
Жуман Рўзини бир дард исканжага олган. Йўқ, хасталик эмас. Ўй-ҳасрат, ўртаниш, сир десак, балки тўғрироқ бўлар. Бировга кўнглини ёролмайди, мудом паришон. Хаёли жойида эмас. “Ростдан ҳам, – деб ўйлайди гоҳида, – бегона бир жувоннинг кўйида куйди-пишди қилгандан кўра, нариги дунёнинг ғамини еганингиз дуруст эмасми, тақсир!”
Кошки, “тақсир”га пичингу киноялар кор қилса! Попуги сал пасайгандай бўлади-ю, бўш қолди дегунча, тағин хўрсина бошлайди. Кайфияти бир пул бўлиб, тумтайиб олади. Айниқса, тунлари кўксида кўтарилган адоқсиз пўртана ҳадидан ошади. Дардини кимга айтсин, кўнглини кимга бўшатсин? Чақчақлашадиган тенг-тўши, ҳамрозлари терилиб қолган. Қанчасини ичкилик қулатди. Қолганлари рўзғоридан бош кўтарса қани. Уйи иккинчи қаватда. Чиройли темир панжара қоқилган деразасидан юлдузсиз осмонга тикилиб ўтирар экан, ўзини тарки дунё қилган одамдай сезади. Бўғилганидан дод деб юборгиси келади.
– Сизга нима бўлди, бобоси? – дейди кампири унинг салқи тортиб қолган қовоқларини кўриб. – Нима бало, тобингиз қочдими?
“Бало” сўзини эшитган қария тузук-қуруқ жавоб беришга ўзида на сабр, на ҳафсала топади. Топганда-чи? Тўғрисини айтолмаса. Бу телба дунёда ёлғоннинг ками қолганми? Бош ирғаб, қўл силтаб қўя қолади.
Аёли унинг ўртанишларини кексаликка йўяди. Бандаси қартайгани сари гўдакка ўхшаб инжиқлашиб кетавериши рост экан, деб ўйлайди. Оралари тез-тез бузилиб, жиқиллашадиган бўлиб қолганига ачинади.
Аслида гап бошқа ёқда. Жуман Рўзи кунига икки марта – эрталаб ва кечқурун сайрга чиқади. Катта кўча ёқасидан бориб-қайтадиган йўлагининг узунлиги икки чақирим. Кунлик юрими – саккиз чақирим. Бошида – соябони узун зангори кепка, оёғида – оқ кроссовка, эгнида – енгил жинси кўйлак, шошилмасдан хаёл суриб кетаверади. Ҳаёти дориломон кечганидан мамнун. Бу дунёдан бири икки бўлмай ўтаётганлар қанча. Кўксини тўлдириб, “Ўзингга шукр!” дейди. Шу ёшгача эсон-омон етиб келганининг ўзи катта гап. Пенсияга чиққанидан кейин ҳам кўз очиб кўрган корхонаси — ипакчилик илмий-тадқиқот марказида ўн йилча бўлим бошлиғи бўлиб ишлади. Илмий кашфиётларни қойил қилиб қўймаган бўлса-да, бировга гапини олдирмаган. Фан номзоди даражасида қолиб кетганига қарамай, соҳада тан олинган илмий ишланмалари йўқ эмас.
Қалин қошларига оқ оралаб, жиккакина жуссаси чўка бошлаган бўлса-да, қадам олишлари тетик. Фақат кўнгли қурғур яна нималарнидир тусайди. Орзу қилгандай, қўмсангандай, ўксингандай бўлаверади. Уйидан юраги безиллай бошлаганини сезади. Уни таъқиб қила бошлаган ўша ғашликнинг сабабини англашга уринади. Бездирадиган зерикарли, туссиз, хонанишин кунларига йўйиб қутулади. Жувозчининг отидай доим муккасидан кетиб меҳнат қилишга кўниккан одамнинг тўрт девор ичида қамалиб ўтириши ўзи бўладиган ишми.
Ишламайдиган пенсионерлар сафидан муқим жой олганидан кейин хотини мўмин-қобилгина эридан сўради:
–Хўш, энди нима қилмоқчисиз, бобоси?
