Рахшона Аҳмедова. Орзу ва денгиз (ҳикоя)

1

Тастубеклик Амангелди отани билмайдиган одам йўқ. Ёши етмишдан ошган бу қарияни бутун овул танийди. Ўзи қотмадан келган, чуваккина чол, лекин тиним билмайди. Чўққайган соқоли, яккам дуккам мўйлови бор, бутун юзини тириш қоплаган бу чол саҳийлиги билан ҳам ном қозонган. Оролга келган борки, унинг меҳмони. Шунгамикан, отани бутун Орол бўйи, ҳатто Тошкан танийди.
Амангелди отанинг бобоси ҳам, бобосининг бобоси ҳам балиқчи ўтган. Балиқчилар авлодидан, балиқчилар қишлоғида яшарди. Қишлоқ Оролнинг шимолий соҳилида жойлашган, гавжум, сершовқин бир маскан эди. У пайтлар ота ёш эди, кучга тўла эди. Отасидан қолган касб-балиқчилик билан шуғулланар, шу касбга меҳр қўйганди. Тонг отмай денгизга чиқиб кетаркан, кун ботганда қайтар, бир кунда юз килолаб балиқ тутган пайтларини эсларкан, кўзига ёш қалқади. Орол овулдан кета бошлаганида ҳеч нарсани тушунмай қолди. Бариси шунчалар тез рўй бердики, бир кечада Орол бир неча чақирим ортга чекинди. Улкан кемалар саёзликда тиқилиб қолиб кетди. Сув шўрланиб балиқлар ўлди. Охирги бор денгизга ташланган тўрига ўлик балиқлар чиқди.
Орол денгизининг ўша тўлиб-тошган пайтларини ҳар қўмсаганида, кўзига ёш келади, ёш боладек хўнграб йиғлайди. Овулдагилар кейинроқ бир неча чақирим йўл босиб Орол атрофидаги кичик кўлларга бориб балиқчилик қилиб юришди. Бироқ у кўлларнинг ҳам кўпи қуриб қолди, иқлим ўзгариб тўқайзорлар йўқолиб кетди, ҳайвонот олами қирилиб битди. Мана неча йилки ота қўлига тўр олмади, қўллари тўрни шунчалар соғинганки… Ёши етмишдан ошгани билан Орол денгизи бўйида ўтган болалигини яхши хотирлайди. Орол бўйида чўмилиб қумли соҳилда ётиб, офтобда тоблангани ҳақидаги ҳикояни қайта-қайта айтаверади. Бу ҳикояни бутун овул билади. Бугун денгиз ўрни жонсиз саҳро, тошлоқ бир жой, энди бу ерларда ҳар қандай улов ҳам юролмайди.
Ҳар кунгидек қария бугун ҳам Оролни кўргани йўлга отланаётганини сезган хотини жавранишни бошлади.
– Яна Оролни кўргани кетяпсизми? Бормасангиз нима бўладия?
Айжан хола ҳар куни шу саволни беради. Жавобини билади, ҳарчанд қаршилик қилмасин, чол барибир йўлидан қолмайди. Нима қилсин, қариб шу чолига суяниб қолди, узоқ йўл бўлса, қўйиб юборгиси келмайди, аяйди-да.
– Ишинг бўлмасин! Тез бориб келаман.
Амангелди ота уч ғилдиракли мотоциклини ўт олдираркан, энг аввал идишига сув олдими-йўқми, текшириб олади. Сўнг ўриндиқ оша ўтираркан, Орол томон ошиқади. Ҳар куни шу аҳвол, бир неча чақирим йўл босиб Оролини кўриб қайтмаса, бўлмайди, кўнгли жойига тушмайди.
Мотоцикл устида силкиниб бораркан, кўзлари янаям қисилиб кетади, шамол туриб қум тўзони кўзларига кириб ачиштиради. Бироқ, ота ён бермайди, яна йўлида давом этади. Оғиз бурун аралаш ўраб олган чит дуррасининг бир четига кўзларини ишқалаб олиб яна йўлга қарайди. Шамол югуриб, туз чанг кўтарилади. Шунда ҳам парво қилмайди. Кўзлари ўрганиб кетган, чанг-тўзон кираверганидан кўзларининг косаси кичрайиб қуш кўзи бўлиб қолган. Денгиз ўрнидаги саҳроқум узоқ-узоқларга чўзилган. У ер бу ерда қуриган саксовуллар кўзга ташланади. Туз барҳанлари узоқдан қор ёққандек кўринади. Авваллари минглаб ўсимлик ва балиқларга бағри тўла денгиз бўлган бу жойлар энди қайси бир сайёра юзасидек ғадир-будир тош йўл, холос.
