Қулман Очилов. Шаштингиз сўнмасин (эссе)

 Танбеҳ

Таҳририят йўлагида бехосдан тапира-тупур бошланди: “Устоз! Устоз келдила-ар!”

Очиқ турган эшикдан кўзим тушди: бош муҳарриримиз кабинетидан шитоб билан чиқиб кетди. Газетанинг навбатдаги сонига “тушиши” зарур бўлган материални ўқиётгандим. Хаёлимни бўлгим келмади.

Анчадан кейин раҳбаримиз изига қайтди ва тўғри келиб қаршимдаги курсига ўзини ташлади. Ранги тоза одам эмасми, юзлари ловуллаб ёнаётгани дарров сезилади. Доим кулиб турадиган кўзларигача  қизариб кетган эди.

Газетамизнинг собиқ бош муҳаррирларидан бири  қадам ранжида қилган экан. Масъул котибнинг хонасига чақириб, Жаббор акани тузлабди: “Ман корректорликкаям олмаган болани сан қайси калланг билан ўзингга зам қилиб ўтирибсан?”

“Корректорликкаям ярамаган” ўша бола – камина. 1981 йилнинг январида икки ой ёшлар нашри – “Ёш ленинчи” газетаси таҳририятининг “тупроғини текин ялаган” ва “дуруст бола” эканимга кўнгиллари тўлгандан кейин ишга қабул қилишларини сўраб, аризаям ёзган эдим.

Аризамни олиб, бош муҳаррир хонасига кириб кетган Жаббор ака анчадан кейин шалвираб чиққани ҳамон кўз олдимда: “Узр, Қулман. Устоз бошқа одамга ваъда бериб қўйган эканлар…”

Кейин Тошкент политехника институтининг кўп нусхали “Политехник” газетаси таҳририятида роппа-роса икки ой “текинга маҳоратимни оширдим”. У ердаям институт ректори мусаҳҳиҳлик лавозимини “кимгадир ваъда қилиб қўйган экан…”

Кўзи очиқлар орасидан иш топилмагач, тақдир мени Кўзи ожизлар жамиятига йўллади. “Бир сафда” журналида ўн ой бўлим муҳаррирининг чароғон кўзи – “йўлчи юлдузи” бўлиб ишладим.

Атоқли адиб ва заҳматкаш муҳаррир Асқад Мухтор раҳбарлигида янгидан ташкил этилиб, бир зумда эл-юртнинг меҳрини қозонган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга таклиф қилиндим. Жаббор аканинг ҳажвиялар қоралаб туриш одати бор экан. Сатира ва юмор бўлимида ишлай бошлаганимда яна бақамти келдик.

“Ёш ленинчи”нинг бош муҳаррири бошқа ишга ўтгач, муайян фурсатдан сўнг, Жаббор ака унинг ўрнига тайинланди. Аниқ эсимда: 1985 йилнинг 4 январи, жума куни эди. Лифтда бирга чиқаётганимизда, кўпчилик орасида секин шипшиди: “Менга бирров учрашиб кетинг”. Душанба куни Матбуот уйининг бешинчи қаватига чиқдим.

Кутганимдай муовинликка чақирди: “Биргаликда зўр газетага айлантирамиз! Икковлашсак, қўлимиздан келади”.

Таклифнинг пасту баландини уч кун ўйлайдим. Маоши ўша пайтда олаётганим билан қарийб бир хил. Иши, ташвиши, масъулияти эса минг чандон  кўп.

“Зўр газетага айлантириш” иштиёқи баланд келди. Ака билан гапни бир жойга қўйиб, улуғ ишларни мўлжал олдик.

Нима дейсиз. Чўпонлар тили билан айтганда, Жаббор ака иккаламиз ҳам овқат еб тўймайдиган, ишлаб чарчамайдиган ёшдамиз. Илҳом ва қувват берадигани, бугун сизга қанчалик баландпарвоз туюлмасин — ўзим севган, умримни бағишлашни дилимга туккан касбим, халқимга ва Ватанимга чин дилдан хизмат қилиш, жамият ҳаётига таъсир ўтказиш имконияти. Ўзинг ишонган одамларга суяниб, улар билан баҳслашиб,  талашиб-тортишиб, ҳориб-чарчаб, лекин қувониб-қувониб ишлаш имконияти. Ўзини билган одам учун — катта бахт!

