Қалбимни оловлатдинг!
(Қўшиқдан)
Улар метронинг “Пахтакор” бекати ёнида учрашдилар.
Қуюқ, қорамтир булутлар пастлаб келиб, оқшом эрта туша бошлаган, ҳавони ёмғир бўйи тутган эди. Қизил чироғини ёқиб олган автомобиллар оқими қўлида милтиллаган шам ушлаган ҳорғин ва хомуш оломонни эслатади.
Қизнинг манглайига бир-икки майда томчи тушгандай бўлди. Ёмғирпўшининг қулоқчинини кўтаришга шошилди. Лекин издиҳомда кўчани кесиб ўтишга улгурмади.
— Бу қандай жабр? – Эркак кишининг ўктам овози эшитилди.
Қиз ён-верига қаради. Ҳеч ким кўринмади.
— Бу қандай зулм?
Яна ўша дадил, лекин эркаловчи овоз келди. Таниш одамгина шундай, ҳазил аралаш гап қотиши мумкин. Қиз илкис ортига бурилди ва ёнида жилмайиб турган баланд бўйли, хушбичим, хушсурат йигитни кўрди. Спорт залидан чиқиб келаётгандай. Қомати тик, ихчам. Ўттизгаям бориб-бормаган.
Ажабланган қизнинг нигоҳи унинг мавзун гавдасидан сирғалиб ўтди ва мушаклари ўйнаб турган билакларини, елкаси тердан намиққан оқ футболкасини тасаввур қилиб, йигитни баскетболчи бўлса керак, деб тахминлади. У турмушга чиқиб, ўғил кўрсам, боламни албатта баскетбол тўгарагига бераман, деб орзу қиларди. Баскетболчиларнинг оёқлари узун, бақувват, бўйлари баланд, ўзлари чайиру чаққон бўлади.
— Менга айтяпсизми?
— Яна кимга айтай? – деди астарсиз жинси курткасининг ёқасидан қизил свитери кўриниб турган йигит.
— Вой, нима қиппан? – деди қиз хавотир билан.
— “Нима қиппан?” Ёшгина жонингизга шунча жабр. Шунча ситам! – У қизнинг елкасига қўлини чўзди. – Беринг, менга. Ёрдамлашиб юборай.
Қиз тисланди. Йигитга шубҳа ва ҳадик аралаш синовчан боқди. Боқар экан, чўчиш мумкин бўлган бирор аломат кўрмади. Сезмади. Гаплари самимийдек туюлди.
— Раҳмат! – деди қуруққина қилиб. – Ўзим эплайман. Оғирмас.
— Раҳматни кейин айтасиз. – Йигит унинг елкасида осилиб турган ғилофнинг тасмасидан дадил ушлади. Бармоқлари машшоқларники каби узун, юзи каби оқ эди. –Қўрқманг, опқочиш одатим йўқ. Қаергаям олиб борардим. Биров олса, кошки.
Қизнинг қулоғидаги сирғасидан бошқа пичоққа илинадиган нарсасининг ўзи йўқ. Зирак онасидан қолган. Неча ойдан бери пулини қириб-қиртишлаб, уч кун бурун олган телефони бор. Шуларга кўз тиккан бўлса, ола қолсин.
Йигитнинг амрига бўйсунишдан бошқа иложи қолмаган эди.
— Раҳмат, – деди қиз ҳамон иккиланиброқ ва нозиккина елкасини тутган бўлди. Йигит тасмани олар экан, бошини чайқади:
— Ўҳ-ҳў! Оғирлигини қаранг.
Чизилиб қолган ғилоф ичидаги сознинг торлари бўғиқ сас бергандай бўлди. Қизнинг елкалари эзилиб-увишиб, бели қотиб қолган экан, енгил тортди. “Ўзингга шукр!” – деди ичида.
— Ў-ў! Виолончель! Созларнинг шоҳи, шоҳларнинг сози!
Йигит ёнбошига бурилиб, икки марта акса урди.
— Гапингиз рост экан. Соғ бўлинг! – деди созанда.
— Ташаккури калон. Сумкангизни олинг. Сумкангизни нега тутяпсиз?
— Вой, кечирасиз!. Билмай қоппан… Эгнимдан сирғалиб кетди, шекилли…
— Эҳтиёт бўлинг, окаси!
— Хўп-хўп… Сиз ҳам созандамисиз? – Ҳайратини изҳор қилмоққа шошилди ҳамроҳи. Лекин улгурмади.
— Қани энди, илдамроқ юрайлик! – Йигит унинг тирсагидан олди. – Буюк истиқбол сари кенг йўллар очилди!
Қиз отасини эслади. Эрталаб мактабга кузатар экан, гавжум кўчадан мана шундай, билагидан авайлаб ушлаганча ўтказиб қўяр ва: “Яхши бориб келгин, Оймомом! – дерди. Сўнг албатта қўшиб қўярди: – Ўзимнинг Оймомом! Оймоможони-им!..”
“Хайр, дада!..”
“Хайр, Оймомом!..”
Гавжум чорраҳа ортда қолди.
— Баскетболчимисиз? – сўради қиз.
— Шундай десак ҳам бўлаверади, – деди йигит ажабсиниб. Сўнг қўшиб қўйди: – Тезроқ юрмасак, ёмғирда ивиймиз. Ўрдагача ҳали анча бор.
— Вой, сиз ҳам ўша ёқда турасизми?
— Шундай десак ҳам бўлаверади.
Шу тобда бу ҳазиломуз жавоб қизнинг кўнглидаги хавотирни кўтаргандай бўлди. Танимаса, ёрдам берармиди. Неча йилдан бери шу кўчадан, шу ғадир-будур бетон йўлакдан қатнайди. Эгнидаги зил-замбил юкини биров олиб, илтифот кўрсатганини эслай олмайди. Балки одамлар аёл кишининг елкасига қўл узатишга истиҳола қилар. Ойда-йилда дейиш қийин, лекин оркестр бошқа жойда концерт берадиган ёки қиз янги асар ижросини қиёмига етказмоқчи бўлса, созини уйига ортмоқлаб келади.
У ота-онаси автоҳалокатга учраб, етим қолгунича санъат мактабининг ғижжакчилар синфида ўқирди. Ўн ёшида Тошкентга, холасининг бағрига, учинчи фарзанди бўлиб “тиқилганидан кейин” виолончель гуруҳидан бошқа жойда бўш ўрин топилмади.
— Бугун телемарказда запись бормиди? – сўради йигит.
— Биларкансиз. Сиз ҳам артистмисиз? – деди қиз ранжитиб қўйишдан чўчигандай майин табассум ва мулойимлик билан.
— Шундай десак ҳам бўлаверади.
Қиз пастки лабини тишлади.
— Нечанчи хонада яшайсиз? Ҳойнаҳой, бешинчи қаватдан пастда бўлмаса керак.
— Кечирасиз! Қанақа хона? – Шитоб билан кетаётган йигитга аранг эргашиб бораркан сўради ҳамроҳи.
