Қулман Очилов. Лочин (ҳикоя)

— Мен лочинман! — деди қаршимдаги столда ўтирган эллик ёшлардаги оқ сариқдан келган бақалоқ одам. Кимга гапираяпти экан, деган хаёл билан ён-веримга қарадим. Ҳали жуда эрта, девордаги соат миллари энди ўндан ошгани учунми бежиримгина қаҳвахонада иккаламиздан бошқа ҳеч зоғ йўқ. Демак, бу муҳим янгилик, мурожаат менга қаратилган. Кимдир не бир умид билан ўзини таништирса-ю, сен лўнжингни шишириб гўшт чайнашдан тўхтамасанг, одобсизлик эмасми. Айнан ўзгинаси. Буюк адиб Мурод Муҳаммад Дўст мени шу алфозда кўрса, балки қуйидагича таърифлаган бўлар эди: у юзига андак хуррамлик суртиб, мужмалроқ йўсинда бош ирғади: “Ҳа, албатта!”
 Лекин, каттакон столга хирмондек уйиб олган турли хил овқату ичимликни пишиллаганча ичига пайдар-пай тиқаётган бу дарди кўндаланг бирдан тилга кирганидан кўнглимда ҳадик пайдо бўлди. Тумшуғи найзадан ўткир, чангали пўлатдан бақувват, шиддати ўқдан тез лочиндан ҳам кўра айиққа, бунинг устига шимолий қутиб хўжайини — оқ айиққа ўхшаб кетадиган суҳбатдошимнинг ҳоли аллақачон “сархушлик” деб аталмиш ҳаду ҳудуддан ўтиб бўлган, товоқдек юзлари қизариб, катта-катта кўзлари сузилиб, ҳатто чақчайиб қолган эди.
 — Мен лочинман! – деб такрорлади у яна. Бу гал овози анча зардали, назаримда, “ғалчамисан, сенга айтаяпман!” деган оҳангда чиқди. «Менга деса Сулаймоннинг деви бўлмайсанми?”- дегим келди. Лекин унинг сузишга шайланган буқадек бошини эгиб, кўзининг усти билан уқрайиб турганини кўргач, фикримдан қайтдим. Қоронғу кўчада безорилар қуршовида қолган нотавондек яна беихтиёр атрофимга жовдирадим. Нажот кутадиган ҳеч ким йўқ. Жанжал чиқса, қочиб қутулмасам, уриб қутулишим гумон. Қўллари чўқмордай келадиган бу “қуш” бир уришда отнинг белини синдириши мумкин. Эрталабдан кайфи тароқ одам билан ғиди-биди қилиб ўтиришга кимнинг тоби тоқати бор.
 Дилимга парокандалик оралади.
 — Жуда ноёб исм, — дедим ва қуруқшаган томоғимни намлаш учун кўк чойдан хўпладим.
 — Лочин исм эмас, — деди бақалоқ. – Фазилат! Биласанми, қушларнинг энг ақллиси лочин бўлади!
 — Ҳа, албатта.
 Бу ёғига гапни илиб кетдим. Қадимда киборлар овга чиққанида надимлари, яъни мулозимлари хўжасининг ёнида бежиз лочин олиб юрмаган. Чунки дунёда бирор қуш лочиндек овда яхши асқотмайди. Эпчил, садоқатли, кўзлари ўткир… Билишимча, икки чақирим наридаги сичқонни ҳам кўради…
 Савилгина қолгур лочиннинг сифату фазилатларига оид бисотимдаги бор маълумот шуни билан тугади.
 — Ўзинг сичқонсан! – деди лочинликка даъвогар. – Бу ноёб қушнинг энг ноёб фазилати биласанми нимада?
 На лочини, на надимларию итлари билан овларга чиқадиган киборлик насиб этмаган ожиз банда бўлсам, қаердан билай.
 — Ақлида! – деди суҳбатдошим.- Буни ўз боласини қандай тарбиялашидан ҳам билиш мумкин. Ўрган!..
 Во ҳасрато, бола тарбиясини энди тоғу тошда майда даррандаю паррандаларни қийратиб кун кўрадиган йиртқич ҳайвондан ўрганишим қолган экан.
 — Билмас эканман! – дедим суҳбатдошимнинг лутфидан боумид. – Век живи, век учесь!
— Ўзбекча гапир. Ўзбекчаси нима бўлади век-пекингнинг?
— Бешикдан қабргача илм ўрган.
— Молодец!
— Балли!.. Яш-шаворинг!
Кулишдик. Иккаламизнинг ҳам чиройимиз очилди. Субатдошим кўзимга энди анчайин дилкаш, кўнгли очиқ, чапани кўрина бошлади. Унчалик мастга ҳам ўхшамасди.
Ўртадаги ҳадигу тортиниш кўтарилгандай бўлди.
— Сенсираганим ёқмаган бўлса, узр! Бугун менинг байрамим!
— Табриклайман, ака!
— Фарзандлар нечта?
— Учтагина.
— Учтагина? – Унинг ажин туша бошлаган юзида “бунча кўп?” деган истеъҳзога ўхшаш бир маъно пайдо бўлди. – Меники биттагина. Ўғил. Бугун учирма қилдим!
 Суҳбатдошим пиликдек текис қора қошларини мағрур ва маъноли учириб, бошини ирғаб қўйди. Назаримда, жаҳон чемпиони ёки фан доктори унвонини қўлга киритган йигитларнинг оталари бошини ана шундай фахр-ифтиҳор билан сарак-сарак қилсалар керак.