Жуда узоқдан мўлтираб Орол кўринади. Яқинлашганинг сайин каттариб боради. «Қани энди-қани энди… ўша тўлиб тошган пайтингга қайтсайдинг», чолнинг ҳаёлидан доимгидек ўй ўтади. «Қани энди мўжиза рўй берса-ю Орол сувга тўлиб, бу саҳролар устига денгиз ёпирилиб келса, саҳроқумда тиқилиб қолган кемалар яна тўлқин устида чайқалса…» ота ҳар гал денгизгача бўлган йўлда шуларни ўйлайди. Қалбида ҳали сўнмаган умид учқунлари сабаб, ҳамон Орол қайтишига ишонади.
Мотоциклни бир неча чақирим нарида тўхтатади, Орол соҳилидан узоқроққа қўяди, йўқса ботиб қолиши мумкин. Оёғида кирза этик шалоплайди, Орол томон шошилади. Қўлида сув идиш, ниҳоят Орол қирғоғига етиб келади, қадрдони олдига келгандек, шодланади, айбдордек тиз чўкади.
– Келдим, Оролим, келдим. Бугун яна сени соғиниб келдим. Келишимни интиқ кутдингми? – минғирлайди ота ўзи эшитадиган бир овозда.
– «Хуш келдинг!» – дегандек тўлқинлар қирғоққа шошилади, кўпикли сув отанинг тиззаларини бир қучиб қўйгандек, яна ортга қайтади.
Ота бундан суюнади. Мени кутиб олди деган ўйга боради. Сўнг ўзи билан олиб келган сув идишнинг қопқоғини очади. Қўлларини мавжланиб турган орол устига тутади. Идишдан қуйилаётган сув бармоқлари орасидан тушиб, Орол юзасида доиралар чизганча, зумда унга қўшилиб кетади. Сув томчиларида қўёш акс этади. Унда ҳаёт муждалари кўрингандек бўлади. Идишдаги сув тугагач, ота бўш идишни орқароққа, тўлқинлар етолмайдиган ерга улоқтиради. Сўнг яна Оролга юзланади.
– Сенга сув олиб келдим-да, Оролим. Сенга сув олиб келдим. Энди қайтмасанг бўлмайди, сенсиз кўп қийналиб қолдик. Оролим, биздан хафа бўлганинг етар, бизни жазолаганинг етар, бўлди энди қайт, аразингни йиғиштир. Сенинг денгиз бўлганингни кўриб кейин кетаман, унгача ўлмайман, Оролим. Сени кўп хафа қилдик, биламан, Сайхун билан Жайхуннинг йўлини тўсдик, биламан, сени ўйламадик, биламан. Сен биздан аразладинг, хафа бўлдинг, биламан. Қани энди, қўлимда бўлса экан, ҳар икки дарёингни сенгача олиб келардим. Қани энди қўлимда бўлса экан, сени сувга тўлдирардим. Оролим сен ҳам уларни тушунгин-да. Уларга ҳам сув керак, улар ҳам боласини боқиши керак, пахтасига қарамаса, шолисини суғормаса, қандай турмуш кечиради, ахир. Улар ҳам ўзини ўйлайди, мана мен сени ўйлайман, Оролим. Қайт, яна аввалгидек денгиз бўл, Орол, – ота кўзидаги ёшни тириш босган қадоқ кафтлари билан артаркан тўлиб кетади. – Бизни кечир, Оролим. Қайтмасанг бўлмайди. Болаларим, набираларим-ку майли, улғайишди, сенинг эртакларингни айтдик, сени тасаввурларида жонлантирдик, – Ота, энтикиб кетади. Пича нафас ростлагач яна давом этади, – Энди уларнинг болаларига нима деймиз, келажак авлод бизларни қарғамайдими? Бизнинг хатомизни деб уларни жазолама, Оролим.