Бобонинг қошлари андак чимирилди:
–Нима қилардик, кутамиз-да.
–Кимни? Нимани кутасиз?
–Ёғоч отни. – Бунчалик бепарво жавоб қилганидан ўзи ҳам ҳайратга тушди. – Инқиллаб-синқиллаб саксондан ошиб олсак, марра бизники. Кейин нима қолади? Омонатини қўшқўллаб топширамиз-да, ёғоч отга миниб, ҳайё-ҳуйт деб жўнаворамиз.
–Кундан-кунга суюлиб кетяпсиз, – деб чандийди пенсияга чиққунича шаҳар шифохонасини ўттиз йил ётқизиб-турғизган хўжалик ишлари бекаси, ҳазил-ҳузулдан осмон қадар йироқ аёли. – Куфр гаплардан сал тийилиб, мачитга чиқсангиз бўларди. Шу ёшга кириб, пешонангиз ерга тегмади.
“Ё насиб!” дейди ичида. Ташида айтса, кампири ғайрат отига минадию қамчи босади. Қарабсизки, ҳам отини майиб қилади, ҳам чолини.
Аёлига қолса, Жуман Рўзи Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварани тезроқ зиёрат қилиб, ҳожилик мартабасига эришса. Бошдан-оёқ оққа бурканиб, тўй-маъракаларнинг тўрида сипогина бўлиб ўтирса. Эрига қолса, хотин деган зот чолгинасини ўз ҳолига қўйса. Оломон чопган томонга югургиси йўқ. Андишаси бор: қадаҳдан қўл узса ҳам, кўнгил узмаган осийнинг майи нобдан буткул воз кечиши осонми!
Иш, илм, рўзғор деб юраверган экан. Уйда ўтириб қолганидан бери хотинининг тергамаган куни кам: “Қаерда юрибсиз? Ким билан юрибсиз? Яна кимларга қўшилиб ичдингиз?..”
Ўзини умри бўйи югуриб-елишдан тўхтамаган пойгачи отдай ҳорғин сезади. Гўё ўша кекса отни кимдир нотаниш бир ҳовлига боғлаб кетган. Тўкилай деб турган ўша кўҳна иморатга ўзича ном ҳам қўйиб олган – “Хўрсиниш”. Унда йилт этган ёруғлик кўринмайди, ҳамма нарса мавҳум ва омонатдай туюлади, кўникишинг душвор.
Йўли автобус бекатининг орқасидан ўтади. Бекатнинг ёнидаги йўлканинг бир қулочга яқин жойи ўйилиб ётибди. Сувсозлар бетонни ўйиб қувур ўтказган. Тўртта ёмғир тушса – ҳалқоб, қор ёғса – сирпанчиқ. Ёғин-сочин кунларида чуқурчани айланиб ўтгиси келади. Ёнидаги кўкаламни кўзи қиймайди. Баррагина майсаларнинг уволини ўйлайди.
Қайси бир қишда оёғи ўша чуқурчада сирпаниб кетдию музнинг устига илкис ўтириб қолди. Улай-булай сесканмади. Ёшинг бир жойга етганда қўл-оёғинг синса битиши қийин. Яхшиям, йиқилмади. Йиқилса, йўлка четидаги бетон тўсиққа боши билан тушаркан. Худо сақлади. Ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги болакай келиб қўлтиғидан олди:
– Тузукмисиз, дода? Бирор жойингиз лат емадими?
– Шукр, неварам. Тузукман, шекилли.
Болакай уни бекатдаги темир ўриндиққача суяб борди. Қариянинг қайта-қайта алқаб, қилган дуоларини тавозе билан қўлини кўксига қўйиб эшитди. Сўнг хижолатдан беғубор кўзларини ерга тикиб, унинг телефонидан уйда илҳақ ўтирган ойижонига сим қоқиш учун ижозат сўради. Иягидаги нўхатдайгина қора холи кулча юзига ярашган ёқимтойгина болакайга қандай йўқ дейсан? Бобо белидаги оғриқни-да унутди:
– Майли, неварам, майли. Ма, олақол.
