Ғунча очилгунча ўтган фурсатни
Капалак умрига қиёс қилгулик.
Ғафур Ғуломнинг “Вақт” шеъридан
Севги – оташдир. У ҳар қандай ёш инсоннинг юрагини ёндиради. Севги – мажнунликдир. У ҳар қандай кимсани эс-ҳушидан айиради. Севги – буюк кучдир. У ҳар қандай йигитни қаҳрамонликка ундайди.
Севги – зафар ё мағлубиятдир… Улар хаёлга келмаган, тасодифий йўлларга бошлайдилар. Баъзан, тўғри йўлларга чиқариб қўядилар.
Коинот Тадқиқотлари институтини шу йил битирган Неъмат ёш мутахассис сифатида фақат фан соҳасида жавлон уриб, олим ва устоз сифатида ҳаёт кечиришни ният қилганди. Ва шу ўзи ўқиган даргоҳда қолганди.
Инсоннинг Ер юзидаги фаолиятида икки ёнма-ён йўл бор: касбий ва шахсий. Бири иккинчисига гоҳо шундай таъсир қиладики, турмуш кутилмаган томонга бурилиб кетади. Неъмат талабалик вақтида бир қизни севиб қолганди ва ҳаётини у гўзалсиз тасаввур қила олмасди. Жуда хурилиқо бўлган Шаҳло ҳам йигитнинг оташин муҳаббатига ижобий жавоб берганди ва икки ёш келгусида, қиз ҳам дорилфунунни битиргач, оила қуришга аҳду-паймон қилгандилар. Шунинг учун бу ёш мутахассис ўзининг шахсий келажагидан кўнгли тўқ эди.
Ёз фасли – ажойиб дам. Айниқса, азим Тошкентда. Ҳарорат шундай кўтарилиб кетадики, ёшу қари ўзини салқинга уради. Имконияти борлар узоқ юртларга – океан ва денгиз бўйларига равона бўладилар. Бошқалар Чорвоқ, Бурчмулла ёки бошқа сўлим гўшаларга хордиқ чиқаришга кетадилар. Шаҳло ҳам дугоналари билан ўзи таълим олаётган олий ўқув даргоҳининг талабалари дам олиш масканига боришга қарор қилди. Йигит севгилисига ҳамроҳ бўлолмади. Сабаби, унинг институти ректори барча ўқишни битирган ва шу ерда ишлашга қолган ёш мутахассисларни Зарафшондаги коинот портидан олис фазога узоқ муддатга учиши режалаштирилаётган “Буюк Темур” кемасидаги тайёргарлик ишларига ёрдам бериш ва малака орттириш учун жўнатаётганди.
– Сенинг ўша ёққа дам олишга кетишинг ҳеч кўнглимга ёқмаяпти, – деди Неъмат қизга.
– Нега? – ҳайрон бўлди Шаҳло.
– Ўтган йили бир дўстимнинг яхши кўрган қизи севгилиси дам олишга бориб, у ерда бошқа йигитни учратиб, уни севиб қолибди. Мен ҳам сендан айрилиб қоламанми, деб қўрқаман.
– Мендан асло хавотир олманг! Ёнимда дугоналарим бўлади. Бундан ташқари, билиб қўйинг: мен сиздан ўзга инсонни ёнимда тасаввур ҳам қилолмайман! Сиз билан эса қишда янги йилни кутгани Парижга борамиз! Розимисиз?
– Ҳа. Албатта, борамиз! Мен сени бутун борлиғим билан севишимни асло унутма!
– Мен ҳам! – жавоб берди Шаҳло.
Шундай қилиб, Неъмат Ўзбекистоннинг коинот порти Зарафшонга, Шаҳло эса Бурчмулладаги талабалар дам олиш масканига кетди.