Ота жим қолади. Чуқур хўрсинади. Сўнг ўрнидан қўзғалади. Ортга қайтаркан, танасини ярим ўгириб яна оролга тикилиб қолади. Бу қарашда энди сенинг навбатинг, сени кутаман, денгизим, деган нидо бордек. Буни Орол тушунармикан, ич-ичидан келган бу ҳайқириқни Орол эшитармикан. Орол кўпик тўлқинларини чолнинг ортидан юборади, қирғоққа югурган тўлқинлар яна шундай тезлик билан ортга қайтади. Амангелди ота буни ўзича тушунади, менга “хайр”, демоқда, “ортингдан бораман”, демоқда, деб ўйлайди.

– Нечук эрта қайтибсиз? – Қўлини белига тираганча остонада Айжан хола қаршилайди.
– Доимгидек. Сенга шундай туюлган, – минғирлаб қўяди чол. Қариянинг қушникидек кичик кўзларидан йиғлагани билинмайди.

2

– Амангелди ота, ўғлингиз Оролга сув олиб келармиш, эшитдингизми?
Эрта саҳардан остонада қўшни Мамат кўриниш беради. Содда одамларда! Оролга кимдир келаётганини эшитишса, шунақа ўйлашади. Оролни қайтараркан, Оролга сув олиб келаркан, деб ҳар келган одамдан умид қилишади.
– Ким айтди, сенга?
– Овулда дув-дув гап. Ҳамма шу ҳақида гапиряпти. Сизнинг хабарингиз йўқми? Дунёнинг нариги бурчагидан олимлар келаётганмиш. Ўғлингиз олиб келаётганмиш.
– Қачон? – Ҳовлиқиб сўрайди, Айжан хола. – Болам қачон келаркан, Мамат. Интиқ қилмасангчи одамни, айт.
– Эртага. Эртагамиш, хола. Районда ҳозирлик кўрилаётганмиш. Бугун райондан катталар келади, дейишяпти.
Амангелди ота қилаётган ишини яна давом эттиради. Ҳали ростми-ёлғон бу хабардан суюнишни ҳам суюнмасликни ҳам билмайди. Маматни гапига ишонсинми, йўқми? У алдамайди. Унинг районда танишлари бор, нима янгилик бўлса, ҳаммадан олдин шу Мамат билади. Ўтган гал Тошкандан журналистлар келишидан олдин ҳам шу Мамат мужда келтирганди. Ундан олдин олимлар келишини ҳам ҳаммадан аввалроқ шу Мамат билган.
– Ўғлимни кўрмаганимга ҳам саккиз ой бўлибди, – бармоғи билан ҳисоблайди Айжан хола.
Ўтган гал ўғли келини ва невараларини олиб келиб бир ҳафта туриб кетганди. Амангелди ота, ўшанда, набираларини Орол бўйига олиб борган, чуғур-чуғур қилишиб набиралари Орол бўйида пича ўйнаган, «Ота денгизни, уйимизга олиб кетайлик» дейишганди. Шунда ота Оролнинг уйи олдида бўлгани, ҳар куни қайиқда балиқ тутгани боргани ҳақида узундан-узоқ ҳикоялар айтиб берганди. Ҳозир бари ёдига тушиб кўнгли бузилди.
– Шу бўйи кўриниш бергани йўқ, занғар, – жаҳли чиққан бўлди ўзича.
– Нима дейсиз, чол, – эжикилаб сўради Айжан хола.
– Ўғлингни айтаманда, неча ойки кўриниш бермайди.
– Энди, уни ҳам иши бор, нима дейсиз. Ишидан руҳсат олиши осонми? – Айжан хола доимгидек ўғлининг ёнини олди.
– …
Ота индамади, сўнг хўрсиниб қўйди. Ўтмиш ёдига тушиб маюс тортди, чоғи.
Аллаберди унда ҳали туғилмаган эди. Орол суви ҳаддан зиёд шўрланиб кетган пайтлар, иқлим ўзгарган, шаҳардан келган олимлар болаларни эмизмасликни айтиб кетишганди. Эгизаги икки ойликмиди ёки уч ойликми, эсида йўқ. Айжан хола эмизмасам, нима бераман, нима ейди булар, она сутининг зиёни йўқ, деб ҳар хил гап-сўзларга қулоқ осмади, эмизишни давом эттирди. Эгизаги кўп яшамади. Нима сабаб бўлди, аниқ эмас, балки Орол қуригач иқлим ўзгариб, заҳарли моддалар таъсирида шундай бўлгандир, балки эмизмаганида яшаб қолармиди, эҳтимол, организми нимжонлик қилгандир. Ота уларни ерга қўйганида, оғир қайғуда эди. Бир ёқда Орол кетиб қолган, бир ёқда болаларидан айрилган Амангелди ота бир неча вақт ўзига келолмай юрди. Қайғу ҳадеганда аримади, анча вақт болали бўлишолмади.