Меҳрибон норасида телефонни олиб, ойнаванд тўсиқнинг ортига ўтди-ю, қорасини бошқа кўрсатмади.
“Нима десангиз денг, – деди ўзига ўзи Жуман чол ўша оқшом завқланиб, – боласи тушмагур, мушукдай мулойим кўрингани билан, қиличдай ўткир экан. Ўткир бўлмаса, додасининг дуосига қўшиб, телефони билан ҳамёнини ҳам шилиб кетармиди!..”
Шу-шу кўчага қўлига ҳасса тутиб, ҳамёнсиз чиқадиган бўлди. Аслида, пулга эҳтиёжи йўқ. Рўзғорнинг кам-кўсти рўпарасидаги тўрт хонали ҳашаматли хонадонда яшайдиган тадбиркор ўғлининг гарданида.
Жавзонинг бошида чўнтагидаги янги телефони ваража тутгандай дириллаб қолди. Қараса, аёли. Юраги сиқилди. Ғалати қавм бу хотин зоти. Аввал гапириб, кейин ўйлайди. Кўчага чиққанимда, жаҳон уруши бошланиб кетса ҳам, хаёлимни бўлма, деб неча марта айтган. Аммо ўз билганидан қолгани – ўлгани. Тўқсонга яқинлашган онаси қандайдир дорига дарқолган эмиш. Ғижиниб кетди. Дорихонага кириш керак экан, шуни боя, эри уйидан чиқаётганида ёки бирпасдан кейин қайтиб борганида айтса бўлади-ку. Шунчалик қисталангга не ҳожат? Икки йил бурун тўшакка михланиб қолган қайнона бўлмишга худо яна бир-икки соат сабр берар, ахир. Хотини зарда билан раҳмат айтди-да, овозини ўчирди. Эри норози тўнғиллади: “Ношукр!..”
Ҳали қўлидаги матоҳнинг қопқоғини ёпишга улгурмасидан, бошқа аёлнинг овози қулоғига чалинди:
– Илтимос, телефонингизни бериб туринг. Бирров қўнғироқ қилиб олай.
Қария телефонини биров тортиб олаётгандек, апил-тапил шимининг чўнтагига тиқди ва босинқираётгандай, “А-а?” деди чўзиб. Овози дағал ва ниҳоятда ёқимсиз чиққанини сезди. Қовоғини солди:
– Йўқ, бермайман! – дея илтимосчи томонга бошини бурди. Ўнг қўлини илтижо билан узатиб турган сулувгина жувонни кўриб, тиланчи бўлса керак, деган шубҳа хаёлидан ярқ этиб ўтди. Ишонгиси келмагани: шаҳар марказида тиланчига йўл бўлсин. – Беролмайман!
Икки қадам қўяр-қўймасидан чап оёғи чуқурчага тушиб, қалқиб кетди. Қаддини ростлаб, ҳассасини тўқиллатганча узоқлашар экан, баттар тутақди. Сўнг лабини тишлади. Қаттиқ тишлади. Одобли одамнинг иши бўлмади бу қилиғи! Камзул монанд қизил кўйлакдаги хипчагина бу аёл чиройли, вазмин, овози ширали эди. Серкарашмага ўхшамади. Қирқ беш билан эллик ёшлар орасида, деб чамалади Жуман Рўзи. Бундан ортиқ беролмайсан.
Жувоннинг эски танишдай латиф жилмайиб турган буғдойранг чеҳрасида кишини ўзига ром қилувчи қандайдир сеҳр бор эди. Қариянинг нигоҳида яна муҳрланиб қолгани – аёлнинг кўзлари! Эркаланишга ва эркалашга мойил шаҳло кўзларидаги таажжуб. Жуман Рўзи уни ўқитувчи бўлса керак деб тахминлади. Ақлли, сабрли, садоқатли муаллималар гапирганида мана шундай – самимий жилмайиб туради.