Ёруғлик тезлигида уча оладиган “Буюк Темур” фазо кемаси улкан, ажойиб ҳаёт кечириш ва ишлаш маскани экан. Унинг ичида йиллаб яшаш учун барча шароит мавжуд экан. Алоҳида микроэлементларга бой тупроқли дала-полиз – ҳар йили мўл ҳосил олиш, мевали дарахтлардан иборат боғ – йил давомида баҳраманд бўлиш ва спорт майдонлари, бассейнлар – истаган пайтда бадандаги қонларни юриштириб, вужудни чиниқтириш, кинотеатрлар – энг зўр фильмларни кўриб, маънавий тасаввур олиш мумкин. Замонавий жиҳозланган Илмий лабораториялар – коинотни ва сайёраларни тадқиқ этиш учун. Яшаш шароитлари – шаҳардагидан яхши. Ҳавоси – Ғазалкент яқинидаги Оқтош қишлоғиники билан бир хил. Ҳар қандай касалликни қувади. Хуллас, йўқ нарсанинг ўзи йўқ.
Кемани узоқ парвозга тайёрлаш ишлари жуда қизғин бўлди. Икки ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ёш мутахассислар Тошкентга – ўз институтларига кетишга шайландилар. Шу дамда кема раҳбари Неъматни ҳузурига чақирди.
– Мен сени икки ой мобайнида кузатдим, – деди у. – Жуда билимли, бақувват, серғайрат, чарчаш нималигини билмайдиган ва топқир йигит экансан. Медицина варақангни кўрдим. Соғломсан. Яъни узоқ, муддат фазода учишга қодирсан. Сени ўз кемамнинг аҳли орасида кўришни истардим. Нима дейсан бу таклифга?
Неъмат нима дейишни билмай жилмайди. Кутилмаган келажак. Нима ҳам дерди. Рад этади-да!
– Ҳурматли командор! Бу таклиф мен учун янги ғоя. Унга тайёр эмасман. Менинг ўз режаларим бор.
– Қандай режалар? Айта оласанми, сир бўлмаса.
– Ҳеч қандай сир йўқ. Мақсадим, Коинот фани соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва талабаларга устозлик қилиш. Ҳамда бир йилдан кейин уйланишни мўлжаллаганман, севган қизим ўқишни битиргач. У билан келаётган янги йилни Парижда нишонлашни ҳам режалаштирганмиз.
– Тушунарли, – хўрсинди кема раҳбари. – Коинот фани бўйича шу ерда ҳам тадқиқотлар ўтказишинг мумкин. Фақат талабаларга устозлик қила олмайсан. Севган қизингга тез уйлансанг ва уни ҳам фазо сафарига олиб кетсак, бўлмайдими? Янги йилни эса коинотда кутиб оламиз!
– Билмадим, командор! Шаҳло рози бўлармикан?
– Унда, мана менинг видеофон рақамим. Севган қизинг кўнса, қўнғироқ қил. Парвозга старт янги йилдан бир ҳафта олдин, 24 декабрь куни берилади. Ярим йил ўқигач, қолган семестрини шу ерда ўқиб олиши мумкин. Бир нарсани билиб қўй, сафаримиз ўн беш йил давом этади. Шу масканда бола-чақали бўлишга ҳам имкон бор. Фарзандларинг бошланғич таълимни бемалол олишади. Сендек янги оилалилар бор, ичимизда. Ҳаммаси ҳисобга олинган. Қайтганингда, Халқ Қаҳрамони сифатида данғиллама уй, дала ҳовли ва бир умрга етадиган катта мукофот пули оласан. Ўйлаб кўр!..
Неъмат Тошкентга қайтиши биланоқ ушбу таклифни севгилиси билан маслаҳатлашиш истагида, унга қўнғироқ қилди.
– Шаҳло! Мен келдим шаҳарга!
– Яхши бориб келдингизми? Малака орттирдингизми? – сўради қиз.
– Ҳа! Зўр бўлди. Бугун ё эрта учрашолмаймизми? Гапларим бор эди.
– Эртага бўлса майли. Бугун дам олинг. Менинг ҳам гапларим бор…
– Яхши. Келишдик. Ўша ўзимиз ёқтирадиган хиёбонда, тушликдан сўнг! Бўладими?
– Ҳа, – жавоб берди қиз ва видеофонни ўчирди.
Неъмат қизнинг гаплашиш оҳангидан бироз ҳайрон бўлди. Илгари, ҳеч бундай совуққонлик билан сўзлашмасди. Ё, икки ой кўришишмаганининг таъсири бўлдимикан? Ҳа, шундай бўлса керак…
Шаҳло билан учрашувни орзиқиб кутган Неъмат келишилган жойга вақтлироқ бориб олди. Пешин вақтини роса кутди. Ниҳоят, севгилиси кўринди. Йигит унга пешвоз чиқди.
