Қулман Очилов. Китоб бор уйда покиза руҳ ва файзу барака бўлади

http://n.ziyouz.com/images/book.jpg

Бу дунёда азиз неъматлар кўп, лекин уларнинг орасида энг азизларидан бири китобдир. Шу неъматдан баҳрамандлигимиз, нашриётларимиздаги нашр, босмахоналаримиздаги чоп этиш, китоб дўконларимиздаги савдо ишлари қай аҳволда? Баъзи давраларда қулоққа чалинадиган “одамлар, айниқса, ёшлар китоб ўқимай қўйди” деган ёзғиришларда қанчалик асос бор? Ушбу саволларга жавоб излаб, турли ташкилот, нашриёт, босмахона ва китоб дўконларида бўлдим, мутахассису китобхонлар билан суҳбатлашдим.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, мустабид тузумдан мерос – тоғдек уйилиб қолган иқтисодий муаммолар гирдобида овора бўлиб, рўзғору қорин ташвишидан ортмай қол­ган одамларнинг муайян муддат китобга, кино, театру газета-журналга “қиё боқиш”га ҳафсала қилиши қийин бўлгани ҳам рост.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган буюк ислоҳотлар, эришилаётган улкан ютуқлар жараёнида бу борадаги вазият ҳам тез орада бутунлай ўнгланди: театрларимиз ва кинотеатрларимиз – санъатсевар томошабинларга, китоб дўконларимизу кутубхоналаримиз – китобсевар китобхонларга тобора тўлиб бораётир. Кутубхоналар, китоб дўконлари, театрлар, кино-консерт, бадиий кўргазма залларига бориб, разм солинг: одамларимизда санъатга, маърифатга, илмга улкан бир ташналикни, иштиёқни кўрасиз. Янада қувонтирадигани: ана шу иштиёқмандлар, ташна кўнгилларнинг кўпчилиги ёшлар! Қайд этилганларга бу борада яратилган бошқа имкониятларни – интернет орқали ўқилаётган китоб­ларни, газета-журналларни, кўрилаётган филмлару театр-консерт томошаларини қўшинг… Улкан бир уммон пайдо бўлади!

Илму маърифатга интилиш бизга аждодларимиздан мерос. Айни пайтда, бугунги юксалиш, аввало, давлатимиз раҳбари томонидан истиқлолимизнинг илк йилларидан маданият, маърифат ва маънавиятни юксалтиришга қаратилаётган доимий эътибор самаралари эканини алоҳида таъкидлаш керак. Зеро, дарахт қуриб-қақшаган чўлда эмас, саховатли заминда барқ уриб ўсади, мева беради. Илму маърифат, маданият ривожи доимий эътиборда, маърифат аҳли ҳар томонлама қўллаб-қувватланган мамлакатда ана шундай улуғ юксалишлар бўлади. Маърифатли жамиятда меҳнатга рағбат, меҳнаткаш элда эса маърифатга интилиш, тинчлик, барқарорлик ва аҳиллик бўлади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аҳил, ўз йўлида собит халқ буюк ишларга қодир бўлади. Шукрки, биз ана шундай бахт насиб этган саодатли халқмиз.

Китоб дўконларидаги ишлар кўлами ва самарасини билмоқ учун нашриётлар, нашриётлардаги аҳволни англамоқ учун босмахоналар фаолияти билан танишмоқ керак. Чунки китоб – товар. Товарни тайёрлаш (нашриёт), ишлаб чиқариш (босмахона), сотиш (дўкон) жараёни ўзаро боғлиқ, яхлит тизимки, уларни бир-биридан айри ҳолда тасаввур этиш қийин.

Гапни китоб дўконларидан бошлайлик. Қайси дўконда қандай китоб­лар сотилаётгани билан қизиқиб, ўрганиб шундай хулосага келдимки, бугун китобхоннинг талаби ҳам, китоб дўконларию нашриётлар ва босмахоналар фаолияти ҳам бутунлай ўзгарган. Уларни мус­табид тузум давридаги фаолияти ҳар томонлама чекланган ва чегараланган, қашшоқ ва қолоқ техникага куни қолган нашриёту босмахоналарга, “қизил ғоя билан суғорилган” китоб­ларни мутолаа қилишга “маҳкум этилган” китобхонга асло муқояса қилиб бўлмайди.