— Қанақа бўларди. Ўрда даҳасидаги ётоқхонага қарашли хона-да.
— Сиз ҳам ўша ерда…
— Йўқ! – унинг гапини шартта кесди йигит.
— Унда қаердан?..
— Анҳор бўйи деб аталмиш Ўрда даҳасида кўп қаватли отарчилар макони борлигини жамики тараққийпарвар инсоният яхши билади. Тараққийпарвар инсоният эса тўйини отарчиларсиз ўтказа олмайди. Ўтказса, туясиям, биясиям қисир қолади…
— Кечирасиз-у, мен отарчи эмасман! – деди қиз ва йигитнинг қўлидан билагини тортиб олмоқчи бўлди.
— Биламан. Жуда яхши биламан! Виолончелистдан отарчи чиқмайди. Бу юртда, бу замонда.
Кўча чироқлари ёниб, ёмғир сийраклашгандай бўлди.
— Сал секинроқ юрайлик, – деди қиз. “Оёғим оғрийди, тез юролмайман”, демоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди.
— Узр, – деди йигит. – Майнам ишлай бошлаганида қадамим тезлашиб кетади. Майнам билан оёғимнинг сими битта.
— Гапниям бопларкансиз. Шоирмисиз дейман?
— Шундай десак ҳам бўлаверади.
Қизнинг бу сирли ҳамроҳ билан гаплашгиси кела бошлаган эди. Лекин ботинолмасди. Нима десанг, эшитадиган жавобинг битта: “Шундай десак ҳам бўлаверади”. Барибир, ўзини тийиб туролмади. Беш-олти қадамлик сукутдан кейин яна сўради:
— Менинг Ўрдада, бунинг устига, ётоқхонада яшашимни қаердан биласиз? Синчимисиз? Ё органда ишлайсизми? Фақат, илтимос, “Шундай десак ҳам бўлаверади”, деб масхара қиманг…
Йигит ўзини эшитмаганга олдими ё “майнаси”даги фикрларини жамлашга тушдими, бирпас жим юрди-да, илкис тўхтади:
— Шу саволингизга кейинроқ жавоб берсам майлими?
Қиз чўчиб тушди.
— “Кейинроқ” деганингиз – қачон? – дея ҳадик билан унга тикилди. Йигит сирли ва самимий жилмайиб турарди.
— Эртага, индинга. Бир йилдан кейин…
— Кечирасиз-у, сиз мени танийсизми? Ё?..
— Йўқ! – Шартта жавоб қилди йигит. – Танимайман. Умримда биринчи марта кўриб турибман. Ўлай агар!
— Тавба!..
— Қўлингизни беринг?
Йигит кутиб турмасдан унинг қўлини ўнг кафти орасига олиб, курткасининг чўнтагига солди. Кафти қаттиқ, лекин иссиқина экан. Қизнинг димоғига эркаклар соқол олгандан кейин сепадиган атирнинг ифори келди. Қўшни хонада турадиган Заҳронинг эри ҳар куни эрталаб ҳаммомга кириб чиққанидан кейин изидан шундай ёқимли бўй қолади. Ҳар куни!
— Қўлларингиз музлаб кетибди, – деди йигит.
Қизнинг оёқларини бир лаҳза мадор тарк этгандай бўлдию мункиб кетишига сал қолди. Сершох, серяпроқ, улкан-улкан чинорлар кўча чироқларининг шусиз ҳам хира нурларини тўсиб, бетон йўлакка кўланкасини ташламаганида ва йигит бирров бурилиб, ҳамроҳининг юзига разм солганида, қизнинг чиройли кўзлари жиққа ёшга тўлганини кўрар эди.
У кўчада, ойдин кечаларда мана шундай, қўлини қўлига бериб, осойишта, шошилмай, бошини йигитининг елкасига қўйиб, гангур-гунгур суҳбатлашиб, сайр қилиб юрган қиз-жувонларни кўрганида, юрак-бағри қонга тўларди. Ўзига бундай саодатли кунлар, бахтли лаҳзалар энди насиб этмаслигидан эзиларди.
— “Сен борурсан катта йўлдан, бахтиёр ёшлар билан!” Шунақа қўшиқ бўларди, эшитганмисиз?
Қиз томоқ қирди. Ютинди.
— Ҳа, — деди овози титраб. – Ортиқ Отажонов айтарди.
— Балли!
Қиз бу мақтовми, ҳазилми – билолмади.
— Энди чорраҳанинг нариги томонига ўтамиз. Қарабсизки, Ўрда.
— Бир гапни сўрасам, ижозат этадиларми?
— Сўрангиз.
— Виолончель чалишимни билсангиз. Анҳорнинг Ўрда даҳасидаги ётоқхонада, ҳатто юқори қаватда яшашимни билсангиз. Балки, паспортимнинг сериясини ҳам…
— Биламан!
— Нима-а?!.
Йигит дафъатан тўхтади.
— Олинг, ўша паспортингизни. Чўнтагингиздами, ишқилиб?
Қиз ҳайрату ҳадик билан қўллари қалтираганча чарм сумкачасини очди ва паспортини олиб, кўча чироғининг ёруғига тутди.
— Қаранг, – деди йигит. – Серияси – “СА”. Номери… – У иккилангандек чаккасини силади, – Хуллас, номерида 1, 9, 7 рақамлари бор. Исмингиз – Робияхон, фамилиянгиз –Ризаева. Ҳўқанди латифда ўнинчи июль куни туғилгансиз.
Қизнинг қўлидаги ҳужжат тушиб кетди. Йигит уни илиб олди.
— Бу қанақаси? Ҳужжатни эҳтиёт қилиш керак, бегойим!..
— Сиз кимсиз, ўзи?.. Қўрқитманг мени!
— Ким бўлардим. Яратганнинг сиздай бир ожиз бандасиман. Худодан қўрққан – бандасидан чўчимайди.
— Энди муллаларга ўхшаб кетдингиз.
— Ҳа, ҳар соҳадан бир шингил. Бахтим ҳам, кулфатим ҳам шунда.
Йигитнинг овози ҳазин тортди:
— Келинг, қўлингизни беринг, Робияхон! Яна пичагина кафтим орасида олиб юрай. Яна озгина… Илтимос!
Ҳамроҳининг бу ўтинчи қизнинг дилидаги гидирни гўё дарҳол ювиб кетди. Қўлини берди. Йигит уни кафти орасига олиб, авайлаб чўнтагига солди. Бармоқларини меҳр билан силади. Энди йигитнинг қўли ипакдек мулойим туюлди. Робиянинг мижжалари яна ёшга тўлди. Бошини унинг елкасига қўйиб, кўзларини юмгиси келди.
— “Бу дунёда сен ҳам ғариб, мен ҳам ғариб”, – деди ҳамроҳи бирпасдан кейин. – Ўқиганмисиз?
— Йўқ. Эшитганман… Бошим оғриб кетди.
— Бошим? Нега?
— Шунча сир-синоат. Шунча гап. Минг йилдан бери танишдай муомала қиляпсиз. Мен эса сизни биринчи марта кўриб турибман.