– Салом, Шаҳло! – деди у оғзи қулоғида жилмаяр экан.
– Салом, – жавоб қилди қиз ним табассум билан.
– Қалай, яхшимисан? Шу икки ой, мен учун икки асрдек ўтди-я!
Қиз бироз индамай турди-да, сўнг сўради.
– Ўзингиз қанақасиз, малака оширдингизми?
Неъмат таажжубланди. Нега бунча ҳиссиз Шаҳлонинг гаплари? Бирон ҳодиса рўй бердими?
– Шаҳло! – хитоб қилди у. – Нима бўлди сенга? Худди биров алмаштириб қўйганга ўхшайди.
– Мен бу ерга бир гапни айтиш учун келдим. Фақат, мендан хафа бўлманг. Бир нарсани англадим: Мен сизни севмас эканман…
Неъматнинг юраги шиғ этиб кетди.
– Нега бундай хулосага келдинг, Шаҳло? Бошқа биров ёқиб қолдими?
Шаҳло индамади. Ерга қаради. Киприклари пириллади. Ниҳоят сўз қотди.
– Ҳа, Неъмат ака… Мен у ерда ҳақиқий севгимни учратдим. Сиз билан мен энди бегонамиз. Менга бошқа қўнғироқ қилманг. Қалбингиздан номимни ўчириб ташланг…
Йигит шундай ҳолсизландики, ерга ётиб олгудай эди. Кутилмаган бахтсизлик…
– Мен сени ўн беш йиллик коинот сафарига таклиф қилмоқчи эдим. Сен эса… У ким?
– У жуда ажойиб инсон! – қизнинг кўзлари чақнади.
– Янглишмадингми? Балки, бирор учар йигитдир? Қўйнингни пуч ёнғоққа тўлдирмадими?
– Йўқ. Асло бундай эмас. У дугоналаримга ҳам ёқди. Жуда хушмуомала. Ҳар гапида узр сўрайди. Бундай инсон жуда кам бўлади!
Бу сўзларни эшитиб, Неъмат севгилисини йўқотганини англади. Бошқа гап бефойда. Лекин қизнинг бошини яхшилаб айлантирган одам кимлигини билишни истади.
– Унинг касби-кори нима экан?
– У ҳам илм одами. Докторант. Яқинда докторлик диссертациясини ёқлайди. Франциядаги университетда ўқиб келган. Парижни беш қўлдек билади. Янги йилни ўша машҳур шаҳарда кутиб оламиз! У тўртта тилда эркин гаплашади. Демак, ҳар қандай юртда қийналмаймиз. Кейин у йигит қисман бизнесмен ҳам. Пулдан асло зориқмайди.
– Қаерда экан ишхонаси? Исми нима? – сўради йигит.
Қиз қувонч билан бу ахборотни айтди. Сўнг деди:
– Вой, бекор айтибман. У билан тағин уришиб, бошини ёрманг!
– Биз нечанчи асрда яшаяпмиз? – хитоб қилди йигит. – Чиндан ўша нусхани севиб қолдингми?
– Биринчидан, у – нусха эмас, ажойиб инсон. Узр, лекин сиздан-да яхши. Иккинчидан, келаси йил баҳорда тўй қиламиз! Ота-оналаримиз ҳам учрашишди. Иккала томон рози! Патир ушатилди! – қиз ўзини жуда бахтли ҳис қиларди.
Охирги сўзлар Неъматни тўла-тўкис мағлуб этди.
– Майли, унда сенга бахт тилайман. Ишқилиб, хато қилмаган бўлгин. Чунки, сен қалби тоза, ишонувчан қизсан. Яхшилаб суриштир уни. Ҳар бир ялт этган тош гавҳар бўлавермайди.
– Неъмат ака, сизга ҳам бахт тилайман. Хавотир олманг, ўзим ҳам, ота-онам ҳам – ҳаммамиз суриштирдик. Жуда яхши оила, йигитнинг келажаги порлоқ! Майли, хайр…
Қиз шу сўзларни айтди-да, ўнг кафтини тепага хиёл кўтариб, бармоқларини эгди ва ортига қайрилиб кетди.