Аллаберди отасининг қалбида умид уйғотди. Яшашга Оролнинг қайтишига умид берди. Ўғил кўрганини суюнчилаб ота энг биринчи Орол бўйига борганди. Ўзини Оролга отган. Орол бағридан чиққанида ҳамма ёғи оппоқ туз эди. Кейинроқ, Аллабердини етаклаб Орол бўйига кўп борди. Ўғлининг мурғак қалбида Оролга меҳр уйғотди. Табиатни севишни, эъзозлашни ўргатди. Табиатга эътиборли бўлишни ўргатди. Ҳали ўн ёшга кирмаган бола, табиатга эҳтиётсизлик оқибати нималарга олиб келишини билди. Табиат берган неъматларнинг қадрига етмаслик қандай оқибатларга олиб келишини тушунди.
Овулдан кетаётганида ҳали мўйлаби сабза урмаган йигит эди. Ўқишга кириб, тўрт йил ўқиди. Ҳар олти ё саккиз ой деганда бир келиб кетиб юрди. Амангелди ота, ўғлим ўқишни битирса қайтади, деб ўйлаганди, Аллаберди қайтмади. Экологиямиди табиатни асрашмидией, номи алламбало бир ташкилотга ишга кирди. Тиришқоқ, чайир бола эди. Ўша ташкилотда яхши ишлаб катталар эътиборига тушди. Лавозими ошди, катталардан бирининг қизига уйланди. Овулда катта тўй қилишди. Келиннинг отаси бой экан, тўйни ўзи қилиб берди, чол-кампирга оғирини туширмади. Бир ҳафта турдими, йўқми, келин кетаманга тушди. Тошканда яшайдиган бўлди. Ота келинига қўшилиб кетаётган ўғлидан пича гина қилиб юрди.
– Ота, Тошканда ўқидим. Ўша ерда ишлаяпман. Келинингиз ортидан кетаётганим йўқ, –деди.
Лекин барибир, бирга кетдими, бирга кетди. Овулда роса гап-сўз бўлди. Қари ота-онасини ташлаб кетди, дейишди. Шаҳарда ишлайди, деган гапга ким ҳам ишонарди. Ота бир муддат одамлар кўзига кўринишдан қочиб юрди. Овулдагилар билан гаплашмай юрди. Вақт ўтиб гап-сўзлар унутилди. Ўғли ўша экология ташкилотидагилар билан бир неча бор овулга келиб кетгач, одамлар энди тескари гапира бошлади. Амангелди отанинг ўғли каттакон бўлиб кетибди, Оролни қайтарармиш, деган гап оралади.

3

Ота қўлида нарса турмай, тушиб кетаверганидан уйга меҳмон келишини тахмин қилди. Яхшиликка йўйди, кимдир йўқлаб келишига ишора билди. Кечга яқин район ҳокими «Ассалому алайкум, ота» деб кириб келди. Шахсан ўзи келди.
– Аллабердижон казо-казолар билан келаяпти экан. Ўзингиз меҳмон қиласизда, ота. Нима керак бўлса, айтинг. Мана биз бормиз, – деди кўкрак кериб.
Мамат алдамаган эканда, ҳаёлидан ўтказди ота. Шу тобда ўғлининг келиши ҳақида ўйларкан, «ростдан Оролга сув олиб келса-я», ҳаёл қиларди. Аллақаердан эшитганди, Каспийдан сув йўли очиб келинса, Орол тирилиши мумкин эмиш, Каспийдан сув олиб келинса, Орол яна тўлармиш…. Бироқ бунга ким ҳам рози бўларди. Тана бошқа дард билмас, дейдилар. Жар солган бошқа, жон куйитган бошқа. Орол қуриётгани билан кимнинг неча пуллик иши бор. Йўқ, ота ундай ўйламайди. Неча йилки, кети узилмаётган олимлардан умиди бор. Бежиз келиб-кетмаётгандир, бир йўлини топишар, деб ўйлайди. Оролнинг бир куни тўлишига ишонади. «Денгиз бўлиб, ўзанига сиғмай кетади, ҳали», деб қўяди. Умидини ҳеч сўндирмайди. «Бир уюм темир-терсакка айланиб қолган кемаларни қайта созлаш керакмикан? Шошиб қолмасмиканмиз», ҳаёлидан ўтказиб қўяди.