У йўлининг охирига етгунича изига бот-бот бурилиб, ҳар бурилганида ўзини тинимсиз койиб борди: “Эркак бўлмай кет! Тилингдан чаён чаққанмиди сен, чолнинг!..” Тезда ортига қайтиб, бекат атрофига олазарак кўз югуртирди: йўқ! Эртасига, индинига, ундан кейин ҳам излади. Кўҳлик аёлнинг таажжуб тўла латофатли нигоҳи кўз ўнгидан кетмай қолди. На ётиб-туришида ва на ейиш-ичишида маза-матра сезади. Тотли интиқлик қолдириб кетган жувонни ўйлаб хаёл суришлари, унинг билан ғойибона суҳбат қуришлари кейин-кейин мароқли тус олади.
Балки телефонининг пули тугаб қолгандир, деб ўйлайди у. Эҳтимол, сумкачасини олдириб қўйгандир. Жуман Рўзини танигани учун қора тортиб келган бўлса-чи? Нима бўлганда ҳам, кўзи тўқ, бадастир оиладан чиққан. Шанғи бўлганида, қарияни шартта қопиб оларди. Жимгина бурилиб кетдими, демак, одобли, сийрати суратига мос.
Эҳтимол, жувон у билан танишмоқчи бўлгандир? Унутилган туйғуларга эрк бераётганидан қизариб-бўзариб кетади. Гўё пешонасида визиллаётган арини ҳайдагандай қўлини тўлғаб қолади: “Ол-а! Кал кўнглинг нималарни тусамайди?”
Назарида, умидвор бўлиши учун асоси бордай туюлаверади. Ўша маҳал бекат гавжум эди. Ўн чоғли одам телефонидан кўзини узмай автобус кутиб турган жойда аёл нега айнан унга гап қотди? Каттагина елим халтача кўтариб олганига нима дейсиз?
Халтачасидаги китоб бўлса керак, деб тахмин қилади олим. Китоб бўлганда ҳам, енгил-елпи нарсалар эмас, хос одамлар ўқийдиган жиддий асарлар эканига ишонгиси келади. Жувоннинг китоб кўрган, зиёли аёл бўлишини жуда-жуда истайди.
Алҳол, ҳувуллаб ётган хуфтон кўнгли сержилва баҳор ёғдуларидан ёришиб кетади. Эри бормикан, деб энтикади гоҳида. Бор бўлса, у қандай одам? Қандай эркакки, шундай соҳибжамол аёлини кўчага ташлаб қўйса? Бечора тиланчига ўхшаб, одамлардан ёрдам сўраб юрса? Чиройли аёллар бахтсиз бўлади, деган ирим-сиримлар беҳуда эмас, шекилли…
Кунлар ўтгани сари ўй-хаёллари соғинчга айланиб, инон-ихтиёри қўлидан кетганини ва бегона бир ожизага ипсиз боғланиб қолганини англайди: “Сени яна кўрарманми?” Ҳижронзада хаёллардан қандай қутулишни билолмай ўксинади. Ўзининг сарғайиб-сўлиб бораётганидан бехабар, ўша муштипарнинг ҳақига дуолар қилади: “Тангрим! Қаерда, ким билан бўлса ҳам, майли! Ўзинг уни паноҳингда асра, Ўзинг ишларига кушойиш бер!”
Жувоннинг нигоҳидаги ялт этган яна бир учқун ёдига тушади. Бундай жилва одатда боши очиқ, лекин жуфтини топишдан умиди узилмаган аёлларнинг кўзларида жилваланади. Улар эр кишига умид кўзи билан қараганини ўзлари сезмай қолади. Бу жилва мисли камалак: меҳр ҳам, интизорлик ҳам, синиқлик ҳам, ёлғизлик уқубатлари ҳам бор…
Хаёлига лоп этиб келган бундай фикрлардан чўчиб кетади: мабодо, худо ярлақаб, бир кунмас-бир кун уни учратиб қолса, нима дейди? Жувон уни аллақачон унутиб юборгани аниқ. Жуман Рўзи ким бўлибдики, дуч келган аёл уни ўйлаб уйқуси қочаверса! Барибир омад йўлларидан кўз узмайди. У билан одатдаги икир-чикирлардан йироқ, недир кўтаринки, қандайдир олижаноб, ғоят юксак мавзуларда гурунглашишдан умидвор бўлаверади.
