Озод Мўъмин Хўжа. Бўлди, бўлди, бўлди! (фантастик ҳикоя)

Бизнинг яшаб турган дунё жуда антиқа-ю, лекин содда ва оддий. Чунки, у сувга асосланган. Сувнинг формуласини биласиз – H₂O. Икки водород ва бир кислород атомлари бирлашмаси. Оламимизда ҳеч бир жонзот йўқки, сувсиз ҳаёт кечира олсин. Бу кимёвий модда танамизнинг 90 фоизини ташкил қилади. Айрим биологик турларда сал бошқачароқ бўлиши мумкин. Майли, сув ҳақида бошқа гапирмайман, унинг оламшумул аҳамиятини чанқаб, сув тополмаган одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам, ўсимликлар ҳам жуда яхши биладилар…
Дарвоқе, инсон вужуди овқатсиз қирқ кун яшай олса, сувсиз уч кунга ҳам бормай ўз фаолиятини тўхтатади, яъни… ўзингиз биласиз.
Ўн еттинчи асрда яшаган шоир Девона Машраб сарсон-саргардон бўлиб юрган йиллари Тошкентга келиб, бир қанча кун яшаган экан. Шу кунларнинг бирида Кўкалдош мадрасаси ёнидаги масжидда пешин намозини ўқигач, ташқарига чиқибди. Тошкентга келганлар, бу шаҳардаги Чорсу бозорига кирганлар биладилар – мадрасага ўртадан зина орқали чиқилади, зинанинг икки ёни эса тик девор. Машраб худди шу девор устида туриб пастда ўтаёган йўловчиларга қарата пешобини чоптирибди. Одамлар унга қичқиришибди:
– Ҳой, инсон! Нима қилаяпсан? Нега устимизга ҳаром сув ёғдираяпсан!
Машраб жавоб берибди.
– Тақсирлар, асло хавотир олманглар! Сув етти юмаласа ҳалол бўлади, дейишган. Сизнинг бошингизга тушгунча у ҳалол бўлиб улгуряпти!
Буюк девона-дарвеш, Офоқхўжа эшоннинг муриди бўлган шоиримизнинг гапларида жон бор – сув табиатда айланиб-айланиб, табиий тозаланиб яна уйимиздаги жўмракларга ёки ариқларимизга оқиб кела беради.
Замонамизнинг бир йигити – уни шартли равишда Маъмур деб атайлик – бир куни кечки пайт ўз хизматидан уйига қайтди. Қараса, уйида сув йўқ. Бутун маҳаллада сув йўқ.
“Бу қандай бедодлик!.. – ўйлади у. – Эртадан кечгача тиним билмай ишлайсан. Ниҳоят, уйингга келиб, ювиниб, бир оз ҳордиқ чиқарай десанг, сув йўқ! Қани сув? Нега сувчилар ўз ишларига маъсулиятсиз қарашади? Бунинг учун кимга шикоят қилиш керак? Кимга сим қоқиш лозим?..”
Шу дамда, икки боласини боғчадан олиб, етаклаб рафиқаси кириб келди.
– Ие, нега сув йўқ? Болаларимни қандай ювинтираман? Қандай овқат пишираман? – норозилик изҳор қилди у ҳам. – Дадаси, тегишли идорага қўнғироқ қилинг-чи, қачон сув келаркин?
Маъмур турган жойида қўл телефони орқали дарҳол сим қоқишга тушди. Ва расмий идоралардан қуруққина ахборот олди: “Трассадаги катта сув қувури ишдан чиққан, у таъмирланмоқда. Лекин, бугун сабр қилишингизга тўғри келади. Катта авария рўй берган. Эртага сув беришга ҳаракат қиламиз”.
Хотини унга бигиздек сўзларини суқди.
– Сиз эрсиз! Оила таъминоти сизнинг бўйнингизда! Мен ҳеч нарсани билмайман ва тушунмайман. Менга сув топиб берасиз, тамом-вассалом!
– Нима, мен сенга ўн беш минутда қудуқ қазиб берайми? – жаҳли чиқди унинг. – Бу ахир, кўпга келган тўй. Бутун маҳаллада сув йўқ!