– Бу гал ҳам чет элликлар келаркан, ота. Улар нима ейди, балиқ ейди-да, сизга беш ўн кило лаққа бердириб юбораман, – ҳоким тинмай гапирарди. Отанинг эса қулоғи том битган, кўз олдида денгизнинг мавжланиб турган сувларида чағалайларнинг ғужғон ўйнаётгани гавдаланади. Кемаларнинг оқ елканлари қуёшда товланиб, соҳилда чўмилаётган болаларнинг шўҳ қийқириғи атрофни тутиб кетади.
Ҳоким отанинг юзидаги нимтабассумни ўзича тушунди, айтганларим отага ҳам мақул келди, деб ўйлади, кўнгли хотиржам тортди. Аслида-ку, ота бу сиз ҳам келганларни меҳмон қилади-я.
– Меҳмондорчилик мойли бўлгани яхши-да, ота. Нима дедингиз-а? – ҳир-ҳир кулди. – Бўпти, мен борай. Ота сизга куч-қувват тилайман, – ҳоким қўлини сиқиб кўча томон бораркан, чол унга тикилганча, ортидан ўйчан қараб қолди. Ҳамон ҳаёлида ўша денгиз бўлган Ороли.
Айжан хола ўша куни тиним билмади. Уй тозалади. “Ўғлим келаяпти, яна ким билан чет элликлар билан”, ичида такрорлаганча, қўли-оёғи чаққон бориб келди. Кўнглини ғаш қилган нарса, ўғлидан ҳам кўра набираларини соғингани, ўғли меҳмонлар билан келаётган бўлса, уларни олиб келолмаслиги аниқ, ўзича тахмин қилди. Ўтган гал келганида, набираларини кўриб кўзи қувнаган. Бўйи ўсиб-улғайиб бораётган набиралари атрофида гирдикапалак бўлганини эсларкан, юзи ёришиб кетди, зумда ўрнини қайғу эгаллади. Хўрсиниб қўйди.
Ўғли Тошкандан уй олганидан кейин, таътил баҳона бир куни кекса ота-онасини ҳам олиб кетишга келди.
– Юринглар, бирга яшаймиз, бу ерларда нима қиласиз. Денгиз энди йўқ, саҳро билан шамолдан ўзга нимаси қолди. Ёзда жазирама иссиқ, қишда қаҳратон совуқ, туз бўронлари ёпирилганида қаерга қочишни билмай қолади, киши. Ўзингизни қийнаманг, – деди кўнглини қаттиқ қилиб.
Қария ўғлига пича термулиб турди, бу гапларни қандай айтаяпти, Оролга меҳри сусайдими, билмоқчи бўлди. Ўғли бу гапларни кекса ота-онасини кўндириш учун айтаётган кўринарди. Бироқ, бу гапларнинг аҳамияти йўқ. Ота барибир кўнмаслиги аниқ эди, Айжан хола ҳам тўғилиб ўсган ватанини ташлаб кетгиси келмади.
– Шу ерлар она юртимиз. Ташлаб кетолмаймиз, –деганига кўнмади, ўғли ҳам. Қисталанг қилаверди.
– Энди ёш эмассиз, кимдир ғамҳўрлик қиладиган ёшдасиз. Ёнимда бўлсангиз, кўнглим хотиржам, сизсиз қийин менга ҳам, – деди.
Айжан холанинг кўзлари ёшланди. Отанинг ҳам кўнгли юмшади. Бироқ Оролини ташлаб кетармиди? Йўқ, ташлаб кетмайди. Шу ерда туғилди, шу ерда улғайди. Ота-боболарини бағрига олган шу маконни ташлаб кетишга кўзи қиярмиди, йўқ. Туз бўронлари турса, нима бўпти. Саҳрога айланган бўлса, нима бўпти. Барибир ташлаб кетмайди. Орол бир куни қайта денгизга айланишини кутади. Умри охиригача кутади. Ҳатто бир икки ҳафта туриб келишга ҳам бормаган ўша Тошканга, бутунлай кетармиди, йўқ. Кетмади.
