Қулман Очилов. Ой ҳам ёлғиз эмас (ҳикоя)

Неча ҳафталардан буён майин ёмғиру енгил шабадалардан ўзга неъматини туҳфа этолмаган қиш ўша куни қишлигини қилди. Тунда бошланган бўрон кундузи ҳам кўз очирмади. Кўча-кўйни қалин, оғир нам қор қоплади – юриш қийинлашиб қолди. Улкан шаҳарга парокандалик оралагандай бўлди. Биз одатда кўйлакчан ўтирадиган хоналаримизда телпагу пальтода ҳам совуқота бошладик. Бармоқларимиз қалам ушлашга қовушмай қолди. Нима қилишимни билмай, чоп этишга тайёрланаётган мақолани синчиклаб ўқишга тушдим.
    
«Бу дунёда инсонни азоблаш усуллари кўп, – деб бошланарди мақола. – Аммо азоблар ичида бири борки, ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Бу – ёлғизлик. Қамоқхона қийноқларини кўравериб, дийдаси қотиб кетган ашаддий жиноятчилар ҳам дош беролмайди унга. Майли, ҳар қанча азоблашсин, майли қамоқ муддатини узайтиришсин, фақат тўрт девор ичида ёлғиз ўзи ўтирмаса бўлгани. “Ёлғизлик ойга ярашади”, – дейди шоир, аммо кўкдаги ҳилол ҳам ёлғиз эмас, минглаб сайёралар муҳитида сузади».

«Қандай гениал фикр!» – деб яна бир бор қувондим ва иштиёқ билан ўқишда давом этдим: “Ёлғизлик ҳеч қачон, ҳеч кимга ярашмаган. Шу боис бўлса керак, Муқаддас китобимизда, биз ҳамма нарсани жуфти билан яратдик, дейилади. Лекин жуфти билан яратилиш жуфти билан яшаш дегани эмаскан, афсуски…»

Эшик «ғийқ» этиб очилди. Бошимни кўтардим. Остонада эгнига юпқа камзул, бошига чуст дўппи кийган қария мўлтирабгина қараб турарди. Ҳаммамиз ўрнимиздан туриб кетдик. «Шундай бўронли кунда-я?» – деган савол барчамизнинг хаёлимиздан кечди, чамаси. Бунинг устига, чолнинг қўлида асоси ҳам бор эди. Кўришдик. Сўрашдик. Иликлари тарашадек қотиб, терилари ёрилиб кетганини кўриб, ачиндик. Шоша-пиша сув қайнатиб, иссиқ чой билан меҳмон қилган бўлдик. У кишининг кўксида ялтираб турган орден-медаллари ҳам диққатимизни тортди. Айни пайтда узоқлардан келаётган бу меҳмоннинг ҳаворанг кўйлаги ёқалари кир, тугмалари оқ, қизил, қора амал-тақал тикилганлиги, соч-соқолига тиғ тегмаганига анча бўлганини кўриб, ажабландик.

– Кеча поездга билет олгунча чарчаган эканман, – деб гап бошладилар отахон, – вагонда қотиб ухлаб қолибман. Пальтом билан янгигина сувсар телпагимни ўғири уриб кетибди.

– Об-бо! – ташқарида увиллаётган бўронга ишора қилдим мен. – Совуқ еб қопсиз-да?
– Йўқ, унчаликмас, – кулдилар меҳмон. – Фронтда бундай совуқларнинг кўпини кўрганмиз.
    
Отахоннинг бардамлигига ҳавасим келди. Шунча нарсасини йўқотибди-ю, кўнглига ҳазил сиққанига қойил бўлинг-да.

Меҳмон чўнтагидан муштугини олиб, шошилмасдан унга тамаки жойлади. Икки-уч босиб-босиб тортгач, ерга тикилганча, пастгина овозда гап бошлади.

– Анаву «Оила» бўлимингиз бор-ку? Шунга келувдим…

Очиғи, бу гапни кутмаган эдим.

– Нима, ўзингиз уйланмоқчимисиз? – деб юборганимни сезмай қолдим.

У нигоҳини яна олиб қочди:

– Ҳа. Дурустроқ аёл чиқса. Бола-чақасиниям боқаман. Уй-жойимни, нафақамни хатлаб бераман.

– Ёлғизмисиз?

– Уч йил бўлди кампирим қазо қилганига. Буёғини сўрасангиз, ўғлим, уч йилдан бери тонгда тураману бозорчадан бир пиёла қаймоқ билан битта иссиқ нон олиб, чойхонага чопаман. Ўша ерда чойхоначи билан бирга нонушта қиламан. Бирпасдан кейин яна бозорга тушиб, ошга масаллиқ олиб келаман. Пешинда, палов пишай деганда, маҳалладан чоллар чиқишади. Ош ейилгач, ҳамма уйига тарқалади. Мен эса чойхонада ўтиравераман. Хуфтон тушганида ҳам уйга кетгим келмайди. Ҳовлимга яқинлашаверсам, юрагим сиқилади. Ваҳима босади. Ишонсангиз, ўғлим, ўз уйим гўрга ўхшаб кўринади кўзимга. Ҳувиллаб ётган хоналар (уйим олти хонали, ҳовлим олти сотих, иссиқ-совуқ сув, табиий газ – хуллас, ҳамма шароитим бор) ютиб юборай дейди. Кечалари ёлғиз ўзим баъзан мижжа қоқмай, баъзан йиғлаб чиқаман. Мабодо ўлиб-нетиб қолсам, ўлганимни бир ҳафтагача биров билмаса керак. Ўтган ойда касал бўлиб, ўрнимдан туролмай ётдим. Бир пиёла иссиқ сувга зор бўлдим. Барака топсин, чойхоначи хабар олиб турди…

Отахон титраган қўллари билан муштугига яна тамаки жойлади. Тутатди.

