермайди.
­ Дўхтур, ҳой, дўхтур. Қабулхонага бемор келди. Нима қилай?
Дўхтур икки кўзи телевизорда, қўл силтайди.
­ Ўтқизиб қўй. Сўнг… ҳа, ҳа, ур, ур…
­ Бемор қўшни тумандан экан.
­ Ошир деяпман, ошир. Ҳа, теп. Унда ётқизма. Ўзларига бориб ётсин…
­ Дўхтур, беморни ўзимизнинг тез ёрдамда олиб келишди-да. Бизнинг туманга меҳмонга келиб касалланиб қолганмиш.
­ Ундай бўлса, ётқиз. Ҳе, калланг қурсин. Қаёққа тепаётибсан?..
­ Изидан ҳеч ким келмабди. Дори-дармонларнинг ҳақини тўлашга пули ҳам йўқ экан.
­ Ҳе, унда кутиб тур. Ўтқизма. Текинга қиладиган дори борми унга. Чоп, чоп…
­ Аҳволи оғирга ўхшайди. Дўхтур, ўзингиз ҳам бир кўрасизми?
­ Оғир бўлса, ётқизда. Нега қараб турибсан? Теп. Югур. Бор. Бошни қотирма, кўряпсан-ку, бандман, ­ деди дўхтур ҳамширага қараб жеркиниб. ­ Ошир бу ёққа.
Ҳамшира чиқиб кетди. Дўхтур бошидаги қалпоғини олиб тиззасига урди. У мухлислик қилаётган команда енгилаётган эди.
­ Уф-ф. Ўйинни ҳам расво қилишди. Тренерни ҳайдаш керак. Аблаҳлар. Текинхўрлар…
Шу пайт яна ҳамшира қиз ҳовлиқиб чопиб кирди ва товушини баландлатиб деди:
­ Дўхтур, дейман, дўхтур…
­ Ҳа, нима? Намунча бақирасан? Қўясанми ўзи, йўқми? Бу ёқда ўзи ўйин расво бўлиб турганда…
­ Дўхтур, бу ёқда бемор ҳам…
­ Хўш? Нима бўлди? Ўтқиз дедим-ку?!
­ Бемор ўлиб қолди…
­ Ҳа, унда ётқизма. Қайтариб юбор. А?! Ўлиб қолди?!
­ Ҳа, ўлди. Оғайинлари ҳам устига келиб қолишди. Жанжал қилишяпти. Дўхтурни чақир, дейишяпти. Нега биринчи ёрдам кўрсатмади, дейишяпти. Нима қилай? Дўхтур, нима қилай?
­ Оббо. Бу ёғи ҳам расво бўлибди-ку. Мен-чи? Мен нима қилай? ­ деб дўхтур кўзлари ола-кула бўлиб ўрнидан туриб кетди. Ташқаридан одамларнинг бақиргани, тапир-тупур овозлар эшитилди.
­ Дўхтур, сиз энди қочинг. Мана бу шкафга киринг…
Дўхтур дераза ёнига боради. Ҳамшира бақиради.
­ Вой, қаёққа? У ёққа эмас, бу ёққа, вой, бу ер иккинчи қават. Дўхтур, ташламанг. Шошманг…
Деразадан ташқарида гурсиллаган ва дўхтурнинг “вой-вой”лаган овози эшитилади. Ҳамшира бошини ушлаб бақрайиб қолди.
­ Вой, ўлмасам. Энди нима қилдим. Уф-ф. Энди дўхтурнинг ўзини ётқизаман, шекилли…
Ҳамшира шундай деб ташқарига югурди…