– Болам ўлсам шу тупроқда ўламан. Сенинг Тошканинг менга бегона, ёш бўлса эканман, ўша ерни макон қилсам. Энди бўларим бўлиб бўёвим синган, – деди. Ўғли яна оғиз жуфтлаган эди, – Оролимни кўрмасам яшолмайман. Икки қария бир кунимизни кўрармиз, сен боравер, сенинг йўриғинг бошқа, – деди.
Шу билан масала ёпилди. Ора-сира Айжан хола Тошканга бир икки бориб ўғлиникида туриб келди. Лекин энди ёши ўтиб, йўлга ярамай қолди.

4

Дийдор каби ширин нарса йўқ. Кутасан интиқ бўласан, кутган кунинг келганида эса, юрагинг қувончдан ҳапқиради, дупир-дупир қилади. Энтикиб кетасан. Айжан хола ҳам шундай бўлди. Ўша куни бир гала чет элликлар орасида ўғлини кўрганида йиғлаб юборди, бўйнидан қучоқлаб йиғлади. Ўзига келгунича йиғлади. Чет элликлар ҳайрон қолди, пичир-пичир қилиб қолди.
Сўнг мақсадга ўтилди. Ҳамма ишга киришди. Текшир-текшир бошланди. Яна нималардир бўлди. Қақраб ётган қум барҳамларига узоқ тикилиб туришди. Қумликларда тиқилиб қолиб кетган кемалар олдида сурат тушишди. Чўкиб бораётган бандаргоҳларни суратга олишди. Ястаниб ётган туз барҳанларини кўргани боришди. Саҳро-чўл устида узоқ тортишишди, узоқ суҳбатлашишди, узоқ сўзлашишди. Ҳар галгидек ўтган бу галги учрашувдан ҳам бирор натижа бўлар, дея овул аҳли яна кутадиган бўлишди.
Сўнг меҳмонлар отанинг меҳмони бўлишди. Балиқларни мақтаб-мақтаб ейишди, сара ичимликлар ичишди. Ўғлини ҳам мақтаб қўйишди. Ўзлари билан, қилаётган ишлари билан мақтанишди. Бу галги келди-кетди ҳам уч кун-бир ҳафтага чўзиладиган бўлди. Олимлар кўкрак кериб нималар биландир машғул бўлишди, журналистлар камерага олишди, интервью сўрашди, фотографлар яхши кадр излаб юришди. Орол ҳақида кўрсатув қилинадиган бўлди, қачон эфирга узатилишини телефон қилиб айтадиган бўлишди. Сўнг кетишди.
Яна нима қолди. Амангелди ота қолди, Айжан хола қолди, Мамат қолди. Улар ортга қайтиб кетишди. Қоп-қоп ваъдалар бериб кетишди. Лекин отанинг юрагида умид қолди, зора бу галги олимлар бир йўлини топишар, деган умид қолди. Орол бир куни қайтади, деган ишонч қолди. Орол биздан хафа бўлган, бир куни аразини йиғиштириб ортга қайтади. Мен унинг ўзанига тўлиб тошишини кўраман яна. Яна юз килолаб балиқ тутаман. Куч-қувватим бор ҳали, ўйларди ота. Яна ўз қайиғим бўлади, ишонарди ота.
Ўғлининг атрофида гирдикапалак бўлган Айжан хола ҳам ўғлини кузатиб маюсланиб қолди. Кўнгли бир неча кунгина тўлиб турди. Энди яна ярми йўқ. Инсон зоти боласини бунча суймаса, жонидан пайдо бўлганда. Бўлмаса шу қадар суярмиди. Жони ачиб, жонининг биттасидан кечиб туққанда, йўқса шунча соғинармиди. Болам боласини дейди. Неча кунлик умри қолган, билмайди, умрининг шу палласида ҳам боласини дейди. Айни дамда Айжан холанинг қалбини ўртаётган зўр бир алам, зўр бир изтироб, юрагини куйдирмоқда эди. Орол агар қуриб қолмаганида эди, аввалгидек тўкин-сочин ҳаёт бўлганида эди, ўғли узоқларга кетиб қолмасмиди?! Шу ерларда, яқинида юрган бўлармиди?! Шу ерларни макон тутармиди?! Айжан хола хўрсиниб қўйди, кўзларини ювган ёшларни кенг, осилиб турган енгига артди. Узоқларга тикилиб узоқ ўтирди.