Бу, аввало, китоб дўконларидаги беқиёс ўзгаришлар билан боғлиқ. Илгари қайси китоб дўконига кирсангиз, аввало, яхшилаб акса урар эдингиз: чунки торгина хонада бир-бирига қалашиб ётган китобларга ўрнашиб қолган “минг йиллик” чанг димоғингизни “қитиқлар” эди. Ўша замондаги барча савдо дўконларида бўлгани каби сизни иддао билан қарши оладиган “ўзи – хон, кўланкаси – майдон” сотувчи китобларни жўнгина тахлаб қўйиш нари турсин, ақалли, чангини артишни ҳам лозим топмасди: “олсанг – шу, олмасанг, ана, катта кўча, йўлингдан қолма…” Инсон шаънини шу тариқа ерга уриш, манфаатларини оёқ ости қилиш тақчиллик салтанатининг энг оғир хасталиги эди. Чунки меҳнат ва ташаббуснинг қадри, рағбати йўқ эди: сотувчи битта китоб сотса ҳам, мингта китоб сотса ҳам белгиланган маошни оларди.

Бугун катта-кичиклигидан, қиш­лоқ ёки шаҳардалигидан қатъи назар, барча китоб дўконларида кўзни ва дилни қувонтирадиган бир ҳолат эътиборингизни тортади. Бу – батартиблик, ёруғлик, озодалик ва сотувчиларнинг хушмуомалалиги. Китоблар жавонларга мавзуларига қараб тартиб билан териб қўйилган: бадиий, илмий, техник адабиётлар, болалар китоблари, хорижий тиллардаги нашрлар… Дўконга кирган ҳар бир мижозни сотувчи тавозе билан қарши олади. Харидор излаган нашр­ни топишда астойдил ёрдам ва маслаҳат беради. Мабодо, ўша китоб сотувда йўқ бўлса, буюртма орқали топишда кўмаклашади. Илгаригидек сотувчининг қовоқ-тумшуғига қарамайсиз, таҳқирланмайсиз, эзилмайсиз, энг муҳими, унга ялинмайсиз! Негаки, сотувчи сизнинг харидингиздан, кўпроқ китоб ўқишингиздан, дўконига тез-тез кириб туришингиздан, бошқача айт­ганда, маърифатга интилишингиздан манфаатдор. Китоб дўконларимиз ҳақиқий маърифат масканларига айланиб бораётгани гўзал!

Пойтахтимиздаги китоб дўконларида кўрганларим, кузатганларим асосида ёзаяпман бу хулосаларимни.

«Шарқ зиёкори» китоб дўконлари тизимини бугун бутун Ўзбекистон аҳли билади. Барча вилоятлар, ҳатто туманлар марказларида ҳам филиаллари – дўконлари бор. Бу дўконлар орқали ҳар йили минглаб номдаги миллиардлаб сўмлик китоб сотилади. Мабодо, сиз истаган китоб дўкон жавонида бўлмаса, куюнманг, буюртма берсангиз, топиб беришади. Китоб савдосининг замон талаблари асосида ташкил этилиши самарасида ушбу тизим дўконларида 2008-2012 йиллар мобайнида китоб савдоси ҳажми қарийб икки баравар ошган.

«Шарқ зиёкори»нинг Тошкентдаги дўконига кириб, кузатиб турдим. Эрталаб соат ўнлар эди. Бадиий адабиётлар бўлимига ярим соат ичида 17 харидор кирди ва кўпчилиги китоб харид қилди. Сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Мен «Давр» нашриёти томонидан «Eнг гўзал эртаклар» туркумида ғоят сифатли қоғозга чоп этилган ва чиройли расмлар билан безатилган бешта китобни сотиб олдим. Нархини айтсам, бунча арзон, деб ажабланасиз: бир минг етти юз сўмдан.