— Балки иккаламиз бир-биримизни минг йиллардан бери бу ёруғ оламда сарсон-саргардон излаб юргандирмиз!
— Шундай гаплар билан одамни эзишдан лаззат оласиз, шекилли.
— Балки… Мана, қароргоҳингизга ҳам етиб келдик. –Ётоқхонанинг ойнаванд эшиги олдида тўхтадилар. – Биламан, сиз лутф учун ҳам “бир пиёла чой ичиб кетинг”, демайсиз. Менга эса сурбетлик кўчаси бегона.
— Шунисига ҳам раҳмат!.. Кеч бўлди.
— Хайр!
— Омон бўлинг! Раҳмат! Миннатдорман!..
Йигит бетон зиналардан илдам тушиб кетди.
Қиз унинг ортидан маъюс қараб қолди. Кетманг, майли, бир пиёла чой сиздан ўргилсин, дейишга тили бормади. “Доим шунақа, – деб пичирлади унинг лаблари, – зарил пайтда тилим айланмай қолади”. Айланганда-чи? Хонангга қандай таклиф қиласан? Бировни меҳмонга чақирадиган жойми, ўзи, ўша ҳужраи хосинг?..
У консерваторияни тугатиб, симфоник оркестрга ишга жойлашган йили холаси кўзига ёш олди: “Жон қизим, мен бечорани кечир! Ўғлим биттаси билан ўлдим-куйдим қилиб юрган экан. Тўйни тезлатмасак бўлмайдиган. Квартирамизнинг уч хона деган номи бор… Балки, бирорта ётоқхонадан жой топилар. Суриштириб кўрсанг бўлармикин? Нима дейсан? Бир-икки сўм харажати чиқса, поччанг қараб турмасди”.
* * *
Лифт эшиги тарақлаб ёпилди ва занжирларини шарақа-шуруқ қилганича кўтарилиб кетди. Қаватдаги лампочка куйганига неча кун бўлди. Алмаштирадиган мард йўқ. Қоронғи йўлакни доғланаётган ёғнинг аччиқ ҳиди босган.
—Фаррух! – Заҳронинг ошхона томондан овози келди. – Ҳа, ергина ютсин сани!.. Косани опкел, дедим санга!
Қулфни аранг очди. Қўллари қалтирар, тинимсиз оқаётган кўз ёшлари қовоқларини беаёв ювар, лип-лип учаётган лаблари аянчли пичирлар эди: “Доим шунақа!..”
Қанча ўтганини сезмади. Эшик секин тақиллагандай бўлди.
— Ким? Очиқ, келаверинг…
— Ассалому алайку-ум! Ҳамроҳингизман.
— Вой, ўлмасам!..
— Мумкинми?
Сим каравот ғижирлади. Эшик очилиб, узун кўланка кўринди.
— Нега қоронғида ўтирибсиз, бегойим?
— Вой, сизми?.. Қандай кирдингиз? Қоровул бор-ку?..
— Ҳужжатингизни эҳтиёт қилинг десам, барибир қарамабсиз. Мана, паспортингиз.
— Қаттиқ чарчаган эканман. Бирпасгина чўзилай деб қотиб қоппан.
Йигит пайпаслаб, чироқни ёқди. Ночоргина симда осилиб турган ягона лампочка хонани хира ёритди. Робиянинг назарида, йигит ўзининг ногаҳон кириб келганидан ўзи ҳижолат чекиб, нафаси ичига тушиб кетгандай туюлди. Қиз омонат бошпанасига кирган заҳоти созини эшик олдига суяб, ўзини каравотга ташлаган. Ташлагану ўксиниб-ўксиниб йиғлаган. Йиғлаганини унинг рангпар юзларига чапланиб кетган сурмалари ҳам айтиб турарди.
Робия каравоти суянчиғидаги ювилавериб пиёзнинг пўстидек бўлиб кетган оқ сочиқни олиб, шоша-пиша юзини артди.
Ёнидаги эски қизил адёл ёпилган каравотда сочилиб ётган китоблар, нота қоғозлари, кийимларни йиғиштирган бўлди. Пошнаси баланд қора этигининг бир пойи бўсағада – тирқишларидан сувараклар сайрга чиқишни яхши кўрадиган тахта полда, иккинчиси тўрроқда – униқиб кетган шолча устида, узун қўнжи букланганича қолган экан. Иккаласини ҳам каравоти тагига тиқди. Нон ушоқлари сочилиб ётган газета-дастурхонни йиғиштирар экан, лабини тишлади: “Шарманда бўлди-им!”
Йигит паспортни узатди.
— Вой, раҳмат!.. Доим нарсаларимни йўқотиб юраман.
Робия столнинг олдидаги занг босган темир курсини суриб қўяр экан, димоғига яна ўша таниш муаттар бўй урилди:
— Ўтиринг, – деди тил учида.
— Йўқ, яхшиси, сиз юринг. Кўчанинг нариги томонидаги кафеда ҳам тамадди қиламиз, ҳам гурунгни давом эттирамиз.
— Йўғ-е, сизни шунча овора қилганим етар…
— Асло! Ҳали анча кам. Камини тўлдиришимиз керак.
Бу ҳазил Робияни жилмайишга мажбур қилди:
— Унда борганим бўлсин!
— Бу – бошқа гап. Мен кетдим. Жой тайёрлатиб қўяман. “Оқшом гурунглари” кафеси. Хўпми?
— Хўп! – деди қиз кўзлари чарақлаб.
Кўнглидаги умид ва шубҳа, қувонч ва ҳадик қоришиб, аралашиб кетганини сезарди: “Бу ёғи энди нима бўлади?” Наҳотки, омадинг юришаётган бўлса? Балки бахтинг очилиб кетар, Робия? Яна ишонгиси келмасди. Ҳовлиқаверма, қизча! Балки ўша чиройли йигит шунчаки эрмак ахтараётгандир. Кейин қорасиниям кўрмассан. Дилингдаги бир аламинг минг бўлиб, кўз ёшларингни тўкиб, ҳувиллаган, лаҳаддек шу совуқ хонада тағин якка-ёлғиз, сўққабошлигингча қоларсан. Нима бўлганда ҳам, унинг кафега боргиси келаётганди. Балки йўқ ердаги нарсалардан умидвор бўлаётгандир. Эҳтимол бу тасодифий учрашув Яратганнинг иноятидан бир ишорадир!
Ҳеч кимга, ҳеч қачон нолинмаган, кўз ёши қилмаган Робия шу тобда кимдандир маслаҳат сўрашга, тушга ўхшаш айни ҳодисаларнинг таъбирини билишга эҳтиёж сезмоқда эди. Унга бўлаётган бу воқеалар ҳамон сирли, дудмал ва ноаён ишларга ўхшаб туюларди. Қани энди ёнингда онанг, опанг, яқин дугонаи сирдошинг бўлса.