Неъматни қайғу қамради. Дарду дунёси қоронғуликка чўмди. Эвоҳ! Нима қилсин энди… Бошқа илож йўқ. Унинг севгиси, орзулари парчаланди. Афсус… Шаҳлонинг муҳаббати, ажиб гапларига қарамай жуда бўш экан. Энди бу шаҳарда қандай юради? Ҳар бир кўча, ҳар бир хиёбон унинг қалбига дард солаберади-ку! Шундай экан, ўн беш йил коинот кенгликларида илмий тадқиқот қилиб келгани дуруст. Шундай йўл билан овунади. Қайтиб келгач, ўзининг ҳақиқий севгисини топади.
Неъмат видоефонини олди-да, Зарафшон коинот портига, “Буюк Темур” фазо кемаси раҳбарига қўнғироқ қилди.
– Ҳурматли командор! Таклифингизга розиман. Ўн беш йиллик фазо сафарига кетаётганлар қаторига қўшиб қўяверинг!
– Севган қизинг ҳам биргами?
– Йўқ, командор! У билан муҳаббат ришталари узилди. Бошқа йигитга турмушга чиқаётган экан.
– Бугун эшитдингми, буни?
– Ҳа, унинг ўзи айтди.
– Сен ҳозир қизиққонликда шундай қарор чиқардинг. Шунинг учун, сенга бир ҳафта муҳлат бераман. Етти кундан сўнг, қўнғироқ қиласан ва қарорингни айтасан. Шундан сўнг уни ўзгартиришга ҳаққинг бўлмайди. Тушундингми?
– Ҳа, командор!
Бир ҳафта ўтгач, Неъмат фазо кемаси командорига яна қўнғироқ қилди.
– Исм-шарифимни ёзинг ва нималар қилишим кераклигини айтинг! – деди у қисқагина қилиб.
“Буюк Темур” янги йил арафасида, 24 декабрь куни фазога кўтарилди. Айтиб ўтилганидек, бу кема ёруғлик тезлигига яқин тезликда учадиган қурилма эди. Командор айтди: “Биз ўн беш йил коинот кенгликларида бўламиз, номаълум сайёравий мажмуаларни тадқиқ қиламиз. Ерга қайтганимизда, она заминимиздаги вақт – ўттиз йил ўтганини кўрсатади. Чунки, ёруғлик тезлигига яқин тезликда училганда, вақт икки баробар секин ўтади. Айни янги йил арафасида уйда бўласизлар! Шунга тайёр бўлинг!”
Ўзбекистоннинг улкан коинот кемаси галактикамиздан ҳам ташқарига чиқди, ундаги фазогирлар гуруҳи янги сайёраларни очди, уларни илмий тадқиқ қилди ва улкан ахборот тўплади. Улар келгуси парвозлар учун, Ернинг келажаги учун катта аҳамиятга эга эди.
Ўзбекистон Коинот Тадқиқотлари Қўмитаси (ЎКТҚ) раҳбарияти, кемани роппа-роса ўттиз йил ўтгач, 24 декабрь куни Зарафшон коинот портида кутиб олдилар. Бу пайтда, Ер юзида янги авлод яшашни бошлаган эди. “Буюк Темур” сафарга кетаётган пайтда ўрта ёш бўлган одамлар, у қўнаётганда нафақа ёшига яқинлашиб қолган эдилар. Уларга тенгдош бўлган саёҳатчилар эса, фақатгина ўн беш ёшга улғайган эдилар. Бир пайтлар ёшлари бир хил одамлар, энди бир-бирларига қараб жилмаярдилар, ҳазил-ҳузул қилардилар.
Неъмат ўша куниёқ ўз уйига келди. Ҳартугуг, ота-онаси тирик юришган экан. Лекин, ўттиз йилга қариб, нуроний отахон ва онахонга айланишганди. Уларни қучоқлаган ўғил бутун кунини ота-онаси, ўзидан катта бўлиб кетган укаси ва жиянлари билан ўтказди. Эртаси куни укаси сўз қотди.
– Ака, эсингиздами, ёшлигингизда бир Шаҳло деган қизни севардингиз?
Ташқаридан қараганда, ўзидан ёши кичиклиги яққол кўриниб турган одамга “Ака” деб мурожаат қилиш эриш туюларди.