— Лочин ўз палопонини уясида меҳр билан тарбиялайди, — деди у. – Овқат беради, учишга ўргатади. Вояга етганидан кейин баланд чўққига олиб чиқади-да, ташлаб юборади. – У қўлининг учини қия қилиб ерга сермади. — Бола учишга, яшашга қодир бўлса, қанот қоқиб учиб кетади.- Энди қўлининг учини кўкка ўрлаётган самолёт мисол осмонга кўтарди. — Ландовуру дангаса, нимжон бўлса, тоғу тошга урилиб, абжағи чиқади. Ота-онаси уни қутқармайди! Билдингизми? Қутқармайди-и!
Мен ўйланиб қолдим.
— Аслида деярли барча мавжудод, жумладан, инсон ҳам шундай қилади, — дедим расмийроқ оҳангда. – Боласини меҳр билан тарбиялайди. Фарзанд эса вояга етгач ҳаётдан, жамиятдан ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади…
— Ҳамма қилиб бўпти! – гапимни кескин бўлди лочинпарвар. – Ҳаммаям шундай қилмайди-да! Боласи уйли-жойли, фарзандли бўлганида ҳам курк товуқдай қанотининг остига боси-иб ўтирадиган одамлар камми?
 Мен ўзимни беихтиёр деразаларидан кўклам қуёшининг шуъласи ғира-шира тушиб турган ним қоронғу қаҳвахонада эмас, фарзанд тарбиясига бағишланган қизғин баҳс-мунозара ёзиб олинаётган телестудияда ўтиргандек ҳис қилдим.
— Бундай омий ота-оналар фарзанди туғилиши билан “ўқитишим керак, уйли-жойли қилишим керак, дурустроқ ишга жойлашим керак” деб бир умр жони ҳалак бўлади… Вей, ўзи кун кўрмай, боласини пўпилаб ўтиб кетади-я!..
 Суҳбатдошимнинг илҳоми кела бошлаган аниқ эди.
— Бундай “курк товуқ”нинг боласи бир ишга ярайдими? Йўқ! Чунки биладики, ота-онаси ҳамма нарсани тайёрлаб беради. Ўқишга ҳам киритади, уйлантириб ҳам қўяди, уй-жойини ҳам мебелидан то идиш-товоғигача тайёрлаб беради, ишга ҳам жойлайди. Шундай экан, боласи бошини оғритиб нима қилади. Ғирт худбин бўлиб ўсади. “Қирққа киргунча отам боқади, қирқдан кейин – болам” деган гапни мен тўқимаганман, окаси! Ана шундай безбетларнинг ота-онаси кўзи тўла ёш билан айтган!..
 Хаёлимда бир савол тўғилиб келмоқда эдики, ўзимни тийиб тура олмадим:
— Сиз ўз шўнқорингизни қандай тарбиялаягансиз? Энди шундан олинг?
 Шўнқорнинг отаси шу саволни кутгандек намойишкорона бир қимтиниб олди ва узун қадаҳни яримлатиб турган пивони мириқиб сипқоргач, овозини бир пайса кўтарганча жавоб қилди:
— Бу жуда одми гап, жаноб Ватсон!..
— Буни қаранг! Адабиётни ҳам сув қилиб ичиб юборганга ўхшайсиз-ку! Олиммисиз дейман?
— Артур Канон Дойилнинг китобларини ўқиш учун олим бўлиш шартми?.. Оддий қурувчи-муҳандиснинг тиши ўтмайдими?..
— Қойил!
— Бир гапни айтсам, мақтанаяпти, демайсизми?
 Мен ризолик аломати билан бош ирғашга улгурмадим. У қўлини силтади: десанг, дейвер!
— Ука, мен уйланмасимдан анча олдин болаларимга атаб китоб йиға бошлаганман. Анча олдин! Ўғлимдан эса гўдаклигидан сўраб турардим. “Хўш, болам, инсоннинг энг катта душмани нима?” “Телевизил”. “Балли! Вақтингни ўғрилайди!.. Инсоннинг энг яқин дўсти нима?” “Китоп!..”
— Қизиқ!
— Лочин фалсафасини қулоғига қуйиб бордим: “Бировга суянишга ўрганма.” Мен унга атаб уй-жой ҳам қилганим йўқ, пул ҳам йиққаним йўқ. Мана бугун чет элга учиб кетди. Ёлғиз ўзи. Тест деганларини пистадай чақиб ташлади. Лондон сити университетида ўқийди энди.
— Табриклайман! Чин дилдан табриклайман, ака!..
 У бошини билинар-билинмас ирғади ва бирдан ҳомуш тортиб қолди.
 — Хайрлашаётиб айтдим: болам, ўзбекнинг Ўзбекистондан бошқа Ватани йўқ. Биласан-а? “Биламан! – деди ўғлим. – Лочиннинг боласи ҳеч қачон ўз уйини, уясию қоясини ташлаб кетмайди, дада!”
— Қойил! Отасининг ўғли экан!
— Кўз тегмасин! — деди ота бежирим қадаҳчаларга оқидан қуяр экан. — Келинг, энди биттадан олайлик.
 Менинг эрталаб, сўпи тирсагини ювмасидан ичиш одатим йўқ. Бунинг устига поликлиникада бармоғимдан қон топшириб, бу ерга ҳам оч ичакда келган, ҳам рўлда эдим. Кўзимни чирт юмдим. Кўзининг оқу қорасини бегона юртга жўнатиб, энди хавотирга тушиб ўтирган ота бечоранинг раъйини қайтаргим келмади. Инсон қуш эмас-да!

«Китоб дунёси» газетаси, 2015 йил 12 август сонида чоп этилган.