Бу арзонликнинг замирида мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилаётган улкан эътибор мужассамдир. Бунда Президентимизнинг 2011 йил 30 декабр куни қабул қилинган «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги қарори муҳим омил бўлмоқда. Ушбу қарорга биноан 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётларга кўплаб солиқ имтиёзлари ва енгилликлари берилди. Жумладан, улар ижтимоий-сиёсий ҳамда болалар адабиётларини, имкониятлари чекланган шахсларга мўлжалланган адабиётларни сотишдан олинган фойдадан фойда солиғини ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан тўла озод этилди. Китоб маҳсулотларини сотишдан ва уларнинг нусхаларини кўпайтириш бўйича хизматлардан олинадиган даромадлар қисмида Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструксия қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан, хориждан олиб келинадиган қоғоз, полиграфия материаллари ва ахборот сақлаш мосламалари, ускуналар божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) беш йил муддатга озод этилди. Оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари қўшилган қиймат солиғига тортилмайдиган бўлди. Микрофирмалар ва кичик корхоналарга тегишли оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, полиграфия ташкилотлари, телерадиоешиттириш компаниялари учун ягона солиқ тўлови ставкалари 6 фоиздан 5 фоизга, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” жамғармасига наш­риёт ва матбаа ташкилотлари тўлайдиган мажбурий ажратмалар миқдори икки фоиздан бир фоизга, газета, журналлар ва китоб маҳсулотларини чакана сотишга ихтисослашган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрта ҳисобда 2 баробарга пасайтирилди.

– Президентимиз Ислом Каримов томонидан нашриётлар ва матбаа корхоналари соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган дои­мий эътибор, яратилаётган имтиёз ва афзалликлар самарасида улардаги ускуна ва жиҳозлар техник жиҳатдан янгиланиб, изчиллик билан модернизатсия қилинмоқда, – дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари Р.Сафоев. – Бу матбаа маҳсулотлари таннархини сезиларли тарзда камайтириш, сифатини ошириш, импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйининг босма сехига яқинда Германиянинг “CТП-Агфа Авалон 8-20Сc” ускунаси ўрнатилди. Ушбу замонавий технология офсет босма қолипларини қимматбаҳо кумуш моддасига асосланган фотоплёнкадан воз кечиб, компютер техникаси воситасида бевосита тайёрлаш имконини беради. Натижада ишлаб чиқариш жараёнига сарфланадиган вақт, катта маблағ, қимматли хом­ашё материаллари тежалиб, босма маҳсулотларнинг сифати янада ошади. Буюк Британиянинг “Перфект-115 ТС” янги компютерлаштирилган иккита қирқиш ускунаси ҳам ана шундай мақсадга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда бир ажиб ҳолат ёдга тушади: илгари биз оддий албом-китобни ҳам фалон минг валюта тўлаб, хориждаги босмахоналарда чоп эттирардик. Энди дунёнинг турли мамлакатларида ўтаётган нуфузли халқаро китоб ярмаркаларида матбаачиларимиз томонидан чоп этилган китобларимиз ўзининг юксак мазмуни ва юқори полиграфик сифати билан совринли ўринларни қўлга киритиши одатий ҳолга айланди. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи қайд этилган қарорига биноан берилган имтиёзлар натижасида бугун китобларнинг таннархи янада арзонлашиб, уларни чоп этиш миқдори ва сифати сезиларли даражада ошмоқда, китобхонларнинг сафи тобора кенгаймоқда. Бундан ўн-ўн беш йил бурун Тошкентда китоб дўконларини бармоқ билан санаш мумкин эди. Энди пойтахтимизнинг ўзида китоб сотишга ихтисослашган юзлаб дўконлар, интернет магазину ташкилотлар самарали фаолият юритмоқда. Йўқ, адашмадингиз, бу ўринда «самарали» сўзини беҳуда ишлатмадим. Зеро, китоб савдоси ҳозир бизнеснинг энг қулай, энг фойдали ва энг барқарор турига айланганини тадбиркорларнинг ўзлари мамнуният билан таъкидламоқда. Бу, аввало, давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан китоб савдоси билан шуғулланадиган ташкилотлар ва тадбиркорлик субъект­ларига берилган кўплаб имтиёз ва енгилликлар, китобхонлар сафининг изчил кенгайиб, одамларда китоб ўқишга қизиқиш ва интилиш тобора ошиб бораётгани билан боғлиқдир.

Китоб савдоси билан шуғулланадиган бир тадбиркор ўафур ўулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйига Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ Ёзувчиси Саид Аҳмаднинг «Уфқ» романини беш минг нусхада қўшимча чоп этиш тўғрисида буюртма бергани ва тайёр бўлгач, олиб кетгани бунга мисолдир. Бозор иқтисодиётининг ўзига хос томонларидан бири – талаб ва таклиф ўртасидаги мутаносибликдир. Одамларда талаб бордирки, ушбу нашриёт томонидан Алишер Навоийнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами, ўафур ўуломнинг “Танланган асарлари” бир йил ичида икки марта, Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» ҳикоялар тўплами лотин алифбосида уч марта қайта чоп этилган.

