Автобусда юрган киши ҳар хил одамни кўради, тешик қулоқ – ҳар хил гапларни эшитади. Менинг оқ “ГАЗел”да ўз жойим бор: энг охирги қатордаги, энг чекка дераза олдидаги, қора чийбахмал сирилган ўриндиқ. Йўлнинг бошида ўтираману охиридан икки бекат берида тушаман. Маза. Бировга жой бўшатаман деб овора бўлмайсан, оёқ остида туртиниб-суртинмайсан. Ўй-хаёлингга эрк бериб, кўчани текин томоша қили-иб кетаверасан. Автобусга тушиб-чиқиб турган йўловчиларни кузатишни яхши кўраман. Қиёфасига қараб кимлигини, касб-кори, ёши, нима ташвиш етаклаб юрганию феъли атворигача тахмин қилишга уринаман.
Қизиқ-да. Бу синчковлигимни журналистнинг касб касаллигига йўйишингиз мумкин. Тўғри қиласиз.
Кеча ишга кечроқ, пешиндан сўнг келдим. Навбатчиликдан ярим тунда қайтган эдим-да. Тушлик маҳали автобуслар қатнови сийраклашгани учунми автобус жонивор йўловчилар билан бош бекатдаёқ деярли тўлди. Мен “хос” жойимни эгаллагач, ён-веримга кўз югиртирдим. Қарасам, шундоққина рўпарамда бир жувон ўтирибди. Оппоқ, бўлиқ тиззаси тиззамга тегадиган даражада яқин. Қирқ ёшлардаги истараси иссиқ, каштан рангли сочлари калта кузалган, оқ кўйлагининг ёқаси хиёл очиқ, хушбичим, хипчагина аёл.
“Банкир бўлса керак”, деб ўйладим. Сал нарида хашаматли банк биноси жойлашган. Олди доим бири-биридан чиройли машиналар билан тирбанд бўлади. Йўқ, банкда ишлайдиган бундай ҳусн жамол соҳибаси бу ёшда тарақа-туриқ “автобусга осилиб” юрмайди. Камида бошқарма бошлиғи сифатида хизмат машинасида, ҳеч бўлмаганда, шахсий автомобилида юради: қўли текканнинг – оғзи тегар, ҳамманинг ҳам дасти етавермайдиган арзон-гаров кредитга олиши мумкин-да ўша ялти-юлтир машиналардан бирини. Банкир бўлганида юзлари ёғ суртилган хиром этикдай ялтираган, димоғи анча баланд, қарашлари хийла ўктам бўларди. Қаршимда ўтирган жувоннинг эса майда хуснбузар излари сезилиб турган оқ юзида хорғинлик, нигоҳида ўзига жуда ярашган маъюслик, ўйчанлик, дарҳол кўзга ташланадиган камсуқумлик бор эди. Ёнимиздаги поликлиникадан чиққан дўхтирга ҳам ўхшамайди, чиройли бармоқларига ярашган узун тирноқларига қалин қизил лок суртилган.
“Муаллима!” – деган фикр хаёлимдан ўтди.
Жувон тўқ кўк ранг юбкасини тўғрилаган бўлди, лекин этаги тиззасигача етмагач, оёғининг устига қора сўмкачасини ётқизиб қўйди. Юзимни кўча томонга бурдим. Буриш асносида сўмкасидан кўриниб турган қалингина яшил дафтар эътиборимни тортди.
“Синф журнали!” – деган хулосамдан қувониб кетдим. Ўқув йили якунига етай деб қолган, кўча тўла бола, бир-бири билан қувлашиб, ўйноқлашиб мактабдан қайтаётир. Бу синглимиз ҳам ҳайнаҳой мактабдаги дарсларини тугатиб, уйига кетаётган бўлса керак. «Йўқ! – деб яна дарҳол фикримдан қайтдим. – Уйига кетаётгани йўқ”. Мактаб ўқитувчиси узоқдан қатнаб ишлаши қийин. Менга ўхшаб автобуснинг “тўрига” ўтириб олибдими, демак, охирги бекатгача боради. Аёлнинг юзидан қандайдир безовталик бор. У қаергадир шошилаётир. Шунинг учун ҳатто синф журналини “Ўқитувчилар хонаси” ёки шу яқин-атрофдаги уйида қолдиришга ҳам улгурмаган. Бошига жиддий ташвиш тушган одам паришонхотир бўлиб қолади. Касалхонага бораётганганга ҳам ўхшамайди, чунки қўлида тугунчаси йўқ. Аёллар эркакларга ўхшаб кўча-кўйдан бозор-ўчар қилиб, бемор кўргани бормайди.