– Рўзғор қилиш, уйни керакли нарсаларга тўлдириш – сизнинг вазифангиз. Менинг вазифам – болаларга қараш, кир ювиш ва овқат қилиш. Олма пиш – оғзимга туш, деб ўтираверманг. Истасангиз, қўшни маҳалладан, хоҳласангиз мини маркетдан сув келтиринг! Бу – сизнинг муаммоингиз!
Хотини шундай деб, болаларини ичкарига етаклади.
Маъмур турган жойида бошини қашиди. Ишдаги турли ташвишлардан сўнг, энди дам оламан деб ният қилганди. Ҳеч тинчлик йўғ-а! Қаерга борса экан: қўшни маҳалладаги танишлариникига челак кўтариб борсинми ё дўконга чиқиб палон пулга палон литр ичимлик суви сотиб олсинми?.. Айтгандай, бир қудуқ қаздириб қўйса бўларкан ҳовлисига. Насос қўйиб, керак бўлганда тортиб олаверарди.
Оҳорли кийимларини одми либосларга алмаштириш учун, у ҳам ётоқхонага йўналди. Онгида турли ҳаёллар ғужғон ўйнар экан, мўлжални нотўғри олди шекилли, остонадаги зинапояга оёқ қўяр-қўяр қўймас сирғаниб кетиб йиқилди. Боши бетон ерга қаттиқ урилди ва хушидан кетди.
Хушдан кетиш ҳаммада ҳар хил. Бу дақиқаларда кимдир умуман йўқликка шўнғийди. Кейин ҳеч нарсани эслолмайди. Бошқа биров қандайдир номаълум жойларда кимлар биландир суҳбатлашиб юради. Айримлар эса, ўзлари гапирадилар-у, кейин нималарни сўзлаганларини эслай олмайдилар. Атрофдагилар сен ундай дединг, бундай дединг, десалар, таажжубланадилар. Маъмурда бунда ҳолатларнинг ҳеч бири бўлмади. У, аниқ-таниқ, бир мавжудотга рўпара бўлди-қолди.
Шундай дақиқаларда ҳовлисида пайдо бўлиб қолган Мавжудот унинг юзларига шапатилаб, хушига келтирди ва қўл чўзиб ўрнидан турғазди. Бу ғалати жонзот ўзбек тилида гаплаша олар экан.
– Қаттиқ йиқилмадингизми, Маъмурбек? Пешонангиз ғурра бўлибди-ку!
– Йўқ, раҳмат… – зўрға жавоб қилди уй эгаси ва ҳайратланиб сўради. – Кечирасиз, сиз кимсиз?
– Мен – Мавжудотман! – жавоб қилди у. – Исмим шунақа, мени шундай атанг. Уйингизга сўроқсиз кирганим учун узр сўрайман. Шу атрофда учиб юргандим, йиқилганингизни кўрдим. Ёнингизда ҳеч ким йўқ, шунинг учун ёрдамга шошилдим.
Маъмур унга тикилди. Шакли-шамоили одамга ўхшаш. Икки қўлли, икки оёқли, боши одамникидай, оғиз-бурни, қулоқ-кўзлари жойида, фақат ранг-рўйи ва териси сал яшилсимонроқ. Уни кўрган кимса ерлик одам демайди. Ҳақиқатдан ҳам мавжудот.
– Исмимни қаердан биласиз? – сўради у.
– Мен ахир, инсон эмасман. Менинг имкониятларим бошқачароқ. Мен онгингизга бир зумда кира оламан ва у ердан исталган бор маълумотни топа оламан.
“Ишқилиб, хотиним у билан суҳбатлашмасин-да!”, – ўйлади Маъмур ва яна сўради.
– Яна қандай имкониятларингиз бор?
– Ҳайронман, нима дейишга. Жуда кўп ишлар қўлимдан келади. Фақат кимгадир ёмонлик қилиш бўлмаса бўлди. Мана, ҳозир, рози бўлсангиз, пешонангиздаги ғуррани йўқотаман. Майлими?
Маъмур дарҳол пешонасини ушлади. Ҳақиқатдан, кафти иссиққина дўнглакчани ҳис қилди. Бу қонталашган ғурра неча кунда кетар экан? Қани, бир синаб кўрай-чи…
– Майли, – деди у ва пешонасини Мавжудотга тутди.