– Ҳа, укам, эсимда. Уни унутгунимча, бир йил азоб чекдим. Охири кўникдим. Кўрдингми ҳеч?
– Ҳа, шу йил ёзда кўчада учратиб қолдим. Сизни сўради. “Бир йилдан сўнг келадилар”, дедим. Видеофон номерини берди. Акангиз Ерга қайтганда, беринг, менга қўнғироқ қилсин, деганди. Мана, олинг.
Укасидан анча кичик кўринаётган ака номер ёзилган қоғозни чўнтагига солиб қўйди. Эрта-индин сим қоқарман, ўйлади у. Шаҳло – кечаги кун одами. У ўзини жон-дилдан яхши кўрган одамнинг, яъни Неъматнинг муҳаббатини, қадрини ерга урган. Талабалар дам олиш масканидан топиб келган эри, бола-чақаси бор.
Келгуси кунларда, Неъмат ёши улғайган қариндош-уруғлар, дўст-ёрлар билан учрашди. ЎКТҚ га бориб, суҳбат ўтказиб келди. Давлат аппаратидаги амалдорлар стерео ТВ ходимларини чақириб, у билан қизғин учрашувлар уюштирдилар. Шундай бетиним мулоқотлар билан бўлиб, 30 декабрь куни Шаҳлога қўнғироқ қилиш лозимлиги эсига тушди.
Мўъжаз видеофон экранида кўринган Шаҳлони дарров таний олмади. Жуда ўзгариб кетибди. Аммо, товуши ва кўзлари ўша-ўша.
– Неъмат ака! – деди у жилмайиб. – Ҳеч ўзгармабсиз! Коинот сафарингиз яхши ўтдими?
– Раҳмат! Яхши. Ўзинг қанақасан? Эринг, болаларинг яхшими?
– Э, сўраманг! Келинг, эртага ёшликда учрашиб юрган хиёбонда, одатдагидек пешиндан сўнг учрашайлик.
– Эртага янги йилни кутиш куни-ку!
– Суҳбатимиз узоқ бўлмайди.
Неъмат розилик билдириб, видеофонни ўчирди.
Хиёбондаги дарахтларни қор қоплаган, асфальт ерлар сирпанчиқ эди. Совуқ ҳаво этни жунжиктирмас, фақат тетиклаштирарди. Улар бир пайтлар – бир киши учун бундан ўттиз йил илгари, бошқа одам учун ўн беш йил аввал – севишган одамлар эдилар. Кўринишлари ҳам шунга мос: аёл эллик ёшда, эркак ўттиз етти ёшда эди.
– Янги йилинг қутлуғ бўлсин! – жилмайди Неъмат.
– Сизнинг ҳам янги йилингиз муборак бўлсин! – табассум қилди Шаҳло.
– Сен ўша-ўша гўзалсан! – хушомад қилди эркак.
– Мақтовингиз учун раҳмат! – жавоб берди аёл ва бироз жим туриб, яна сўз қотди. – Сиз жуда ёшсиз, мен эса қариб кетганман.
– Вақт нисбий унсур. Инсон ҳеч қачон ўзини мен қариганман, ожизман, деб ҳис қилиши керак эмас.
– Рухсат берсангиз, мен гапларимни айтаман.
– Қулоғим сенда! – хитоб қилди Неъмат.
Шаҳло сўз қотди.
– Шу йўлкадан оҳиста юрайлик. Мен гапириб боравераман.
– Майли, – деди Неъмат. Ва улар ёнма-ён қадам ташлай бошладилар.