Умри бўйи муовин бўлиб ишлаган устозларимиздан бири ўринбосарликни “таҳририят остонасига боғланган олапар”га қиёслаган экан. Бошимга тушганидан кейин – 5 йил газетада, 22 йил Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАда раҳбарга ўринбосарлик қилиб, бу қиёсда лоф йўқлигига амин бўлдим. Бироқ афсус эмас, шукр қиламан. Меҳнаткаш, ҳалол, элпарвар, энг муҳими, ўз касбини яхши кўрадиган, фидойи инсонларга ошно қилгани учун. Қаламкаш сифатида дилимда тугиб юрган кўпдан-кўп орзуларимнинг рўёби учун! Бекорчиликдан эмас, заҳматда чарчатгани учун!

Журналистлик — бир эмас, ўн умрингни бағишласанг арзийдиган касб!

… Уч ой давом этган “махсус” текшир-текширлардан сўнг 17 апрель куни “Ёш ленинчи”да  иш бошладим. 23 апрель, сешанба куни, пешиндан кейин таҳририятимизнинг йўлаги бехосдан тапира-тупур бўлиб кетди ва янги бош муҳаррир янги ўринбосарини деб устозидан қаттиқ танбеҳ эшитди: “Ман корректорликкаям олмаган болани сан…”

 

Фалакнинг гардиши

Жаббор ака одобли, меҳр-оқибатли, боз устига  бағрикенг ва беозор инсон эмасми, аламини ичига ютгани сезилиб турарди. Ютмай нима қилсин? Шу устозининг қўли остида “одам бўлган”. Оддий сураткашни Москвадаги олий комсомол мактабига ўқишга, Франциядек капиталистик дунёга саёҳатга шу одам юборган. Бош муҳаррир ўринбосари даражасигаям шу киши кўтарган.  Лавозимидан кетар чоғидаям шу одам ўз ўрнига тавсия қилган. Яхши-ёмон кунларида бошини силаган.

Кейин билсам, ўшанда мусаҳҳиҳликка ишга олинмаганимнинг асл сабаби бошқачароқ экан. Бош муҳаррир тилла тиғли яшил ручкасини олиб, аризамга имзо чекмоқчи бўлган жойида фикридан қайтган: “Бунинг исми нега бунақа: “Қулман?” Шунақаям исм бўладими! Кўтар қоғоз-моғозингни! Менинг газетамда қуллар ишламайди. Партия, совет, комсомол ташкилотларига юборсак, отини эшитиб, ҳамма устимиздан кулади. Дурустроқ от қуриб кетганмикин. Бахтиёр, Рустам, Мурод деган чиройли исмлар сон мингта-ку!..”

Фалакнинг гардишини қарангки, туғилганимда ота-онам қўйган биринчи исмим, ростдан ҳам “дурустроқ” – Бахтиёр бўлган. Аммо Чироқчининг чўлида ўтган асрнинг 50-йилларида на тузукроқ шифохона, на малакали шифокор бўлган. Ертўладан берироқ пахса уйда дунёга келган чақалоқнинг тирик қолиши – мўъжиза. Мендан аввал уч фарзандини тупроққа топширган ота-онам бечоралар ўлим тўшагида ётган бу боласини энди қаерга, кимга кўтариб борсин?..

Фолбин ҳали чилласи чиқмаган, чалажон гўдакнинг, яъни менинг пешонамга қизил хўрознинг қонини суртиб, “куф-суф!” қилган, дуо ўқиган ва отимни сўраган. “Бахтиёр” исмини эшитиб, надомат билан бошини чайқаган: “Оти оғирлик қипти! Кўтаролмабди. Фалон музофотдаги азайимхон эшоннинг исми – Бахтиёрхон. Ўғлингизга  оддийроқ от қўйинглар…”

“Қулман” исмини олганидан кейин чалажон гўдакнинг ўлмай қолгани қизиқ…

Тўрт йил бурун мусаҳҳиҳлик раво кўрилмаган ўша “қул” энди газета раҳбарининг ўринбосари хонасида ўтирарди…

Бугун, орадан қарийб 35-40 йил ўтиб, “Ёш ленинчи”да бирга ишлаган ҳамкасбларимнинг қистови билан ушбу сатрларни битар эканман, кўнглимда энг илиқ туйғулар мавжланаётганини сезяпман.