Мавжудот ўнг қўлининг кафтига пуфлади ва уни оҳиста Маъмурнинг пешонасига қўйди. Ўн сонияча вақт ўтгач, қўлини олди.
– Қани, пешонангизни бир силаб кўринг-чи! – деди у.
Йигит бу гал ғуррани ҳис қилмади.
– Қойил! – деди у. – Сиз жуда зўр мавжудот экансиз. Фантастик асарларда ўқиганман, сиздек кимсалар ҳақида. Қайси сайёрадан келгансиз. Нега яширинча, ҳеч кимга кўринмай юрибсиз? Олимлар қаёққа қараяптилар?
– Мен ўзга сайёралик эмасман, ерликман! – хитоб қилди Мавжудот.
– Алдаманг! Ерлик бўлганингизда, бу ҳақда ҳамма билган бўларди!
– Биз алдашни билмаймиз. Биз шундай яратилганмиз. Сиздан фарқли жойимиз шуки, танамиз сизларники каби эмас. Инсон кўзига кўринмаймиз.
– Мана, менга кўриняпсиз-ку! Ҳатто, гаплашаяпсиз.
– Сиз қаттиқ йиқилдингиз, миянгизга оғир зарба тушди, вужудингизда ўзгаришлар юзага келди, натижада мени кўра олмоқдасиз ва гаплашаяпсиз. Бир-икки соатдан сўнг, танангиз иш фаолияти маромига келади ва яна эски ҳолатга қайтасиз.
– Вой! – деди Маъмур. – Эски ҳолатга қайтишни истамайман! Айтинг-чи, ҳозир хотиним ҳовлига чиқса, иккимизни кўрадими?
– Йўқ! Фақат, эрим нега бўшлиқ билан гаплашаяпти, деб ҳайрон бўлади ва “Тез ёрдам” машинасини чақиради.
“Ҳартугур, хотиним бу мавжудот билан суҳбатлаша олмас экан. Акс ҳолда, бу алдашни билмайдиган Мавжудот бошимга не балоларни соларди…”, – фикр юритди Маъмур. Ва сўради.
– Сиз учиб юргандим, дедингизми?
– Ҳа, биз учамиз ҳам, юрамиз ҳам. Қанотларимиз яширинган.
– Зўр-ку, жуда! Сизлар қандай яшайсизлар? Нима овқатлар ейсизлар? Бир-бирларингиз билан нималар ҳақида суҳбаталашасизлар?
– Биз овқат емаймиз.
– Вой, унда қаердан қувват оласизлар?
– Коинот нурларидан. Биз кузатувчилармиз. Ишимиз сизларни кузатиш ва ёрдам бериш. Суҳбатларимиз ҳам шулар ҳақда.
– Мен ёрдам сўрасам, йўқ демайсизми?
– Асло!
– Айтингчи, сиз менга ўн беш минутда ҳовлимда қудуқ қазиб бера оласизми?
– Бир оғиз сўзингиз! Нимага… ҳа, айтгандай, катта кўчада қувур ёрилибди, маҳаллангизда сув йўғ-а!
– Тўппа-тўғри! Сув йўқлигига келинингиз бошимда ёнғоқ чақяпти!
– Қани, қайси жойда қудуқ бўлишини истайсиз?
Маъмур ҳовли четини кўрсатди.
– Мана, шу ерда.
– Сиз кўзингизни юмиб туринг! – буйруқ берди Мавжудот. – Тескари қараб турсангиз, яна яхши.
– Мархамат!
Маъмур уй томон ўгирилди. Ишқилиб, қудуқ битгунча хотини чиқиб қолмасин-да. Дарҳол айюҳаннос солиб, тўполон кўтаради.
– Хавотир олманг! – деди Мавжудот орқадан туриб. – Келин чиқмайди. Улар учун вақт тўхтаб қолган.
– Вой! – икки ҳолатдан таажжубга тушди Маъмур. Биринчиси, унинг фикрларини Мавжудот эшитаётганидан ва иккинчиси, вақтни тўхтатиш мумкинлигидан. У оҳиста сўради.