Фаолияти асосан бадиий адабиётлар тайёрлаш ва чоп этиш билан боғлиқ мазкур нашриёт-матбаа ижодий уйидан маълум қилишларича, 2012 йилда ушбу корхона томонидан 136 номдаги бадиий, ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп ва методик адабиётлар нашр этилган. Уларнинг умумий адади 2,4 миллион нусхадан ошиб кетган. Энг муҳими, бадиий адабиётлар сони ва адади – икки баравар, болалар адабиётлари уч баравар ошган.

Илгари нашриётлар фаолияти асосан китобни нашрга тайёрлаб, босмахонага топширишдан иборат бўлар, чоп этилган китоб сотиладими, омборхоналарда чанг босиб ётадими – ноширларнинг унчалик «бошини оғритмас» эди. Ҳозир маркетинг хизмати нашриётларнинг энг катта ва нуфузли бўлинмасига айланган. Энди сиз зарур китобни, нафақат дўконлардан, балки наш­риётнинг ўзидан ҳам бевосита, жумладан, интернет орқали харид қилишингиз мумкин. Буни ўзим синаб кўрдим: ўафур ўулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйининг интернетдаги сайти орқали Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» китобига буюртма бердим. Китобни ўша куннинг ўзида олиб келиб беришди.

Замон қўяётган талаблар, шаклланган ўзаро соғлом рақобат наш­риётларни нафақат ўқишли, бадиий ва илмий савияси баланд китобларни танлаш ва чоп этишга, балки ўзининг «тайёр маҳсулоти» – китобни сотиш ишига ҳам бош қўшишга ундамоқда. Бугун мамлакатимиздаги деярли барча йирик нашриётлар ўз савдо дўконлари ва диллерларига эга.

Айни пайтда, мамлакатимизда бу соҳада ҳали фойдаланилмаётган улкан имкониятлар мавжудлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бу китоблар тарғиботида яққолроқ намоён бўлади. Маҳсулот – товар – китоб бор, ишлаб чиқарувчи – наш­риёт, муаллиф, босмахона бор, лекин унинг тарғиботи ва рекламаси билан мунтазам ва тизимли шуғулланадиган ташкилот йўқ ҳисоби. Шу боис сотилмай ётган китоб ҳам, ўзи учун зарур китобни тополмаётган китобхон ҳам кам эмас.

Сир эмас, китобни сотиш билан айрим ҳолларда муаллифларнинг ўзи шуғулланади. Таълим даргоҳлари, турли ташкилот ва корхоналарда таниш-билишлари бор муаллифларга осонроқ – ўшаларни ишга солади. «Мана бу яхши китоб экан, ол», деб турган домласининг гапини қайси талаба ёки ўқувчи рад қила олади. Ёки бош шифокор «имо қилса», ҳамшира хўп дейиши аниқ: китобни айтилган нархда олади. Натижада ҳар қанча ўқишли, қизиқарли ва фойдали бўлмасин, бундай китобнинг қадри, бозори ўтган матоҳдек, китобхоннинг олдида кескин тушади: «Мажбуран сотишаяптими, демак, ўқишга арзимайди!..»

Автобусу таксиларнинг «биқинида», шоҳ кўчаю тор кўчаларда, бозору дўконларда, дорихонаю шифохоналарда, интернетда, оммавий ахборот воситаларида – хуллас ҳар қадамда минерал сувдан то кийим-кечаккача, озиқ-овқату дори-дармон, саёҳату дам олиш, консерту томошагача бўлган минглаб турдаги маҳсулотлар, товарлар, хизматлар рекламасига дуч келамиз.