Сўнг, «майли», деди, ўзига тасалли бергандай пичирлаб. «Орол баҳона ўғлимнинг дийдорини кўрдим, Орол баҳона ўғлимнинг катта-катта давраларни тўлдириб ўтиришини кўрдим. Орол баҳона ўғлим бугун ўз ўрнини топганини кўрдим. Лекин Орол бундан ҳеч нима кўрмади. Лекин бундан Оролга ҳеч бир наф бўлмади.» Айжан хола биларди. Чоли Оролнинг қайтишига ишонса-да, у ишонмасди.

5

Аманкелди отанинг жони қаттиқ, дейишарди таниганлар. Чунки қишни қиш демай, ёзни ёз демай, қўли меҳнатда эди. Ҳар куни неча чақирим йўл босиб Оролни кўриб келарди. Ёзда туз бўронлари йўлига тўғоноқ бўлишга уринар, қишда тизза бўйи қорлар йўлини тўсарди. Лекин ота бўш келмасди. Уч ғилдиракли мотоциклига ўтириб ўша икки пиёлагина сувни Орол сувига қўшиб келмаса, бекор, туриб тургандай, ўтириб ўтиргандай бўлмасди.
Айжан хола печкага ўт қаларкан, чолининг ҳаяллаётганидан безовта бўлди. Бу галгиси доимги безовталикка ўхшамади. «Ахир ёши бир жойга бориб қолган чол бўлса, йўл-пўлда йиқилиб қолса, ким ёрдам беради», ўйларди ўзича. «Ким жонига оро киради.»
Қишда эрта кеч тушади. Қоронғи оралагани сари Айжан холанинг юраги қинидан чиқиб кетгудек, ураркан, эътибор бермасликка уринарди. Қўли билан ўтни туртаркан, ҳаёли ташқарида, «тиқ» этган товушга қулоқ тутарди. Айтганди-я. «Боришингиз шартми, бугун ҳар кунгидан совуқ, ҳамма уйида ўраниб ўтирибди. Ҳеч ким кўчага чиқмайди, бу совуқда» деб. Қулоқ осмади. Ўша термосини кўтариб мотоциклини ўт олдирди. Мотори музлаб қолган шекилли қайноқ сув олиб чиқиб устига қуйди. Яна нималардир қилди. «Қани энди юрмасайди», қарғанарди, Айжан хола. Йўқ, қарғиши ўтмади.
Вақт алламаҳал бўлди. Холанинг безовталиги чинга айланди. Энди нима қилсам экан, ўйларди Айжан хола. Ташқарига чиқай деса, бунақа ҳавода, оч чиябўрилар изғиб юрадиган пайт. Қўли ишга бормас, қўлидан ҳеч иш келмасди. Печка яқинига сурилди, деворга суяниб Худодан сўради, илтижо қилиб ўтирди. Бошқа нима ҳам қила оларди, пича туриб кўзи кетган бўлди. Эшикнинг «ғийқ»иллашидан сергак тортди. Чолининг шарпасини сезиб анча хиралашиб қолган кўзлари билан узоқ тикилиб турди. Эшикка суяниб ҳаммаёғи музлаб тарашадек қотиб қолган чоли турарди, яккам-дуккам соқоли қорли, оппоқ эди. Айжан хола шошилди.
– Зарилмиди, шу совуқда? Одамни гапига кирсангиз бир нима бўлиб қоласизми? – тинмай жавранарди.
Печка устидаги қумғондан иссиқ сувни тоғорага қуйди. Совуқ сув келтириб қўшди. Тараша бўлиб қолган кийимларни бир бошдан ечаркан, «куф-куф» қилиб чолининг музлаб қолган баданини иситишга уринарди. Илиқ сувда танасини ювиб, сўнг тафтида исиб турсин деб печка яқинига қўйган янги кийимларни кийгазди. Тўшакка ётқизиб устига қалин кўрпа тортаркан, оғзи жавранишдан тўхтамасди.
– Кўрдингизми ўша Оролингизни? Кўнглингиз жойига тушдими, энди?
Ота индамади. Авзои бадани титрарди, холос. Эрталаб отанинг иситма аралаш ғўнғирлагани эшитилди.
– Оролимни қайтганини кўрармиканман, кампир? Нима дейсан? Бўлди, энди бормайман. Энди ўзи келсин. Мана неча йилки, бир кун қолдирмай қатнадим, Орол тобора кичраяверди, суви камаяверди, мени чорлагандек, ортга кетаверди. Энди мен бормайман, кампир, эшитяпсанми, энди ўзи келади, – ҳансирарди ота.