– Вақтни тўхтатиш ҳам мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Фақат кўп инсонлар буни билмайдилар ва ўз вақтларини беҳуда ишларга совура берадилар. Қандайдир аҳмоқона телесериаллар кўришади, чойхоналарда валақлашиб ўтиришади, турли бефойда суҳбатларга, ғийбатларга соатлаб умрларини кеткизишади. Лекин, инсонда вақтни чўза олиш имконияти бор.
– Ростданми? Қандай қилиб?
– Бу жуда оддий. Инсон ҳар қандай ишларини режа орқали, ўйлаб олиб борса, унинг вақти шундай чўзиладики, ўзи ҳам билмай қолади… Ана, бўлди. Қудуқ тайёр! Ўгирилаверинг!
Маъмур ўгирилди ва кўзларига ишонмади. Замовий қудуқ. Насослари, ичаклари ва жўмраклари жой-жойида. Бадавлат ўртоғининг тоғдаги дала ҳовлисига чиққанда кўрганди. Тугмани босасан – жўмракдан шариллаб тиниқ сув тушаберади.
– Қабул қилинг! – деди Мавжудот. – Тугмаларини босиб кўринг, сув тушмаса мен кафил!
Маъмур қудуқ қурилмасини ишлатиб кўриб, унинг жуда яхшилигига амин бўлди. Мавжудотга юзланди.
– Эвазига сизга нима берай? Бизнинг сўмлар сизларда ишлатилмайдими?
– Йўқ, шахсан менга ҳеч қандай пул керак эмас. Ёрдамим холисанилло. Фақат, менинг ҳам бир илтимосим бор.
– Айтинг, қўлимдан келса, жоним билан бажараман.
– Мен билан суҳбатлашганингизни ҳеч кимга билдирманг!
– Албатта, аммо бу қудуқни ким қазиб, мосламаларини ким ўрнатиб берди, деб сўрасалар, нима дейман?
– Сиз, бундан хавотир олманг. Барча таниш-билишларингиз-у хотинингиз ҳам бу қудуқ гўё илгаридан бордек қабул қилишади. Ҳозир, келин чиқади-да, айтади: “Дадаси, водопроводда сув йўқ экан, қудуқдан сув олиб беринг”, дейди. Тушундингизми?
– Ҳа!
– Унда менинг яна бир илтимосим бор, бажарасизми? – сўради Мавжудот.
– Албатта! – деди Маъмур. – Қўлимдан келадими?
– Келганда қандоқ!
– Унда айтинг!
– Иккинчи илтимосим шуки, сиз бундан сўнг ҳеч қачон хотинингизга хиёнат қилманг!
Маъмур ўйга толди. Нима жавоб қилсин? Хўп деса, кўнгли бўш – ўзини тутиши қийин. Йўқ деса, тайёр қудуқ совға қилди. Хижолатчилик!..
– Сиз иккиланманг! – сўз қотди Мавжудот. – Йўқ десангиз, йўқ! Мен ҳеч нарса демай, қайрилиб кетабераман. Қудуқни бузмайман, қолаберади. Фақат…
– Нима фақат?
– Бир ҳафта ўтмай қўлга тушасиз. Уйингиз бузилади.
– Мен хотинимни севаман! Фарзандларим кўзларимнинг оқ-у қароси!
– У ҳолда, илтимосимни бажаринг!
– Майли, бажараман…
– Жуда соз! Ақлли инсон экансиз. Учинчи илтимосим ҳам бор. Бажара оласизми?
– Қўлимдан келармикан?
– Келганда қандоқ!
– Унда, айтинг.
– Тез-тез спиртли ичимликлар истеъмол қилар экансиз. Соғлиғингиз ҳақида қайғурмас экансиз…
– Ў-ў, бу қийин масала! – деди Маъмур. – Жони-дилим пиво ва ароқ. Буларсиз яшашим қийинов!
– Майли, нима ҳам дердим. Сиз озод ва эркин одамсиз. Лекин, айтиб қўяй, икки ойдан сўнг сизни юрак хуружи тутади. Инфаркт касалига мубтало бўласиз. Кейин, ўзингизни ниҳоятда асраб-авайлаб яшашингизга тўғри келади. Шундан сўнг, наинки пиво ва вино, ароқ ҳақида гапирмасак ҳам бўлади, ўзингиз яхши кўрадиган норин, қовурма, сихли кабоблар, думбали палов ва бошқа ширин овқатларни асло истеъмол қила олмай қоласиз.