Ҳамхонаси Новвот турмушга чиқиб кетганидан кейин ёлғизлиги янаям билинди. Холасининг гапларини бот-бот эслайдиган бўлди: “Сенга Аюбнинг сабрини берсин, Робия қизим! Общежитиега совчи келиши қийин. Ўзинг бир йўлини қиларсан энди. Ёлғиз одамга жаннат ҳам татимайди”.
“Эртаниям ўйлашимиз керак, – деганди Новвот тўйи олдидан. – Ўзимни аврай-аврай, ўттиздан ошдим. Томоғимнинг тагидаги бақ-бақларимга қара. Қопнинг ў-ўзи. Энди кимни, ниманиям қойил қилардим”.
Новвот мудом зорланарди: “Жуссамнинг кетмондастадан фарқи йўқ. Тап-тақир. Қайси каллам билан ўйинчиликни танлаганаканман, билмайман. Тана-тўшимда маъни бўлмагандан кейин, йигит ўлмагурлар мени бошига урадими!.. Сендай юзларим оппоққина, кўзларим доим мулойимгина кулиб турганида, ўзим билардим. Сени кўрган эркак ўлибгина қолади. Кўзларинг, белларинг, кўкракларинг… Етти чақирим наридан ўтаётган йигит ҳам бурилиб қарайди. Бир айбинг – ўзинг латтасан. Анави матоҳингни ғит-ғит қилишдан бошқа ишга ярамайсан…”
“Хўжайинингиз неча ёшдалар, опа?” – деб сўраган эди Робия.
Новвот яширмаган. Хотини ўлиб, “эрликка номзод” бўлиб турган ўша одам, элликдан ошганига қарамай, ҳали даёв, деган. Тўппосдай. Бола-чақасидан тинган. Невараси бўлса-чи? Шаҳри Самарқандда дўконлари бор. Тўйимиз ўтиши билан икки хонали квартирасини номимга хатлаб бермоқчи. Ўша уйда алоҳида яшарканмиз.
“Муҳими, ўзимники, – деган эди санъатни ташлаб, уй бекалиги сари ошиқаётган раққоса. – Бирорта бетайинга иккинчими, Худо билади, учинчими, хотин бўп текканимда, ё жазман тутинганимда, бурнимни бўшатармиди. Қачон менинг навбатим келаркан-у, қачон ўша бетайин бирпас елкамни силаб, ҳовуримни босиб кетаркан, деб сарғайиб ўтираманми. Шерикли ошнинг бети қурсин!”
Энди унинг бўш турган каравоти Робиянинг кўзига қоронғу кечаларда тобутга ўхшаб кўринади. Новвот кетгач, ётоқхона директоридан, менга алоҳида хона берсангиз, деб илтимос қилди.
“Алоҳида хонада нималар қилмоқчисиз?” – деб сўради мусофирхона хўжаси.
“Биласиз, виолончель чалиб тураман. Ғит-ғити шеригимга малол келадими деб чўчияпман”.
“Майли, – деди директор ундан кўзларини узмай ва қўшиб қўйди: – Баъзида шилпилдоқ пишириб берсангиз, бас”.
Робия тарс ўрнидан турди-да, кабинетдан индамай чиқиб кетди: “Сўлагини оқизмаган сен қолувдинг!..”
Ортидан пихиллаган овоз эшитилди: “Гадо аразласа, турвасига зиён”.
Ҳамма эркак – бир гўр. Ёлғизлик гулханида қовурилиб, меҳрга муштоқу муҳтож юрганингни яхши билади. Шу олов тафтида исиниб, нафсини қондирмоқчи бўлади.
Заҳронинг эри, Мирвосил ҳам уни ёлғиз кўриши билан эҳтирос билан шивирлайди: “Қалай, ҳайкал тайёр бўп қолдими, Робия?” Бу иффатингни қачонгача асраб-авайлайсан. Асраганинг билан энди сенга биров ҳайкал қўярмиди, дегани. Қизнинг нафаси ичига тушади. Қарғанади: “Қизингга буюрсин ўша ҳайкал!”
Бир гал Мирвосил ичиб олган экан. Лифтда шартта унга ташланиб, қучоқлаб, ўпа кетди. Ҳар туки бигиздай келадиган соқоллари қизнинг юзлари, бўйни, лабларини шилиб юборгандай бўлди. “Иккинчи хотин бўлиб тег менга! – деди ҳансираб. – Умрингни беҳуда ўтказма. Лаззатланиб яша! Ўғил туғдираман!..”
Мирвосил чотига тепки еб тинчиди.
Заҳро бечора эрини гоҳ у, гоҳ бу аёлнинг оғушида ушлаб олади. Аёллар бир-бирининг сочини юлган. Юзини тимдалаган. Болалар изиллаган. Текин томошани кўриб, қўшнилар яйраган. Бақир-чақир. Эр, гуноҳкор ҳўкиз, бошини хам қилганича, тамшаниб турган: “Кайф устида адашиб қоппан, деяпман-ку! Бўлди энди, ўчир, Заҳро!”
Ўзига қарамай қўйган Заҳро бечоранинг сочига аллақачон қиров қўниб, кампирга ўхшаб қолган. Эри театрда админстратор, аёли кассир. Эр эрталабдан ярим тунгача нард ташлайди. Аёл тонгдан шомгача жаврайди: “Артисти бетайинга тегмай мангина ўлай!”
Робия ётоқхонада қари қиз, ёлғиз кампир бўлиб қолиб кетганларни кўз олдига келтирса, ваҳимаси ошаверади. Топгани томоғидан ортмаса. Қўқонда ота-онасидан қолган икки хонали квартира сотилиб кетган. Қачон ўзининг пешонасига уй-жой битадию, қачон уни созлайди. Бундай пайтларда қиз ўзини қариб, кексайиб, кимсасиз саҳрода танҳо улоқиб юргандек ҳис қилади. Қўқонга қараб юриши билан кўз ёшлари оқаверади, оқаверади. Ота-онасининг қўш қабри тепасига бориб йиғлаб-йиғлаб келади. Гўё улар кеча ҳалок бўлгану ёлғиз фарзанди кўниколмай, тақдирига тан беролмай овора. Кўзлари шишиб кетади. Йиғлайвериб силласи, тинка-мадори қуриб, афтода ҳолда қайтади. Холаси кўпдан бери юбормайди. Дуоингни шу ердан, узоқдан бағишласанг ҳам бўлади…
Робия ўзини бирор йигит учрашувга таклиф қилишини, севиши ва эркалашини тасаввур қилолмасди. Ўкинарди. Ўзи ҳеч қачон, ҳеч кимга кўнгил бермаган. Беролмаган. Журъати етмаган. Етгандек бўлгандаям, дами ичида қолиб кетаверган. Эркак кишининг соясидан ҳам ҳайиқади.
Шу тобда у туш кўраётганга ўхшар ва кўраётган тотли томошаси тугаб қолишидан хавотирда. Гоҳ совуқ егандай жунжикиб, гоҳ изтиробнинг зўридан пешонасини тер босиб, алаҳсираётган бемордай торгина хонада, икки каравот орасидан у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Охири шартта тўхтаб, қалин сочиғини елкасига ташлади. Устимдан сув қуйиб чиқай, балки хаёлим жойига кепқолар, деб ўйлади.