Қаламкаш сифатида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да шакллана бошлаган бўлсам-да, унгача берган “сабоқлари” учун “Ёш ленинчи” ходимлари ва раҳбарларидан миннатдорман. Ишонинг, бу шунчаки, йўлига кўрсатилаётган лутф ёки мулозамат  эмас.

“Ёш ленинчи”нинг Ўқувчи ёшлар бўлими мудирига дуч келганим яна-да ажойиб ҳангомаю хотиралар билан боғлиқ.

Университетнинг журналистика факультети кечки бўлимида таҳсилни бошлаган кезларим. Мактабимиздаги нўғой муаллимамиз ҳақида лавҳа қоралаб, туман газетасига юборсам, учинчи саҳифасини тўлдириб чоп этибди. Кўп ўтмай, вилоят газетаси уни мўл-кўл кўчириб босди. Бирор сўзиям, тиниш белгисиям ўзгармасдан иккита газетада чиққан “асарим”ни шоҳона фин қоғозида машинкалатиб, ёшлар газетасига олиб борибман денг.

Фалокат босганини қаранг!

“Икки-уч кундан сўнг хабар ол”, – деди материалимни олиб қолган, важоҳатидан от ҳуркадиган бўлим мудири.

Беш кунлар ўтгач, хабар олгани таҳририят остонасидан мўраладим. Эшигини очишим билан димоғимга сомса ҳиди урилди. Хона соҳиби пахта гулли қизил ликопчада учта сомса билан жўмраги чегаланган каттакон чойнакни энди олдига олган экан.

“Нечанчи курсда ўқийсан?” – деб сўради.

“Биринчи”.

Мудирнинг бароқ қошлари бирдан чимирилиб, ўрнидан туриб кетди: “Сан чаласаводни қайси аҳмоқ университетга қабул қилган? Қайси юзинг билан журфакда ўқиб юрибсан?!.”

Умримда бундай оғир таъна-дашномни эшитмаган эдим. Ҳалигача эсласам, дамим ичимга тушиб кетади. Назаримда, мудир мени ким биландир адаштирган. Балки феъли-хўйи шундай, асабийроқ бўлгандир. Буниси энди Худога аён.

Шу-шу, беш йил таҳририят деб аталмиш идораларни етти чақирим наридан айланиб ўтадиган бўлдим. Қўлимга қалам ололмадим. Олсам, важоҳати баланд, қошлари бароқ, юзлари заҳил мудир устимга бостириб келаётгандай туюлаверарди: “Сан чаласаводни қайси аҳмоқ университетга қабул қилган?..”

Ўша бўлим мудиридан ҳам, сармуҳаррирдан ҳам таҳририятидаги бундай аломат муомала, муҳит учун кўзимдан ёш чиқар даражада ўксиниб қолмаган бўлсам-да, қаттиқ ранжиганимни яширмайман. Бироқ менга билиб-билмай қилган дағал муомаласи учун бугун уларни миннатдор бўлиб эслайман. Дуолар қиламан!

Негаки, бўлим мудири мени кабинетидан ҳайдаб солганидан сўнг ўлиб-тирилиб ўқидим. Тил ўргандим. Мусаҳҳиҳликка қабул қилинмаганимдан кейин эса “Бир сафда” журнали ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятларида замонамизнинг атоқли адиблари, журналистлари, муҳаррирлари ва олимлари билан танишдим. Уларнинг бебаҳо суҳбатлари, сабоқлари ва тажрибасидан баҳраманд бўлдим.