Рекламанинг кўплиги, турфа хиллиги – халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги юксалиб бораётгани, иқтисодиётимиз муттасил ривожланаётгани, мамлакатимизда инсон қадрига, унинг манфаат ва эҳтиёжларини таъминлашга эътибор ошаётганининг амалдаги ифодасидир. Қани энди, тобора кенгайиб, ранг-баранглик касб этиб бораётган ана шундай таклифлар, чорловлар ва хитоблар – рекламалар орасида ноширларимиз, матбаачиларимиз, китоб савдоси билан шуғулланувчи тужжорларимизнинг ҳам овози бараллароқ жаранглаб, ўз маҳсулотларини кенг ва фаол тарғиб этаётгани кўзга яққолроқ ташланиб турса! Кийим-кечак, мебел, озиқ-овқат каби минглаб турдаги маҳсулотларни сотаётган интернет магазинларимизнинг қаторида пайдо бўлаётган китоб савдоси билан шуғулланадиган интернет дўконлар сони кўпайса. Мен ана шундай дўконлардан бири – «Боок­Сторе.Уз”га кирдим: сотувда тўрт юз мингга яқин китоб бор экан: Агата Кристи ва Рюноске Акутагаванинг китобларини буюрт­ма берган эдим, икки ҳафтага қолар-қолмас олиб келиб беришди. Бу дўконда китобларни нафақат сотиб олиш, балки сотиш ҳам мумкин. Афсусланарли жиҳати – Тошкентда фаолият юритаётган шундай йирик дўконда ўзбек тилида, Ўзбекистонда чоп этилган бирорта ҳам китоб йўқ экан.

Бу борада Американинг тармоқлари бутун дунё бўйлаб ёйилиб кетган амазон.cом интернет дўкони тажрибасини ўрганса арзийди. Қачонлардир оддий гаражда битта эски компютерда иш бошлаган ушбу дўконнинг 2008 йилдаги товар айланмаси 19,2 миллиард доллардан ошгани ўрганишга арзийдиган ишдир. Турли тил ва мавзулардаги миллионлаб нусха китоб сотувга қўйилган ушбу дўконда ўзбек тилида 307 номдаги минглаб нусхадаги китоблар бор экан.

Реклама ва тарғиботнинг кучини, самарасини қуйидаги мисолдан ҳам кўриш мумкин: ўафур ўулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи Алишер Навоийнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўпламини, Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» китобини қайт-қайта чоп этганининг боиси ўтган йили «Маърифат», «Китоб дунёси» газеталарида бу каби нашрлар ҳақида бот-бот реклама берилганида ҳамдир.

Айни пайтда, жойларда, айниқса, қишлоқларда китоб дўконларини кўпайтириш ҳам бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан. Бу – бугун мутахассисларни ҳам, китобхонларни ҳам, тужжорларни ҳам – ҳаммани ўйлантираётган масала.

Қуш уясида кўрганини қилади, дейди халқимиз. Бола китобни севиши учун ота-онасининг мутолаа­га меҳри баланд бўлиши лозим. Бунинг учун уйида китоб мўл бўлиши, уни харид қилиш учун эса жойларда китоб дўконлари янада кўпаймоғи керак. Оталардан фарзандларига фақат ҳашаматли уй-жой, машина, мол-дунё эмас, китоблар ҳам мерос қолса қани эди!

Бугун биз мақтансак арзигулик бир-биридан маҳобатли, замонавий ва қулай супермаркету гипермаркетларимиз кўп. Улардаги турфа товарлардан, тақдим этилаётган хизматлардан баҳраманд бўлаётган юртдошларимиз мамнун. Айни пайтда, азалдан илму маърифат марказларидан бири бўлиб келган мамлакатимизда, жумладан, пойтахтимизда китоб дўконларининг сафи муттасил кенгайиб бораётганига қарамай, ана шундай замонавий супермаркету гипермаркетлар билан бўйлашадиган ва исталган китобни харид ва мутолаа қилиш, дам олиш, шоир ва Ёзувчиларнинг китобхонлар билан учрашувлари, янги китобларнинг тақдимотлари, бошқа кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш мумкин бўлган йирик савдо марказига тобора катта эҳтиёж сезилмоқда. Пойтахтимиз зиёратига келган киши замонавий кутубхоналаримиз, музейларимиз, галереяларимиз, кўргазма залларимиз, истироҳат боғларимиз, қадимий обидаларимиз билан бирга, муҳташам китоб марказимизни ҳам бориб кўрса, турфа тилларда чоп этилган китобларимиз, ранг-баранг албомларимизни харид қилса, дам олса!..

Қадимда ўтган донишмандлардан бири китобсиз уйни руҳсиз танага ўхшатган экан. Китоб дўконларимиздаги бугунги гавжумлик, китобхонлар сафининг тобора кенгайиб, китобдорлик ишларининг муттасил ривож топиб бораётгани хонадонларимизда покиза руҳ, файзу барака юксалаётганидан далолатдир.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2013).