Маъмур чуқур хўрсинди.
– Майли, тағин ўлиб-нетиб қолмай… Фарзандларим кимларга қолиб кетади…
Мавжудот унга синчковлик билан тикилди. Йигит ўнғайсизланди.
– Яна бир илтимосим бор, – деди Мавжудот. – Қабул қиласизми?
– Балки, етар! Битта сувли қудуққа учта илтимосингизни бажаришга ваъда қилдим. – жавоб берди Маъмур.
– Хўп, бу илтимосимни қайтариб олдим. Аммо, айтмаган илтимосимнинг бажармаслигингизнинг ҳам оқибати яхши бўлмайди.
– Қанақа у? – қизиқди Маъмур.
– Ҳозирги пайтда ҳар бир сигарета қутисида “Чекиш – ўлимга олиб боради” деган ёзув бор.
– Кучли хумор тутса, нима қиламан? Бошимни бетон деворга ураманми?
– Ҳа, шунда сизнинг миянгизга зарба тушади, пешонангизга ғурра чиқади ва дарҳол мен ёнингизда пайдо бўламан. Ғуррангизни текислаб қўяман! – жилмайди Мавжудот. – Бошқа илтимосларингиз бўлса, уларни бажо келтираман!.. Бу гапларим ҳазил! Лекин, жиддий айтсам, никотин бора-бора сизнинг эркаклик қувватингизни пасайтириб қўяди. Рафиқангизга эрлик қила олмай қоласиз…
– Қанча-қанча одамлар қирқ-эллик йил чекиб яшашмоқда. Ҳеч қайсиси нолимаяпти-ку!
– Улар сиздек ҳаётни севувчи эмаслар. Улар тутун қайтарсалар бўлди. Шунинг ўзи уларга яшаш мазмуни. Сиз бошқачасиз-ку!
– Чидай олармиканман?
– Нега энди чидамас экансиз. Мана, мен қалбингизни кўриб турибман. Иродангиз мустаҳкам! Ярим йилда умуман сигарета нималигини эсингиздан чиқарасиз. Кейин, чеккан пайтларингизни эслаб, ўз устингиздан кулиб юрасиз.
– Ҳа, тўғри айтасиз. Ҳаракат қиламан.
– Яшанг! У ҳолда, менда яна бир илтимос бор. Айтайми?
Маъмурнинг кўзлари қисилди. Юзига қон югурди. Муштлари тугилди.
– Бўлди, бўлди, бўлди! – деярли қичқирди у. – Қаёқданам, сув қувури тешилибди! Қаёқданам, қудуқни орзу қилибман! Қаёқданам, сиз менга ёрдамга келдингиз. Мендан яна нималарни талаб қилмоқчисиз!
– Нега қичқирасиз? Нега норози бўласиз? Нега хавотир оласиз? Бу охирги илтимосим сиздан ҳеч қандай уриниш талаб қилмайди. Мен сизнинг ишларингизга ёрдам бериб турсам майлими, демоқчи эдим. Чунки, кўраяпман – ишхонангизда турли муаммолар бор. Уларни ҳал қилиш мен учун осон. Сизга мушкул. Барча илтимосларимга розилик билдирганингиз учун, хурсанд бўлиб, сизга ўз ёрдамларимни қабул қилишингизни сўрамоқчи эдим…
Бу мулоқот Маъмурнинг охирги илтимосни ҳам қабул қилиши билан тугади. Мавжудот кетди. Ва шу заҳотиёқ, хотини ҳовлига чиқди.
– Дадаси, водопроводда сув йўқ экан, қудуқдан сув олиб беринг, – деди у хотиржам.
Ана шунақа. Сув етишмовчилиги, унинг йўқлиги гоҳо-гоҳо айрим инсонларнинг эс-хушини жойига келтириб, турмушга жиддийроқ қарашга ўргатади. Асосий маъно, сувга асосланган, бошқа такрорланмайдиган содда, оддий ва антиқа ҳаётимизнинг қадрига етишда, ўзимизнинг тагимизга ўзимиз сув қуймаслигимиздир.

Чах-чам қишлоғи. 10.08.2014. 22:12.