 

Янги ўзан

“Ёш ленинчи”да бундай ижодий муҳит, илғор зиёлилар давраси ва бошқа нашрлар билан соғлом рақобат Жаббор Раззоқов таҳририятга бош бўлганидан кейин шаклланди. Газетанинг мавзулари ва мухлислари қамрови кескин кенгайди. Компартиянинг қош-қовоғига қараб кун кўриб келаётган нашр халқ томон юз буриб, бағрини кенг очди. Мазмуни, шакл-шамойили ва ифода усуллари янгиланди. Ҳайбаракаллачилик барҳам топиб, жамият ҳаётидаги энг ўткир муаммолар кўтариладиган, барча ёшдаги ва касбдаги одамлар қўлма-қўл ўқийдиган миллий нашрга – халқ минбарига айланди. Газетамизни мунтазам мутолаа қилиш миллат зиёлилари ўртасида кенг урфга кириб, унинг саҳифаларидан “халққа кўриниш бериш” фахр-ифтихор даражасига кўтарилди.

Муштарийлардан илгари кўпи билан беш-ўнта хат олинган бўлса, энди “редакциямиз муттасил ёққан хатлар ёмғири остида” қоларди. Булар кўзни, дилни, элни қувонтирадиган ширин ташвишлар эди.

Қизиқ ҳолат: одамлар ўзларининг шахсий, уй-рўзғори, оиласи билан боғлиқ муаммоларини гўё унутган эдилар. Ҳолбуки, замон жуда ночор, магазину бозорларнинг пештахталари тиши тўкилган кампирнинг оғзидек ҳувиллаб ётарди. Оддий ош тузи, ҳатто гугурт ҳам тақчил… Шунга қармай, таҳририят почтасида шикоят хатларини деярли учратмайсиз. Оқиб келаётган хат-хабарларда бир хил дард – Ватан ва миллат тақдири учун безовталик руҳи устун.

Энди ўйласам, Ватанинг ва халқинг истибдод исканжасида эзилаётган, дининг ва тилинг хўрланаётган, миллатдошларинг қўй каби сурув-сурув қамалаётган бир пайтда ўзингнинг майда, маиший муаммоларингни дастурхон қилиб зорланишга тилинг бормасди: Бунинг минғирлашини қаранг! Ижарада, қийналиб  яшаётган битта сенми! Кўчаси асфальт қилинмаган, маҳалласига водопроводу газ ўтмаган битта сенми!..

Аввал Ватан, кейин жон!

Бугун кимдир, ҳа энди, ўртоқ Раззоқов газетага бош бўлган кезларда бутун шўро салтанатида қайта қуриш бошланиб, оммавий ахборот воситаларининг куни туққан эди, дейиши мумкин. Эътироз йўқ. Лекин қайта қуриш йилларида Ўзбекистонда тўрт юзга яқин босма нашр фаолият юритган. Ўша имкониятдан самарали фойдаланганларини сананг. Бир қўлингиздаги бармоқларингиз ортиб қолади.

Жаббор Раззоқов ҳам айрим нашрларнинг ўз оромини ўйлаган раҳбарлари каби, торозининг посангисига қараб, аравасини тинчгина тортиб юраверсаям кам бўлмасди, албатта. Балки мансаб зинапояларидан кўтарилиб кетар, эҳтимол ҳозир ҳам бирор нашрга эга чиқарди.

Ҳафтада беш марта чоп этиладиган ижтимоий-сиёсий газетанинг мазмун-мундарижасини тубдан ўзгартириш ва янги ўзанга буриб юбориш осон эмас. Табиатан меҳнаткаш, кечиримли, жонсарак Жаббор ака ўзининг ижодкор сифатидаги армонларини – эл-юрт дарди билан яшашдек эзгу ғоясини таҳририят аҳлига юқтира олди. Ташкилотчилик – ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган ноёб истеъдод. “Газетани Жаббор Раззоқов чиқарсин-да!” деган эътироф йўқ жойда пайдо бўлмаган. Иш десангиз, муккасидан кетади. Таҳликага тушмайди. Шохи синсаям, шашти сўнмайди.