Гулгун давраларда ҳаммани ҳайратга солиб, жўшиб-ҳайқириб шеър ўқиган даврларини қумсайди. Ўзи ҳам байт битишга уринган, битганларини таҳририятга олиб борган пайтлари бўлган. Машқларини кўрган ходим уни каттакон хонага бошлаб кирган ва зерикиб ўтирган беш-олти ҳамкасбига таништирган: “Бу киши ҳосилот, яъни агроном шоир эканлар. Ипак қуртининг тут баргига дил изҳорини мадҳ этиб ғазаллар битарканлар…” Устидан кулган! Шу гапдан кейин журналидан ҳам, шеъридан ҳам кўнгли қолган. Ёзмаган ҳам, бормаган ҳам.
Мактабда ўзидан икки синф пастда ўқиган Ойсара исмли ҳуркаккина, дуркунгина қизчани эслайди. Аскар йигит Жуман Рўзи ҳарбийдан қайтгунича узоқ тоғ қишлоғидаги қариндошига узатилиб кетган Ойсарани.
– Бир таклиф бор, – дейди Ойсарага айланган жувон бир кеч. – Хўп десангиз, эртага – якшанба, Тошкент денгизига чиқсак.
– Ё тавба! – Телбаларча ҳиҳилайди сархуш қария. – Чўмиламизми?
– Йўғ-э! Соҳилда, қайноқ қумда оёқяланг яйра-аб юрамиз.
– Э, сизнинг ҳам оёғингиз совқотадими? – дея ажабланади Жуман Рўзи. –Қумлоқда оёқяланг юриш менинг жону дилим-ку! Болалигимда қишлоғимиз ёнидан ўтадиган Қумдарёнинг бўйида…
Эшикни кимдир қаттиқ тақиллатади. Чол ётган жойидан ирғиб туради ва тик қотади. Аёлининг қўллари бақувват. Бармоқлари мушак сабзидай. Таққиллатгани тепгандан баттар.
– Мен ухламоқчиман, – дейди телесериал томошасидан чарчаган кампир. – Бомдодга туришим керак. Олма арчилган. Ошхонада.
– Хўп.
– Эртага қўшнилар билан кафега юришимиз бор.
– Қанча?
– Одам боши икки юздан.
– Ана, ҳамёним.
Хотини чиқиб кетгунича жим кутиб туради.
– Узр, гапимиз бўлиниб қолди, – дейди кейин ҳорғин кўзларини юмганича. – Тунги дарбон.
– Вой! Маза қилиб ўқияпсизми? – деб сўрайди Ойсара.
– Нимани?
– Ирвин Шоунинг “Тунги дарбон” романини-да.
Мўйсафид ёйилиб кулади:
– Ўқиганман… Минг йил аввал…
Бора-бора бегидир гурунгларидан ҳазил-мутойибага ҳам жой топила бошлайди. Сирдошлар дадиллашиб, вужудларини журъату жунун, девоналигу ҳаяжон чулғаб олаётганини сезмай қолади.
– Сен ёнимда бўлсанг, – дея сенсирашга ўтади Жуман Рўзи, – маза қилиб яшардик, Ойсара! Ҳали кўп ишлар қилардик. Токи тирик эканман, сени ҳеч қачон ўксинтириб қўймасдим!.. Сен эса кетдинг-қолдинг. На бир оғиз сўз, на хайр-хўш. Сен йўқсан – завқ йўқ, нур йўқ, Ойсара!..
Аёлнинг нафаси ичига тушиб кетади. Иккаласи баравар хўрсиниб, баравар энтикади.
–Сиз мени йиғлатдингиз! – деб пичирлайди жувон.
Бу сўзлар шундай бир меҳр, эркаланиш, самимият ва надомат билан айтиладики, қани энди биров, «Эй Жуман Рўзи, бу ўткинчи дунёда армонинг қолдими?!» деб сўраса! Сўрамайди-да! Мабодо сўраса, у ўйлаб-нетиб ўтирмай, бошини кундага қўйиб юбориши ҳам ҳеч гап эмасди, шу тобда!..