Ҳаммомдан чиқиб, ўзига оро беришга киришди. Тузук-қуруқ бўянмай, ясан-тусан қилмай қўйганига анча бўлганини эслади. Калта қирқилган қора сочини энсасига йиғиб турмаклар экан, икки тутамини қошларигача тушириб қўйди. Пешонасида ажин йўқ. Шундай бўлса-да. Ёшроқ кўрингани тузук. Қош-кўзига қалам тортди. Ингичка бўйнига атир пуркаб, лабини бўяди. Юзидаги сепкилларини яшириш учун упани қалин суртди. Кўнгли тўлмади. Кампирга ўхшаб қолгандай туюлди. Артиб ташлади. Бор – борича, йўқ – ҳолича.
Эшиклари осилиб қолган шкафни очиб, яна боши қотди. Қайси кўйлагини кийгани маъқул? Худди бир вагон либоси бордай, иккиланишини қаранг! Ним пуштисини олди. Узунроқ. Оёғидаги этигиям ҳадеганда кўзга ташланмайди. Лоларўй жемперини эгнига илди. Этигини кийди.
У пойафзал излаб бозору бутикларга киролмайди. Магазинларнинг пештахталаридаги бир-биридан чиройли, ранги кўзни оладиган пошнаси ўқдай, учлари михдай бежирим туфли ва этикларни кийиб кўролмайди. Унинг хос фабрикаси, хос устаси, хос этикдўзи бор. Ҳаммаси бир жойда – ортопедия дўконида. Ортопед уста уч сантиметр калта ўнг оёғига мослаб-тайёрлаб берган зил-замбил пойафзални судрашга маҳкум.
Робия тумбочкаси устида турган рамкадаги суратни қўлига олиб, оғир хўрсинди. Суратдан шоп мўйловли отаси, қошлари қаламдек онаси, ўртада – сочига қизил лента таққан қизча унга хушнуд қараб туришар эди.
“Меҳрибонларим! – деб пичирлади энди ўша қиз. – Мен учрашувга кетяпман. Учрашув дейишгаям тилим бормайди! Таваккал қиляпман… Қизингизга омад тиланг! Бахт тиланг! Ҳозир ёнимда бўлганингизда эди…” Суратга лабларини босганида чорчўпнинг ойнаванд юзига икки томчи қайноқ ёш томди.
Робия ётоқхона остонасидан ҳатлаб ўтар экан, энтикиб кетди. Димиқиб ётган мусофирхонадан чиққан киши кўкламнинг салқин ва мусаффо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олгиси, бўм-бўш кўчаларда ҳузурланиб юргиси келади. Ёмғир бировдан истиҳола қилгандай майдалаб, сассиз ва шошилмасдан ёғарди. Гўё гир-атроф туннинг бу сокин навосига буткул маҳлиё бўлиб қолган. Қорайиб кўринаётган биноларнинг деразалари, қунишибгина турган дарахтларнинг япроқлари, ҳорғин автоларнинг ойналари, осойишта кўчаларнинг асфальтлари, майсалардаги нуқралар неон чироқларининг ҳазин шуъласида сирли ялтираб, кўнгилда маҳзун туйғулар уйғотади.
Кундан-кунга қариб-чириб бораётганингни, ўтаётган ҳар бир дақиқа сени бахт ва умид деган манзиллардан тобора узоқлаштириб кетаётганини англаб, ҳис қилиб яшаш — азоб. Бир қарасанг, дарахтларнинг япроқлари ям-яшил, кўз узолмайсан. Яна бир разм солсанг, яшашдан чарчаган оғир хастадай сўлғин. Кейин кўрсангки, занг тусига киради ва шохларни тарк этади. Бундай жудоликка кўникишдан ўзга ёзмиши йўқ новдалар бир кечада мунғайиб, қўлларини кўкка чўзган қоқсуяк кампирларга ўхшаб қолади. Ўйлайсанки, япроқлар бу ҳаётга нима учун келган эди? Нимани кўрди? Нимага эришди? Жавобини тополмайсан. Кўнглинг бузилгани, дилинг эзилгани қолади.
Дилгир лаҳзаларда Робиянинг қўли камон сари чўзилади. Виолончелнинг нозик торларидан, ўйилган бағридан бир оҳанг тарала бошлайди. Чақалоқнинг сочларидек майин, кўзларидек беғубор, кулгисидек мафтункор бир наво. Навоки, муҳаббат ва садоқат, ёлғизлик ва умид, меҳр ва маъюслик билан йўғрилган. Дилингда ардоқлаб юрган энг бокира туйғуларингни, ўй-хаёлларингни жунбушга келтириб, вужудингни сеҳрлаб қўяди. Камонга қўшилиб тўлғонаётган торлар гўёки бахт ва меҳрдан, бокиралик ва маъсумликдан мўъжизавий қўшиқ куйлайди: “Сен гўзалсан! Гўзалсанки, орзуларингдан воз кечма! Минбаъд воз кечма!” Кўнглингга азоб бериб ётган шубҳа-гумон, умидсизлик, рутубат оҳанглар қанотида чекингандек бўлади. Руҳинг енгил тортиб, дилингга уммон каби қуйилган сеҳрли туйғулар, оташин эҳтирос энди кўзларингдан қайноқ ёш бўлиб отилади. Эрта кетган отанг, меҳрибон онанг, беташвиш болалигинг кўз олдингдан ўтаверади, ўтаверади. Кўзёшларинг оқаверади, оқаверади… Вужудинг гўё ларзалар гирдобида қолади. Соғинч, ўтинч, илтижо… Кўзларинг юмилиб, илоҳий оҳанглар оғушида парвоз қилаётганингни сезмай қоласан. Гўё поёнсиз самоларда кезиб юрган фариштага айланасан. Таскин-тасалли, ҳаловат топгандай бўласан…
Косоволик маэстро Степан Ҳунзернинг бор-йўғи бир неча нотадан иборат асари ана шундай умидбахш қувват ва ором бағишлайди. Ижро қилиб ҳам, тинглаб ҳам тўймайсан. Меҳрга тўйиш мумкинми?
* * *
Йигит эшик олдида кимлар биландир суҳбатлашиб турган экан. Робия мулойимгина бош эгиб салом берди. Мезбон унга пешвоз чиқар экан, қаҳвахонанинг хос камзули ярашган мулозим ичкаридан гулдаста кўтариб чиқди. Йигит гулни олиб, қизга икки қўллаб тавозе билан узатди:
— Хуш кўрдик!
Қип-қизил атиргул! Шундай текис, шундай маҳкам сиқиб боғланганки, бир қучоқ чечак яхлит гулга, алвон гулдастага айланибди. Бундай илтифотдан гангиган қизнинг тилига аранг бир сўз келди:
— Ташаккур!