– Ўшанда, ўттиз йил илгари тўғри айтган экансиз. Мен у йигитнинг хушмуомалалигига, атрофимда гирдикапалак бўлишларига, эҳтиросли кўз қарашларига маҳлиё бўлиб, бошим айланиб қолган экан. Бизнинг уйимизга совчи бўлиб келган кишилар унинг ота-онаси эмас, ёлланма актёрлар бўлиб чиқди. Улар ўзларини шаҳарнинг бошқа томонида яшайдиган зиёли ва давлатманд одамлар қилиб кўрсатишган, уйимизга келиб патир синдириб кетишган. Мен ҳам, менинг сўзларимга ишонган дадам ва ойим ҳам лаққа тушганмиз. Ўша маҳаллага бориб, ортиқча суриштирмаганмиз. Ўша йигит янги йил арафасида, сиз узоқ коинотга учиб кетганингиздан сўнг олдимга йиғлаб келди. “Шаҳло! Биз бу йил Парижга бора олмайдиганга ўхшаймиз!.. Чунки пул йўқ. Сабаби бор маблағимни бир бизнес-лойиҳага тиккан эдим, ундан янги йил арафасида яхшигина фойда олишим керак эди. Афсуски, уни келгуси йил берамиз, дейишмоқда. Энди нима қиламиз?” Мен индамадим. Орзуйим пучга чиққанди. Шунда у бир гапни айтди: “Шаҳло! Балки, ота-онангдан олиб турармиз! Февраль ойида қайтараман! Гаплашиб кўр!” Мен аҳмоқ, мен лақма, унинг сўзларига кириб, уйда тўполон қилиб, ота-онамдан етарли маблағ олдим. Ва биз Парижда янги йилни нишонладик. Ўша ерда, барибир, баҳорда тўйимиз бўлади-ку, деб, у менинг вужудимни ишғол қилди. Мен эса, тасаввур қиласизми, ўшанда бундан бахтиёр бўлдим. Кейин юм-юм йиғладим.
Неъмат бу гаплардан ларзага тушди. Шаҳлонинг сўлғин юзларига боқди.
– Мен сени огоҳлантиргандим… – деди у.
– Ҳа, ўшанда бекор сизни хафа қилган эканман. Ўша гапингиз ҳамон ёдимда: “Ҳар бир ялтираган тош гавҳар бўлавермайди”, деган. Февраль ойида бўйимда бўлиб қолганини ҳис этдим. Буни, ўша сиз айтгандек “нусха”га хабар қилдим. У пинагини бузмади. “Тўйимиз бўлади-ку!” деди-қўйди. “Уни тезлаштириш лозим!” хитоб қилдим мен. У ўз ота-онаси билан гаплашиб кўришга ваъда қилди. Мен ундан саёҳат пулини қайтаришини сўрадим. У эса, одатдагидек, узр сўради. “Мен у маблағни яна бир бизнесга тикдим! Бу пуллар тез қайтади! Жуда катта фойда оламан! Тўйдан кейин асал ойи саёҳатига борамиз, Канар оролларига!” деди у. Ўшанда, яна шундай гапларга лақиллабман…
Шаҳло индамай тўхтаб қолди. Қалбида аччиқ аламлар ғалаён қилаётганди. Неъмат сукут сақлашни лозим топди. Аёл ниҳоят тарихини сўзлашни давом этдирди.
– Кейин, бир ҳафта ўтгач, ўша нусха яна узр сўраб, ёнимга келди. “Шаҳло! – деди у. – Мен тўйхона гаплашдим. 8 март куни тўй уюштирадиган бўлдик. Хурсандмисан!?” Мен қувониб, табассум қилдим. “Энди, шу тўй ўтиши учун фақат бир қадам қўйиш керак!” хитоб қилди нусха. “Қандай қадам?” ажабландим мен. “Тўй маросими пулини тўлаш керак экан. Ҳозир, тўй тезлашгани учун, на менда, на ота-онамда пул йўқ. Дадам банкдаги пулларини, келишув бўйича фақат апрель ойида олишлари мумкин экан. Менинг ҳам бизнесга тиккан пулларим ҳам худди шу вақтда қўлимга тегади. Яна ота-онангга илтимос қил. Тўйхона сўраётган маблағни беришсин! Акс ҳолда, вақтида тўй қилолмаймиз. У кечикса, қаппайган қоринли келин бўласанми?.. Бир-икки ойдан сўнг барча сарф-харажатлар қайтарилади”. Натижада, оиламиз яна чув тушди. Пулни олган нусха шу билан қорасини кўрсатмади. Унинг видеофони рақами ўчди. Айтилган тўйхонадагиларга боргандим, мурожаатимга ҳайрон бўлишди. Қуда томоннинг уйига боргандик, улар ўша айтилган касбдаги, фаолиятдаги кишилар экан, аммо қиёфалари бошқа. Улар ҳам ажабланишди. Уйлантирадиган ўғил фарзандимиз йўқ, иккита қизимиз бор дейишди…
– Кейин, нима қилдинг? – сўради Неъмат.