“Олтин бошоқ ижодкорлари”, “Чорвачилик – зарбдор фронт”, “Оқ олтин”ни олтин қўллар яратади”, “Етти хазинанинг бири” каби рукнлар янгилана борди: “Шахсий фикрим”, “Нуқтаи назар”, “Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари”, “Мулоҳаза учун мавзу”, “Бизни ўйлантираётган муаммолар”, “Демократияни ўрганамиз”, “Бонг”…

Марказ томонидан қатъий тақиқланган Наврўз байрамининг чин инсоний жиҳатларини баралла тарғиб қилиш, давлат тили учун кураш, Сталин замонида қатағон қилинган жадидларнинг муборак номларини оқлаш,  “ўзбеклар иши” бўйича қама-қамалар, пахта яккаҳокимлиги ва дефолиациянинг аянчли оқибатлари, болалар меҳнати, Орол денгизининг қуриши…

Булар – ўз халқининг  бетаъма хизматкорлари,  ўз касбининг фидойилари — газетамиз журналистларининг қатъият билан ёритган мавзулардан бир шингили, холос. Қўл учида яшаётганига қарамай,  уй бетини кўрмай ишлаган, кунларни тунларга, тунларни тонгларга улаб навбатчилик қилган, ўқишли материаллар тайёрлаган, ҳафталаб, ойлаб хизмат сафарларида юрган ҳамкасбларимиз.

Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин уларнинг кўплари Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Нуфузли давлат идораларида, номдор оммавий ахборот воситаларида ишлади ва ишлаётир. Таниқли сиёсат ва жамоат арбоби бўлиб етишганлари, йирик нашрларга раҳбарлик қилаётганлари қанча.

“Ёш ленинчи”нинг тахламларини варақлар эканман, 80-йилларнинг иккинчи ярмида уни ўткир сўзи билан безаган зиёлиларнинг номларини алоҳида қайд этгим келди. Ёзавердим, ёзавердим, ёзавердим… Охирига етолмадим!..

Қай бирини ёзай? Қариб-қартайиб қолган, ўтюрак тарихчи Бўривой Аҳмедовними ё архивларни титкилаб, жувонмарг кетган жадидларнинг жамолини халқимизга қайта кўрсатган заҳматкаш инсон Наим Каримовними? Дунё кезган донишманд Эркин Воҳидовнинг пайдар-пай эълон қилинган суҳбатлариними ё ҳар сатридан эл-юрт дарди силқиб турган оташин шоир Мирза Кенжабекнинг публицистикасиними? Чуқур ўйланмай қабул қилинган қарорлардан, раҳбарларнинг тутумидан мантиқ излаган атоқли олим Озод Шарафиддиновними ё  қўшни юртда ҳалок бўлган йигитларимизни “Афғон қирларида сўлган лолалар” дея фиғон чеккан забардаст адиб Хайриддин Султоновними?  Иқтисодий муаммоларнинг асл сабаблари таҳлили билан тилга тушган олим Нурислом Тўхлиевними ёхуд эътиқоду тасаввуф йўлини қидирган файласуф Иброҳим Ҳаққулними?..

Улар ўз мақола ва суҳбатларида дадил кўтарган муаммолар, илгари сурган ғоялар ва фикрлар миллатимиз тафаккурининг юксалишига,  газетамиз ададининг миллион билан бўйлашишига хизмат қилди.

 

Куёв тилдан қолди

Бирга иш бошлаган кезларимиз Жаббор ака билан аҳдлашган эдик: “жанжалли  материаллар” унинг йўғида — бирор жойга хизмат сафарига ёки таътилга кетганида босилади. Бош муҳаррир кўп юришли одам. Нима бўлганда ҳам, газетада чоп этилган ҳар қандай материал учун алал-оқибат у жавоб беради. “Жанжал чиқса” Жаббор ака мени ҳимоя қилиши осон: “Муовинимиз ҳали ёш. Тажрибаси камроқ. Майли, ҳаммамиз ҳам қачонлардир ёш бўлганмиз. Ғўр бўлганмиз. Саркашроқ бўлганмиз. Бу ёғини энди менга қўйиб беринглар. Ўзим қулоғидан тортиб қўяман!..”