Қарангки, жўнгина учта сўз билан муштоқ бир банданинг неча йиллик орзу-армонларини жунбишга келтириб юбориш мумкин экан! Бор-йўғи учтагина ғариб сўз билан!
Кейин иккаласи денгиз соҳилида оёқларини қайноқ қумга кўмади. Қадди хиромон жувоннинг оёқлари бўлиқ, эр кишининг кўзларини оладиган даражада чиройли.
– Сувнинг тозалигини қара, Ойсара! Бир-бир молтиб чиқмаймизми?
– Жон дердим-у, – дейди эркаланиб жувон, – сузишни билмайман-да…
Воқеалар ривожи – Оврупо фильмларидаги каби: катер ёллайдилар. Ҳаво очиқ, осмон тиниқ ва мовий. Қуёш ўз йўлида маза қилиб сузиб бораётир. Денгиз шабадаси юзларини, бошларини, бутун вужудларини силаб-сийпалайди. Икки қалб қафасдан қутулган икки қуш каби кўкда чарх уриб, сайраб, яйраб тўймайди.
– Сен ёнимда бўлсанг, – дейди Жуман Рўзи ҳаяжондан овози титраб. – ўзимни худди занжирдан бўшагандай ҳис қиламан! Гижинглаган йигитлик чоғларим ёдимга тушади! Ғуборларим тарқаб кетади, Ойсара!..
Уйқусидан ҳаловат қочиб, алмойи-жалмойи тушлар кўриб чиқади. Ёстиғи терданми, кўзёшиданми, ишқилиб, ҳўл бўлиб уйғонади.
– Туни билан ким билан ҳиринглашиб чиқдингиз, сабуҳуй домла? – дейди хотини эрталаб иззат-нафси таҳқирланган полвондай. – Ким у – Ойсара?
–Тунги дарбон. – Хаёли қочган домланинг тилига келгани шу бўлади. Бошқа нима десин?
– “Ойсаражон, кетма! Мени ташлаб кетма!” деб йиғлаб-ёлвордингиз! Ким у қанжиқ?..
Жавобсиз саволлар суваракдай болалаб, хотини қутуриб кетади. Чолининг бошига, кўксига, биқинларига чўқмордай муштлар тушади:
-Бундан чиқади, сен, арвоҳ мени бир умр алдаб, ўша қанжиқ билан ўйнашиб юрган экансан-да!..
Жуман Рўзини хонасига судраб олиб киради ва кароватига итқитади. Ўрнидан туролмай ётган отанинг қулоғига ўғлининг овози келгандай бўлади:
–Адамга нима бўлди, ойи? Мазалари йўқми?
–Столнинг устидаги шишаларни кўрмаяпсанми? Қаердан мазаси бўлсин.
Юракни зиқ қиладиган ёмғирли кунлари оч ичакдек чўзилган кузак ҳавосининг қовоғи очилавермайди. Уйда ўтиравериб ҳолдан тойган қариянинг қартайган жуссаси букчайиб, шалвираб қолган. Бемадор оёқлари судралиб, эти устихонига ёпишган. Сайр йўналишини тескари томонга ўзгартиради. Қайтанга баттар эзилади. Қандай айби, не бир гуноҳи борки, ўзи ўрганган, истаган йўлдан юролмаса?
Бекатдан сал наридаги кекса қайрағоч соясида ўтириб ором олгиси келади. Узун ўриндиқнинг баланд суянчиғига елкаларини авайлаб суяйди. Ҳаво очиқ, ер бесаранжом: атрофни хазон босган. Қуриб қовжираган, сарғайиб сўлган япроқлар оёқостида эзилиб ётарди.
Кимдир ипакдек майин овозда салом бергандай бўлади. Қараса, “Ойсара”. Бу гал камзул монанд яшил кўйлакда. Қадди расо. Буткул очилиб кетган.
– Ишга ўтиб кетаётган эдим, – дейди у. – Кўзим тушиб қолди. Хомушроқ кўриндингиз, домлажон.