– Ёлғизлик суяк-суягимдан ўтиб кетди. Уйланай десам, биз томонларда беваларнинг бозори чаққон, ёшроқлари менга ўхшаган чолларга қарагиси йўқ, кексароқлари, одам бўлиб қолган бола-чақасидан уяладими, унамайди. Ёрдам беринг, ўғлим, балки бирор инсофли аёл топилиб қолар…

Мен нима дейишимни билолмай, ўйланиб қолдим. Тўғриси, фарзандингиз-чи, деб сўрагим келди, лекин юрагим дов бермади. Шусиз ҳам ўксик, синиқ кўнглига яна озор бериб қўйишдан чўчидим. Тирноққа зор одамга бундай савол беришдан оғири борми, лекин эълонлар бўлимининг мудири сифатида сўрашим керак эди.

– Бир ўғил, бир қизим бор, – деб гапида давом этди чол. – Мендан икки кўча нарида яшайди. Иккаласи ҳам уй-жойли бўлиб кетган. Кўча-кўйда етти ёт бегоналар ҳурматимни жойига қўйиб, салом беради. Ўзимнинг пушти камаримдан бўлган болаларим эса ёнимдан тескари ўгирилиб ўтади.

«Нега?» – деб хаёлан сўрайман чолдан.

У нигоҳимдан шу саволни ўқийди, чамаси:

– Негалигини сўрасангиз, – дейди яна кўзини ерга тикиб, – уларнинг онаси билан эллик еттинчи йили ажралишиб кетганмиз. Очиғи, биздан ҳам озми-кўпми айб ўтган. Вақтида ҳолидан хабар олмаганмиз. Кичкина хотинимизнинг гапига кириб юраверганмиз. Раҳматлининг ўзи эса бепушт чиқди.
    
– Биринчи аёлингиз сиздан ажралгандан кейин турмушга чиқмаганмиди?

– Ҳамма гап шунда-да. Чиқмаган. Раҳматли у ҳам бултур ўлди. Болаларни ёлғиз ўзи катта қилди. Шундан алам ўтганми, болаларимнинг менга кўнгли йўқ. Иккк-уч марта уларнинг олдига бош эгиб бордим. Кечирим сўрадим. Ўтган ишга саловат, ярашайлик, дедим. Уй-жойимга бориб эгалик қилинглар, менга ҳеч нарсаларинг керак эмас, невараларимни ўйнатиб юрсам, уйимдан инсон овози эшитилиб турса, бас, дедим. Қайда, кўнишмади. Бизга ҳовли-жойингиз ҳам, мол-дунёингиз ҳам керак эмас, тинч қўйинг, дейишди. Маҳалла-кўй аралашиб ҳам ҳеч иш чиқаролмади…

Орага ноқулай сукут чўкди.

– Биз сизга қандай ёрдам беришимиз мумкин? – деб сўрадим.

– Газетангизга мен ҳақимда эълон берсангиз, битта-яримта кампир чиқиб қолса…

Чол увиллаб турган бўронга қарамай, таҳририятимизга қандай келган бўлса, шундай чиқиб кетди. Эълонни чоп этдик:

– «67 ёшли, иккинчи гуруҳ уруш ногирони (лекин ҳали анча бақувват) ўзига умр йўлдоши ахтармоқда. Ўзи билан умргузаронлик қилмоқчи бўлган аёлга 6 хонали уй-жой, 6 сотихли ҳовли, бир ярим минг сўмлик нафақа хатлаб берилади. Талабгорлар «Оила–13»га деб хат ёзсин…»

Орадан уч ой ўтди. Бир куни хонада иссиқдан лоҳасланиб ўтирсам, яна ўша чол кириб келди. Тавба, тағин ўша ҳолатида: бошида гардишини ёғ босган дўппи, кир ёқали ҳаворанг кўйлак, оёғида чангга ботган эски ботинка… Кўзларидан нур қочган, беҳад ҳориган. Автобус бекатидан идорамизга келгунча ҳарсиллаб қолибди.

– Бу учинчи келишим, – деди у пешонасининг терини артар экан. – Биринчи гал шанба куни келибман, идораларинг ишламас экан. Иккинчи марта наврўз байрамига тўғри келди, яна сарсон бўлиб, қайтиб кетдим. Бунисида ҳар қалай, топдим. Қани, ўғлим, бобонгизга келган хатларни би-ир ўқиб беринг-чи.

Жавондан юзига “Оила -13” деб ёзилган жилдни олиб, чолнинг олдига қўйдим. Очдим: жилд бўм-бўш эди…

1991 йил.