Газетамизда 1988 йил 10 декабрь куни Спорт ва ҳарбий ватанпарварлик бўлими мудири, ўзбекнинг тоштешар журналисти Сафар Остоновнинг “Топталган тақдирлар” деган суд очерки эълон қилинди. Сарлавҳасидан сезилиб турганидек, очерк ноҳақ қамоққа олиниб, чексиз азоб-уқубатларга гирифтор қилинган жабрдийда ҳамюртларимизнинг аччиқ қисмати ҳақида эди.

Кутганимиздек, муаллиф иккаламиз комсомол марказқўмига зудлик билан чақирилдик. Бордик. Биринчи котибнинг хонасида республика прокурорининг ўринбосари Олег Гайданов ранги-қути учиб ўтирарди. У бошимиздан-оёғимизгача таҳқирли ва қаҳрли назар ташлади. Қўлига университет дипломи берилаётганида мияси олиб қолинганлардан экан, чамаси. Йўқса, на юксак лавозимига, на элликни қоралаб қолган ёшига тўғри келадиган қилиқ қилармиди. Бақира кетди:  “Я вас, всех уничтожу!”

“Санинг ҳаммангни қуритаман!” дер экан, фақат биз, журналистларни назарда тутмаётганини яхши англаб турардик. Ҳар қандай одамни йўқ қилиб юборишга ҳадди сиғарди ҳам. Одам бўлса, айбини гарданига босиш қийин иш бўптими! Марказдан юборилган ва юртимизда шафқатсизларча давом эттирилаётган навбатдаги қатағоннинг бошида турган одамлардан бири бўлса. Нафақат Ўзбекистонда, ҳатто Москвада ҳам йўлини биров кесиб ўтолмайди. КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси аъзоси, Ленинград область партия комитетининг биринчи секретари Григорий Романовнинг куёви. Кўзига тик қарашга кимнинг ҳадди сиғарди.

Бошимизга итнинг кунини солишни ваъда қилиб турган шу кас жазавага тушиб бақирар экан, бизни миллатчиликда, экстремизмда, Ўзбекистонни тозалаш учун юборилган адолат посбонларининг, жумладан, ўзининг пок номини булғашда айбларди. Тишимизни тишимизга қўйиб эшитиш ва  гўнгқарғага ўхшаб жим ўтиришдан бошқа йўриғимиз йўқ эди. Бироқ бир ҳайқирсам, ҳаммаси ин-инига кириб кетади, деб калта ўйлаган прокурорнинг пўписаларидан на Сафар ака, на мен таҳликага тушганимиз йўқ. “Бемаҳал қичқирган хўроз”нинг қилиғидан дилимиз нохуш тортганди, холос. Анчагача жағи тинмади. Нимагадир алаҳсидими ё танглайи қуридими, бехосдан тўхтади. Шунда хаёлимга ғалати фикр келди:

– Бир савол берсам, майлими, Олег Иванович?

У ҳайрон бўлиб, биринчи котибга, саркотиб эса ерга қаради: “Бу боланинг калласи жойидами, ўзи? Боядан бери қулоғига танбур чертяпманми?..”

Аммо йўқ дея олмади.

Прокурор талвасага тушиб, қанчалик қаттиқ бақирган бўлса, мен шунчалик осойишта, хотиржам ва аниқ-тиниқ қилиб сўрадим:

– Ҳурматли Олег Иванович! Марҳамат қилиб айтинг-чи, газетамизда эълон қилинган ўша “Топталган тақдирлар” суд очеркини сиз, ўзингиз, шахсан ўқидингизми?

Ўзини йўқотиб қўйди. Қизарди. Бўзарди:

– Нет! – деди зарда билан. – Мне рассказали!

– Олег Иванович! – дедим янада вазминлик билан. – Марҳамат қилиб, ўша материални аввал шахсан ўзингиз ўқиб чиқинг! Мабодо ундан тариқдай хато топсангиз, айтинг. – Мен ўнг кафтимнинг қиррасини бўйнимга қўйдим. – Бошим  билан жавоб бераман. Бошим билан!..