Жуман Рўзи унга ёнидан жой кўрсатар экан, жилмайишга тиришади. Жилмайиши ўта ҳазин чиқади:
– Ҳа, салқингина. Дам оли-иб ўтирибман. Ёлғиз ўзим…
“Сени кутиб” дегиси келади. Айни мавриди-ку! Қани энди тўлиб кетган ўпкаси йўл берса-ю, овозини чиқара олса! Фалакнинг тоқи ўпирилиб, еру осмон бир-бирига ёпишиб-қапишиб кетса ҳам, кўнглида маддалаб ётган дардларини айта олса! Дилини қат-қатигача ёрса! Ёнида ифор таратиб ўтирган жувоннинг майин сийналарига бошини қўйиб ўкириб-ўкириб йиғласа! Бўйларига тўйиб, ютоқиб, шу ерда, шу ўриндиқда жон берса! Шу ердан ёғоч отга минсаю кетса! Қайтиб келмаса!.. Эвоҳ, Жуман Рўзи! Бечора чол!..
– Тунги дарбон яхшимилар?
– Дарбон?
– Рафиқангизни айтаман.
– Ҳа-а… Уйда. Ўтирипти…
“Рўдапога ўхшаб” дегиси келади-ю, лекин демоққа ўзида на журъат, на қувват топади.
– Ўша куни бекатда дағаллик қилганим учун кечир мени, Ойсара!
– Сизни асабий ҳолда кўриб, домланинг уйида ҳам нотинчлик экан-да, деб ўйладим. Хафа бўлганим йўқ.
– Сенинг уйингда ҳам нотинчликмиди, Ойсара?
– Ҳа, эрим раҳматли ичганларида томоша кўрсатиб турардилар. Телефонимни синдириб ташлаган ҳам ўзлари.
– “Раҳматли” дейсанми? Нима бўлди?
– Машина уриб кетди.
Жуман Рўзи афсус билан бош чайқайди.
– Сени ўша кунидан бери изиллаб излайман, – дейди ва кўзларидан ёш отилиб кетади. Онасини ичика-ичика топган гўдакдай кемшайиб, ўксиниб йиғлайди. – Лекин бир куни топишимни билардим!
Жувоннинг ҳам чиройли кўзлари намланади. Қария базўр ўзини босиб, унинг ҳол-аҳволини сўраган бўлади.
– Бир фалаж кампирга қарайман. Асли ўзим ҳамшираман.
Аёл бир зум ўйланиб қолади-да, гапида давом этади:
– Ёлғизгина ўғлим бор. Ўткирбек. Раҳматли отасига тортган. Озроқ муддат ётиб чиққанидан сўнг одамови бўпқолди. Иягидаги холи қизларникига ўхшармиш. Йўқотаман, деб у қилди-бу қилди, вирус юқтириб олди. Даволатгунча ўлиб бўлдим. Ҳозир, худога шукр, ишлари жойида.
– Об-бо! – Қария оҳ уришдан ўзини тиёлмайди. – Об-бо, боласи тушмагур-эй!..
Иккаласи яна баравар хўрсинади. Чолнинг назарида дунё фақат хўрсинишдан иборатдай. Нимасига ажабланасан, Жуман Рўзи? Ажабланарли ери қолганми бу ёруғ жаҳоннинг?
– Орзум, – дейди у ҳаста овозда, – сени яна бир мартагина кўриш, эрка овозингни эшитиш эди, Ойсара! Мана, кўрдим, эшитдим!..
– Энди мен борай, домлажон, – дейди жувон ва ўрнидан қўзғалади. – Фариштам кутиб қолдилар.
– Фариштанг ким? – дея ҳайрон бўлади чол.
– Тунги дарбоннинг бетоб онаси-да!..
Аёлнинг ортидан жони узилаётган бемордай мунғайиб қолади: “Сени яна кўрарманми?” Жувон унинг кўнглидан ўтаётган оҳни сезгандай бирров қиё боқади ва ширин жилмайиб қўяди. Чолнинг ичида нимадир узилгандай бўлади. Хўрсинади…
“Бобой, оёғингизни кўтаринг, супуриб олай…”
Хира кўзларини очганида, қош қорайиб қолган, биққасемиз бир хотин қаршисида дастаси узун супургисини ўйнатиб турарди.
“Гулистон” журнали, 2024 йил, 5-сон.