Робия бу кафега кўп кирган. Кирган-у, унинг иккинчи қаватида ҳилват ҳужралар борлигини билмас экан. Эшигига бамбук бўлтакларидан “парда” осилган ҳужралардан ним қоронғи йўлакка хирагина нур таралиб турарди. Узун йўлакнинг охирига етгунларича у саҳнага биринчи марта чиққан созандадай ҳаяжондан оёқлари чалкашиб кетаётганини сезди. Назарида, оёқлари тагидаги қалин поёндоз эмас, нақд муз. Эҳтиёт бўлмаса, тойиб-сирпаниб йиқиладигандай. Буни сезган ҳамроҳи билагини тутди. Қиз унга суяниб олди. Ўзини худди шу ҳилват гўшанинг хўжайинидек (“Балки хўжайинидир!”) тутаётган йигитнинг кайфияти зўр, ҳаракатлари дадил эди. Қўл қовуштириб турган мулозимларга “тезлатинглар” деб қўйди.
“Бамбукзор”ни шалдиратиб очди:
— Марҳамат!
Йигит Робиянинг гулобий ёмғирпўшини олиб, бурчакдаги илгакка осди ва устидан ўзининг чарм камзулини илди. Йўқ, шунчаки илмади, плашчни ўзининг чарм камзулига авайлаб ўрагач, устига оқ шарфини ташлаб қўйди. Меҳр тўла бу илтифотни кўриб қизнинг этлари жимирлаб кетди.
Йигит энди куёвлардай кийинган. Тимқора костюми, оппоқ кўйлаги ва қизил галстуги кўзни оламан дейди. Қалин тим қора сочлари чиройли таралган. Кўкрак чўнтагидан қизил дастрўмолчасининг учи кўриниб турарди. Робия уни кўчада шу либосда учратиб қолса, ёнидан танимасдан ўтиб кетиши турган гап эди.
— Ижарахонамизга бирров ўтиб келдим, – деди йигит хотиржам. – Талаба укам билан шу яқин-орада – Себзорда турамиз.
Қиз мулойим жилмайди:
— Энди дипломатларга ўхшаб кетибсиз. Ярашибди!..
Гулдастани гулдонга жойлар экан, йигит мамнун бош силкиб қўйди. Муаттар бўй қизнинг димоғини қитиқлаб, вужудидаги ғулғулани яна пароканда қилиб ўтди. Ичида хўрсинди. Ўзини қандай тутишни, нима қилишни, нима дейишни билмас, гўё карахт бўлиб қолгандай эди.
Бежирим столдаги ваза тўла мева. Олма, анор, нок, апельсин, киви, банан… Ҳаммаси иккитадан. Жуфти билан! Устига бир шингил олтин ранг узум қўйилган. Ўриндиқ юмшоққина. Суянаман десанг, болишиям тайёр.
Мулозим оқ баркашда чой кўтариб кирди ва йигитнинг олдига қўйди. Қиз оқ тақсимча устидаги оқ чойнакни олдига тортиб, чойни оқ пиёлада қайтарди. Биринчи пиёлани енгил тавозе билан йигитга узатди.
Робия ҳамон нималар бўлаётганини тушунолмас, бироқ тезроқ англаб етгиси келарди. Гўё уни кимдир зимдан кузатиб тургандай, устидан кулаётгандай. Йигит уни бир кўришда ёқтириб қолганига ишонгиси келмас, бундай воқеалар ҳинд фильмларида бўлади, деб ўйларди. Келиб-келиб ёши ўта бошлаган оқсоқ қизга куни қолмагандир. Кўзга яқин йигит экан. Шайдолари сочидан ҳам кўп бўлса керак. Бир қарасанг, асилзодаларга ўхшайди, гаплари дадил ва маънили. Яна бир қарасанг, андак дағалдай туюлади, лекин дағаллигиям ўзига ярашган. Ясамаликдан йироқ, жўн ва жўяли. Самимий. Турмушнинг аччиқ-чучугини тотган зиёли одамнинг дидини беради. Каттазанг эмаслиги аниқ. Қизнинг қувваи ҳофизаси шивирлар эдики, ишон, кўнгли ҳам, чеҳраси ҳам очиқ, дуруст йигит.
Қайноқ чой, ғоят тотли туюлган товуқ шўрва унинг вужудини тамомила ўз забтига олган ҳаяжону жунжикишни босгандай бўлди.
Узунгина руҳ қозонда гўшт олиб кирган мулозим шампань виносини очди.
— Нега маъюс тортиб қолдингиз, Робияхон?
— Ўзим, – жавоб қилди қиз хомуш.
— Келинг, ҳадикли хаёлларни қувиб, яйраб ўтирайлик.
Қиз маъюс жилмайди. Мезбоннинг муҳим нарса ёдига тушгандек бирдан юзлари ёришиб кетди.
— Дарвоқе, танишайлик. – У ёнидан яшил паспортини чиқариб, қизга узатди. – Исмим – Асрор, фамилиям — Хуррамов. Ёшим сизникидан – бир ёшу ўттиз уч кунлик катта…
— Вой, қандай яхши! – деб юборди қиз. – Мен сизни… анча ёш бўлсангиз керак, деб ўйлабман.
— Бемалол ака деяверсангиз бўлади.
— Хўп-хўп, Асрор ака!
Робиянинг кўнглига соя солиб турган мавҳумлик кўтарила бошлади. Йигит винога қўл узатди:
— Бир қултумгина.
Қиз ўзини орқага ташлади:
— Мен ҳеч қачон ичмаганман, Асрор ака.
— Лекин бугун… тарихий кун.
“Ака” дейиш шу қадар ёқимли эдики, бехосдан вужудининг қай бир қатламларида англаб бўлмас, қандайдир тотли ва тийиқсиз туйғулар жунбушга келгандек бўлди. Уялиб кетди! Йигит қадаҳларни яримлатиб вино қуйди.
— Ижозатингиз билан, бир сўз айтсам, Робияхон.
— Айтингиз! – жавоб қилди қиз юзлари ял-ял ёниб.
— Тиллодек товланиб турган ушбу неъматни бу ёруғ оламда ўзим бир умр орзу қилгандек кенг пешона, ақлли ва камсуқум, содда ва самимий, оғир-вазмин ва ғоят гўзал бир қизни, яъни Сизни учратганим учун ичсак!
Узундан узун бу иқрорни эшитиб, Робиянинг тиллари танглайига ёпишиб қолди, десак камлик қилар-ов. Яхшиси, қиз бечора адои тамом бўлди, деб қўя қоламиз. Томоғини намлаш учун оқ пиёладан чой хўплагиси келди. Лекин қўли банд – қадаҳ ушлаб турарди.
Бир қултум ютди. Муздайгина экан. Яна ичгиси келди. Жуда-жуда ичгиси келди! Ийманди. Йигит охиригача сипқорди.
— Асроржон ака, менда бир савол пайдо бўлди. – Энди дадиллашган Робиянинг катта-катта қўйкўзлари чақнаб турар, айни пайтда қалин, қайрилма киприкларида адашган икки томчи нуқрадек ялтирарди.
— Айтингиз.