– Итдан бўлган, қурбонликка ярамас, дейишади. Аборт қилдирдим. Ундай нусханинг фарзандини улғайтиришни истамадим. Чақалоққа барибир отасининг генлари ўтади, деб ҳисобладим.
– Кейин, бошқа йигитга турмушга чиқмадингми?
Шаҳло ниҳоят жилмайди.
– Ҳа. Уч йил ўтгач, яраларим анча эскиргач, бир одамдан совчи келди. Унгача, барча эркаклар кўзимга илонсифат аждарҳодек кўрина берарди. Негадир, рози бўлдим. Ўн беш ёш катта мендан. Бир фарзанди бор, хотини вафот этган экан. Тарихимни эшитиб, мени юпатди ва севди. Ундан иккита қиз туғдим. Уларни, атрофлича, яхшилаб текширилган куёвларга узатдим.
– Хурсандман, – деди Неъмат.
– Биласизми, сизни нега чақирдим? – сўради Шаҳло.
– Тарихингни, афсус-надоматларингни айтишга-да. Мен шундай тушундим. Юрагинг бўшадими, енгил тортдингми?
– Йўқ! – хитоб қилди аёл. – Бунинг учун эмас.
– Унда нимага? – ажабланди Неъмат.
– Сиздан узр сўраш учун. Мени кечиринг, ўшанда сизнинг севгингизни поймол қилганим, ялтироқ оддий тошни гавҳар деб ўйлаганим учун.
– Майли, қанча йил ўтиб кетди. Ўзинг ҳам роса қийналибсан. Узрингни қабул қилдим.
– Ўша пайтдан бери сиздан кечирим сўрашни дилимга тугиб қўйган эдим. Раҳмат! Мен энди кетаман. Ҳозир тўғри аэропортга боришим лозим.
– Бошқа шаҳарда янги йилни нишонлашни ният қилганмидинг?
– Ҳа, Парижга, эрим билан учаман. Меҳмонхона ва ресторан буюриб қўйилган. Бизни кутишмоқда. Эрим кўчада пойлаб турибди. Сиз билан учрашиб, узр сўрашимга рухсат берди.
– Ўттиз йил ўтибди, ҳеч ўзгармабсан, Шаҳло! Мен ўн беш йил коинот қаърида илмий ишлар билан машғул бўлар эканман, бўш вақтларимда ҳаёт фалсафаси тўғрисидаги кўп китобларни ўқидим. Борлиқ қонунларини таҳлил қилдим. Ҳақиқий бахт нималардан иборат эканлигини англадим. Кўраяпманки, сен ҳамон Европада ё бошқа юртларга боришни, у ерларда нималарнидир нишонлашни, ҳамон юксак турмуш тарзи деб ўйлар экансан. Балки, ҳозиргача ўша ёқларда ўқиб келган кимсаларни юқори даражали арбоб деб қабул қилсанг керак. Мен аниқ биламанки, яшашдаги асосий маъно одамнинг қайси мамлакатда ўқигани ё янги йил кутганида эмас, балки, унинг қалби қай даражада соф эканлигидадир.
Неъмат шу сўзларни айтиб, Шаҳлонинг кўзларига боқди. Улар бу йигит нималар деяётганини унчалик тушунмай, ҳайрон бўлиб турардилар. Шунинг учун Неъмат суҳбатни тугатишга қарор қилди.
– Майли. Мени эса ота-онам, укам ва жиянларим кутиб туришибди. Ўн беш йил коинот қаърида янги йил нишонлаб, бу ишни ўз жигарларим бағрида, ана шу ажойиб сайёрамиздаги Тошкент шаҳрида амалга оширишни орзу қилгандим. Хайр!
Шаҳло жилмайди.
– Майли, хайр! – деди у ва ортига қараб шошганча кетди.
Неъмат унга қараб қолар экан, бир қатъий фикрга келди: “Яхши ҳамки, бу аёлга уйланмаган эканман. Инсоннинг қалбига эмас, фақат сўзларига боқадиган, қуруқ ҳашаматга интилаверадиган аёл билан қандай бир умр яшаш мумкин?..”
20 октябрь, 2017 йил
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 6-сон