Айжан хола чолининг қақраб қолган лабларига сув тутаркан, иситмада ёнаётган баданига қўлининг орқасини тутиб кўрди. Сўнг пиёлага дори тайёрлаб ичказгач, рўмолини тўғрилади-ю кўчага отланди.
– Маматга айтаман, дўхтирни олиб келади. – Чолининг эшитган эшитмаганини билмаса-да, шу сўзи билан ўзича рухсат сўраган бўлди.
Тонг ёриша бошлаганди. Мамат эрта саҳардан Айжан холанинг келишини кутмагани аниқ. Ҳайрон бўлди. Пала-партиш тараниб докторга шошилди. Айжан хола ортга қайтаркан, ҳансираганча, йўл-йўлакай кеча тундан бери такрорлаётган сўзларини пичирлаб келмоқда эди.
– Худо, чолимни жонини омон сақла! Ўзинг асра! Сендан бўлак сўрагувчимиз йўқ, биздан марҳаматингни аяма.

6

Аманкелди ота ўғли билан видолашолмади. Қанча иссиқларга, қанча совуқларга дош берган танаси бу гал панд берди. Бу галги совуқни кўтаролмади. Айжан холанинг паймонаси ҳам тўлган эди. Ўзини зўрға тутиб турарди. Эллик йилдан ортиқ бирга яшагани, ярмини йўқотсаю қандай яшайверади? Қандай қилади, энди? Танаси бориб келарди, додлар бироқ овози чиқмасди, санлаб-санлаб қўярди. Энди чолимсиз бу дунёда қандай яшайман-а? Энди бу дунёда кимга суянаман-а?
Кўзёшларининг дув-дув оқаётганини кўрган ёш яланглар унга қўшилишар, санлашига жўр бўлишарди. Иккитаси мадори қолмаган Айжан холанинг қўлтиғидан тутиб ўтиришарди.
Узоқ йўл. Инсонларни ажратиб турувчи, уларга азоб берувчи ҳам шу йўл. Унинг ниши ботмаган кўнгил йўқ. У айирмаган кўнгил йўқ. Ўғли етиб келган кун Айжан хола пешвоз чиқолмади. Отасидан айрилгани етмаганидек, бир кунда онасидан ҳам айрилиб қолди. Икки қабр орасида ўтираркан, Аллаберди бошидаги дўпписини қўллари орасига олиб кўзларини яширишга уринарди. Бироқ ҳўнграган овозини тутиб туролмади. Орқароқда ўтирган ўғиллари қўлтиғига кириб ортга қайтишаётганида, уларга суяниб борарди.
Туғилиб ўсган ота уйига қайтиб болалигини хотирлади. Онасини этагидан ушлаб ортидан пилдираб юргани, отасининг қўлидан тутиб биринчи бор Орол бўйига борганини эслади. Сўнг отасининг чопонини устига ташлади, кирза этигини кийди. Отасининг мотоциклини ўт олдирди. Болалигида шу мотоциклга ўтириб Орол бўйига борганлари ёдида эди. Энди кап-катта одам, энди ўғиллари унинг ёшида. Мотоцикл елиб борарди. Ўша йўл ҳали ҳамон эсида. Оролга элтувчи узун йўл бу.
Орол узоқдан кўриниш берди. Оролдан узоқроқда тўхтади. Кирза этикда шалоплаганча, Орол бўйига келиб чўкди. Кирза этик ярмигача ботиб кетди. Эътибор бермади. Оролга юзланиб, бор овози билан ҳайқирди:
– Эй Орол, йиғламайсанми? Энди сени кўргани келадиган, сенинг меҳрибонинг йўқ. Сенга ҳар куни сув олиб келадиган Хизринг йўқ. Кўргани бормайсанми, ҳеч йўқ, қабрини зиёрат қилмайсанми? Қарзингни тўламайсанми? Сени тўлганингни кўролмаган отам-а, сени сувга тўлдиролмаган отам-а. Сенинг армонинг билан ўтиб кетган отам-а, отам.
Овози бўғилиб, кучи қолмай юзтубан йиқилди. Орол кўпик тўлқинлари билан унинг юзини чайишга ошиқарди. Орол қошида бир инсон сажда қилиб ётарди. Орол эса жим. Ҳеч бир садо бермас, маюс кузатарди, холос.