— Менинг “ақлли ва камсуқум, содда ва самимий,” эканимни бир пасда қандай билиб олдингиз?
— Хўп, десангиз, аввал сал тамадди қилиб олсак. Кейин Сиз учун алоҳида матбуот анжумани уюштириб, барча саволларингизга батафсил жавоб қайтарсам.
“Ҳазилкаш эканлар”, – деб ўйлади қиз.
Таом иштаҳа билан тановул қилиниб, қўллар хушбўй намсочиқларга артилгач, йигит чўнтагидан қалингина конверт чиқариб, оқ дастурхонга қўйди. Конвертнинг ёнидан бир шода калит, кумушранг чўнтак соати ва уриниб, эскириб қолгани кўзга ташланиб турган кўк ғилофча жой олди.
— Шундай қилиб, матбуот анжуманимизни бошлаймиз, – деди Асрор Хуррамов. Айтдики, бугун – ғоят омадли ва унутилмас кун. Икки ойга чўзилган навбатдаги лойиҳамиз муваффақиятли якунига етди. Қорасув даҳасидаги ўн беш сотихли ҳовли уч қаватли шоҳона уйи билан сотилди. Эрталаб уни бир ярим миллион долларга пуллаб, шартномада келишилганидай, маблағнинг уч фоизидан умид қилиб турган жойимда, сотувчининг кел-кели келиб кетди-ю, яна беш юз қўшиб юборса, денг! (Маърузачи олдидаги оқ конвертни силаб қўйди!) Ана энди Асрор акангизнинг Паркент даҳасидаги янги уйларнинг орасида олчангла-аб юришини томоша қилинг. Битта-иккитасини кўзимнинг остига олиб қўйган эдим-да! Шўйти-б юрсам, иккинчи қаватдаги шинамгина бир квартиранинг устидан чиқиб қолмайманми! Саксон саккиз квадрат метр. Пишиқ ғиштдан. Уймисан уй. Бадастир. Уч хонада учта телевизор. Коса-товоқдан дазмолгача муҳайё. Бунинг устига, етмиш фоиз пулини ўттиз олти ойда бўлиб-бўлиб тўлаш йўриғини айтмайсизми! Ол-да, димоғингни чоқ қилиб яша! Ўйчи ўйини ўйлагунича, таваккалчи ишини битиради. Ато этганига шукр деб оласиз-да! Пулнинг ярми дастлабки тўловга сарфланиб, хонадоннинг калити ўша ернинг ўзида қўлга олинди десам, ишонаверинг. Йиғиб-териб юрганларимни қўшиб-чатсам, жовликкина тўласам ҳам бўларди. Эртани ўйладим.
Қиз кўнглида: “Ишига пишиқ, ғайратли йигит экан”, деб ўйлади.
Шошилмасдан гапираётган Асрорнинг юзида кишини ўзига ром этгувчи қатъият ва самимият зуҳур эди. У андак ўйланиб турди ва бирдан:
— Эй, сабрдан яралган, Робия! – деди ҳаяжон билан сенлашга ўтиб. – Ўша уй энди иккаламизники бўлишини истайман!..
Асрор калитлар шодасини қизга узатди. Робия ўрнидан туриб кетди ва калитларни авайлаб олди. Олар экан, беихтиёр тавозе билан бошини эгди ва кўнглида: “Ёпирай!” деб юборди. Лекин кейин нима қилишини, нима дейишини, калитларни қаерга қўйишини билмай саросимада, довдираб қолди. Гўё ҳовучидаги бир шода жавоҳир кафтларини чўғдек куйдирарди. Гўё тилдан қолгандай, лаблари титрар, лекин саси чиқмасди.
Йигит эса айтаётган гапларидан масрур ва маст, ҳаяжон билан давом этарди:
— Энди ўзинг айт, Робия! Ўн бир йиллик ижарахонликдан кейин бундай бошпанага етган мардум улфатларидан суюнчи олмаслиги мумкинми? Йўқ-да! Бир замонлар, телевизонда телебошловчи пайтларим, бирга ишлаган қадрдоним Нозим Сурхонга сим қоқиб, зиёфатдан гап очсам, таранг қилади, денг. Гапини қаранг. Ишхонасига бориб, машинамда олиб кетсам борармиш ўша зиёфатга. Нима ҳам қилардинг? Эркалигини кўтарасан-да! Тошкентга келиб топган қалин ошнам, университетдаги сабоқдошим бўлса. Бир қориндан талашиб тушган ака-укадай гап. Шундай қилиб, телемарказ дарвозаси олдида Нозим Сурхонни кутиб ўтиргандим. Радиодан таралаётган най навосига бўшашиб, кўзларим юмилиб-юмилиб кетаётганди. Чўчиб тушдим. Қарасам, қаршимдан ўртабўйли, бошяланг бир қиз келяпти. Оғзим очилиб қолди. Очилмасинми? Елкасига истолбадай бир нарсани осиб олган бечора қиз юки оғирлигидан букчайиб қолган. Косасига чўккан чиройли кўзлари шу даражада маъюс ва шу даражада мунгли эдики, ана-мана йиғлаб юборса керак, деган хаёлгаям бордим. Шундоққина ёнгинамдан, бир қадам наридан ўтиб кетди.
Юрагим жиз-з этди. Кейин устимдан биров бир сатил муздай сувни қуйиб юборгандай, ваража тутиб кетди. Ўзимга келиб қарасам, машинамнинг эшигини қулфлашниям унутиб, унинг изидан зиппиллаб кетяпман. Қорама-қора, қистаниб боряпману, ўйлайман: “Бошпанали бўлсам уйланаман деб юргандинг, Асрорбой. Ниятинг холис экан!”
Ирим-сримларга тоқатим йўқ. Аммо катта кўчага етай деганимизда, секинладим: “Шу ҳурлиқо чорраҳада тўхтаса, ниятимнинг Худога хуш келгани!”
Бутун вужуди қулоққа айланиб, ҳангу манг ўтирган қизни Асрор тамомила сеҳрлаб қўйганди.
— Бахтимни қарангки, – дея давом этди илми калом соҳиби, собиқ телебошловчи, – “истолба судраган” қиз катта кўчани кесиб ўтишга улгурмади. Кейин… кейин уни гапга солдим. Ақлли экан. Ақлли бўлмаса, энтак-тентак гапларимга чидармиди. Маҳмадоналик қилмади. Жиккиламади.
Юзлари алвонга тортиб кетган қиз, бошини кўтарай демасди. Қандай кўтарсин? Нима десин? Олдида ўтирган эркакнинг кўзларига қандай қарасин?
— Қанча жойларда ишладим, ўқидим, – деди энди йигит ҳаяжонини босиб. – Қанча қизлар ёнимдан ўтди. Бирортасига дурустроқ тикилиб қараганим йўқ. Қарасам ҳам ичимда ғижиним келарди. Сабабини яхши биламан. Ҳаммаси қандолат фабрикасидан чиққан конфетдай – бир хил. Чиройли. Ялтироқ. Замонавий. Бўянган, ўранган. Фақат икки оғиз гаплашсанг, тилингни тишлайсан. Тоши енгил. Ичи занг босган бўчкадай бўм-бўш!..