Прокурор буткул тилдан қолди.

Кейин бутун республика прокуратурасини оёққа турғазиб, ярим йил ишимизни элакдан ўтказди ва 1989 йилнинг майида газетамизга очиқ хат юборди. Аммо мақоласининг ҳар бир сатрини, ҳар бир сўзини доим михлаб ёзадиган Сафар Остоновнинг суд очеркидан зиғирча ҳам хато тополмади. Ўзидан кетиб қолган минглаб сафдошлари — десантчилар билан бирга аввал лавозимини, кейин юртимизни тарк этди. Дасти дарроз  куёв Россия Федерациясига бориб, Бош прокурорнинг креслосини эгаллади. “Кремлда ўтган кунларим” қабилида хотиралар ёзиб, Ўзбекистонда унга “кун бермаган” журналистлардан зорланиб юрди. Айб — оёққа кирган тиконда эмас, оёқда эканини англаб етмаган, чоғи.

 

Махфий қарор

Булар – журналист аҳлининг беҳаловат ҳаётидан айрим лавҳалар, холос. Алғов-далғов замонда бундай дадил чиқишларнинг бошида газетамизнинг фидойи раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, саккиз нафар солиҳ фарзанднинг отаси Жаббор Раззоқов турган. Унинг танбеҳ эшитмаган, тушунтириш хати ёзмаган кунлари кам бўлган. Атоқли адиблардан бири таъкидлаганидек, “Ишдан бўшатишларини сўраб ёзган аризаси Жаббор аканинг доим ёнида, папкасида юрган…”

Шундай қилиб, беш йил ўтди-кетди. Бу орада мени “Правда Востока” газетасида икки марта боплаб “уришди”. Биттасининг сарлавҳаси (“Кто вы, Аввалбек Соттиев?”) аниқ эсимда.

Газетамиз СССР Министрлар Советининг махфий қарорига биноан баҳаво Бўстонлиқ туманида ҳарбий-кимё заводи қурилишига қарши жамоатчилик эътиборини тортгани роса шов-шув бўлган. Бу ташаббусимиз на Марказий, на маҳаллий ҳукуматга ёққан. Ёқмаганнинг танобини тортишда шўронинг олдига тушадиган борми! Шундай қилиб, ЎзТАГ (ҳозирги ЎзА) Саноат-иқтисодиёт бўлимининг мудири Юрий Кружилиннинг қўли билан “Правда Востока” газетхонларининг “назарига тушдим”. Сўнг   Бўстонликда қурилиши тўхтатилган ўша завод… Чироқчига кўчирилди. Нега десангиз, ерости чўчук суви мўл эмиш.

Россиянинг Белгород шаҳрига бориб, туманимиздаги Еттитом қишлоғига кўчирилиши мўлжалланган ўша “витамин заводи”нинг бош директорини топдим. Хабари бор, ҳатто Чироқчига келиб-кетган  экан. Гурунгдан олди. Улфатлашиш асносида газниқоб кийиб ўтирмаган бўлсам-да, кўзкуйги завод Белгород аҳлининг бошига солган ва солаётган кўргуликларни билиб олдим. “Ничуво, – дедим улфатимга, – биз чўлда яшаймиз, чидаймиз!”  Тошкентга қайтиб, завод қурилишини кўр-кўрона қўллаб-қуватлаётганларга энди “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” орқали “инсоф тиладим”. Бироқ энг қизиғи, заҳри қотил ишлаб чиқарадиган ўша корхона лойҳасининг бутунлай йўқ бўлганида эмас. Мустақиллигимиз шарафоти билан ЎзАда ва “Правда Востока”да ҳам ишлаганимда…

Кейинчалик “Туркистон”, ҳозир эса “Ёшлар овози” номи билан чиқиб турган газетамизни ҳамон ўқиб, кузатиб бораман. Ҳар гал қўлимга олганимда, бир гап хаёлимда айланаверади: асл газетчилик — шохи синса ҳам шашти сўнмайдиганларнинг иши.

“Hurriyat” газетаси, 2023 йил 18 январь.