“Ақлли аёл экан”, деган фикр хаёлимдан ўтди. Ақлли одам эса чиройли бўлади. Бу – менинг кашфиётим.
“Қайси фандан дарс берар экан?” деган масалани қўйдим энди ўз олдимга ва жавоб топишга тушдим. Синф журналини одатда бошланғич синф ўқитувчилари ёнида кўтариб юради. Лекин, бошланғич синфларда машғулотлар кечи билан соат ўн иккигача тугайди. Ҳозир эса учга яқинлашиб қолди.
“Қани, йўлкирани чаққон-чаққон узатиб юборинглар!” деб далолат қилди ҳайдовчи.
Узатдик.
Майин қўнғироқ саси келди. Жувон сумкасидан бежиримгина қизил телефончасини чиқарди:
“Лаббай!”
Унинг сал хириллаганроқ овози ғоят ёқимли экан. Бармоғидаги ингичка никоҳ узугига қараганда оилали, эри, бола-чақаси бор. Шундай соҳибжамолнинг боши очиқ бўлиши мумкинми. Асло!
“Ассалому алайкум, Муаззам опа! –деди жувон қувониб. – Ҳа, мен қўнғироқ қилувдим. Операциядамидингиз? Узр-узр! Билмабман. Аксига олиб ҳозир йўлда, автобусда эдим, бир пасдан кейин телефон қилсам майлими? А? Янами? Ҳа-а…”
Деразадан ташқарига қараб кетаётган бўлсам-да, жувон атрофига кўз қирини ташлаб олганини ва овозини пасайтирганини сездим: «Худога шукр, тинчлик. Одатдаги гап-да, опа, ўша икки дугонамиз ҳалигача бермади. Бир ҳафта ўтди. А? Икки юздан – тўрт юз. Шуни қизларга ўзингиз бир эслатиб қўясизми, дегандим. Ўзим айтай десам, юзим чидамаяпти… Операциями? Келаётган шанба куни. Хўжайиним? Ҳозир бальнисадалар. Бир ҳафта бўлди. А? Шукр, тузуклар… Йўқ, ҳали юришларига рухсат беришмаётир. Авариягами? Икки йилдан ошди. Аравача кунларига яраб турибди…»
«Оббо, бечора-ей! –Чин дилдан раҳмим келди.- Эри авария бўлган экан-да. Икки йилдан ошибди. Бутун рўзғор ташвиши ўзига қолибди».
“Йўлкирани бермаганлар чаққон-чаққон узатинглар!” деб яна эслатди ҳайдовчи.
“Энди икки минг керак, – деди аёл хорғин овозда. – Бир ярим мингги тайёр… Мени биласиз-ку, «гап», «гаштак» деган ўйинларга ҳеч тоқатим ҳам, вақтим ҳам йўқ. Хўжайинимнинг операциясини деб қўшилгандим-да. Йўқса, пул йиғиш қийин экан. А?.. Ҳозирми?.. Шимолий вокзал томонга кетяпман. Тил ўргатиш марказига. Нима? Йўғ-е. Озгина қўшимча иш топгандим. А? Ҳафтасига уч кун. Учдан бешгача… Ҳа, бу ёғи яна “бонжур, мадам!..” Жон опа, илтимос, анаву икки қизимизга бугуноқ айтинг, “гап”нинг пулини тезроқ етказишсин. Илтимос!.. Зарил-да!.. Хўп-хўп! Марказдан чиқиб, бальнисага ўтаман. Ўғлим уйдан овқат олиб келиб туради. Боришим билан саломингизни албатта етказаман. Нима? Бемалол, опа, бемалол, дегандим-ку. Неварангизга айтинг: кечқурин еттидан кейин келаверсин. Бошқа болалар ҳам бор, дарсни соат ўнгача ўшаларга қўшиб ўтавераман. Раҳмат, опа!..”
Манзилимга етгач, автобусдан тушиб, унинг ортидан маъюс қараб қолар эканман, лабларим беихтиёр пичирлаганини сездим: “Бонжур, мадам!” “Омадингизни берсин, сингил!”
2014 йил.