У дастурхондаги соатни очиб, қизга узатди. Соат қопқоғидаги оқ-қора расмдан йигирма беш ёшлардаги, юзларига сепкил тошган, сулув қиз жилмайиб турарди.
— Танидингми? Шу қиз сенмисан?
— Ҳа, мен… – Қиз ийманибгина жилмайди. – Менга ўхшайди.
— Ўхшайдими? Ўзингми?
— Ўзим…
— Офарин! – йигит ўрнидан туриб кетди ва жойида бир айланиб, ўтирди. – Энажонимга юз офарин, Робияхонга минг офарин!
Қиз ҳайрат билан унга тикилиб қолди. Қовоқлари учди. Йигит жиддий тортди:
— Суратдаги аёл – менинг энам.
— Энам?!.
— Ҳа, раҳматли энам. Мен учинчи синфга борганимда вафот этган… Ток урган. Врач эди. Энам ҳам икки ёнига сал чайқалиб юрарди.
— Худо раҳмат қилсин!.. Дадангиз ҳаётмилар, ишқилиб?
— Беадад шукур! Хатирчида ўтиради. Нафақахўр.
Қиз бир соатга, бир олдида ўтирган йигитга боқар ва нималардир демоқчи бўларди-ю, ботинолмасди.
— Асроржон ака, яна сўрасам майлими? – деди ниҳоят иккиланиброқ.
— Биламан нима дейишингни, Робия. “Туш кўрмаяпманми?” демоқчисан.
— Ҳа-а…
— Сен-ку, майли. Ўзимнинг ҳам ишонгим келмаяпти, Робия. Лекин ҳеч бир гўдакнинг онаси ўлмасин. Ҳеч бир бола ўгай онанинг қўлида зор қақшаб, туртки еб, ўксиниб қолмасин. Сездим, Робия! Етимлик сенинг ҳам бошингдан ўтган. Ўтмаса, ётоқхоналарда сарсон очиб юрмасдинг…
Бу гаплардан қизнинг кўнгли бузилиб, юзларини қўллари билан ёпиб олди. Елкалари силкинарди. У шиддати баланд, дадил ва чечан бу йигитнинг ўзига ўхшаш етимча эканини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Асрор ишонч билан гапирар, Робия маҳлиё бўлиб эшитарди.
— Шу тобда раҳматли эналаримизнинг руҳлари иккаламизни кузатиб, қувониб турган бўлса, не ажаб!..
Қиз хаёллар гирдобида ўтирган йигитга қаради ва юрак ютиб сўради:
— Асроржон ака, мени тўсатдан учратиб қолган бўлсангиз. Паспортимнинг номерини, қаерда яшашимни, қайси шаҳарда, қачон туғилганимгача қандай билиб олдингиз?
Йигит ўзини орқага ташлаб, қулочини кенг ёзди ва мириқиб кулди.
— Осонгина, – деди. – Виолончель ғилофини елкангдан олаётганимда, ётоқхонанг олдида яна ўзингга қайтариб бераётганимда, сумкангни ўмардим. Икки марта!
— Ўмардим?
— Йўталган киши бўлиб, сумкангдаги паспортни олдиму очиб кўрдим.
— Ё, тавба!..
— Ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Бир пайтлар телесериалда киссавур бўлиб чиққанман. Ўргатишган.
— Асл касбингиз нима, ўзи?
— Филолог десак ҳам бўлаверади. Лекин мардикорликдан даллолликача бўлган “шарафли йўл”ни босиб ўтганман.
Иккаласининг ҳам юзида беғубор табассум жилваланди. Йигитнинг овози бирдан ўзгариб, қизга қаттиқ тикилди:
— Сен ўзинг кимсан, Робия?
Қиз чўчиб тушди.
— Сеҳргармисан? Афсунгармисан? Кимсан? Боя чўлпон кўзларингни кўриб, эсимни йўқотиб қўйгандим. Энди ҳар бир қарашинг, табассуминг ақлимни оламан деяпти. Мендай бир маҳмадонани, йўнилмаган таёқни не кўйларга солиб қўйдинг, айт!..
Қулоқларига бир ишониб, бир ишонмай, лолу ҳайрон ўтирган қиз қизариб кетди ва бошини эгди. Бу ўтли, ҳароратли саволларга жавоб бериш учун журъат қани, сўз қани! Шарм маъвосидан чиқмаган бечорада қаердан ҳам бўлсин.
Бир муддатлик сукунат ичра йигит маъюс тортди.
— Сендан яширадиган гапим йўқ, Робия, – давом этди у ўйчан. – Даллолликнинг этагидан тутиб, уй бозорини ораламагунимча, бирор нарса орттиролмадим. Қулоғимгача қарзга ботган кунларим бўлди. Омаду баракамни бозордан топдим, десам кулма! Ҳар кимнинг қўлидан келгани-да. Кўпнинг муомаласида одам танишни ўргандим. Укаларимни ўқитдим. Машина олдим. Ширкатимизда мендан бошқа яна ўнта маклер шлайди. Аҳён-аёнда шу кафеда “сен же – мен же” қилиб турамиз. Ётоқхонангни яхши билишимиз ҳам шундан.
Асрор яна бир хабарни қистириб ўтди. Боя кафега кираверишда турган одамлар орасида Нозим Сурхон ҳам бор экан. Паканароғи. Имо қилибдики, бу қизни телемарказда кўрганман. Ками йўқ. Тўйнинг газини бос, жўра!..
— Тўғри-да, – деди йигит овози ўктамлашиб, – галга солиб нима қиламиз. Юлдузларимиз бир бирига интилиб турган бўлса, иккиланишимиздан нима маъни бор?
Қизнинг назарида, йигитнинг бу таклифини рад этиш учун иккисида ҳам кифоя қиладиган важнинг ўзи йўқ эди. Асрор кўк ғилофчадан ингичка узук чиқариб, Робиянинг қўлларини сўради. Икки қўлини ҳам узатди. Нега бундай қилди, ўзи ҳам сезмай қолди. Йигит унинг бахмалдай мулойим кафтларини эҳтиросдан ловуллаб турган юзларига, бармоқларини эса лабларига босди. Кўзларига меҳр билан бир-бир суртди. Азбаройи қизариб кетган қизнинг кўзларига тағин ёш қалқиди.
— Робия! – деди. – Йигитлик сўзим! Токи тирик эканман, шу чиройли сочларингга гард юқтирмайман. Шу чиройли кўзларингга ғам доритмайман!..
Олмос кўзли узук юз-кўзларида меҳр товланиб турган соҳибжамолнинг бармоғига лоппа-лойиқ келди.
— Ярашганини қара, Робия! Муборак бўлсин!
“Илоё! – деди ичида қиз. – Шу кунларга етказганига шукр!”
— Энамдан табаррук! – деди йигит дадил. – Энди сенга буюрсин!..
“Омин!” – пичирлади иккаласи баробар…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2022 йил 12-сон